07:00 / 30.01.2014 · Кутубхона
Бўри билан тулки (эртак)

Бўри билан тулки иккови дўст тутинган экан. Бир куни тулки бўрининг олдига келибди, бўри жуда очиқиб турган экан, тулкига қараб:
— Э, дўстим тулки, яхши келдинг, қани юр, мени бирор жойга олиб бор ва қорнимни тўйғазиб, хурсанд қилиб келгин, — дебди.
Тулки «хўп» дебди-ю, олдинга тушиб, кетидан бўрини эргаштириб кетаверибди. Бориб-бориб, улар бир ерда тўйга кетаётган етти-саккизта хотинга йўлиқибдилар. Ҳаммасининг қўлида тугилган дастурхон бор экан. Шунда тулки бир юмалаб бедана бўлибди ва ҳалиги хотинларнинг олдига тушиб йўрғалай бошлабди.
Уни бир хотин кўриб:
— Ие, анови беданани қаранглар, уни мен боламга тутиб бераман, —дебди-да, қўлидаги дастурхошга ерга қўйиб, беданани қува кетибди, улар орқасидан яна бири қувлабди.
Шундай қилиб, хотинларнинг ҳаммаси қувиб кетаверибди. Тулки бўлса, уларнинг олдига тушиб йўрғалайверибди. Хотинлар етай-етай деганда, «пирр» учиб, яна бир томонга тушар эмиш. Шундай қилиб тулки буларни алдаб эргаштириб кетаверибди.
Бўри бўлса, тугунлар ичидаги овқатларни маза қилиб еб, қорнини тўйдириб жўнабди. Хотинлар беданага етолмай чарчаб, йўлдан қайтиб келишса, тугунлар қуп-қуруқ эмиш. «Вой шўримиз қурди, «Ойимбуви овга чиқди, кетидан ғовға чиқди» дегандай, бу нимаси экан!» деб дод деганларича қолаверишибди.
Тулки айланиб борса, бўри бир жойда дам олиб ётган эмиш.
Тулки бўрига қараб:
— Ҳа, ўртоқ, — дебди.
Бўри унга:
— Ҳа, қорним жуда ҳам тўйиб кетди, дам олиб ётибман, — дебди.
Эртаси куни тулкига бўри шундай дебди:
— Ўртоқ, кеча мени жуда хурсанд қилиб юбординг, энди бугун сал хафа қилиб қўйгин.
Бунга жавобан тулки:
— Хўп бўлади, қани юр бўлмаса, — деб бўрини бир боққа бошлаб борибди.
Боғнинг девори тагида бир омбор бор экан, шу омбордан икковлари сиқилиб зўрға ичкари киришибди. Қарашса, ҳамма ёқ узумга тўлиб-тошган, ҳеч ким йўқ эмиш. Вақтни ғанимат билиб, иккиси узумхўрликка зўр берибди. Бир вақт тулки қорнини обдан тўйдириб, икки дона ғужумни иккала бурнига тиқиб, бўрининг олдига борибди:
— Э дўстим, мана мен жудаям тўйдим, азбаройи тўйганимдан узум бурунларимдан чиқиб кетди. Бўл, яхшилаб еб, обдан тўйиб ол, — дебди.
Бўри шошиб-пишиб еяверибди. Ахири қорни шишиб кетибди, лекин бурнидан чиқмабди.
— Қани, бурнимдан чиқмади-ку? — дебди у. Тулки бўрининг тумшуғини кўтариб қараб:
— Ҳу ана, кўриниб қолибди, яна бир оз есанг чиқади, — дебди.
Бўри яна еяверибди, қорни роса кўпчиб, ахири ўзини тутиб туролмай ётиб қолибди. Тулкига ана шугина керак экан. У, югура бориб, деворга чиқибди-да:
— Узумга ўғри кетде-е-е, узумга ўғри кетде-е-е! — деб қичқирибди.
Унинг товушини боғбон эшитиб, сўйил кўтариб келиб қолибди. Бўри лапанглаб бориб, бояги омборга суқилган экан, сиғмабди. Деворга тирмашса, чиқолмабди. Боғбон уни ўласи қилиб савалабди, бўрининг еган узумлари оғиз-бурнидан чиқиб, ахирида калтак зарбидан сулайиб колибди. Боғбон бўрини ўлдига чиқариб, ташлаб кетибди. Бир вақт бўри ҳушига келибди. Қараса, омбор оғзида ётган эмиш. Ёнида ҳеч ким йўқ эмиш, тура солиб девордан ошиб, бир чеккада инграб ётаверибди.
Бир вақт тулки келибди, бўрини кўриб, ундан:
— Ҳа, дўстим, нима бўлди? —  деб сўраган экан, бўри базўргина инграб:
— Ҳа, дўстим бўлмай ўл. Бир оз хафа қилиб қўйгин десам шунча хафа қиласанми? — дебди,
Тулки:
— Биродар, боғ эгасининг сени бунчалик уришини қайдан билай? —  дебди.
Бўри юролмасдан шу ерда қолибди. Тулки кетибди.
Эртаси куни тулки ўйнаб юрган экан, бир жойда катта тош ётган эмиш, унинг ёнида бир қўйнинг карт думбаси ҳам бор эмиш. Унга қараб тулки: «Бунда бир сир бўлса керак. Олдин уни ўзим емайину, бўрини рўпара қилайин», дебди. Кейин бўрининг олдига бориб:
— Ўтоқ, қорнинг қалай? — деб сўраган экан, бўри:
— Қорним оч, — дебди. Тулки:
— Бўлмаса мен бир қўй сўйиб, гўштини едиму, ёғи қолди. Бориб сен шуни есанг-чи, — деганда, бўри:
— Бу гапинг жуда маъқул, чунки кечаги калтакдан ичак-бағрим узилиб, ҳалигача ҳеч нарса еганим йўқ эди, — дебди.
Булар иккиси бир томонга қараб жўнашибди. Бир жойга борганда, тулки узоқдан туриб ёғни кўрсатибди. Бўри:
— Юр, бирга борамиз, — дебди. Тулки:
— Қўй, мени овора қилиб юрасанми, ўзинг бориб еб кела қол, — деб бормабди.
Бўри бориб қараса, қўйнинг карт думбаси ётган эмиш. Шошилиб бориб тишлаб тортган экан, «парт» этиб, тумшуғидан қопқонга илинибди. Шунда тулки югура келиб, ҳадеб ёғн еяверибди. Узоқдан буни кўриб турган овчи то югуриб келгунча тулки қочиб кетибди. Овчи келиб қараса, қопқонга илинган бўри экан.
— Ие, мен тулки десам, сен экансан-да, — деб бўрини обдан калтаклаб, кейин бўшатиб юборибди.
Бўри бундан қутулиб қорни оч кетаётган экан, йўлда бир қўзини учратибди, унга қараб:
— Ҳой қўзи, сени ейман! — дебди. Қўзи қўрқа-писа:
— Э тақсир, олдин сиз Карим бобонинг тузидан олиб келинг, чунки гўштим жуда бемаза, — дебди.
Шунда бўри: «Хўп бўлади» деб туз ахтариб кетибди, унгача қўзи қочиб қолибди. Бўри келиб қараса, қўзи йўқ эмиш. Ҳайрон бўлиб бораётса, бир жойда бир хўроз турган экан. Бўри бориб:
— Ҳой хўроз, сени ейман! — дебди. Хўроз унга:
— Бўлмаса, олдин бир зира-пиёз қилайлик, мени ундан кейин енг. Бунинг учун сиз аввал пичоқ топиб келинг, мен зира билан пиёз келтирайин, — дебди.
Бўри пичоқ қидириб кетибди, хўроз пайтдан фойдаланиб, бир томонга қочиб қутулибди. Бўри пичоқни олиб келсаки, хўроз йўқ эмиш. Ноилож яна кетаверибди. Юриб-юриб бир жойга борса, бир хачир турган эмиш. Унга қараб:
— Ҳой хачир, сени ейман! —дебди. Хачир:
— Агар мени емоқчи бўлсангиз, аввал юз марта минасиз кейин есангиз майли, отам шундай деб васият қилган эди, — дебди.
Бўри хачирнинг шартини ўрнига қўйиш учун тўрт марта минибди, бешинчи минишида хачир бўрини қўш оёқлаб тепибди. Бўри чалқанчасига йиқилибди. Хачир қочганича кетаверибди. Бўри ўрнидан туриб, бир жойга борибди, қараса, от ўтлаб юрган эмиш. Бўри отга қараб:
— Ҳой от, сени ейман! —дебди. От бўрига:
— Бўлмаса, менинг кейинги ўнг оёғим туёғига отам ёзиб кетган икки энлик хатни ўқиб кейин егин, — дебди.
Бўри, отнинг орқасига ўтибди, от туёғини кўтариб турибди. Бир вақт бўри яқинига келганида, от уни бир тепган экан, бўрининг тишлари мажақ-мажақ бўлиб, ўзи анча нариги бориб тушибди. От қочиб кетибди.
Шу онда тулки етиб келибди. Қараса, бўрининг оғзи-бурни қип-қизил қонга беланган эмиш. Шунда тулки ундан:
— Ҳа, дўстим, сенга нима бўлди яна? — деб сўрабди.
— Ҳа, нимасини сўрайсан, ишлар шундай-шундай бўлди, — деб бўри ҳамма воқеани айтиб берибди. Шунда тулки дебди:

«Кўрдинки — қўзи, еб қўйгин,
термилиб қолсин икки кўзи.
Сенга ким қўйибди.
Карим бобонинг тузи?
Кўрдингки — хўроз, уриб бўйнини ёз,
сенга ким қўйибди зира билан пиёз?
Кўрдингки — хачир, уриб бўйнини ғажи,
сенга ким қўйибди мин хачир.
Кўрдингки — от, еб устида ёт,
сенга ким қўйибди мирза буваликни?»

Бўри тулкидан таъзир еб, индамай туриб кетаверибди, нариёққа борган экан, иккита овчи буни кўриб қолиб, қува кетибди. Бўри қочиб бораётганда йўлда бир одам қўш ҳайдаб юрган экан. Бўри бориб қўшчига ялинибди:
— Жон амаки, мени шу овчилардан сақлаб қолинг. Қўшчи: «Хўи бўлади», деб бўрини катта қанорга солиб қўйибди. Бир вақт овчилар етиб келиб қўшчидан: «Бўри ўтдими?» деб сўрабдилар. «Ҳа, ўтиб кетди» дебди қўшчи. Овчилар кетгандан кейин бўри қанордан чиқиб, қўшчига:
— Ҳой қўшчи, сени ейман! — дебди. Қўшчи:
— Э, бу қандай гап ахир, мен сени ўлимдан қутқариб олсаму, мени ейсанми? —  деса, бўри:
— Яхшиликка ёмонлик, — дер эмиш.
Шунда қўшчи ялинибди, бўри сира ҳам унамабди. Булар бундай можаро қилиб турган экан, тулки етиб келиб, қўшчидан:
— Ҳа, нима гап? —  деб сўрабди.
Қўшчи бўлган воқеани тулкига бирма-бир айтиб берибди.
Тулки бўрига қараб:
— Мен сенинг шу қанорга сиғишингга ишонмайман: ўзинг сиғсанг ҳам думинг сиғмайди, — дебди. Бўри унга:
— Йўқ, сиғдим, — дебди. Тулки:
— Бўлмаса қани, кириб кўр-чи, — деган экан, бўри:
— Мана бўлмаса, — деб қанорга кирибди. Тулки қўшчига имлаб, қанор оғзини боғлашга буюрибди. Қўшчи қанор оғзини маҳкам боғлабди. Шундан сўнг қўшчи тулки иккиси биттадан иккита сўйил олиб, бўрини ура-ура ўлдиришибди.