Лайлак билан тулки дўст бўлган экан. Қимматчилик вақти келиб, иккиси бола-чақаси билан оч қолибди. Бир кун лайлак тулкига:
— Тулкибой, сен уйга қараб ўтир. Мен учиб бориб ўзимизга ва болаларимизга овқат топиб келай, — дебди.
Тулки рози бўлиб, уйда болаларга қараб қолибди. Лайлак овга кетибди.
Тулки уйда ўзининг ва лайлакнинг болаларига қараб ўтираверибди, орадан беш кун ўтибди, етти кун ўтибди, лайлакдан дарак бўлмабди. Тулкининг қорни ниҳоятда очиб, ҳолидан кетай деб қолибди, очдан ўлар ҳолга келибди. Тулки у ёқ-бу ёққа қараб, ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, лайлакнинг битта боласини таппа босиб еб қўйибди. Болани еб бўлгандан кейин қараса, лайлак икки тошбақа, бешта қурбақа, икки илонни кўтариб олиб, овдан келяпти. Тулки айтибди:
— Эй аттангг-а, бир кун қарасам бўлар экан, дўстим анча озиқ олиб келар экан, нима деб жавоб бераман, —деб йиғлай бошлабди.
Лайлак уйга келса тулки дўсти йиғлаб ўтирган эмиш. Лайлак:
— Эй тулки дўстим, нега йиғлайсан? — деб сўрабди. Тулки йиғи аралаш:
— Ҳай, ҳай лайлак дўстим, бўйни узунжоннинг бири касал бўлиб ўлиб қолди, шунга йиғлаяпман, — деб суякларини кўрсатибди.
Лайлак хафа бўлибди. Йиғлабди ва боласини олиб, бошқа ёққа учиб кетибди.