Садди Искандарий (наср) Босма

ИСКАНДАРНИНГ ЁШЛИГИ

Узоқ тарихдан бери Эронда пешдодийлар, каёнийлар, ашконийлар ҳамда сосонийлар деб аталган сулолалар ҳукмронлик қилиб келишган бўлиб, барчасини қўшганда уларнинг ҳукмронлиги 4 336 йил давом этган. Ҳикоя қилинаётган вақтда, эрамиздан аввалги III асрда шу мамлакатда Доро номли шоҳ улкан Эрон мамлакатини бошқарар, қўшни давлатлар унга бўйсуниб, ҳар йили хирож тўлаб туришарди.
Рум давлати шоҳи Файлақус Искандарни бир вайрона ичида эндигина туғилиб, йиғлаётгани, онаси эса вафот этганини кўриб, уни ўзига ўғил қилиб олади ва ҳар томонлама парвариш қилиб, мамлакатни идора қилиш салоҳиятига эга бўлган давлат арбоби сифатида етиштиришни сарой аъёнларига топширади. Нақумоҳис деган донишманд аллома уни Файлақус тайинлаганича парвариш қила бошлайди.
Искандар шундай қобилиятли бола бўлиб чиқдики, устози берган таълимнинг ўн марта кўпини тез ўрганиб оларди. Кўпдан-кўп билимларни эгаллаган шаҳзода ҳарбий билимларни ҳам жаҳд билан ўргана бошлади. Унинг отган ўқлари юлдузларнинг кўзларигача бориб етар, каманди ўқлари билан фалак қалъаси девору буржларини бузиб ташлар, гурзи ишлатишни машқ қилиб олгач, қаттиқ тошлардан осмонгача гард етказа оларди. Хуллас, ҳарб соҳасида ҳеч ким ета олмайдиган даражага эришиб эл орасида машҳур бўлди.
Бу пайт отаси анча қариб қолган бўлиб, ҳаёт билан видолашиш даври яқинлашиб қолганди.
Қаддининг эгиклигидан халқ унинг тупроқ сари йўл олаётганини англарди. Жисмини касалликлар эгаллаган чоғда Искандар шоҳлик ишларини бошлашга тайёр бўлиб эди. Файлақус ўлими муқаррарлигини сезиб, тожу тахтини Искандарга топширди. Ўғлига тахтини топширгач, ўзи тахта устига йўл олди. Гўёки дарахт икки шох берди-ю, биридан тахта тобут, иккинчисидан тахт йўндилар.
Искандар отаси ўлимини кўриб жаҳонни тарк этишига оз қолди. Отасининг қилган васияти унга далда бўлиб, бу ниятидан қайтарди. «Мулкимга бегонани қўймагил, ҳаримим аро ҳеч бир номуносиб инсон қадам қўймасин. Сени истаб топганимдан муродим шу эдики, қачон олам билан хайрлашсам, менинг ўрнимни эгалласанг, менинг номим шуҳратим елга соврилмайди», деб таъкидлаган эди отаси.
Бу сўз Искандарнинг ёдига келгач, ота пардасига хурсандчилик етказишга аҳд қилди. Покиза зилол сувига хас-хашак туширишни ҳам ўзига уят билди. Отаси мотамини тугатишгач, тахт билан муҳрли узукни муносиб кўриб, отасининг тахтига чиқиб ўтирди. Хурсандчиликлар қилинди, жомлар кўтарилди.
Соқий, ғамни унуттирувчи жавҳарий майдан бер, ки ундан симирсам, ғамим қолмасин, ота азасидан ғамим қолмасин.
Муғанний, шодлик созини бошла, у билан шодлик навосини чал.
Файлақус ўртадан чиқиб, Искандарга тожу тахтини бериб кетди.

Искандар — адолатли ҳукмдор
Искандар оламнинг энг пок кишиларидан, билим ичида ҳам ягона алломалардан эди. Унга тож билан тахт мақул келмай, бу ташвиши олдида ғоятда малолатли эди. Агар ота васиятларига қарши бориб, ўз кўнглини шод этай деса, дилига хуш келмасди. Кўп ўйлаб фикрлаб кўргач, халқни йиғиб бир анжуман тузди, унга мамлакатнинг барча обрўли, донишманд кишилари йиғилди. Шунда Искандар ғоятда ёқимли сўзларни айтди:
«Эй мамлакатингиз Рум бўлган қавмим, олийжаноб, бой-бадавлат бўлсангиз ҳам, тангрига мен каби бир бандасиз. Мен сиз каби эмасман, сизларга қараганда заифроқман, чунки ёшроқман, отасиз, ғам чеккан бир кимсасизман. Аллоҳ отамни лутф айлаб, бу ўлкага подшоҳ қилган бўлса, у, бу ишга сазовор эди, бу юкни кўтаришга қуввати ҳам етарли эди. Аждодларим ҳам бу мулк аҳлига ҳукмронлик қилишган бўлса, улар ҳам тахтларига муносиб, қудратли ва бахтиёр кишилар эдилар.
Мен эсам бағоят кучсиз, давлатни бошқариш ишига тайёр бўлмаган бир йигитман, бу ишга кучли, қудратли, мендек заиф бўлмаган киши керак. Ахир шер тортган юкни чумолига тортиши осонми? Филнинг юкини пашшага ортиб бўладими? Шоҳлик қилишга менинг ниятим ҳам йўқ, бундан воз кечсам ҳам, узрлиман. Мен ўз фикримни айтдим, бу ишда нималардан ташвишланаётганимни гапириб бердим.
Сиз энди ўзингизга бошқа шоҳ топинг, бу ўлкага олампаноҳ топинг.
У ҳар бир ишда замон аҳлининг муносиби, шоҳлиғ ишига лойиқ инсон бўлсин. У қуёшдек қудратли, меҳрга бою, фикри тиниқ, адолатда фасли наврўздек, сиёсатда жаҳонни куйдирувчи чақмоқдек, ҳар қандай душманга қарши чора топа оладиган, кези келганда қаттиққўл, айни чоғда элпарвар бўлсин. Ўшандай одамга давлатни топширинг, бошини тож билан безатинг. У эҳсон булутини ёғдириб, мамлакат бўстонини боғи Эрамдек безатсин. Душманлар ҳолини паришонҳол қилиб ўтга қилич селидан сув урсин. Зўравонларнинг биронтаси раиятга ситам қилса, бундай зўравонлар қўлини қирқтирсин. Мусофирлар учун йўллар доим очиқ бўлсин, қароқчининг қорасини кўргизмасин. Ўғриларнинг йўлларини ўтолмайдиган қилиб қўлини қисқа қилсин.
Зулм таълимини беришни мутлақо йўқотсин. Ҳақ буюрган ҳамма нарсаларни бажариб, рост сўзловчи одамлар қўлини узайтирсин. Золимларга йўл бермай, элга тинчлик-тотувлик етказсин». Очиқ юзли шоҳ сўзини тугатгач, одамларнинг ҳар томондан қичқириқлари эшитилди.
«Эй одил шаҳаншоҳимиз! Нега бизни фарёд чектиряпсан? Элга адолатингдан етар чоғда бундай зулмни раво кўрдинг? Шундай сўзларни сўзлаяпсанки, бу халқ бағрини қонга айлантиряпти. Бу сўзларни айтганингдан кўра қонимизни оқизгилу, йўлингда жонимиз фидо бўлсин. Сен бу эл бошиидин йироқ бўлгунингча, улар жонларидан йироқ бўлсалар яхшироқ-ку! Сенинг сўзларинг жон бағишловчидир, улар бизнинг ҳаммамизни бараварига ўлдиришига оз қолди-ку!
Сенинг салтанатни тарк этишинг ҳақида сўз бўлиши мумкинми? Сенинг ўрнингни эгалловчи зот бўлиши мумкинми? Бугун олам ичида фалаклар сиридан сен огоҳ бўлмаган илмлар топилмайди. Буни фақат Рум аҳлигина эмас, жаҳон халқи ҳам яхши билади. Фалак қуёши сенинг мунаввар чеҳранг. Жаҳон сен каби шоҳни, қуёш талъат, Муштарий нурли ҳукмдорни кўрмаган. Гўёки юзинг адлидан гул билан хуршиддан атру нур ёғилиб тургандек. Сенинг вужудингда ақлга дўстлик кўриниб турибди, жамолингда эса жаҳондорлик аён. Сенинг зотинг аро бу ҳимматки бордир, санга Рум султонлиғи ордир.
Биз биламизки, бу мамлакат ҳам сенга кам, умидимиз борки, бутун жаҳон сенинг қўлингга тушгай. Осмон авзоидан очиқ ва яширин Жаҳон сеникидир деган ҳукм ёзиб қўйилибди.
Яна бошқа ҳукмдорни фармон берувчи қилмагил.
Жаҳон аҳлини бенаво қилмағил. Агар сен бу ишни қабул қилмасанг, бу мулк аҳли фарёдига етмасанг, меросхўрлик мулкингга бошқани қўйиб, уй ичига бегонани раво кўрсанг, бу балога не қиларимизни билмай, баримиз ватанни ташлаб кетишни ихтиёр қиламиз. Ҳар мамлакатда гадоликка тушсак, бу можарони Худо сендан сўрайди».
Искандар уларнинг бу хил аломатларини, аломатлари эмас, қиёматларини кўриб, айтган гапларига пушаймон бўлиб, эл ҳолини кўриб кўнгли бузилди. Ҳам тобеларнинг яхши ниятлари, ҳам отасининг васиятлари унга кучли таъсир кўрсатдики, уни ўзгартиришнинг иложи қолмади. Кўнгли ҳаддан ташқари бузилди-ю, халқ илтимосини қабул қилди.
Шаҳзода розилик бергач, Арасту тезгина ўрнидан турди-да, Искандар бошидаги тожни олиб, боши устида баланд тутди. Арасту унинг бир қўлидан, доно Балинос яна бир қўлидан ушлашиб, шоҳга мадҳу сано айтишиб, уни тахт устига чиқардилар. Искандар қадамидан тахт улуғ поя топиб, қуёш боши устига бахт соя солди. Арасту билан Балинос эмас, гўё Хизр билан Илёс эдилар. Искандарни тахтда кўтариб олиб келишаркан, ҳамма одамлар ёнларидаги пулларини унинг бошидан сочишар эди.
Халқ шодлиги ниҳоясига етгач, Искандар хурсандлик билан тахтидан тушди-да, салқин хонага кириб, кичик базм тузиб, май ичди. Шоҳ ва аҳоли ўртасида турли масалалар бўйича савол-жавоблар бўлди. Одамлар чиқиб кета бошлагач, шоҳ кўзини уйқу босди. Ярим кечада сажда учун туриб, кўзидан шодлик ёшлари оқиб ибодат қилди.
Қуёш чиқиб, чор атрофни ёритгач, юлдузлар кўздан йўқолдилар. Искандар яна тахтига чиқиб ўтирди. Чор атрофни яна одамлар ўраб олдилар. Йиғилганларга қараб шоҳ шундай нутқ сўзлади:
«Илоҳим менга халқ аҳволини сўраш ҳуқуқини берди.
Ичингизда кимнинг менга илтимоси бўлса, ўз аҳволини арз қилсин. Қошимда сўзини айтар экан, мени бир ўзидай гумон этсин. Тахтим даҳшатидан ҳам, тожимдан ҳам асло қўрқмасин. Мени шоҳ деб изтироб чекмасин, ҳамма гапини тўлиқ сўзласин».
Халқ арзи ҳол айтишни бошлади, шоҳ саҳардан қоронғу тушгунга қадар уларнинг дардига даво қилди. Одам ўлдирганнинг бўйнига уриб, қўлни кестирганнинг қўлини кестириб, мазлума-ю муштоқларга нон бериб, бечораларга раҳм қилиб, золим аҳлини ерга паст қилиб, зулм аҳлини ерга бош қўйдирди. Зулм аҳлининг бошини паст қилган шоҳ яхши қилади: жафокор жафокорни боши эгик ҳолда кўради.
Шу тарзда ярим кунгача эл сўзларини эшитиб чоралар кўрди. Отаси замонида қайси иш халойиққа озор берган бўлса, уларни эл бошидан даф этди. Олдинги шоҳлар расм этган халқ манфаатига қарши ишлар, баъзи қонунларни бекор қилди. Ҳамма соҳада адолат билан иш кўра бошлади. Раиятнинг эҳтиёжини ҳисобга олиб, икки йил уларни барча хирожлардан озод этди. Ҳамма ходимларни қаттиқ интизом билан ишлашга ўргатиб, ёмонларни жазолаб, иш ўрнидан пасайтириб турди. Яхшиларни тарбия қилиб, ночор ва мажруҳларга ёрдам бериб турди.
Яна нархлар билан ҳам шуғулланиб, қиммат сотувчиларни танбеҳлаб турди. Тарозининг икки бошини текислаб, муҳр билан тошини темирдан ясаттирди. Қари — ўлчаш асбоби ҳам шу тарзда темирдан ишланиб, халқ газмолларни алданиб кам олишдан қутулди. Катта тарозуни ҳам ихтиро қилиб, олибсотарлар ўртасидаги жанжалларга барҳам берди. Ҳалолликни таъминлайдиган чоралар қўллаб, ўғрилик, эгрилик йўлларини тўсиб ташлади.
Йўлларга қоровуллар қўйиб, йўловчиларни ҳар турли хавф-хатардан қутқазди. Адолат қўлини шундай баланд тутдики, кийик арслондан қўрқмайдиган бўлди. Тустовуқ билан қарчиғай ёнма-ён ётарди. Оз вақт ичида Искандар шундай чоралар кўрдики, адолатдан Рум аҳли бойиб кетдилар.
Шаҳеким, адолатдур онинг иши,
Тенг эрмас анга шоҳлардан киши.
Ёш, адолатпарвар шоҳ мамлакатни обод қилиш учун яна кўп ишларни бажарди. Ҳоким кўп йиллар давомида ўргатгани каби у адолат ҳавосини яхши билиб олганди. Унга адолат ҳам, шижоат ҳам, ҳикмат ҳам ёр эди. Қуёшдек олам узра байроқ кўтариб, жаҳонда шундай ишларни қилдики, ҳеч ким бу жаҳонда бажарган эмасди. Шундай мўжизаларни яратдики, кўплаб жаҳондорлар унинг қудрати олдида мағлуб бўлдилар. У қилган ишларни айтиб тугатиш учун асрлар ҳам етмайди. Барча қилганини айтиб ҳам бўлмайди, сўз бошлаган бу айтилганларни тугатишга ҳам ожизлик қилади. Яхшиси бўлиб ўтган ҳодисаларни қисқартириб баён қилингани дуруст. Шу йўлни тутсам мақсадимни амалга оширган бўламан.

Искандар — буюк саркарда
Ҳамонки, Искандар бурун Рум тахтига шоҳ бўлган эди. Душманларини ҳалок қилиб, борган ерларини душманларидан поклади. Кейин жаҳонни очмоқ, еру денгизларни ўрганиш учун қўшин билан йўлга отланди. Аввал қасос олиш учун Мағриб заминга юриш қилди. Зангибор аҳлини енгиб, кейин Доро билан тўқнашди. Ундан устун келгач, Фаранг мулкини фатҳ айлади. У мамлакат эли таслим бўлгач, Қрим билан Андалус ўлкалари устидан ғалаба қозонди. Миср мулкини фатҳ этиб, тахтига ўлтирди. Бу мамлакатнинг об-ҳавосини ёқтириб қолиб, Искандария шаҳрини бунёд этди. Зардуштлар дафъиға кураш очиб, уларнинг ўтларини сув билан барбод қилди. Ироқ ва Ажамга йўл очиб, у ерлар оҳангидан наво топди. Ироқи Арабга от суруб, у ўлкаларнинг халқларини ўз қадамидан баҳраманд этди.
Шому Ҳалаб ўлкаларини эгаллаб, ғалаба қозонди. Суҳайл каби Яман сари йўл олиб ақиқ тошларидан баҳраманд бўлди. Ер ўпмак мақсади билан Макка томон юрди, уни қабул қилиш учун Макка эшиги очилди. Соҳилдан анча юриб, яна Форс фатҳи учун жанг қилиб ғолиб бўлди. Бу ишлардан сўнг шимол сари йўл олди, Хоразм мамлакатини ҳам қўлга киритди. Шундан сўнг Искандар дашти Қипчоқ, Сақсину Сақлаб, Осу Рус, Черкасу Гуржи мамлакатларини эгаллаб, барча халқларини ўзига қарам қилиб олди. Сўнг ҳукмдор Шарқ томон йўл олиб, Фархорни хароб қилиб, кейин Мовароуннаҳрни босиб олди ва бу ерда Самарқанд шаҳрини бунёд этди, Чигил билан Яғмо ўлкаларини забт этгач, Чин томон сафар айлади. Ҳинд мамлакатини ҳам эгаллаб, барча бутхоналарни вайрон қилиб, кейин Жанубга йўл солди. Синд дарёсини кечиб ўтиб, Кирмон, Кечу Мукрон юртларини кезгач, сўнг Хуросонни забт этиб, бу ерда Ҳирот шаҳрига асос солади.
Исфаҳон даштида Рай шаҳарини эгаллагач, шу билан жаҳонни фатҳ этиш бўйича мақсадига етиб, бамайлихотир Рум мамлакатига йўналади, бир қанча вақт у ерда яшаб, қилган ишларидан кўнгли тўлмай, улуғ иншоотлар қуришга бел боғлаб яна сафарга чиқади.
Унинг ғаройиб ишларидан бири работлар қуриш, ерни йиғоч ўлчови билан ўлчаш бўлди. Яъжуж ва Маъжужлар элида узунлиги ўн икки минг қарини бир йиғоч ҳисоблаб ўлчов сифатида қўллай бошлади.
Кейин денгиз сафарига отланиб минглаб кема ясатиб, неча йил сув ичида океанлар, денгизларни кезиб, уларни ўлчатди. Муҳит (Тинч океани) марказига йўл очиб сув остини кўриш учун махсус шиша идиш ясатди. Шишага кириб, унинг оғзини беркитдию, неча минг қари арқон учини шишага улаб денгизни томоша қилиб қайтди.

Искандар ва Доро
Искандар билан бўлган ажойиб ишлардан бири унинг Эрон шоҳи Доро билан бўлган муносабатлари эди. Доро жаҳон шоҳи эканлигида, Файлақус Рум мамлакатининг ҳукмдори бўлиб, у ҳам бошқа ҳокимлар қатори ҳар йили зарур хирожни ўз вақтида ҳеч қандай важ-баҳонасиз тўларди. Хирож миқдори муқаррар бўлиб, тухум кўринишидаги минг олтин эди. Файлақус вафотидан сўнг бу хирожни Дорога ўз вақтида етказиш вазифаси ҳам ўз-ўзидан Искандарга ўтган эди.
Рум мамлакати икки-уч йил давомида Занг шоҳи билан қаттиқ жанглар олиб борганидан Дорога юбориши керак бўлган маблағи етарли эмас эди. Хирожни ўз вақтида юбормаса, Искандарга Доронинг душман бўлиб қолиши аниқ эди. Хирож юбориш вақти етганида, Доронинг махсус навкари келиб, олиб кетилиши керак бўлган олтинларни талаб қилди. Шоҳ уни ҳузурига чақиртирди. Кириб, таъзим қилиб, Искандарга сажда бажо қилган навкар дуо қилиб, ерга қараб ўтирди. Искандарннинг кўриниши навкарга ваҳм солиб қўйган эди. Искандар вакилдан «Доро шоҳи комрон хушмудур? Анга мулк ойини дилкашмидур (Мамлакат аҳли у кишидан хурсандмилар?)» деб сўраган эди, навкар ўрнидан туриб жавоб берди. Искандар: «Келишингдан мақсадингни айт, Доро не деган бўлса тўла-тўкис айтавер», дегач, навкар: «Эй шаҳаншоҳи олиймақом! Сўзимни сўрадинг, жавоб берсам, сенга фармон бергандек бўлиб қоламан. Малик Файлақус Рум аҳлига шоҳ бўлганда, ҳар йили минг олтин тухумни хирож қилиб тўлашга ваъда берган эди. Уч йилдан бери ўша хирож юборилмаяпти. Шу уч йиллик хирож юборилса, дўстлигимиз яна ривожланаверарди. Агар берсаларингиз, ҳисоблаб кўриб олиб кетай, бўлмаса қандай жавоб айтсаларингиз шуни етказаман», деди.
Искандарга бу сўз қаттиқ ботди, ғазаби келганидан сўзлари ҳам дарғазаб чиқди. Юзи рангидан ўт нишони кўриниб, худди бутун жаҳонни ёндириб юборадигандек бўлиб яна бир лаҳза бошини қуйи солиб, у ўтга ҳикмат сувини урди. Илми, ақлу камолининг кўплиги ғазаб аскарларининг андишасини рад қилди. Сўнг шоҳ сўзга оғиз очиб бошини кўтарди, навкарнинг сўзларига жавҳар дурдоналари билан жавоб бериб шундай деди:
«Дорога мендан салом айт! Саломдан сўнг менинг ушбу жавобимни етказ! Шоҳликнинг бақоси йўқ, фано охиратдан бошқа натижаси йўқ. Бугун эрталик умр учун ранж чекмаки, албатта ганж узра ганж қўйгайсан, холос. Сен ҳаддан ортиқча хазиналар йиғдинг. Улар сен учун хаддан ташқари ранж олиб келди. Сенга ҳам, бизга ҳам бу хазиналардан фойда йўқ. Тухум тилаб кўп меҳнатга уринаверма. Тухум туғадиган қушлар аллақачон учиб кетиб бўлган.
Сенинг ишинг кучсиз шоҳлар билан тушган, менингдек киши билан тушмаган. Оқиллик хурсандлик олиб келади, зўравонлик эса бекорчи тамаъ, холос. Бекорга орамизга хусумат солмагин. Уруш бўлса, молу давлатинг менга паноҳ бўлади деб ўйлама. Сипоҳ сенда кўп, менда озроқ бўлса, озу кўпга бергувчи ёлғиз Аллоҳдир».
Бу сўзларни эшитаётган навкар сув бўлиб кетди. Ўрнидан туриб, на ўлик, на тирик бир ҳолда ватанига йўл олди. Отда тез-тез юриб, Доро ҳузурига етиб борди-да, Искандар жавобини шоҳга етказди. Жавобини эшитган Доро тамоман ҳайратда навкардан сўради: «Ҳар ким бу бўлмағур гапларни эшитса, девонанинг сўзлари бўлса керак деб ўйлайди. Ё бу сўзларини сўзлаётганида маст эдимиканки, гапираётган чоғда ўзини унутган бўлса ё ҳали ақли кирмаган ёш бола у, чунки сўзларидан ақл иси келмаяпти. Мен уни телба ё маст фаҳм этдим. Ё бўлмаса ақли кирмаган ёш бола деб ўйладим. Сўзлари маъносини уқиб кўрайлик. Шукуҳи билан савлатидан бирон белги тополмадим. Унинг фикри ўйламай айтилгандур».
Бу сўз Дорони шу қадар диққат қилдики, ғазаб ўти қайнаб, бу ўт давронга ўт солгандек, йўқ, йўқ, бутун фалакка ўт солгандек бўлди. Мактуб келтирган вакилни боғлаб, чуқур зиндонга ташладилар.
«Менинг неварам тенги, ота-оналари саройимда хизмат қилиб юрган бу гўдак шундай сўзларни айтишга журъат қилибдики, уларни сўз деб ҳисоблаб ҳам бўлмайди. Мендан ҳам, элимдан ҳам уялмай, бу сўзларни битган экан, уни даф этишим ва унинг ким эканлигини кўрсатиб қўйишим керак. Шундай жавоб берайки, ҳар бир бузуқи бу жавобни ёдидан чиқармайдиган, уни эслаганида эс-ҳуши ўзига келадиган бўлсин».
Аввало, сўзамол бир одам топиб ўзининг ўткир ўроқдек, йўқ олмосдек сўзларини айтиб, «чавгону гўй» билан бир идишда кунжут бериб йўлга узатди-да, сабрсизлик билан кута бошлади. Доро юборган вакил узоқ масофани босиб ўтиб, қизил тилини ўз бошига офат қилиб Искандарга ўзининг кимлигини баён қилди. Шоҳ буюргач, қосид элчини саройга киритишиб, ҳукмдорга рўпара қилдилар. Шаҳаншоҳга кўзи тушган вакил айтмоқчи бўлиб турган сўзларини ҳам унутди. Жисмидаги жон заифлашб, ер ўпиб, дуо қилди-да, хатдаги гапларни сўзлай бошлади. Шоҳ дедики: «Сўзингнинг барчасини арз қил, дилингдаги барча гапларни айтавер!»
Элчи шоҳ олдида бош қўйиб деди: «Жонингга ҳақдан минг туман мақтов бўлсин. Сенинг олдингда сўз айтишга ҳаддим йўқ-у, сенга Доро сўзларини етказишга мажбурман. У нима деган бўлса айтай. Йўқ десанг, қаердан келган бўлсам, қайтиб кетайин», деди.
Искандар унинг гапини тинглаб: «Келтирган сўзлари муҳим бўлса керак», деб ўйлади. Элчи хатни ўқий бошлади: «Хирож деган қадимги русумимиз бор. Отанг тириклигида бу хизматни ўз вақтида бажариб келди. Сен унинг ўрнини эгаллагач, отанг йўлидан боришинг керак эди. Аммо сен итоат қилишни, отанг йўлидан боришни истамадинг. Қарзингни эслатиб, қошингга одам йўлласам, ҳаддинг бўлмаган сўзларни айтиб юборибсан. Лекин ёшинг кичик бўлгани учун, бошинг ҳалигача тошга тегмагани учун, бу иш билимсизлигингдан, сенда жаҳолат кўпу ақл озлигидан, деб билдик. Шунинг учун сени кечирдик. Энди ўша пулларни олиб, қошимга келасан-да, остонимни ўпасан. Агар ваҳмдан қўрқсанг, буйруғимни бажармасанг ёки яна илмсизлигинг, ўжарлигингни давом эттирсанг, ўзингнинг ҳали ҳам ёшлигингни унутмаган бўлсанг, сенга муносиб нарса юбордим, ундан бўюн тоблама», деди-да, элчи бориб бир чавгон билан бир тўп келтириб шоҳ рўпарасига қўйди ва гапини давом эттирди: «Агар гўдаклигинг ҳали ҳам давом этаётган бўлса, сенга гўю чавгон муносибдур. Бу иккиси бошқаю, давлат иши бошқа иш. Агар айбингни тушуниб етиб, кечирим сўрамасанг, мен билан низо қилишни хоҳлаётган бўлсанг, жаҳлингни қўйиб, ўз жонингга раҳм қил. Сипоҳим ҳисобини шу кунжудча бил!» деб ўрнидан турди-да, элчи бориб ўзи келтирган юклар ичидан бир идишни келтирди ва оғзини очиб, ичидагиларни ерга тўкиб деди: «Шоҳдин ҳар ким қўрқмаса, сипоҳини бу кунжуддин қиёс этсин». Сўзини тугаллаган элчи жавобни кутиб ерга боқиб турарди. Унинг гапларини ниҳоний табассум билан тинглаган Искандар аста сўз бошлади: «Доройи даврон шоҳи покзод ажаб сўзларни изҳор айлабди. Сўзлашда ихтиёрини йўқотиб, ажаб ҳикматларни ошкор айлабди: шоҳларни ўзининг бандаси деб атабди улуғларнинг улуғи, бу гуруҳни Илоҳ ўз лутфи билан улусга шоҳ қилган. Уларни ўзига банда деб хитоб қилиш яхши эмас. Уларнинг қуллиғи ҳаққа одатдир, агар Тангри бандам деса чин эрур.
Яна ул мени: «Маст, телбалик занжириға пойбаст бола», дебди. Бу уч сўзга ўзи жавоб бериши керак. Чунки бу сўзлари куфрга тенгдир. Бўлмаса, икки обрўли шоҳлар мамлакат учун низо этсалар, бири бўлса фарзанд улуғ бир кичик, бу сўз демас ўлса улуғда билик. Қўтонни катта қушлар сонига киритамиз, лекин унинг сунғур2 олдида не жони бор?
Яна бир нарса: шоҳ менга эҳсон қилиб гўй билан чавгон юборибди. Бунда ҳам нозик бир маъно бордир. Ер юзини думалоқ деб билган шоҳ уни гўйга (тўп)га ўхшатибди-да, уни менга бутунисича тутибди. Демак, Ҳақ оламни менга берибди. Қўлимга чавгонини олганим эса шоҳ менга майдонини тутибди, очиқ қолдирибди, деган маънони билдиради. Шоҳ юборган бу совғалардан мамнунман.
Бу кунжудки, у юборган экан. Рамзини баён айласам, уларни шоҳ ўз сипоҳларига қиёс қилибди. Менинг сипоҳимни эса қушларга ўхшатиб, уларга раҳбарлик қилиш учун ҳали ёш эканлигимга башорат қилибди». Шундан сўнг Искандар шу кунжут ҳисобига яқин бўлган қушларни ҳайдаб шу майдонга олиб келтирган эди, улар бир пасда донларнинг барчасини бир дона ҳам қолдирмай еб битиришди.
Элчи Искандарнинг бу қилаётган ишларини кузатаркан, хижолатдан нима қилишни билмасди. Сўнг Искандар буюрди: «Энди Доро қошига бориб, эшитган жавобингни еткиз, менга айтган сўзларингни унга ҳам айт».
Элчи бу сўзларни тинглагач, оёғи билан келиб, боши билан чиқиб кетди. Доронинг вакили ўз манзилига етиб боргач, Эрон ҳукмдорига Искандар сўзларини узундан узоқ сўзлаб берди. Доро бу жавобни эшитиб, жисмига ғазаб ўтидан иситма тушиб, ёнар ўтга айланди. Тўхтовсиз юравериш уни чақмоқдек қилиб қўйди. Гоҳ давронни лаънатлар, еру кўкка таънаю шитоб этарди. Бу ҳаяжонлар таъсирида лашкар тўплашга фармон берди. Рум, Зангибору, Фарангдан, Эрону Турон, Чину Машриқ замин, Жанубу Шимол жаҳоннинг тўрт томонидан икки йил давомида ер сатҳига сиғмайдиган шунча сипоҳ йиғилдики, уларнинг бу қирғоғидан у қирғоғини кўриб бўлмасди. Барча қўшин ваъда қилинган, тайинланган манзилга тўпланишгач, шоҳ улар томон йўл олди. Сипоҳлар томон назар ташлаган шоҳнинг ўч олиш ўти янада алангаланиб кетди.
Эл шоҳлари, иқлим валийлари кетма-кет совғаю-саломлар билан келиб туришар, барчалари Доро хизматига тайёр туришарди. Доро ўзи учун солинган саройда қурилган баланд тахтга чиқиб ўтирди. Сўнг «Мулк султонларининг барчалари келиб ер ўпсинлар-да, салом берсинлар, бу уларнинг эҳтиромлари саналади», деган буйруқ берди.
Ярим кунгача султонлар қалин қўшин орасидан ўтиб салом беришди. Уларнинг ичида энг шарафли мансабдор шоҳу султонлар бўлиб, Хитойдан Мангу қоон, Ҳинд элидан Қорахон, Мисрдан Варқау Бош, Дашт элидан Темуртош, Ховарон мулкидан Фарангис, Ширвон мулкидан Давали каби юзлаб буюк зотлар бор эди. Улар олиб келишаётган совға-саломлар, қуроллар, жанг яроғларини ҳисобловчилар юз йил шитоб билан ишлаганларида ҳам уларнинг саноғига етолмасдилар.
Сипоҳларни манзилларга тарқатишгач, лашкарбошиларни ичкарига таклиф этдилар. Атрофини шоҳу сипоҳдорлар, улуғлар ҳар томондан ўраб ўтиришгач, Доро ўз сўзини бошлади: «Бунчалар сипоҳ тўплашимизга сабаб бу эдики, Румдан Файлақус жаҳон билан хайрлашгач, унинг ўрнига мажнунваш, ўту сувдек саркаш ўғли тахтга ўтирган эди. Мана, уч йил бўлди, хирож тўламай, тожи билан хурсанд бўлиб юрибди. Хирож тўламаслик сабабини суриштириш учун юборилган вакилимизни ўсал қилиб қайтарибди. Бемаъни сўзларида бирор ақлли сўз йўқ. Яна вакил юбориб, панд-насиҳат қилдим, фойдаси бўлмади. Адабсизлик билан қилган жавоблари мени дарғазаб қилди. Беодобона сўзларини эшитгач, унинг қулоғини бураб қўйиш мақсадида аскар тўплаш учун ҳар томон одамлар юборилди».
Шоҳлар ўринларидан туриб, ер ўпиб дедиларки: «Унинг ҳолини танг қилиш учун юриш қилиш ҳожатмиди? Шунча аскар ўрнига бир қулни юборсангиз ҳам бўларди-ку!»
Шоҳ дедики: «Шунча лашкар йиғишимиздан мақсад Румни оромгоҳ қилмоқ, унинг ҳудудига Зангибору Фарангни ҳам киритиш фикрини ўйлаяпмиз. Бир неча кун бу ерларни тавоф қилиб, кейин қайтсак ҳам ёмон бўлмайди».
Шоҳ бу сўзларни айтгач, барча рози бўлди. Ҳаммалари шоҳ сўзига амал қилиб, манзилларини аниқлаб Рум сари йўлга тушдилар.
Булар кўчма-кўч бўлиб Рум сари бораётганлари ҳақидаги хабар Искандарга ҳам етди. У ҳам ғофил қолмаслик учун ёв томонга доим лашкар йўллаб, аҳволдан хабар топиб турарди. Нима зарур бўлса, фаҳм билан жойига қўярди.
Искандар ўз аскарларини шундай тайёрлаган эдики, олам сипоҳи келса-ю, уларнинг ҳар бири Рустам каби паҳлавон бўлса, ёв олдига сомон тўпланганида, етишиши билан совурилган сомон каби бўларди.
Доро муросаю мадоро чоғига фурсат қолмаганини англадию, бутун аскарлар билан илгари юриб душман лашкарларига қўрқув солмоқчи бўлди. Душманлар ораси ўн манзил бўлиб, икки ёндан ҳам қўшинлар эҳтиёт бўлиб боришарди. Уруш бўладиган жойга эса бир кунчилик йўл қолган эди. Ора ерда тоғ бўлиб, икки ёнида икки дашт ҳам бор эди. Икки даштда икки душман эли жойлашган. Ҳатто ел ҳам улар орасидан йўл тополмасди.
Искандар сипоҳ атрофини айланиб мустаҳкам хандақ қурдирарди. Кўнгли тинч бўлиб, юз тиғзан камончини ўзи билан бирга олди-ю, ул лашкар билан тоғ устига чиқди ва ўша ердан ёв қўшинини томоша қилмоқчи бўлди. Қарасаки, ер юзини сипоҳ тутган, тоғу текис ер қорайиб ётарди. Одамлар ҳаракат қилишга ҳам йўл топишолмасди. Осмонни тутуну гард тутиб кетган эди. Искандар ёв аскарлари ичида бўш жой қолмагани учун уларнинг сонини ҳам аниқлай олмади ва чуқур ўйланиб қолди. Хаёлида: «Икки томон уруш бошлашса, улар зичлиги туфайли бемалол урушолмайди ҳам. Бу ердан кетишнинг ҳам имкони йўқ, айланиб ўтмоқчи бўлсам ҳам фойдаси йўқ».
Донишманд шоҳ шуларни ўйлаб турганди, бир тош устида икки кабутар кўринди, улар бир-бирлари билан аёвсиз уришар эдилар. Бирининг жуссаси забардастроқ, яна бири паст бўйли бўлиб, кучсизроқ эди. Каттасида қанча қувват бўлса, кичигида шунча заифлик сезиларди.
Искандар бу кучу заифликни кўриб, ўзи билан Дорога нисбат берди. Шу пайт ногоҳ ҳаводан бир бургут пастлаб келиб, чаққонлик билан каттасини ушлаб олиб, учиб кетди. Гўё у каптар бу орада йўқдек эди. Искандар бу ҳолдан хушдил бўлди, кучига куч қўшилди. Унга душманлик қилаётган ёв енгилиб, лекин ўзга ердан шикаст топишини сезди. Бу ишдан ўзига далда бериб, ёвнинг қадри паст бўлишини билиб, сипоҳи томон юрди, гўё жонсиз баданга жон киргандек бўлди.
У тоғдан наво топиб уйғонгандек, қуёш нурларини тоғ ортидан соча бошлагач, бир замон ҳамма ёқни дуд босгандек бўлиб турди-ю, нариги даштдаги Доро ўз даргоҳида ғалаба шодиёнаси хаёли билан банд экан, кўзига Искандарни ҳеч илмас, қазодан не ҳол бўлганидан бехабар эди. Саркардалари:
«Гар шаҳ ҳукм этса, беваҳму бим,
Эрурмиз анга ҳар биримиз ғаним».
Бири дерди: «Кўргач қаро қочқуси».
Бири дебки: «Узр эшигин очгуси».
Искандар лашкарлари эса эртага ўлгунча урушишимиз керак, уларни албатта мағлуб этишимиз зарур, деган қатъий фикрда эди. Шоҳ бўлса, кўзидан уйқу қочиб, элга яхши сўзлари билан мадад бериб, ғалабага ишонч ҳосил қилиб, қўрқаётганларга умид бағишларди. Сипоҳлари эса тинмай совут, дубулға, найза каби уруш қуролларини ясаш билан овора эдилар. Иккала томон учун ҳам туннинг ўтиши қийин бўлди. Қуёш тоғлар ортидан ўз жамолини кўрсатгач, иккала майдонда ҳаракат бошланиб кетди. Сипоҳлар ҳаракатидан ер зилзилага дуч келгандек бўлди.
Доро Искандарга қарши қўшинини ростларди. Сипоҳ эмас, балки бир қонхўр дарё, худди фалак денгизига ўхшаб кетарди у. Бу лашкарнинг бир чеккаси ғарбда бўлса, иккинчиси шарқда эди. Қўшинни турли усулларда тўққиз марта қайтадан тузиб чиқди.
Қўшиннинг ўнг қанотида Машриқ замин сипоҳлари ўрин олган бўлиб, бу лашкар Чин сарҳадидан Самарқандгача чўзилган эди. Уларнинг ёнида юз минг ўзбек билан мўғул сафланганди. Юз эллик минг қалмоқ ҳам улар билан ёнма-ён турарди. Барчаси олти юз минг сипоҳ бўлиб, барчаси ҳам уруш ишини ҳунар қилиб олган эди.
Етти ранг зарбоф кийим кийган Чин сипоҳлари жангга ҳозир бўлиб турар, улар ичида кўплаб зирҳли темир кийим совут кийганлари ҳам анча эди. Улар билан сафдош бўлиб Манғит, Мовароуннаҳрдаги 10 шаҳар эли сафланишганди.
Қўшиннинг сўл қанотида Мағриб эли саф тортган бўлиб, темир кийимлари, найза-ю, қалқонлари, дубулғалари сариғ рангда эди. Араб отлиқлари қирқ минг учқур от устида мағрур турар, улар қора ипаклардан кийим кийиб олишган эди. Ҳатто байроқларигача қора рангли эди. Сўл қанот ҳам 700 000 сипоҳдан ташкил топганди.
Доро қўшинининг ҳужумчи — илғор қисми — ҳировул етти юз минг кишидан ташкил топган бўлиб, бари оқ кийимдаги дашти Қипчоқ эли, Хоразм аҳлидан тузилганди. Сўл қўшин марказидаги сафларнинг ҳар бири юз минг нафардан ташкил топган бўлиб, барчаси шоҳга яқин одамлардан бўлгани учун яшил кийим кийиб олишган, Доро ҳам улар ичида эди.
Нариги дашт томонда эса шердил Искандарнинг қўшинлари уруш тадориги билан банд эдилар. Шоҳ ўнг қанотга франтсуз аскарларини белгилади. Улар душманнинг қалин кўп эканлигини билишмас, билсалар ҳам уларни кўзга илишмасди. Гуҳарранг кийим кийиб олган фаранглар етти бахмал кийимга ўранишган эди. Улардан 100 000 таси ғоят кучли жангчилар саналарди.
Сўл қанотини Искандар Бартосу Рус сипоҳларига ишониб топширганди. Уларнинг ўзлари ҳам, отлари ҳам темир кийимларда эди.
Ҳировул марказига эса ҳабаш сипоҳлар қўшилганди. Темир қалпоқларига эса ўтаға ўрнида шаҳпарлар ўрнатилган. Қўшин маркази эса румлик паҳлавонларга топширилганди. Қизил юзли бу йигитлар ўзларини ёвга янада даҳшатлироқ кўрсатиш учун йўлбарс, қоплон, шер териларидан устиларига ташлаб олгандилар. Рум шоҳи ўз лашкарлари билан бирга Эрон қўшини турган майдонга қараб йўл олди. Қўшин жилиб бораркан, карнайлар, ноғоралар оламга наъра солар, ҳилпираётган ипак байроқлар жилвагар бўлиб, ажойиб манзара ҳосил қилган эди. Икки сипоҳ бир-бирига яқинлашгач, аввал шундай сурон солдиларки, оламга ғалаён тушгандек бўлди.
Бир лаҳза сурон тингач, чанг-тўзон аста-секин пасайиб, халойиққа жанг майдони кўринди ва Доро лашкарининг олдинги қисми намоён бўлди. Энди нима бўлишини сипоҳлар икки томондан томоша қилиб туришган ҳам эдики, Искандар қўшиннинг олдинги сафидан бир паҳлавон жанг майдони сари от чоптириб кетди. Унинг ўнг қўлида узун бир найза, эгнида эса лаъл ранг қалқон осилиб турарди. Оқ ипакдан енгил тўн кийиб олган паҳлавон майдон ўртасида тўхтаб гап бошлади. У аввало ўз подшоси Искандарни дуо қилди, «Ёви устидан зафар қозонсин!» деб илтижо қилди-ю, ҳамма ёққа бир-бир қараб олгач, баланд овоз билан шундай деб ҳайқирди: «Мени Бориқи Барбарий дейишади. Бурун мен шоҳ Дорога қул эдим. У мени назарига илмай, кўп хафа қилди ва менга кўп ёмонликлар кўрсатди. Шоҳга қилган илтижоларим ҳам жавобсиз қолиб кетди. Ижозат сўраганим учунгина қаҳр айлаб таёқлатди. Доро менга шунча зулму шикаст қилган эди, мен Искандарпараст бўлдиму даргоҳига паноҳ истаб бордим. У менга кўплаб лутфу карам қилди. Мен ҳақини олиб ишини бажармаганимдан шармандаман.
Бугун бу майдонга азм қилибмен, икки иш учун кину разм айлайман: бири улким, шоҳимга бандалик қилиб ўзимдан шармандаликни даф этай. Яна бири ўлим расмини тузиб Дорога ҳам кўрсатай. Қилган жангимга мойил бўлса, муродим ҳосил бўлади».
Бориқ сўзини тамом қилган ҳам эдики, Доро томонидан бир қотилваш ўт каби ловуллаб чиқиб келди. Отининг жиғасидан бош-оёқ кўк темир ичидаги филга ўхшарди. Унинг қўлидаги найза ходадек келарди. Уни сипоҳлар шери даррон йиртқич шер деб аташар, одамлар эса Ҳаррон деб билишарди. У жанг майдони расм-русумини бажариб бўлгач, шоҳга дуо айлади-да, Бориқ томонга югурди. Бориқ ҳам уни чақмоқдек кутиб олди. Икки паҳлавон чирмашиб анча олишдилар. Уч юз олтмиш олти марта найзалар бир-бирига тегмагач, охир Бориқ ўз найзаси билан уни уриб туширди ва жуда узоқ масофага отиб юборди. Кейин бўйнига сиртмоқ солиб шоҳ олдига етказди.
Искандарга бу ҳол шодлик келтирди. Бориқ яна ер ўпти-ю, майдон томон елиб кетди. Яна бир полвонни талаб қилар экан, бошдан оёқ темир кийинган, кичкинагина отга минган мўжаз бир сипоҳ жангга кирди. Оти Шайдо бўлиб, Ҳарронга қариндош эди. У беқарор бўлиб Бориқнинг йўлини тўсди. Бориқ ҳам алам билан унга ташланди. Иккови ҳам найзаларини бир-бирларига рўбарў тутишиб, от устида шамолдек елишаркан, ғалаба яна Искандар томонига ҳал бўлди. Барбарий уни ҳам найзага санчиб, шоҳ олдига олиб бориб ташлади.
Барбарий яна майдонга чиқиб, ўзига рақиб тиларди. Шу куни Барбарий тўққиз паҳлавонни асир қилиб олди. Яна унга қарши ҳеч ким чиқмади. Бориқ ўз ўрнида тураверди. У Дорога таъна қилиб: «Бирон одам чиқсин», деб шитоб қилган эди, Доро тарафидан бир паҳлавон майдонга қараб от суриб чиқди. У филдан ҳам зўр филтан, қомати бўлса каркидондек келарди. Икки кўзи икки олмосдек, доираси қон тўла тосдек эди. Ўзи Мағриб заминидан бўлиб, урушқоқ бир қабиладан эди. Қайси подшо оламга шоҳ бўлса, шу қабиладан сипоҳ чақириб душманларини тезгина даф этарди.
Жангчилар Бориқдан хавотирда эдилар. Икков паҳлавон анча қаттиқ олишдилар. Бориқ бу паҳлавонгача тўққиз кимса билан олишиб жангда енггани учун қўли анча толиқиб қолган эди. Шу пайт белида оғриқ ҳам пайдо бўлди. Рақиби пайт пойлаб туриб, уни ўнг қўли билан маҳкам тутиб, чап қўли билан эса ғанимини кўтарганича Мағриб томон олиб кетди. Шу кетганича кўздан ғойиб бўлди. Бу ҳолни кўриб турган Искандарнинг кўнгли бузилди, лекин Доро хурсанд эди. Мағрибий ўзи енгган рақибини ўз ҳузурига олиб келиб ташламаганига ҳайрон эди у.
Қош қорайгач, яна икки томондан талоя — навбатчи сипоҳлар атрофни кузата бошлашди. Доро ўз қароргоҳида зўрма-зўр ичкилик ичаркан, эртага нима бўлишини ўйларди. Икки лашкар уйқуга кетган чоғда Искандар ибодат қилиб ўтираркан, икки чаққон сипоҳ келиб, унинг қўлига нома тутишди. Шоҳ хатни очиб ўқиса, ўз дардининг чораси ёзилган экан. Доронинг яқин амалдорларидан икки киши унинг зулмидан тўйиб, ўлим хавфи остида экан. «Доро бизни ўлдирмасдан бурун биз уни бир ёғлик қила қолайлик», деб уни яширинча қатл этишга келишишган экан. Искандар номани ўқиб, бу душманларимнинг макру фириби бўлмасин яна, деб хатга жавоб бермади. Индамади-да, отига миниб чиқиб кетди, эртасига эрталаб қотиллар ўз ваъдаларини бажариб, Доронинг икки ёнидан қилич урдилар. Бири Доронинг бошига ҳам қаттиқ урди. Доро кесилган дарахтдек йиқилди, Доро қўшинида нотинчлик бошланди. Тўс-тўполон кучайди, Искандар отидан тушиб Доро ёнига келди. Қараса, рақиби қоп-қора қонлар ичида ётибди, Искандар Доронинг бошини ўз қўйнига қўйди-да, кўз ёшларини тўкиб турган эди, Доро кўзини бироз очиб, устида ким турганини кўрди-ю:
Марҳабо, эй шоҳи навжавон,
Жаҳон узра ҳам шоҳу, паҳлавон
Атодан ўғул бўлмағон сен киби,
Адув узрини қўлмағон сен киби.
Агар бошимни кесиш учун келган бўлсанг, муҳлат бер, сенга бир-икки сўз айта олай», деди.
«Мен бу ишлардан хабардор бўлсам ҳам, розилик бермаган эдим», деди Искандар. Доро: «Менинг уч сўзим уч насиҳатдир. Аввало бегуноҳ ҳолда менга қилич санчган қотилларимни жазолагин. Иккинчиси: қариндошларимни жазолама, учинчиси, қизим Равшанакни ўз никоҳингга ол!» деб хайрлашди. Кейин мотам тутишиб, шоҳона бир тарзда Дорони дафн қилиб, урушни тўхтатишди.
Доро вафотидан сўнг тўпланган лашкарлар бирин-кетин ўз ватанларига қайта бошладилар. Искандар Доро тахтига ўтириб, унинг васиятларини бажаришга киришди. Бурун шоҳ Дорога аза тутди, Дорони ўлдирган икки қотилни ҳам сўроқ қилиб, икки дорга оёғидан остирди ва элга уларни тошбўрон қилишга фармон берди. Кейин баданларини куйдиришга, кулларини эса осмонга совуришга буюрди. Элга шодлик қилишга рухсат берилди. Равшанакка нома ёзилиб, азани тўхтатиши, тўйга розилик бериши сўралди.
Искандар Доро тахтига ўтирди. Ўзигача ҳукмдорлик қилган минг уч юз йил давомида ўн тўрт олампаноҳнинг Доро қалъасидаги 180 хазинасини текширишиб, шоҳ девонидаги хазина дафтарини олиб борувчи амалдор билан ҳисоб-китоб қилдилар-да, барча хазина молини жамлаб шоҳ ҳузурига олиб келдилар. Шоҳ хазиналар ҳисобини очиқ ҳолда элга баён қилишни буюрди. Рўйхат ўқилганда, барча одамлар ҳайрон қолдилар. Шоҳ фармонига итоат қилиб уларни саройдаги асосий хазинага ташишдилар. Икки йилгача шаҳардаги хазиналар мулки сарой хазинасига ташилди. Бу ҳали бор мулкнинг чорагига тўғри келарди. Кейин шоҳ фармони билан қолган мол-мулкни ўз жойида қолдириб, яхшилаб беркитдилар. Қолган мулк ҳисобчилар саноғига кўра етти юз минг туман эканлиги аён бўлди. Сўнг шоҳ сипоҳларининг ҳар бир гуруҳи, сипоҳдорлар, наввобу ҳожиблар қанчадан ойлик олишни аниқлаб жамлашни буюрди. Уларнинг миқдори ҳам сарой белгилаганидан анча ортиқлиги маълум бўлди. Ойлик учун белгиланган пулнинг ярмигина сипоҳлар қўлига етиб борар экан. Шоҳ бу аҳволдан хабар топгач: «Маош барча сипоҳ аҳлига баробар қилиб берилсин», деган буйруқ бўлиб, улар харажатлари учун етарли маош ола бошладилар. Сипоҳлардан ташқари 600 000 ёрдамчи ишчиларнинг маошлари ҳам шу тарзда кўпайтирилди. Барча сипоҳийлар шоҳнинг «Манга ганж ҳавас эмас, сипоҳу раият манга ганж» деган сўзларидан ниҳоятда қувониб, шодланишарди. «Хазинадан элга нафъ етмаса, ундаги лаъллардан оддий тош афзалдир. Агар тош зарар келтирмаса, хазинадаги бойликлардан элга юз хатар бордир. Агар шоҳ хазинаси фойда бермас экан, жаҳон аҳли унинг сарбасар душманидир. Эл хазинадан фойдаланар экан, жаҳонни забт этмоқ ҳам осон бўлади», деди Искандар.

Кашмирдаги Маллу сеҳрларининг фош этилиши

Шундан сўнг Искандар Эрон элини ўзидан рози қилиб белини жаҳонни фатҳ этишга боғлади. Аввал донишманд, турли соҳа олимларини тўплаб, ҳар қайсисининг фикрини эшитди. Барчалари илмдан чуқур хабардор бўлиб, ҳарбий илмларни яхши билишарди. Шунинг учун уларни ҳарбий бўлимларга бошлиқ қилиб, маълум вилоятларни эгаллашни топширди. Бири Ҳинд, бири Чин, бири Кашмир, бири Миср, яна бири Бағдоду Байтулҳарам каби қатор ўлкаларни эгаллаш учун юборилди. Ҳар бир бошлиқ қўлига махсус нома ёзиб берилган бўлиб, уларда Искандарнинг Эрон тахтини эгаллагани таъкидланган, ҳар қайси шоҳга ўз ҳузурига келиб хирож юбориши, Искандар шоҳлигини қабул этиши, шунда унинг мамлакату халқи бу улуғ давлат ҳимоясида бўлиши, аксинча, тақдирига ёзилганини кўриши огоҳлантирилган эди.
Жаҳондаги Шарқ мамлакатларининг кўпларига юборилган мактубларни олган шоҳларнинг аксарияти Искандар таклифларини қабул қилиб, тобеликка рози бўлдилар. Фақат уч киши бу таклифни қабул қилмади. Улардан бири Кашмир шоҳи Маллу ибн Мабок бўлиб, у Искандарга қуйидагича мактуб йўллади: «Агар Искандар олам шоҳи бўлса, менинг мулким эса дунёда якка ягонадир. Тангри менга уч иш насиб этган: бири улки, мулкимни ғоят мустаҳкам тоғлар, ўтиб бўлмайдиган баланд қўрғонлар ўраб туради. Унинг устига мулкимнинг чор атрофини дарёлар ҳам муҳофаза қилади. Иккинчидан, менинг шунча афсунгарим борки, фалакдан етган ҳар қандай балоларни ҳам даф қила олади, юмронқозиқни шери жаёнга, каламушни дашт йўлбарсига айлантира олади. Агар Искандар олам элини йиғиб келганда ҳам шундай қаттиқ шамол эсиб турадики, сомондек барчасини учириб йўқ қилади. Учинчидан, у агар қасос олмоқ бўлиб юртимга бостириб келса, бу мулк ичида шундай бир буюк тоғ борки, баланд тоғлар устига қурилган тоққа ўхшайди. Унинг жисми мис билан қўрғошин, қалай билан биринж қотишмасидан бурунги илм аҳли ясаган тилсимдир.
Яна бир сири шуки, шаҳар ичида ниҳоний бир нақб қурилган бўлиб, у ерга тушган шоҳ тилсим бўлган бир фанни ўрганиб чиқади. У фанни ўрганган эл исталган душмандан ўт ва ел ўғирлай олади. Ўша маконда агар бирдан ел эсмай қолса, тезда ҳалок бўлади. Бу ўлка ичра кимсанинг жони бор экан, ел турса яшашига имкон қолмайди. Гар ўт бўлмаса, одамзод емак ҳам ҳозирлай олмаслиги аниқ. Шуларни ҳисобга олса, Искандар бошқа бир макон сари йўл олгани маъқулдир».
Ҳиндистон шоҳи Рой бўлса, бундай жавоб қайтарибди:
«Шоҳ Доро Искандар билан уруш яроғини қилмоқ учун ҳамма шоҳларни чақиртирганида, йўл йироқлигига қарамай мен Рум чегарасига эндигина етганимда, бу фалокатлар юз берди. Биз биёбонда қолиб кетдик. Яроғу сипоҳларимизнинг бари барбод бўлди. Урушган навкарларим ҳалок бўлди, қолганлари асирлик жабрини тортдилар. Мен эса неча ой биёбонни жой қилиб юртимга қайтганимча, халқим қатли омга учраб ўн улушдан бир улуши қолибди. Қаро рангни бу элда қадимдан кийиш одат деманг, ана шу воқеа туфайли мулким қаро кийиб мотам тутяпти. Искандар туфайли элим шунча азоб чекди. Энди икки-уч йил сабр қилинса, замон тинчланса, кейин хирожни тўласак. Мен ҳам у билан кўришгим бор. Лекин икки-уч йилсиз бундай таклиф айласа, мен кўп малолат чекаман. Лутф этса, бу мактубимни қайтармайди, нима бўлсаям, Ҳақнинг пешонамга ёзганини кўраман. Мен сўзимда унинг ҳурматини тутдим. Шунга кўра у ҳам иззатини асраса керак».
Чин шоҳи эса яна бошқача жавоб қилди: «Искандарнинг юборган мактуби кучли заҳардан аччиғдир, қиличдан ўткир. Ўз вакилини бу томон жўнатган куни чуқур ўйлаб кўрмай ёзибди буни. Сипоҳим қалин, мамлакатим тўқ, менинг ундан кам томоним йўқ. Шоҳ бошқа бир шоҳга ўзини «ҳакиму доно» деб ёзиши тўғри эмас. Бундай сўзлар ақлга сиғмайди. Мактуб сўзларини ҳам катта-катта қилиб ёзиши шоҳга нисбатан ҳурматсизлик. Лекин мен хатимни йирик ҳарфларда битмайман. Унинг олдига боришни истамайман. Агар аскар тортиб келса, шаҳримга кириб олиб, эшикни беркитганча ўтиравераман».
Бу уч мамлакат шоҳининг жавобларини бошдан оёқ гапириб бердилар. Искандар ўз мактубига биноан ҳузурига етиб келган шоҳларга яхшиликлар кўрсатиб, шоҳона мажлислар тузиб, кутиб олганди. Ҳалиги уч шоҳ жавобини эшитгач, уларга аскар тўплаб борай деди-ю, лекин қиш фасли бошланиб қолган эди. Одатда шоҳлар қиш фаслида юриш бошламайди. Бу қиш шу ерда қолишни маъқул кўрди-да, Қорабоғи Аррон сари йўлга тушди.
Искандар Қорабоғи Арронни ўзига оромгоҳ қилганидан сўнг, хаёли асосан жаҳонгирлик бўлиб қолди. Ҳикмат аҳлини қайта-қайта йиғар, Худодан жаҳоннинг фатҳ этиш бахтига мушарраф этишини тўхтовсиз тилар эди. Сипоҳлари тутган жойларни айланиб чиқар экан, уларга бардамлик тилар эди. Қуёш тобора кўтарилиб оламни иситгач, шоҳ бутун даштни тўлдирган лашкари билан яхши бир соатни белгилаб қишлоқни тарк этди-ю, Сипоҳонга қараб йўл олди, ундан ўтиб Хуросонга юз тутди. Бу пайт бутун Эрон замин унинг қўл остида эди.
Хуросон ҳавосидан шоҳ жуда хурсанд бўлди, бу ўлка жуда кенг бўлиб, ери ўзга иқлимлардан ёқимлироқ эди. Кўкаламзорларидан кўплаб чашмалар отилиб турар, дарёлар шовуллаб оқиб турар, барчаси кўнгулдаги ғуборларни қолдирмас, яна тўрт дарёсининг овози осмонгача етиб борарди. Анҳорлари худди жаннатдан чиқиб келаётгандек эди. Ҳирманд, Зобулистондаги дарё, Нимруд, Дарижаз дарёларининг ҳар бири ғоят гўзал ва жонбахш эди. Балх шаҳрини ҳам гўзал анҳори безатиб турар, бу шаҳарни Ҳушанг қурган бўлиб, Иброҳим Адҳамнинг ҳам покиза қадамлари текканди. Яна бири Мурғоб суви бўлиб, у ҳам жаннат сувларини эслатарди. «Бу ер жаҳон гулшани» экан деб баҳолаган шоҳ наҳр бўйида шаҳар яратиб унга Ҳирот исмини берди.
Хуросон бадандур, Ҳирот жон анга,
Ҳирий жон, бадандур Хуросон анга.
Искандар Хуросондан чиқиб шимол томон манзил ба манзил юриб бораркан, жаннатмонанд, гулларга тўла, сувлари жаннатдагидек катта бир водийга дуч келди, Искандар уни Мовароуннаҳр деб атади, чунки шарқида Сайхун, ғарбида Жайхун дарёлари оқиб тураркан. Уларнинг ҳар бири Арасга тенг ўн-ўн беш ўлкани суғориб турарди. Айниқса, Кўҳак дарёси жаннат сойи эканига шубҳа йўқ эди. Унинг ёнида шаҳар барпо этиб Самарқанд деб атади.
Самарқанд шаҳри қурилиши тугаллангач, Искандар Кашмир сари йўл олди. Шаҳарга яқинлашиб, даштининг барча дарахтларини кесиб тозалашгач, олдиларида осмонга бўй чўзиб турган, тошли тоғлар орасида жуда узун қилиб ишланган йўл чиқди. Узоқлигидан унга оёқ сурмадилар. Қоф тоғидек буюк тоғ олдидан йўл бор экан, Кашмир халқи шу ерда тоғни тоққа улашиб, Кашмирга кириш йўлини бекитишган экан. Ганч билан тошдан ясалган темир дарвоза тепасига шаҳарни ҳимоя қилиш учун ёпиқ бурчакли буржлар билан шинакли деворлар ишлатишган экан. Қалъа ичида икки минг афсунгар, ҳийлагарлар жойлашган бўлиб, минг қари3дан ҳеч ким дарвозага яқин келолмас, агар ўша томонга қадам қўйса, оёғи сустлашиб юролмай қолар, от билан бормоқчи бўлса, товони кўчиб тушар, шу жойда кетолмай қолиб кетар экан.
Сипоҳлар булар ҳақида эшитганларини Искандарга бирма-бир сўзлаб бердилар. Шоҳ уларнинг гапларига парво қилмай, Арастуни олиб ўша томон равона бўлди. Ишонмай, узоқдан кузатди-да, «Бу Кашмир аҳлининг афсуни бўлса керак, нима қилиб бўлса ҳам шаҳар деворлари ва буржларини бузиб ташлаш лозим», — деди. Кейин сипоҳларини олиб келиб шаҳар девори атрофига туширди, зиёни бўлмасмикан деб юргизиб ҳам кўрди. Кўнгли ҳотиржам бўлгач, ҳузуридаги 500 олимдан ўнтасини чақириб: Фалотун, Арасту, Балинос, Арашмидус, Шаминос, Қилинмун, Волис, Фарфурнус, Суқрот, Ҳурмус кабиларни чорлаб, «Бу Кашмир элининг афсуни, унга қандай тадбир қиламиз?» — деб сўраган эди, улар маслаҳатлашиб, «Ғам еманг, бунинг иши биз учун осон, шоҳ иқболини Тангри ярлақасин. Бу найрангларга шикаст етказиб, барини паст қилганимиз бўлсин. Икки-уч кун муҳлат берилса, уларнинг сеҳрини бошдан-оёқ бузиб ташлаймиз», дейишди. Искандар уларнинг сўзларидан хурсанд бўлиб, иш бошлашга рухсат берди. олимлар шоҳни дуо қилиб ишга киришиб кетишди.
Улар ишга киришиб, неча кўраю дамларни қизитишиб, аввал турли металлар: темир, пўлат, қўрғошин, мис, жез ва бошқаларни аралаштириб тўп кўринишидаги бир буюм яратдилар. Фалакка ўхшаган юм-юмалоқ бу асбобнинг ичи бўш эди, унинг ичини порох каби портловчи дорилар билан тўлдирдилар. Неча хил ашъёларни аралаштириб, тўп ичига солдилар. Темир тўпдан икки тешикча орқали пилик киргизиб, одам боши ёки урушда отиладиган раъд тошига ўхшатдилар. Унинг пилтасига ўт ёқиб, осмондан туширадилар. Ўқ учиб бораркан, пилтаси ёниб бориб яширин моддага ўтади, кейин портлаб темир тўп неча парча бўлиб, шу пайт ундан кучли овоз, шуъла, ажиб тутун, ҳид чиқиб, овози сеҳр асбобини бузиб, ўти дарвозани очиб юборади. Қораси душманлар юзини куйдириб қора қилади. Исидан ҳидлаганлар эса фусун илмини унутадилар.
У ажойиб тилсим тайёр бўлгач, ҳамма олимлар яна бир бор йиғилдилар, қуролнинг барча белгилари ва бўлажак натижаларини аён қилдилар. Шоҳ бу ажойиб ишдан шод бўлиб: «Шундай тилсимни тайёр қилдингиз, бошлашингизга нима тўсиқ бўлиб турибди?» деб сўради. Қуролни синаб кўришга шоҳ ҳам қизиқаётганини сезган донишмандлар: «Ҳукмингизни кутяпмиз, холос», деб жавоб беришди. Шоҳ отланиб, ўзининг барча саркардаю аъёнлари билан дарвоза томон йўл олди. Раъд асбобини созладилар, тилсимни келтириб, раъд ёйига тошдек қуриб, тўп пилтасига ўт туташтирдилар, Доруга ўт етгач, у осмонга кўтарилди ва учиб бориб душман сипоҳларининг ўртасига тушди. Айтилган тўрт иш юз берди: аввал кучли садою қўланса ҳид тарқалди, кейин ўт билан дуд кенг ёйилди ва ўти қалъани кулга айлантирди. Дуди фусунгарлар юзини қаро қилиб, иси уларнинг афсунларини хотирларидан ўчириб ташлади.
Ҳалиги тўп отилгач, Маллуга дарҳол хабар қилдилар. Маллу Искандар билан жанг қилиш учун кучи заифлигини сезди, дарвоза ва қалъани забт этилганини англади, ўзини ҳайрон, элини паришон ҳолда кўрди. Мамлакати ичра қарор ёки манзил топа олмай, ер ости йўли билан бориладиган нақб атрофига бор бойликларини тўплай бошлади. Ўзи билган қора тоғ устига макон қурдириб турар экан, шу чоғда Искандар қўрғонга ҳужум қилишни буюрди, лекин олимлар: «Бугун бормаганимиз яхши, чунки олдингисидан чиққан тутун тарқамаса, у томонга яқинлашиб бўлмайди», дейишди. Бу сўзларни эшитган Искандар ўз қароргоҳига қайтиб келди ва айш-ишрат билан шуғуллана бошлади. Олимларга кўпдан-кўп эҳсонлар бердирди. Тонг отгач, қалъа ичига сипоҳнинг киришига буйруқ берди. Сипоҳлар тиқилишиб, етти кун давомида дарвозадан кирдилар. Шаҳар халқи Искандарни хату шикоятномаларга тўлдириб ташлади.
«Бу диёр Маллуда бўлган замон бу қулларда ҳеч ихтиёр йўқ эди. Хизмат қилганимиз қилган эди. Унинг шавкатидан қутилдик, энди не десанг, бандангмиз!
Ёруғ айласанг мулку вайронамиз,
Фидодур сенга мол ила жонимиз.
Барчамиз юзингни бир кўриш армони билан яшаяпмиз», деб ёзилганди у мактубларда. Искандар хат ёздирди ва вилоятларга жўнатди. «Сизлар бу ерга келишга овора бўлманг. Ўз юртингизда фароғат қила беринг. Менинг ўзим юртингизга бораман. Мени дуо қилиб, Ҳаққа тоат қилиб юраверинг», дейилганди мактубларда.
Искандар ўзининг ушбу мактублари тайинланган манзилларга қадар етиб боргунча қўрғон ичида Маллу томонидан қурилган тарабхона — шодлик, базмлар ўтказиладиган шоҳона қасрни унинг атрофига қурилган ажойиб боғни кўриб, бу гулшанга «Жаннатосо» деб ном қўйди. Барча лашкарлар ҳам, аъёнлару донишмандлар ҳам «Жаннатосо»дан баҳраманд бўлишди. Искандарга «Жаннатосо»да шоҳ манзили тайёрлатди. Халқ бу ерга оқиб кела бошлади. Шаҳарда янги ҳаёт бошланди. Шоҳ барча одамларни шод этиб, бузилган кўнгилларни обод айлади. Шоҳ ҳукм қилдики: «Ҳеч кимнинг бирон нарсасига тажовуз қилинмасин, Искандарнинг бирон навкари ё аъёни улардан бирон нима тама қилса, бўғзидан осилсин!»
Шаҳар халқи моли омон беришгач, бошқа муҳтожларнинг иши ҳам ҳал бўлди. Ҳеч кимдан ҳеч кимга ғам етишмас, бир киши бошқасидан асоссиз бир дирҳам ҳам ололмасди. Искандар эса айш учун тоза майлардан ичиб, Кашмир мулкини сайр этиб юрарди. Кўпдан кўп ғаройиботларни кўриб ҳайратланарди. Жумладан, бир май косаси кўрдики, ниҳоятда камёб. У жом худди дарёдан сув олгандек тўла турарди. Маллу қочиб кетаётган вақтда унинг бир хазиначиси мулки ичидан олишган экан. Бошқа туҳфаларни қалъага олиб киришганда бу жом қолиб кетибди. Унинг ажойиблиги шунда эдики, жомдан ҳар қанча ичган билан майнинг кам бўлмаслиги айтилган эди. Жамшидшоҳ оламни эгаллаганда ҳикмат аҳли олимларни тўплаб иккита тилсим жом ишлатган экан: бири гетинамо, бири ишратфизо. Гетинамо жом кўпчиликка маълум, шунинг учун бунисини таърифлай қолай. Ундаги май тамом бўлмайди, мазали май камаймайди эгри турганда ҳам унинг ичидаги май тўкилмайди. Уни тортиб ҳам олиб бўлмайди. Барча бу ажойиб жомни томоша қилишарди.
Маллу ўзининг тош қўрғонига қамалиб олганидан сўнг Искандар унинг тахтини олди ва эл-улусга енгилликлар ваъда қилди, Кашмир халқи унинг лутфу эҳсонига умид қила бошладилар, шоҳ Маллу аҳволидан хабар сўраган эди, унинг Искандардан қўрқиб, фалон қалъа ичида беркиниб, қўрқиб ўтиргани, ҳар хил сеҳрлар ҳақида ўйлаётганини айтиб беришди. Искандар яна сарой аҳлини тўплаб: «Кашмир тоза гулзордир. Ҳавоси лекин гармселли экан. Доимо жонпарвар насим эсиб туради-ю, бу гулшанда тўхталмас экан, бу аҳволда унинг гули ўтга ва сунбули қоп-қора дудга айланади. Қизиқки, даҳр оташфишону, лекин кимса ўтдан нишон тополмайди. Бу уқубат бўлиб, халққа азобдур. Суҳбатгина эмас, балки умуман яшаб бўлмайди. Бунга бирон чора мумкиндир, бўлмаса бу ердан тезроқ жўнаш лозим бўлади», деди.
Донишмандлар бу сўзларни эшитгач, дуо қилишиб: «Агар шоҳга бу иш муддао бўлса, биз унинг макрини даф этамиз, унинг барча сеҳрларини биз йўқ қиламиз, шоҳ кўнгли бундан ғамга тўлмасин, чораси осон. Шоҳ ўн кунгача муҳлат берсалар бўлади». Шоҳ: «Ўн кунгача халқ ўт ва шамолдан қийналиб қолишадику!» деган эди, Афлотун подшонинг қайғураётганин кўриб: «Мен уч кун давомида бир тадбир қилиб, аҳволни енгиллаштириб тураман», деди. Искандар бу сўздан хурсанд бўлди. Бу ҳолатда ел тўхтаб, дўзахдек иссиқ бошланди. Ошхонада ишловчилар нолон бўлишиб, «Олам аро ўтдан бошқа вужуд йўқ, не чўғ, не шуъла, не учқун, не дуд. Тошдан ўт чиқаришаркан», деб унга темир урсалар, шуъла ҳам чиқмаяпти, ўт ўрнига сув чиқяпти. Овқатни тайёрлашимизда бир сир бормикан десак, биз айбдор эмасмиз».
Кейин ўту ел масаласида шундай қийинчилик бошландики, ўт иссиғ дам эрди-ю, ел совуғ оҳ. Тандир кундуз қизармайди, кечаси эса шамда шуъла кўринмайди. Озгина ел эсганди, ўчмаган бирон чироғ қолмади. Уч кун давомида қўллар энгакларга сутун бўлиб қолаверди.
Тўртинчи куни Афлотун уйига шоҳ, аъёнлар ва саркардалар кириб бордилар. «Мана, уч кун ўтди, халқ ўт ва шамол йўқлигидан ниҳоятда қийналиб кетди. Яна шу хилда давом этса, эл бу азобларга чидолмай қолади», деди Искандар. Олим жавоб бериб: «Бугун ҳам берган ваъдамизга киради. Лекин эртадан ҳамма нарса ўз ўрнига тушиб, халқ қийинчиликлардан қутулади», деди. Шоҳ ва аъёнлар бу сўзлардан кўнгиллари таскин топиб оромгоҳларига йўл олдилар.
Ўтни тўхтатиш масаласи мана бундай бўлган эди: Жомосб деган донишманднинг китобида: «Искандар даврида у жаҳон фатҳига отланган вақтда олам мамлакатларини эгаллаб бораркан, Кашмирни босиб олишда бу шаҳарнинг беги Маллу берк қўрғонга беркиниб олиб, одамлардан шамол билан ўтни яширади. Ўша ердаги бир тоғ ичида тошдан бир уй ясаб, тилсим қилиб қўйганди. Елни шу уйга қамаса, халойиқнинг душман аскарларини даф қилиш осон бўлади. Шамол аввал бетартиб эсиб, ундан халққа зиён етарди. Шамолни ҳалиги уйда бекитгандан сўнг бу мамлакатга келганлар ҳалиги уй деразасига қарши туриб Кашмир шаҳрига тўғри боқишса, ёқимли шамолдан баҳраманд бўлишар, деразани беркитиб қўйилса, шамол чиқа олмай қоларди.
Қалъадаги бир чоҳ — чуқур бор бўлиб, унинг оғзи тору, таги кенг эди. Чуқур тагида бир оташкада бўлиб, у Каюмарс давридан қолган эди. У ерда шундай бир тилсим мавжуд эди: одам шаклидаги бир ҳайкал доим ўтни елпиб, ҳароратни кучайтириб турарди. Унинг олдида дам била кўра ясалган бўлиб, кўра жисмида олов пуфлайдиган най ўрнатилган бўлиб, ҳалиги ҳайкал асбоб орқали ўтни доим тезлаштириб турарди. Чоҳ оғзидан учқун ва тутунлар чиқиб, халқ ундан иссиғлиқ олиб турар, бу мамлакатдаги ўт манбаи, не ўтким, қуёш манбаи ҳам шу эди. Лекин бу ўтлар киши кўзига кўринмай, қуёшга ўхшаб ер остига кириб кетарди. Бу тилсимни йўқ қилиш учун, бу иш Афлотунга ҳавола, аввал нақб бошини топиб, у ерда чодир тикиб ўтириш керак. Кейин нақб бошини очиб ичкарига қараб 17 қадам юриш даркор. Ўн етти қадамни босиш чоғида икки ёнига яхши назар ташлаб бориш керак. Ҳар томонда ел ё ўт расми чизилган тахтачалар туради. Ҳар бир лавҳни зарб билан қаттиқ тепса ва лавҳ девор ичига
кириб кетса, бири ел йўлидир, бири ўт йўли. Девор бузилган замон тезлик билан ташқарига қочиш зарур. Чунки ўт билан ел қўшилишиб чирпирак бўлиб айланиб, аниқланган йўлларни ҳам вайрон қилади. Икки кавакдан чиқиб келган ўт ва ел қалъа аҳлига шундай зиён кўрсатадики, кимга тегса, нобуд қилади, иморатларни пастлаштириб, тик ёғочларга шикаст етказади. Элининг ўлмай тирик қолиши бўлмаган хаёлдир.
Ўт чоҳдан чиққандан кейин, ловуллаб, қалъани куйдиришга тушади. Фақат қалъа ичига, рўпарасигагина эмас, буржу деворларига ҳам туташади. Тоши шуъладан шундай қизиб кетадики, ичкарида қолган халқ тош кабобларга айланади. Йўлдаги лавҳларни ушатган ҳаким бир қанча вақт ташқарида туриши керак.
Агар ел қалъага қараб елиб шаҳарга тез етишса, лавҳалар билан томларни тўсиш, мустаҳкамлаш керак. Ўт билан ел тинчиса, иккисидан кучу мадор ҳам кетади-да, яна олдинги ел ороми, ўт шарори қайтади», деб ёзилган экан.
Афлотун бу сўзларнинг барчасини Искандарнинг бир ўзига мукаммал сўзлаб берди. Шоҳ ҳайратда қолиб, донишмандга таҳсин айтди, эҳсонлар берди. Дедики: «Бу ишларни бажариш йўллари топилди. Энди нима қиламиз?» деб сўради Афлотундан. Донишманд шоҳни дуо қилиб: «Сен лавҳларни биринчи бўлиб синдирасан.
Бу сенинг шоҳлик, жаҳон паҳлавони сифатидаги ҳуқуқинг. Бу иш бандини ечиш сендан бошлансин», деди.
Шоҳ донишмандга тасанно айтди, кечаси бўлишига қарамай Афлотун билан бир неча сипоҳни бирга олиб йўлга тушишди. Нақб бошига етишгач, ичкари, ер ости йўлига тушиб анча юришди. Йўлнинг икки ёнида икки лавҳ осиғлиқ турарди. Афлотун лавҳларни шоҳга кўрсатиб: «Вақт кетяпти, бўлақол тезроқ!», деди. Искандар лавҳларни кўриб шодланди-да, Ҳақни ёдига олиб туриб, икки лавҳни зарб билан тепди-ю, улар емрилгач, дарҳол ташқари чиқди. Икковлари кўзларини қўрғонга тикиб турардилар, бир оз ўтгач, ўт қалъадан осмонга отилди. Яна бир нафас ўтмай шамол ҳам етиб боргач, шундай кучли ел қўзғалдики, ел гўё оламни бузай дерди, икковлари яна нақб ичига тушишиб, ганжу ғишт билан ел йўлини тўсиб ташладилар. Шоҳ билан олим ташқари чиқишгач, қўрғон томондан дод-фарёд эшитдилар. Ўт билан ел қўрғон халқини ҳар томон паришон қилиб ҳалок этибди. Маллунинг фарзандлари ҳам, хотинлар ҳам ярим куйган ҳолда чиқиб келишди. Искандар сипоҳлари уларни ўтдан озод қилдил
ар. Ўт ва ел ҳужумидан жуда кўп одамлар ҳалок бўлибди. Фақат Маллу ибн Мабок деган кишигина омон қолибди. Яна Феруз деган ўғли ва ниҳоятда соҳибжамол бир қизи бор эди. Унинг ҳақида яна кейинроқ сўзлашамиз.
Маллу Искандар қошига келиб, ер ўпиб, бош қўйди, бошини кўтаргач, ёш тўкиб илтижо қилди:
«Шоҳо, қошингда гуноҳкормен,
Жазо ҳар не қилсанг сазовормен.
Чу мен бандамен, бу икки бандазод,
Алар авфин айлаб мени айла шод.
Искандар: «Бу азоблар биздан эмас. Сен ўз бошингга тез тиғ тортдинг. Бу дам тупроққа юзинг суриб, кечирим сўраяпсану, сени авф қилдим. Тузалганингда кишварингдан хирожни мукаммал тўлаб туришингга ишонч ҳосил қилиб мулкингдан чиқиб кетайлик. Фарзандингни сенга ўринбосар деб тайинлайлик. Қизинг ҳам бор экан, уни ўзимизга қаллиғ қилайлик», деди.
Маллу бу сўзлардан жуда хурсанд бўлиб, жони узилди. Искандар Маллуни шоҳона дафн эттирди. Шоҳ кўпдан кўп зиёфат қилиб, бу мамлакатдаги табаррук жойлар, қадимий мозорларни кўрсатишни буюрди. Мозордаги Маллу хонадони қабрларига етишгач, у ердаги хилхона атрофига деворлар қурдирди, чиройли гиламлар солдирди. Искандар Ферузни тилатиб бу олам фонийлигини уқтирди-да:
Сениким бу мулк узра шоҳ айладим,
Бу кишварда кишварпаноҳ айладим.
Керак лутфу эҳсон шиор айласанг,
Адолат йўлин ихтиёр айласанг.
Раиятға сендин етиб шодлик,
Мамоликка юз қўйса ободлик», деди.
Феруз таъзим билан Искандарнинг барча сўзларини қабул айлади.
Искандар Кашмирни Ферузга топшириб, бошига тож қўйиб, у тўлаши керак бўлган хирож миқдорини белгилагач, унга «Икки ойда ўз ўлканг ишини тўғри йўлга қўйгин, шу муддат ичида сипоҳларни ҳам жам этиб тегишинча, зарур бўлганича йўл харжи бериб тур. Бошқа ишлар билан чалғимай, бизга, тезда Ҳиндистонга етиб ол», деб тайинлади.


Искандар Ҳиндистонда

Бу сўзлар билан уни хурсанд қилиб, синглиси Меҳрнозни ҳам тўққиз парда ичига киритиб Ҳиндистон сари йўл олди. Барчалари шитоб билан тез юриб манзил ба манзил боришар экан, унинг фатҳини ҳосил қилиб, ёмонлардан офоқни пок этиб, яхшиларни шодмон қилиб, ўжарларни бўйсундириб, даштини адлидан бўстон қилиб боришаркан, Ҳиндистоннинг барча аҳли бу воқеаларни эшитиб хабардор бўлди. Улар Искандарнинг Кашмирда қилган ишларидан воқиф бўлган тилсимотларини фатҳ қилиб, Кашмир халқига қилган муносабатларини эшитган эдилар. Уни енгишга кучи етмаслигини билган ҳинд шоҳи совға-салом, туҳфалар, тўққиз-тўққиз матолар, забардаст тўққиз-тўққиз, баъзи ривоятларга кўра 39 фил, ҳар бирининг тани тоғдек, катта тош учида яна бир якпора тош, ундан бош кўриниб турар, икки томонида икки бодбон — елкан бўлиб, ҳар хартуми катта илон, йўқ аждар мисоли бўлиб, жисмига ҳар лаҳза ўралиб турарди. Чинору минорларни хартуми билан йиқита оларди. Хартуми атрофидан икки тиш чиққан бўлиб, уларнинг ҳар бири фалак элига офат эди.
Ҳар бири узра ажойиб бир тахт қурилган бўлиб, ичида тўққизта бахтиёр ҳинд ўтиради. Ҳар бирининг либоси қизил ё сариғ, худди уларни баҳор билан куз шу рангга бўягандек. Ҳалиги фил юрганида, тахт ичидагиларга уйқу харом бўлади. Унинг ёнида филча ҳам бўлиб, дев боласига ўхшайди.
Отлар ҳам филлардек ясатилган бўлиб, ҳар хил матолар ёпилган, устида найзали ҳинду ўтиради. Яна қанча ширинсўз тўтилар, зумуррад ва лаъл минқорли қушлар, зебо жамолли товуслар барчаси шоҳга совға эди. Совғалардан кейин кўплаб донишманд алломалар қадам ташларди.
Шоҳ алломаларига қараб деди: «Мен шоҳга камтарин бир қулман. Унинг билан жанг қилишни ўйлаганим ҳам йўқ. Ул зотдан мактуб келганда, узрли бўлганим учун шоҳлар йиғинига боролмадим. Ўша кунлари қаттиқ касал бўлиб қолдим. Агар шоҳ лутф айлаб кўргани келса, халқ ичидаги обрўйимни кўтаради.
Менинг эса бошим кўкка етиб, жоним борича қули бўламан. Агар тангри кўрсатмасин, қаҳр қилиб, дўстлик майи ичига заҳар қуядиган бўлса, сиз шафоат қилингки, гуноҳимдан ўтсин».
Ниҳоят ҳинд шоҳи юборган совға-саломлар, ҳурматли зотлар Искандар турган манзилга ўрдага етиб боришди. Аввал аркони давлатлар, кейин аҳли ҳикмат ҳузурига кириб бордилар. Искандар ҳурмат-икром билан кутиб олиб, улар билан сўрашгач, тахтидан тушиб, ҳар бири билан кўришиб, ҳар қайсисига илтифот кўрсатди. Шоҳ шундан сўнг тахтига чиқмай, ерга такаллуфсиз ўтирди-да, ҳар бир амалдору олимга ўз лавозиму илмига мос жой кўрсатиб ўтқазди. Улар ўзларининг йўлда қийналмаганликларини айтиб бурун шоҳга дуо қилдилар ва унинг кечиришини сўрадилар. Искандар: «Сиз нимани илтимос қилсангиз, уларни бажариш бизга фарздир. Шоҳингизнинг гуноҳи оз, кўп бўлганда ҳам унинг узрини қабул қилган бўлардим. Ҳинд халқининг гуноҳи озми кўпми, бундан қатъий назар, барчасининг гуноҳидан кечдим. Улардан жазолаш, ўч олишдан қўлимни тортдим. Иноятимга ишониб, саройимга келсин, мен унинг бошига тож қўйиб, бахтли қилай.
Сизлар ҳам қадам ранжида қилиб, бу ён келиб, мени хушдилу баҳраманд этдингиз. Бир мамлакатга бир шоҳ кирганда қадимий расм-русумга кўра элдан моли омон қабул қилинарди, бу элдан шуни талаб қилмасинлар. Шоҳ хизматни бошлагач, бу кишвар хирожини қабул қилади. Халойиқ бошидан эҳтиёжларни йўқотиш учун икки йиллик хирожни кечирдик».
Искандар халққа ва подшога бу хил яхшиликларни раво кўрганидан эл беҳад хурсанд бўлди ва унга узоқ умр, бахт ва саодат тилаб, шоҳни кафан кийдириб ва бўйнига қилич остириб, олампаноҳ ҳузурига олиб кирдилар. Искандар Ҳинд шоҳининг аҳволини кўрган заҳотиёқ унинг ҳолатини манъ қилди, чунки у бу жазога лойиқ иш қилган эмасди. Бир шаҳар халқи иккинчисидан енгилса, бутун миллат шу ҳолда келиб ғолиб ҳукмдордан узр сўраши мумкин эди. Искандар мурувватли шоҳ бўлгани учун ҳам тиғ билан кафанни дарров олдириб ташлади. Шоҳона кийим ва қуроллар келтириб қайта кийинтиришди. Шоҳ уни ҳурматлаб қучоқлашиб кўришди. Ҳинд Ройи Искандарнинг оёғини ўпишга интилган эди, шоҳ унга ҳурмат кўрсатиб, юқорироқдан кўтариб олди ва икковлари қучоқлашиб кўришишди. Ҳинд шоҳи олиб келган совғаларини Искандарга тутди. Искандар унинг ўтиришига жой кўрсатди ва шоҳона қонунларга кўра меҳмон билан суҳбатлаша бошлади. Шу билан мезбон кўнглидаги ваҳмга барҳам берди ва андишадан қутултирди. Шоҳнинг бу хил илтифотини кўриб, ҳинд Ройи ўрнидан туриб, илтимос қилиб қолди:
«Ҳинд кишварида ғаройиблар кўп. Бу ернинг қиши ниҳоят мўътадил. Иссиғ ҳам, совуқ ҳам бўлмайди. Ҳарбий юришлар вақти ҳам шу даврда мақбул бўлади», деди. Искандарга бу таклиф хуш келиб, қишни Ҳиндистонда ўтказишга розилик берди. «Деҳлида ўтказа қолинг қишни» дейишган эди, шоҳ: «Шаҳарга сипоҳ сиғмайди» деб, шаҳардан ташқарида алоҳида манзил-макон қуриш учун кўрсатма берди. Ҳинд Ройи яна дедики: «Шоҳ ҳукм айласа, ишларни тезлаштириш, тезроқ тугаллаш учун қурилаётган шаҳарчани кўришга вақти-вақти билан бориб, қилинаётган ишлардан хабардор бўлиб турсам, бўлмаса кўнглим тинчимайди, дам-бадам безовта бўламан», дегач, бу сўз шоҳга ҳам хуш келди-да, тез юрувчи, карккўзли, филтан нақшли эгар отларни ҳозирлаб, Ҳинд мулкини ўзи ҳам айланиб келишга йўл олди.
Ҳинд шоҳи Рой ўз ўлкаси кўчаларидан борар экан, аҳоли унинг ўлимдан қолганидан хурсанд бўлиб, беадад дуолар қилишди. Рой элни хушдил айлаб, Искандар буюрган шаҳарчани қуришга берилиб кетди.
Ўша минтақада Нигор деган ўрмон бўлиб, ҳайратланарли даражада гўзал эди. Ўрмондан доим анбар насими эсиб турар, тупроғидан ҳам анбар иси анқиб турар, сандалу, обнус, сандарус, шабаҳ каби хушбўй дарахтлар у ерда сероб эди. Насим эсганда ҳаммаёқ сандал дарахти исига тўлиб кетарди. Дарахтларнинг ҳар бири осмонга бош тегдуриб турар, дарахт барглари орасидан ҳатто қуёш кўринмасди. Чинор, дорчин, зайтун, ток бир-бирларини безаб, ўрмонга ажаб манзара бағишлар, хилма-хил қушларнинг қичқиришлари ажиб мусиқалар ҳосил этар, тўтиларнинг бир хил нави ҳар баргни кўкимтир қилиб, ҳар дарахтни Хизр пайғамбарга ўхшаттирганди. Ўрмондаги қизил, яшил, гулнор ранглари бўстонларни ҳаётбахш қилиб безаган эди.
Ўрмон ов учун ҳам қулай бўлиб, кийиклар тоғларда минг-минглаб сакраб юришар, мараллар шакар қамишлар ўсган ўтлоқларда кўп бўлгани учун ҳар қайсининг оёғига асал ёпишиб қолганди. Денгизида бўлса оқ балиқдан кўпи йўқ, ўрмон атрофида ҳар хил катта ва кичик қушларнинг инлари мўл бўлиб, уларни истаганча ов қилиш мумкин эди. Шаҳарча очиқ ерда барпо қилинаётгани учун гуллар мўл-кўл экилган бўлиб, дилни ўзига мафтун этарди.
Ҳамма ишлар битгач, ҳинд Ройининг ўзи Искандарни қўшини билан шу ерга бошлаб келиб доира қилиб ишланган қароргоҳга туширди. Шоҳ бу ерда чор атрофни бемалол кузата оларди.
Ҳинд Ройининг қилаётган ғамхўрликларидан жуда хурсанд бўлган Искандар қиши билан бошқа барча ишларни йиғиштириб, айш-ишрат билангина машғул бўлди.
Искандар Кашмирда қишни ўтказар экан, унинг ажойиб латофати, ғаройиб иморатлари, сеҳрли тилсимлари томошасига тез-тез бориб турарди. Ҳаммомда кўпроқ бўлар, Рой қасрида созанда навозандалар иштирокида зиёфатлар уюштирар, гоҳида ўрмонни кўнгли истаб, йўлбарс ва шерларни, баъзида филу карк ўлдириб, гоҳида дарё бўйлаб қайиқда сайр этиб, гоҳ оқ балиқ овлаб, дўстлари билан шўрва қилиб ичишиб, гоҳо шакар қамишзорда юриб, найшакарни газак қилиб май ичишиб, баъзан илм аҳлини саройга тўплаб, илм мажлиси қуришар, турли китоблар мазмуни ҳақида баҳс юритишарди. Китобларда номаълум, мажҳул ўринларни маълум қилиш айниқса завқли кечарди. Кеча-кундузлар шундай ўтиб, баҳор фасли ҳам бошланди. Қуёш оламни ўзининг нурлари билан мунаввар айлагач, шоҳ яна кетиш йиғинини йиғди ва бу сафар Хитой билан Чин азмини ихтиёр этди. Яна ҳарбий ҳаракатлар бошланиб, Чин чегарасига байроқ тикилди.

Чин мамлакатидаги музокаралар
Бу вақт хоқон Искандарнинг Ҳинддан Чин томон йўл олганидан хабар топди. У кўпдан-кўп лашкар тўплаган, сон-саноқсиз қуроллар ҳам тайёрлаб қўйганди. Лекин хоқон дарҳол душманлик ишига киришмай, хусумат бошламай туриб, сулҳдан урушга сабаб бўлган масалани тинч йўл билан ҳал қилиш, шунга рақиб томон ҳам кўнса, дўстона муносабатлар ошкор қилиб, рақибни тинчгина жўнатиб юбориш йўлини маъқул кўрарди. Иш бу билан ҳал бўлмаса, уруш бошлашга мажбур бўларди.
Шуларни ўйлаб хоқон олдин доно бир одамни элчиликка юборди. Элчига ўзи ўйлаб қўйган ишларни белгилаб келишини топширди. Қосид элчи билинтирмай келиб шоҳ саройига назар солиб кузатди. Сипоҳларнинг кўриниши, сўзлари, чодирлари оддийгина эканини кўрди-да, ҳамма нарсани кузатиб чиққач, Чинга, хоқон даргоҳига қайтишни ўйлаётганда, уни кузатиб юрган сипоҳлар шоҳга хабар бердилар. Элчи ер ўпишга ўтди. Шоҳ бошқа кийимда ҳар хил ишлар билан машғул бўлган ҳолда уни кузатарди. Унинг ақлли, ҳушли одам эканини кўрди-да, ҳотиржам бўлиб: «Энди гапларингни гапиравер», деди. Элчи шоҳни дуо қилгач, хоқон деганларини бирма-бир баён қила кетди: «Хоқоним таъкидлашича, шоҳ бу кишвар сари қуёшдек юзи билан нур таратиб келди. Бунинг маъноси не эди?
Фикринг дўстлик эса, дўстлик бундай бўлмайди, бу хил ишни дўстлик деб атаб ҳам бўлмайди. Сен, улуғ шоҳ катта қўшин билан бизнинг мулкка кириб келиб, мамлакатимизни томоша қиляпсан. Ёки муддаонг душманликми ёки биздан ёмонлик кўриб, рақибликни маъқул кўрдингми?
Сенинг илгари хирож учун келган элчингни узр айтиб, тирик қўйиб юбордик. Деган экансанки: «Доро ўлиб, тахт менга қолди». Деб эрдимки: «Доро билан менинг ўртамда тинчлик, келишувчилик муносабатлари барқарор эди. У мени енгган эмасди, менга тўланадиган хирожни белгилаб бермаганди. Агар сен шундай қилмоқчи бўлсанг, иккаламиз ёлғизликда ўтириб, бу масалани ҳал қилиб олайлик. Бу ишга рози бўлмасанг, қазо менинг пешонамга ёзганини кўравераман-да.
Олдин ҳам шу сўзларни айтгандим, ҳозир ҳам шу сўзлардан қайтмайман, булардан бошқа сўзим йўқ менинг.
Агар сенга ҳам сўзларим маъқул келса, сулҳ тузиб, гапингнинг ўзи сулҳ битими ўрнига ўтади. Агар ёмонликка юз буриб, душманликни маъқул кўрсанг, менинг ҳам бу ишда камчилигим йўқ. Сипоҳларимнинг сон-саноғи йўқ. Яроқларим ҳам етиб ортади. Бутун мамлакат, ҳатто аёлларгача охирги жони қадар жанг қилади. Аммо икки томон уруш қиларкан, зафарнинг қайси томонда бўлишини билиб бўлмайди. Ким ғолиб бўлиши маълум эмас экан, пешонамизга ул ҳарф ёзилмаган экан, киши урушдан узоқ бўлгани эҳтиёткорлик жиҳатидан яхшироқдир».
Элчи бу сўзларни айтиб бўлгач, жавоб истаб ерга кўз тикди. Искандар бу сўзларни табассум билан, фикр юритиб эшитар экан, деди: «Агар шоҳлиғ ҳурматида, жаҳондорлик расму ойинида мен билан Дорони Хоқони Чин билан тенг тутар эканлар бу унча тўғри эмас. Кимса огоҳ бўлса, биладики, мулк билан шоҳлиғ агар шоҳнинг мулки билан белгиланса, менинг кишварим икки Дороникичалик бор. Агар гап шижоатда бўлса, бундан ҳам хабар топгандур. У билан урушишга тўғри келди, кўрдикки, унинг шавкати меникининг ўндан бирича эди. Уни шундай ожиз қилдимки, халқи уни бутунлай кўрмайдиган бўлди. Мен ғолиб эдим, оллоҳ охири менга нусрат берди.
Агар Хоқон шу сирларни, оғир сўзларни унутмоқни истаса, ўзини буйруғимга бўйсундирсин, ўзининг узри, сабабларини ҳимоя қилсин. Иложи борича унга риоят қилай, ҳурматини жойига қўяй. Буни қўллаб-қувватламаса, уруш кунини бошига солай. Нима деган бўлсам, ростдир, рост сўзламак мен учун одатдир. Сўзим тугади, энди тезда қайтгил-да, унга бу сўзларимни аниқ қилиб тезроқ айт.
Сен бораркансан, мен ҳам аста юриб боравераман. Сўзларимга Ҳоқон жавобини эртароқ олиб келолсанг, икки томонга ҳам савоб бўлади. Буйруғимдан бўйин тобласанг, кўрамиз, фалак не ўйинлар кўрсатаркан?»
Элчи бу сўзларни эшитиши замон ҳаяжонга тушганича жўнаб кетди. Саройга етгач, Искандар сўзларини Ҳоқонга сўзлаб берди. Ҳоқон Искандарнинг ўзи ўйлаганича жасоратли эканига ишонч ҳосил қилди ва урушишга мардона бел боғлади, Искандарнинг етиб келиш вақтини ҳисоблади. Етти, йўқки, етмиш отасининг юртидан, бутун Хитой мамлакатидан аскар йиғмиш эди. Сипоҳи осмон юлдузларидан ҳам кўпроқ, саҳродаги қумдан ҳам сони ортиқроқ эди. Тўққиз юз минг камондан ўқ отувчиси, яна шунча қиличбоз жангчиси бўлиб, барчасининг кийими зарҳалу зарбафт эди. ҳар қайси ўқчи ва ханжарбоз темир кийимларда бўлиб, шунча сипоҳлар билан Чин ҳоқони Чин шаҳридан чиқиб келдию, душмандан олдинроқ улгуриш учун сипоҳларни тезда тушириб, хандақ қаздиришни бошлади. Ўз сипоҳининг чор атрофича хандақ қаздирди. Унинг, хандақнинг даври 15 йиғоч бўлиб, ичи метинлар билан мустаҳкамланган. Кўпдан-кўп арава ҳам тайёр бўлиб, улар устига тўралар4 ўрнатилган, аравалар бир-бирига боғланган бў
либ, уларнинг кетидан найзали ва ўқотар сипоҳлар тизилганди. Хандақлар олдига мустаҳкам мўнду санчиқлар тиқиб қўйилганди.
Чин қўшини сипоҳларни шу тариқа бекитиб, душман устига қўққисдан ҳужум қилиш усулини қўллашга тайёргарлик кўриб турарди. Қарши тарафдан аста-секин Чин қўшини томон яқинлашиб келаётган Искандар қўшини ҳам яширинча, ўзини бекитиб қадам ташларкан, узоқдан Хоқон лашкарларининг қораси кўринди. Сипоҳини тезгина тузган Искандар сурон солиб жангга киришди. Искандар қўшининг бирдан яқин ердан пайдо бўлиб, қаттиқ сурон солиб ҳужум қилиши Чин сипоҳларини ваҳимага солиб қўйди. Оқшомда икки сипоҳ ором олиб ётаркан, қоронғу тушгани учун икки томондан талоя5 қўшинлар тинчини ҳимоя қиларди. Язаклар кеча қоровуллари тез-тез пайдо бўлиб, адашган ўқларга ҳам дуч келиб туришар, Искандар эртаги бўладиган жанг ҳақида фикр суриб, хилма-хил режалар тузар экан, ҳикмат аҳли унинг олдига бориб, «Эртаю индин сабр қилиш керакка ўхшайди, душманга сездириб туриб жангни тўхтатиб туриш лозим. Сайёраю сабоботлар вазияти шуни тақозо қилади. Икки кун сабр қилиб, кейин, учинчи куни ҳужум қилса шоҳ, душманни мағлуб этса ажаб эмас. Искандар бу сўз билан таскин топди-ю, юрагидаги ташвишни унутолмасди. Чин хоқони ҳам кўнглидаги нотинчликдан қутулолмасди. Иш шу ерга етдики, эл ичида шундай ваҳимали гап-сўзлар бошланди: «Бу номи чиққан жасур шоҳ, юраги қоплон, шукуҳда бир шер жаҳонгирликни ҳавас қиладиган бўлса, шу вақт ичида бир неча йирик мамлакатларни фатҳ этди. Бизнинг кучимиз Дороникича эмас, унда бўлса бизга қараганда ўн баравар савлату шукуҳи бор.
У соҳибқирон ҳам, паҳлавон ҳамдир. Бундай киши билан жанг қилишга киришмоқ бемаънилик бўлади. Бировким, унда ақл даъвоси бўлса, ўзини ўлдиришнинг не маъноси бор? Йўқ, ўз жонига ҳам, халқ жонига ҳам, не жон, балки номусу орига ҳам зиён бўлиши турган гап. Агар шоҳга мутеъ бўлса ва хирож тўлашга розилик берса, Искандар тожу тахтни ҳоқонга қолдиради.
Маллу унга не ёмонликлар қилмади. Бугун эса ўғли Феруз обрўли, ўзига ишонган ҳукмдор бўлиб ўтирибди. Итоаткор бўлгани учун Ройи Ҳинднинг, Ҳиндистондай мамлакати бор. Агар хоқон ҳам унинг қошига борса, мамлакат тожини бошига қўяр. Унинг хизматини қилса, мамлакатининг барисини қайтариб олар. Бошқача йўл тутса, кейинги пушаймонлигининг фойдаси бўлмайди».
Хоқоннинг амалдору аъёнлари, лашкарлару хизматкорлари ҳам шу фикрни таъкидлашарди. Биров унга хос маҳрам бўлиб, Хоқон билан сирдош эди. Бир замон хоқоннинг хилват ўтирганин кўрди-да, олдига кириб зор-зор йиғлади. «Элимиз бошига оғир ташвиш тушибди», деб халқ орасидаги гапларни бирма-бир гапириб берди. Сўзини тугатгач, деди: «Эй шаҳриёр, сенга ҳамиша бахт ёр бўлсин. Маълум бўлган гапларни сенга айтиб бердим, инонсанг, бу ҳолатга бир фикр қиларсан, ишонмасанг, ўйлаб кўриб бир чора топарсан».
Хоқон бир оз ўйлаб, дўстининг сўзлари ҳақиқатга яқинлигига ишонч ҳосил қилди. Ўзи ўйлаган чоранинг тўғрилигига, халқи ҳам шу хил тадбирни қўллашга инонди. Кутилаётган жанг худди чинни билан темирни уриштиришга ўхшайди. Чинни парчаланади. Хоқон шуларнинг барчасини ўйлаб ухлаёлмай чиқди.
Қуёш чиқмай туриб ўз фикрининг тўғрилигига яна бир маротаба имон келтирди. Ақл кўнглига бир фикр солди.
Эрта тонг маҳали бир хос маҳрамни чақиртирди-да: «Менинг оромгоҳим олдидаги одамларни узоқроққа сур. Дераза пардасига ҳам яқин келтирма. Баланд овоз билан: «Бугун шоҳ элни қабул қилмас экан!» деб айтгин-да, оқшомгача бу эшикни асра. Мендан хавотир олма. Мен ярим кечада келсам керак, ўшанда чироқни ёқ. Агар келмасам, ўз ўрнингни солиб ётавер. Лекин мендан не воқеа юз берганини сўрама!» Шоҳ уйга кириб кийимларини алмаштириб элчилар кийимларини кийиб олди. Маҳрамига айтдики: «Дераза пардаси ёнига бир от олиб кел!». Отни тайёр қилиб келтиришгач, дераза пардасига яқин келиб, отга минди.
Қоронғуда сипоҳ чегарасидан чиқиб, дарвозабон олдига етди-да, муҳим бир нақшни кўрсатиб, «Мени чиқариб юборинглар, муҳим иш билан кетяпман», деди. Дарвозабонлар нишонага ишониб чиқариб юбордилар. Хоқон юз минг хаёл билан борарди. Осмондаги юлдузлар бирин-кетин уча бошладилар, қуёш кўринди, ниҳоят у Искандар қароргоҳига етиб борди. Унинг келгани ҳақида шоҳга: «Ниҳоятда гўзал бир элчи келибди. Бошдан оёғигача нур, одам сурати билан келган фаришта», _ деб хабар етказдилар. Искандар: «Эҳтиром қилиб, тахтим олдига жой солинг. Бу кеча ажойиб бир туш кўрибман. Қуёшдек бир нарса нур сочиб турар, яна бир қуёш ҳам кўриниб турарди. У келиб олдимда бош қўяр эди, киши мундоқ икки қуёшни ҳеч қачон кўрган эмас».
Яна ҳикмат аҳлининг китобларида:
Наводир эди бу икки кунда кўп,
Ки зоҳир бўлур дедилар мунда кўп.
Улар айтган нодир ишларнинг бири шу бўлса, ажаб эмас. Шу сўзларни айтгач шоҳ: «Юринг, сиз айтган кимсани ичкари киритинг», деди. Мулозимлар ташқаридаги меҳмонни ичкарига олиб кирдилар. Элчи шоҳдан узоқроқ туриб таъзим бажо қилди. Искандар уни ўз олдига чақириб қучоқлади. Бахтдан бу башорат етиб, шоҳ элчига «Ўлтир!» деб ишорат қилди. Элчи шоҳ олдида ўзига тайёрланган жойига ўтиргач, Искандар савол берди: «Қандай сўзунг бўлса, бошлайвер, не сирни айтсанг, бизга тушунтириб қўй!» Элчи шошилмай сўз бошлади: «Неким ҳукм қилсанг, жоним устига, лекин Хитой хони, Хоқони Чин тадбири ройига юз офарин. Менга неча шариф сўз айтгандилар. Подшо билан элчи олдидаги сўзларни ҳамма ҳам эшитавериши мумкин эмас. Яна хоқоним дегандиларки, элчию шоҳгина хилватда суҳбатлашишлари маъқул. Савол берилса, сен барчасига жавоб қила оласан. Шундай бўлмаса, ўрнингдан тургилу, сени банди қилсалар ҳам, дам урмагил.
Сарой халқи гумон қилишса, оёғингга банд солишсин, қўлингни каманд билан бойлашсин. Искандар ўз олдига ўткир қилич қўйсину, кейин сен саволларига жавоб бер». Мендан хавфингиз бўлса, оёқ қўлимни боғлангиз».
Искандар элчининг бу сўзларидан хурсанд бўлиб, «Борингиз, ҳаммангиз чиқиб кетингиз. Шунинг учун банд айламоққа ҳожат йўқ. Попишаклар одати лочинга мос келмайди», деди. Лекин ҳикмат аҳли илтимос қилишиб, элчининг оёғини боғлаб қўйишди, қўлини ҳам боғлашди, шоҳ олдига қилич ҳам келтириб қўйдилар, кейин улар шоҳ билан элчидан анча нари бориб турдилар. Шоҳ билан элчи олди хилват бўлгач, шоҳ олдинги сўзларини қайтарди. Элчи айтдики: "Эй покиза шоҳ! Ҳузурингдаги элчи Чин хоқонидир. Аёғимда банду, қўлимда банд, не илгимда тиғу, не кўнглимда кин. Бу иш боиси неча суръат эди, ки бу навъ келмак зарурат эди". Искандар ҳайрон бўлиб сўради: «Эй Чину Хитой сипоҳдори, нечук шоҳлар бундай хато қилишибди. Душманига ўзини бундай асир қилиб бериш, ўз оёғи билан келиб бу аҳволга тушишга нима сабаб бўлди экан?» Аввал шу саволимга жавоб беринг-чи!»
Хоқони Чин фикр қилиб деди: «Эй дунё мулкининг эгаси! Бошимга мушкил иш тушган эди, бу келиш шунинг иложи бўлди. Сенга эътиқодим, ишончим бор эди. Сен ақлли, мард, ҳимматли паҳлавонсан. Золимлик сенинг шиоринг бўлмайди. Бошқа душманларинг сенга қарши қўшин билан чиқишиб хато қилишди, узр сўрашганда, уларнинг ҳурматини ҳам жойига қўйдинг. Мен сенинг олдинги ишларингни ёдда тутган ҳолда ўзимни шундай камтар ва беҳол қилиб тахтинг олдига келдим, арзи ҳолимни айтдим.
Искандар унга офарин айтиб: «Жуда тўғри иш қилибсан. Яна сўзинг бўлса, изҳор қил», деди.
Хоқон уни яна бир дуо қилгач, дедики: «Бу ерга келишдан мақсадим, сен билан юзма-юз, ёнма-ён ўтириб, қошингда дилимдаги сўзларнинг барини айтмоқчийдим. Сўзим шуки, шоҳдан элчи келиб ҳам келгилу, ҳам хирожни қабул қил», деган, жавобимдан подшоҳ ранжиган. Шунга узр сўрагани келдим. Ортиқ сўз демайин: гуноҳкорман, ўлимга сазоворман. Айбимни билиб туриб хор бўлиб олдингга келдим Агар авф қилиб шод этсанг ҳам, сенинг хулқи лутфингга мос иш бўлади. Агар тиғ тортсанг ҳам жоним фидо».
Искандар: «Эй бахтиёр шоҳ! Менга сен маъқул жавоб айтиб эдинг. Дўстларим ҳам, бегоналар ҳам аҳамиятли маслаҳатлар беришган эди, лекин мен ўзимни пухта тадбирлик санаб, жаҳонни фатҳ этмоққа азм айладим. Душманини енгган ҳар бир ғолиб шоҳ шунақа фикр юргизади. Сўзимда хатоларни энди англаяпман».
Хоқон шоҳни яна бир дуо қилиб, сўз бошлади: «Олам аҳли сенга тобе бўлсин. Не кишварни очмоққа қадам урган бўлсанг, ўша мамлакат сенга осонликча мағлуб бўлмади. Маллу не найрангу афсунлар қилмади?! Сен эса унинг бошидаги тожни ўғлига кийдирдинг. Уни лутфингдан баҳраманд этиб, ота мулкига шоҳ қилдинг. Мени душманинг деб хаёл қилардинг. Шунинг учун ўзимни бундай селга оёқости қилдим. Хаёлимга келадики, бу хил ҳеч ким қилмаган иш учун нима яхшилик қиларкансан?»
Искандар деди: «Кўнглингни жамъ қил. Икки дунёда сен ота, мен ўғилман. Нима десанг хизматингда бўлай, сени тахтимга ўлтуртайин. Фарзанддек оёғингни ўпиб, «Файлақус тирилди», деб эълон қилай. Сен шоҳ бўлу, мен сенга сипоҳдорлик қилайин. Буларни истамасанг, нимани хоҳласанг, мен унга ёрдам берай».
Хоқон шод бўлиб, кўп-кўп дуолар қилди, кўзидан ёшини тия олмай, шукр туфроғига бошини қўйиб, деди:
«К-эй, шаҳаншоҳи гардунсарир,
Сарирингга йўқ авжи гардунназир.
Ҳамиша жаҳонпаҳлавон бўлғасен,
Жаҳон аҳлиға комрон бўлғасен.
Бу ҳимматки бермиш санга бениёз,
Эрур шаҳлиғингға жаҳон мулки оз.
Демон лойиқинг икки олам эди,
Ки ўн бўлса эрди, дағи кам эди.
Сен ота ва ўғиллик сўзини айтдинг. Мен бу сўзларни гумон ҳам қилмагандим. Мени бундай олий мақомга кўтаришингни хаёлимга ҳам келтирмаган эдим. Гарчи сенга мендек ота ярамаса ҳам, аммо бундай демоқ мен учун хато бўлурди. Садафнинг отаси гавҳар бўлса, гавҳар зотининг шарафи камайиб қолармиди? Бу эҳсонингга гарчи лойиқ бўлмасам-да, садаф билан дур ҳолидан йўқ дея олмайман.
Ва лекин бошқа сўзларни ҳам аён қилдинг, улар ҳам ҳозир айтганимизча бор. Келишдан мақсадим, сен бу сирни элга фош қилмагил, элчиларга қилинадиган мулозамат билан бугун шом бўлгач узат. Элингга: «Бу келган элчи ярашиш ҳақида гапирган эди, қабул қилдим», деб эълон қил.
Тонг отгач, қошимга элчи юбориб, мени даргоҳингга таклиф эт, мен ҳам сенинг чақириғингга амал қилган бўлиб келай. Мени кўрганда, эл кўргандек таъзим айла, ота-боболаримиздан қолган мамлакатларимизни бирга қўшгандек бўлайлик.
Улус ичра эъзоз қилғил мени,
Ато, деб сарафроз қилғил мени.
Хирож ҳақида сен юборган мактубда айтилган эди, шунинг учун хирож ҳақида индамай қўя қол. Хирож истамакдан мақсад мол эса, дуру лаъл бизда беҳаддур. Қачон зарур бўлса, улардан мўл-кўл тўкиб ташлайман. Неча вақт бўлса ҳам, сенинг манзилинг кишваримизнинг исталган гулзорида бўлсин. Бу ерда сен истаганча истиқомат қил, жўнаш вақтинг тайин бўлгач, узатиш одатимизга кўра сен билан хайрлашайлик. Бу яширин сўзларимни ҳам бажаргин. Бу хил ишни ўзим ўйлаб топдим», деди.
Искандар Хоқоннинг барча сўзларини қабул қилди ва шу тарзда ишни амалга оширди. Хос хизматкорларини чақириб деди: «Бурун қўлларидан арқонни олинг, кейин оёқларини банддан бўшатинг. Яхши сўзларга уста экан. Денгиз билан кон орасига сулҳ солди, яъни менинг билан Хоқон орасига сулҳ солди. Шоҳона тўнлар кийдиринг, мунча пул бериб, олдимга келтиринг».
Шоҳ буйруғи дарҳол ижро этилгач, Искандар элчига: «Кечгача шу ерда дамингни ол-да, қоронғи тушиши билан йўлга равона бўл», деди. Элчи меҳмонхонада кечгача дам олди-да, юзидан ниқобини олмай, Чин чегарасигача шу тарзда борди. Ой чиққач, тоғ ва дашт бўйлаб, олдин юборган элчиси билан биргаликда кетишди. Шоҳ ўз чодирига етиб боргач, отни шеригига топшириб, шоҳпарда ичига кирди.
Тонг пайти Искандар одамларни чодири атрофига йиғди-да, фармонни тез бажарувчи бир навкарини: «Хоқон сари бориб, мендан салом айт ва гинани қўйиб сулҳга киришгил:
Агар яхшибиз, гар ёмонмиз букун,
Сенинг мулкингга меҳмонмиз букун.
Туриб келки, биз кинадан тоқбиз,
Бағоят жамолингга муштоқбиз.
Яқинким бу сўзни қабул айлагунг,
Ниёз аҳли сори нузул айлагинг»
деб айт», деб тайинлади. Искандар сўзларини тугаллаши биланоқ элчи от чоптириб кетди. Хоқон сипоҳига яқинроқ юриб, ўзининг элчи эканини ошкор қилди ва нима учун келганини англатди. Бу гап Хоқонга эшиттирилгач, элчини чодири ичига чақирди ва унга савол берди:
«Келмагингдан мақсадинг нимадир?» Элчи Искандар тайинлаганларини тўла-тўкис гапириб берди. Хоқон бу ҳаётбахш сўзларни хурсанд бўлиб тинглади-да, деди: «Олдин бизга қасос олмоқ мақсади билан гаплашганди, шу туфайли бизга сипоҳ тортмоқчи ҳам бўлди. Энди мулойим сўзлабди, бу сўзлар бизга ёқиб тушди. Энди ўртамизда гинахонлик қолмади. Сен тез қайтиб борсанг, бунга янада аниқроқ ишонамиз», деди. Элчи: «Ўзингиз борсангиз, бу сўзлар янада равшанлашади», деди. Хоқон кулимсираб, Искандар томон бориш учун от ҳозирлатди. Буни кўрган Чин сипоҳи хавфдан омон топаётганидан хурсанд эди. Ҳамма йирик амалдорлар шоҳга эргашдилар. Хоқон ҳамма ўз ўрнида қолишини айтиб, юзтача гулрўй Хитой қизлари ва мингтача яхши хислатли қиз ва аёлларни ўзи билан бирга олиб Искандар қароргоҳи томон йўл олди.
Искандар томонидан ҳам шоҳлару донишмандлар бирга боришарди. Хоқонни ҳамма йиғилганлар қизғин кутиб олишди. Шоҳ остонага яқин боргач, Хоқон отидан сакраб тушди, гиламга оёқ қўйиши билан Искандар ҳам ичкаридан чиқиб келди. Икки томондан қўл очиб кўришдилар, гўё хуршид билан моҳ учрашгандек бўлди. Икковлари ота-ўғилдек кўришгач, икки олам кўшилгандек бўлди. Яна қучоқлашиб кўришишгач, Искандар ўз тахти томон юрди. Бир қўли билан Хоқон қўлини ушлаб келаркан, унга шоҳ тахт йўлини кўрсатиб борарди. Хоқон андиша юзасидан кечга қолган эди, шоҳ уни қўймай тахтга олиб чиқди. Оёғини тахтга етказиб, аввал уни ўтқазиб, сўнг ўзи ўтириб, ваъда қилишганча суҳбат қуриб, мулойим-мулойим сўзлаб Ҳоқонга баъзан ота-ўғиллик муносабатини ишлатиб қўйишарди. Бирор гап айтмоқчи бўлишса, бир-бирларининг қўлларидан тутиб гапиришарди. Сўзлар тугагач, баковул келиб шоҳона дастурхон ёзди, қуёш шаклидек нонлар қўйилди. Дастурхонларга қўйилган таом оламга сиғ
масди. «Чин халқи бу хил мулоқотимиздан хабар топса эди, муҳаббат тариқидаги исботимизни яхшироқ тушуниб етарди», деди Искандар. Бу сўздан хурсанд бўлган Хоқон ҳам ўрнидан туриб, Искандарни мақтаб кетди. Искандар сариғ рангли майни Хоқонга узатиб, ўзи қизил майни танлади.
Кўп ўтмай Хоқон Чин шаҳрига қайтди ва узлуксиз базмларга тайёргарлик кўра бошлади.
Саройда давлат аҳлини тўплаб: «Бу баланд мартабали шоҳ олам юзини тамомила фатҳ қилди, жаҳоннинг қанча-қанча шоҳларини ўзига банда айлади, қачон бизга бундай меҳмон бўлиб келиб, мен билан тахти устида суҳбат қуриб, оталикка қабул қилади, ўғил сифатида шафиқим бўлади, деб ўйлабмиз. Биласизларки, биз билан жанг қиладиган бўлса, халқимизнинг чангини осмонга тўзитган бўларди. Уни қай тарзда меҳмон қиламиз, шу ҳақда фикрларингизни эшитсам», деди. Аъёнлар:
Бу шоҳеки бор эмди меҳмонимиз,
Гар олида бўлса, фидо жонимиз
деб ихтиёрни Хоқонга топширдилар. Шундан кейин ўзаро маслаҳатлашиб, Чин халқига азалдан одат бўлган меҳмондорчилик усули тўққиз-тўққиз тақдим қилишга киришдилар. Энг яхши, чиройли, югурук, ҳар хил зарбофтлар ёпилган 9 минг тулпор от, ҳар бири филга тенг дуру, лаълу, феруза мунчоқ тақилган безакли 9 минг туя, тез юрар, безатилган 9000 хачирда ипак, шойи кийимлар, хитойи пардалар, 1000 та энг гўзал ёноқлари гул-гулу, мижалари тикан, қобоғлари кенг-кенгу, оғизлари тор энг гўзал Хитой паривашлари, булардан ташқари яна икки ажойиб совға, бири-қуёшсимон жоми Жамшиддек кўзгу, уни оддий халқ «Оинаи Чин» деб атарди. Унинг иккала юзи ҳам кундек ёруғ бўлиб, донишмандлар унинг бир томонини шоҳ олдига икки киши даъвогар бўлиб келганида қўллардилар. Бундай чоғда жом гувоҳ ўрнига ўтар, яъни кишининг сўзи чин бўлса, унинг юзи кўриниб турар, ёлғончининг юзи кўринмай қоларди.
Кўзгунинг яна бир томонидан шоҳ зиёфатларидан фойдаланиларди. Йиғинда ичкилик ичаётган ҳар бир киши унга қараб-қараб турсалар, маст бўла бошлаган одамнинг юзи бузуқ, узун, қийшиқ, кичик ёки катта бўлиб кўринар, бу ҳолатни кўрган одам ҳушига келиб, дарров май ичишни тўхтатиши лозим эди.
Яна бир совға жаҳон офати, йўқ-йўқ жаҳон офати эмас, жон офати бўлган ғоят чиройли, гўзал канизак, унинг икки зулфи Хитой мулкида ғавғо солиб, кўзи Чин диёрида бузғунлик чиқараётган, икки чиний зулфлари мушкин таноб бўлиб, уларга мушк суви сепилган, қоши мушкин ҳилол-у, ундан ой хижолатда қолар, саройда базмлар уюштирилса, элни нағмаси ақл нутқини, ўзи элни беҳол этиб куйларди. Овози билан барбат созини чалса, бири одамларни ўлдирса, иккинчиси тирилтирарди. Урушларда ҳам иштирок этса, ҳамма рақибидан устун келар, бундай баҳодир қизни жаҳон тарихида ҳеч ким эслолмасди.
Айтилган тўққиз туҳфани Искандарга тайёр қилганларидан сўнг, барча шаҳар аҳли уни кузатишга чиқдилар. Хоқон ўз қасридан бир йиғоч масофача энг тоза Чин гиламларини тўшатган эди. Ҳар ўн қадам юрилганда шоҳи Искандарга бир ажойиб совға ҳадя этар, дуру лаълни кўп ишлатарди. Искандар йўлига шунча мушк сочган эдики, унинг ҳиди осмонга қадар етиб борганди. Ана шундай савлату шуҳрат билан Искандар Чин диёрини бахтиёр кезиб борарди. Йўллар райҳону бинафша, наргису, лола, сабза каби хилма-хил гуллар билан безатилган эди. Йўлда тўрт бурчакли бир ажиб қасрга дуч келдилар. Хоқон шоҳга олтин тахт узра жой берди. Икковлари ота-ўғил каби яқин ўтиришиб суҳбат қурдилар. Искандар барчани қулай ер топиб ўтиришга таклиф этди. Барча ўз жойини эгаллагач, Хитой гўзали ўрнидан туриб, ўзи ичди-да, кейин кавсар сувини шоҳга тутди. Шоҳ ҳам, Хоқон ҳам у майдан ҳузур қилиб ичишди, қадаҳ давраларда уч-тўрт мартадан айлантирилгач, эл кайфи хушнуд бўла бошлади. Мусиқачилар ку
й бошлаб, ашулачилар ҳам ўз санъатларини намойиш эта бошлашди. Базм охирлаб қолганида газаклар олиниб, ўрнига ош келди.
Ошлар тўққиз минг отнинг тўшидан пиширилган эди. Юз мингдан кўпроқ қўй гўштидан ҳозирланган мазали таомлар ҳам меҳмонларга тақдим қилинди. Кейин Искандару Хоқон тахтдан туришиб, ҳадяларни олиб, жойлашиб йўлга тушишди. Хоқон Искандарга ёқиб қолган кўзгу сири ҳақида сўзлаб борарди. Кейин Искандар қўшинига етиб олишди-ю, Хоқон билан бирга Чин саройи томон йўл олишди.
Хоқоннинг Искандарга бўлган меҳри тобора ортиб борарди. Қиш мавсуми ҳам яқинлашиб қолди, бундай пайтларда узоқ масофаларга, айниқса, ҳарбий юришлар қилиш мақбул кўринмайди. Хоқон ҳам Искандарнинг шу ерда қишлашини истарди. Искандар Хоқон илтимосини қайтаролмай, қишни Чин кишварида ўтказишга қарор қилди. Худди қуёш билан ой ҳамнафас бўлишгани каби, икковлари гоҳ овга чиқишар, баъзан кўпчиликни йиғиб базму зиёфатлар уюштиришар, гоҳ олимлар билан илм-фаннинг хилма-хил масалаларида баҳлашар эдилар. Хоқоннинг ҳадяси бўлган кўзгу ҳамиша Искандарнинг ёнидан жилмасди. Тахтда ўтирганда ҳам, кўзгуни юзига элтиб қарагани қараган эди. базмларда ҳам доимо кўзгуни ҳамма кўрадиган бир жойга қўйдирарди. Искандар ўзи мафтун бўлган бу кўзгу сирини фаҳмлашга ҳар қанча интилса ҳам, уҳдасидан чиқмасди. Бир куни ўйланиб қолди: «Бу ажойиб тилсимни бу сирдан хабардор бўлган бир қобилиятли олим ясаган. Мен доройи чархи баланд, ҳикмат илмини билувчи ҳукмдор бўлсам-у, хизматимда неча юз донишманд, ҳар бир соҳанинг доноси бўла туриб, ҳар бири билим оламининг устози бўла туриб, бундан ҳам ажойиброқ асбоб ясай олмайманми?» деб ўйлади-да, бор олимларини йиғиб, уларни икки бўлакка бўлди-да, Афлотуну Суқрот, бир бўлиб, Арастую Буқрот бир бўлиб, Хурмус билан Балинос, Аршимидус бир бўлиб, ишга киришдилар, Искандар доимо улардан хабар олиб турди. Ўша қиш ичида олимлар икки ажойиб сирли асбобни битирдилар. Бутун сарой аҳлини базмга тўпладилар-да, уларга устурлобу кўзгуни намойиш қилдилар. Уларнинг бири устурлобда тўққиз чарх тақсим бўлса, иккинчисида кўзгуда етти иқлим аён кўриниб турарди.
Хоқон бу икки ажойиботни кўриб, ҳанг-манг бўлиб қолди. Искандарга ҳамду сано айтиб, дедики: «Бу кўҳна фалак сендек шоҳни кўрмади. Сенсиз тож ҳам керак эмас, тахт ҳам, мулозимларнинг бари сенга лойиқ, билим ичра барчаси сенга мувофиқ. Зотингиз бу олам аҳлидак эмас, исмингиз, илоҳо, оламда мангу турсин!» Бу икки асбобни ясашга ҳикмат эли меҳнат қилган бўлса, шоҳдан қувват, молу ганж, булар етишмай қолганида, Юнонистондаги ерлардан тушадиган маблағлардан ҳам фойдаланилди. Хоқони Чин ҳам гуҳар, дурри аминни аямади.


Нозмеҳрнинг нози

Олимлар ясаган ҳар икки асбобдан кўнгли ниҳоятда хуш бўлган Искандар ҳар куни базм ташкил қилиб, сарой аъёнлари даврасида май ичиб, ором оларди. Доронинг қизи Равшанак билан Маллунинг қизи Нозмеҳр доим унинг ҳузурида бўлиб, шоҳ шодлигига шодлик қўшишарди. Лекин Искандар давлат ишлари билан банд бўлиб, тўй қилиб, уларнинг икковини никоҳлаб олишга фурсат тополмай келарди. Шу кунларда унинг дилига ушбу орзуни амалга ошириш истаги тушди-да, аъёнларини чорлаб, шоҳона тўй тайёргарлигини кўришга фармон берди. Бундан беҳад хурсанд бўлган барча аъёнлару мулозимлар тезда ишга киришиб, бутун Чин мамлакатини беҳадду бепоён тўйхонага айлантиришди. Бир неча кунлик шодиёналар бошланиб, Чиннинг бутун халқи роса хурсандчилик қилишди.
Искандар Равшанак ва Нозмеҳр оғушида ўз муродига эришди. Ўша давр расм-русумларига мувофиқ Доронинг қизи Равшанак саройдаги барча аёллар, шу жумладан, шоҳ ҳарамидаги барча маликаларга ҳам фармонраволик маҳди улё вазифасига тайинланган эди. Шу жиҳатдан у ҳар ҳафтада икки кеча ҳукмдор билан бирга бўлиш ҳуқуқига эга бўлди. Нозмеҳр мавқеъ жиҳатидан ундан бир поғона паст ўринда бўлиб, Искандар билан ҳафтада бир кечагина бирга бўла оларди. Шунинг учун ҳам у Равшанакка ҳасад кўзи билан қарар, Доро қизига қараганда ёшроқ ва гўзалроқ бўлганидан фойдаланиб, Искандар кўнглини ўзига кўпроқ жалб қилиб, унинг меҳр-муҳаббатини эгаллашга интилар эди, Искандар уни Равшанакка қараганда кўпроқ севса ҳам, лекин сарой аҳли олдида ўз муҳаббатини аён қилишдан ўзини тортиб келарди. Бундан бехабар Нозмеҳр шоҳ Равшанакка ҳар боққанида кўзидан ёш тўкарди.
Бир кечаси, Нозмеҳр навбати келганида, Искандар ўз севгисини изҳор этишни ният қилиб, унинг хонасига кириб келди. Малика шаҳаншоҳни эҳтиром билан кутиб олди-ю, лекин ички изтироби унинг чеҳрасидан, хатти-ҳаракатларидан сезилиб турарди. Шоҳ ардоқли ёстиқдошининг кайфиятини кўтариш учун ҳар қанча уринмасин, Нозмеҳр сўзлашишни ҳам истамас, Искандарнинг меҳрибончиликлари, ширин сўзларига нози билангина жавоб қайтарарди. Бунинг сари шоҳнинг тоқати тоқ бўлиб, ишқи тобора зиёда бўлар, ўз севгили маликасининг феъли сабабларини тушунолмай, қалби ишқ ўтида ўртанарди. Охири чидай олмай, Нозмеҳрга мурожаат қилди мулойимлик билан:
Тазаллум била деди: «Ки эй нозанин!
Недин бизга қилдинг аён буйла кин?
Не журм эттим эркин мени хоксор,
Ки кўнглунгга ўлтурди мендин ғубор?
Вафо айлагилким, жафокор эмон,
Бу зулм айламакка сазовор эмон,
Чу мен ишқ аро ўзгум, ўлтурмагил,
Қатилингға тиғи жафо сурмагил,
Ниёзимга боқ, асру ноз айлама!
Таадди кўпу лутф оз айлама!»
Искандарнинг бу сўзларини эшитган Нозмеҳр киноя билан: «Шоҳ ўз дилбари билан айшини давом эттираверсин. Унинг муносиб кўргани Доронинг қизи бўпти. Канизи ҳиндлар авлодидан ёки Кашмир аҳлидан бўлса, у, шоҳга лойиқ бўлармидики, ўзига яқин тутиб, ўзига ҳамсуҳбат айласа?» — деб жавоб қайтарди.
Деди шаҳки: «Эй хаста жон офати!
Демай хаста жонким, жаҳон офати!
Киноят тариқини бир дам унут,
Қилиб раҳм, бедод таркини тут,
Менга Равшанак таънини қилма кўп,
Ул ишта кўзунгга мени илма кўп.
Мени анда маъзур тутсанг бўлур,
Замирингни масрур тутсанг бўлур.
Ки вожибдур эҳтироми анинг,
Нединким, бийикдур мақоми анинг.
Эрур Баҳманий тожининг гавҳари,
Яна Кайқубодий сипеҳр ахтари».
Бу сўзлардан қониқмаган Нозмеҳр ўз дилидаги дардларни бирма-бир оча кетди:
«Бу сўзнинг муҳаббатга не дахли бор?
Ки ишқ ичра шаҳликка йўқ эътибор!
Насаб бирла бўлса, анга шоҳлиқ,
Ҳасаб бирла етмиш манга моҳлиқ.
Унинг тожи мамлакат хирожи ҳисобланса, тож аҳллари менинг олдимда бошларини ерга қўядилар. У, Жамшид авлодидан эканлиги билан фахрланса, мен ҳуснда қуёшдан ҳам ор қиламан. Агар у ўз ақли билан афсона бўлган эса, менга юз ақлли донишманд девона. Агар у жонларни куйдиришни ўзига одат қилиб олган бўлса, мен жаҳонга ўт қўйишни ўрганганман. Агар у дам-бадам халқни ўлдириб турса, мен тирилтириш илмидан ҳам хабардорман.
Унинг зулфи илонни афсун қилолса, менинг афсуним аждаҳони беҳол қила олади. Қошим ёйини ким хаёл айласа, уятдан кўзига ҳилол ҳам кўринмай қолади.
Эрур кипригим ўқига жон ҳадаф,
Нишона отарға магар чекти саф.
Кўзумга қачонким, бўлур уйқу ком,
Бўлур олам аҳлиға уйқу ҳаром.
Лабим лаъликим, жавҳари жон эрур,
Су ул лаъл аро обиҳайвон эрур.
Юзумда дема сиймдин ғабғабе,
Ки ой ичра хуршидваш кавкабе.
Жамолимдан қуёш ўртаниб, таним кумуши симобга титроқ солади. Лекин шунча гапларимдан не фойда, ахир менинг асалларим шоҳга аччиғ бўлиб туюлганку! Айрилиқдан азоб чеккан бир ошиқ: «Оз бахт кўп ҳусндан яхшироқ», деб жуда тўғри айтган экан. Менинг шоҳдан шикоятим йўқ, ўз йўлини тополмаган бахтимдан шикоят қилдим, холос».
Гўзал маликанинг бу дилни ўртовчи сўзлари, унинг ишқи шоҳга кучли таъсир кўрсатди. Жонини дилбар каломига фидо қилиб, маликани қўйнига тортди-да, қўлларини унинг елкасига ташлаб, оҳуни тутиб олган шерга ўхшаб, ўз ўлжасига меҳрибонлик кўрсата бошлади.
Искандар бир неча кун шу хонада севгилиси Нозмеҳр ҳузурида айш-ишрат билан шуғулланди. Умри бу ерда бекор ўтаётгани хаёлига келиб, яна билим тахтига йўл олди. Жаҳон мамлакатларини эгаллаганда, Мағриб замин олинмай қолган эди. Сипоҳларга турли неъматлар, инъомлар ҳадя айлаб, янги сафар ҳақидаги фармонни эълон қилиб жар солди. Кейин Хоқон билан хайрлашиб, унга Чин ва Хито мамлакатларини топшириб, лашкарни Мағриб мамлакатлари томон бошлади. Хоқон ҳам бу юришда иштирок этиш истагини билдирган эди, Искандар рози бўлмай, кўп яширин сўзларни айтиб, уни қайтарди!
Ҳиндистоннинг жануби томон йўл олган Искандар ҳинд Ройига ҳам ижозат бериб, унинг иззат-икромини жойига қўйиб хайрлашди. Рум қўшини Мағриб сари юриб борар экан, Гажротдан ўтгач, баҳри Уммон соҳилига чиқди ва бир неча кун соҳилда дам олгач, кемаларга ўтириб Жазойир томон сузиб кетдилар. У ерга етгач, соҳилда бу мамлакатни эгаллагач, яна гоҳ денгиз, гоҳ чўлу даштлардан ўтиб, охири Мағриб заминига етдилар. Бу ўлкада бир қатор ажойиботларга дуч келдилар. Улардан бири ит каби жонворлар макони бўлган дашт эди.
Уларнинг ҳар бирининг кўриниши, оёғу қўллари ҳам чумолиникига ўхшарди-ю, ҳар бирининг кучи йиртқич бир шерникича бор эди. Улар ичига кимки от суриб кирса, барчаси ёпишишиб, бир дамда парча-парча қилардилар-да, еб қўярдилар, ер устида бир қатра қони ҳам қолмасди.
Бир неча сипоҳининг шу тарзда ҳалок бўлганини кўрган Искандар: «У ёққа ҳеч ким от суриб бормасин!» дея фармойиш берди. Сипоҳлар дейишардики: «Бу бир ердирки, тупроғининг ўзи жонни титроққа соляпти. Бу водий нари борса бир йиғоч келади. Ундан кейинги водий эса покиза, Боғи Эрам каби соф водийдир. У ерда мўрлардан ором топган, уларнинг ҳисобига шодиёна қилувчи бир қавм яшайди. У қавм Тангрининг балоси, жаҳон мол-дунёсининг аждаҳоси. Ҳар бирининг қиёфаси бир пора тоғ, бу жониворлар эса улар учун чумолидек келади, холос. Уларнинг тилини ҳам ҳеч ким тушунмай, нима деганини англамай тураверасан.
Улардан кейин ўн кунча йўл юрилса, икки тоғ, икки кўл орасидаги водий келади. Осмонўпар ҳар тоғнинг тошлари, бошига авжи кўзи кўрадиган жойига кўзини хира қилувчи қизил олтинни кўзига қўйиб олган. Икки кўзидан тўхтовсиз иссиқ нур сочилиб туради. Бошқа кўзи эса кумушдан. Бу ердаги хазинани ундаги бебаҳо тошларни мўрлар аждаҳодек талашадилар.
Бу элнинг уйқуси ҳам кўп қизиқ. Улар ўн кун ухлайдилар, ўн кундан кейин уйғониб ўз ҳолатларига қайтадилар. Ўн кундан сўнг яна ухлашга киришишади, мўрлар уларни қўриқлашади. Бу мўрлар туфайли жонлари омонда, чунки мўрлар уларнинг хазинабонлари саналади.

Искандар девори («Садди Искандарий»)нинг қурилиши

Искандарнинг лашкарлари отларини чумолисимонлар томон суриб боришгач, шоҳ атрофни кузатиб, ҳамма сир-синоатдан воқиф бўлди. Тезда донишмандларини йиғди-да, улар билан маслаҳатлашиб фикрни бир жойга қўйдилар. Аскарларнинг энг қўрқмас, жасурларини қўшин олдига қўямиз-да, барча чумолисимонлар уйғониши билан улар устига шиддат билан тез от чоптириб бориб, уларни қириб ташлайдилар. Кун ёришмасданоқ сипоҳ билан шаҳар жаҳон мўрдек қоронғи эканида, майдондаги қоронғи жойни топдилар. Уйқудан уйғонган чумолисимонлар тарқалишиб кетишганча, даладан бирон чуқур бўлса, талашиб, бир ерга тўпланиб қолишмасин деб, бекиниб олишди.
Қуёш кўтарилгач, Искандар томонидан пухта ўйлаб териб қўйилган сипоҳлар чумолиларга ўхшаб уларга ҳужум уюштиришди. Майдонни яна сипоҳлар суронию дўмбиралар овози тутиб кетди. Сипоҳлар шахд ила олишиб, кўп ўтмай барисини қириб ташладилар.
Чумолисимонлар саҳросидан ўтишгач, дашт юзида яна бошқа ваҳшийлар аскарларига дуч келишди. Бор майдонни ваҳшийлар сафлари эгаллаб олган, бари девсифат, занжирлар билан боғлаб қўйилган, ғулваш девлардек, лекин девларни ўлдира оладиган кўринишда, қуввати каркдек, ўзи филтан, гўё Аҳраманнинг ўзгинаси. Кўзи яшил, соқоли сариғу, юзи қора, барчасининг манглайидан тўнғиз тишидек шох чиқиб турибди. Кийимлари қулону кийик чармидан, уларнинг эти эса доимий овқатлари. Қўлларида ҳаддан ташқари дарахт новдалари, сутун каби оғир шохлар, уларнинг учига темир учликлар қопланган. Уларнинг аскарлари қатори минг ваҳший дев билан тўлди.
Бири кирди майдон аро кин ила,
Сўз айтиб ўзи билган ойин ила.
У қонини тўкиш учун ўзига қарши чиқа оладиган жангчини талаб қиларди. Бу ёндан тағин паҳлавон танли жангчи майдонга тушди. У шоҳ олдида кўп жанглар қилган, шерларга аждарлардек бас келган забардаст йигит эди. Ғаними ҳам унинг сари майл қилди. Катта тошга тошқин сой урилгандек бўлди. Етишишгач, бир кишига айланиб қолгандек олиша бошладилар. Бир-бирларига аямай зарба урардилар, лекин чаққонлик туфайли барчаси рад бўларди. Оқибатда ўжар ваҳшийзода учи қайирилган гажаклик сутун билан рақиби бошини пастга эгиб, кейин қўлларини боғлаб, отини гажак билан тортқилаганича ўз лашкарига топширди ва яна жанг учун талабгор чақира бошлади. Яна бир йигит Искандар томонидан майдонга от сурди. Унинг лақаби Қаҳқаро, ери Қирвон, асли Машриқ заминидан эди.
Қаҳқаро жангга киргач, ваҳшийга от солди, унга Аҳраман эътибор бермади. Ғазаб ўти кучайгач, қаттиқ жанг бошланди. Қаҳқаро отдан йиқилгач, тупроқ устига тушди. Қаҳқарони ҳам рақиб боғлаб, ўз лашкарига топширди, кейин янги ғаним истаб бақиришга тушди. Девсифат йигит олдига ким келса, асир тушириб олаверди. Яна янги рақибни чақиргани чақирган эди. Унинг бақиришлари, сурони румликларни қўрқитиб қўйган эди. Бу ишлар шоҳ кўнглига тоб солдию кўнглида қўрқув пайдо бўлиб, изтироб чека бошлади. Лашкарларига буйруқ берайин деса, нақ ўлимга мажбур қилган бўлади.
Бу ҳолатда юзига ниқоб тўсган бир чаққон, қуёшдек қалқон тутган, қўлида ўрилган каманд бир паҳлавон шоҳ олдига яқинроқ бориб, ўз сўзларини айтди-да, ваҳший сари от чоптириб кетди. Уни шоҳ ҳам таний олмади, сипоҳ ҳам. Ғамидан эл пинҳона оҳ чекканича: «Бундай чиройли йигит ҳам, минг дариғ, бу ваҳшийдан тиғ ейдиган бўлди-да», деганича алам чекиб қолаверди.
Лекин у рақиб девангир билан ғазабга тўлган ҳолда олишаркан, оти шитоб билан айланиб, Аҳраман жонига изтироб солиб қўйди. Рақибини чарчатиб, айлантириб-айлантириб ерга урди ва шоҳ сари судраб кетди. Шоҳ олдига етиб боргач, шердек ерга сакраб тушди.
Шоҳ бу ишдан кўнгли қувончларга тўлди. Дилидаги дарди кўнглидан бир ондаёқ йўқ бўлди. Бу пайт ичида ҳалиги ниқобдор йигит ўз ўрнини эгаллаб, сафни тўлдирган эди, шоҳ қўлларини размгоҳ гардидан ювиб, нажоткор паҳлавонни дарҳол топиб келишга буюрди. Девкаш йигит эшикдан киргач, аввал мажлис аҳлига мадҳия айтди, Искандари Файлақус уни бўйнидан қучиб, иноят ошкор айлаб, бошига жавоҳир сочиб, кўп лутфу карамлар этди. Деди: «Эй адувбанд, ваҳшийшикор, ваҳший овловчи!
Ўзингни аён қилки, кимсан, равон
Ки шавқинг сенинг биздин олди тавон?»
Шунда ҳалиги жангчи бошидан ниқобни олди. Бу ўша шўхи чинийнажод ўша чобуки ҳурзод эди. Уни шоҳга тортиқ этган Хоқон мақтовини келтириб:
Ки: Ҳусн ичра хуршиди тобон эрур,
Яна Зуҳра янглиғ хушилҳон эрур.
Бу гапларни қўя турайлик-у, у жанг майдонида шижоатли сипоҳ ҳамдир», — деган эди.
Ўшанда мақталган бу қизнинг худди шу сифати Искандарга ёқмаган эди. Уни ҳусни беҳаду поён эди, лекин жанговар фазилати пинҳон эди. Бугун ўз кўзи билан кўрдики: гўзал жангга кириб, душманини асир этди. Тангри қудратига юз офаринки, унинг лутфи ғалабани бизга туҳфа қилди.
Дедиким: «Жамолига ёпсун ниқоб,
Чунки тун оқшомда кўринмас офтоб.
Қоронғуда турмай, уйга жўнасин,
Шоҳ уйқусин анда хароб айласин!»
Қиз шу заҳоти шамъ каби шабистонга кирди, гўё сарв бўстонга кирди!
Шоҳ мажлис туздириб, жом кўтарди, кейин тутқунни мажлисга олиб киришни, у билан суҳбатлашмоқчи эканини айтди. Кўп ўтмай қўллари боғлиқ девкушни мажлисга олиб киришди. Шоҳ буйруғи билан аввало кўп таом келтиришди, йигит тўйиб еб олди. Кейин бир неча жом қизил май билан меҳмон қилишди. У бир жомни, кейин эса яна бирини эса мезбон ичди. Бу шоҳнинг лутфидан хурсандлик ифодаси эди. Яна Каёний шоҳ катта қадаҳларда жом тутди ва бу билан девкашни роса хурсанд қилди. Шоҳ ҳар бир инъом қилганда, асир ҳар лаҳза бош қўярди. Уни май беихтиёр қилгач, ер ўпиб, сўз бошлади: «Мен ваҳшиймен биёбониход, атодин ато ваҳшию ваҳшзод
Йўқ андоқ тилимким, санонг айтсам,
Сен этгонга лойиқ дуонг айтсам.
Лекин пинҳони яхши сўзлар дилимда юрибдики, дейин гар десангким, «Де они манга».
Шаҳ дедики: «Ҳар не каломингни айт, каломингни, номингни айт».
Давангир асир дедики: «Сендан шунча лутф-марҳамат кўрдимки, уни эвазлашга ожизман. Лекин қўлимдан шугина иш келадики, олдингда ўлгунча иш қила биламан. Энди ёнингдан айрилмайман, зиёнингга иш қилмағайман, лекин билки, мен бу улус хониман, туну кун уларнинг нигоҳбониман. Чумолилардек беҳисоб сипоҳингни кўргач, аҳолимга, фуқароларимга қарши зўр душман келаётганини англаб, уларнинг жафосини ўзимга олиб, майдонга ўзим кирдим. Бўлиб ўтган ҳамма ишларнинг томошосини ўзинг кўрдинг.
Сенга асир бўлиб тушганим ҳам менинг бахтим бўлди. Менга сиёсат қиличини суриб ўлдирмадинг. Яна менга шунча иноятлар қилиб бениҳоят яхшиликлар қилдинг. Энди ижозат берсанг, борай, бирор ишинг чиқиб қолса, бир ишингга ярай. Мени соғиниб қавму элим мотамдадур. Бўлган сўзларни айтиб, барини ғуссадан озод қилай», деб рухсат сўради. Букилиб ер ўпди, худди маст филлардек зўрға ўрнидан туриб олди. Шоҳнинг бу қилган ишига ҳар ким ҳар нарса деб ажабланар, ҳар ким ўз кўнглида бир сўзни айтарди. Ҳикмат аҳли ҳам шоҳнинг бу ишидан ҳайрон эди, чунки бу иш ҳақиқатан ҳам ажойиб иш бўлган эди. лекин шоҳ хандону хушхол эди.
Бир неча замон ўтгач, эшик очилиб, ул ваҳший кириб келди ва ўзи тутиб асир қилган паҳлавонларнинг барчасини олиб келиб шоҳга тутди. Ерга юзини қўйди. Шоҳ унинг бу ишидан хурсанд бўлиб, яна ошкоро кўп илтифотлар кўрсатди. Асирлар қутулиб, яна шоҳ базмига хос бўлдилар. Шоҳ асирларга қараб туриб, бир маҳал Бориқи Барбарийга кўзи тушди. Меҳрибон шоҳ бари асирларни, жумладан, Бориқни ҳам қучоқлади. Ўша тун барчалари маст бўлдилар.
Искандар мағриб мулкини батамом эгаллаганидан сўнг, ҳар хил рангдаги бу нодир эллар асир ҳисобландилар. Шоҳга бўйинсунуб, қул ё чўри мақомида шоҳ хизматини бажара бошладилар.
Шоҳ ўзи кўрган чумолисимонларни ҳалок қилиш учун деди: «Отланиб халқ беваҳму бок тузуб чарга солсунлар ул навъ мўр, ки ул дашт аро қолмасун мўр».
У тўданинг ваҳшийлари илтимос қилиб дедиларки: «Эй шаҳи гардунасос! Эй улуғ шаҳаншоҳ! Агар улар тирик қолмасалар, биз қўриқчиларсиз қоламиз. Бизнинг уйқумиз оғир, ўн кеча-кундуз ҳушёр бўлсак, яна ўн кеча-кундуз уйқудамиз. Чу уйқуга борсак, улар бизга қўрғондирлар».
Шоҳ бу сўзларни эшитиб бармоғини тишлаб қолди. Чумолисимонларни қириб ташлаш ҳақидаги фармонини бекор қилди. Яна юриб, олтин ва кумушдан бўлган икки тоғни кўргиси келди. Ҳалиги қавм аҳли дуо қилиб дедилар: «Бу муддао ҳам эсдан чиқарилса яхшироқ. У теграга бормоқ мумкин эмас, осон эмасгина эмас, балки имкон эмас. У икки тоққа ўн кунчалик йўлни босиб борилади. Сен сўраяпсану, у жой бизга яқинроқ бўлса ҳам, лекин кўрганимиз йўқ. Биз ҳам уни кўриб мурод топганимиз йўқ, биздан улуғлар ҳам ундан ёд қолдиришмаган, яъни уларнинг ҳам кўзлари тушмаган. Нединким, йўлида хатар кўпдурур, юз урган кишига зарар кўп турур.
Етти кунчалик йўлида сув топилмайди, битган ўтлари бари оғунинг ўзи. У ерларга иссиқ ҳаво ҳужум қилганда, насим эсгач, ҳар нарсани эритиб юборади. Аждаҳо ўз жойида бўлмаган пайтлардагина ҳаво мўтадил эсади. Ўзи кичкинагина, афъи жаъфарий, яъни заҳарли қора илон, шундоқ илонлар борки, одам бир кўз солиш билан ҳалок бўлади». Шоҳ бу сўзларни эшитгач, у ён боришдан ҳам воз кечди. Дедики: «У томонларга боришдан мақсадим, томоша қилиб хурсанд бўлиш эди. Олтин-кумуш мақсадим эмасди».
Кейин шоҳ девкушларни уйига жўнатиб юборди, бир нечасини эса эшикда шукуҳи маҳобат учун хизматга қолдирди-да, яна шимол томон юришга бел боғлади. Денгиз оралаб, тоғу биёбон босиб Рум азми билан тез-тез юриб борарди, гоҳ йўлда Чин гўзали билан суҳбатлашиб, шавқи ошарди. Руслар, фаранглар диёри Ғарби шимолни қийналмай кесиб ўтди. Ғарби Шимол оралиғида ўша ерда яшовчи аҳоли илтимоснома билан келди: «Жаҳон мулкига ободлиғ бердинг. Жаҳон аҳлидан адл билан шодлик етмагани бизнинг диёр аҳлигина қолди!» «У ўлка нега хароб?» сўради Искандар. Дедиларки: «Бу мулкнинг бир сари ҳамоно эрур Қирвон сарҳади».
Ўша тарафларда бир буюк тоғ бўлиб, у тоғдан нари офат, нариси эса зулмат келади. Тоғу зулмат ўртасида бир водий бўлиб, шу ерда йўл ҳам тамом бўлади. Бу жой яъжуж тўдасига макондир. Улар яъжуж эмас, балки юз туман минг балодир. Уларнинг қиладиган ишларини тилга ҳам олиб бўлмайди. Халққа кўп зулм улардан етади.
Уларнинг қадди бўйлаб пароканда сочлари ёйилган, бири бир қариш бўлса, яна бириники ўн қулоч. Қулоқлари икки ёқдан чиқиб ёпишиб қолган, тирноғлари дев бармоғининг ўзи. Юзлари ранги беҳад сариғ, кўзи маймун кўзининг ўзи. Бурун ичларини тили билан тозалайди. Шу ишни қилгач, ўзи ғоят шодланади.
Оғиздан тўнғиздек икки тиш чиққан бўлиб, улар билан бемалол ер қазимоқ мумкин. Қайси ерга уларнинг тишлари текса, қиёматгача ўша ердан гиёҳ битмайди, ҳаммасининг оғзи иягида. Эркагию аёлининг икки кўкраги осилиб туради.
Улар йилда икки қатла тоғ ичидан чумолидек чиқиб, бизнинг шаҳру водий сари ёйилиб, не қилиш мумкин бўлса, беъманиликларни қилиб, бизни ватанимиздан ҳайдаб юборишмоқчи бўлишади. Водийда нима топса талон қилади, одамларни ушлаб олсалар ҳалок қилишади, этини талашиб ейишади. Юк ташийдиган ҳайвонларга ортиб, ўликларни ҳам уйларига етказдиришади. Кейинроқ ейиш учун захира тайёрлашади. Ҳар қанча овқат еган билан ҳеч тўйишмайди, тўйса ҳам бир дона қолдиришмайди. Ҳамма билганларимизни, арзимизни шоҳга айтдик».
Шоҳ дедики: «У ярамас тўда қачон сиз томонга келадиган бўлса, биз улардан аввалроқ чорасини топиб қўямиз». Дедилар: Бу томонга ҳужум қилишганда бутун дунёни қоронғилаштириб юборишади. Ўша қора гард ошкор бўлганда бизнинг ҳам кунимиз қора бўлади». Шоҳ: «Қачон бу иш содир бўлади?» Дедилар: «Бир неча кун ўтгач».
Шоҳ уларни йўқ қилиш чорасини ўйлаб, тушишга манзил қидириб, ўша ўтлоқдан топди. Ўша ерлилар дедиларки: «Неча марта чора излаб тополмаганмиз, шоҳимиз маскан қилмоқчи бўляпти. Бу ерда, қилмасин, чунки улар жаҳон элидек эмас. Улардан бири етса, бир зумда не юзу, минг бўлиб кетишади. Ҳаммаси дарғазаб бўлиб бир пасда етиб келади».
Шоҳ дедики: «Сизлар қайғурмангизлар, лекин бу ўлкада турмангизлар. Бу ердаги барча нарсаларни ташиб кетинглар, бирон арғамчи ҳам қолмасин. Тангрига таваккал қилиб, уларни фикрини айлай, нечукки билай».
Аҳоли ўз жойларини қолдириб кўчишди, лекин шоҳ кўчмади. У ўзи турган жой атрофига чуқур очиқ ҳандақ қаздирди. Фаранг, Рус, Шому Румга одамлар юбориб, улардаги энг уста коргарлар, мис, биринч, темир, қўрғошин, тол, кўмур олдириб келтирди. Ўзи ҳар куни қалъа атрофини айланиб юрарди. Икки минг тош терувчи камар узра ўтиш учун тахта тош тайёрлади. Паҳлавонлар шаҳарнинг икки девори ичида Фарҳоддек қаттиқ тош кесишар, боғларни тўсиш учун тош деворлар кесиб тайёрладилар. Уларнинг сони ҳам саноқсиз.
Ҳамма керакли нарсалар ҳозир бўлгач, қуюқ тўзон кўринди. Бу яъжужлар келаётганининг белгиси эди. Яъжужлар ва Искандар қўшини жанги оғир кечди. Яъжужлар қирилиб, қочганларича кўплаб румликларни нобуд қилиб, жангчи ва отини ҳам едилар. Яъжужлар икки тоғ оралиғига қочиб кетишди. Икки тоғ орасининг энг яқин ери 10 000 қари (7 км 500 м) эди. Мунажжимлар муайян соатни топиб беришгач, шоҳ от устида туриб ерга ранг тўкиш ва ҳар соатда унинг рангини ўзгартириб туриш ҳақида топшириқ берди. Сўнг минг ўра тайёрладилар. Икки тоғ орасига қурилаётган девор тўсиқ баландлиги 150 м га етди.
Узунлигига 10000 қари (7 км 500 м) эди, эни 500 қари бўлди. Ишчилар кеча-кундуз тинмай 6 ой оғир ишни кундузи-ю кечаси бажардилар. Аҳолининг деворнинг иккинчи қаватига чиқиши учун икки зина қолдирилди. Қалъа устига буржлар қуриб, уларни темирлар билан боғлаб ташлашди. Чумолилар етиб келиб тиш-тирноғлари билан чиқмоқчи бўлдилар-у, шоҳ: «Тошбўрон қилинг», деб буйруқ берди. Жуда кўплари тошлардан ўлгач, охири чидай олмай чекиндилар. Ер аҳли бошига ҳар зулмким сурдилар, фалакдан барига эваз кўрдилар. Шундай қилиб донишманд шоҳ яъжуж дафъи учун ҳам сад чекди. Бир неча кун шу ерда туришгач, Рум тахти томон юрдилар.


Искандарнинг уммон ва денгизлардаги илмий кашфиётлари

Искандар оламни тамомила ўзига бўйсундиргач, Рум шаҳрида бир неча кун ором олиб, чарчоқларини чиқарди-да, айш ишрат, ов қилиш каби маишатлар билан шуғулланди.
Искандар дам олиш билан фикран банд бўлса ҳам, унинг хаёли азалий орзусида, яъни денгиз сайрида эди. «Эр юзидаги бор ажойиботларни, уларнинг табиатини ўргандим. Лекин ҳали денгиз сайли насиб этмади, у ерда не сирлар мавжудлиги билан ошно бўлмадим. Соҳилларда ажойиб нарсалар кўп дейишади. Баҳор ер юзида гўзалликлар кўп бўлгани каби денгиз ичидагилари сон-саноқсиздир.
Бу юмалоқ шаклни жаҳон дейишади, лекин унинг аксари сув ичида яшириндир. Қуруқлик ери ўндан бир ҳам эмас, лекин эл буни яхши билсалар ҳам нишон бермайдилар.
Жаҳон менга бўйсунар экан, ундаги барча нарса менинг ихтиёримда экан, бу нарсалардан бехабар қолсам, оддий бир киши билан менинг бу соҳадаги билимим тенг бўлса, фарқимиз нимада бўлади? Агар бахтим менга ҳамроҳлик қилиб, қуруқликни Хизр билан забт қилган бўлсам, бу дам Илёс билан йўлга отлансам не бўлғай? Кўнглимда уйғонган бу ҳавасни ҳеч нарса даф қилолмайди.
Шундай хулосага келган Искандар ўз донишмандларини чорлаб, илм мажлиси ўтказди-ю, яширин дил сўзларини аён қилди. Денгиз ичида нималарни кўриш, нималарни текшириш мақсадини бир-бир айтиб берди. Баъзи олимлар Искандарни бу хил фикрдан қайтаришга интилдилар, баъзилар жим туравердилар. Кейин барчалари Оллоҳни дуо қилишиб: «Бу муддаони кўнглингга Ҳақ солибдики, умидимиз,ўйлаган ишларингнинг амалга ошишига ҳам ўзи ҳамкор бўлғай». Сарой аҳли истаса ҳам, истамаса ҳам, шоҳ хоҳишини маъқуллашга мажбур бўлди. Халқининг сафар ишига розилигини билган Искандар: «Ҳамма ҳунарманд кишилар ўз соҳаси бўйича тез орада уч минг кема ҳозирлашга киришсин!» деб буйруқ берди. Улардан 1000 таси фақат шоҳгагина хос, яъни фақат унинг ихтиёрида бўлади, яна 1000 таси аркони давлат учун белгиланади. 800 таси сипоҳийлару, 200 таси савдогарларга берилади. Ўзига 1000 тасини белгилаган эди. Яна 200 та кемага денгиз ўлчаш учун керак бўлган танобу, арқонлар, яна 200 тасига туялар, туякашлар, яна 100 тасига тез юрувчи кемачалар юкланган эди.
Ўн-ўн беш минг нажжору, бинокор, яна икки-уч минг киши ҳар куни ишловчилар барчалари Рум дарёсига тушдилар. Уч йилдан кўпроқ вақт ўтиб, уч мингдан ортиқ кема денгиз ичига кириб бўлди. Кемаларда барча керакли сипоҳлар, ҳунармандлар, озиқ-овқат маҳсулотлари тахт турарди.
Искандар от устига чиқди, аҳли Рим унинг орқасидан эргашдилар. Худди кучли сел тепаликдан дарё сари оқиб келгани каби, одамлар ўз уйларидан соҳил сайин оқиб келардилар. Донишмандлар устурлоб билан куннинг энг яхши соатини топишди-да, шоҳ халқи билан хайрлашиб: «Эй қавмим, сиз барчангиз ҳурматимни садоқат билан қилдингиз. Энди эса мен билан айрилиш аламини чекяпсиз. Сўзларимни яхшилаб эшитинг: неча вақт менга кўз тутинг. Мулк, мол-дунёга ворис бўлиб қолувчи нарсаларни тайинлаб, белгилаб қўйдим. Менинг ёзган рақамларимдан биров чиқа кўрмасин. Ҳадисларимни кўнглингизга жойлаб олиб, саломат бўлинг, яхши қолинг. Дуода бизни гоҳ-гоҳида ёд этиб туринглар. Ўз хизматингизни яхши бажаринглар!».
Бу сўзларни эшитган халқнинг фарёди, шовқин-сурони осмонга етди. Шоҳнинг меҳрибонлик билан айтган сўзларини эшитган аҳли Рум юзларидан ёш дарёсини оқизиб, уни кўпдан-кўп дуо қилдилар: «Агар баҳру бар аро қилсанг мақом, неча ким фироқингда ғам егабиз, не ёроки, яхши-ёмон дегабиз. Бисоти тараб жилвагоҳида бўл, қаёнким эсанг, Ҳақ паноҳида бўл.
Не амр этганинг токи бор жонимиз,
Тағофул қилурға не имконимиз.
Чу биздин дуо айладинг муддао,
Не иш илгимиздин келур, жуз дуо!»
Сафар чоғи обу ҳаво етишган кунларнинг бирида Искандар Суқротга мурожаат қилиб: «Денгиз юришини бошласак, хато бўлмасмикан? Сен бу муаммолардан яхши хабардорсан, сендан илтимос қилиб сўраймиз. Сен бизга пешволик қиласан. Агар элни қаёққа бошласанг, ҳаммамиз донишинг пайрави бўламиз», деди. Суқрот уларнинг шартини қабул қилиб йўл бошлади. Бир тўда олимлар Жазойир томондан юришни маъқул қилдилар. Бир неча кун шу сувда юрилди.
Яна бир куни Искандар барча донишманду алломаларни йиғиб, деди: «Денгиз кайфиятини айтингиз. Ки не вазъ иладур ер ила денгиз?» Донолар бир неча замон тафаккур денгизига ботдилар-да, дедиларки: «Суқрот баён қилсун. Чунки у ҳикмат аҳлининг устодидир, замири хирад ҳикматободидир». Кейин Суқрот бу саволга шундай жавоб бера бошлади: «Эр жисми юмалоқ шаклда. Яратувчи уни курра шаклига киритган. Лекин ул курра сув ичида ниҳон бўлиб, очиқ қисмини жаҳон деб атайдилар. Унда шаҳарлар, тоғлар, қир, саҳро, дала, даштлар жойлашган. Аммо уни сув иҳота қилиб туради. Бироқ етти иқлим очиқ қолган. Аммо улар ҳам тамом очиқ эмас, балки ҳар тарафдан денгиз билан ўралган. Муҳити чархпалаксимон бўлиб, унинг атрофида етти дарё, 16 денгиз бор. Булардан ташқари юзтача дарё бор. Ҳар бирининг ўзгача исми, халқ шу номлари билан танийди уларни. Нечукки, Кўҳак, йўқса руди Ҳирот ва ё Нил ё Фурот. Улардан жаҳон обод бўлади, денгизлар бошланиши нуқтаси ҳам шулар.
Ҳалиги етти дарё кўплаб оролларни ўз ичига олади. Ҳаммаси Муҳит баҳридан айрилади. Муҳит олти юз оролли, олти дарёдан бири Баҳри Рум. Унда ҳам 600 орол бор, Баҳри Мағриб шимоли шарқиси обод, ул сувда 1 000 орол мавжуд.
Учинчиси Баҳри Зангу Ҳабаш. Минг уч юз оролни ўз ичига олади. Ҳисобда тўртинчиси Баҳри Ҳинд бўлиб, жанубида бир сой бор, оти Синд. Бешинчи денгиз келди
Дарёи Чин. У сувда ҳам ороллар ва ярим ороллар кўпдан кўп. Олтинчи Нил, икки мингга яқин ороли бор. Еттинчи сув Машриқ суви бўлиб, туман минг кема сузиб юради. Унда ўн икки минг орол бор. Бунинг бирла ўн олтита, вассалом. Булардан бошқа яна Ҳазар денгизи ҳам бор, суви ваҳимали, айниқса шамол пайтида. Унда ҳам ороллар кўп бўлиб ҳадсиз-ҳисобсиздир. Муҳит буларнинг барчасининг манбаидир. Лекин уч томони қуруқликдадир. Улар жуда чуқур бўлиб осмон унга тушса, ботиб кетади. Лекин уларнинг ороллари йўқ. Аммо катта жуссали жонивор шу сувда сузиб юради.
Денгиз иши асосларини айтиб ўтдим, лекин унинг янада нозик томонларини сайр этиб кўрганда пухтароқ англаш мумкин».
Искандар Суқрот суҳбатидан хурсанд бўлиб, унга миннатдорчилик эълон қилди. Олдин етти дарё ичига кириш, сўнг Муҳит сари азм қилишга аҳд қилди.
Искандар денгиз кайфияти, турлари, номлари, ороллари табиатини билиб олгач, Суқротдан сўрадики: «Сувда кўп сузиб, жуда ҳадисини олибсан. Илтимосимиз: бу узоқ ва машаққатли сафарга ҳам ўзинг пешволик қилсанг. Барча маллоҳлару сайёҳлар сенинг сўзинг билан иш қиладилар. Сен бизни қаёққа бошласанг, сенинг сўзинг сўз бўлади».
Суқрот қабул қилиб йўл бошлади, улус у бошлаган йўлдан чиқмай эҳтиётлик билан сузиша кетди. Илёснинг руҳи ҳамроҳ бўлиб, кемаларни қушдек учириб кетдилар. Ўзларига маълум бўлмаган Афранжу Рум дарёсидан ҳам омон-эсон чиқиб олдилар. Ҳамма кемаларнинг аҳллари қаттиқ ҳаракат қилиб, Ороллар ўлкасини фатҳ этишга киришдилар. Бир неча кема ўлканинг ҳудуди, қирғоқ узунлигини ўлчаш билан банд эди. Баланд тоғли ёки чўққили ороллар дуч келса, баландлигини аниқлаш анча қийин бўлар, орол атрофини эса кема билан айланиб чиқиб ўлчаб олар эдилар. Оролда йўллар бўлса, танобчилар усули билан узунлигини аниқлар эдилар. Бир кема ичидаги ўлчаш ҳисоботлари тўпланса 12 000 қари чиқди.
Денгиз масофасини аниқ қилиб ўлчаш учун бир кемани лангар тоши билан маҳкамлаб, ипининг яна бир бошини иккинчи бир кема тортиб кетар, ўлчов тугагач, унга лангарни тушириб, бу ёғидаги, ўлчов бошланишидаги кемачилар эса лангарни чиқариб, олдинги кема тез юриб, белгиланган масофада тўхтаб, яна танобни тортиб, бир кема туриб, иккинчиси тортиб шу тарзда кемалар алмашиниб, ҳар алмашувдаги масофа аниқланиб ёзилиб борарди. Бирон оролни ўргангунча, ҳисобчилар олинган маълумотларни қўшиб, кўпайтириб ҳар томонлама маълумотни тайёр қилиб қўйишар, шу денгиз, ё орол ҳақидаги тўлиқ маълумотларни ўша ондаёқ Румдан келтирилган учқур кабутарлар оёғига маҳкам қилиб боғлашиб учириб юборишар, хатлар Рум халқига етиб бориб, шоҳнинг қилган ва қилаётган ишларидан мукаммал маълумот бериб турарди.
Денгиз йўлларидаги жами 12 000 орол ва яриморолни ҳакимлар ҳар жиҳатдан ўрганишар, ҳатто маҳаллий аҳоли тилини ҳам ўзлаштирар эдилар. Муҳит денгизи ҳам атрофлича ўрганилгач, ҳужжатлар хат ташувчи кабутарлар орқали яна тўхтовсиз Румга жўнатилди.
Искандар илмий ишлар билан 12 йил шуғулланди. Энди Фаранг денгизигина қолган эди. Шоҳ бир оролда макон қуриб, дам олишга рухсат берди.
Ушбу буйруқдан шодликка тўлиб тошган сипоҳлар ўз ватанлари томон йўл оладигандек хурсанд бўлиб кетишди. Лекин шоҳ китоблар, ҳисоб-китоблар юкланган бир кемани олиб келди. Сипоҳлар китоб ва қоғозлар солинган сандиқларни тозалашди. Қоғозга нам ўтса, рақамларни ўқиб бўлмай қолади деб, қўрқишган эди. сандиқларни бирма-бир очиб қарашса, қоғозларга нам ўтмабди. «Олинган дафтару қоғозлардаги ёзувларни ҳисобчилар ҳисоблаб кўришсин», деган фармон берилгач, ҳисобчилар ҳисобдан ўтказдилар. Олимлар ул ададларни яна бир текшириб, бу китобларни шоҳга таклиф этдилар. Шоҳ таваккал мисолида бир-икки дафтар ҳисобларини текшириб кўрди ва қониқиш ҳосил қилди.
Искандар ҳамма ҳисоб-китобларни кўздан кечириб, уларнинг тўғрилигига ишонч ҳосил қилгач, шундай хулосага келди:
Ки бўлса кема сувда суръатнамой,
Сафар қилса тўққиз йилу етти ой.
Ҳамул баҳри аъзамни бир давр этар,
Қаю ердаким сувга кирмиш, етар.
Аён бўлдики уч йилу бир нима,
Бўлур сув аро сайр қилса кема.
Муҳитига марказки беиштибоҳ,
Эрур баҳри аъзамга ул нуқтагоҳ.
Яқин борур ул ён азимат чоғи,
Ики йилчилиқ йўлу камрак доғи.
Яна келмаги доғи онча бўлур,
Азиматда борғон замонда бўлур.
Искандар тўрт йиллик яроқ қилиб, Муҳит ўртасига иттифоқ билан сафар қилишни буюрди. Шоҳ яна анжуман тузиб, ўз халқининг сафар чоғида ўзига қилган садоқати, шижоати, жонбозликлари ҳақида анчагина ширин сўзлар айтиб: «Мен уларни 13 йил қийнаб келяпман. Ўтган вақт ичида қанчадан-қанча чиройли, ажойиб жойларни кўриб баҳра олмадик, сув оламининг қанча сирларидан воқиф бўлмадик. Денгизларнинг барчасини ташқи томондан тамошо қилдим. Ягона бир армоним шу бўлиб қолдики, денгизда икки йил боришга, икки йил қайтишга вақт сарфласак, Олам денгзининг маркази бўлмиш Муҳит денгизининг марказига етиб борамиз. Фақат бир тилагим ҳаммаларингизни Рум сари қайтариб, бир қисм 300 тача лашкар ва донишмандлар билангина бормоқдир. Бу ерда сизлар қиладиган ишлар қолмади», деганида бутун кемадагилар сурон кўтаришиб, ҳамиша шоҳ билан бирга бўлишга ҳозир эканликларини таъкидладилар. Шунда шоҳ бўлмаса бошқачароқ бир йўлни тавсия қилди. Шоҳ ўз элини уч гуруҳга бўлади. 2 000 жангчи шоҳ амри билан ватанига қараб йўлга тушади.
Шоҳ яна 700 кемани ўзи билан олиб қолади. Қолган ана шу халққа дедики: «Сизлар тўрт йил давомида мана шу оролда мени кутасизлар, Румдан кўп мол-дунё олиб келасизлар. Худо хоҳласа, 4 йил ўтгач эсон-омон сизлар билан кўришиб ватанга бирга қайтамиз. Агар йўлда менга бирон хатар етса, денгизга чўксам, дарё тўфонлари ҳалок қилса, бу ерда яна кутишни давом эттирмай, хат ёзиб қолдирасиз-да, ватанга жўнайверасиз». Искандар йўлга тушиб сувда сузиб бораркан, неча минг киши худди денгиз илми билан йиллар давомида шуғуллангандек якдилу ҳамжиҳат меҳнат қилишарди. Шоҳ кема ичига кириб келгач, ундаги ишлар яна жонлашиб кетди. Одамлар туну кун беором, емай-ичмай ухлашни унутиб қўйгандилар. Кеча-кундуз денгизни кузатсалар ҳам, сувдан чиқиб сувга ботаётган қуёшдан бошқа нарса кўринмасди. Дарёларда кезишган чоғда баъзи ерларда сувнинг ўта чуқур эмаслиги туфайли ҳар хил балиқлар, хилма-хил балиқ кўзлари кўзга ташланар, кўзи ўтли ҳайвонлар кемаларга ҳужум қилиб келар экан, у кўзларнинг туташидан ёғочлар ёниб кетмасмикин, деб ваҳм қилардилар. Денгизда пўртана кўтарилганда, кема учи аввал кўтарилиб, сўнгра пастга иниб ваҳимали ўй уйғотарди. Аскарлар денгизнинг бетартиб ҳаракатидан ўзларини аранг тутиб туришаркан, Искандар ҳам бўш келмасликка тиришар, шу тарзда гоҳ ўзига таскин бериб, гоҳ тинмайин кема ичида юриб оғир дамларни кечирарди.
Вақт бу янглиғ ўтиб бир йилу тўққиз ой деганда денгиз марказига яқинлашиб қолишди. Искандарга: «Эй одамзод, мақсадингга етдинг, унинг орзусида йиллар кезган эдинг»,-деган нидо эшитилди. Кема турган сувнинг Муҳит маркази эканлиги Илёсу Суқротга ҳам аён бўлиб дарҳол Искандар қошига етиб келишди. Тўртовлари маслаҳатлашиб бу жой Муҳит маркази эканлигига шубҳа йўқлиги ҳақида узил-кесил бир фикрга келишди. Кемаларни ҳаракатдан тўхтатиш учун уларнинг бодбонлари — елканларини туширдилар. Искандар элига дедики: "Энди сизларнинг ҳар қайсингиз билан хайрлашаман. Мен денгиз остини кўришни ҳавас қилган эдим. Энди шу муддат келди. Муродимни томоша қилиш учун сув остига тушмоқчиман". Бу ерда ривоятнинг шу ўрни ҳақида зиддият, қарама-қаршилик бор. Эмишки, шоҳ бир сандиқсимон шиша идишнинг ичига кириб, бош томонига арқон боғлашиб кемадан тортиб туришган эмиш. Эҳтиётлик билан у шишани сув ичра солибдилар. Шоҳ шиша ичида бир неча ой қолиб, денгиз ости ҳолини: минг хил балиқларнинг кўринишлари ва яшаш шароитларини томоша қилганмиш. Юз кун ўтгач кейин шишани юқорига тортиб олишибди. Бу ҳикоятгина бўлса керак, шундай воқеаларнинг юз беришига ақл бовар қилмайди. Менинг фикримча, бу ҳодиса шундай юз берган: тарихий олимлар Искандарни ҳам набий, ҳам валий деб аташади. Унинг тани риёзат топмиш эди, сайр ишлари тугаллангач, сулук иши ҳам тамом бўлди. Валийликдан ўзини хабардор топиб нубувват мақоми кўзини ёритди. Кўзи ул шуъладан нурли бўлғач, қаён боқди кўрди, неким бор эди қанча сирли ишлар унга ошкор эди. Сув ичида томоша қилиб юраркан, ер юзидаги жониворлар ҳам унга акс этиб кўриниб турарди.
Искандар денгиз кезаркан, баҳр шоҳи унвонига ҳам эга бўлди. Бутун жаҳон уни ҳокиму валию пайғамбару музаффар шоҳ сифатида таниди.
Кема қайтар экан, жуда тез суръат билан сузиб борар, икки йиллик йўлни бир йилда босиб ўтишарди. Ўзининг жонажон пойтахти Румга эсон-омон етиб борган Искандар сув ичида яна бир кун қолмоқчи эди, лекин жисми заифлашиб кучи қолмади. Ҳамма билан бир-бир кўришгач, жисми бетоб бўлиб, хаёлига келдики: «Кетмак керак, бу жаҳон таркин этмак керак».
Бу пайт ҳаво жуда қизиб кетган, ерларни сув сепиб ҳам совутиш қийин эди. Шунчалик иссиқ эдики, ерга оёқ қўйган одамнинг оёғи ерга етгач ёниб кетиши аниқ эди. Искандар саман отини суриб бораркан, иссиқ жисмини мадорсиз айлади. Отда юриш имкони йўқлигидан майсазор устига тушди. Ердаги шамолдан майсалараро ором олмоқчи эди у. Касаллик анча кучайган, жисмини иситма ўртар эди. Жой қилиш учун ўрин тайёрлашгача ҳам чидай олмади. Биёбон шундай қизиб кетган эдики, биров шоҳга ўз қалқони билан соябон қилиб турди. У ҳам сипоҳдорлик қилган маҳалда қалқонни заркор қилиб яратган экан. Шоҳ тақдири номасида унинг ҳаёти тугалланаркан, унга ер темир, само олтин бўлиб кўринади дейилгандики, иш яқинлашиб қолибди. Кўздан ёш тўкиб, қайғу билан жондан қўлини ювди.


Искандарнинг вафоти

Бу ишлар Искандарга аён бўлгач, у ўз ҳаёти қуёшига тутилиш вақти етганини сезди. Аниқ билдики, кетмак чоғи етибди. Шундай маҳзун кунларда ажал жомидан заҳарли овқат еб-ичиб тураркан, онаси ёдига тушди. Кўзини очиб элга нигоҳ ташлаб, ажал елидай бир совуқ оҳ тортди. Котиб чақиртириб онасига хат ёзмоқ учун қоғозу қалам сўради. Котиб қоғозни тайёрлагач, унга шу сўзларни ёзишни буюрди:
Ки, бу сафҳаким, номаи дард эрур,
Рақам анда ҳангомаи дард эрур.
Биров ҳамдидиндур бидоят анга,
Ки йўқ ибтидоу ниҳоят анга.
Муфизи ато, балки халлоқи жуд,
Халойиққа берган адамдин вужуд.
Бадан ичра жон жавҳарин солғучи,
Яна охир ўз берганин олғучи.
Тенгиз ичра итканга ҳам раҳбар ул,
Биёбонда ўлганга ҳам ёвар ул.
Гадолиғни шоҳлиғдин этган азиз,
Жаҳон шоҳлари оллида бир пашиз.
Чу ҳақ шукру ҳамдин адо айлабон,
Васият бу навъ ибтидў айлабон.
Ки: «Мендинки, йўқ мендек озурдае,
Ажал хайли илгида пажмурдае.
Сенга, вайрон бўлган танимнинг жони, вужудим кумуш лаълининг кони, сўзим шуки, айрилиқлар, узоқликлар туфайли сенга кўп азоб-уқубат етказдим. Бошимга олам очмоқ деган орзу тушиб эди, у хаёлим бошдан оёқ хом экан. Аслида жасадимга ҳуш киргандаёқ, ақлим кира бошлаган болалик чоғларимданоқ сенга ўғиллик қилишни, доимо хизматингда бўлишни ўз бурчим деб билсам бўлмасмиди? Бундай бахтга чарх ҳасад қилди, энди сўнгги чоғда ўзимни ўлдиришимдан не фойда?
Қазонинг бошимга солган ишларидан хабар топсанг, менинг розилигимни ҳам эътиборга олгин: мотамимни тутиб оҳ-фарёд кўтармагил. Жаҳонни ғам тунидек қаро қилмагин, ичингни қуёшдек асло куйдирмагин, ёқангни тонгдек чок қилмай, оқ сочларингни сариғ юзинг узра ёймагил, бошқа оналар каби юзингни тирнамагил. Сабр қилишга тоқатинг етмаса, қувватинг чидам бера олмаса, катта бир эҳсон йиғини тузгин-да, чор атрофга хабар бериб, жамоатни чорлагил. Беҳисоб ва хилма-хил таом тайёрлагил-да, ҳамманинг олдига ош торттиргил. Меҳмонлар овқатга қўл урмоқчи бўлганларида, маросимни бошқараётган кишига: «Бу ошдан оламда бирон яқини ёки қариндоши тупроқ остида бўлмаган кишиларгина есин», деб айттир. Шундан кейин эътибор бериб қарагин-чи, бирон кимса овқатга қўл урармикан? Ошга кимдур қўл узатса, менинг ўлимимга йиғлаб, аза тутиб изтироб чеккил. Агар ҳеч ким овқатга қўл урмаса, таомлардан ҳамма юз ўгирса, бирон кишиси тупроқдан ўрин олмаган инсон жаҳонда йўқлиги шу хилда маълум бўлгач, сен ҳам бу ишдан воз кечгил. Бу соҳада бор олам элига ҳамдард бўлгину, менинг ғамимда андуҳ-азоб чекишдан воз кечгил. Сен ҳам улардек бандасан. Ҳақ ризосига ризоманд бўл, қазо не қилса ҳам хурсанд бўл. Мен яхши бўлсам ҳам, ёмон бўлсам ҳам, умр омон бермай оламдан кетаяпман, вақтинг бўлса бир неча кун Ҳақ ёдини кўнглингдан чиқармай:
Бу ўлган ғарибингни ёд айлагил,
Дуо бирла руҳини шод айлагил».
Котиб Искандарнинг бу мактубини кечиктирмай унинг онаси қўлига топширди. Чунки шоҳ: «Вақтни кечиктирмай, туну кун от елдириб бу мактубни онамга етказинг. Қуёшимни қора булутлар ёпганида, бошим устида кўп изтироб чекиб, жаҳонни аза билан хароб қилманг. Мени тобут ичига жойлаб, кеча-кундуз тўхтовсиз юриб, бор кучингиз билан ҳаракат қилиб, Искандарни Искандарияга етказинг. У ер тирикликда ватаним бўлган эди, ўлим пайтида ҳам у шаҳар менинг мозорим бўлсин.
Агар наъшим устида тўплансангиз, у чоғда албатта бир қўлимни тобутдан чиқариб қўйингларки, одамлар ҳайрат эмас, ибрат кўзи билан боқиб, бу панжа бармоқлари саф чекиб жаҳон мамлакатларини, барча қуруқлик ва денгизларнинг лаъл ва гавҳарларини эгаллаган эди. Энди ажал қўли жўнаш ноғорасини чалиб, бўйнига ўлим арқонини солганида, жаҳондан шал инсоннинг қўли мисоли, чинор илгига ўхшаб кетиб боряпти. Кимга билим мададкор бўлса, жаҳондан қўлини ювиши ҳам шундай осон бўлади», деб тушунсин.
Шу ерга етганда шоҳнинг сўзи тугади, кейин кўзини юмди. Фоний мулкни жасурлик билан, тез эгаллаган эди, энди бақо мулкин олгали жазм қилди. Ҳикмат аҳли китоблардек қаро кийди, фалак бўлса, бу иши билан қиёмат кунини ошкора айлади. Негаки, жаҳоннинг бор халқи оҳу ноладан шовқин сурон кўтарди. Шундай қиёматки, гўё осмон ерга, ер кўкка кўтарилди. Фалак билан ер бирдай чайқалди.
Кейин одамлар Искандарни маҳофага ётқизиб, маҳкам боғлаб, наъшини айтганидан ҳам чиройли безатишиб, жаҳоншоҳи васиятларини ёддан чиқармай, хорлик билан фарёду фиғон қилиб овоз чиқармай, наъши тартибини ўзи айтгандай шаклда ясаб сарой сари йўлга тушдилар.
Бурунроқ бир кишидан номани бериб юбордилар. Онаси воқеадан хабар топиб, Рустамдан айрилган Золдай беҳол, ҳушини йўқотган ҳолда ўтирар, кўксини чок-чок тилишни истаса ҳам, бу ғамдан ўзини ҳалок айлашни истаса ҳам, лекин ўғли юборган мактуб мазмунига боқиб, шу билан жони маҳзунига тасалли бериб ўтирарди. Искандар ниманиким ёзса, уни эшитиш фойдали эканлигини у яхши биларди. Лекин ўзининг аламига қандай чора топишни билмай, қалбидаги ўтдан жаҳон ўрташини, жаҳонгина эмас, тўққиз осмон ўрташини тилар эди у. Лекин шоҳ сўзига садоқат, уни сўзсиз адо қилиш уни зўрға сақлаб турарди.
Тобут унинг томон яқинлашиб келар экан, тоғлар, даштлар қора ранг остида қолди. Одамлар наъшни бўйинларига олишди, буни кўрган онаизор асо тутиб, белини қаттиқ боғлади-да, ичидан бир ўтлиғ оҳ тортди.
Уятдан фалак бошини қуйи солди. Йироқдан ўғли тобутини кўрган она фалакдан шундай фарёд эшиттики, у малика саройигача етиб борди. Зўрға-зўрға тобутга етиб олган она ун чекиб ошуфтаҳол фарёд қилди: «Хуш келдинг, эй азиз меҳмон, ушбу қариган каниз қурбонинг бўлсин. Бу сарой сенга лойиқ эмас эди, бизни ғурбатга ташлаб кетдинг. Жаннат боғи бўстонини мунаввар айлаб, фаришталарнинг қоронғу кечасини ёритдинг.
Манга фалак зулм қилди: бу йўлга сендан бурун туша олмадим, сенга жаннат ичидан ўрин тайёрлай олмадим. Чарх ажойиб бир ўйин кўрсатиб қуёш ботди-ю, чархнинг кекса кампири омон юрибди. Қазодан бу иш юз бергач, бало сели вайрон жисмимни ҳалок қилди. Кошки эди оқ сочимни ёйиб, гоҳ ўзимга келиб, гоҳида кетиб қўлларим билан ёқамни чок қилолсам эди. Устимга қора кигиз ташлаб, бор овозим билан нола чеколсам эди. тобутинг олдида заиф жонимни бериб, жисмимни жисминг устига ташлай олсам эди. Фалак зулмидан кўнглимни бўшатиб, ўғил каби она ҳам борса эди. Мотам тутиб оҳ-фарёд чеколмаётганим, жонимни бериб, орқангдан етиб боролмаётганим мен учун жоним дарди кулфату алам изтироби бўлиб қолди.
Ёзган номанг сендан бурунроқ манга етиб келди-ю, не ишларни илтимос қилган бўлсанг улар менга уқубат бўлди, лекин ҳукмингни бажармасликка ҳаддим бормиди? Чунки бу сўзлар Хоқону қайсар сўзи эмас, балки Искандар сўзлари эди. таним қутичасидаги пок гавҳар қани, қуруқлик ва сувлар шоҳи Искандар қани?»
Ана шундай сўзлар билан она ўз ўғлини охирги йўлга кузатди. Халойиқ ичида оҳ-фарёд кўтарилди. Барча аҳоли афғону оҳ тортиб келардилар. Тийра тупроқ бағрини ўйиб ул тупроқ ичига қуёшни ёшурдилар. Бу оламдаги эскидан қолган расм қуёшнинг тупроққа ботмоғидир. Равшан танини қора тупроққа топшириб, мадфанини ясаб юз туман зеб ила сипеҳр атласини қабрпўш этдилар. Неча фиғону оҳ айладилар. Ҳар қанча фиғон қилиб осойиш топмай, ранжу аламларга даво тополмай, кўнгиллардаги ҳавас тиканларини синдириб, барча эл ўз кўнгилларини тиндирдилар.
Искандар ҳаётни тарк этгач, онасига бутун коинот қаро бўлди. Шоҳ ёзган васиятномага тўла амал қилган иффатли Бону жаҳон аҳлидан ҳеч ким бажара олмаган ишни адо этди. Бундан воқиф бўлган барча яқин кишилари унга офарин айтдилар. Дафндан сўнг барчалари ундан ҳол сўрашга келдилар. Унинг маскани Искандар мозорига айлангандек эди. Бирин-кетин етти дарё, етти денгиздек бўлиб, ўғлининг энг яқин етти ҳамроҳи олимлар ундан ҳол сўраб, насиҳат қилиш учун ташриф буюрдилар ва навбатма-навбат дил сўзларини Бонуга изҳор этдилар. Она уларнинг ҳурматларини жойига қўйиб, аввал уларни ўлтиртириб, кейин ўзи ўтириб сукут қилди. Олимлар ҳам бироз сукут сақлашгач, барчадан бурун Афлотун сўз бошлади: «Бону даврондан огоҳдир, билим ичида давр аҳлига шоҳдир. Бизларнинг панду насиҳатимиз Сизга ҳожат эмас. Фақат биргина дуони изҳор этмай қололмаймиз:
«Гуҳар чўмса, дарёға бўлсун ҳаёт,
Қуёш ботса, гардунға етсун сабот.
Шоҳ ўз васиятида барчани сабр қилишга даъват этган эди, уларни ортиғи билан адо этдик. Бугун у олам аҳлининг ягонаси, паҳлавонигина эмас, юзта шер қудратига эга бўлган мард сифатида машҳурдир. Шундай ўғил қазога ризоликни аён этди. Умидимиз шуки, бу дарду азобларнинг ҳар бирига Худо мингтадан мукофотини бергай».
Афлотун ўз каломини тугатгач, Суқрот шундай деди: «Эй етти иқлимнинг Бонуси, ўғлингдан ажраганингдаги ҳолатингни Яратганнинг ўзи кўриб турибди. Ақлдан узоқ бўлган кишигина сенга насиҳат қилиши мумкин. Лекин ақлли киши Тангридан келган барча нарсадан хурсанд бўлади.
Сенинг бу тариқинг эрур баркамол,
Ки Ҳақ бермасун донишингға завол».
Суқрот ўзининг ҳикматли сўзларини тугатгач, Балиносга навбат етди. У таъзим билан дуо бошлаб, кўзларини ерга қадаганича, дуосини тугаллагач, деди: «Барча элга яхши аёнки, айрилиқ дарди ғоятда оғирдир.
Сенинг ройинга нури таҳқиқ эрур,
Ҳақ эҳсонидин онча тавфиқ эрур,
Не шоиста ишга қилурсан шуруъ,
Не шоиста эрмас, этарсан ружуъ».
Балинос сўзларини тугатгач, Буқрот ўз нутқини шундай бошлади: «Эй алам тортишда ҳам мулойим онажон! Сенинг зотингга мулойимлик хосдир. Ҳақ сабринг ипини узун қилган, шу узунлик доимо мўл-кўл бўлсин. Биласанки, ҳар бир изтироб чекаётган инсон охири тинчланиб қолади. Гўй чавгондан тезроқ югурса ҳам, ўйин охирида тинчиб қолади. Одам ҳам шундай табиат соҳиби, оламнинг барча халқи ҳам шундай хусусиятга эга. Кимга азалдан ақл ёр бўлса, унинг тўғри фикрлашига мададкорлик қилади.
Сени, юз туман шукрким, кирдигор,
Хирад ганжидан айлади комгор».
Буқротдан сўнг Хурмус дуо билан сўзга оғиз очди: «Эй гулидан айрилиб, кузга дуч келган боғ, ёруғ нуридан жудо бўлган чироғ! Биласанки, боғ ичида гул очилса, боғбон охири ундан кўнглини узади. Чироғ ҳар қанча мажлисни ёритса ҳам, охири қорайиб қолади. Оламнинг хосияти шундай. Бунинг учун изтироб чекиш фойдасиз, фойдасизгина бўлмай, зиён ҳам келтиради. Сенга тангри билимдонлик бахш этган. Шунинг учун бизнинг насиҳат қилишимиз, чиройли сўзлар билан панд беришимиз ортиқча ишдир». Хурмус сўзини тугатгач, Фарфунюсга навбат етди. У деди: «Эй ҳикмат илмидан баҳраманд она! Сўзинг гавҳару, гавҳаринг қадрлидир. Бугун сен дуру гавҳаридан маҳрум бўлган улуғлик кони денгизисан. Лекин Худо ўз дуридан жудо бўлмаган бирон дарёни яратганми? Қайси кон бағри ўйилиб, ўз гавҳаридан жудо бўлмаган?
Ақл сени шундай улуғворликка эриштирганки, феълингнинг барчаси олам аҳлига мақбулдир. Бу сенга Ҳақ бағишлаган саховатдирки, унинг учун кўпдан-кўп шукр қилмоқ зарурдир».
Олимларнинг сўзларини Арасту якунлади: У дилини тирнаётган аламлардан тинмай кўз ёш тўкар экан, шундай деди: «Бу воқеа сабабидан кўзларимдан дурлар тўкилиб, кўп сўзларимни айта олмаяпман. Сенга панд бериш хоҳишим эмас, балки менга юз киши панд бериши керак. Истагим, Сенинг дарду ғамингни сўраш, чексиз мотаминг дардкашинг бўлмоқдир.
Нетайки, сўрашга тилим лолу, аҳволим ошуфтадир. Бу ғамда Ҳақ Бонуга мадад қилдики, барча ундан сабоқ олиши керак.
Ки бизларча ҳам изтироб этмади,
Ўзин дард ўтиға кабоб этмади.
Ичи ғунчадек таҳ-батаҳ қон бўлуб,
Вале халқ аро оғзи хандон бўлуб
Демас сўз тилига мурур этмайин,
Хаёлиға балким хутур этмайин.
Ки Ҳақ ортуқ этсун бу иқболини,
Ҳумоюн қилиб ҳар нафас фолини».
Олимлар Бону ғамини сўраб, ўзига келтирдилар, яширин яраларига малҳам сурдилар. Дардига шу хилда даво қилишгач, Бону ўзига келиб, улардан узр сўрагандек етти кон устига шундай ганж тўкди:
«Сизлар менга қараганда ҳам кўпроқ мотам тутяпсизлар. Искандарнинг ғами сизга кўпроқ алам соляпти. Чунки унинг кимлиги сизларга яхшироқ маълум эди. камолоти ҳар бирингизга қуёшдек равшан эди. Сафар вақтида сизлар унга ёр бўлдингиз, хатарлар вақтида сиз ёру ғамхўрлик қилдингиз. У сизларнинг шоҳингиз эмас, балки ардоқли дўстингиз эди. Ҳар бирингиз унинг учун икки жаҳондан ортиқроқ эдингиз. Ул ёрингиз сизни ташлаб кетганидан ғамгинмисиз, ундан айрилиб мотам қиляпсизми? Ҳақ бу ғамингиздан ўзи қутқарсин, қаттиқ мотамингизни ўзи даф айласин. Искандардан агар барчамиз айрилган бўлсак-да, лекин бир-биримизга ҳамдардмиз.
Менинг умрим яна давом этадиган бўлса, оғзимга сукут солиб, ҳеч ҳам сўзламайман, деган эдим. Сизларнинг ҳамдардлигингиздан таъсирланиб, беихтиёр сўзладим», — деди.
Навоий, жаҳондин вафо истама,
Тутуб бенаволиғ, наво истама.


НАВОИЙ ЎЗ «ХАМСА»СИНИНГ ТУГАЛЛАНИШИ ҲАҚИДА

Менга подшоҳ қўли етакчи бўлиб, бу панжа билан зўр имтиҳон қилди. Уни панжа эмас, қаттиқ тош деб, тош ҳам эмас, яхлит пўлат дегин. Панжа кучини синаш учун панжа солдиму, у панжага тенг келолмай азобу ранж чекдим. У, донолар, «Панж ганж» («Беш хазина») деб ном қўйган «Хамса»и ганжсанж6 эди. У ноёб дурлар хазинаси, офтоб панжаси бўлган «Хамса» эди, кимки унга зўрлигини кўрсатган бўлса, кучи етмай, қўли шикаст топди.
Менинг қўлим ҳам беҳад заиф бўлиб, у панжага тенг келолмасди. Қўлимдаги қувват ҳам, панжамдаги куч ҳам панжалар беллашувига имкон бермасди. Бошлаган бу ишдан воз кечишга ҳимматим йўл бермас, кучаниб ишлай десам, қувватим етмасди. Панжамга ҳасрат билан боқиб, бу панжамни у панжамга уриб, ақлу ҳушимни йўқатиб хаёл сурар эканман: суруш — бахтиёр фариштанинг тўсатдан нидоси қулоғимга чалинди:
«Эй ожизлик ва ёлбориш денгизига ғарқ бўлган, дардига бир чора қилувчи топилмаган инсон! Ўрнингдан тургин-да, пир даргоҳига етиб боргин, юзингни унинг огоҳ жонига қарат ва унинг кўнглидан дўстлик, буюк ҳимматидан мададкорлик тилагин. Чунки очилиши қийин бўлган ҳар бир қулфга буюк донишмандлар дуоси калит бўла олади».
Бу сўзни эшитгач, пир остонаси томон йўл олдим. У жаннатий маконга етиб бориб, сажда қилганимда, остонаси тупроғидан кўзим ҳам, кўнглим ҳам ёриди. Эшикка қўлимни уришга журъат қилолмай турар эканман, у ўзидан ўзи очилиб, «Ниёз аҳли кирсин!» деган овозни эшитдим-да, таъзим билан ичкари кирдим. Пирга дардимни қай тарзда баён қилишни била олмай, гунгу лол бўлиб турар эканман, кўнглимдаги дардларимни пирнинг ўзи сўзлай бошлади: мен унинг айтганларини тасдиқ қилгач, у аввало ишимнинг битиши учун дуога қўл очди-да, сўнг барча ҳожатимни раво қилди.
Дедиким: «Бу бир иш эди қилғулуқ,
Бу айтилмағон нукта айтилғулуқ.
Бу соатға мавқуф эрди экин,
Бу дам тенгри тавфиқ берди экин.
Агарчи етишти малолат санга,
Вале охир ўлди ҳаволат санга.
Ким ул ганжлар бошиға етгасен,
Тилисмотини доғи фатҳ этгасен.
Оламга назар солиб кўрдикки, турклар орасида бу каби улуғ ишга қўл уриш учун зарур бўлган кишини топиш қийин. Турклар ҳам, ажамликлар ҳам бундай ишга ҳайрат билан қарайдилар. Олам аҳли ўн кун тинмай меҳнат қилганларида ҳам беш байтли бир ғазални ёзиб тугатолмайдилар. Маснавийгўйлар эса ўн йилда минг байт шеър битишнинг уддасидан чиқолмайдилар.
Бу ўрмонда иккита шер бўлиб, бу денгизда иккитагина шижоатли, жасур наҳанг бордир. Ўрмонга кириш учун шерлар жанг қилиши, денгизда эса қўрқмас наҳанглар олишуви керак. Бу кунларда тез ва нозик фикрловчи фақат сенсан. Мусаллам сўзинг равон, сўз ичра гўё бир паҳлавонсан. Равон қаламингга шунчалик ишонч борки, сўз айтганда шунчалик оби ҳаёт яратадики, унинг Хизрваш сувидан бутун коинот тўяди. Бу ишни бажариш сенга насиб этган экан, сен унинг уддасидан чиқа олишингга умид қиламиз. Тур энди, ишинг ҳақида ўйлагину хаёл аҳли зеби жамоли ҳақида фикр сур. Сен бу ишингда ҳушёрликни унутмаслигинг керак, биз эса дуо билан сенга мададкорлик қилғумиздир».
Мен нотавон бу сўзларни эшитгач, ўлик жисмимга жон киргандек бўлди. Ер ўптим-да, уй томон йўлга тушдим. Кўнглимда ўйлаган достонларни яратишга жазм қилдим. Хонамга келгач, қаламим учини созлаб сўз хазиналарини бирин-кетин тера бошладим. «Ҳайрат»га кўнглим қизиқиб, унга эл-улус ҳайратини уйғотдим. «Фарҳод» ҳақида ўй суриб, тешавор уста бўлиб, тоғ текисладим, «Мажнун» афсонасини қаламга олиб, барча халқни жунун шайдосига айлантирдим, «Сабъа»га таъбим яқин бўлиб, етти чархдан офарин эшитдим, тилимга Искандар номини олиб, достон отини «Садди Искандарий» деб атадим.
Бу маҳвашлар жамолларини сарв ниҳоли каби безатгач, латофатда юз аъло жаннат, ҳар бирининг ичида минг гўзал ҳур ўз аксини топди. Бу беш хазинани очгач, уларни қоғозга туширдим, кейин ёзганларимни жузвдонимга солиб, ҳиммат билан менга мададкорлик қилган улуғ пирим олдига олиб бориб кўрсатишни кўнглим орзу қилди. Ҳузурига бориб таъзим бажо келтириш ва ишим тугагани ҳақида ул зотга хабар етказиш тўғрисида хаёл суриб борар эканман, «Хамса» яратган қалам соҳибларининг меҳнатларини эслардим.
Бу асарни ёзишга бел боғлаган улуғлар уни тугаллаш учун узоқ умрларини сарф этдилар. Назм аҳлининг устоди бўлган Низомий ўз хазиналарини, хазина эмас, ихтироларини элдан узоқроқда яшаб, ярим умрини заҳмат чекиб, қон ютиб яратди. Беш хазина калидини қўлга киритгач ҳам бу асарларни таҳрир қилиш учун яна анча вақт сарфлади. Кўп умрини бағишлаб, бу ажойиб ёқимли китобини тугаллади. Неча подшоҳларнинг ғамхўрлиги билан бу давр ичида у халқ хизмати билан шуғулланмай, фақат шу асарни ёзишдан бошқа нарсани хаёлига келтирмай, фақат орада қирқта арбаин битиб, шу беш хазинанинг соҳиби бўлди.
Ҳиндча тахаллус олган, асли ўзи турк бўлган Хусрав ҳам Ажамдан Арабгача бўлган мамлакатларни сўз билан қўлга киритди. Бу мустаҳкам қўрғонлар эшигини очгунча, анча афсоналарни қисқароқ баён қилган бўлса ҳам, кўпгина вақтини фақат шу достонларни ёзиш билан ўтказди. Уларга ўз ҳаётининг ўн беш, камида ўн йилини бахшида этди.
Яна кимлар шу соҳада қалам юритган бўлсалар, улар сарфлаган вақтни юқорида айтилганларга қиёс қилиб билиб олса бўлади.
Сен эса кўпроқ заҳмат чекиш, элга хизмат қилишдан бўшамас эдинг. Тонгдан оқшомгача эл дардини тинглаш, уларга ёрдам бериш билан банд бўлардинг, баъзида одамлардан ўзингга малол келувчи сўзлар эшитардинг. Халқ ғавғосидан тинмас, қулоғинг халойиқ шовқин-суронидан тинчимасди. Шундай қийинчиликларга қарамай, ўз асарларингни битишда ғайрат кўрсатиб, икки йилдан кўпроқ вақтда ўз «Хамса»нгни ниҳоясига етказдинг. Моҳир бир ҳисобчи ғайрат қилиб, беш достонни ёзиш учун кетган муддатни ҳисоблаб чиқса, жами олти ой ҳам бўлмайди. Бу назм тезда тугалланган бўлса, унинг яна бир томони туркий тилда яратилганидир. Лекин китобнинг ҳар қанча эътиборли жиҳатлари бўлишига қарамай, талаффузда баъзи камчиликлари ҳам йўқ эмас.
Албатта, ўзингнинг сўзингни ўзинг яхши кўрасан, чунки ўзинг ёзган сўзлар-да улар: шунинг учун ҳам олдингда қимматли бўлиб кўринаверади. Сўз худди ўзингнинг фарзандинг бўлиб туюлади, чунки фарзанд жонингнинг пайванди-да! Бошқаларга нописанд бўлган сўзлар ҳам кишининг ўзи олдида бебаҳо бўлиб кўриниши муқаррар. Бойқушнинг боласи қанчалик хунук бўлмасин, унинг олдида хушжилва товус бўлиб кўринади. Ўзингга маъқул бўлган сўзларни эл ҳам писанд қилармикан? Донишманд пирим ёзган китобимни назардан ўтказиб, асарим нуқсонларидан мени воқиф қилса қани эди?
Бу китобни аввал айтган улуғларнинг юзларига ажал аллақачон ўз ниқобини ёпган. Улардан ҳар бирининг руҳи жаннат боғида шод бўляпти, деб умид қиламан. Доно пирим булардан ҳам хабар топиб, мени ҳам бохабар қилармикан? Шундай хаёллар билан пирим манзилига етиб бордим, остонасини ўпиб, жузвдонимдан «Хамса»ни чиқардим-да, ёзганларимни кўрсатиб, барчасини унинг оёғига нисор қилдим! Кемам дарёда борар экан, пирим қўлини улардан бирига узатдию ҳар бир варағини очиб, назар ташлар экан, юзига табассум ёйиларди.
Бирон сўз ҳақида савол берса, жавобини берганимдан сўнг, завқланар, гоҳ таҳсину гоҳ дуо қилар экан, ҳар бир сўзидан шодликка тўлиб муродим ҳосил бўларди. Ёзганларим ҳақида фикрини айтар экан, мен икки кўзимни ерга тикиб турардим. Сўзимни эшитар экан, юзи бўстондек очилиб, енгини меҳрибонларча эгнимга ташлади. Шунда ўзимдан кетгандек бўлдиму, қизиқ бир ҳолат юз берди: тўсатдан ўзимни ажойиб бир бўстон ичида кўрдим, боғу гулистон аро гашт қилиб юрган эмишман. Боғи Эрамда сайр қилган ҳар бир одам ҳам ушбу жаннатмонанд боққа орзуманд эмиш. Эл Байтулҳарамни тавоф қилган каби мен ҳам чамандан чаманга ўтиб шодланар эмишман. Боғ ичида кўпгина кишилар ҳалқа қуриб, ширин суҳбат қилишар экан. Улардан бири чаманда мен кезиб юрган жойга қараб юриб олдимга келди. Шоирона қиёфали дилкаш ва соҳибжамол бу киши салом бериб, мен билан сўрашгач, «Бу бахтиёр ва қувноқ одамлар сенинг ҳам суҳбатимизга қўшилишингни истамоқдалар», деди. Унинг таклифини қабул қилиб, ўша томон юрдим. Йўлда борарканмиз, ҳамроҳимга ўзимни таништириб, суҳбатдошларнинг кимлар эканлигини сўрадим. У дедики:
«Улар маснавий назм қилган шоирлар гуруҳидир. Хусусан, улардан бир нечталари «Хамса» яратган, «Хамса»даги конлар хазинасини очган донолардир. Уларнинг барчалари шу ерда, сенга муштоқ бўлиб турибдилар. Сен менинг кимлигимни сўрадинг. Каминанинг оти Ҳасан бўлиб, халқ Деҳлавий деб атайди».
Бу сўзни эшитгач, жисмимга иситма тушди, кўнглимни ҳам изтироб эгаллади. Узр сўраб, ҳамроҳим билан қучоқлашиб кўришдим. Йўлда борар эканмиз, Ҳасан тўдадаги шоирлар номини бирма-бир айтиб, ҳар бирларини алоҳида-алоҳида талқин ҳам қилиб берди. Уч киши мажлис раислари экан, ҳамроҳим уларнинг ишларини ҳам шарҳлаб берди. Дедики: «Ўртадаги ёқимли чеҳрали нуроний пир ҳазрати Шайх бўладилар, огоҳ бўл, ҳурматини эъзозлаб, оёғига бошингни қўй. Ўнг томонидаги донишманд унга пайравлик қилиб «Хамса» ёзган Амир Хусравдирлар. Яна бир ёнларидаги эса сенинг пирингдирлар. Уларнинг икки ёнларидагилар қавмларидир. Барчалари билан ҳурмат сақлаб кўришгил, сўзлаганингда ҳам одоб сақлашни унутмагил!»
Ҳамроҳимнинг барча айтганларини қабул қилдим. Мажлис кетаётган жойга юз қаричча масофа қолганда, базм аҳли ўринларидан турдилар ва мени кутиб олиш учун кела бошладилар. Мен ҳам қадамимни тезлаштириб уларга рўпара бўлдим. Ҳамроҳим бирма-бир ул тўдадагиларнинг отларини айтиб, кўришаётганимда ҳам ёнимда турди. Саъдий, Фирдавсий, Унсурий, Саноий, Хоқоний, Анварий... «Барча кўришганларим номларини батафсил тилга олсам, сўз узайиб кетади».
Ҳаммаларининг қўлларидан ўпиб эъзозлагач, улар мени ёнларига олиб, келган тарафларига қараб юрдилар. Супада Шайх ва унинг пайрави, яъни Низомий билан Хусрав, шунингдек, бизнинг пири маҳдумимиз ўтиришарди. Биз яқинлашганимизда, улар ҳам ўринларидан туриб биз томон қадам ташладилар. Хусрав ва пирим Шайхдан бурунроқ юриб келишарди. Мен ҳам улар томон югурдим. Пир ўз ихтиёри билан қўлимни тутиб, ҳамроҳи билан кўриштирди. Мен кўзларимдан ёш тўкиб қўлларини ва оёқларини ўпдим. Жомий билан Хусрав икки қўлимдан ушлаб Низомий сари бошладилар. Мен, ғам асири қўлимга олам тушганидан кўз ёш тўкардим. Икки қўлимга икки жаҳон кирган эди. Муборак Шайх билан кўришиб, оёқларига бошимни қўйдим, тупроғини ўпиб кўзёш селини тўкдим, буни кўриб турган тўққиз фалак менга рашк қиларди. Шайх меҳрибонлик билан бошимни ердан кўтариб қайтиб бориб ўз жойига ўтирди. Мени эса кутилмаган бахт бехуд қилиб қўйган эди. Шайх иккала дўсти билан ўринлашди, мен эса хижолатлик билан қаддимни букиб турардим. Барча гуруҳ аҳли ўз ўринларини эгаллашгач, менга ҳам ўтиришга ишора бўлди.
Шайх мулойимлик билан сўз бошлаб, аввал аҳволимни шафқат билан сўради, мен жавоб берарканман, ҳурматини қилиб ер ўпдим. Кейин яна деди: «Эй олам аҳлининг ягонаси, фалак сени эл ичра нодир айлаб, жаҳон назми соҳасида қодир қилди. Ғазал йўлида шундай юришлар қилдингки, шеър аҳлига сўз айтиш ҳаром бўлди. Назминг жаҳондаги мамлакатларни, жаҳон эмас жон мамлакатларини тутиб кетган эди, маснавийга шитоб қилиб, қаламингдан соф дурлар тўка бошладинг. Шунда ажойиб иш юз бериб, назминг эл назмига шикаст бера бошлади. Сўзда менга татаббуъ қиларкансан, неча бор илтижолар айладинг. Чунки мен «Хамса»да: «Ҳар кимки, мен билан беллашишга умид қилса, сўзим ўроғидан кескир тиғ ясаб, у тиғ олмоси билан бошига урай!» деб огоҳлантирган эдим. Кўп одамлар бу сўзларимга даъво қилмоқ учун курашишди. Шу даъво йўлида бошларини фидо қилмоқчи ҳам бўлишди. Фарзандим Хусрав Аллоҳга илтижо қилгач, у ганжлар сирини топа олди. Яна бир, икки, уч одам қийналиб меҳнат қилиб ўз насибаларига эришдилар.
Сен бу йўлга қадам қўйгач, ўзингни унутиб, бор хаёлингни шу ишга бердинг. Баланд мартабанг тоғча бўлса-да, мақсадинг олдида туфроғча ҳам бўлмади. Фарзона Жомий каби пир танлаб, Низомий цингари мададкор топиб, поклик билан бу ишга қўл урган чоғингда поклар руҳи олдингда йўл очиб берди.
Саҳар вақтларида руҳимни дуо билан ёд этмай туриб, ёзувингни бошламасдинг, фақат мени эмас, балки бор назм аҳлини пок дуо билан тилингга олиб, ҳурматинг бизларга беҳисоб бўлиб, биз ҳам сенга ададсиз мадад қилиб турдик. Бўлмаса, икки йилда бир «Хамса» тугатмоқ хом хаёлдан бошқа нарса эмас эди.
«Хамса»нгдаги бешта хазинага тўлдирилган гавҳарларни адо қилиб бўлмайди. Улардаги дуру лаъллар барча кўздан яширин бўлиб, дуридаги ипларни ҳам, лаълларидаги тешикларини ҳам кўрмоқ иложсиз. Ҳақ таборак сенга бу дурларни берган экан, умид шуки, улар муборак бўлғай.
Ҳар бир киши сен каби киришса, эвазига шундай натижага эришиши мумкин. Лекин шунча маънолар хазинасини Ҳақ яширинча сенга берган экан, қаерда шундай ҳолатга дуч келсанг, билгилки, унинг сабаби икки ишдир: бири шуки, сен ҳам илтижо қилишга эътибор бердинг, сирлар аҳли сени қабул айладилар ва рағбатлантириб туришга ҳаракат қилдилар, барчалари ҳиммат билан сенга мадад кўрсатдилар. Яна бири шуки, илму ҳунар аҳли ҳар нима қилса, лоф уради-ю, ишни мураббий қилади. Ҳунарпарвар иш буюрувчи бўлса, ҳунарманд лоф ургувчидир. Сенинг шоҳинг соҳибкамол бўлиб, олдида мулку-мол қадрсиз эди. Унга мен айтган икки иш насиб этган эди. Унинг ажойиб замонида ажойиб ишларнинг юз бериши ажабланарли эмас. Халққа чорасоз, меҳрибон шоҳ халойиқ фозили Шоҳи Ғозийдур. Тангри унинг давлатини барқарор, мартабасини етти осмондан ҳам юқори, буюк қилсин. Зеро, унинг замонида сендек киши дунёга келди. Сенинг ишинг эса одамзод қила оладиган иш эмасдир».
Сўз шу ерга етганда, мен беихтиёр ўрнимдан турдим-да, «Шоҳга ҳамду сано айтдингиз, энди давлатига ҳам дуо қилсангиз», деб илтимос қилдим.
Сирлар доноси Мир Хусравга қараб: «Сен Шоҳи Ғозийга мадҳ айтувчисан. Сўзингдан баъзи байтлар ёдидадир, асарларинг муборак хислатидадир. Сўзларингдан кўнгли таъсирланиб, нафасингдан дуо ҳам унга асар қилади. Дуо қилгинким, олимлару донишмандлар «омин» десунлар, биз ҳам «омин» дейлик», деди. Даврадаги шеър аҳлига мурожаат қилиб яна шундай деди: «Сизлар шоирсизлар, у эса хуштабъ шоҳдир. Фарзанд Хусрав дуо айласа, унинг тилакларини Ҳақ раво қилади. Барчангиз дилу жон билан «омин» денгиз. Кўздан оққан ёшларимиз билан дуо қилайлик».
Бу сўзларни эшитганлар маъқуллагач, ҳамма ҳиммат билан шоҳга қилинган дуога «омин» дедилар. Сўз устаси Хусрав ўрнидан туриб, дуосини шундай бошлади: «Ё раб, то олам бор экан, одам зоти ҳам бўлади. Тахти ҳукмига олам кириб, жинси одамнинг барчаси бандаси бўлсин. Қиёматгача давлати барқарор бўлиб, кунлари ҳамиша шоду хурсандлик билан ўтсин. Адолатидан жаҳон аҳли, хусусан, фазлу камол аҳли тинч-омон яшасин». Шундай дуо тугаллангач, барча илм аҳли қўлларини юзларига суртдилар. Аҳли савоб қилган дуони ажаб йўқки Ҳақ мустажоб қилгайдир.
Дуо тугагач, қўйнимдан «Хамса»ни чиқариб, қора тупроққа ўзимни ташлаб, йиғлаб, шундай илтижо қилдим:
«Бу зодаи хотири хастани,
Кўнгулдин такаллумга пайвастани.
Ки ҳиммат тутуб эҳтимом эттингиз,
Демасменки, мен, сиз тамом эттингиз.
Карам бирла туфроғдин ҳам олинг,
Иноят қилиб бир назар ҳам солинг.
Ки эл хотириға нузул айласун,
Улус кўнгли они қабул айласун».
Бу сўзларимни эшитган Шайх туфроғ устида ётган асаримни қўлига олди-да, Мавлавий томонга боқиб: «Сен астойдил дуо қилгин. Сўнгги фарзандимиз, билим мазраъидан ҳосилимиз сўзга моҳирдир. Булар унинг зод пайвандлари, бариси фарзандларимизнинг фарзандларидир. Санга ҳам шогирддир, ҳам мурид. Сенинг дуо қилишингга умидвормиз».
Маҳдум дуосини бошлагач, барча яна оминга қўл очдилар. Дуоси кўнглимга ёқимли, қалбимга қувончли эди. Давра аҳли «омин дейишиб, мен маҳзунни шод айладилар. Менга бундай олқиш насиб бўлгач, бу мўътабар зотларга сажда қилдим. Улар: «Шоҳингга дуо дегайсен», деб жавоб қилдилар. Бу сўздан аҳволим ўзгариб, ўзимга келдим. Қарасам, мен борган ҳужрада пирим аҳволимга ҳайрон бўлиб турарди. Гўё бу лаҳзада у эгнимдан қўлини олган ва хаёлимни шу ерга йўллаган эди. Олдида бош эгиб, кўзларимдан ёш оқизиб турардим. Пир меҳрибонлик билан: «Не аҳвол юз берди?» деб сўради. Бошимни қуйи солганча: «Менда шундай бир ҳол юз бердики, уни шарҳлаш учун тилим лолдир», деб жавоб қилдим. У дедики: «Бу дам ҳеч кимга берилмаган саодат сенга насиб бўлди. Ўрнингдан тургин-да, Тангрининг эҳсонига, беҳисоб яхшиликларига шукр қил!» деди. Мен ерни ўптим-да, ташқарига қадам қўйдим. Худди бутун олам тамоман меники эди. Мен учун «Хамса»ни тугаллаш бир томон бўлса, бу мақсад ҳосили яна бир томон эди. Охирида бу мақсудимга етказган Тангримга шукримни қайси йўл билан айтай? Аллоҳ муродимга етказган бу кунда базм тузиб, бир дам хурсандлик қилсам арзийди.
Соқий, шодлик қадаҳини тўлдир, негаки кўп фикрлашдан димоғим қуруқшаб кетди. Кўзимни шуъласи билан мунаввар қилай, димоғимни исидан муаттар қилай.
Муғанний, сўзимни тинглагин-да, ҳазин бир нағмани созлаб хиргойи қил, бир оҳанг билан шундай куйлагилки, мен бир дам ором олай.
Навоий, Тангри мақсадингга етказиб сенга ажойиб бир навони армуғон этди. Тангри шукри навосини тилингга олиб, яна наво истасанг, шукр қил!