Лайли ва Мажнун (наср) Босма

Араблар диёрида шу ўлканинг бошлиғи бўлган бир улуғ ҳукмдор яшарди. Кўпдан-кўп қабилалар унга бўйсунарди. Ҳамма унинг бахтини тилашарди. Чунки у барча бечора, муҳтож одамларга меҳрибонлик кўрсатувчи, дастурхони ҳамиша ҳаммага очиқ бўлган меҳмоннавоз киши эди. Қозони остидан олов ҳамиша ўчмасдан саҳрода адашиб қолган инсонларга кечалари юлдуз мисоли доимо йўл кўрсатиб турарди. Ҳукмдор илмни эъзозлар, доимо ўз илмини ошириб борарди. Оту туяларининг, қўю қўзиларининг ҳисобига ҳам етиб бўлмасди. Мол-дунёси мўл-кўл бўлса ҳам, унинг фарзанди йўқ бўлиб, шундан изтироб чекарди. Агар ҳаёти дарахти йиқилгудек бўлса, агар унинг ёнида бир ёш новда ўсиб келаётган бўлса, у кексайган дарахтга соя солган бўларди. Бир вориси бўлганда эди, ҳукмдорнинг мол-дунёси осмонга соврулмасди, умр қуёши сўнса, янги туғилган қуёш ўз нури билан қабилани ёритган бўларди. Шулар ҳақида ўйлар экан, Тангрига тўхтовсиз тавба-тазаррулар қилиб, ўз орзусига етказишини тинмай илтижо қиларди. Ниҳоят, унинг орзуси ушалди: Тангри унга ажойиб бир ўғил фарзанд берди. Шодликларга тўлиб тошган ота беҳад гавҳарларни сочиб, ўғли билан фахрланиб, фарзандига Қайс деб исм қўйди. Бу унинг отасининг исми эди.
Қанча-қанча доялар уни парвариш қилишга киришишди, қимматбаҳо матолар, мўйнаю пўстинларга ўраб уни бешикка ётқиздилар. Улар болани кўз қорачиғидек асрашар, бирор совуқ шамолнинг унга тегишига йўл қўйишмасди. Ойлар, йиллар ўтиб, сўзлашни ўргангач, ақлли фикрлари, доно сўзлари билан одамларни лол қила бошлади. Унинг ҳар бир сўзи элга мақбул бўлиб, дилларига ёқиб тушарди.
Унинг донолиги, дилга ёқувчи сўзлари қабилаларга тарқалиб, одамлар уни кўришга кела бошладилар. Баъзилар унинг юзига ҳайрат билан боқсалар, бошқалари сўзлари мағзини чақишга интилишар, муҳтожлар уни жонларидан севиб, тўхтовсиз дуо қилишарди. Отаси билан онаси ҳам икки ошиқ каби уни маъшуқадек кўришар, ёмон кўзлардан асраш учун уни жон пардаси билан тўсиб, кўз қорачиғларини исириқ қилишга интилишарди.
Қайснинг ёши тўрт-беш орасида экан, отаси унга таълим бериш вақти етганини англади. Ўғлини ўқитиш учун қабилалар ичидан доно бир устозни топиб келишга буюрди. Токи унинг фарзанди устоз илмидан баҳраманд бўлиб, бор илмлардан хабардор бўлсин, илму фанларни ўзлаштириб элга танилсин ва оламда баланд обрўга эга бўлсин.
Ниҳоят Қайсга таълим берувчи донишманд бир муаллимни излаб топдилар. Аммо у бошқа бир қабилада мактабдорлик қилиб, ҳар куни дарс бергани учун ўзга бирон жойга боролмасди. У қабиланинг сардори қабиладошларига ҳар ишда меҳрибонлик кўрсатувчи, юқори шон-шарафга эга бўлган ҳукмдор бўлиб, очиққўлликда қуёшга монанд эди. Аммо қаҳри келганда саҳронинг иссиқ шамоли каби раҳмсиз бўлиб, қўлида тошларни мумдек эритишга ҳам қодир эди.
Сардорнинг беҳисоб дуру гавҳарлари бўлиб, уларнинг биттаси билан алоҳида фахрланарди. Бўстонида юзлаб чиройли гуллар бўлса ҳам, улардан биттаси билан димоғи хуш эди. Учқуни шарқ қуёшидек бўлган бир машъал билан кўзи нурли, оламни равшан этувчи бир шамъдан хонадони чароғон ва чиройли эди.
Шамъею не шамъ, чашмаи нур,
Нуреки ямон кўз олидин дур.
Нахлею не нахл, сарви озод,
Сарвею, не сарв рашки шамшод.
Оею не ой, бадри толеъ,
Бадрею не бадр, меҳри ломеъ.
Шаҳд икки лаби, вале ратабнўш,
Бадр икки юзи, вале қасабпўш.
Зулфи тунида узори хуршед.
Хуршед уза зулфи шоми уммед...
... Йўқ икки сочи туниға ғоят,
Яъни ики лайли бениҳоят.
Андин бўлуб оти жилва орой,
Андоқки бароту қадр аро ой.
Кимники бўлуб демакка майли,
Малфуз ўлмай бағайри Лайли.
Отаси бу гўзал ва доно қизи учун бир уйни ясатиб, унга мактаб қилиб берган, ҳали айтиб ўтганимиз донишманд устоз унга таълим берар, гўёки фариштадан ҳур илм касб этарди. Ушбу мактабда қабиланинг кўпгина болалари ҳам таълим олишарди. Осмонни юлдузлар тўлдирганидек, мактаб ҳам болалар билан тўла бўлиб, Лайли шу юлдузлар орасидаги ойга ўхшарди.
Ўғлини ўқитиш орзусида бўлган Қайснинг отаси ҳам ўз қабиласида мактаб ва устод бўлмагани туфайли фарзандини ушбу устозга топширди. Қайс ғайрат билан таълим олишга киришиб кетди. У муаллимнинг барча топшириқларини тўла-тўкис бажо этар, ҳатто баъзи дарсларни аввалдан ўрганиб олиб, дўстларини ҳайратда қолдирарди. Баъзи кунларда беш-ўн дарс топшириқларини ўзлаштириб оларди. Шу зайлда ғайрат билан ўқиб, барча билимларда ягона бўлиб олди.
Қайс мактабга қатнашни бошлаган вақтда, Лайли бир дардга чалиниб, иситмадан азобланиб касал ётгани учун таълим олишга келолмаётган эди. Мижози иссиқ бўлган Лайли асал билан хурмони яхши кўрарди. Бунинг устига саҳронинг иссиқ ҳавоси ҳам қўшилиб, унинг иситмалашига сабаб бўлганди. Қизни иситма чоғида титраш ҳам қаттиқ безовта қиларди. Табибларнинг муолажалари ҳам фойда бермаётганди. Анча вақт ўтгач, табиатнинг ўзи мададкор бўлди-ю, қизнинг жисмидаги дард аста чекина бошлади. Табибларнинг дорулари охири фойда бериб, юзлари, лабларига қизил югурди, парҳезлардан ҳам қутулиб, қуввати ўзига келди. Тамомила соғайгач, бир куни дугоналарини эргаштириб, мактаби томон йўл олди.
Олам безакчиси унга пардоз бериб, жаҳон чиройи бўлган бу ҳусн зебига яна зеб қўшди. Зулфи «хад» сўзини ёзгандаги «дол» ҳарфига, «фам» сўзининг нуқтаси эса оғзи устидаги холга ўхшарди. Ўтдан гулистонга гул очиб, у гул билан жаҳонга ўт солган эди. Фарқи олдидаги зулфи анбарга ўхшаган қоп-қора бўлиб, гулранг ўтига анбар мисол қора тутун сочиб турарди. Юзи устидаги нақшли тиллақош бу ўт билан тутуннинг учқунлари бўлиб кўринарди. Пешонаси ҳам ўт мисоли бўлиб, оловранг лаби бу ўтнинг чўғи эди. Ҳиндуларга ўхшаш қоп-қора холи лабининг ўти ичига сув яширган бўлиб, бу, ҳаёт суви эди. Бу лаб ўтидан жаҳон куйгудек, йўқ-йўқ жаҳонгина эмас, жон куйгудек кўринарди. Ўтли икки кўзи сурмаланган бўлиб ўша ўтларга бу сурмадан тутун таралиб турар, бу ўтлар орасида юзи ғарқ бўлиб, жаҳонни ўртайдиган чақмоқ мисоли эди. Бу юз оддий чақмоқ эмас, балки офат чақмоғи ёки латофат яшини эди.
Юзи атрофидаги икки гавҳар гўё ой билан юлдуздек ярқираб турар, сочи устидаги рўмоли ноёб иплардан тўқилган бўлиб, худди висол шомидаги ойдиннинг ўзи эди. Ҳуснда оёғидан бошигача гўзал бўлиб, бошдан оёғигача маҳбуб, суюкли эди. Шундай жамоли билан жаҳонга, саккиз осмонга ғавғо солиб, бир нечта тенг қоматли, гул юзли, арғувон яноқли канизлари олдига тушиб мактабга етиб келди. Ҳамдарсларини кўриб кўнглини шодлантириш, уни кўриб хурсанд бўлган устоз болаларни озод қилиб юборса, қизлар билан гулшанга бориб ўйнаб кулиш унинг муддаоси эди. Мактабга кириб келган гўзал Лайлини ҳурмат билан кутиб олган дўстлари ниҳоятда шодланишди. Лекин бу ҳаётбахш баҳор бир ниҳолни хазон қилди. Йўқ, йўқ, у ниҳолга бошдан-оёқ ўт туташди-ю, у ўтга, алангага айланди. Яъни қизнинг ҳусни жамолини кўрган Қайснинг чеҳраси қаҳрабодек сарғайиб жисми заифлашди-ю, ҳушидан кетиш, йиқилиш даражасига етди. У ерга қулаб тушмаслик учун ўзини зўрға тутиб турарди. Соҳибжамол гўзал қиз ҳам бу маҳзун йигитни кўргач, унинг ким эканлигини фаҳмлади-ю, жонига ишқ ўти тушиб, нима қилишини билмай қолди, сўнг ўзини қўлга олди-да, икковларининг сирлари ошкор бўлмаслиги учун: «Юринглар, боққа борамиз», -  деди-ю тез-тез юриб кетди. Болалар унинг бу сўзларидан хурсанд бўлиб, унга эргашишди. Лайли: «Ким мактаб аҳли бўлса, бир кунгина даштни тарк айлаб, боғда гуллар билан гашт қилсин», -  деб таклиф қилган эди, мактабдошлар қувончи устига қувонч қўшилди. Бўлган воқеаларни кўриб турган Қайс ҳам уларга шериклик қилишни лозим кўриб, боғ томон йўл олди.
Гўзал гулшанга етиб келган болалар қувонишиб ранг-баранг гуллардан, майсаю райҳонлардан баҳра олишиб, бир-бирлари билан қувалашиб шодланишарди. Олам худди тўти бўлишни орзу этгандек, бутун ер юзини яшил рангга бўяган, сариғ гуллар устидаги тонгги ёмғир мисли олтин лаганлар устидаги дурлардек ялтирар, мевали дарахтларни безаган оппоқ гуллар кумуш тангалар ичига кўмилгандек кўринишарди. Даштдаги лолақизғалдоқларнинг барглари тўкилар экан, улар шамол эсган пайт худди учиб юрган бағри қора қушлардек парвоз этар, наргису насрин, бинафшаю ғунчалар боққа ажиб бир гўзаллик бағишлаганди. Гулшанни кезиб, турли ўйинлар билан банд бўлган болаларнинг қувончлари беҳад бўлиб, шўх овозлари янграшдан тўхтамасди. Улар ғунчалар орасида завқланишар экан, Қайс билан Лайлининг ғунчадек юраклари безовта эди. Қалбини ишқ ўти банд этган гўзал қизнинг хаёли паришон бўлса, Қайс ақлу ҳушидан айрилгандек беҳол бўлиб, ўртоқларининг берган саволларини тушунмас, англаб етган чоғда эса нима деб жавоб беришга ожизлик қиларди. Ўз ишқини яшириш учун интилар экан, гоҳ кўзидан тинмай ёш оқизар, гоҳ беихтиёр оҳ тортар, севгилисига боқишни истар экан, дилидаги ўт кучлироқ алангаланар, боқишга қуввати, боқмасликка эса тоқати йўқ эди. Баъзида кўз қири билан боқиб қолса, жонидан ўтли оҳ чиқарди.
Лайли ҳам гоҳида Қайс юзига назора қилар экан, унинг юрагига тушган ўтдан огоҳ бўлиб, жисмидан ўрин олган изтиробларини англаб етар экан, ўз қалбидаги ишқ оловидан ўртанар, болаларга сездирмай, бир фурсат топиб, йигит аҳволини сўраб, унга илтифот қилишни, айни вақтда ўз кўнглидаги ишқ дардини изҳор этишни жуда-жуда истарди.
Болалар ўйин-кулги, гулларни томоша қилиш билан банд экан, Лайли сайр қилиб юриб, бир гул чамани олдидан чиқиб қолди.
У чаманзорнинг тўрт томони гул буталари билан тўсилган бўлиб, ичкаридаги одам кўринмасди. Гўзал қиз ўша буталар орасига кириб қолган эди, бир булбули зорнинг тиканлар орасида маҳзун ўтирганини, ўз аҳволига зор йиғлатаётганини, ёрига етишаолмаслиги ҳақида афсус-надомат чекаётганини кўрди. Лайли хижолат чекса ҳам, Қайсга мурожаат этди:
«К-эй турфа йигит, не ҳолатинг бор,
Не навъ ғаму малолатинг бор?
Ким шодлиғинг йўқ ўзгалардек,
Ободлиғинг йўқ ўзгалардек.
Ашобға майли боғу гулзор,
Ҳам тан санга решу, ҳам кўнгул зор.
Сен нола қилиб ғамин недин сен?
Ашкинг оқизиб ҳазин недин сен?
Ишрат чоғи меҳнатинг не яъни?
Шўробаву ҳасратинг не яъни?
Бу ғам сенга қайдин ўлди ҳодис,
Ким бўлди бу шиддатингға боис?»
Қайс бу гўзал дилбар ўз аҳволи сабабини сўрагач, кучли бир оҳ тортди-ю, унинг ширин сўзларидан лол бўлганича, юзига ўз ҳолатини қон ёшлари билан ёзди. Йўқ, йўқ, тили билан шундай шарҳ айлади:
«Эй жонимга ҳайрат ўтини солиб, бир кўришдаёқ кўнглимни олган, жамолидан чақмоқ сочиб, вужудимни ўт ичига ғарқ қилган, зулфини очиш билан қароримни олиб, рўзгоримни қора қилган, аввал афсона айтиб кўнглимни хароб айлаган париваш! Қилган ишларингни яшириб, мендан сўрашинг нимаси? Бошқалар сезиб қолмаслиги учун бу хил ўйин қилмоғинг нимаси? Бу азоб-уқубатларни менга етказган ўзингсан-ку! Бу туҳматни кимга қилай?
Кўнглимни яширинча олдингу, мен уни сендан қайтариб ололмаяпман. Сен эса ўзингни соддаликка олиб, лабларинг афсона сўзлаяпти. Жонимни ўтга ёққанинг етмаганидек, бундай сўзлар айтишингга ҳожат йўқ эди. Ўт устига ёғ қуймоғинг, куйган ярамга доғ қўйишинг не эди?» Шу сўзларни айтган Қайс беҳол бўлиб ҳушидан кетди.
Лайли эса ошиқ йигит бошини қўйнига олиб, унинг юзига кўз ёшларини сочиб, севгилисига ачинганича, Қайс юзига баъзан гулоб сепиб, уни ўлдириб қўйдим, дея йиғлаб, мотам тутарди.
Лайлини қидириб бу ерга келиб қолган бир-икки дугонаси бу воқеани кўргач, олам кўзларига қоронғу бўлиб, «Бу қандай ҳол бўлди?» -  деб қўрқувга тушдилар. Гўзал дилбар ўзига келгач, бўлиб ўтган воқеадан уларни хабардор қилди-да, ўз дардига чора сўради. Канизаклардан бири Лайлига ҳамдардлик билдириб: «Ғам емасанг ҳам бўлади, ҳеч ким ишқ ўтидан ҳалок бўлган эмас. Сен бу йигитни бизга топширгин-да, тезлик била қабилага қайт. Токи одамлар бу ишдан огоҳ бўлишмасин. Биз бирон чорани ўйлаб топармиз», -  деди. Лайли улар айтганича кўнглини ўша ерда қолдириб, уйи томон йўл олди. Канизаклар Қайснинг дўстларини топишиб, уларнинг меҳрибонлик кўрсатишига ишонч ҳосил қилгач, ўзлари ҳам уй томон йўл олишди.
Бу қоронғу кечани юлдуз гуллари гўё бир гулистонга айлантиргач, баҳор гўзали бўлган Лайли ичи қонга тўлиб тез-тез юриб ўз қабиласига етиб борди, лекин ғунчадек қалби ошиқ йигит аҳволидан ташвишда эди. Бу пайт Қайс ҳушидан жудо бўлганича тупроқ мисоли ерда ётар экан, жисмида руҳдан асар ҳам йўқ эди. Ярим кечаси ёқимли шамол чаманзор бўйлаб сайр этар экан, гуллар атри димоғига етиб, ғариб йигит кўзини очди-ю, ўзининг чаман ичида, сарву гулу ёсуманлар орасида ётганини кўрди. Булбул унинг аҳволини кўриб боши устида сайраб турар, гул ҳолатига назар ташлаб гулранг ёқасини пора қилган, наргис шабнамдан кўз ёшини тўкиб тинмай йиғлар, айрилиқ дарди доғини кўриб турган лола кўксида қора доғ пайдо бўлганди. Дили яраланган бинафша ғам чекиб устига мотам либоси - кўк кийим кийиб олган, бу азадан хабар топган дарахтлар осмонга бўйларини чўзиб мотам байроғини тиккан каби ғам чекишар, сув мотам тутиб оқар экан, овоз чиқариб йиғлаб борарди. Сарву шамшодл
ар ҳам йигит ҳолига чидай олмай изтиробда қолишган, «Ишқ уни бежон қилди» деб билган чирмовуқ гул ўз-ўзига чирманиб олган, сабза-кўкатлар ўзларини тилга айлантиришиб, Қайс ғами ҳақида афсона тўқишарди.
Ошиқ йигит буларнинг аҳволига назар ташлар экан, ўлишдан бошқа чора тополмасди. Атрофида бирон дўсти кўринмас, ичидаги ўт уни азоблар, қошида севгили ёрини, дўстларини тополмай дилида дард тўла эди. Қуёш ботиб оқшом тушганда ҳам ҳажр ўтида ўртаниб ғам-алам чекар, лекин дардига даво тополмасди. Шунда кўз ёшларини тинмай тўкиб, кўйлакларини пора қилиб, фарёд урди, оҳидан осмон қоронғу бўлиб, фалак кўз ёшларини тўка бошлади...
Либослари қизил қонга бўялгач, осмонга унинг оҳидан қуюқ тутун етишди. Йўқ, йўқ, бу унинг ўртанаётган жисми сомонининг тутуни эди. Бу оҳ етган осмонда гоҳ шуъла, гоҳ тутун пайдо бўлар экан, ундан жаҳонни сомон ўти тутуни қоплаб, фалаккача етиб борар ва осмонлар кўзини ёшга тўлдирарди.
Қайс ўз юзларига шунча шапалоқ урдики, заъфаронмисол чеҳраси кўкариб кетди. Бундан кўнгли озор топиб, кулиш ўрнига йиғлай бошлади. Кўксига фироқдан тош уриб, ёрига муштоқликдан бошини ерга урарди. Дарду аламлар унинг кўнглига сипоҳлардек ҳужум қилар экан, оҳи ўти уларнинг байроқларидек кўкка кўтариларди. Бу сипоҳлар Қайс ичига ўт солиб, кўнгли мамлакатини пайхон қилиб тепкилар, бу сипоҳлар сал узоқлашгач эса янги бир бало аскарлари етишиб, у мамлакатни ер билан яксон этарди. Ошиқ ҳажрга мубталолик туфайли шундай азоблар чекар экан, тонг қуёш ўтини пуфлади.
Кўк гулшани гуллари тўкилди,
Гулларки тўкилди, ғунча кулди.
Кўк боғида гуллар ўлди нобуд,
Ер боғида гуллар ўлди мавжуд.
Ул боғда ҳарнеким сочилди,
Гўёки бу боғ аро очилди.
Бедил кўрибон ёруғ жаҳонни,
Чекти яна оҳ ила фиғонни.
Бошида ғам чекиб турган гулга боқиб «Қани у шакарханд гул, сенинг юзинг ёрим чеҳрасига ўхшар экан?» деб хитоб қилди. Ғунчага боқиб, уни севгилиси оғзига ўхшатолмади. Сарв оёғига юзини суриб: «Бу унинг тик қадди бўлмаса ҳам ёрим қадди-қоматидан нишон беряпти», -  деб оҳ урди. Гоҳида бинафшага ўз меҳрини кўрсатиб, олдидан бош кўтармай ёри атрини излар, гоҳ сабза-ўтларга юзларини суртиб «гулшанда юрган чоғда гул юзли ёрим оёғи сенга теккандир» дея фиғон чекар, наргис кўзи дилдори кўзларини ёдига туширганда, йиғлаб, озор чекар, беморлардек тани заифлашарди. Тупроқда Лайли оёғи изларини кўрганда, Қайс уларни иккала кўзи билан беркитиб, «Бу ерга ёрим оёғи етган экан, тупроғини сурма этган экан», -  деб оҳ урар, гоҳида сувдан белги сўраб, кўз ёшларини сувдек оқизиб: «Чаманда ёрим кезган чоғда унинг акси шу сувга тушган», -  дея фиғон қиларди.
Булбул билан суҳбатлашиб фиғони унинг навосини босиб кетар экан, Қайс унга мурожаат этиб: «Сенинг нола чекишингга сабаб йўқ, ахир сен ёринг висолидан хушнудсан, гўзал гулшан -  сенинг масканинг, гул бутаси -  маконинг. Гуллар билан доимо суҳбатдасан. Ёки ёр висолидан безор бўлдингмики, шомдан саҳаргача элга овозингдан озор бериб, ўз ошиқлигингни ошкор қиласан. Сен висол аҳлисан, шунинг учун ҳажр аҳли қошида беҳуда сўзлар айтишдан тўхта. Мана мен дардли, юраги жароҳатланган, ёр висолини излаб, тополмаётган ошиқман. Жисми зорим ғам ўтида ўртанмоқда, жон каби сарви гул узорим йўқ, сен нола чекаверма, нола чекиш менга муносиб. Сенинг олдингда висол боғи бўлса, менинг бағримда эса фироқ доғи; сенинг ёнингда гули баҳори бўлса, менинг кўнглимда фироқ тоши бор».
Шундай деб Қайс яна ҳушидан кетди-да, оҳ тортиб жони чиққандек ерга йиқилди.
Қизлар Қайсни бир дўстига топшириб кетишганди. У бир гул бутаси ортидан дўстининг аҳволини назорат қилиб турар экан, унинг ҳолатини англаб етди-да, қабила томон йўл олди. Тез-тез қадам босиб, қабилага етиб келиб, ҳамма ҳаяжонда эканини кўрди. Чунки Қайс ўша тунда уйига қайтмаганидан огоҳ бўлган ота-онаси уни қидириш учун ҳар томонга одамлар йўллашган эди. Қайснинг дўсти бўлиб ўтган воқеаларни сўзлаб бергач, ҳамма йигит ётган жойга шошилди. Кўйлаклари пора-пора бўлиб, тупроққа беланиб, ишқ азобидан беҳуш ётган Қайсни кўрган қабила аҳли туя устига кажава ясаб, уни ўз манзили томон олиб кетдилар.
Қайс ўз бошига тушган савдолардан бехабар, ҳушсиз ётарди. Бир замон ўзига келиб, кўзини очди-ю, ғамга тўлган, худди мотам тутишаётгандек изтироб чекишаётган ота-онасини кўрди. Отаси меҳр билан пешонасидан ўпди, онаси эса бошида парвона бўларди. Бу воқеаларни англаб етган Қайс хижолат ичида қолди. Уялганидан юқори боқа олмасди. Отаси билан онаси ўғилларининг бу ҳолатини кўриб, унга насиҳатнамо сўз дейишдан ҳам ҳайиқишарди. «Агар унинг бу аҳволи сабабини суриштиришга тушсак, хижолатдан нобуд бўлиши ҳам мумкин. Яхшиси, бўлиб ўтган воқеаларни унутсин», -  деган хулосага келдилар. Барча уй-уйига тарқалар экан, бир-бирларига турли фикрларни билдиришар, бири: «Ажойиб ҳолга тушибди», деса, бошқаси «Қизиқ хаёл юз берибди», деб сўзларди.
Қайс уйида якка қолгач, юз берган воқеалар ҳақида ўйга ботди, ўз бошига тушган кулфатга чора излаб тополмасди. Севгилисини излаб водию тоғлар томон йўл олай деса, ота-онасининг яна оғир дард чекишини ўйларди. Оқшом тушгач, ишқ ўти унинг ихтиёрини қўлидан олди-ю, Лайли ғами ота-онаси ҳақидаги ўй-фикрларини ҳам ёдидан чиқарди, ўзини севган кишиларнинг ҳолини ҳам унутиб, маҳбубаси уйини излаб йўлга тушди. Эс-ҳушини унутиб, беихтиёр, маст одамлардек йиқилиб-туриб борар экан, кўз олдида қабила ўти пайдо бўлди, уни кўриши биланоқ изтироби қўзғалиб, оташин бир оҳ урди-ю, тутун мисоли ўт томон йўналди. Аланга олдига етиб борган Қайс унга қараб хитоб қилди: «Эй ҳижрон тунида ишқ юлдузигина эмас, ишқ гавҳари бўлган аланга, сен шодлик машъаласи, гавҳари шабчароғсан... Ғам шомида қўлимдан тутиб, ҳижрон тунида кўзимни ёритдинг. Сенинг мақтовингни қандай айта олай, шукрингни қайси тил билан баён қилай? Ой билан кун сенга икки манқал -  оташдон, ўтининг уд билан сандал бўлсин. Ҳамиша шундай меҳрибонлик қилиб, жаҳонни ёритавер!»
Қайс бу сўзларни айтиб тугатган ҳам эдики, ит овози эшитилди. Буни эшитган ошиқ йигитнинг жисмига кучли бир алам, кўнглига изтироб тушди. Ўша итдек фиғон чекди-ю, карвондан қолиб кетган одам ўз дўстларини бор овози билан чақираётгандек, овоз келган томон югурди. Унинг тилида эса шу сўзлар янграрди: «Эй ҳазин овозинг жонга хушхабар еткизувчи, руҳим озиғи бўлган жонивор, сен ғам туни вафо кўрсатувчи, йўлдан адашганларга раҳнамолик, йўлбошловчилик қилувчисан. Жоним аёғларинг фидоси бўлсин. Мен ўз мақсадимга эришолмай юрган бўлсам, сен ўша жойнинг посбонисан. Сен билан мен икки дўстмиз, лекин мен хор эсам, сен мукаррамсан. Сен ёр эшигида шоду масрур бўлсанг, мен ундан маҳрум бўлган ғарибу маҳжурман. Сен унинг кўчасида истаганингча ҳар томонга сайр қила оласан, менинг кўзларим эса фақат биёбонни кўради, холос. Сен ёрим кўчасида тошга бош қўйиб ётсанг, менинг бошимга маҳбубадан айрилиқ тоши ёғилгани ёғилган. Сен вафода ҳам, садоқату сафода ҳам мен
дан ортиқроқсан. Шундай бўлмаса, нега фалак мени хор этди-ю, сени ҳурматга сазовор этди? Қонхўр сипеҳр сени муҳтараму мени хор қилгани шукронаси учун фиғонингни мендан яхшироқ созлаб, баъзан мен учун ўша остонани ўпиб қўй!»
Ит билан шу тарзда суҳбатлашгач, кўзи олдида Лайли қабиласи пайдо бўлди. Қабила қорасини кўрган Қайс ичига заифлик юзланиб, юришга мадори қолмади, қадам ташлашга ҳар қанча ҳаракат қилмасин, оёғи чирмашиб йиқилиб тушди. Бир неча бор йиқилиб, бир неча бор турди, гўё ҳар йиқилиши ер ўпиш учун бир баҳона эди. Шу тарзда йиқилиб, туриб қабилага етиб келди-ю, жони оғзига етиб, ҳушидан кетди. Гоҳ ҳушида, гоҳ беҳуш бўлиб, қабила атрофида айланар, ҳар лаҳзада жонни куйдирувчи ўтли фиғон тортарди.
Юқори мартабали араб қизи Лайли ҳам Қайсга мубтало бўлганди. Кўнглидаги яширин сир дардини тортиб кечаларни уйқусиз ўтказар, туну-кун унинг хаёли билан банд бўлиб, муроди Қайс висолига етишиш эди. Ошиқ йигит унинг қабиласига етиб келган кечада унинг ҳам кўзига уйқу келмай ҳижрон аламини тортиб ўтирар экан, қулоғига мунгли, ҳазин бир овоз эшитилди. Бу овоздан ичига ўт туташиб, кўнглига изтироб тушди. Оромидан айрилиб, ўрнидан турди-да, эшикдан ташқари чиқди. Қабила аҳлининг барчаси уйқуда эди. Ишқи йўқ одамларнинг мақсади уйқу бўлса, ишқ аҳлига уйқу ҳаромлиги аён-ку!
Лайлининг ҳолатини кузатиб ётган доя, қизнинг муҳаббат ўтида қоврилаётганидан воқиф эди. У Қайсга ҳам меҳрибон бўлиб, жон фидо қилишга ҳам тайёр эди. Қайс мактабда ўқир экан, бу аёл уни ҳам оналарча яхши кўрар, Қайс ҳам ўзини унга фарзанд каби тутарди.
Лайли уйидан югуриб чиққанида, доя ҳам соядек унинг кетидан эргашди. Ишқ ўтида қоврилаётган Лайли ўз севгилиси турган ерга етиб боргач, бир-бирини кўрган ошиқ билан маъшуқа шундай бир оҳ тортдиларки, ўтларидан жаҳон ёришиб, хирмонларига шуъла тушди. Ҳуш хирмони кул бўлгач, иккала ҳушсиз беҳуш бўлиб йиқилди.
Доя бу пок ишқни кўриб, дили ўртанди. Уларнинг беҳуш ётишини кузатар экан, Қайс билан Лайли ўз ҳушида бўлганида ҳам бир-бирларига дил сўзларини айтаолмасликларига ишонди. Сўнг ҳар иккаласига боқиб, аччиқ-аччиқ йиғлади-да, буларнинг иккаласи ўзига келгунларича бирон кимса кўриб қолса, иккови учун ҳам яхши бўлмаслиги, ҳатто икки ёш ўз муҳаббатлари йўлида ҳалок бўлишлари ҳам мумкинлигини англади. Сўнг Лайлини қуёшни чарх золи кўтарганидек, елкасига олиб, қаддини эгганича олиб келиб ўрнига ётқизди. Доя яна ортига қайтиб, Қайс ётган ерга келди-да, онаси каби жони куйиб, гоҳ судраб, гоҳ кўтариб қабиладан узоқроқ, элнинг ваҳму гумонидан четроқ жойга олиб бориб, бирон газанда тегмайдиган бир ерга ётқизди-да, Лайлининг олдига шошилди ва унинг ёнига ётиб уйқуга кетди.
Қайс кечаси Лайли қабиласи томон йўл олиб, у ерда айтиб ўтилган воқеалар юз берган чоғда кундузи ўз манзилида ўтирган йигитнинг ногоҳ ғойиб бўлиши унинг қабиласи аҳлини яна ташвишга солди. Отаси билан онаси яна йиғлашга тушишди, ҳар томонга одамлар юбориб, унинг бирон белгисини топишни буюришди. Унинг Лайли қабиласи томон кетган изларини кўришди-да, қабилага етиб боргач, у ердан иккита оёқ изи чиқиб келганини аниқлашди, бу излардан бориб уч киши учрашгач, иккитаси ерда ётганини, бир ётган одам судралиб биёбон сари йўл олганини, яна бир ётган одам пари каби йўқ бўлиб қолгани, яна бир из қабила томон кетганини кўришди-да, судралган из билан йўл тутиб, Қайснинг қумларга кўмилиб ётганини, шамол эсиб, унинг жисмини қум билан кўмиб юборганини билишди. Қайс бошдан оёғигача тупроққа кўмилиб ётар, у билан ўлик орасида фарқ қолмаганди. Қабила аҳли бу ҳолни кўриб, ёқаларини йиртишди, боши устида зор йиғлашар, уни ўлдириб кўмиб қўйишган, деб ўйлашиб, тупроқни очиб, ўз бошларига тупроқ сочардилар. Баъзан-баъзан нафас олаётганини сезиб қолишгач, шукр қилишиб шодландилар, сўнг уни бировга кўтартириб тезлик билан қабила сари йўлга тушдилар. Қайснинг аҳволини кўрган отаси йиғидан беҳол бўлиб қолди. Онаси фиғон чекиб, кўзидан тўкилган қонли ёшлари юзини юварди.
Қайс ҳушига келгач, барчанинг олдида бошини қуйи солганича, индамай турарди. Одамлар чор атрофидан уни маломат қила бошладилар. Бири: «Санга бу қандай ҳавас бўлди?» -  деса, бошқаси: «Ҳавас бўлса ҳам етар энди!» -  деб насиҳат қиларди. Ҳар бир насиҳат унга қон тўкувчи бир найзадек, девоналар бошига отиладиган тошлардек туюларди. Бирови: «Унинг қулоғига насиҳат керак!» -  деса, бошқаси: «Унинг оёғини занжирбанд қилиш даркор», -  деб сўз қотарди.
Ўша кун шундай сўзлар билан кеч бўлди. Лекин ошуфта, ошиқ йигит бундай гап-сўзларга заррача эътибор бермас, улардан хафа ҳам, хурсанд ҳам эмасди. Олам ўзининг кун чироғини яширгач, тун Қайснинг димоғини яна безовта қила бошлади. Эл уйқуга ётар экан, ишқ уни уйда дилтанг қила бошлагач, у сакраб туриб қабиладан тезлик билан чиқди-да, дилбари манзили томон югуриб кетди.
Эртасига эрталаб унинг зору нотавонлари яна ҳар томонга йўл олишиб, фиғон қилишиб, уни олдингидан ҳам зору маҳзун ҳолда, дарду ғами эса бурунгидан ҳам кучайган бир ҳолатда топиб келишди. Ҳар тун Қайс шу тарзда қочиб кетар, қабила аҳлининг қилар иши уни қидириб топиш бўлиб қолди. Бу ишлардан элнинг сабру тоқати тугаб, ота-онаси-ю қариндошлари нима чора қилишни билолмай қолишди. Қайснинг аҳволи борган сари оғирлашиб бораркан, унга насиҳат қилувчилар ҳам тобора забунроқ бўла бошладилар. Йигитнинг эс-ҳуши тобора заифлашиб, девоналик қилиқлари кучайиб борарди. Болалар унинг кетидан тинмай югуриб, «Мажнун» деб бақиришар, у эса бунга парво қилмай, ҳар бир саволларига жавоб берарди. У қаерга борса, эл «Мажнун келди», «Мажнун келди» дея қичқиришарди. Қайс эса от нима эканини ҳам, ўз отини ҳам, қабиласи-ю қардошларининг отини ҳам унутган бўлиб, «Лайли» деган номнигина англарди. Ҳамиша «Лайли!», «Лайли!» деб чақирар, одамлар эса унинг ўзини «Мажнундир бу, ушбу Мажнун» деб хитоб қ
илардилар. Шу ҳолатда ҳар тонгда ва ҳар оқшомда Лайли қабиласи томон йўл олар, қабила атрофини бир неча марта айланиб чиқар, аввал қадам қўядиган жойига бош қўйиб, кейин эса кўксига тош урар, қабилани ҳар сафар айланар экан: «Қоним тўкилса, қабиласига жоним садқа», -  деб сўзлар, кейин кўз ёшларидан сел тўкиб, саҳро томон йўл оларди.
Мажнун ҳақидаги гап-сўзлар эл ичида афсонага айланиб, бутун Араб мамлакатида машҳур бўлиб кетди. Ҳар кимсанинг тилида Қайс ишқи ҳақидаги ҳикоя эшитиларди. Лайли отасининг бир-икки меҳрибон кишиси унга бу воқеаларни сўзлаб беришди. «Омир қабиласида Қайс деган доно, ақлли бир йигит бор эди. Эшитишимизча, ҳозир эс-ҳушини йўқотиб ҳамиша даштда оҳ-фарёд уриб кезиб юрганмиш. Паришонлигининг, девоналигининг чегараси ҳам йўқ эмиш. Дейдиларки, унинг бу аҳволига бир ҳурсифат гўзал ишқи сабаб бўлганмиш».
Лайлининг отаси бу сўзларни эшитиб ғамгин бўлди-да, бармоғини тишлаб: «Бечора! У йигитни кўплар таъриф қилиб гапиришарди. Қобилиятли, доно, покиза йигит деб мақташарди. Ақли комил, гап-сўзлари ёқимли бўлгани учун менга ҳам маъқул эди у. Отасининг ҳоли қандай экан? Бечора онаси ғам-аламда азоб чекаётгандир. Унинг изтиробларига қайси қиз сабаб бўлган экан? Қайси бир гул уни бунчалик ташвишга қўйибди, қайси сарв унинг йиғисига боис бўлибди? У гўзал қайси қабиладан экан?» -  деди. Сўз бошлаган киши жавоб бериб: «Эй муҳтарам зот! Сўраётганинг учун бор ҳақиқатни айтишим зарур. Одамлар у йигитнинг кўнгли шу қабилага мансуб гўзалда бўлса керак, дейдилар. Уларнинг бу хил сўзларига анчагина далиллар ҳам бор. Бу даштда қабилалар кўп бўлса ҳам, унинг кўнгли биронтасига мойил эмас. Лекин ҳар саҳар ва ҳар шом пайти у ушбу қабиладан ором топади. Жонининг қибласи ҳам, жону жаҳони ҳам шу қабила. Унинг ор-номус манзили мана шу уйдир. Ҳамиша одоб билан сўзлайдиган бу йигит яхши
шеърлар ҳам ёзади. Назмида биргина исмни тилга олади. Бу исмни аташдан ожизмиз. Биз билганларимизнинг барини айтдик. Бу иш ҳақида қандай фикрга келиш ўзингга ҳавола».
Лайлининг отаси гап нимада эканини англаб етди, алам билан бир тўлғаниб олиб, бошини ушлаганича бир замон ўйланиб қолди, лекин яхши ҳам, ёмон ҳам сўз демади. Анча пайт чуқур ўйланиб, сўзловчига шундай деди: «Тезлик билан бориб Омирийлар сайиди-қабила бошлиғига шу сўзларимни етказ: «Бу хил гап-сўзлар бизга ҳам, сенга ҳам муносиб эмас. Одамларнинг айтишларича, сен бор гапдан хабардор бўла туриб, шу чоққача ўғлингнинг жиннилигини тўхтатиш учун бирон чора кўрмабсан. Ким жинниликка юз тутса, унинг бирдан-бир давоси занжирбанд қилишдир. Сен менинг обрў-эътиборимни, араблар ўртасидаги мол-дунёю шавкатимни билмайсанми? Ўғлингга ҳам, сенга ҳам нимани истасам қила оламан. Лекин сен бўлаётган ишлардан яхши хабардор бўлмаганинг учун ҳалигача чора кўрмагансан, деб ўйлайман. Энди ҳамма гапдан огоҳ бўлдинг, тезда бирон тадбир билан аҳволни тузат. Бундан кейин фарзандинг ўз ишида давом этадиган бўлса, аввал уни ўлдираман, кейин сенга қаҳрим қудратини кўрсатиб, қаб
илангни бу даштдан йўқотаман!» Юборилган одам Қайснинг отаси олдига етиб келиб, унга ўз амирининг топшириғини тўла-тўкис етказди. Тингловчи жавоб учун сўз тополмади. Бу хил муомала уни қаттиқ ранжитган бўлса ҳам, бошқа чораси йўқлиги туфайли, барча сўзларни қабул қилди. Хабар етказган одам ўз манзилига жўнаб кетгач, бу қабила ташвиш ичида қолди. Барча одамлар саҳрога ёйилиб, Қайсни излашга тушишди. Уни қумлар ичида, худди қароқчи тунаган кишидек ётган ҳолда топдилар-да, ихтиёрига қарамай уйга олиб келиб, занжирлар билан боғлаб ташладилар.
Қўл-оёқлари кишанланган телба йигит бир неча кун гоҳ баланд, гоҳида паст овоз билан фарёд қилиб, кундузлару кечаларни овқатсизу уйқусиз ўтказди. Кўнгли ғам ханжаридан ярали, яралигина эмас, пора-пора эди. Ишқ изтиробида чексиз жафо чекаётган йигитни даволаш учун отаси турли табибларни чақирар, ишқ балосидан бехабар ҳакимлар гоҳ насиҳатомуз фикрлар айтишар, шарбат ичишни, йиғламасликни маслаҳат беришар, гоҳ ёғоч билан калтаклашар, Қайс эса бу ишлардан кулгиси қистаб, гоҳида ўз кулгусидан хижолат чекиб кўз ёшини тўкар экан, бедард ҳакимлар унинг аҳволини англай олмай, баъзида тиғ билан даволашни афзал кўриб, жисмини ҳар тарафдан кесишар, Қайс эса гоҳ беҳуш, гоҳи ўзига келиб, кўзларидан гоҳ сув, гоҳ қон тўкарди.
Бир неча вақт шу тарзда ўтди. Қайснинг аҳволи тобора оғирлашиб борарди. Бир тун ниҳоят қоронғу, худди кун хазинасини аждаҳо ютгандек бўлди. Шу кеча ҳижрон тунининг асири бўлган Мажнун ўз аҳволи ҳақида ўйланиб қолди, ғам чақмоғи унинг вужудини кул қилиб, фарёд ура бошлади: «Бу дунёга келмасам ёки вужудим йўқ бўлиб кетса бўлмасмиди? Мен хастани оламга келтиришдан қазонинг мақсади нима экан? Жисмимга руҳ йўлдош бўлганда, туғилган заҳотиёқ ўлиб кетсам кошки эди. Ишқдан алам етмай туриб икки кўзим кўр бўлса қани эди? Гадолик қилиб эшикма-эшик юриб бир луқма овқатга зор бўлсам, очликда ўлиб кетсам бу машаққату балоларни кўрмаган бўлардим-ку! Ҳозир эса мен ожиз бир хасман, жисмим эса хасча ҳам эмас. Бу ҳолда умр кўргандан кўра дашту тоғларда сарсон юриб, тоғ устида нола урсам, чўлларда югурсам кошки эди! Қайғу кўнглим уйини зиндонга айлантирди. Эшиги ҳам, туйнуги ҳам очилмайдиган бу зиндонда таним маҳбус. Ичкаридаги уйларда эса фурқат ўти янада кучлиро
қ. Бу ўтлардан ичим изтиробга тўлди.
Кулбамдаву масканимда бу ўт,
Жонимда бу ўт, танимда бу ўт.
Ўт ичра бировниким солурлар,
Бандини оёғидин олурлар.
Ўт банд ила бўлди жилвагоҳим,
Мундоқму азим эмиш гуноҳим?»
деб нола қиларкан, ҳар томонга талпинаркан, унинг заиф жисми, кучсиз қўлу оёқлари бир-бирига урилиб, жон ипларига шундай куч бағишладики, боғлаб қўйишган ёғоч, оёғидаги темир бандлар синиб кетди. Улардан қутулган Қайснинг кўнгли таскин топди, оёғи, икки қўли ва бўйнини занжирлардан халос кўрган йигит юз шукр қилиб, ерга бош қўйди ва кўзларидан шодлик ёшларини тўкканча аста туриб эшикни очди-да, бор кучи билан югуриб кетди. Шу югурганича одамларнинг оёғи етмайдиган бир даштга етиб борди.
Лайли ўша оқшом боғдан қайтар экан, чеҳрасидан оламга гуллар сочилиб, юзидаги терлари ерга гулобдек томарди. У гул билан гулоб ишқ ўти туфайли янада гўзалроқ тус касб этган. Ҳар бир қадам босишида юз латофат кўзга ташланарди. У гўё сарв устида гул барги манзил тутгандек гўзал кўринар, юзу жамолини таърифлашга сўз топиш қийин эди. Лекин ишқ ғамидан ташвишланган, паришон бир ҳолда уйи томон борарди.
Шу пайт йўлда уни арабларнинг энг обрўли кишиларидан бири бўлган бир ёш йигит кўриб қолди. Барча айблардан холи бўлган бу кимсанинг номи Ибни Салом бўлиб, оти, қўйлари сон-саноқсиз эди, тоғ билан тенглаша оладиган туялари бутун саҳрони тўлдириб юборганди. Мол-дунёси сонини ҳеч ким билмас, ҳар қандай қийин ишни ҳал қилиш унга осон эди. Париваш гўзал қизни кўриб қолган Ибни Саломнинг жонига ишқ ўти тушди. Ўз муддаосига етишни пайсалга солмайдиган одам бўлгани учун унга уйланишга аҳд қилиб, қабиласига етиб бориши биланоқ имкони борича кўпроқ совға-салом тўплади-да, бир нечта обрўли, донишманд кишиларни йиғиб, ўз муддаосини баён қилди. Улар Ибни Салом сўзларини маъқуллашгач, барча совғаю хазиналарни юклаб, Лайли қабиласи томон йўл олдилар.
Лайлининг отаси бу сўзлардан хабар топгач, севиниб кетди. Чунки у Ибни Саломни олдиндан яхши танир, у эс-ҳушли, молу дунёси сероб одам бўлиб Бани Асад қабиласининг волиси -  бошлиғи экани, у қабила аҳлининг барчасида қанча мол бўлса, Ибни Саломники ундан юз карра ортиқлигини ҳам яхши биларди. Шу туфайли меҳмонларни эҳтиром билан кутиб олиб, жон-дили билан мезбонлик қила бошлади. Меҳмонлар бу ҳурматни кўриб ниҳоятда шодланиб кетишди, олдин олиб келган совға-саломларни топширишиб, кейин асосий муддаога ўтиб, Ибни Салом мақсадини баён қилишди.
Лайлининг отаси уларнинг сўзларини фикрлаб кўрди-да:
«Ул қилса ўғуллуғум ҳавоси,
Бўлғаймену мен доғи отоси.
Дуррум анга зеби торак ўлғай,
Иншооллоҳ муборак ўлғай.
Лекин анга сабр ҳам керакдур,
Ким шохи гулум шикастаракдур.
Ҳам наврас эрур бу нахли уммид,
Яъники, ҳилол эрур бу хуршид.
Ҳам табъида қолмасун малоли,
Ҳам сарвға етсун эътидоли.
Андин сўнг бу хужаста фарзанд
Не комки бўлмиш орзуманд,
Келсун доғи жоми васл этиб нўш,
Сарв ўлсуну гул била ҳамоғуш»
деб жавоб қилди. Барча меҳмонлар шодланишиб уйларига равона бўлдилар.
Бу дам Лайли уйда бетоб ётар экан, аҳволи кундан-кун заифлашиб борар, лекин юрагидаги ишқ ўтини ҳеч кимга ошкор этмай, боққа сайр қилгани борганида чарчаб қолганидан беҳол бўлгани, иситмага чалинганини ўз дардига сабаб қилиб кўрсатарди. Кўпчилик қариндошу дўстлар бу сўзларга ишонарди. Лекин баъзилар унинг беморлиги бошқа бир яширин бало эканини билишиб ғам чекишарди. Қизнинг заифлиги боисидан яхши хабардор бўлган доя ва баъзи дугоналари Лайли Ибни Салом ҳақидаги гапларни эшитиб қолса, аҳволи янада ёмонлашиши мумкинлигидан хавотирланишарди. Шунинг учун тўй ҳақидаги гапларни ундан яширишар, унга билдирмасликка ҳаракат қилишарди.
Бир куни бир неча қариндош аёллар уни кўриш учун келиб дардини янада оғирлаштириб кетдилар: меҳмонлардан бири, қари, ҳуши кирди-чиқди бир кампир қизни хурсанд қилиш мақсадида бўлиб ўтган сўзларни айтиб юборди: «Эй гул юзли қизим, асло ғам ема, эрта-индин сиҳҳат топганингда бахтинг очилиб барча муродларинг ҳосил бўлади, сенинг ёринг бўлувчи йигит сенга жуда муносиб. Дугоналаринг ҳамма ёқда сенинг бахтингни орзу қилиб гапириб юришибди», -  деб Лайлини қувонтиришга интилди. Бу сўзларни эшитган бечора қиз кўнгли бузилиб, аҳволи ёмонлашди-да, ҳушидан кетиб йиқилди.
Бир қанча вақт беҳуш бўлиб ётган Лайли ўзига келди-ю, кампирдан эшитган гапларни хотирлади; аҳволи янада оғирлашиб, ўзини ўлар ҳолатга етишгандек сезди. Шундан кейин доясига юзланиб унга ёлборди: «Сендан яширадиган гапим йўқ. Бир сўзни эшитиб юрагим ёняпти. Бу сўз маъноси сенга ҳам маълум, фақат сен ҳам бу гапларни мендан яширяпсан. Сен бу ишларни тўхтатишга қодир эмаслигингни биламан, шунинг учун сендан хафа эмасман. Фақат бир илтимосим бор: бир дам эшик олдида бўлиб, ҳузуримга ҳеч кимни киритмай турсанг. Кўнглим безовта, гап-сўзларга тоқатим йўқ. Одамлар бир замон ўз ҳолимга қўйишса». Доя қўлини кўзига қўйди-да, ташқарига чиқиб эшикни бекитди ва одамларга: «Бу уйдан нарироқ туринглар, Лайли ухлаяпти», деб эълон қилди.
Лайли уйни холи кўргач ёқасини йиртиб, кўксига уриб, тирноғи билан баданини юлиб, кўзларидан қонли ёш тўкиб, оҳ-фарёд чека бошлади.
«Эй золим фалак, нега менга бунчалар озор беряпсан? Менинг ниҳолим шохларини синдириб, тупроқ билан тенг қилдинг, бунинг устига жафо тешаси билан уни пора-пора қилишинг нимаси? Энди бу ниҳол парчаларини бало ўтхонасига солишдан мақсадинг нима? Мен бир ёш ниҳол бўлиб, шохларимда тикану, атрофимда хас-хашаклар йўқ эди. Шодиёна шохларим гул очиб, ҳар тонг бошим устида гул сочиларди; баргларимга офат кузи яқинлашмасди. Кимнинг кўксига тикан қадаб, такаббурлик қилдимки, ниҳолимни ишқ шамолига йўлиқтирдинг ва совуқ ел билан уни синдирдинг. Ишқ уни ҳамманинг олдида парчалагач, ҳижрон қўлига топширдинг-да, бошдан оёғигача яралаб, бўлакларини ҳам пора-пора қилдинг. Бу билан ҳам чекланмай, уларни ғам дўзахига ташладинг. Жонимга бу ўтдан етаётган учқунлар офат чақмоғидир. Офат ўтидан менга бир учқун тушса, кул бўлишдан бошқа чорам қолмайди. Бу учқун жаҳонга ҳам тушиб ёндириб юборади-ю, тутуни осмони фалаккача бориб етади. У ўт ичида бу заиф ғамзада хашак,
чумоли каби ожиз жисмимга дўзах келиб тушса, эй воҳ, ҳоли қандай бўлар экан? Кимдан қасд олиш учун бу хил юриш қилиб, минг чақмоқ билан қасос олмоқдасан?
Мен бу тарзда юз азобу машаққат асириман, бечора зору заифим, яъни менинг асирим бўлган ёримнинг аҳволи нечук экан?

 


 

Менга бўлган муҳаббати шавқи туфайли оҳ тортганида, бу оҳ унинг сомондек ожиз жисмини учириб кетармикан? Сочим ғамида азоб чекса, ҳар лаҳзада қанчалар жунуни, девоналиги кучайиб кетаркин? Қаддим учун нола қилганида, фиғони қанчалар юксакликка кўтарилар экан? Фарёд уриб юзимни кўришга интилганида, кўз ёшлари қанча гулларни сочиб ташлар экан?... Лабларимни соғиниб кўзидан сув оқизганида, сувдек ўзидан кетиб қолармикан? Қошим эгиклигидан вой тортганида қадди ёй каби эгилармикан? Киприкларим ҳақида ўй сурар экан, юзлаб тиканлар ичида қолган кўнгли не ҳолга тушаркин? Кўзларим ҳақида ўйлаганида, оқ билан қорани ажрата олмай қолармикан? Қирғовул каби юришларимни эслаганида, менинг тузоқларимга асир бўлармикан?
Оё, не экин ғамимда ҳоли,
Чирманмоқ ила тани чу ноли?
Ишқим ўтида ёнарму эркин,
Ҳажрим ғамида чидарму эркин?
...Истарму экин юзумни ҳар кун,
Йўқларму экин сочимни ҳар тун?
Бас йўқ анга мунча меҳнату ғам,
Ким билгусидур бу қиссани ҳам.
Соғингай ул эмгак ошноси,
Мендин бўлмоқ бу иш ризоси.
Фарёдки, ўлгудек ғамим бор,
Тонг йўқ, гар ўзимга мотамим бор.»
Уй ичида Лайли шундай изтироб чекар экан, бир чеккада унинг нолаю фарёдини эшитиб турган онаси қизининг дарду аламларини англаб, ғамга чўмди. Туну кун Лайли ҳолати ҳақида ўйлар, унинг қайғуларига қандай чора қилиш мумкинлиги ҳақида фикр юритарди.
Эс-ҳушидан айрилган Қайс қоронғу тунда девона сифат уйидан чиқиб, дашт томон қочганида, қабила аҳли ғам чекиб, отлиғу яёв ҳолда уни излашиб топишолмай қайтишди. Ота-онасининг ғами янада зиёда бўлиб нима қилиши кераклиги ҳақида фикрлашишди. Охири Тангрига илтижо қилиб, уни ўз паноҳида асрашни сўраш, муҳтож кишиларга эҳсонлар қилишиб, улардан Қайс ҳақига дуолар қилишни илтимос этишга қарор қилиб, Тангрининг меҳрибонлигига, ўғилларини ўзларига қайтаришига умид изҳор этишди.
Ҳаж мавсуми бошлангач, ота-онаси, қариндошлари Каъбага боришга тайёрлик кўриб, одамларни яна излашга юбориб Мажнунни топиб келишди-да, унга ҳаж қилиши ҳақидаги ниятларини билдиришди. Бу иш унга маъқул тушди, чунки бу сафар унинг ҳам орзуси эди. Қайсни туя устига ўрнатилган кажавага ўтқазиб, Каъба томон йўл олишди. Бир неча кун юриб, ҳарамга етиб боришди. Қаршиларида ҳарам эмас, арши аъзам -  осмоннинг энг юксак чўққиси турарди.
Мажнун бундай салобатли бинони кўргач, кўнглида бир шукуҳ, шавқ ўти пайдо бўлди-да, кўз ёшлари ёмғирдек қуйила бошлади, оҳ урди-ю чақиндек сакраб туриб худди ер атрофида фалак чарх ургандек ҳарам теграсида айланиб юра бошлади. Юзи билан ҳарам эшигини супургач, ҳалқасига қўлини қўйиб, фарёд урди: «Эй доно ҳаким, эй ишқ ўтини жону танимга урган, бугун мен, ишқ ичида мажруҳ бўлган,оёқлари боғланган асир ҳузурингга келдим. Ишқ ўтини, унинг ҳалокатли ғамини баён қилар эканман, менга шодлик бағишла ёки ишқ ғамидан қутқаз деб айтмайман. Менга бу ўтни ҳар дам кўпроқ қилу заррача ҳам кам этма. Кўзларимга ишқ тўтиёсини суриб, қалбимга ишқ кимёсини ур! ...Ё Раб, кўнглумни ғам билан тўйғизиб, ишқ ичра мени йўқ қилгин. Менга ишқни унут, Лайли ғамидан ўзингни четга торт, дейишади. Аллоҳ-Аллоҳ, бу қандай сўз бўлди?! У одамларни Тангрининг ўзи кечирсин. Ё Раб, бу лаззатли майни истагим жомига тўлдириб қуй, у майдан шунчалик кўп тутгинки, ҳушимни мутлақ
о унутай.
Лайли ишқин танимда жон қил,
Лайли шавқин рагимда қон қил.
Дардини нажотим эт, илоҳий!
Ёдини ҳаётим эт, илоҳий!
...Дардимга хаёлини табиб эт,
Жонимға висолини насиб эт.
Жаннат сари чекса сарнавиштим,
Васли ҳарамини қил беҳиштим.
Онсиз мени бир дам этма мавжуд,
Будумни қил онсиз ўлса нобуд!»
Қайс атрофида турган ҳожилар бу муножотни эшитиб, лол бўлиб қолдилар. Юзлаб кишилар ғамгин ҳолда «омин» деб юбордилар. Бечора отаси ҳушини йўқотган, барча яқинлари ҳайрон бўлиб турардилар. Бу нола-ю кўз ёшларининг гувоҳи бўлганлар унинг ишидан қўлларини ювдилар -  бу ишқдан ҳеч қандай куч Қайсни жудо қила олмаслигини англаб етдилар. У эса бу дардли ноласини тугатгач, яна ҳушидан кетиб йиқилди. Қариндошлари-ю дўстлари уни кўтариб, манзилларига равона бўлдилар.
Ҳаж тавофига бориб қайтган одамлар ўз ватанларига йўл олгач, Мажнуннинг отаси ўғлидан бутунлай умидини узиб ҳар қандай давонинг фойдасизлигига ишонч ҳосил қилиб, кўз ёши жаҳонни тутди, барча қариндош-уруғлари ҳам қайғу-алам гирдобида қолдилар. Девона Қайс ҳам тезлик билан тоғу биёбонлардан ўтиб ҳар куни ва ҳар тунда яна ўзи ардоқлайдиган тарафга қараб йўл олди. Унинг юришида ҳам, туришида ҳам қарору ихтиёри йўқ эди. «Лайли»дан бошқа сўзни айтишни ҳам истамас, тилидан ҳам, фикридан ҳам шу сўз жой олганди. Қайси томонга назар ташласа, Лайли чеҳраси жилваланар, юзи, қадди, қиёфаси унинг хаёлидан асло кетмас, уларни сарв устидаги гул деб тасаввур қилиб, ҳам сарв олдида бош қўяр, ҳам гул қошида кўз ёшларини тўкарди.
Лайли ғами ҳақида тафаккур қилар экан, ҳар бири дур мисоли юзлаб байту ғазаллар ижод қилар, уларнинг барча қофиялари дилдорининг сифати, барча радифи унинг отига бағишланарди. Уларни эшитган одамларнинг завқлари ошиб, тезда ёдлаб олишарди. Бу байтларда алангали маъно, ҳар сўзида шавқ ҳарфи яширилган, ҳар ҳарфида ишқ сири пинҳон эди. Ҳуши борлигида дури гавҳардек байтлар битиш билан банд бўлса, ҳушсизлик чоғларида оғзидан турли беҳуда сўзлар чиқар, одамларнинг сўзларини англамас, ўз сўзини ҳам тушунмасди. Тоғ ичида ваҳший ҳайвонлардек кезиб юрар, болалардек йиғлаб фарёд қилар, ота-онасию дўстларини ҳам эсламас, ҳатто ейиш-ичишни ҳам унутган эди. Атрофини кийиклар ўраб олар, бу эса худди чўпондек кўринар, гоҳ бирининг пешонасидан ўпар, гоҳ бошқасининг орқасини силарди. Атрофида бўрилар посбон итидек, йўқ-йўқ, чўпон итидек кезиб юришарди.
Бир куни бу даштга араблар диёрининг обрўли сардорларидан бири, жанг қилиш, ўқ отишда танилган баҳодир Навфалнинг йўли тушиб қолди. У ҳар хил қабилалардан танланган дўст-ёрлари билан саҳрода ов қилиб юрарди. Бу пайт Мажнун овчилар давраси ичида қолган бўлиб, атрофи кийиклар билан тўла эди. Навфал одамларини кўрган барча ҳайвонлар ҳар тарафдан Мажнун атрофига югуриб кела бошлашди. Барчаси унга ёлворишар, нажот истаб унга сиғингандек боқишарди.
Бу ҳайратомуз ҳолатни кўрган Навфал одамларидан: «Бу ажойиб ишлар кўнглимга қўрқинч соляпти. Сизлар ҳам кўряпсизларми ёки йўқми, ё фақат менинг кўзимга кўриняптими?» -  деб сўради. Овчилардан баъзиси Мажнун ҳақидаги воқеалардан хабардор эди. Улар Навфалга ўзлари билган -  эшитганларини сўзлаб бердилар. Навфал ҳам ишқ кўрган, ғам даштида югурган одамлардан эди. Мажнун ҳақидаги ҳикояларини эшитиб зор йиғлади-ю, ов қилишни ҳам тўхтатди. «Ишқ қандай кимё, қандайин порлоқ нурки, ҳар бир кишини ғамнок қилади-ю, қалбини ғамдин поклайди. Қарангки, элга ром бўлмайдиган ваҳший ҳайвонлар саҳрода усиз ором топишолмаяптилар, ишқ унинг вужудини шундай поклабдики, одамийликни ҳам унутибди. Шунинг учун ваҳший ҳайвонлар ундан қўрқишмаяпти, чунки бундай инсонда ваҳшат ҳам қолмайди», деди у. Кейин ҳайвонларга жафо қилишни тўхтатди-да, одамларига: «Ўқу ёйларни ташлаб, итларингизни маҳкам қилиб боғланглар», деб буюрди-да, ҳайвонлар тўпланаётган томонга йўл олди.
Мажнун унинг чеҳрасини кўриб, келишидан хурсанд бўлди. Ёввойи ва хонаки ҳайвонлар Навфалдан чўчиб қочишган бўлса ҳам, Мажнун уни кутиб турди. Етиб келган Навфал унга салом қилди, Мажнун ҳам унга эҳтиром кўрсатди. Сўнг: «Эй қутлуғ чеҳрали зот, юзингда поклик қуёши намоён, рухсорингда сафо нури порлаяпти. Юзлаб мақсадингга эришганинг аён. Аммо сенинг бир ишинг менга ғалати кўринди. Билимсиз одамлардек ўқ отиб, ҳайвонлар гўшти билан ўзингни тўйдирмоқчисан. Бу бу хил овқатга муҳтожлигинг йўқ-у, нега таъбинг уларга озор етказишни истаяпти? Нафсингни хурсанд қилиш учун одамларни тўплаб, кўнглинг қон тўкишни тилаяпти. Шундай зулм қилиб топганинг овқат бўладими, сенга бу иш муносибми? Агар тикан оёғингга ниш урса, кўнглинг оёғинг учун алам чекади. Ўқ отиб жониворларни ўлдириш сенга мартаба берадими? Буларга жонни, ҳаётни Худо берган-ку! Бу бечораларнинг жонидан кеч, гуноҳсиз гуруҳнинг қонидан кечгин!»
Навфал бу оқилона сўзларни эшитгач, ер ўпиб, унинг олдига бош қўйди-да: «Эй фариштасифат йигит, сенинг фазилатларинг оддий одамларникига ўхшамаяпти. Сўзингдан кўзлаган мақсадингни тушундим, барча айтганларингни қабул қилдим. Қиличу ўқни ўз жонимга раво кўрсам кўраману, лекин бу ҳайвонларга зулм қилмайман. Сен ўз сўзларингни айтдинг, энди менинг ҳам саволларим бор». Мажнун: «Эй муборак чеҳрали зот, гапиравер!» -  дея жавоб қилди. Навфал деди: «Бу бечораларга азоб берма», -  деб тўғри йўлни кўрсатдинг. Хоҳишингни инобатга олиб, уларга душманлик қилишдан воз кечдим. Сен элдан айрилиб улар билан дўстлик қиляпсан. Одамлар билан улфатчилигинг йўқ, ахир бу хил яшаш ҳам одатимизга зид эмасми? Инсон -  билим чироғи, ундан чўчиб, ҳайвонлар орасидан ором топиш менга сабабсиз бўлиб кўриняпти, бу ишинг боисини тушуна олмаяпман. Эшитишимча, бир гул юзли гўзал сенинг юрагингга ташвиш солибди. Бу гаплар тўғри бўлса, улардан воз кечиб, бир неча кун мен била бирга кэзгил. Бу ерда зору мубтало бўлиб ғам тузоғида изтироб чекяпсан. Мен имкони борича севганинг билан никоҳингни уюштиришга ҳаракат қилай. Агар ишимиз пулу, моллар билан ҳал бўлмаса, уруш қилиб ҳам муродингга етказа олмасам, бошқа чораларни ҳам кўраман. Бу билан ҳам ёринг висолига етказа олмасам, бошқа тадбирга қўл урамиз: сени ўзимга фарзанд қиламан. Лекин ваҳший ва уй ҳайвонлари билан яшашдан воз кечгил, чунки одам билан ҳайвон яқин бўлолмайди, одамнинг ҳамжинси ҳам одам бўлиши керак. Агар муродинг ёр висолига етишиш бўлса, бу ишда ғайратли бўлишинг керак».
Мажнун васл сўзини эшитиши билан хурсандлиги аввалгидан ҳам ошиб, шодлик уни беҳол қилиб қўйди, бу эса нутқини лол айлади. Анча ҳаракат қилиб сўз очди-да, кўзида ёш, лабида табассум билан деди: «Менга айтган гапларингнинг ҳар бирига жавобим бор эди. Лекин висол ҳақида сўз очганингдан сўнг уларнинг барчасидан воз кечдим. Агар берган ваъдаларингни бажо қилсанг ёки уларни бажаришнинг иложи бўлмай қолса ҳам, юзим отинг туёғи, бошим эса унинг оёғи остида бўлсин», -  деди.
Иккала томон ўртасида меҳрибонлик пайдо бўлгач, бир-бирлари билан қизғин кўришдилар. Мажнунни васл ваъдаси билан суюнтирган Навфал уни уйига олиб кетди.
Иккала дўст Навфал уйига етиб келишгач, уй соҳиби бир нечта сўзга чечан, ҳар қандай мушкилни ҳал эта оладиган донишманд олим кишиларни чақиртириб, уларга Қайс ва Лайли ўртасидаги муносабатлар ҳақида батафсил сўзлаб берди-да, Лайли отаси номига хат ёздириб қизнинг қабиласига жўнатди. Унда шундай сўзлар битилган эди:
«Эй бахту толеъи порлоқ ҳукмдор! Араблар орасида тенги йўқ Қайс ҳақидаги ҳикоятлардан хабардордурсан. Қизинг Лайлини севиб қолган бу йигитнинг ишқи пок бўлиб, унга ниҳоятда орзуманддир. Одобию ҳаёси аҳволини изҳор қилишга йўл бермайди. Муҳаббат дардида қабиласию яқинларини унутиб ишқ ўтида куйиб даштда юрган эмиш. Ҳуши паришон бўлган бу ошиқни «Мажнун» деб аташибди, у сенинг қабилангдаги мактабда ўқиб оламда бор бўлган барча илмларни ўрганибди. Сен ҳам бу ишлардан хабардор экансан, уни мақтаб гапириб юрар экансан. Қайс бу ишққа мубтало бўлганида, унинг отаси қандай фикрларга борган экан? У сенга фарзанд бўлмаса ҳам, фарзандинг даражасида эди. Сен бу ишларни ҳал қилишдан ўзингни четга олиб, ҳолатни яхши тушуниб етмай, уни ғамга қўйибсан, шу туфайли у гоҳ даштда, гоҳ тоғда кезиб юрибди. Мурувват, одамгарчилик, олижаноблик шундай бўладими? Майли, ўтган ишлардан шикоят қилиш, ўтган ишларни орқага қайтаришнинг иложи йўқ. Мен уни даштда кўриб, уйимга олиб келдим. Уни ўзимга фарзанд қилиб олдим. У ўз ҳушида, оқил ва доно бир инсон. Энди шундай иш қилсак: иккаламиз уларнинг никоҳини уюштирсак. Барча расм-русумларни ўрнига қўйиб уларнинг тўйларини ўтказсак. Тож устидаги дур ёнига лаъл қўйилса, янада гўзалроқ кўринади. Агар бу ишлардан бўйин товласанг, кўнглим қолишидан ваҳм қилгин!»
Бу хатга кўпгина совға-саломлар қўшиб Лайли қабиласи томон йўллади. Лайлининг отаси хат олиб келган кишиларни ҳурмат билан кутиб олди. Меҳмонлар ўзлари олиб келган мактубни унинг қўлига топширишгач, уни ўқиб чиққан мезбонга Навфалнинг сўзлари қаттиқ ботиб, бир тўлғаниб олди-да:
«Гап бундай: Лайли бошқа бир кишининг ҳабиби бўлади, тақдир уни ўзга бировга насиб этди. Бундай бўлмаганда ҳам Навфал сўзига итоат этишга заруриятим йўқ. У ўз мактубида ҳам умид билдирибди, ҳам қўрқитибди. Умиди мени хурсанд қилган бўлса, қўрқитишидан кўнглим ранжиди. Талабгорлари сон-саноқсиз бўлган Лайли ҳозир бировга аталгандир. Бу жавобим Навфалга маъқул тушмаса, яхшилигига ҳам, ёмонлигига ҳам тайёрмиз. Унинг ўч олишидан қўрқадиган жойимиз йўқ. Уруш очса, биз қасд оламиз, қасд қилса, биз уруш қиламиз», -  деди. Сўзини тугатди-да, барча меҳмонларга жавоб берди. Меҳмонлар хижолат бўлиб, ўрниларидан турдилар ва Навфалга Лайли отасининг жавобини етказдилар.
Навфал бу хабардан ғамга чўмиб, ўзи ваъда қилган ишни бажаришга киришди. Ҳар бир қабиладан сипоҳлар тўплаб урушни бошлади. Мажнунни ёнига олиб, кийимига хушбўй моддалар сепиб, бошига салла ўратиб, от устига ўтқазди. У бўлса нима қилишни билмай, гоҳ нола қилиб, гоҳ оҳ чекиб, оти қаерга йўл олса ҳам индамай, бир ерда туриб қолган чоғда эса юрғизишга эътибор ҳам бермасди. Сипоҳлар жангга ҳозир бўлгач, Лайли қабиласи томон йўл олишди.
У қабила аъзолари ҳам ёв келаётганидан огоҳ бўлишгач, ўз жасоратларини исботлаш учун ҳар томондан сипоҳ йиғиб, белларини маҳкам боғлашди-да, жангга тайёрланишди.
Навфал лашкари ҳам саф чекиб, маст туялардек оғизларидан тупик сочишиб туришарди. Шу тарзда ғазабли икки қўшин қон тўкишга бел боғлаб, бир-бирлари билан тўқнашдилар. Баҳорда кучли ёмғир ёққанидек, майдонга ёй ўқлари ёғиларди. Ўткир қиличлар устара каби эл ҳалокини истаб, устарадек тезлик билан соч ўрнига бошларни кесарди. Ёй ўқлари қушлардек ҳавога учиб, қанотлари очилар экан, душман аскарларининг ҳаёти ўчар, найзалар учар юлдузлардек отилиб бориб, ёв кўкрагига ўрнатилган совутларни игна ипак матога санчилгани каби осон тешиб ўтар, ханжарлар қон тўкаверганидан қип-қизил тилга ўхшаб, одамлар бағрини тил билан яралагандек тилка-пора қиларди. Гурзилар эл бошини янчувчилик вазифасини бажарарди. Қаттиқ жанг оқшомгача давом этди. Навфал лашкарининг сони рақибларидан кўпроқ бўлиб, мардлик билан жанг қилдилар. Душманлар бу ҳолатни кўриб, қўрқувга тушдилар-да, ҳимояга куч бердилар. Кун кеч бўлган эса-да, бирон томон мағлуб бўлмади. Навфал жанг натижасидан хурсанд бўлиб, сипоҳни дам олишга буюрди.
Тунда Навфал эртага давом этадиган жангда ғалаба қозониш режасини тузар экан, бу чоғ рақиб томон мағлуб бўлишдан қўрқувда эди. Лайлининг отаси ўз лашкарининг яхши уруша олмаётганини кўриб, нима қилиш ҳақида ўй сурар экан, барча яқинларини тўплаб, жанг натижалари ҳақида фикр юритишди. Қабила бошлиғи сўзни қисқа қилиб шундай деди:
«Агар қўшинимиз қочиб, Навфал урушда ғолиб келадиган бўлса, Лайлини асира қилиб ўз мақсадига эришмоқчи бўлса, обрўйимиз ер билан яксон бўлади, араблар орасида бош кўтариб юролмайдиган бўлиб қоламиз. Бундай ҳолат юз берадиган бўлса, мен бир фикрни маъқул кўряпман: эртага тонгда Лайлини чақиртириб, ўлдираман, қадди ниҳолини тупроққа кўмиб, ҳилол қошларни ерга топшираман. Гарчи у кўзимнинг нури бўлса ҳам, офат шамолидан чироғим ўчиб, боғимни куз қуритса, душман ўз мақсадига эришиб, номус менга ҳаром бўлади». Бу сўзни эшитганлар Лайлининг отаси фикрини маъқуллаб таҳсин айтдилар, хурсанд бўлдилар.
Эртага бўладиган жангда Навфалнинг ғалаба қозониши шубҳасиз бўлиб, сипоҳларининг руҳлари баланд эди. Лекин Мажнуннинг аҳволи ўзгача бўлиб, гоҳ завқланар, гоҳида азоб чекарди. Ёри висоли ҳақида ўйлар экан, кўнгли умид билан шодланар, аммо ёрининг қабиладошлари мағлуб бўлаётганларини кўриб ич-ичидан азобланарди. Шундай қайғу чекар экан, унинг кўзи уйқуга кетди-ю, бир туш кўрди.
Гўзал дилдори чиройли кийинган ҳолда гулшанга қадам ранжида қилиб, Мажнун олдига келди ва оёғини ўпди, сўнг қўлларини унинг бўйнига ташлаб деди: «Эй рафиқи жоним, отам эл билан кенгашиб эртага мени ўлдириб, қоним билан ерни бўямоқчи. Ишқинг йўлида ҳалок бўлмоқ менинг орзум эди, даврон бу муродимга етказди. Энди сен яхши қолу омон бўл!» Лайли шу сўзларни айтиб, севгилиси билан видолашди.
Бу тушни кўрган Мажнун «Вой!» деб қичқирганча сесканиб уйғонди. Унинг қичқириғини эшитган барча одамлар кўзидан уйқу қочиб «Нима бу?» деб ҳайрон бўлишди. Мажнун мотамзадалардек ўкириб кўз ёши тўкиб, Навфал томон югурди. Унинг олдига етиб боргач, ер ўпди-да, шундай деди: «Эй рақиблар устидан ғолиб бўлган юксак мартаба соҳиби! Тангри ҳақи, энди тиғ чекмагил, урушни тўхтат, чунки сенинг тиғинг кўнгулларни чок қиляпти. Эртага жангни давом эттириб, ҳаётим ипини узмагин. Ўч олиш ёйини қўлингдан ташла, токи менинг жонимга ўқ тегмасин!».
Навфал ҳайрон бўлиб, Мажнуннинг безовталик сабабини суриштирди. Ўз тушининг мазмунини айтганида, Навфал маҳзун бўлиб, «Мажнуннинг туши ҳақиқатан ҳам юз бериши мумкин», -  деган хаёлга борди. Эрта тонгда бу хабар барча лашкарларга ҳам маъқул бўлиб, улар Навфал чодири олдига келиб, Лайлига офат еткизмасликни илтижо қила бошлашди. Мажнун бўлса яна дашт томон жўнади.
Навфал лашкарини ўз қабиласи томон олиб кетгач, Лайли қабиласи аҳли ўйланиб қолишди. Чунки душман қўшинининг ғалаба қилиши яқин бўлгани ҳолда жанг майдонини ташлаб кетиши сабабини билолмай таажжубда эдилар. Шунинг учун «Навфал ҳийла қилаётган бўлиши керак. Балки бизни алдаб туриб ҳужум қилиб қолар», -  деб хавфсирадилар-да, карвон ҳаж томон йўл олганидек, у даштдан тезлик билан кўчиб кетдилар ва бошқа бир жойни ўзларига манзил қилиб танладилар.
Мажнун ўзига таниш дашт томон борар экан, ногоҳ унга ҳаётдан озор чеккан дардли бир одам йўлиқди. У ғамга мубтало бўлган бу кимсани кўриб юраги эзилиб кетди-да, сўради: «Фалак бошингга не аламлар солди? Не учун кўнглинг мен каби изтиробда, Тангри учун айт, нима сени шунчалик ранжитди?» У киши оҳ чекиб жавоб берди: «Эй мард йигит, мен араблар ичидаги бахти қаро, хоксор бир инсонман. Яшаш учун гадолик қилиб юраман. Лайли қабиласи менинг паноҳим, у ернинг тупроғи эса менинг суянчиғим. Қабила аҳли мени «Зайд» деб чақирадилар. Қабиладаги бир аёл мени ўзига банд этганди. Жафокор Навфал Мажнунга ёрдам бериш учун уруш бошлаганда, ҳеч қайси томон зафар қозонмай туриб, нимагадир ўз диёрига қайтиб кетди. Лайлининг қабиладошлари унинг бу ишини ҳийла деб ўйлаб бир ерга яшириндилар, кеча қоп-қоронғи эди, мен адашиб у қабила турган ердан узоқлашиб кетибман. Қуёш эндигина кўтарилган вақтда туя минган икки киши йўлимни тўсишди. Навфал ўз лашкарларини уйларига тарқатиб юборганида, бу икки одам ҳам манзили томон йўл олган экан. Улар менинг ҳамма ёғимни тинтиб, икки-уч дирам пулимни, яна бошқа ашёларимни тортиб олишди-да, бу билан кифояланмай, «Пулларингни қаерга кўмгансан, айт!» -  деб уриб, баданимни илма-тешик қилиб ташлашди. Улар ҳеч нима тополмай, ўтиб кетишгач, мен фурсатни қўлдан бой бермай, шу томонга қараб югурдим ва кўп ўтмай сенга дуч келдим. Сен ҳам уларнинг шериги бўлсанг, саҳрода одамларни таловчилардан бўлсанг, киссамда пулим йўқ, керак бўлса, жонимнигина олишинг мумкин», -  деди. Мажнун унинг ҳикоясини эшитиб, отидан тушди ва у одамни қучоқлади-да, йиғлаб туриб шундай деди: «Эй ярадор дўстим, сенга руҳимни фидо қилсам арзийди. Жоним баданинг шифоси, бошим қадаминг фидоси бўлсин. Навфал сипоҳлари қилган барча ишларга асосий сабабчи Мажнун бўлган бўлса, ўша бахти қаро Мажнун менман. Қўлингга ханжар олгин-да, кўнглинг тилаган ишни қил. Хоҳласанг, жисмимни истаганингча тилгин, хоҳласанг, кўнглимни пора-пора қилгин. Агар ўлдиришни истамасанг, йўқотган пулинг ўрнига отимни, бошқа ашёларинг учун эса кийимларимни олгин», -  деди ва устидаги кийимларини ечиб унинг олдига қўйди. Шунингдек, отини, қалқону қиличи, ўқи ва ёйини унга тутди. Шундай сахийликлар қилгач, оёғини ўпиб, кечирим сўраб деди:
«Агар Лайли қабиласига етиб борсанг, унга менинг саломимни етказ ва мана бу сўзларимни ҳам унга айтиб қўй: мен унинг олдида кўп хижолатдаман, ҳолатим шу даражадаки, уни сўз билан ифода қилиб бўлмайди. Илтимосим шуки, ёрим қабиласига етиб борсанг, унинг аҳлидан айрилма, қаерга борсалар, орқаларидан қолма. Юзингни ўша макондан, бошингни ўша остонадан олма». Зайд бу сўзларни тинглар экан, унга ҳайрат билан боқиб турарди. Унинг кимлигини билиб, сўзларини эшитгач, ер ўпиб, ҳурматини ифода қилди-да, деди: «Сен севган у гўзал сенинг ғаминг билан яшайди, оғзида ҳамиша сенинг сўзларинг, кўнглида эса сенинг хаёлинг. Агар рухсат берсангу, сендан унга хабар етказсам, унга бу жонидан ортиқ хушхабар бўлар эди. Менга нимани муносиб кўрсанг, у икки марта кўпроқ инъом қиларди. Ҳамма сўзларингни мен унга етказаман ва буюрса, жавобини келтираман. Шунда икки вафодор мақсадларига етадилар, ўртада менга ҳам фойдаси тегади».
Мажнун деди: «Эй дўсти ҳамдамим, жонбахш сўзларинг ярамга малҳам бўлди. Ёрим ҳажри тилимни лол этгани учун сўз айтиш менга қийин бўляпти. Сен ҳамма дардимдан огоҳ бўлдинг, аҳволимни кўрдинг, отимни ҳам билиб олдинг. Сен менга дўстлик қиламан десанг, унга нима дейишни ўзинг биласан. Вафо одати шиоринг бўлсин, энди борақол, Тангри ёринг бўлсин».
Зайд отга минди-да, Лайли қабиласи томон йўл олди. Мажнун ҳам тез-тез юриб, Лайли қабиласи кўчиб кетган манзил томон юриб кетди.
Мажнун Лайли қабиласи кўчган ерга етишгач, у ерни такрор-такрор айланиб чиқар экан, ақли ҳам, хуши ҳам ўзида эмасди. Барча бу манзилни тарк этган бўлиб, уйларнинг ўрнигина кўзга ташланиб турар, ҳар бир уй нишонига назари тушган йигит юзи билан ҳар қайси остонани супуриб борарди. Айланиб юрар экан, кўзи Лайли уйи нишонига тушди-ю, кўнглига ўт туташиб, жони мулкини вайрон қилди. Жисми ўртаниб, кўнглига изтироб тушди. Ташлаб кетилган бу макон ёрининг яшаш жойи экани, бу ернинг тупроғи унинг жонига ватан бўлганини эслар экан, дилбарининг иси димоғига ором бергандек, муҳаббат доғи янгилангандек бўлди.
Бир дам кўксидаги ишқ ўти таскин топгач, у яна ўрнидан туриб манзилни қадамба-қадам кеза бошлади, ҳар бир қадамда юзини ерга қўйиб сажда қиларди.
Оҳ уриб ҳар ёнга югурар экан, ногоҳ бир қўтир итни кўрди. Унинг этлари суякларига ёпишиб кетган, аъзосининг у ер, бу еридагина бир неча тук қолган, улар ҳам жисмига оғирлик қилаётгандек эди. Танаси яраларга тўла бўлиб, улар қуртларга сероб эди. Жисмидаги яраларга қўнган кўплаб қушларнигина эмас, пашшаларни қувишга ҳам мадори қолмаганди. Мажнун бу итнинг бир вақтлар мана шу ҳовлида посбонлик қилиб, ҳатто шеру йўлбарслар, қоплону бўрилар юрагига ҳам ваҳима солганини эслаб ҳозирги аҳволига ачиниб кетди. Ожиз бу бечорага ҳужум қилаётган қушларни ўз фарёди билан қўрқитиб учириб юборди. Кейин унинг олдига келди-да, яраларини қондан тозалаб, кўйлагини йиртиб боғлади. Сўнг итга қараб: «Ё Раб, ғамларингга фалак саломатлик бағишлаб дарду азобларинг даф бўлсин. Олдингидан ҳам қувватлироқ, соғломроқ бўлгин. Яна бахт ҳамдам бўлса, яна ёрим эшигига маҳрамлик қилсанг, мени ўзингга ёт билмай, мен хастани ҳам унутмагайсан. Жонимни ўша томонга олиб боргин-да, кўчасининг тупроғи устидан сочгин.
Агар сенга толеъ ёр бўлиб, жононим ҳовлисини қўриқлашга йўл топсанг, бирон киши сени у ердан «чиқ» деб ҳайдамаса, энгакингни қўлларинг устига, тумшуғингни ўша эшикка қўйсанг, мен учун у эшикни яширинча ўпгин, токи ҳеч киши буни билмасин».
Мажнуннинг ит билан қилаётган бу суҳбатини кўрган баъзи ўткинчилар уни танишиб, кўнгиллари бузилиб зор йиғлар, танимаган одамлар хаёл суриб, аҳволига ачинишар эди. Кўнгли бузилган бир киши унга мурожаат қилиб: «Эй ишқ ўти ичра чўғ бўлган, чўғ эмас, самандар бўлган йигит, сени фаришта деб айтсалар ажаб эмас. Чунки сенинг сифатларинг фариштага ўхшайди, зотинг ҳам малак сифатдир. Ит билан бунчалик улфат бўлибсан, ит билан фаришта ўртасида қандай яқинлик бор? Қайси бир уйда ит бўлса, ўша уйга фаришта тушмайди-ку. Улар ўртасида шундай зиддият бор экан, икковингизнинг бу улфатчилигингизга қандай сабаб бор?» -  деб сўради. Мажнун йиғлаб, оҳ уриб шундай жавоб қилди:
«Эй ишқдан огоҳ бўлмаган инсон! Сени ҳам фаришта десам, ажабланурли жойи йўқ, чунки сенга ишқдан насиба тегмаган. Мендек одамни фаришта деб аташ алдоқчиликдир, чунки мени кўрса, дев ҳам қочиб қолади. Ишқ вужудимни шундай ўртаганки, бутун борлиғим нобуд бўлган. У ўтга диққат билан қарасанг, баданимни бир тўда кулдек кўрасан. Ит шу бир тўда кул устида юрса, ажабланарли жойи йўқ. Чунки ҳар қайси итга бир яра чиқса, шу кул унинг танига роҳат беради. Бу итнинг жароҳати кўп, шунинг учун унга «Кул устидан туриб кет!» -  деб бўлмайди. Йўқ, йўқ, итлик унда эмас, итлик жаҳонда мен билан тугалланган. Ит менмен, халққа ор менмен. Бошдан оёғи ярали -  менмен. Бу яраларимга шу ит малҳам бўляпти. Менда юз туман жон бўлса ҳам, уни йўлига сочган бўлардим».
Шу гапларини айтар экан, яна девоналиги қўзғаб, даштдаги ваҳший ҳайвонлар, кийик ва қуёнлар билан қилган хурсандчиликлари ёдига тушди-да, итнинг қўл-оёғини ўпиб, биёбон сайрига, ўз яқинлари бўлган ҳайвонлар томон йўл олди.
Зайд Лайли қабиласига етиб боргач, пайт пойлаб қизга Мажнун ҳақидаги хабарни етказди. Лайли унинг сўзларини эшитгач, жонига ўт туташиб, бошидан ошди. Зайдга юзланиб кўзларидан ҳасрат ёшларини оқизиб: «Сўзларинг танимга жон, жисмимга руҳ бағишлади. Сен жоним дардига малҳам бўлдинг. Сен одам эмас, фариштасан!» -  деб, ёнида бор пулни унга тутқазди-да: «Бир яхшилик қилсанг, мен ёзган мактубни унга етказсанг ҳам жавобни олиб келсанг». Зайд розилик билдиргач, Лайли сиёҳу қалам олдириб келиб тез-тез мактуб ёзди-ю, қабиладошлари билиб қолишидан хавфсираган ҳолда яширинча Зайдга топширди. У дарҳол йўлга тушиб даштга етиб борди-да, бўлган воқеаларни сўзлаб, ўзи олиб келган хатни Мажнунга топширди. Уни ўқиган ошиқ йигитнинг мажоли қолмай, ерга йиқилди. Мактубда шундай деб ёзилган эди:
Ушбу рақамки нақши Чиндур,
Бир хастаға бир шикастадиндир.
Яъни мени зори мубталодин,
Сенгаки қутулмадинг балодин.
Эй ишқ ўтида хасим, нечуксен,
Эй бедили бекасим, нечуксен?
...Ҳолинг недурур фироқим ичра,
Фикринг недур иштиёқим ичра.
Сочингға ёпушса хору хошок,
Ким тортар экин бирин-бирин пок?
Жисмингки қонаса ғам тошидин,
Ким юр экин они кўз ёшидин?
Хорики кафингға борур эркин,
Кирпик била ким чиқорур эркин?
Ҳижрон ўти танингни куйдирган чоғда, ким у ўтга тупроқ сочар экан? Жисми зоринг қум узра йиқилса, ким сенга меҳрибонлик қилар экан? Кошки туну кун рафиқинг бўлсам эди, иккимиз висол оғушида бўлсак эди. Не қилайки, фалак мени бу мақсадимга етказмади. Менинг дардим ҳам сеникидам кам эмас. Сен ўтли оҳ чексанг, мен тутун чиқармасдан ўт ёқаман. Сен ғамим туфайли ҳар қанча оҳ чексанг ҳам, Навфал билан бирга қўшин тортиб келиб, қабиламни талон-тарож қилдинг. Отам ҳам мени ўлдиришни истаб, қонимни тўкишга қасд қилди. Шундай балоларга дучор бўлсам ҳам, ёрим йўлида ҳалок бўлишдан хурсанд эдим. Одамлардан эшитишимча, Навфал билан дўстлашиб, унинг қизига уйланмоқчи ҳам бўлаётган эмишсан. Бу гаплар рост эса, бахт сенга ёр бўлсин. Лекин мен бу сўзларга ишонмадим. Шуни билки, сен нимани тиласанг, менга ҳам шу мақбулдир. Бир куни боғда юрганимда, у қизни кўрган эдим. Гўзал ва элга меҳрибон, яхшигина дилбар экан. Бу ишингни Тангри қўллаб, муборак бўлсин. У билан шодлик кунларингда мен хастани ҳам баъзан ёд айла. Инсофдан узоқлашиб, мени унутиб юборма».
Мажнун бу хатни ўқигунча, тани қамишдек заифлашиб қолди. Зайд олдида бош қўйиб, селдек ёш тўкди-ю: «Бу номага жавоб ёзай десам, асбобларим йўқ», -  деди. Зайд буни олдиндан ўйлаб, керакли нарсаларни олиб келган экан, барчасини: қоғоз, қалам ва сиёҳни унинг олдига қўйди. Мажнун севгилиси мактубига жавоб ёзди-да, уни олган Зайд йўлга тушиб, тез-тез қадам босиб қабила томон жўнади. Бориб мактубни Лайлига топширди. У эса ҳеч ким йўқ жойга кириб хатни ўқий бошлади. Унда шундай сўзлар битилган эди:
Ушбу ғаму алам баёни,
Жон сафҳасида бағир нишони.
Мендинки ичим ғамингда қондур,
Сенгаки ғаминг танимда жондур.
...Эй кишвари ҳусн подшоҳи,
Ҳусн аҳли чу кишваринг сипоҳи.
Эй лутф жаҳонининг баҳори,
Юзунг бу баҳор лолазори.
Бўлғонда саҳар ели гулафшон,
Зулфунгниму айламас паришон?
Ноз уйқусидин очармусан кўз,
Юз ноз ила элга дермусан сўз?
Бу эрмиш иродаи Илоҳий,
Ким сиррини билмас эл камоҳи.
Бехосдан юзингга бир нигоҳим тушганга мен гуноҳкорманми? Бошимга шунча бало келиб, диёру хонумонимдан ажралиб, оламда девона бўлиб юрибман. Ҳар куни ватаним бошқа бир водий, ҳар тунни одамлар ташлаб кетган вайроналарда ўтказаман. Дўстларим ёввойи ҳайвонлар бўлса ҳам, гоҳида улар билан ҳам ором тополмайман. Ваҳший жониворлар менинг хунук кўринишимдан ҳайратда бўлсалар, қушлар чекаётган азобларимни кўриб изтиробга тушадилар. Шундай уқубатларда алам тортар эканман, ёдинг билангина тирик эканман, сенинг гавҳар сочувли номанг менга етиб келди. Сўзларини ўқиб руҳ, ҳар ҳарфингдан юз роҳат топдим. Лекин ундаги икки сўз жонимга ўт солди. Сен Навфал қилган ишлар ҳақида ёзиб, «Икковингиз қабиламга тиғ тортиб келдингиз», дебсан. Бу, арқонни аждаҳо дейишдек бир гап. Пашша фил бўлишни орзу этиши, чумоли шерлик даъвосини қилиши мумкинми? Аслида иш мана бундай бўлган эди. Бир куни атрофимни турли ҳайвонлар ўраб турганда ўша саркарда менинг беҳоллигим, ишқингда бемадорлигимни кўриб, олдимга келди-да, бир қанча сўзларни айтди. Мен гоҳ ўзимда, гоҳ беҳуш ҳолда унинг гапларини тинглаб, нима деб жавоб берганимни ҳам билмайман. У мени уйига олиб кетди. Кейин сен айтган ишлар бўлиб ўтди. Мен унинг ўч олиш мақсадида қон тўкаётганини кўриб, қўлимдан келганча урушни тўхтатишга ҳаракат қилганимдан сўнг, у ханжарини қинига солиб уйига қайтди.
Мен билан сўзлашган чоғда уйланиш ҳақида ҳам сўз очган экан, мен унинг гапларини ҳам, унга берган жавобимни ҳам англамадим. Бу сўзлар ёдимдан ҳам чиқиб кетган эди, хатингни ўқиганимдан сўнг эслаб қолдим. Мен беҳад ғам чекиб вафо қилиб юрган бўлсаму, сен бундай хаёлларга борсанг? Лекин ёзганларингни рад қилолмайман, ким ҳушидан жудо бўлган эса, шундай ишларни ҳам қилар экан-да! Жиннилик дардига мубталоман, бошимдан оёғимгача хатоман, кўнглум ҳам, кўзим ҳам номангга фидо бўлсин. Лекин сенга айтадиган битта сўзим бор. Сен Навфал қилган ишлар ҳақида ёзар экансан, мен жиннилик ҳолатида эканимда юз берган ҳодисалар, хусусан уйланиш ҳақида менга айб қўйдинг. Лекин бундай ишни ўзинг қилган эдинг. Ибни Салом сенинг висолингни тамаъ қилганида, отанг унинг сўзларига рози бўлди. Сен розилик бердингми, йўқми, билмайман, шунинг учун бу ҳақда сенга туҳмат ҳам қилолмайман. Ҳушимни жиннилик шамоли учириб олиб кетган, ақл билан сўзлай олмаяпман, шундай экан, эй парисифат ҳур, мени маъзур тутгайсан, сенинг ғамингда нобуд бўлдим, ўлган одамнинг сўзларини ҳам йўқ деб билиш керак. Йўқлик мени йўлдан урган экан, сен бор бўлу бу йўқ инсонга ёр бўл. Иқболу бахт ёринг бўлсин, жонлар бойлиги бошингга сочилган нисор бўлсин».
Лайли бу мактубни ўқиганча, кўп изтироб чекди, ундаги ҳар бир сўз устида фикр юритар экан, неча бор ўзини ўзи койиди, алам чекди. Ўз мактубидан хижолат чекиб, бу номадан кўнгли тўлди-ю мактубни Мажнунга ўхшаб ўзи учун тумор қилиб олди. Мажнуннинг ғамгин отаси, юз аламга мубтало бўлган онаси ўғлидан айрилгандан бери унинг дардида изтироб чекишарди. Отаси бир куни фарзандини излаб топиш, унинг олдида зор йиғлаб, насиҳат қилиш ва уйга қайтишга кўндириш ниятини дилига тугиб саҳро сари йўл олди. Даштни бир неча кун кезиб, охири уни бир вайрона ичидан топди.
Мажнунга бу вайрона уйидан кўра афзалроқ бўлиб, ўзи эса ундан ҳам хароброқ эди. Девоналиги ҳаддидан ошиб кетган, гоҳ чумоли тутиб ўлдирар, гоҳ тупроқдан гўр ясар, гоҳ бошига тупроқ сочиб, гоҳ тиши билан тирноғ олар, гоҳ эски девор устига миниб олиб от чоптиргандек ҳаракатлар қилар, гоҳ юзларини чимдир, гоҳ енгларини чайнар, гоҳ бойқуш сайроғига қўшилиб куйлар, гоҳ бойўғли юзидаги чангларни артар, қонли кўзини тикан билан чўп босиб кетган, улар киприкларидан ҳам кўпроқ эди.
Отаси бу ҳолатни кўргач, ҳайратдан қотиб қолди. «Субҳоноллоҳ, бу қандай аҳвол? Одамга ўхшамайдиган бундай кимсани ким кўрган экан?» -  деб сўйланар экан, ўғлининг олдига қараб юрди. Мажнун отасини кўргач, уни танимади-да, ўзини панага олди. Отаси ёқасини йиртиб, фарёд чекди-да, сўнг Мажнунга мурожаат қилди. «Эй юз яралиғ бағрим пораси, нега мендин ўзингни четга оляпсан?» Мажнун унинг ўз отаси эканини билиб, оҳ уриб олдига йиқилди. Отаси унинг бошини кўтариб, бағрига босди, икковлари бир-бирларини маҳкам қучоқлашди. Анча вақтдан бери кўришмаганлари учун аччиғ-аччиғ йиғлашди. Изтироблари бироз таскин топгач, Мажнунга қараб шундай деди: «Эй алам чеккан фарзандим! Кўксим ярасини тирнаб, бағрим қонини бунчалар тўкмагин. Сенинг танинг ғамдан ярали бўлса, менинг жигарим аламдан пора бўлган. Сен дунёга келмаган пайтда Худодан сени тилаб, садақалар бериб, дуолар қилдирдим. Очларни тўйдириб, яланғочларни кийинтирдим ва ўлдим деганимда сени топдим. Уч-тўрт ёс
ҳга етгунингча, мен тортмаган алам қолмади. Сен бир қатра сут эмгунингча, мен юз қатра қон ютардим. Товонингга бир тикон кирса, менинг жигаримга ханжар санчилгандек бўларди. Илм ва адаб ўрганиш учун мактабга қатнай бошлаганингда, сенинг бориш-келишингдан бир дам ғофил бўлмай, илму ҳунар, фазлу камолот эгаллашингга мададкорлик қилдим. Вақти келиб нарига дунёга жўнаш фурсати етганда, қошимда бўлиб, гоҳ менинг бошим устида, гоҳи оёғимда бўлсанг, ҳаётим шамъи бенур бўлганида, сен парвонадек изтироб чекасан, умримни давом эттирувчи бўлиб, сен туфайли қабилам яна ёрийди, эл ичидан отим ўчмай, молу дунём бегонага қолмайди», -  деб орзу қилган эдим. Энди шу ишлар бошимга тушди. Ичимга юз ғам юз қўйиб, бу бир ғаму, сенинг аламинг яна юз ғам бўлди.
Ишқ ўти қалбингга тушганда, сен беихтиёр эдинг, лекин ҳар дарднинг бир давоси бор-ку! Жаҳонда ошиқларни кўп кўрганмиз-ку! Бундай ҳолатда мағлуб бўлиш ақлга тўғри келмайди. Ким ўт ичига тушган бўлса, қўл-оёғи билан ҳаракат қилиб ундан чиқишга интилади. Чўкиб бораётган одам талпинмаса, ҳаракат қилмаса, ўлмай қолмайди. Бошингга шундай бало тушган экан, сен ҳам ўзингни қўлга олиб, интилишинг керак. Биллур қадаҳ ичига тушиб қолган чумоли ундан чиқиш учун куч ишлатиши эмас, тадбирини топиши зарур. Тангри одамга ҳар дардни берган бўлса, унга ўзи даво беради. Яратган сенга шу балони раво кўрган экан, давосини беришга ҳам ожиз эмас. Сен ҳам бу аламлардан узоқлашгин-да, ўз дардингга бирон чора қидир. Давосини дарҳол топиш қийин бўлса ҳам, қадам-бақадам яхши натижага эришиш мумкин. Ахир бола ҳам аста секин билимдон бўлади, қамиш ҳам бора-бора қандга айланади. Ўзига юз йил умр тилаган киши юз йил сабр қилиши ҳам керак. Минорага бир хил зинадан чиқиб тушилад
и-ю, чиқиш осон, лекин тушиш қийинроқ бўлади. Сен ишқ йўлида шунча йўл босиб ўтдинг, қайтишинг учун ҳам шунча йўл босиб ўтишинг лозим. Энди бу сафарингдан қайт. Мен сенсиз зору маҳзун бўлсам, онанг сенсиз доим беқарордир. Оқшомдан тонгга қадар жони изтиробда, тонгдан оқшомга қадар гулгун ёш тўкади. «Ўғлим!» дея чеккан оҳу войи чарх ўқининг қаддини букади. «Бўтам» дея азоб чеккан дам руҳидан асар ҳам қолмайди. Йиғлаб бошига тош ураркан, тош унинг аламига чидамай азоб чекади. Бу ўт унинг димоғини шундай қизитганки, оқ сочи юзига оқ ранг сочади.
Сенинг дардингда шунчалик ғам чекканидан, бир-икки кунлик умри қолган. Мен ҳам ниҳоятда заифлашиб қолдим. Кел, иккаламизга чора қил. Ҳаётимиз умиди сўниб, кетиш пайтимиз келибди. Бегонани уйимизга йўлатма, иссиқ ўрнингни совутма. Иккаламиз сенинг ғамингда ўлсак, сен ўлмай туриб мотамингдан ҳалок бўлсак, бу ишда Тангри хитоб қилса, ўйлаб кўр: нима деб жавоб берасан?»
Отасининг бу сўзларини эшитган Мажнун йиғлаб отасининг оёғига бошини қўйди. Киприклари билан йўлини супуриб, унинг сўзларига шундай жавоб қилди: «Эй қиблагоҳим, айтган сўзларинг билан куйган кўнглим ўтига сув урдинг. Сенинг гапларингга жавоб айтишга ҳам ҳаддим йўқ. Сенинг ҳукминг менинг жоним орзусидир. Лекин сенга яширин эмаски, тақдир менинг бошимга бу ташвишларни солиб, бутун оламга расво қилган экан, менинг ихтиёримни қўлимдан олди. Сенинг буйруғинг қандай бўлса ҳам, мен унга қарши сўз айта олмайман, чунки мен Мажнунмену Қайс эмасман. Сен сарв деб ўйлаганинг хас-хашакка айланиб бу дам кул бўлган. Бу ерга етиб келиб мени кўрганингда сендан қочганим танимаганимдан эмас, балки танишингга арзимаслигимдан эди. Менинг мақсадим сенинг итинг бўлиш эди, лекин бунга ҳам қобилиятим йўқ. Ит бировга бевафолик қилмайди, бошини олиб бир томонга кетиб қолмайди. Мен эса эгасига вафо қилмай, бу даштда телба бўлган итман. Шунинг учун мени кечиришингни сўрайман». Шундай деди-ю, туя томон тез юриб кетди. Унинг жиҳозлари ичидан бир арғамчини олди-да, уни ўз бўйнига маҳкам қилиб боғлади. Арғамчи учини отаси қўлига топширди ва: «Менга нима десанг, қўлингдаги бўйни боғлиқ итингман», -  деди-ю, тўрт оёғлик итга ўхшаб қолди. Отаси унинг бўйнидан арғамчини ечди-да, ўғлини етаклаб ватани бўлган ўз қабиласи томон йўл олди.
Мажнун ўз уйига етиб келгач, у ердаги барча ғамгин одамлар шодликка тўлдилар. Отаси ҳам соғайиб, онаси жисмига янгидан жон киргандек бўлди. Унга тоза ипак матолардан тикилган безакли кийимларни кийдиришди. «Қайснинг ҳуши ўзига қайтибди», -  деган хабар ҳамма ёққа тарқалди. Барча бу сўзларга ишонч ҳосил қилди. Бу хабар Навфалга ҳам етиб борди. У ҳамиша Қайс ғамини еб, номини тилидан қўймай, ҳамиша унинг ҳақида ўйлаб, у билан кўришган чоғларини эсидан чиқармасди. Ошиқ йигит ҳақидаги охирги сўзлардан хабар топгач, хурсанд бўлиб, уни кўришни истаб Мажнун қабиласи томон йўл олди. Қабила аҳли бундан хабар топишиб, меҳмонни очиқ юз билан кутиб олдилар. Мажнун билан Навфал бир-бирлари билан қучоқлашиб кўришдилар. Зиёфат оқшомгача давом этди. Осмонда юлдузлар юз очганда, Навфал мезбонлар билан хайрлашиб ўз манзилига йўл олди. У йўлда хурсанд бўлиб борар экан, уйда қолган Мажнун ношод эди. Лекин унинг отаси ғоятда хушнуд эди. Чунки Навфал унинг қабиласига ташриф буюриши билан уни шоду хуррам қилибгина қолмай, аҳоли олдида уни азиз кўришини ҳам намойиш этганди. У, Навфалнинг олдин ҳам Мажнун билан кўришиб, уни мақсадига эриштириш учун Лайли қабиласи билан уруш қилгани, ўғли ғамини ер экан, унга ўз қизини бермоқчи бўлганини, бугунги ташрифи ҳам Мажнунни кўришдан кўра, тўй ҳақида ўйлаганидан далолат беришига ишонч ҳосил қилди-да: «Энди мен ҳам қабилам билан бирга унинг манзилига ташриф буюриб, иложи бўлса тўй сўзини орага солсак, рози бўлишса, бахтидан қувониб, йўқ деса уйимизга қайтсак яхши бўлади», -  деб ўйлади. Кейин элининг улуғларини чақириб, улар билан маслаҳатлашди. Улар қабила бошлиғи фикрини маъқуллашгач, бориши заруриятга айланди. Мажнун куёв бўлувчи йигит эканини ҳисобга олиб уни олиб боришни маъқул топишмади. Ҳамма нарса тайёр бўлгач, ярим кечада гуруҳ Навфал уйи томон йўл олди. Даштдан ўтиб кўзланган манзилга етиб келганларида, уй соҳиби уларни иззат-икром билан кутиб олиб, дам олишлари учун жой кўрсатди. Меҳмонларни хурсанд қилиш учун борини аямади. Фурсатни ғанимат билган меҳмонлар тўй ҳақида сўз очдилар. Навфалга уларнинг гаплари ёқиб тушди. Шунинг учун бу таклифларига: «Мен Мажнун учун ғам чекканим туфайли уни фарзандликка раво кўрган эдим. Ҳозир ҳам ўша сўзимда турибман. Сизлар қабилангиз томон йўл олган чоғдан бошлаб тўйга тайёргарликни бошлайман. Сизлар ҳам шундай қиласизлар, деб ишонаман. Мен ортиқча нарсаларга орзуманд эмасман. Сизлар куёвни олиб бизнинг манзилимизга етиб келсангиз, ҳозирги фурсатни қўлдан чиқармасангиз бўлди. Шундай шарт билан Мажнунни ўзимга фарзанд қилайин», -  деб жавоб қайтарди. Никоҳ муддати тайинлангач, меҳмонлар шод бўлишиб ўз манзилларига қайтишди. Замона қиладиган ишлардан улар бехабар эдилар.
Қайснинг отаси танлаган одамлар Навфал манзили томон йўл олишган тунда Мажнун кўзидан гулранг кўз ёшларини тўкиб ўтирарди. Бир пайт ҳажр ўти уни беқарор қилди-ю бехуд бўлиб уйдан чиқди-да, дашт сари югуриб кетди. Оҳ-фарёд уриб борар экан, олдидан бир сурук қўй чиқиб қолди. Уларни ҳайдаб келаётган чўпон ҳам танишроқ кўринди. У, Мажнунни кўргач, мулойимлик билан аҳволини сўради. Мажнун: «Эй қутлуғ чеҳрали инсон, Мажнун сени қаерда кўрган эдики, юзинг ошно кўриняпти, сўзларинг унга даво бўляпти? Сен унга меҳрибонлик кўрсатиб, ардоқлаяпсан?» -  деб сўради. Чўпон унинг оёғига бошини қўйиб, шундай жавоб берди: «Менинг ишим чўпонлик бўлиб, қўю қўзиларни парвариш қилишдир. Ўзим Лайли қўйларини боқаман. Сени мактабда ўқиётган вақтингда кўргандим. Ишқинг аламларидан ҳам хабардорман».
Мажнун унинг товонига бош уриб, этикларига қошларини суртди-да: «Сенинг сўзларинг танимга жон бағишлади. Сен Исодек бўлиб ўлукни тирилтириб яхши мўжизалар кўрсатар экансан. Йўқ, йўқ, чўпонликда Мусо бўлиб, қўлингдаги таёқ ҳам аждарга ўхшайди. Мусо нима бўлибди, сен ғам зулматида паноҳим бўлдинг. Энди мени ҳаёт суви томон бошла: Лайлимни узоқдан бўлса ҳам кўрайин. Ҳажрида жуда беморман, раҳм айлагин, кўп бемадорман», деб илтижо қила бошлади. Чўпон дедики: «Оқшомгача менга суҳбатдош бўлгин, бирон чора излаб топиб сенга ёрдам кўрсатай». Мажнун унинг айтганини қилиб, бир йилдек бўлиб кўринган ўша кунни чўпон ёнида ўтказди. Қуёш ғарб томон юз қўйган чоғ чўпон қўйларини қабила томон сурди. Бир қўй терисини олиб келиб, Мажнунга: «Буни устингга ёпиб ол. Қўйга ўхшаб бу терини ўзингга кийим қилгин-да, қаддингни эгиб юр. Лайли қизлар билан бирга қўйларни соғишни томоша қилиш учун келади. Сенга яқинлашганида, қанча хоҳласанг, шунча кўраверасан», - 
деди.
Мажнун терини устига маҳкам қилиб ёпти-да, қўйлар ичида қаддини эгиб, тўрт оёғлаб борар экан, қабилага етишгач, қизлар худди юлдузларга ўхшаб югуришиб чиқиб келишди. Лайли улар ичида ойдек бўлиб кўриниб турар, ёри ишқида кўп изтироб чекканидан сочлари паришон, ҳижрон ўтидан юзлари қизарган ҳолда эди. У Мажнун турган жойга яқинлашганда, Мажнун қаттиқ бир оҳ тортиб, қўйлар ичида йиқилди. Бундан қўрқиб кетган қўйлар ҳар томонга қочишди-да, унинг ўзи ёлғиз қолди. Лайли бу ўтли оҳни эшитиб, ичи ўртаниб, ким эканини билиш учун унга яқинлашди. Кўрсаки, қўй териси ичида ўзининг севгили ёри ётибди. Уни кўрган Лайли ҳам оҳ уриб, ҳушидан кетди-да, ерга йиқилди. Бу ҳолатни кўриб турган қизлар қабила аҳли билиб қолса, икковига ҳам ёмон бўлишини англашди-да, Лайлини кўтаришиб, уйига олиб кетишди. Кўрган воқеалардан ҳайратда қотиб қолган чўпон нима қилишини билмай тураркан, туяларини тез юргизиб келаётган икки кишига кўзи тушди. Улар Мажнунни кўриб туяга ортишди-да, оёқларини маҳкам боғлаб қўйиб, туяларни тез юрғазиб, йигит қабиласи томон йўл олишди.
Қайсни уйга олиб киришгач, у ўзига келди. Отаси яна йиғлаб панд-насиҳат қилишга тушди. У эса хижолат бўлганидан отасининг юзига ҳам боқолмасдан, юзини ерга қўйганича -  отасининг оёғини ўпиб туриб, меҳрибони сўзларини эшитиб: «Гуноҳимни кечир, сенинг яхшилигинг менинг паноҳимдир», деб илтижо қилди. Унинг узр сўраётганини кўрган ота: «Қилган барча ишларингдан қайтиб, нима десам, шуни бажарсанг, шариат амрини қабул этсанг, мени рози қилган бўласан», -  деди. Мажнун олижаноб, эҳсону муруват соҳиби бўлган одамлардан бўлиб, ҳуши ўзида бўлган онларида ҳеч қачон одоб доирасидан ташқари чиқмасди. Шунинг учун Тангри ва ота-онаси ризолигини тилаб дедики: «Сенинг розилигингга қараб иш қиламан. Ҳукмингни айт: уни бажариш шиорим бўлади». Отаси унинг сўзларидан хурсанд бўлиб, Навфал ҳақида сўз очди. Унинг араблар орасида, фақат Арабистонда эмас, ҳатто оламда ягона зот эканини айтгач; «У сен учун кўп аламлар чекди, тақдир бўлмагани учун олдин бу иш бўлмади, энди ундан кечирим сўраб, тилагини бажариш сенга қарздир. Навфалнинг ҳам, отангнинг ҳам илтимоси сенинг унга фарзанд бўлишингдир. Соҳибжамол, бошидан оёғи гўзал ва дилкаш, одобу ҳаёли қизи бор экан, қабиласи ҳам унга зору шайдо экан. Унинг висолига етишни истаганларнинг сон-саноғи йўқ экан. Менинг розилигимни истасанг, шу қизга уйланишга рози бўлгин», -  деди. Мажнун сукут сақлаб, сўзламай турар экан, отаси буни ўғлининг розилигига йўйиб хурсанд бўлди-да, қабила улуғларини уйига чақиртирди. Никоҳ учун барча нарсаларни ҳозирлаб, Мажнунни ясатишиб фурсатни бой бермай, Навфал қабиласига қараб йўл олишди. У ҳам тўйга тайёрлик кўриб, хешу ақраболарини чақиртиргач, катта базм уюштириб, куёв томонни кутиб олди. Барча шодликка юз буриб, хурсандчилик қилар, кечаю кундуз тинмай ичкилик ичишарди.
Тўй зиёфати тугагач, куёвни келин билан қовуштиришди; тахт ясаб, унинг устига кўрпа-тўшак солинган уйга иккала ёшни олиб киришди. Навфал уй яқинидан одамларни четлаштирди, атрофда ҳеч ким қолмади. Барча уйқуга ётган маҳал Навфалнинг ўзи узоқроқда ўтириб май ичаркан, бир пайт хаёлига турли фикрлар келиб, уй ёнига яқинлашиб, кигизини астагина кесиб, қараб турса, қизи ўрнидан туриб, Мажнун олдига келди-да, унинг қошида ер ўпиб сўз бошлади: «Ишқ ичра ягонаи замона бўлган йигит, юзингда меҳри сафо, эгнингда нури вафо кўриниб турибди. Лайли ишқида нотавонлигинг, унинг ишқида жаҳонга достон бўлганлигингни эл ҳам билади, менга ҳам равшан, кўнглингдан у қизнинг ғами мустаҳкам жой олгани, бу ишқ дилингдан ўчмаслиги аён. Унинг борлигида бошқа ёрга, менга уйланаётганинг кўнглинг ўтини совутмоқчи бўлганингдандир.
Оталаримизнинг розилигини олиш учун сен бу никоҳга йўл бердинг. Сен ишқ мамлакатининг шоҳи, ишқ аҳли ўтининг огоҳисан. Менинг ҳам бир дардманд ошиғим бор, у ҳам дардим ўти билан куйиб юрибди, мен ҳам уни севаман. Лекин қалбларимиздаги ишқ ўти яширин бўлиб, менинг ҳам, унинг ҳам шайдолигимиздан эл бехабар. Ўзинг ўйлаб кўр: у йигит мен билан сенинг бирга эканлигимизни эшитса, бу кеча аҳволи қандай бўлади? Унинг ҳалок бўлиши аниқ-ку! Сенга ўз сирларимни очдим, энди сен менинг ҳам, бечора ўша йигитнинг ҳам ҳолимизга раҳм қилиб, халқ ичида мени шарманда қилмай, бу ердан чиқиб кетсанг. Бу воқеадан хабардор бўлганлар ҳам сиримиздан огоҳ бўлишмаса, мен халқ тилига тушмасам, эл менга таъна қилмаса. Менга шундай яхшилик қилсанг, пок Тангрим Лайлини ҳам пок сақлаб, васлини сенга насиб этади, деб умид қиламан».
Мажнун дилига бу сўзлардан озор етиб, ошиқу маъшуқалар аҳволига зор йиғлаб шундай деди: «Эй покиза ишқ соҳибаси! Ишқу маҳаббатингга хурсанд бўлавер. Ёрингга вафо шиоринг бўлсин, Тангри ҳамиша ёринг бўлсин. Менинг ичимга ғам-алам тушиб водию тоғларни кезиб юрардим. Мен ҳам бўлаётган бу ишлардан хурсанд эмасдим. Сен менга яхшилик қилдинг, кетиш менинг ниятим эди, кетсам ҳам сенга миннатим йўқ», -  деди-ю, қиз билан оға-сингил бўлишни ваъдалашиб, синглисидан узр тилаб дуолар қилгач, ўрнидан турди, эшикдан чиқди-да, ғам даштига қараб йўл олди.
Навфал бу ажойиб ҳолатни кўргач, май ичиб маст бўлган кишилардек у ён-бу ён тебраниб, уйга қараб юрди, кўрганларини ёдига келтирар экан, уялиб, воқиф бўлган ишларни кўнглида асрашга ҳам, айтишга ҳам иложсиз бўлиб, ғам чекарди. Уйнинг нариги томонида эса қизнинг ошиғи бекиниб, қўлига ўткир ханжар тутганича, куёв билан келин қовушадиган бўлса, иккаласини ўлдириб, ўз кўксини ҳам чок этишни пойлаб турарди. Унинг ишқи ҳам пок бўлиб, ишқ унга ўтни гулзор қилди. У Мажнуннинг ҳимматига офаринлар айтди, дилбарининг вафодорлигини кўрган ошиқ йигит шодлигига чидай олмай, келин турган уйга кирди-да ёри билан қовушди. Икки ёр тонгга қадар висол оғушида бўлишди. Тонг қуши нола қилиб, кун ёриша бошлаганда, йигит ёри билан хайрлашиб чиқиб кетди. Никоҳга келганлар шодлик билан қизу куёв қошига қадам қўйганларида уйда фақат қиз ёлғиз ўтирганини кўрдилар -  куёв йўқ эди. Мажнун қабиласидан бўлган кишилар уялганларидан ўлимга ҳам рози эдилар. Бор аҳволдан хабардо
р бўлган Навфал эса гапиришга тили лол бўлиб, Мажнун элига узр айтиб: «Бу Тангрининг тақдири, тақдирга эса тадбир қилиб бўлмайди, ҳеч ким тақдирни ўзгартира олмайди. Бу иш биздан ҳам, сизлардан ҳам эмас, ўғилдан ҳам, қиздан ҳам эмас», -  деб барчани узатди-ю, ўзи ётиб қолди.
Ҳийлакор фалак ҳазил қилгандек, ҳазил ҳам эмас, беҳаёлик қилиб Мажнунга куёв бўлишни буюрганида, Ибни Салом ҳам уйланишни ният қилиб, керакли барча нарсаларни муҳайё айлаб, Лайли қабиласига от сурган эди. У ердагилар Ибни Саломни уйда ором олишга таклиф қилиб, у билан келган одамларнинг ҳам ҳурматларини бажо келтиришди: базм тузиб, ичкиликлар келтириб зиёфат қилишди. Меҳмонлар бир неча кун айшу ишрат қилишиб, куни билан, ҳатто тунларда ҳам майхўрлик билан банд бўлишди. Никоҳни бошлаш муддати етиб келгач, қабиланинг барча аҳли жам бўлишиб имом хатиб куёв билан келинни никоҳлаб қўйди. Сўнг барчалари Лайли уйи томон йўл олишди ва ойни аждаҳога топширмоқчи бўлишди. Ибни Салом Лайли қўлини тутган заҳоти ажойиб бир иш юз берди -  куёв юрак ўйноғи касалига мубтало бўлган экан, ичкиликни кўп ичган пайтларда жисмига изтироб тушиб, нафас олиши қийинлашиб қоларкан. Тўй чоғи ҳаддан ташқари кўп май ичгани туфайли шу дарди яна қўзғаб қолиб ҳушидан кетди-ю, ўлик каби йиқилди. У худди ҳаёт билан видолашаётган аҳволда ётар экан, тўй мотамга айлангандек бўлди. Одамлар уни ўлган деб ўйлашиб, бир уйга олиб кирдилар. Ҳамма куёв бошига йиғилиб, келин билан ҳеч кимнинг иши йўқ эди. Бечора келин лол бўлиб ўтирар экан, хаёли юз хил фикр билан банд эди. Ўзини ўлдиришга аҳд қилиб заҳарли ханжарни қўлида яшириб турарди. Рақиб ўз муддаосига етишмоқчи бўлса, сўзсиз ўзига ханжар уришга тайёр эди у. Аммо бу кечада фалак ҳайратланурли иш қилди: икки севишганни ажратиб, ҳар бирини биров билан жуфт қилмоқчи бўлди-ю, ҳеч бир дурни тешмади. Яна бир ҳайратли иш шу бўлдики, бу икки ҳодиса бир кечада юз берди. Алқисса, куёв беҳол бўлиб йиқилгач, Лайли балодан озод бўлиб кўнгли шодликка тўлди ва олдида ҳеч ким қолмаганидан хурсанд бўлиб, ташқарига чиқди-да, қумлар устидан юриб кетди. У аста қадам ташлаб, лекин дам олмасдан бораркан, оғзидан Тангрига шукрона сўзлари тушмасди. Анча йўл босиб қабила кўринмайдиган жойга етди.
Бу чоғ Мажнун ҳам шу томон келарди. Бир-бирларига яқинлашишгач, иккаласининг кўнглига изтироб тушди. Лайли ўз севгилисини унинг ноласидан англаб таниган бўлса, Мажнунга дилбари насими эсиб, фироқ хавфидан қутулди. Бир-бирлари томон югуришиб етишдилар. Ҳайҳот, бундай висолни ким кўрди экан? Бир-бирларини таниган чоғданоқ руҳлари бадан уйидан жой олди, яъни баданлари зору мажруҳ (яраланган) бўлса, маълумки ўша баданга руҳ бўлади.
Икки гуҳар ўрни бўлди бир дурж,
Икки қуёш авжи бўлди бир бурж.
Бир соғар6 аро тушуб ики мул,
Бир ғунча аро бутуб ики гул.
Бир жисмда икки руҳ ўлуб гум,
Бир кўз аросида икки мардум.
...Бу қанд эди, ул зулол монанд,
Жазб айлади ул зулолни қанд.
Бир сув эди ул ҳубоб ҳосил,
Бир оҳ ила бўлди анга восил.
Фалак бир лаҳза уларга меҳрибонлик кўрсатиб, икковлари васл билан шод бўлишлари учун зарур шароитларни яратиб берди. Барча ҳайвонлару қушлар уйқу оғушида ором олишарди. Сайёралару юлдузлар икки севишганнинг шодлик кечасини ҳимоя қилиб, улардан кўзларини узишмас, субҳ совуқ нафасини урмас, бутун олам уйқуда эди.
Икки вафодор эса бир-бирларига тану жон мисоли чирмашишиб, бир-бирларининг юзу қўллари, оёқларини ўпишиб, бири қулочини очса, иккинчиси қўлига ёр сочларини чирмаб лаззатланишарди. Аммо не иш юз бермасин, у покликдан узоқ эмасди. У икки дилбанд висол оғушида шундай шод эканлар, тонг ёриша бошлади. Лайли: «Бу ерда бўлишни истасам ҳам, уйга боришим тўғрироқ бўлади», -  деди-да, бир-бирларининг оёқларини ўпиб хайрлашишди.
Икки дилором бир-бирининг васлига етишиб муродлари ҳосил бўлгач, бири қабилага йўл олиб кетди, иккинчиси эса даштда ёлғиз қолди. Лайли ҳеч кимга сездирмай ўз уйига кириб олди. Унинг ёри билан топишганидан ҳеч ким хабардор бўлмади. Бемор куёв кўзини очиб боши устида турган одамларга амори, яъни кажава келтиришини буюрди, улар бу фармонни бажаришгач, унга ўтириб ўз уйи томон жўнаб кетди. Куёв ўз касалидан тузалгач, яна келиб никоҳ ишига киришишини билдирди. Лайли эса уйда қолиб, яна ҳажр аламини торта бошлади. Димоғи ёр исидан баҳра топгани учун унинг роҳати бузилган, беҳоллиги янада кучайган эди. Васл давлатига етишган Мажнун шу чоққача висол лаззатини тотмаган, ғам ўтида куйиб васл отинигина эшитарди холос. Васл билан жони янгилангач, ҳаёт сувини мўл-кўл ичгандек бўлди. Лекин замона бу ҳаёт сувини тўкиб ташлаб, яна заҳар тўла юз жомни унга тутди. Яна ҳажрга мубтало бўлган ошиқнинг ҳоли аввалгисидан ҳам оғирлашди. Кўнглида юз хил изтироб пайдо бўлди-ю, яна Нажд тоғи томон йўл олди. Нажд тоғини ер устидаги иккинчи осмон деб аташ мумкин эди. Чўққилари фалакка етадиган бу баҳайбат тоғ устида дарахту кўкатлар ҳам ўсмасди, фақат тошлардан иборат бўлиб, ошиқлар учун ғам-алам тоғи эди. Мажнун унинг устига югурганича чиқиб борди. Бу тоғнинг чўққисини у ўзига маскан қилиб олган бўлиб, у ердан Лайли қабиласи кўриниб турарди. Кўзи доимо шу қабилада бўлиб, у ерни томоша қилиш билан ўз дардига чора топар, у ерда кўтарилган тутунни кўзларига сурма деб биларди. Тоғ чўққисидаги ўз манзилига олов тезлигида югуриб чиқди-ю, яна қабилага кўзини тикканича, ўз-ўзи билан сўзлаша бошлади. Атрофида ваҳший ҳайвонлар, қушлар пайдо бўла бошлади. Улар ичида Мажнун ёқтирган бир жайрон бўлиб, кўзи билан бўйни нозик, жисми чаққон, девона йигитга ёру ошно эди. У Мажнунга меҳрибонлик кўрсатиб, бўйнидан қучар, юзларига юзини суртиб эркаланар, қулоғи билан кўз ёшларини артиб, туёқлари билан жисмини қаширди. Жафокаш йигит эса уни эркалар экан, қулоғига шундай деб сўзларди: «Сенинг кўзларинг Лайли кўзидек сеҳрли, нозик оёғинг учи ёрилган қамиш қаламнинг ўзгинаси, туёғинг эса қалам учидаги сиёҳга ўхшайди. Худди хат ёзиш учун бандлик қамиш қаламни йўнгандексан. Ушбу қаламинг билан Лайли қабиласи томон йўл олиб, агар ёрим баҳор чоғи сайрга чиққан бўлса, сен томонга йўли тушиб қолса, узоқдан туриб атрофидан айлангин-да, ҳар ўн қадамда тупроққа юзингни қўй. Мен юзимни сенинг юзингга суртай, кўзимни ҳам кўзингга суртай. Сайрда у билан бирга бўл, қай томон йўл олса, гулу лол
алар орасида бекиниб, у етиб келганида, оёғига юзингни, қадами тупроғига икки кўзингни суртгин. Ҳазин йиғлаб, менинг ғамимни унга ошкор қил, дил дардларимни мунгли кўз ёш тўкиб унга баён қил!»
Мажнун кийик билан шундай сўзлашар, қушлар билан бошқачароқ суҳбатлашар, ҳар бир ҳайвонга шу тарзда ўзининг ғамгин қиссасидан ҳикоя сўзларди. Кўнглида ёр висолига орзу ҳавас яшар, лекин бу ҳавас хаёлгина эди. Лайли билан бўлиб ўтган висол онларини ёдига олар экан, дили шодликларга тўларди.
Мажнуннинг ярим кечада Навфал уйидан чиқиб дашт томонига кетганини билган ота-онаси эл олдида уялишганидан ғам остида қолишди. Ўша заҳотиёқ уй томон йўл олишди, етиб боришгач, отасини иситма тутиб, тўхтовсиз терлаб, тўшакка михланиб қолди. Ҳар хил муолажалар қилишса ҳам, фойда бермади. Табибларнинг маҳорати ҳам кор қилмай, иситмаси пасаймади. Дарди оғир бўлгани сабабли, аҳволи борган сари ёмонлашиб, охири жон омонатини топшириб, қоронғи маскан сари йўл олди. Қабила аҳли аза тутиб, оҳ-фарёд чекдилар. Бундан хабар топган кекса онаси бир томондан ўғлининг дарду ғами, иккинчи томондан ёстиқдошининг алами билан изтироб чекиб эри ортидан боқий дунёга юз тутди. Эл унга ҳам аза тутиб, қора кийди. Уларни ўша қабиланинг гўристонига дафн этдилар.
Нажд тоғини ўзига маскан қилиб олган Мажнун ота-онасининг вафотларидан бехабар эди. Бир куни ичини қайғу босиб, кўзи уйқуга кетди. Тушида ажойиб бир воқеани кўрди: иккита каптар бир уйда бола очибдилар, жўжага қанот чиққач, у бирдан ҳавога парвоз қилибди. Буни кўрган иккала каптар уни уясига олиб келиш чун осмонга парвоз этишибди. Жўжани топган бўлсалар ҳам, у ўжарлик қилиб уйига қайтмас эмиш. Икковлари ноумид бўлиб инларига қайтаётганларида, юқоридан иккита бургут учиб келиб, икковини еб қўйибди. Бу тушни кўргач, Мажнун кўзини очди-ю, қонли кўз ёшларини тўка бошлади. Тушига таъбир истаб, уни ўз ҳолатига қиёслади-да, ота-онаси ўлганини, ҳаёти қуёши қора бўлганини билди. Тоғдан пастга қараб сел цингари шошилиб, селдек кўз ёшларини тўкиб, қабиласининг мозоригача оҳ-фарёд уриб югурди. У ерда янгигина ясалган икки қабрни кўриб, жисми зорини чақин ургандек бўлди. Бошига тупроқ сочиб, кўкрагига тошларни ура бошлади. Отасининг мозорига бошини қўйиб
фиғон чекди: «Эй саҳро аҳлининг азизи, фақат дашт эмас, Маккадан Шомга қадар барча эл сенинг раҳматинг дастурхонидан баҳраманд эди. Арабларнинг энг улуғ кишилари ҳам сенинг дастингдан шикаст топарди. Лекин сен мендан шикаст топдинг. Кўнглинг ғамимда ношод бўлиб, умринг мен туфайли барбод бўлди. Мени шодлик учун тилаган эдинг, лекин мен туфайли ёруғ чироғинг ўчди. Мени тилаб қанча дирамлар сочдингу, мен туфайли аламдан бошқа нарса кўрмадинг. Қайси тил билан сендан узр сўрай, сенинг айтганларингни қилмадим, руҳингдан нечук кечирим сўрай? Мени ташлаб кетиб, устимга ғам тоғини қўйдинг. Сўнгакларимни бир-бир ушатиб, танимни тупроққа қориштирдинг. Юлдузим ҳар қанча қора бўлиб, толеим бахтсиз бўлса ҳам, саховат кўрсатиб, мени кечиргил, руҳингни кечирувчим қилгин!»
Кейин Мажнун онаси қабри олдига бориб, ёқаси ўрнига кўксини пора қилиб, ерни кўз ёшлари билан денгизга айлантирди. Баҳор булутидек ўкириб, ўз юзларига ура бошлади. Сўнг алам билан шундай деб фарёд урди: «Эй жоним қибласи, қибламнинг нури! Жонимнинг шодлиги, кўзимнинг чироғи, кўнглимнинг роҳатию, фикри хаёлим ороми! Сен Каъбам эсанг-да, мен майхонани истаб, тавоф қилмадим, атрофингда айланиб сайр этмадим. Қалбингга ҳар доим изтироб солиб, Каъбамни хароб айладим. Менинг Каъбам хароб бўлди, энди Тангрига не деб жавоб бераман? Меҳримга кўнглингдан жой бериб, бешигимни қўлларинг билан тебратдинг. Ҳар кун мени ўйлаб қайғу чекдинг, мени деб тунлари уйқунг ҳаром бўлди. Кечалари тинмай йиғлаб фиғон қилганим кўзларингга уйқу бермасди. Кундузларию кечалари менинг дардимда тинмай, емак-ичмакни ҳам унутиб қўярдинг. Бир луқма нон еганингда ҳам, унинг менга сут бўлишини ўйлардинг. Кошки эди чеккан бу азоблардан қаддинг эгилиб, кўрпа-тўшак қилиб ётганин
гда, мен қаддимни эгиб қошингда турсам эди, қул каби ўғиллигингни қилсам эди. Бундай оғир кунларда бошингда ҳозир бўлолмадим, шафқат билан қўлларингни силаб, кўзларим билан йўлларингни супуролмадим. Сендан туну кун жудо бўлиб, бевафолик қилдим, дардингга даво бўлолмадим. Жаннатдан жой олган руҳинг мендан шод эмаслигини биламан, шу зулмнинг ўзи менга етиб ортади. Бечораман, бошқа нима қилай, дардимга қандай чора топай?!» Шундай фиғон қилганича, бошини ерга ураркан, яна ҳушидан кетиб йиқилди.
Ҳаёт куйи, гўзаллигидан маҳрум бўлган Мажнун энди ота-онасидан ҳам жудо бўлди. Уни ёр доғи ўртаб келаётган бўлса, улар устига икки меҳрибонининг дарди ҳам қўшилди. Алам устига алам ичида қолган бечора гўристонни ватан қилиб олди. Ётадиган жойи хилхона бўлиб олам унга гўё қоронғу гўрдек туюларди. Ҳар куни ҳушини йўқотиб нолаю фиғонлар қилар, ўзини юз ғамга дучор этарди. Ўз жонига жафолар қилиб, ўз-ўзига аза тутарди. Ота-онадан айрилиш икки доғ бўлса, ҳижрон ушбу икки ўт устига қуйилган ёғ эди. Мунча ғаму бало йиғилгач, Мажнун ётиб қолди. Дарди шунчалар кучли эдики, у ўзи ётган жойидан қўзғалолмасди. Боши устига ёввойи ҳайвонлару қушлар, кийиклар тўпланиб туришарди.
Бу пайт Лайли ҳам ғам-алам ичида изтироб чекарди. Мажнун висолидан шодликка тўлган қиз яна ҳижронга дуч келди. Мажнуннинг ота-онаси вафот этганини эшитган Лайлининг дардига дард қўшилди.
Чунки юз берган барча воқеаларга ўзи сабаб бўлганини яхши билар эди. У тинмай йиғлар экан, шундай сўзлар била нола қиларди:
«Эй кажрав сипеҳри худрой,
Зулмунгдин вою юз туман вой!
Жонимға неча ситам қилурсен,
Кўнглумга насиб алам қилурсен,
... Лайлийи заифу бенавони,
Юз дарду балоға мубталони
Ўлтурмак ила ҳам этмайин бас,
Ҳажр ўтиға солмоқ ўйлаким хас.
Бу Лайли эди, недур хаёлинг,
Эрмас эди ҳийлапеша золинг.
Соврулғасиз, эй раванда афлок,
Қўзғалғасиз, эй нужуми бебок.
Жисмимни қатил қилдингизла!
Жонимни залил қилдингизла!
Жисмим гардин учурди оҳим,
Эй чарх, аримадиму гуноҳим?!
Бу қайғу азобларим етмагандек, ёримнинг изтироблари ҳам бошимга тушди. Унинг ота-онаси ўлиб, мен ҳам мотамда қолдим. Агар у қаттиқ алам чекаётган бўлса, менинг дардим уникидан икки баробар кучлироқдир. Унга ота-онасининг ғами етган бўлса, бу -  менинг ҳам ғамимдир. Лайлини фурқат балоси қийнаётган бўлса, бунинг устига икки Мажнунча машаққати ҳам бор. Унга умр зарурияти қолмади, шунинг учун жондан кечсам ажаб эмасдир».
Шундай сўзларни фарёд уриб хитоб қилар экан, нола ўти ҳаддан ошиб, жисмида иситма пайдо бўлди. У ўт худди қуёшнинг ботар чоғидаги ҳароратига ўхшарди. Гулдек юзи терга ботиб иситма ўтидан қизариб кетди.
Онаси қизининг бу аҳволини кўриб изтироб чекарди, жигари кабобга ўхшаб куярди. У, Лайлининг отасини хабардор қилгач, қизининг ҳолатидан у ҳам қаттиқ ташвишга тушди. Ота-онаси, дугоналари табиблар чақириб келдилар. Исо нафасли ҳакимлар ҳар қанча даво қилишса ҳам, иситма пасаймасди. Кундан кунга дарди кучайиб, бош оғриғи дам-бадам зўрайиб борарди. Шу ҳолда ётар экан: «У мотам асири (Мажнун) дард туфайли ўлим олдида эмиш. Гўристон ичида зору беҳол бўлиб ўлган кишидек ҳаётдан узоқлашаётганмиш. Гоҳ ўзида, гоҳида беҳуш бўлиб, кўзлари ўликдек нурсиз экан, ўз мотами билан жисми заифу, сенинг дардинг бу жисмидан жонини тортиб олаётгандек. Унга ғам устига мотам қўшилиб, сенсиз иши мотам устига мотам экан, жони ғам билан дарддан поймол бўлиб, ҳоли ҳаддан ташқари хароб экан», -  деган сўзлар қулоғига чалинди. Бу гапларни эшитган Лайлининг бир ўти минг бўлиб, ўлими яқинлашарди.
Куз шамолининг оҳи етиб, бўстонлар юзини сарғайтирарди.
Япроқларнинг юзлари сариғ оғриққа учраган кишиларникидек сариғ тусга кирди. Ҳар қайси барг беморлардек ер тўшагига ётиб оёғини узатиб олди. Дарахтлар ҳам титрашга тушиб, кучли шамоллар чаманларни талон-тарож қилишга киришди.
Лайли ҳусн боғи бўлиб бошидан оёғигача жаннат гули эди. Унинг дарди насими тезлашиб, бўстоннинг барглари тўкила бошлади. Касаллик ҳусни шоҳини ғамгин қилгач, у ўз тутқунларини озод қилиб юборди. Фақат битта кабутаргина учиб кетмади. Бу оламни тарк этиш онлари яқинлашганини сезган париваш уйни холи қолдиришларини сўради-да, сўнг ҳузурига онасини чақиртириб унга шундай мурожаат қилди:
«Эй жонингни менга бағишлаган онажоним! Бу хаста жоним сенинг жонингга садқа бўлсин. Менинг бор машаққатларимни ўз устингга олиб, кўп дарду аламимга қолдинг. Минг йил тирик бўлиб хизматингни қилсам ҳам, бу яхшиликларингни қайтара олмайман. Энди гулим хазонга учраб, гулистонимга совуқ куз шамоли етишди, бу чаманни тарк этиш зарур бўлиб қолди. Видолашиш чоғи етиб келган экан, дилимдаги дардларимни сендан яширишим тўғри бўлмайди. Билганларингга сен мадоро, чора қилдинг. Энди мен сенга сирларимни очай. Омонатимни топшириб, тупроқ сари йўл олар эканман, аза очма, кўз ёшларингни кўп тўкма, юзларингга уриб яралаб, руҳингга азоб берма, деб айтишим бефойда. Шунинг учун сендан буларни эмас, бошқа бир нарсани илтижо қиламан. Мотам кунлари қаттиқ азоб чекиб, юзингни тирнаб қонга ботирма, кўп қора кийим кийма, иложи борича, сабр қилишга интилгин, ўзингга далда, таскин бер. Тангри сенга сабр берсин». Онасига кўплаб дуолар қилгач, яширинча бу сўзларни таъкидлади: «Бу мотам элга ошкор бўлгач, дашту саҳро аҳлига ҳам етиб боради. Шубҳасизки, менинг тоғу даштларда шамолдек кезиб юрган ғариби зоримнинг қулоғига бу сўзлар эшитилгач, ҳодисадан хабар топиб, руҳи менинг руҳимни истаб, тезда буёққа келади-ю, қуёш каби менинг бошимга етади. Айрилиқ дардидан қутулиб, элга ишқ қандай бўлишини кўрсатиб тупроғимга тупроғини қўшади. Руҳини менга топшириб, тани жонсиз бўлиб ерда жисми зори ётса, ҳурматини қилиб ёнимга ётқизгил. Унинг шариф жисми пок бўлгани учун кўз ёшларинг билан ювсанг ҳам арзийди. Гинани унутиб, унга яхшилик ва меҳрибонлик кўрсатгин-да, жон пардасидан кафан қилгин ва ана шу кафанга мени ҳам ўрагин. Унга фарзангдингдек муносабат кўрсатиб, фарзандинг билан бирга уйқуга ётқизгин-да, икки руҳ бир-бири билан қўшилгач, бир тобутга солгин».
Лайли ушбу сўзларни тугатди-ю, «Мажнун» деганича жон берди. Онаси бу кунни кўриб бир овоз чиқардики, у осмоннинг бағрини тешиб ўтгандек бўлди. Қизининг бошидан айланиб, товонига кўзларини суртар, гўёки киприклари билан уни қитиғлаб, «Уйқу вақти эмас-ку ҳозир, кўзларингни оч, оёқларингни қимирлатиб, сўзлагин», дегандек уйғотмоқчи бўларди. Титраб, йиғлаб қизини маҳкам бағрига босиб, юзларини юзларига қўяр, кўз ёшларидан унинг рухсорига сув урар, гўё сув билан сесканиб, зора уйқусидан уйғониб кетса, дегандек бўларди. Лекин унинг барча ҳаракатлари зое кетди, ой юзли гўзал қизи уйқудан кўз очмади. Уйғонишидан умиди узилган она оппоқ сочларини ёйиб оҳ-фарёд кўтарди, сочларини юлиб, ёқаларини йиртар, тирноғлари билан юзини ўяр, ўйилган яралар ўрнидан оққан қонлар кўз ёшларига қўшилиб булоқ сувларидек оқарди. Нола қилар экан: «Жуда қаттиқ ухлаб қолдинг-ку, бўтам! Кўзингни оч, ҳаво мусаффо, қизлар гулшанда сайр қилиб юришибди, барчалари боғда айланиб сени кутишмоқда. Турли тақинчоқлар тақиб ясанган дугоналаринг сенинг йўлингга боқиб туришибди. Жингалак сочларингни очиб, ифорларини оламга тарқатай, кўзингга сурма суртиб, юзларингни қизил элик билан гулгун қилай, шакардек лабларинг остига, юзингга хол қўяй, устингга гулранг кўйлаклар кийдириб, гулшанга юборай, қизлар билан у томонга боргин. Сенга Мажнун ҳам интизор бўлиб, боғ ичида фиғон чекиб турибди. Сен кечга қолгач, у сени истаб бу томон келиб сени сўраса, нима деб жавоб бераман? Ҳам мени, ҳам уни зор қилма, унинг олдида мени шармсор этма».
Она бу сўзлари билан жаҳонни ғам-ғуссага ботирди-ю, оҳи билан осмонни қоронғи қилди. Ташқарида отаси бошяланг ҳолда ёқасини йиртиб, кўксига тошларни урар, ёлғиз отаси эмас, қавму қариндошлари, бутун қабила аҳли аза тутишиб, оҳ-фарёд чекишарди.
Бу пайт Мажнун яланғоч ҳолда бир қабр ичида ётарди. Лайли оғир бетоб бўлиб қолгач, у ҳам касал бўлиб йиқилган эди. Маъшуқ бемор бўлганда, ошиқ ҳалок бўлади. Мажнун беҳол бўлиб ётаркан, Лайли гоҳ тушида, гоҳ хаёлида намоён бўларди. Лайли ажал қўлидан қадаҳ ичган, яъни бу олам билан видолашган чоғда кўнгли бирдан симоб каби титраб кетди-да, қулоғига шундай бир овоз эшитилди:
«Эй дарду бало аскарларининг подшоси! Ҳозир ётишнинг вақти эмас, ўрнингдан тур. Покиза боғингга куз келди, чироғинг тонг шамолига учради. Булбуллигингни кўрсатмоқчи бўлсанг ҳам элга кўрсат. Ёринг сафарга тайёр ҳолда ҳамроҳини кутиб турибди. Ҳамроҳлигингни кўрсатасанми ё у ой сенсиз сафарга йўл олаверсинми?»
Девона бу сўзларнинг маъносини дарҳол англаб етди-ю, тани ниҳоятда беҳол эканлигига қарамай, ётган жойидан қоплон каби сакраб туриб, қабила томон тез югуриб кетди.
Чақмоқ каби елиб бораркан, висол куйини куйлаган ҳолда кўз ёшларини ёмғирдек сочарди. Меҳри ўти жаҳонни ёритар, кўнглида ўлим хавфи ҳам йўқ эди. Унинг атрофида ёввойи ҳайвонлар ҳам сакраб боришар, одамларнинг баъзилари Мажнун ҳолатидан, баъзилари эса ҳайвонлар офатидан қўрқувда эдилар. Мажнун Лайли эшигига қадам қўйгач, ҳайвонлар ташқарида қолишди. Девона йигит остонадан дадил кирди ва уй ичида ётган севгилисига кўзи тушди, унинг олдига бориб ёнига ётди-ю жон таслим қилди. Уйга кирган қабила аҳли бу ҳолатни кўриб ҳайратдан қотиб қолишди. Уларни дафн этиш зарурияти туфайли бу ҳолатда қандай иш тутиш ҳақида маслаҳатлаша бошладилар. Барчалари дедиларки:
«Бу икки ғамнок,
Ҳар шойибаи фасоддин пок,
Ким умрларида ишқи қотил,
Қилмай нафасе аларни хушдил.
Ҳажр ичра тўюб рамида жондин,
Армон била бордилар жаҳондин.
Чун руҳлариғадур ниҳоний,
Жаннатда висоли жовидоний.
Нетгай қўшулуб ики бадан ҳам,
Гўр ўлса аларға бир, кафан ҳам.
Васл ўлди чу руҳларға ҳосил
Туфроққа туфроқ ўлса восил».
Бу фикр барчага маъқул тушди. Лайлининг васияти ҳам шундай эканлиги уларга аён эди. Сўнг керакли ҳамма нарсани тайёрлаб, марҳумларни машҳур кишилардек ясатишиб, икковларини -  жонсиз келину ўлик куёвни бир тобутга солишди. Икки жисм бир кафанга, йўқ, йўқ, икки руҳ бир баданга кирди. Бир тобут ичидаги икки дилором дугона бодом каби, йўқ, йўқ, икки дона эмас, битта дона каби эди. Дугона икки бадан бўлса, ҳар бирининг кафани бошқа-бошқа бўлса, бу дона икки бўлакдан иборат бўлган, шундай бир аъзо эдики, донадек икки бадан дона қобиғи каби бир кафанга ўралган эди.
Шундан сўнг тобутни қимматбаҳо чиройли гулдор матолар билан безатишиб, мозоргача бошлари устида кўтариб боришди, сўнг тобут билан икки дилрабони қабр ичига олиб кириб тупроққа қўйдилар-да, қоронғу уйдан чиқдилар. Ой билан кун юзини булут яширди, гўр битта эди, шунинг учун битта қабр ясашди. Ишқ аҳлига умид шамъи ўчди, чунки ой билан хуршид ер ичига киришди. Ишқ элига шоҳ ҳам қолмади, ҳусн кўкида ой ҳам қолмади. Лайлининг ота-онаси, қабила аҳли ва қариндошлари билан ҳар куни икки маҳал йиғилишиб бу қабр бошида йиғи-сиғи қилишарди. Йиллар ўтиб, улар ҳам бирин-кетин тупроқдан ором топишди.