06:58 / 30.01.2014 · Кутубхона
Ур, тўқмоқ (эртак)

Бир бор экан, бир йўқ экан, бир кампир билан бир чол бор экан. Улар овчилик билан кун ўтказар эканлар. Бир кун чол тузоқ пойлаб ўтирган экан, тузоққа катта бир лайлак тушибди. Югуриб бориб лайлакни тузоқдан чиқарибди, лайлак одамдек сўзламоққа бошлабди:
— Чол, мен лайлакларнинг бошлиғиман, мени қўйиб юбор, нима тиласанг шуни бераман. Менинг маконим шу қаршидаги тоғнинг орқасида. «Лайлаквойнинг уйи қаерда», десанг, ҳамма айтиб беради, — дебди.
Чол лайлакни қўйиб юборибди. Эртасига эрталаб туриб, Лайлаквойнинг совғасини олиб келиш учун йўлга тушибди. Юриб, юриб бир жойга бориб етибди. Қўй боқиб юрган чўпонлардан:
— Бу қўйлар кимнинг қўйи? — деб сўрабди.
— Бу қўйлар Лайлаквойнинг қўйи, — деб чўпон чолни йўлга солиб юборибди. Бир жойга бориб йилқи ҳайдаб юрган йилқичидан:
— Бу йилқилар кимники? — деб сўрабди чол. Йилқичи:
— Лайлаквойники, — дебди.
— Лайлаквой менга совға ваъда қилиб эди, нима сўрай? — деган экан, йилқичи бундай дебди:
— Лайлаквойнинг бир хумчаси бор, «қайна, хумча» деса, тилла қайнаб чиқади, шу хумчани сўра, — дебди.
Чол оз юриб, кўп юриб, кўп юрса ҳам чўл юриб, етти кеча-ю, етти кундуз деганда Лайлаквойнинг уйига бориб етибди. Эшикдан кириб:
— Ассалому алайкум, — дебди. Лайлаквой:
— Ҳап саломинг бўлмаса, таъзирингни берардим. Сен совға учун келган бўлсанг керак, қани, нима сўрайсан? — дебди.
— Мен сиздан: «Қайна, хумча»ни сўрайман, — дебди чол. Лайлаквой ўйлаб қолибди:
— Чол, сенга бир тилла товоқ берай, — деса ҳам чол кўнмабди. Ахир «Қайна, хумча»ни беришга рози бўлибди. Чол «Қайна, хумча»ни олиб жўнабди. Йўл юриб, чўл юриб, бир жойга етибди. Дам олиш учун ўтирибди. Қишлоқнинг болаларига қараб: «Ўғилларим, мана бу хумчага қараб туринглар. Мен бир оз мизғиб олай, фақат «қайна, хумчам», деманглар», деб тайинлабди.
Болалар: «Қайна, хумчам», деб бақиришган экан, хумдан тилла қайнаб чиқибди, шошиб-пишиб, болалар тиллаларни йиғиб олишибди-да, хумни уйларига олиб кириб бекитиб қўйибдилар. «Қайна хумча»нинг ўрнига бошқа бир хумчани олиб келиб ўтирибдилар. Чол уйқудан туриб хумчани олиб жўнабди. Етти кеча-етти кундуз йўл юриб, уйига етиб келибди. У:
— Қани, кампир, дастурхонни ёз, ҳозир тиллага бой бўламиз, — дебди.
Кампир дастурхонни ёзибди, дастурхоннинг ўртасига хумчани қўйиб, чол бор кучи билан: «Қайна, хумчам», деб бақирибди. Хумчада тилла қайнаб чиқмабди, чол яна бақирибди, тилла қайнамабди. Чолнинг жаҳли чиқиб: «Ҳа, падарингга лаънат, Лайлаквой, алдаб бошқа хумча берибди. Эртага бориб бошқа совға сўрайман», деб қўйибди.
Эртаси саҳарлаб чол йўлга чиқибди. Йилқичининг олдига бориб:
— Лайлаквой мени алдади, энди нима совға сўрай? —  дебди.
Йилқичи ўйлаб туриб:
— «Очил, дастурхон»ни сўранг, дастурхонни ёзиб, «Очил, дастурхон», десангиз ҳар хил таомлар тайёр бўлади, — дебди.
Чол Лайлаквойнинг эшигидан кириб:
— Ассалому алайкум, — дебди.
Лайлаквой:
— Ҳап саломинг бўлмаса, таъзирингни берардим. Ўтган гал сенга «Қайна, хумча»ни бериб эдим, кўнглинг тўлмадими? — дебди. Чол ҳамма воқеани айтиб:
— Мени алдадинг, «Қайна, хумча»нинг ўрнига бошқа хумча берибсан, энди сендан «Очил, дастурхон»ни сўрагани келдим, — дебди.
Лайлаквой ўйлаб қолибди. «Очил, дастурхон»ни чолга совға қилибди.
Чол йўлга тушибди. Оз юриб, кўп юриб, ўтган гал дам олган қишлоққа бориб етиб, ўзи таниш бўлган болаларни кўрибди.
— Ўғилларим, мана шу дастурхонни олиб ўтиринглар. Мен бир оз мизғиб олай, фақат «очил, дастурхон», деманглар, — деб уларга тайинлабди. У кетгандан сўнг болалар: «Очил, дастурхон», деб бақирган эканлар, етти хил таом тайёр бўлибди. Болалар таомларни ўраб, дастурхонни уйларига олиб кириб, ўрнига бошқа дастурхон олиб чиқиб ўтирибдилар. Чол қайтиб келиб дастурхонни олибди, йўлга тушибди. Уйига келиб:
— Кампир, нима таом десанг, ҳозир тайёр бўлади, — деб дастурхонни ёзибди. «Очил, дастурхон», деган экан, ҳеч қандай таом чиқмабди. Чолнинг жони чиқиб:— Лайлаквой мени иккинчи марта алдади, эртага бориб бошқа бир совға сўрай, — дебди.
Эртаси саҳарлаб чол йўлга чиқибди. Йилқичининг олдига бориб:
— Энди Лайлаквойдан нима сўрай? —  дебди.
— Энди Лайлаквойдан «Ур, тўқмоқ»ни сўранг, душманингиз кўпга ўхшайди, агар «Ур, тўқмоқ», десангиз олдингизда ким бўлса, уриб ташлайди, — дебди йилқичи.
Чол йўлга тушибди, эшикдан:
— Ассалому алайкум, — деб кирибди. Лайлаквой:
— Ҳап саломинг бўлмаса, таъзирингни берардим. Яна пима учун келдинг? «Қайна, хумча»ни олдинг, «Очил, дастурхон»ни олдинг, яна нима керак? — дебди.
— Мени бу гал ҳам алдадинг, Лайлаквой. «Очил, дастурхон» ўрнига бошқа бир дастурхон берибсан. Энди сендан бир нарса сўрайман, менга «Ур, тўқмоқ»ни бер, — дебди. Лайлаквой чолга «Ур, тўқмоқ»ни ҳадя қилибди.
Чол «Ур, тўқмоқ»ни олиб йўлга тушибди. Оз юриб, кўп юриб аввалги ўзи билган қишлоққа бориб етибди. Таниш болаларни чақирибди:
— Ўғилларим, мана бу тўқмоқни ушлаб туринглар, мен бир оз мизғиб олай, фақат «Ур, тўқмоқ», деб гапирманглар, — дебди.
У кетгандан сўнг болалар қизиқиб: «Ур тўқмоқ», деб бақиришган экан, тўқмоқ ҳаммасини ура бошлабди. Болаларнинг бақиргани учун чол югуриб келибди. Болалар бўлса, йиғлашиб:
— Жон ота, тўқмоқни тўхтатинг, биз сизнинг хумчангизни, дастурхонингизни олиб, ўрнига бошқа хумча, бошқа дастурхон қўйган эдик, тавба қилдик, ота, тўқмоқни тўхтатинг, — дейишибди.
Чол: «Тур, тўқмоқ» деб бақирган экан, тўқмоқ уришдан тўхтабди. Болалар югуриб бориб уйларидан «Қайна, хумча» билан «Очил, дастурхон»ни чиқариб берибдилар, чол йўлга тушибди. Оз юриб, кўп юриб, кўп юрса ҳам мўл юриб, кўл демай, чўл демай етти кеча-етти кундузда уйига бориб етибди.
«Қайна, хумча» деган экан, хумчадан тилла қайнаб чиқибди. «Очил, дастурхон», деган экан, ҳар хил таомлар муҳайё бўлибди. Умриларида кўрмаган таомларни еб, чол билан кампир хурсанд бўлибдилар.
Тиллаларга чол яхши уй солдирибди ва хонни уйига меҳмондорчиликка чақирган экан, хон: «Мен хон бўлсаму, ўша камбағал, қашшоқ чолнинг уйига меҳмондорчиликка бораманми», деб бормабди.
Чолнинг жаҳли чиқиб хонни урушга чақирибди. Эртасига хон етти минг аскарни тайёрлаб, чолнинг уйи олдига тизиб:
— Қани, чол, жонинг бўлса урушга чиқ! — дебди. Чол эшикдан чиқиб тўқмоққа қараб:
— Ур, тўқмоқ! — деб бақирган экан, тўқмоқ ҳамма аскарларни биттадан уриб ётқизиб қўйибди, охирида тўқмоқ хонни ура бошлабди.
Хон:
— Чол, тўқмоғингни тўхтат, сен енгдинг, мени ўлимдан олиб қол, юртга сен ҳоким бўла қол, — дебди.
Чол тўқмоқни тўхтатибди. Ўзи юртга ҳоким бўлибди. Муроди мақсадига етибди.