Навоийнинг ошиқона, орифона, риндона дея, нисбий жиҳатдан тасниф этилган лирикасида соф маънодаги илмий-маърифий ёки таълимий-ирфоний асарлар ҳам мавжуд. Бунга унинг ғазалларидан ва кичик лирик жанрлардаги асарларидан кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Ҳазратнинг ушбу тарздаги асарларида маърифат тушунчаси изчил мазмун-моҳиятга эга бўлган ҳолда, баъзан тадрижли тарзда баён этилади.
Бизни чуқур мушоҳадага чорлаган бир ғазалда шоир ҳақиқат асроридан сўз юритар экан, мажозий маънода қўлланиладиган май, маъшуқа, соқий каби бадиий тимсолларга мурожаат этмайди. “Ғаройиб ус-сиғар” девонига киритилган мазкур ғазалда ҳаёт ҳақиқатини изловчи, истовчи билан (кўнгул, солик, дўст, пири дайр) маърифий суҳбат қурилади. Ғазал чуқур мушоҳадавий, ирфон асрори сабоқларидан иборат.
Эй кўнгул, ер-кўк асосин асру бебунёд бил,
Ул кесакни суда кўр, бу саҳфани барбод бил.
“Ул кесак” – ер курраси, “бу саҳфа” – кўк, осмон. Демак, баъзан абадийга ўхшаб кўринган ҳаёт ниҳоятда омонат, сувда эриб, йўқ бўлиб кетадиган кесакдан ҳам, йиғиб олиниб, ғижимлаб ташланадиган қоғоздан ҳам хор, субутсиз экан.
Ғазалда ўз даври ижтимоий масалаларига, муаммоларига муносабат тўғридан-тўғри баён этилмаганлиги боис, уни соф ирфоний мазмунга эга, дедик. Аммо, ислом шариати ва тасаввуф таълимоти шоир яшаган даврнинг етакчи мафкураси бўлганлиги аён-ку. Шундай экан, жамиятнинг энг чуқур фикрловчи аъзолари – сўфийлар тарбиясига киришган шоир, аввало, ўз илми, ижоди ва пирлик фаолияти билан жамият поклиги ва барқарорлиги учун хизмат қилади. Ушбу ғазалида Навоий пир сифатида намоён бўлади.
Навоийнинг ўз даври ижтимоий ҳаёти масалаларига сўфиёна нигоҳ билан қай тариқа муносабат билдирганлиги диққатга сазовор. Маълумки, шоир илмий ва бадиий ижодида, давлат арбоби сифатидаги ижтимоий фаолиятида ислом сарчашмалари бўлмиш Қуръони карим ва Ҳадиси шарифлардаги умумбашарий илғор ғояларга таянади, тасаввуф назарияси, унинг илмий-ғоявий асоси бўлмиш вужудуюн таълимотини чуқур ўрганади ва тарғиб этади. Унинг фалсафий-бадиий тафаккури тараққиёти ислом маънавиятини кенг идрок қилиш ва уни ўз ижодий ҳамда ижтимоий фаолиятида тарғиб этиш ғоялари билан бевосита боғлиқдир.
Ғазалнинг дастлабки уч байтида шоир калом олими сифатида намоён бўлади. У Қуръони карим оятларига асосланиб ер қиёмат кунида титроққа тушиб, текис ёйилиб қолиши, тоғлар майдаланиб кетиши, осмон ер устидан сидириб олиниб, ғижимланиши ҳодисаларига ишора қилади. Албатта, инсон жисми ҳам худди шундай бебақо:
Жисм уйи чунким, эрур фоний, тафовут йўқ ани
Гар фано сайлобидин вайрону гар обод бил.
Жисм уйини йўқлик сели вайрон қилса ҳам, обод қилса ҳам фарқ йўқ. Тўрт унсур – ҳаво, сув, тупроқ, оловдан яратилган вужуд ўзидаги нафс юкидан қутулмас экан, ҳатто, тўрт илоҳий китоб – Таврот, Забур, Инжил, Қуръони каримни ёд билса ҳам ҳеч қандай фойда кўрмайди:
Тўрт унсур қайдидин то чиқмагайсен, нафъ эмас,
Осмоний тўрт дафтарни тутайким ёд бил.
Ғазалнинг бундан кейинги байтларида, Навоийни, энди, тасаввуф олими сифатида кўрамиз.
Лирик қаҳрамон навбатдаги байтда сўфиёна мушоҳадага берилиб, тангри таолони таърифу васф билан идрок этмоқчи бўлади. Аммо, бунинг ҳам имкони йўқ. Оддий кўз билан қуёш синоатини кўриб бўлмаганидек, оддий тил яратгучи сифатларини муносиб тарзда васф этишдан ожиз:
Эйки дебсан, ҳақни не таърифу васф ила билай,
Васфдин мустағнию, таърифдин озод бил.
Дунё неъматларига майл этмайдиган покиза хилқатлар – фаришталарнинг руҳий озиғи тангри таоло зикридир. Ҳақ йўлига қадам қўйган эл поклар сафига қўшилмоқ учун худди шундай озиққа рағбат этмоғи даркор:
Тенгри зикриким, малойикка ғизои руҳ эрур,
Бу ғизони ҳақ йўлиға кирган элга зод бил.
Ҳар қандай тариқат тарбиясининг асосларидан бири зикрдир. Тариқатларни бир-биридан фарқловчи унсур ҳам зикр. Пир эътиқодига кўра дил покизалиги зикр биландир. Зикр – ботин сабоғи бўлиб, зоҳирий сабоқлардан кўра муҳимроқдир. Зикр меваси эса маърифатдир. “Маърифат лаззати дилда бўлади, – дейилади шайх Муҳйиддин Ургутийнинг “Мактубот”идан жой олган бир мактубда. – Маърифат лаззати ҳамма лаззатлардан яхшироқ ва хушроқдир. Маърифат самараси эса муҳаббатдир”. (Шайх Муҳйиддин Ургутий. Мактубот. Тошкент. Мовароуннаҳр нашриёти. 2006 йил, 73-бет).
Гар ҳабибим қилса изҳори калом, эй пири дайр,
Исойи Марямни ул дам гунги модарзод бил.
Фард бўлмоқ – нафс юкидан, ўзлигидан ажралмоқ демак. Нафс кетгач, руҳ қолади. “Билсинларким, – дейди яна Шайх Муҳйиддин Ургутий ўша “Мактубот”ида, – илм руҳнинг таъсиридан ҳосил бўлади. Аммо, ҳақ субҳонаҳу ва таоло оинадай пок қалбга назар қилади”. (79-бет). Ҳақ таоло юзи зуҳур этган қалб эса чин ошиқ қалбидир:
Мантиқи ишқ ичра ошиқни тасаввур айла навъ,
Фард бўлганларни бу йўлда анга афрод бил.
Май кўҳанпири – тавҳид асроридан соликни огоҳ этгувчи пири тариқат, муршид. У соликни бу дунёда эл оёғи остида тупроқ каби ястаниб ётишидан авлиёуллоҳ даражасига етиб олгунига қадар тарбиялаб, сўнгра рухсатнома беради:
Эл оёғиға тушардин бошқа чиқмоқ рамини
Май кўҳанпиридин ушбу дайр аро иршод бил.
Эй сулук аҳли, қачон мақсуд топқумдир десанг,
Мосиваллоҳни фано кўрган куни мийъод бил.
Худодан бошқа барча борлиқ йўқ бўлиб кетган муддатда солик мақсадига етади, яъни, ваҳдат ҳосил бўлади. У вужудан ҳақ вужудида сингиб кетади. Аммо, солик илм истовчи эмасми, тавҳид асрорини идрок этишга интилади:
Эйки дебсенким, билай тавҳид сирин хабар,
Шаръдин неким тажовуз айлади илҳод бил.
Тавҳид масаласида шоирнинг дунёқараши қандай? Тасаввуф таълимотининг назарий масалаларидан бўлмиш “тавҳид” тушунчаси Навоий шеъриятида анча чуқур ифодасини топган…
Ғазал мақтаъсида шоир ўзининг камолот йўлида ҳамон йўлчи эканлигини таъкидлайди. Унга кўра, «эй дунё ва жаннатдан кечиб ягона беҳамто дўст васлини топа олмаган толиб, бу дардингга бир далил, исбот келтирмоқчи бўлсанг, Навоий ҳолига боқ, у тасдиқлаб беради».
Дўст васлин топмаған дунёву уқбодин кечиб,
Ушбу дардингға Навоий ҳолин истишҳод бил.
Бу ғазал “ёшлик даври шеърияти” деб номланган девондан ўрин олган бўлса-да, аслида, шоирнинг ўрта ёшлик даври ижоди маҳсулидир. Чунки, Навоий ғазалларида маърифий мавзу шоир ҳаётининг турли даврларида ўша давр мазмуни билан ҳамоҳанг равишда намоён бўлади. Чунончи, ёшлик даврида анъанага эргашиш («Илк девон» мисолида), йигитлик даврида ҳаётсевар фалсафий моҳият касб этади («Бадоеъ ул-бидоя» мисолида). Ўрта ёшликда шоир сўфиянинг назарий масалаларига мурожаат этиб, таълимий-дидактик асарларга майл кўрсатади. Бу ҳодисани унинг таржебанд, таркиббанд, соқийнома ва қитъа жанрларида яратган асарлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Қарилик лирикасида эса, ғазалларда мавзу-ғоя ифодаси, тасвирланмиш ва тасвирий имкониятлар турлича бўлса-да, пировард натижада, якуний фикр, хулоса бир маънода, яъни, ўзликдан кечиб, фанога юз тутиш мақсади ифодаси билан интиҳо топади.
Юқорида қайд этган мулоҳазаларимиздан келиб чиқадиган хулоса шуки, Навоийнинг ҳар бир ғазали чуқур маънолар хазинасидир. Биз бу хазинанинг бир кичик нуктасига эътибор қаратдик. Аммо, шуни ҳам тўлиқ тушундик, дея олмаймиз. Бу ҳақда унинг ўзи ҳам таъкидлаб, «менинг нукталарим жуда нозикдир, улардаги рамзий маънолардан бир заррасини изҳор этиш учун мени тушунадиган бир киши бўлса эди, кошки», дея умид қилади:
Нукта нозук бўлди асру бўлғай эрди, кошки,
Шаммае бу рамздин зоҳир этарға маҳраме…
Дилором САЛОҲИЙ,
филология фанлари доктори