Facebook
Фарҳод ва Ширин (наср) PDF Босма E-mail
Материал индекси
Фарҳод ва Ширин (наср)
2-қисм
Ҳамма саҳифа

Чин мамлакати ғоятда гўзал бўлиб, уни қудратли бир подшоҳ бошқарарди. Шоҳнинг осмондаги юлдузлардек беҳисоб лашкари бўлиб, юз мингта Қорун хазинасига тенг келадиган бойликка эга эди. Кўпгина мамлакатларнинг хонлари унга бўйсунардилар. Шоҳнинг ўзи ниҳоятда саховатли, фуқароларига ғамхўр ҳукмдор эди. Унинг фарзанди йўқ бўлиб, «Мен бу дунёдан кўз юмсам, тахту тожим кимга қолади?», -  деб афсусланарди. Бир ўғил кўриш орзусида етимларнинг бошини силарди, бефарзанд фуқароларга ҳам меҳрибонлик кўрсатарди. Ниҳоят орзулари ушалиб, ўғил кўриш бахтига муяссар бўлди. Хурсандлигидан кўпдан-кўп жавоҳиру олтинларни халққа эҳсон қилди, бутун мамлакат безатилиб, бир неча кун байрам қилинди. Чин аҳли уч йил давомида солиқ тўлашдан озод қилинди.
Шодлиги ичига сиғмаган подшо фарзандига яхши бир исм қўймоқчи бўлди. Чақалоқнинг юзида «фарри шоҳий», яъни шоҳлик нури порлаб турарди. Бу нур сояси остида эса ҳиммат, иқбол ҳамда давлат ўрин олган эди. Шоҳ «фар» сўзига ҳиммат, иқбол ва давлат сўзларининг бош ҳарфларини қўшган эди, Фарҳод исми ҳосил бўлди. Болани ана шу исм билан атадилар-да, ипак матоларга ўраб бешикка беладилар. Лекин бу исмни отасигина қўйган эмасди. Чақалоқнинг покиза зотини кўрган ишқ ҳам унга Фарҳод исмини қўйган ва уни фироқ, рашк, ҳажр, оҳ ва дард сўзларининг бош ҳарфларидан танлаган эди. Фарҳод ўз тенгдошларидан бошқачароқ бўлиб, кечалари яхши ухлай олмасди, доя унга ичирган ҳар қатра сут маъно дури бўлиб цингарди. Бир ёшга етганида, у бешикни тарк этиб юра бошлади. Уч ёшида аниқ, равон сўзлайдиган бўлди. Лекин унинг сўзлари асосан ишқ афсоналаридан иборат эди. Уч яшарлик чоғидаёқ ўзини ўн ёшли болалардек тутар, бундан барча ҳайрон эди.
Отаси ўғлининг бу сифатларини кўргач, унга илм бериш вақти етганини англади. Билимли, донишманд бир устозни топиб келиб, Фарҳодни ўқитишга киришди. Уч ой деганда боланинг саводи чиқди. Шундан кейинги бир йил ичида аввало, Қуръонни ёд олди. Барча ўқиганлари унинг хотирасида қолар, бир варақни иккинчи бор очмасди. Муҳаббат ҳақидаги асарларни ўқиганида, қаттиқ таъсирланиб, ошиқ чеккан дард унинг қалбига алам-изтироб соларди. Бу китоблардан таъсирланган Фарҳод бирон кишининг кўзида ёш кўриб қолса, зор йиғлар, устоз унинг бу ишларидан лол қоларди. Отаси билан онаси унинг бу ҳолатини кўриб, қандай чора топишни билишмас, халқ ҳам шаҳзоданинг аҳволидан хабар топиб ташвишланарди.
Шу тарзда унинг ёши ўнга етди. Жаҳонда у ўрганмаган, маъносини англаб ўзлаштирмаган бирон илм қолмади. Ўн ёшли Фарҳодда йигирма яшар йигит кучи-қудрати бор эди. Энди у илм олишни тугаллаб, ҳарбий ҳунарларни касб этишга киришди. Оз фурсатда жанговар санъатларни ҳам эгаллаб, ўқ отиш, найза санчиш, қиличбозлик, қалқон билан жанг қилиш маҳоратларини эгаллаб, эл орасида танилди. Фарҳод илм ва ҳарбий соҳада эришган ютуқларига қарамай, ўзини барчадан камтар тутар, унинг учун подшолик билан гадоликнинг фарқи йўқ, ҳатто гадоликни подшоликдан юқорироқ қўярди. Йигитчанинг кўнгли билан кўзигина эмас, балки тили ҳам, сўзи ҳам, ўзи ҳам пок эди. Ана шу хислатлари учун фуқаролар ҳам уни доим дуо қилишар, у томонга ногоҳ бир совуқ шамол эсса, Чин мамлакатининг барча халқи совуқ оҳ чекишарди. Ниҳоят, Фарҳод ўн тўрт ёшга етди.
Шоҳ фарзанди камолини кўриб, ҳар куни хурсандчилик қиларди, аммо Фарҳод ишқий достонларни ўқир экан, ошиқлар чеккан дардлардан кўнгли ғамга тўлар, ишқий ашулаларни эшитса, икки кўзидан ёш аримасди.
Хоқон ўғлининг ҳолини кўриб, ўйлаб ўйига етолмас, «Нега у ҳамиша ғамгин, нега доимо оҳу афғон чекади, кўз ёшларига сабаб нима экан?», деб фикр қилар экан, Хитой мамлакатидаги бор гўзаллару санъаткорлар, найрангбозлару сеҳргарларни чақиртириб уни хурсанд қилишга интилар, аммо Фарҳод уларнинг ишлари сирини тезда англаб етиб, қизиқмай қоларди. Буларни кузатиб турган отаси ўйлаб-ўйлаб, тўртта ажойиб қаср қуришга аҳд қилди, токи ўғли ҳар фаслда бир қасрда яшаб, айш-ишрат билан шуғуллансин.
Баҳорий қаср гулранг, ёзгиси - яшил, кузги қаср заъфароний, қишкиси эса оқ, кофур рангида бўлиши керак эди. Хоқон ушбу қасрлар битгач, уларни Чин мамлакатининг энг гўзал қизлари билан тўлдиришни, ўғлининг ана шу жаннатмисол саройларда лаззатланишини орзу қиларди. Қурилишга таклиф этиладиган ҳунарманд усталар: сангтарошу наққошлар қанча тошларни йўниб, ҳовузу гиламлар билан безатар, хилма-хил нақшу расмлар чизар эканлар, Фарҳод ҳам уларнинг ҳунарлари билан қизиқиб, ҳар бир санъат билан машғул бўлса, қаср битгач эса, улардан лаззатланса, дилидаги ғаму андуҳлардан қутулса, айни муддао бўларди, деб ўйлар экан, хоқон дили ёришиб кетди-ю, ичи шодликка тўлди.
Унинг Мулкоро деган бир доно вазири бўлиб, хоқон ҳар бир ишни у билан маслаҳатлашиб бажарарди. Мулкоро ўғлининг мураббийси бўлиб, Фарҳод ҳам уни ўз отасидек кўрарди. Шоҳ элдан яширинча уни ҳузурига чақиртирди-да, ўз фикрлари билан таништиргач, шу ишларни унинг зиммасига юклади.
Мулкоро хоқон фармойишини бажо қилиш учун кўплаб муҳандислару меъморларни чақиртириб, мамлакатдаги энг кўнгилочар вилоятлардан тўртта мавзеъни танлади. Ҳар қайси жой суви ва ҳавоси билан бир фаслга мос бўлиб, шаҳзоданинг ором олиши учун мақбул эди. Шундан сўнг ҳар бир қасрнинг режаси чизилди, унда экиладиган дарахтларнинг ҳам ўрни белгилаб қўйилган эди.
Хитой мамлакатида эгизак икки уста бўлиб, бирининг лақаби Боний, иккинчисиники эса Моний эди. Боний меъморлик билан, Моний эса наққошлик билан шуғулланарди. Боний қурган бинолар ғоят мустаҳкам бўлар, Моний чизган расмлар эса худди жонли сиймолардек кўринарди.
Яна бир устоднинг лақаби Қоран бўлиб, тошкесарликда унга ҳеч ким тенг келолмасди. Мулкоро шуларга ўхшаш яна кўплаб усталарни тўплади-да, хоқон бу қасрларни шаҳзода Фарҳоднинг ором олиши учун қурдираётганини таъкидлаб, ҳар бир қасрнинг ҳажми-ю ранги қандай бўлиши лозимлигини тушунтирди. Сўзи тугагач, сон-саноқсиз олтинларни уларнинг олдига тўкди. Усталар қўлларини шимариб ишга киришдилар. Мулкоро уларни хурсанд қилгач, керакли нарсаларни тўплашга киришди. Бу ишга тўрт саркорни тайин қилиб, юзта ишбилармон устанинг ҳар бирига мингтадан мардикорни бириктириб қўйди. Ҳар бир тоғ устида юз киши тош қўпорар, пастда эса мингта тош пардозловчи иш билан банд эди. Араваларда қурилиш жойига тинмай оқу қизил тошлар ташилар, ҳамма ёқда иш қайнарди.
Ишлар жадал борар экан, осмонўпар тўрт қасрнинг қад кўтараётгани ҳақида шаҳзодага хабар етказиб турардилар. Бажарилаётган улкан ишларнинг ҳаддан зиёда таърифини эшитган Фарҳод отига минди-да, қурилишларни кўриш учун жўнади. У билан юзта келишган йигитлар бирга борардилар. Қурилаётган қасрлар олдига етиб борган шаҳзода бир олам одамларнинг жўшқинлик билан ишлаётганлари, тўрт улкан бино осмонга тегай деб турганини, ҳавозаларнинг булутларга қадар кўтарилганини кўриб ҳайратдан бармоғини тишлаб қолди. Фарҳод усталарнинг маҳорат билан тош йўнишларини қизиқиш билан кўздан кечирар, ўткир тешалари билан қаттиқ тошларни сарёғдек кесишаётганини кўриб уларга таҳсин ўқирди.
Қоран бажараётган ажойиб ишларга кўзи тушган шаҳзода унинг санъаткорлигини томоша қилмоқчи бўлди. Отдан тушгач, унинг ўтириши учун тошдан бир тахт тайёрлашди. Фарҳод унга ўтирди-да, устозга мурожаат қилди:
Эй моҳир ва билимдон устоз! Яратаётган санъатинг ҳақида бир оз сўзлаб бергил, токи унинг моҳияти ва яширин сирлари аён бўлсин. Исмингни айт ҳамда қандай қилиб сенинг тешанг тошларни мумдек енгил йўнаётганидан хабардор қилгил. Негаки, биз бундай ишни шу вақтгача кўрмаганимиз учун ушбу санъат олдида ақлимиз ожиз бўлиб турибди. Ахир ёғоч қаттиқроқ бўлса, унга пичоқ урсанг, ўтмаслашиб аррадек бўлиб қолади-ку! Тешангга қандай тарзда сув бергансанки, тошни йўнаётган бўлса ҳам, зарар топмаяпти. Сен тошга қайта-қайта ураётган бўлсанг ҳам ўткирлигини йўқотмаётган темир метининг сирларини ҳам айтиб бергин!
Тошга нақш чизувчи уста ер ўпиб, сўзини дуо билан бошлади: «Қоф тоғи яралибдики, чақмоқлар тошидан озор чекади. Фалак тошларидан бошинг омон бўлиб, тошларинг дарду ғам бошларини майдалаб ташласин. Душманларинг насибаси тош бўлсину улар машаққат тоғида овора бўлсин.
Отим Қоран, ишим ҳам аён: қўлимда тешаю, олдимда тошлар. Метин билан теша нега доимо тошни йўнса ҳам синмаяпти, деб сўрадинг. Бунинг сири шу асбобларга сув беришда, биз бу сирни элга ошкор қилавермаймиз. Уста ўз асбобига шу тарзда сув берса, юз йил тош йўнса ҳам улар зарар кўрмайди. Хитой халқи бу санъатни эгаллаб, олам аҳлига танилди. Лекин ҳамма усталар ҳам менинг билганларимни билмайди, бу сўзга далилим шуки, улар мен қилган ишларни қилишолмайди».
Донишманд уста сўзини тугатгач, шаҳзода ундан: «Олдимда ўз ишларинг билан шуғуллангин, чунки бу санъат менга ёқиб қолди. Гоҳи тош йўнгил, гоҳ тошга нақш чизгин, мен ишларингни кўриб ўтирай», -  деб илтимос қилди. Уста шаҳзода кўнглини хурсанд этиш учун ишга киришиб, тош кесиш ва нақш чизиш билан шуғулланди. Унинг ишларини кўриб турган шаҳзода таҳсин айтишдан чарчамасди. Қуёш ўз нурларини тошлар орасига яширгач, яъни оқшом тушгач, шаҳзода тош тахтидан туриб, шаҳар томон йўл олди.
Уйга қайтиб келган шаҳзода оромини йўқотди. Сангтарош уста санъати унинг кўнглига бу ҳунарни ўрганиш ҳавасини солган эди. Шунинг учун тонг отиши биланоқ отига минди-ю, яна томоша қилиш учун қурилиш жойига томон шошилди. Етиб боргач, хилма-хил ҳунарлар билан шуғулланаётган усталарнинг маҳоратини кузатаркан, ҳар бир санъат сири билан қизиқар, ширин сўзлар билан уларнинг кўнглини оларди. Бундан қувонган ҳунармандларнинг ғайратига ғайрат қўшилиб, янада яхшироқ ишлашга ҳаракат қилишарди.
Шаҳзода Қоран сари йўл олиб, унинг олдига келди-да, пўлатдан теша билан метин ясашини илтимос қилди. Уста ишга киришиб, турли асбоблар ясар экан, уларга сув бериши биланоқ тош йўниб кўрарди. Фарҳод уста қилаётган ишларни кузатаркан, сув беришнинг ва тош йўнишнинг нозик сирларини диққат билан ўрганарди. Шундан сўнг шаҳзоданинг ўзи ҳам тош кесиш ва йўниш, тошга нақш чизиш билан шуғулланишга интилиб, тез орада моҳир уста даражасига етишди. У баъзан одамлардан андиша қилиб, яширинча қўлига теша олар ва бошқалар бир ойда бажариши мумкин бўлган ишни бир кунда қилиб қўярди. Ҳар куни шу тарзда шуғулланиш туфайли унинг ҳунари камолига эришди.
Тўрт йилдан сўнг тўрт ҳашаматли қаср қуриб битказилгач, уларни безашга киришилди. Биноларнинг ташқи томонига чирой беришда Қоран ўз санъатини намойиш қилган бўлса, ичкарида Моний наққошлик қилди. Уста ҳар бир уйга нақшлар ва суратлар чизар экан, унинг ёнида ҳозир турган Фарҳод мададкорлик қилар, суратларга ранг берар, зарур бўлганда тош кесиш ва наққошлик ишларини бажарарди. Ана шу ишлар давомида шаҳзода моҳир устоз бўлиб етишди.
Буюк қасрлар битгач, уларнинг атрофида жаннатмисол боғлар яратилди. Ҳар қайси қасрга ўз рангига мос чиройли гиламлар солиниб, шу рангдаги буюмлар билан жиҳозланди. Уларнинг ҳар бирида хизмат қилувчилар ҳам қаср рангига мос кийимлар кийиб олишган эди. Баҳорий қасрдаги ҳамма нарса: эшиклару деразалар, ҳатто остоналар ҳам гул рангида бўлиб, ҳовуз атрофига лаълу ёқутлар қадалган, ичи эса гулранг май билан лиммо-лим тўлдирилган бўлиб, ариқларда ҳам шундай май оқиб турар, чор атрофда ранг-баранг гуллар очилиб ётар, ҳар тарафда қимматбаҳо гулранг кийимлардаги гўзал қизлар кезиб юришарди. Ёзги қаср ва боғда ҳамма нарса яшил рангга беланган бўлса, кузги сарой ва гулистон сариғ, заъфарон рангига, қишки қаср оппоқ рангга мосланган эди.
Мулкоро қасрларнинг, боғларнинг қурилиши тугаллангани ҳақида хоқонга хабар етказгач, шоҳ уни томоша қилиш учун отланди. Унинг чап ёнида сарой аъёнлари, ўнг томонида эса шаҳзода Фарҳод борарди. Барчалари аввал баҳорий қаср билан танишиб, ундаги ажойиботлар, боғдаги юз турлик гўзалликлардан баҳра олишди. Иккинчи қаср янада ҳайротомуз бўлиб, учинчиси ундан ҳам гўзалроқ, тўртинчи қасрдаги чирой олдинги учала сарой ва боғлардан ҳам ўз нафосати билан ажралиб турарди. Бир-биридан латофатли ушбу қасрлар ҳаммани лол қолдирди.
Шоҳ усталарга уларнинг ўзлари кутганларига қараганда юз марта кўпроқ инъомлар берди, Мулкорога алоҳида ҳурмат кўрсатиб, мартабасини янада юқори кўтарди, сўнг ана шу қасрлару боғлар, гўзал қизларнинг барчасини шаҳзодага совға қилди. Кейин Мулкорога ҳар қайси қасрда уч ойга мўлжалланган зиёфат учун барча керакли нарсаларни ҳозирлашни, йилнинг фаслларига кўра ҳар қасрда уч ойлик хурсандчилик қилишга тайёрлик кўришни буюрди. Донишманд вазир ишга киришиб тез орада бир йилга мўлжалланган шодиёналарга ҳозирликни тугатди. Ҳар куни юзта от ва мингта қўй сўйилиши мўлжалланди, ҳисобсиз мева-ю ширинликлар, ичимликлар тайёрлаб қўйилди.
Гўзал баҳор келиб, бутун табиат хилма-хил гулларнинг ранги-ю бўйидан, булбуллару тонг қушларининг ҳузурбахш куйларидан латофату ором касб этган кунларнинг бирида шоҳ Фарҳод ва ўз аъёнлари билан гулгун қаср томон йўл олди. Гул рангидаги қимматбаҳо матолар билан безатилган қаср ичида ажойиб бир тахт қурилган эди, хоқон унга бориб ўтирди, ёнидан Фарҳод жой олди. Тахт олдидаги гулранг курсида Мулкоро ором топди. Гул юзли соқий барчага гулгун май тутар экан, муғаннийлар булбулдек куйлашарди. Фарҳоднинг ҳам гулранг май ичаётганини кўрган хоқон ўғлининг гулдек юзига боқиб, беҳад шодлангани туфайли кўзларидан хурсандлик ёши аримасди.
Шу тарзда уч ойлик баҳор фасли ўтди-ю, ёз келиб хоқон, шаҳзода ва барча аъёнлар ёзги қасрга йўл олишди. Ҳамма нарса яшилликка бурканган саройда ҳам уч ой айш-ишрат қилишди. Ҳамма ёқни каҳрабо рангига бўяган куз фасли етишгач, базмлар кузги қасрга кўчди. Заъфароний кийимлар кийиб олган шоҳ, шаҳзода ва барча аъёнлар бу ерда ҳам уч ойни ҳузур қилиб ўтказишди. Совуқ кунлар бошланиб, қиш барча оламни оқ ранг билан безаган айёмда айшу ишрат тўртинчи қасрда давом эттирилди.
Тўрттала қасрда уюштирилган базмлардан кўзда тутилган асосий мақсад Фарҳодни хурсанд қилиб, унинг кўнглига ўрнашиб олган ғаму қайғулардан қутултириш эди. Лекин шаҳзода ҳануз ғамгинлик гирдобида яшар, ҳамон бирон кишининг йиғисини кўрса, унга қўшилиб йиғлар, эл чеккан ғам-алам унга ҳам озор етказарди. Халқ бошига тушган ҳар қандай изтироб унинг кўнглини ғамнок қилар, ёқаси чок, яъни алам-қайғуга мубтало бўлган кишини кўрганда, ўз ёқасини йиртиб унга ҳамдардлик билдирарди. Биров ишқ ҳақида гап очса, унинг ҳикоясини қайта-қайта тинглар, ошиқлик белгилари-ю ҳолатини англаб, ёдида сақлар, ошиқ висол ҳақида сўзласа, севинчларга тўлар, ҳижрон дамларини баён қилса, икки кўзидан тинмай ёш тўкарди. Бу ҳолатларни кўрган хоқон ўзининг қилган ишлари хато эканини англаб, нима қилишини билмай қолди.
Хоқон шу хусусда фикр юритар экан, ниҳоят яна бир ишни мувофиқ деб билди: ўзининг қариб бораётгани, Фарҳод эса ақлли, мард ва паҳлавон йигит бўлиб, фақат Чин мамлакатида хоқонлик қилишгагина эмас, балки бутун оламга султон бўлишга ҳам лойиқ эканлиги, шоҳларга хос барча фазилатлар унда жамулжамлиги, бир неча ҳунарларни билиши, барча айблардан холи эканлиги, йиғи ва фиғон чекишдан ўзга бирон камчилиги йўқлигини ўйлади-да, «Тахтимни унга берсам, давлатни бошқариш ишлари билан машғул бўлиб, ўз дард-у аламларини унутади», -  деган қарорга келди. Сўнг давлат аъёнларини йиғиб, ёнига Фарҳодни ўтқазди-да, ўз мақсадини баён қилди:
...Қарилиқ дарди бедармондур охир,
Бу иш кўнглимда кўп армондур охир.
Ки ўлмасдин бурун очиб кўзумни,
Сарир узра йигит кўрсам ўзумни.
Ки яъни тожу тахту салтанат ҳам,
Сипоҳу мулку молу мамлакат ҳам,
Бори бўлса сенинг бирла музайян,
Сени ўз ўрнума қилсам муайян.
Санга тутсам мусаллам подшолиқ,
Халойиқ устида кишвархудолиқ
Манга шаҳликда қуллуқ ҳам қил эмди,
Атолиқ ҳам, ўғуллуқ ҳам қил эмди.
Бу сўзларни эшитиб турган шаҳзода фарёд уриб ўзини ерга отди-да, зор-зор йиғлади. Сўнг отасига узоқ умр тилаб, шоҳлик иши оғирлигини, бундай масъулиятни ўз зиммасига олиш учун тайёр эмаслигини, шоҳ рухсат берса, бир-икки йил хоқон ёнида бўлиб, давлатни бошқариш сирларини ўрганиши зарурлигини, олдин кичикроқ бир ишни бошқариб, кейин ҳукмдорлик билан шуғулланишга ўтса, маъқулроқ бўлишини одоб билан сўзлади.
Фарҳоднинг бу сўзларидан шодликка тўлган хоқон ўғлининг бошидан зару жавоҳирлар сочиш мақсадида унинг қўлларидан тутиб, ҳар хил ажойиботлар билан тўлиб тошган хазина ичига олиб кирди. Хазина жуда катта бўлиб, қирқта уйнинг ҳар бирида қирқтадан улкан хум бор эди. Яна қирқта уй бир-биридан чиройли матолару қимматбаҳо буюмлар: хитойи чиннилару ипакларга чизилган гўзал суратлар, кимхоб тўнлар, беҳисоб жавоҳирлару қимматбаҳо тошлар билан лим тўла эди.
Шоҳ билан шаҳзода хазина бойликларини тамошо қилишиб қайтишмоқчи бўлиб туришганда, Фарҳоднинг кўзи ажойиб бир сандиққа тушди. Тоза биллурдан ясалган ушбу сандиқ ичида нимадир кўриниб турар, лекин қулфлоғлиги туфайли у сандиқни очиб бўлмасди. Шаҳзода сандиқ ичидаги нарсани кўрмоқчи бўлди-да, калитини топиб очишни буюрди. Хоқон бундан огоҳ бўлиб, бу сандиқни калити йўқлиги туфайли очиб бўлмаслигини айтди-да, ўғлини фикридан қайтармоқчи бўлди. Сандиқ ичидаги нарсани кўришга ғоятда қизиқиб қолган Фарҳод:
Деди: «Ҳар ишки қилмиш одамизод,
Тафаккур бирла билмиш одамизод.
Улум ичра манга то бўлди мадхал,
Топилмас мушкиле мен қилмағон ҳал.
Мунинг ҳам билмагунча аслу будин,
Муайян қилмоғунча тору пудин,
Не имконким, қарор ўлғай кўнгулга,
Тасалли ошкор ўлғай кўнгулга»
- деб ўз сўзида туриб олди. Шоҳ қанча ҳаракат қилса, шаҳзода шунчалик ўжарлик қиларди. Хоқон иложсиз қолиб, сандиқни очиш ҳақида буйруқ берди. Сандиқ ичидан ялтироқ бир кўзгу чиқди. Шарқ қуёшигагина эмас, балки Искандар ойнасига ўхшарди у. Кўзгуни безаган уста орқасига уни кўриш сири ҳақида шундай деб ёзиб қўйганди: «Бу кўзгу жаҳоннамо бўлиб,
Искандари Румийнинг жаҳон аҳлига қолдириб кетган ёдгорлигидир. Ҳар бири Афлотунга тенг тўрт юзта олим бир неча йил меҳнат қилиб бундай жаҳон ҳикматини ясашган. Унга тилсим яширилган бўлиб, кўзгуни кўрмоқчи бўлган кимса бу тилсимни ечиб кўзгуни қўлига олса-ю, унга кўз ташласа, Тангри унга белгилаб қўйган тақдирдан огоҳ бўлади. Лекин кўзгудаги тилсим сирини очиш жуда қийин. Бунга эришмоқчи бўлган инсон Юнон мамлакатига бориши, ўша манзилда учта офатни енгиб ўтиб баланд тоғ олдига етиб бориши керак. Бу уч офатнинг бири аждаҳо, иккинчиси Аҳраман деган дев, учинчиси олдинги иккала офатдан ҳам мушкилроқ тилсимдир. Ана шу уч манзилдан ўтиб олган киши тўртинчи манзил бўлган тоғ ичига кириб, ғорда маскан тутган Суқрот деган донишманд олимни топиши керак. У доно мўйсафид агар тирик бўлса, борган кишини муродига етказади. Агар у ҳаёт бўлмаса, унинг руҳига илтижо қилинса, кўзланган мақсадга эришилади».
Бу ёзувни ўқиган шаҳзода кўзгу сирини очишга қизиқиб қолди. Ўз мақсадига етиш йўлида ўғли чекаётган изтироблардан хабар топган хоқон уни бу муддаосидан қайтаришга ҳар қанча уринса ҳам, Фарҳод ўз орзусидан воз кечмади. Ота ҳам, ўғил ҳам қийин бир аҳволда қолган эдилар.
Фарҳод кўзгуда ўз тақдирини кўриш орзусида ҳатто эс-ҳушини йўқотиш даражасига етиб қолганди. Охири Мулкорони яширинча чақиртириб, ўз кўнглидаги гапларни унга ошкор қилди:
-  Шоҳ ҳам, гадо ҳам ўз тақдиридан қочиб қутулолмайди. Ҳар ким пешонасига ёзилганни кўрмай иложи йўқ. Менинг аҳволим элни хавотирга солаётган бўлса ҳам, тақдиримни билиш орзусидан кеча олмасман. Шунинг учун отамга аҳволимни тушунтириб, Юнон мамлакатига боришимга ижозат олиб берсанг, менга оқ йўл тилаб, дуо қилиб турса, мақсадимга етишишим шубҳасиздир. Отам рухсат бермаса, бошимни олиб, мақсадимни рўёбга чиқариш учун сафарга йўл олишим тайин. Бинобарин, отам менинг жўнашимга рухсат берса яхшироқ бўларди.
Мулкоро шаҳзоданинг ушбу сўзларини эшитгач, қайғуга ботди. Насиҳат қилай деса, Фарҳодга таъсир қилмаслиги аниқ. Кўзларидан оқаётган ёшни арта-арта хоқон ҳузурига йўл олди-да, ҳеч ким йўқлигида унинг қошига кириб эшитганларини сўзлаб берди. Шоҳ бу можародан ёқасини йиртиб кўксига урарди. Икковлари роса йиғлашди. Хоқон аҳволини кўрган Мулкоро аста насиҳат қилишга тушди-да, уни тақдирга рози бўлишга даъват этди. Шоҳ ўғлига яна насиҳат қилиб кўриш, бунинг ҳам фойдаси бўлмаса, сафарга рози бўлишни мақбул деб билди. Лекин шоҳ билан Мулкоро қилган насиҳатлар шаҳзоданинг орзусини янада кучайтирди холос. Хоқон ўғлини қамаб қўймоқчи ҳам бўлди, яна бу фикридан воз кечиб, шаҳзода кўнглига озор етказмаслик учун Хито ва Чин мамлакатларидан лашкар тўплаб, Юнонистонга юриш қилиш, ўша ергача унга ҳамроҳлик қилиб, ўғлининг аҳволидан хабардор бўлиб туришни мақбул деб билди. «Юнон мулкига етиб боргунча шаҳзода балки ўз орзусини унутар, бунинг иложи бўлмаса, бошига тушганни кўради-да», -  деб ўйлаган хоқон Мулкорони шаҳзода ҳузурига йўллаб, ўз қарорини унга айтишни буюрди. Шаҳзода отасининг розилик берганидан хурсанд бўлиб, вазирга сафар тайёргарлигини кўришни топширди. Ҳар томонга жар солиниб, лашкар тўплашга киришилди.
Тез орада мамлакатнинг ҳар тарафидан беҳисоб лашкар йиғилди. Хоқон Юнон мулки сари юришни бошлади. Шоҳ йўл-йўлакай бир неча ўлкаларни, денгизларни эгаллаб бораркан, у ердаги аҳоли хоқонни кўришга турли-туман совғалар билан келиб туришар, ҳукмдор ҳам уларни мўл-кўл совғалар билан сийларди. Шоҳ ўз ҳузурига йиғилган олимларга мурожаат қилиб:
«Бу сафаримиздан мақсад мамлакатларни фатҳ этиш эмас, балки Юнонистондаги машҳур тоғдаги ғорда яшаётган Суқрот исмли донишманд билан кўришишдир. У тоғ қайси томонда эканини, масофанинг қанчалигини, қайси йўлдан бориш лозимлигини билсангиз, айтинглар», -  деди. Олимлар ер ўпиб, ўринларидан турдилар-да, шоҳга қараб: «Олампаноҳ ўзлари тилаган мақсадларига етсинлар. Мамлакатимизда ёши беш юздан ошган Суҳайло ҳаким деган кекса донишманд яшайди, барчамиз унинг шогирдимиз. Шоҳ сўраган нарсалардан бизлар ҳам хабардормиз, олампаноҳ ниманики сўрасалар, жавоб бера оламиз. Лекин бу масалалар ҳақидаги пухта жавобни унинг ўзидан эшитганингиз маъқул. Бу қийин жумбоқни унинг ўзи ҳал қилиб бера олади. Агар у билан кўришишни истасангиз, биз олдига бошлаб боришимиз мумкин», -  дедилар. Шоҳ билан шаҳзода бу сўзлардан шодликка тўлиб Юнон олимлари билан биргаликда донишманд Суҳайло ҳузурига қараб йўлга тушдилар. Анча йўл юришгач, дашт ўртасида бир тепалик кўринди. Суҳайло ҳаким шу ердаги ғорда яшар экан. Ҳаммалари отларидан тушиб ғор томон юрдилар. Олимлардан бири ғор ичига кириб, донишмандни шоҳ билан шаҳзода унинг ҳузурига қадам ранжида қилишганидан огоҳлантирди. Суҳайло бу сўзларни эшитгач, уларнинг киришларига ишора қилди.
Шоҳ билан шаҳзода киришгач, Суҳайло ўрнидан туриб иккови билан кулиб кўришди, улар ҳам хурсанд бўлиб, донишманднинг қўлини ўпишди. Сўнг аллома ота билан болани ўтқазиб, ўзи ҳам ўтирди-да, улар билан суҳбатни бошлади. Йўлдаги қийинчиликлар ҳақида сўрагач, шунча масофани босиб келишдан мақсадлари нима эканини билмоқчи бўлди. Хоқон шаҳзоданинг кўзгуни кўргандан кейинги ҳолати ҳақида муфассал гапириб берди. Билимдон аллома аҳволни англагач, шод бўлди-ю, айни вақтда унга ғамгинлик ҳам юзланди. Қучоқлаб шаҳзодани хурсанд қилган Суҳайло: «Сенинг отинг Фарҳод!» деди, бу исмнинг маъносини айтиб бергач, бир неча савол берган эди, Фарҳод барига жавоб берди. Донишманд уни пешонасидан ўпди-да, сажда қилиб: «Алҳамдулиллоҳ, ўз муродимга эришдим. Неча юз йилдан бери шу ғор ичида яшадим, қанча-қанча ранжу аламлар чекдим. Жомосб ўз китобида: «Мендан сўнг минг йил ўтгач, Чин мамлакатидан Фарҳод исмли бир шаҳзода келиб Искандари Румий тилсимини очади. Лекин у икки манзилда қаҳрамонлик кўрсатиши, аввал аждарни ўлдириши, сўнгра эса Аҳраманни енгиши керак. Менинг сўнгги фарзандим бўладиган Суҳайло дуо билан саломимни қабул этиб, Фарҳод бу диёрга етиб келганида, унга ёрдам кўрсатсин. Фарҳод аждарни ўлдирганида, катта бойликни қўлга киритади, девни енгганида эса Сулаймон пайғамбарнинг узугига эга бўлади. Тилсим очган куни эса Жамшид жомини кўради. Буларни қўлга киритгач, барчасини хоқонга ҳадя қилсин. Унга эса доно Суқрот билан кўришиш ҳамда Искандар ойнаси етарли. Суқрот билан суҳбатлашгач, дарҳол кўзгуни кўриш учун Чин томон жўнасин. Кўзгуда ниманики кўрса, бу воқеалар унинг ҳаётида юз беради», деб ёзилган экан. Мен бу хабардан фахрга тўлиб, неча юз йилдан бери сенга мунтазир эдим. Сенинг бошингга тушадиган барча мушкилотларнинг чорасини топиб қўйганман», деди-да, Суҳайло ғор олдига бориб, бир идишни олиб чиқди ва «Бу идиш самандар6 ёғи билан тўла. Мен уни кўпгина оташгоҳлардан йиғиб тўплаганман. Аждар билан олишиш чоғида бу ёғдан баданингга ва қўлларингга суриб олсанг, у сени аждар оғзидан отиладиган ўтдан ҳимоя қилади. Аҳраманни ўлдирганингда, девнинг бўйнига осиғлиқ бир тахтачани кўрасан. У тилсим очишда сенга ёрдам беради, тилсим ичида эса Жамшид жомини топасан. Унинг атрофига ёзилганларни ўқисанг, Суқротни топиш йўлидан хабардор бўласан. Суқротни кўргач, кўзгу сирини биласану, Ватанинг сари йўл оласан», деб қўлидаги идишни Фарҳодга топширди. У дуч келадиган манзиллар ҳақида яна маслаҳатларни бергач: «Энди йўлга тушгил, ҳамма мушкулларинг ҳал бўлади, деб умид қиламан», деди-да, бу ҳаётдан кўз юмди. Донишмандни ювиб, ўша ғорга дафн этдилар-да, барчалари йўлга тушдилар. Анчагина йўлни босиб ўтиб, аждаҳо манзилига етиб келдилар. У ерда дам олиб, оқшом тушгач, айш-у ишрат билан машғул бўлдилар.  Тонг отгач, Фарҳод покланиб, Худодан зафар тилаб, отасининг оёғига бош қўйди-да, ундан дуо тилади. Шоҳ ва барча аъёнлар шаҳзодага ғалаба тилаб, дуо қилишгач, барчалари аждар маконига қараб йўл олишди. Аждар макони унинг нафасидан қорайиб кетган дашт бўлиб, унда бадбўй бир шамол эсарди. Лашкарнинг кўпчилиги бу шамолдан эси оғиб, отдан йиқилди.
Фарҳод аждаҳонинг қоронғи ғори кўрингач, у томон юрди. Одам исини сезган аждаҳо ҳайбат билан чиқиб келди. Унинг танаси бало тоғидек, оғзи эса тоғнинг ғоридек эди. Икки кўзи худди нефт ўтига мўри эди. Ҳар қайси панжаси бешта олмос ўроққа ўхшарди. Оғзидан ўтлар сочиб ғордан чиқиб келган аждаҳо шаҳзодага кўзи тушгач, оғзини бало дарвозасидек очиб, унинг сари юрди. Аввал ўт сочиб, пишириб, олдин шаҳзодани, сўнг эса барча лашкарни ютмоқчи бўлди.
Шаҳзода эса асло қўрқмасди, чунки у Суҳайло айтганидек, бадану қўлларига самандар ёғини, яъни оловдан ҳимоя қилувчи дорини суртиб олганди. Аждаҳо уни ютиш учун оғзини очганида, Фарҳод Худодан зафар тилаб, қўлига ёйини олди-да, унга ханжардек ўқни жойлаб, рақиби оғзига қараб отди. Ўқ аждар танасини тешиб ўтди-ю, уни ҳалок қилди. Фарҳод аждаҳо ғори ичига кирди. У ерда бир тахта осилган бўлиб, унда: «Аждаҳони ўлдирган баҳодир, жасоратингга бу ердаги хазинани мукофот деб билгил. Доира шаклидаги бу ғор марказида минг ботмондан оғирроқ бўлган бир тош бор. Қиличинг учи билан унинг атрофини очиб, ўрнидан қўзғатсанг, Ҳақ таоло қудратини томошо қиласан», деб ёзиб қўйилганди. Шаҳзода ёзувда тайинланган ишларни бирин-кетин бажо қилиб, Фаридун тўплаган бениҳоя бойликларга: олтин-у кумушлар, турли жавоҳирлар тўлдирилган бир неча минг хумга эга бўлди. Хазина тўрида безакли бир тахт бўлиб, унинг устида ажойиб бир дудама тиғли қилич ва унинг ёнида қуёшдек юмалоқ шаклдаги қалқон турар, унга «Кимнингки бахти ёр бўлиб, ушбу қилич билан қалқон унинг қўлига тушса, бирини белига боғлаб, бирини осиб олса, юзта дев билан жанг қилса ҳам, енгиб чиқади. Чунки Сулаймон пайғамбар қалқон қуббасига «Исми аъзам» ни ёздирган, бунинг хосияти шуки, юз мингта дев макр-ҳийла қилмоқчи бўлганида ҳам, бу исмларни кўргач, ер билан яксон бўлади. Қиличда ҳам бу исм ёзилган бўлиб, шу исм унга ўткирлик бағишлаган. Бу қилич билан жанг қилган инсонга душман тиғи таъсир қилмайди, рақиб лаънати шайтонми, Аҳраманми, ким бўлса ҳам иккига бўлиб ташлайди», деб ёзиб қўйилган экан.
Фарҳод бу икки совғани топгач, яратганга сажда қилиб, шодлиги ичига сиғмай кетди. Шаҳзода қилични белига боғлади, қалқонни бўйнига осди-да, лашкарлар турган жой томон йўл олди. Уни кўрган шоҳ билан Мулкоро йиғлаб кўришишди, аъёнлар ҳам уни омон кўрганларидан шодликка тўлиб, дуо қилишди.
Қуёш кўтарилгач, води-ю тоғ ёришиб аждаҳо ғори, ундаги аждаҳо танаси ҳам намоён бўлди. Хоқон билан Фарҳод, аъёнлар бутун дашт аждар қони билан бўялганини кўришди. Шаҳзода хазинадаги барча бойликларни отасига совға қилди, қилич билан қалқон хосиятларини сўзлаб берди, хоқон уларни хазинадан ҳам қимматлироқ, деб билди. Сўнг лашкарларга дам олиш учун рухсат берилди, хоқон ҳаммани зиёфат қилишга буюрди.
Эртаси куни тонг отиши биланоқ Фарҳод жанг кийимларини кийиб, қилич билан қалқонни осиб, Аҳраман дев маконига қараб йўл олди. Хоқон ҳам лашкарлари билан унинг изидан келар экан, қаттиқ хавотирда эди. Шаҳзода қўшиндан ярим ёғочча олдинда илдамлаб борар экан, рўпарасида бир ўрмон кўринди. Бу -  Аҳраманнинг боғи бўлиб, беҳад катта эди. Юз минглаб кекса дарахтларининг боши осмондан ошар, ҳар бир барги васваса кўзгуси бўлиб, ақлдан оздирар, ўрмон ичи турли кўринишдаги девлар билан тўла бўлиб, сойлари шайтонлар овозидек ҳайқирар, ариқлар ичидаги ҳар қайси тош кесилган бошни эслатар, шамоли девлар наърасига ўхшар, чинорлари қўлларини ҳар томонга тебратиб, «Орқангга қайт!» деяётгандек бўларди.
Фарҳод Ҳақ таолога таваккал қилиб, ушбу ўрмон сари от сурди. Кўп ўтмай бир улкан қаср кўринди. У ерда дев истиқомат қиларди. От туёқлари овозини сезган Аҳраман бошини чиқариб узоқда бир отлиқ йигит бепарво ҳолда унинг қасрига қараб келаётганини кўрди. Чавандознинг кўринишидан девларни ҳам ҳалок қиладиган қудратга эга эканлиги сезилиб турарди. Шунда Аҳраман момақалдироқдек қаҳ-қаҳа урди-да, қўлига минордек катта бир устунни кўтариб қасрдан чиқиб келди ва Фарҳодга қараб: «Эй ғафлат босган одамзод, фаришта ўтса, жонидан айриладиган, бургут учиб ўтса, қаноти куядиган бу ваҳимали ўрмонга кириб келишингдан мақсадинг нима, наҳотки ўлмакни истаб қолган бўлсанг!», дея ҳайқирди-да, Фарҳод бошига гурзиси билан ҳамла қилди. Шаҳзода унинг гурзисини қиличи билан иккига бўлиб ташлади. Дев қасрига қайтиб кириб, олдингисидан ҳам каттароқ гурзини кўтариб чиқиб, Фарҳодга яна ҳужум қилган эди, шаҳзода унинг бу қуролини ҳам кесиб ташлади. Бу ҳолат бир неча бор такрорлангач, Аҳраман ғазабланиб тоғ томон йўл олди-да, улкан тошларни рақиби томон отишга тушди. Шаҳзода қалқон билан ўзини ҳимоя қилди, шунда исми аъзамга кўзи тушган девнинг дармони кетиб, ерга қулади. Фарҳод бу ҳолатни кўриб, Аҳраман устига етиб борди-да, қилич билан уни ҳалок қилди.
Шаҳзода девнинг ҳашаматли қасри ичига кириб қараса, ҳамма томонда қатор-қатор эшиклар бўлиб, барчаси қулфлоғлик экан. Уларнинг тепасига уй ичида қандай бойлик борлиги ёзиб қўйилибди. Бу ёзувларни бирма-бир ўқиб бораётган Фарҳод олтин-у жавоҳирлар билан безатилган, атрофига турли ёзувлар битилган ажойиб эшикка дуч келди. У ёзувларда эшикнинг қулфи осонликча очилмаслиги, яхшиси бундай орзудан воз кечиш кераклиги айтилган экан. Бу сирни аниқлашга қизиққан Фарҳод эшикни синдириб ичкарига кирди. Хонага кўз югуртириб, осиб қўйилган бир ёқут қандилни кўрди. У нур сочиб, хонани ёритиб турарди. Қандилни тушириб очган эди, унда Сулаймон узуги турганини кўрди. Қандилга: «Бу узук кимга муяссар бўлса, унга ёзилган исмни ўқиб, Искандари Румий тилсимини очади ва бу иш қийинчиликларини енгиб ўтиш йўлларини билиб олади», -  деб ёзилган экан. Фарҳод узукни ўпиб, сажда қилди-да, худога шукроналар айтиб отига минди ва ўрмондан чиқиб, лашкар турган жойга йўл олди. Барча сипоҳлар Аҳраман хавфидан қўрқиб туришган экан, шаҳзодани кўриб ўзларига келдилар. Хоқон Фарҳодни шод кўриб хурсанд бўлиб кетди. Шаҳзода лашкарни бошлаб ўрмонга олиб кирди. Уларни қаср эшиги олдида отларидан тушириб, хоқон ва Мулкоро билан қаср ичига кирди. Хазинани икковларига тақдим этди ва узук ҳақидаги гапларни уларга сўзлаб берди. Икковларининг кўнгиллари шодликка тўлиб, кечагидек айш-ишрат бошланиб кетди.
Қуёш кўтарилиб, олам мунаввар бўлгач, Фарҳод ҳарбий анжомларини ростлаб, отасининг дуосини олди-да, Искандар тилсимини очиш йўлидаги кейинги ишни бажаришга киришди. Отига миниб йўлда борар экан, бир гўзал майсазор намоён бўлди. У ерда ҳаёт чашмасидек ажойиб бир булоқдан зилол сувлар отилиб турарди. Қирғоғидаги ям-яшил дарахт кўкка бўй чўзиб турар, булоқ билан дарахт ҳаёт суви-ю, Хизр пайғамбарга ўхшарди. Буларни кўриб кўнгли яйраб кетган шаҳзода отини дарахтга боғлади-да, чашмага тушиб чўмилди, кейин муродига етказишни тилаб, саждага бош қўйди. Ибодатини тугатиб, бошини кўтарган эдики, рўпарасида яшил кийинган нуроний бир мўйсафидга кўзи тушди. Фарҳод ҳайрон бўлиб турганига эътибор берган отахон сўз бошлади: «Эй фарзанд, мурод-мақсадларингга етиб, бахтиёр бўлгил. Мен -  Хизрман, бу ерга сенга мадад кўрсатиш учун келдим. Искандар билан оби ҳаёт -  ҳаёт сувини топиш учун зулматга кирганимизда, мен ўша сувдан ичиб абадий ҳаётга эришдим-у, Искандарга насиб бўлмади, у ташналигича қайтиб кетди, кейинчалик мунажжимликка қизиқиб, юлдузларни ўрганди, тилсимлар яратди. У боғлаган тилсимларни мен очишга ўргандим. Ушбу водийда ҳам тилсим мавжуд бўлиб, уни очишда сенга ёрдам бермоқчиман. Тилсимни очиш учун ҳозирдан бошлаб ҳар бир қадамингни санаб босишинг керак. Сенинг йўлингда баҳайбат бир тилсим учрайди, унинг деворлари осмонга туташиб кетган. Ўша жойдан ўн икки минг қадам юрасан. Йўлнинг икки чеккасида кескир қиличга ўхшаш тошлар ўрнатилган бўлиб, йўлдан салгина чиққан одамнинг оёғини кесиб юборади-да, у ўзини яна ушбу чашма олдида кўради.
Яна ўн бир минг қадам боссанг, йўлда бир дарбанд (дарвоза) кўринади, олдида бир шер темир занжир билан боғлаб қўйилган. Унинг олдидан ўтгач, қўрғонгача яна минг қадам йўл қолади. Тўққиз юз қадам босганингда, бир тош тахтага кўзинг тушади. Унинг устига чиқиб тепсанг, қалъа дарвозаси очилади-да, ичида темирдан одамга ўхшатиб ишланган бир жисм кўринади. У қўлига темир ёй ушлаб турган бўлади. Ёйга ўткир бир ўқ қадалган. Ушбу жисм бошдан оёқ темир совутда бўлиб, кўксига бир ойна қадалган, у қуёшдек ярқираб туради. Одам юз қадам ердан унга ўқ отиб, ойнани тешиб юборса, ҳайкал ҳам, девор устида турган юзта шундай жисм ҳам қулаб, ерга йиқилади. Шунда тилсим ҳам очилиб, ичкарига қўрқмай кириш мумкин бўлади. Лекин ўқ хато кетиб, ҳайкал кўксидаги ойнани синдиролмаса, у билан девор устида турган юзта ҳайкаллар отган ўқлар ўша одамга тегиб, илма-тешик қилиб юборади. Менинг сўзларимни уқиб олган бўлсанг, уларни эсингдан чиқарма, қадамингни санаб бос, исми аъзамни тилингдан қўйма. Шер оғзини очганида, узукни унинг оғзига от, уни даф қилгач, яна узукни олиб, мен айтган тошгача юриб боргин-да, тош устига чиқиб, уни тепиб, дарвозани очгач, дарҳол қўлингга ўқ-ёйни ол, исми аъзамни айтиб туриб ҳайкалга ўқ от». Бу сўзларни тугатгач, Хизр «Энди ҳеч қўрқмай, йўлга туш», деди. Фарҳод унинг оёғини ўпиб, мўйсафид айтган ишларни бажаришга жўнади. Шер оғзига узукни отиб, нобуд қилди, яна узукни олиб, санаб қадам ташлаб, Хизр айтган тош устига чиқиб, қаттиқ тепган эди, қалъа ичидан қаттиқ садо -  кучли овоз эшитилди-ю, дарвоза очилгач, овоз тинди. Ичкаридан темир совут кийган жисм чиқиб келди, шу пайт девор устида унга ўхшаган яна юзта шундай ҳайкал пайдо бўлди. Барчаси ўз ёйларидаги ўқларни Фарҳодга отиш учун тайёрланиб турарди. Шаҳзода эҳтиёткорлик билан ўқ ва ёйни қўлига олди-да, дарвоза олдидаги ҳайкал кўксида турган ойнага қараб отди. Темир ҳайкал, у билан бирга девор устидаги юзта ўқчи ҳам ерга йиқилди.
Фарҳод яратганга шукрона айтиб, дарвоза томон юрди. Қалъа ичига кирганда, ҳамма томонда ҳадсиз-ҳисобсиз бойликларга кўзи тушди. Искандар етти иқлимни эгаллаганда топган давлатининг барини шу ерга тўплаган экан.
Қалъа марказида бир иморат бўлиб, ундан нур таралиб турарди. Фарҳод унинг ичига кириб, бутун жаҳонни кўрсатадиган ялтироқ бир жомни кўрди. Ундан шодлиги ичига сиғмаган шаҳзода ўз сафдошлари томон жўнади, чашма олдига етиб келиб, отига минди-да, хоқон ҳузурига қараб йўл олди, отаси билан лашкар аҳлини қайғу-ғамдан озод қилиб, кўнгилларига шодлик бағишлади. Барчаларини чашма олдига бошлаб келиб, аскарларни отлардан туширди-да, хоқон ва Мулкоро билан бирга қалъа томон юришди. Фарҳод у ердаги барча бойликларни, жумладан, Жамшид жомини ҳам хоқонга туҳфа қилди. Оқшом тушгач, яна айшу ишрат бошланди.
Эртаси куни тонг отгач, Фарҳод Суқрот ғори бўлган тоғ томон шошилди. Хоқон ва лашкарнинг бир қисми унинг изидан йўлга тушдилар. Анча масофа босиб ўтилгач, баҳайбат тоғ олдига етиб келдилар. Унинг бағридан юз мингта тиниқ чашма отилиб турар, неча минг хил гиёҳ беҳисоб касалликларга даво эди. Тоғ бағридан жуда кўп ғорлар жой олганди. Хоқон билан лашкар бу манзарадан лол қолиб туришаркан, Фарҳод: «Жоми Жамни келтиринглар, кўнглимиздаги ташвишдан у халос қилса керак», -  деб буюрди. Тезда жомни олиб келишди. Унга боқиб, барча жаҳон яққол кўзга ташланиб турганини, етти иқлимнинг барчаси унда намоён эканлигини кўришди. Жомда Юнон мамлакати кўриниб турарди. Кейин унда ғор ичи акс этиб, Суқрот яшаб турган манзил кўзга ташланди.
Шундан сўнг қидириб ғор оғзини топишди-да, аввал жаҳоннамо жомни унга олиб киришди. Жом машъалдек нур сочиб, қоронғи ғор ичини кундуздек ёритди. У ердаги йўлни аниқлаб, Суқрот маконини излай бошладилар. Ниҳоят, йўл тугаб, ғорнинг кенгроқ бир ерида ҳамма отдан тушди. Ўша жойда тошдан ясалган бир пиллапоя кўриниб турарди. Шоҳ, вазир ва Фарҳод беш-олти поя кўтарилишган эди, бир айвон намоён бўлди. Шоҳ, Мулкоро ва шаҳзода ўша томонга қараб юришганда, уй тўридан уларни ичкарига даъват қилган овоз эшитилди. Учовлари кирган уйда бир парча нур порлаб турар, нуроний бир мўйсафид ўтирарди. Бу зотни кўрган шоҳ билан шаҳзода таъзим қилиб, олдида ер ўпдилар. Мўйсафид улардан: «Йўл азобидан чарчамадингларми, йўлдаги балолардан қийналмадингизларми?» -  деб сўради. Учовлари бошларини қуйи солганларича лол бўлиб жим туришарди. Шунда Суқрот хоқонга қараб: «Сен кўп азоб чекдинг, бунинг эвазини Тангри бергусидир. Биз томон келишда алам тортиб, беҳисоб бойликларни, Сулаймон узуги-ю, Жамшид жомини қўлга киритдинг. Биз ҳам сенга иккита ҳадя берамиз. Булардан бири яхши хабар, иккинчиси бир жавҳардир. Хабар шуки, умринг узун бўлади, кўп мамлакатларни қўлга киритасан. Иккинчиси бир муҳра -  мунчоқдирки, кўп яшаш даврида бирон касалликка ёки қарилик заифликларига дуч келсанг, муҳрани оғзингга олиб сувини ютасан-да, дарддан халос бўласан, заифлик қувват билан алмашади, қариликдан қутулиб, яшаргандек бўласан».
Суқрот Мулкорога боқиб, шундай башоратни айтди: «Сен ҳам кўп азоблар тортиб бу томонларга келибсан, шоҳ қанча вақт тахтда ўтирса, ўшанча вақт унинг вазири бўлгайсан. Ҳар қачон сенга бирон дард йўлиқса, шоҳ ҳалиги муҳрани бериб дардларингга шифо бағишлайди. Лекин икки нарсадан: шамол билан сувдан эҳтиёт бўлсанг, улардан сенга бирон касаллик етганда Худо сенга мададкор бўлса, яна беш юз йил яшайсан». Шоҳ билан Мулкорога бу сўзларни айтгач, узр сўраб уларни уйдан чиқариб юборди-да, Фарҳодга яқинроқ келишини буюрди, унинг юзига синчковлик билан тикилиб, баъзи нарсалар ҳақида сўради, сўнгра шаҳзодага қараб: «Ҳузуримизга хуш келибсан, қоронғи уйимни равшан қилдинг. Мен бу тоғ ичида сени минг йилдан бери кутиб, қадамингга интизор эдим. Алҳамдулиллоҳ, юзингни кўрдим. Вақтимиз оз, чунки абадийлик кўчасига йўл олишим керак. Билгинки, жаҳон азалдан вақтинчалик, фонийдур. Ҳаётдан мақсад эса иккитадир, бири ўзликдан қутулиш, иккинчиси эса Аллоҳ висолига етишишдир. Худони топиш учун эса ўзликдан воз кечиш зарур. Бунинг энг яхши чораси эса мажозий ишқдир. Ана шундай ишқ сенинг олдингда турибди. Унга эришсанг, ҳақиқий ишққа ҳам етишасан. Отангга ўхшаган юз минг хоқон-у подшо унутилиб кетади, лекин сенинг яхши номинг ишқ оламида мангу қолади», -  деди-да, унга турли балолардан асрайдиган бир дуони ўргатди.
«Сени бу томонларга келишинг учун сабаб бўлган кўзгу масаласига келсак, -  деди Суқрот, -  Искандар тилсимини очиб, темир ҳайкал кўксидаги ойнани синдирган чоғингда ўша кўзгунинг тилсими ҳам очилган эди.
Бу ердан жўнаб Чин мамлакатига етиб борганингдан кейин кўзгуни кўришни истайсан, албатта. Шунда орқасига ёзилган гаплар унинг юзида намоён бўлади. Уни кўрар экансан, ишқ кўнглингдан ўрин олиб, ошиқлик давринг бошланади. Кейин кўзгуга ҳар қанча қарасанг ҳам унда акс этган нарсаларни қайта кўролмайсан. Ишқ ўтидан кўнглинг ўти осмонгача етади, лекин ҳеч ким сенга ёрдам беролмайди, аммо охири ўз муродингга етасан, шунда мени ҳам ёд этишни унутмайсан, деб умид қиламан».
Суқрот шу сўзларни айтиб тугаллагач, ҳаётдан кўз юмди. Фарҳоднинг дили қайғу-изтиробга тўлиб, хоқон билан Мулкорони чақирди. Улар ҳам алам чекишиб, донишманд айтган гаплардан хабардор бўлдилар. Бир неча доно кишини чақириб, Суқротни дафн этдилар. Эртасига эрталаб барчалари Чин сари йўлга тушдилар.
Хоқон, Фарҳод, Мулкоро ва лашкарлар кечани кеча, кундузни кундуз демай, тўхтовсиз йўл босиб, ниҳоят Чин диёрига қадам қўйишди. Хоқон ўз тахтини эгаллади, Фарҳод эса оромини йўқотиб, хазина калитларини олди-да, эшиклар очилиши биланоқ беқарор бўлиб, сирли кўзгу сари югурди. Биллур сандиқни калит билан очдирди-ю, ичидаги кўзгуни қўлига олиб, унга назар ташлади. Кўзгуда ажиб бир дашт намоён бўлди. Хилма-хил гулу лолаларга, сунбулу бинафшаларга, кўм-кўк майсазорларга тўла бу дашт охирида бир тоғ осмонга бўй чўзиб турар, унинг ичида сон-саноқсиз одамлар ариқ қазиш билан овора эди. У одамлар орасида Фарҳоднинг ўзига ўхшаган бир йигит ҳам тоғни кесиш билан банд эди. Бир пайт тоғ ичига бир-биридан гўзал бир тўда гўзал қизлар кириб келишди. Уларга гул юзли бир қиз раҳбарлик қиларди. Бошқа қизлар ой бўлсалар, бу улар ичидаги қуёшга ўхшарди. От устидаги бу соҳибжамол қиз Фарҳодга ўхшаган йигит олдига қараб юрди. Шаҳзода тимсоли қизнинг юзига боқди-ю, яраланган оҳу каби нола қилиб, ерга йиқилди. Бу ҳолатни томоша қилаётган Фарҳод кўзгуни яқинроқ келтириб, унда кўринган қиз жамолига диққат билан боқди-ю, ўз тимсолига ўхшаб ҳушидан кетиб йиқилди. Шаҳзоданинг аҳволини кўрган хизматкорлар дарҳол хоқонга хабар етказишди. У эса ёқасини йиртиб, фарёд уриб хазинага қараб югурди. Онаси ўғлини ўлиб қолган деб ўйлаб сочларини ёйиб йиғлашга тушди. Мулкоро билан унинг ўғли, шаҳзоданинг яқин дўсти Баҳром Фарҳоднинг ҳолига боқиб кўксиларини пора қилишди. У эса ўчган шам каби ҳушсиз ётарди. Бир кеча-кундуз ўтгач, боғдан эсаётган тонг шамоли исидан ўзига келиб, боши устида йиғлаб турган отаси билан онаси, Мулкоро билан Баҳромларга кўзи тушди. Бундан уялиб кетган шаҳзоданинг яна ҳушидан кетиб йиқилишига оз қолди. Кўпдан-кўп узр сўраб, ўрнидан турди-да, уларнинг оёқларига юзини суртиб, ер ўпди ва:
Деди: «Билмон, не ҳолат даст бермиш,
Ки сизга мужиб ушбу мотам эрмиш.
Бу иш гар хўб, агар зишт эрди бори,
Манга, биллаҳ йўқ эрди ихтиёри.
Тутунг маъзурким, расво бўлубмен,
Демай расво бўлубменким, ўлубмен.
Бўлинг хуш ботину зоҳирда мендин,
Ғуборе асраманг хотирда мендин»
Фарҳод хижолат чекиб, бу сўзларни айтаётган бўлса ҳам, унинг жони билан кўнгли кўзгуда эди. Барчалари уйларига тарқалгач, Фарҳод яна кўзгу юзига боқди. Лекин энди ҳеч нарса кўринмасди. Чунки кўзгуни ясаган олим ундаги манзара фақат бир марта кўринадиган қилган эди. Бу ҳолатдан маҳзун бўлган шаҳзода: «Бошимга оғир ташвиш тушди. Лекин ўзимни пора-пора қилиб ташласам ҳам, мақсадимга етолмайман. Шундай экан, ақл билан иш кўришим ва отамни хурсанд қилишим зарур. Агар бетоқатлик қилиб бирор томонга бошимни олиб кетсам, хоқон ўша заҳотиёқ мени излаб топиш учун юз мингта лашкарини жўнатади. Улар бутун Чин мамлакатини қидириб, икки-уч кун ўтмай мени топишади. Сипоҳлар билан жанг қилсам, кўп бегуноҳ одамлар ҳалок бўлиши аниқ. Ахир Чин халқи менга қандай ёмонлик қилибдики, мен шундай йўл тутсам?! У ҳолда қайси кўз билан шоҳ кўзига боқаман-у, эл юзига қарайман? Ғам-аламимдан хабар топган ҳоқон мени асраш учун атрофимга соқчилар қўйса, аҳволим янада оғирлашади. Эс-ҳушини йўқотиб девона бўлибди деб, оёғимга банд солиб, узоқ бир жойга жўнатса, ҳолим не кечади? Шунинг учун ўзимни эҳтиётлаб, ақлни юритиб иш қилганим маъқул», деган қарорга келди. Аммо кунлар ўтар экан, қуввати кетиб, жисми турли касалликларга чалина бошлади. Таъбида жиннилик аломатлари пайдо бўлиб, савдойиларча сўзлар айта бошлади. Кўнглида сабру қарор тугаб, қилаётган ишларини билмайдиган бўлиб қолди. Бу аҳволни кўриб турган шоҳ билан вазирнинг дарду алами кундан-кунга ортиб борарди. Уларнинг шаҳзодага қилаётган панду насиҳатлари фойда бермас, қандай чора топишни билмай изтироб чекишарди. Фарҳоднинг ҳолати борган сари оғирлашаётганини кўрган шоҳ табибларни тўплаб, улар билан маслаҳатлашди. Анча тортишувлардан кейин табиблар бир фикрга келишиб, шоҳга шундай дедилар:
-  Олампаноҳ, шаҳзоданинг мижозида иссиқлик кўпроқ эди, шунинг учун майни ҳам ёқтирарди. Икки-уч ёшидан ўн бир-ўн икки ёшига қадар ўқиш билан банд бўлди, икки-уч йил касблар билан шуғулланди, бунинг устига узоқ йўлни босиб ўтди. Тилсим очишни орзу қилиб аждару дев билан олишди. Шуларнинг барчаси сабаб бўлиб, мижозини иссиқ ва қуруқ қилиб қўйган. Ҳозирги кунларда ҳаво ниҳоятда исиб кетди. Ҳатто булоқлар қайнаб кетяпти. Бундай айёмда фақат салқин ҳаволи жойларда нафас олиш шаҳзодага даво бўлиши мумкин. Денгиз билан борилса, беш кунлик йўлда бир ажойиб орол бор. Унда баланд бир тоғ мавжуд, унинг устида эса етти-саккизта булоқдан муздек сувлар отилиб туради. Орол атрофидаги денгиздан ёқимли шамол эсса, тоғ чўққисидан совуқлик уфуриб туради. Ҳаттоки совуқдан чашмалар музлайди. Шаҳзода ана шу ерга борса, кўнгли очилиб, муборак жисми қувват топади.
Табибларнинг бу сўзлари шоҳга маъқул бўлди, дарҳол Мулкорога денгиз сафари учун ҳозирлик кўришни буюрди. Вазир тез орада барча тайёргарликларни ниҳоясига етказгач, шоҳ Фарҳодни огоҳлантириш учун одам юборди.
Бўлиб ўтган гаплардан, денгиз сафари бошланаётганидан хабар топган шаҳзоданинг кўнгли шод бўлиб: «Шоҳ олдида менинг ушбу сўзларимни айтинг: «Шоҳнинг истаги менинг истагимдир. У қаёққа боришни истаса, мен у билан доим биргаман», деб буюрди. Бу сўзларни хоқонга етказганларида, унинг кўзи ёшга тўлиб дуога қўл очди. Сўнг кемаларга барча керакли нарсаларни ортишга фармон бериб: «Мен ҳам эртага денгиз сафарига чиқаман», деди. Бу хабарни эшитган шаҳзода бениҳоя шод бўлди. Унинг мақсади ҳам худди шундай эди.
Эрталаб шоҳ билан шаҳзода отларига миниб, денгиз соҳилига етиб келишди. У ерда ёғочдан ясалган бир шаҳар кўринди. Беҳисоб кемалар сафарга тайёр бўлиб турарди. Уларнинг баланд елканлари кўзни қамаштирарди. Ҳар қайси кеманинг ичи бир уйдек келарди. Катта кемаларнинг сони икки юзта бўлиб, уч юзу эллик кемача ҳам фалак денгизидаги янги ой-ҳилоллардек кўзга ташланарди. Яна кўплаб тез сузувчи қайиқлар ҳам бўлиб, кемаларнинг умумий сони бир минг беш юзтага етарди.
Хоқон билан Фарҳод ўзларига мўлжалланган кемага чиқишди-да, у ерда қуриб қўйилган шоҳона тахтларга ўтиришди. Неча минг моҳир кемачилар ишга киришиб денгиз томон йўлга тушишди. Орзулари бўлган оролга қараб икки кеча-кундуз сузишди. Шамолдан денгиз мавжланганда, юз турли балиқларга кўзлари тушди. Сув устида ҳар бири тоғдек келадиган улкан балиқлар уёқдан буёққа сузиб юришар, орқалари умр дарахтини кесиш учун яратилган аррага ўхшарди. Наҳанглар кичик балиқларни ов қилишар, бир-бири билан уришиб кетса, икки тоғ тўқнашгандек кўринарди. Хилма-хил жониворлар беҳисоб эди. Шоҳ билан шаҳзода ҳар тарафга боқишиб бу ажойиботларни тўймай томоша қилишарди.
Тўсатдан денгиз устида кучли шамол эса бошлади-да, кемадаги кишиларнинг юракларига қўрқув солди. Қари денгизчилар: «Бундай шамол ҳар юз йилда бир марта юз берарди, у яхшилик келтирмайди», -  деб ваҳима қилиб, ёқаларини йиртишарди. Шамол янада кучаймасдан туриб шоҳ билан шаҳзода омон қолишлари учун кема олдига тез сузадиган бир қайиқни келтиришди, Фарҳод унга тушиб олган ҳам эдики, катта бир тўлқин келиб урилгач, кема билан қайиқни бир-биридан ажратиб ташлади. Ота кемада оҳ чекканча қолиб, ўғил тушган қайиқ денгиз тўлқинлари узра сузиб борарди. Икковларининг ораларига кўришиш насиб этмайдиган айрилиқ тушди.
Шундан сўнг тўфон янада кучайиб, кетма-кет кўтарилаётган тоғдек тўлқинлар кўпчилик кемаларни бир-бирига уриб парчалаб ташлади. Қоронғу тушгунча тўфон тинмади. Ниҳоят шамол тўхтаб, денгиз тинчланди. Тонг отгач, кемалардан кўпчилигининг сувга чўкиб кетгани, одамларнинг аксар қисми ҳалок бўлиб, анчаси балиқларга ем бўлгани, тахта парчаларини ушлаб олиб омон қолган одамларни тўлқинлар ҳар чеккага улоқтириб ташлагани маълум бўлди. Лекин шоҳ билан Мулкоро катта кема ичида омон қолишган экан. Ичидаги одамларнинг баъзиси ўлиб, баъзилари эса беҳуш ётарди. Хоқон кемаси бир қирғоққа етиб боргач, шу атрофдаги одамлар етиб келиб, тўфондан алам чеккан кишиларга ёрдам кўрсатишди, беҳуш ётганлар аста-секин ўзларига келишди.
Шоҳ Фарҳоднинг ғойиб бўлганидан қаттиқ изтиробда қолди, кейин: «Балки тўлқинлар уни бирон қирғоққа олиб бориб ташлагандир», деб тирик топишга умид қилди-да, Суқрот айтган сўзларини эслади. Омон қолганини ғанимат билиб, ўз мамлакати томон йўл олди. Денгизда кучли шамол кўтарилган чоғда Фарҳод тушиб олган қайиқ тўфон юз берган пайтда денгизга ғарқ бўлди-ю, шаҳзода бир тахтага маҳкам ёпишиб олиб омон қолди. Тўлқинлар бу тахтани у ён-бу ён отар экан, Фарҳод жонидан умид узиб қўйган эди.
Денгиз тахтани Яман мамлакати томонга суриб кетди. Шаҳзода тахта устида беҳуш ётаркан, Яманга қараб бораётган тез сузар бир кема устидаги савдогарлар кўриб қолишди-да, денгизчиларни шаҳзода томонга юборишди. Йигит тахта устида ўликдек ётарди. Қутқарувчилар нафас олаётганини кўриб, тирик эканига ишонч ҳосил қилишди-да, кемага олиб чиқишди. Кема аҳли турли ҳидли моддаларни бурнига тутишган эди, Фарҳод кўзини очди. Шарбат ва овқатлар бериб уни ўзига келтиришди. Ниҳоят шаҳзода туриб ўтирди-да, ўзи билан нима аҳвол юз берганини сўради. Савдогарлар бўлган воқеаларни сўзлаб бердилар, кейин йигитнинг кимлигини сўрадилар. Фарҳод: «Биз, бир гуруҳ савдогарлар Хўтандан Яман томон келаётган эдик, тўфон кемамизни денгизга чўктириб юборди. Мен мана шу тахта устида омон қолдим. Гоҳ ҳушёр, гоҳ беҳуш ётардим. Ҳушимни йўқотган вақтда сизларга дуч келибман. Мен ҳаётдан умидимни узиб қўйгандим. Сизларнинг яхшилигингиз туфайли ўлимдан қутулиб қолдим. То тирик эканман, сизларнинг хизматингиздаман», -  деб жавоб қайтарди. Бу сўзларни эшитган кема аҳли уни ёқтириб қолиб, то қувватга киргунича унга меҳрибонлик кўрсатишди.
Бир куни кемадагилар ўзлари томон сузиб келаётган бир неча қайиқни кўриб қолишди-ю, ҳаммалари оҳ-воҳ қила бошлашди. Фарҳод бунинг сабабини сўраган эди, улар йиғлаб: «Сен денгиз устида кўраётган бу қайиқлардаги одамлар оролларда яшайдиган қароқчилардир. Биттами, иккитами ёки учтами кемани кўриб қолишса, ҳар томондан ўраб олишиб нефтли шиша идишларни ёндириб туриб, кема томон отишади-да, одамларни ўлдириб, молларини эгаллаб олишади. Биз денгиздаги тўғри йўлдан адашиб, тўфон маҳали шу ерга келиб қолибмиз. Уларга дуч келган одамларда қутулиш умиди қолмайди», дедилар. Савдогарларнинг бу сўзларини эшитган Фарҳод уларнинг кўнгилларини шод қилиб: «Сизлар ҳечам қайғурманглар, Худо сизларни ҳар қандай офатдан омон сақлайди. Сизларда кўпроқ ўқ билан кучли ёй топиладими?» -  деб сўради. Унинг гапларига ҳамма ҳайрон бўлди-ю, лекин сўраган нарсаларини тезда топиб келишди. Ёй Фарҳод истаганича бўлмаса ҳам, ўқлар ёйга мос эди. У ё-ю ўқларни ҳозирлагунча, ҳар томонда
н қароқчилар етиб келишди-да, кемага ўт ёғдириш учун нефтли шишаларини ҳозирлай бошлашди. Кемани уларнинг шишалари етмайдиган жойда тўхтатишни буюрган Фарҳод шишадаги нефтни ёқиб, савдогарлар кемасига отмоқчи бўлиб турган қароқчини нишонга олиб, шундай ўқ уздики, нефтли шиша парчаланиб, қайиққа ўт кетди-ю, ундаги барча қароқчилар ёниб кетишди. Яна бир қайиққа қараб ўқ отган эди, у ҳам ёниб кетди. Иккита қайиқдагилар куйиб кетгач, қароқчилар қочишга киришишди. Улар ўз кемалари бошини орқага бургунича, Фарҳод яна ўн-ўн беш қайиқни шу тарзда куйдириб йўқ қилди. Қароқчиларнинг баъзилари ўлиб, баъзилари куйди, қолганлари қочиб қолди. Бу ишларни кўриб турган кема аҳли хурсанд бўлишиб, унга молу жонларини беришга тайёр эдилар. Фарҳод эса ҳамон ўз дард-у аламлари билан банд эди. Бир неча кун ўтгач, улар кўзлаган манзил кўринди. Кема Яман бандаргоҳи томон йўл олди, ҳамма соҳилга чиқди. Денгиздаги минглаб балолардан омон қолган барча савдогарлар ғоятда хушнуд эдилар. Шаҳардаги бир манзилда жойлашиб сафар кийимларини ечдилар. Сўнгра май топиб келиб, ичишга киришдилар.
Майдан боши қизиган Фарҳод тахти, қасрлари ва сипоҳлари ёдига тушиб, денгизда қолган отаси-ю озор чекаётган онасини эслаб, ўзининг бу тарзда овора бўлиб юргани, кўнглидаги ёрига етиша олмаётганидан хафа бўлиб, кўз ёши тўка бошлади. Савдогарлар унинг бу ҳолатини кўриб бири йиғласа, бошқаси лол-у ҳайрон бўларди.
Бу ерга тўпланган одамлар ичида бир ҳунарманд наққош бўлиб, унинг чизган суратлари жаҳон халқлари эътиборини қозонганди. У оламдаги барча мамлакатларни кезиб чиққан, Хитойда ҳам бўлган, Моний билан суҳбат қурган инсон бўлиб, номи Шопур эди. Саёҳат қилиб юрар экан, савдогарлар келаётган кемага тушиб қолган Шопур Фарҳод қилаётган ишлардан ҳайратга тушар, лекин бу ҳолатлар сабабини ўйлаб тополмасди. Денгизда кўрсатган жасорати, қуруқликдаги ушбу аҳволи: кўз ёшлари билан чекаётган нола-ю зорларини кузатаркан, ўйлаб-ўйлаб унинг кўнглини ишқ тиғи яралаганини англаб етди. Бу ҳақда сўз очилганда эса, Фарҳод бепарводек кўринарди. Йигит дилидаги дардни сўраб билолмаган наққош ишқ дарди ҳақида сўз очди. Унинг ҳикоялари Фарҳодга таъсир килаётганини кўргандан кейин Шопур ишқий афсоналарни кўпроқ сўзлаб берадиган бўлди. Шу тарзда икковлари дўстлашиб қолишди.
Фарҳод Шопурни бир дам кўрмаса, дарров уни излаб топар ва муҳаббат ҳақидаги афсоналаридан айтиб беришини илтимос қиларди, уларни эшитар экан, йиғидан тинмасди. Ниҳоят Фарҳод Шопурнинг ўз аҳволи ҳақидаги саволларига жавоб берадиган бўлди.
Бир куни Шопурнинг: «Ота-онанг, мамлакатинг ҳамда ўз ҳаётинг ҳақида сўзлаб бергин», -  деган илтимосига: «Бу гаплардан фойда йўқ, яхшиси сенга бир воқеани айтиб берай. Бир куни бир ажойиб мамлакат тушимга кирди. Унга ўхшаш ўлкани кўрган эмасман», -  деди-да, кўз олдида намоён бўлган манзараларни бирма-бир сўзлаб берди. Гап ўзи севиб қолган қизга тақалганида эса оҳ тортиб, ҳушидан кетиб қолди. Шопур уни зўрға ҳушига келтирди. Атрофдаги одамлар эса тўхтовсиз май ичиш билан банд бўлиб, иккала дўстнинг гапларига парво қилишмасди. Шунда Шопур: «Дўстим, мен сенга ҳамсуҳбат бўлиб, яширин сирларингдан огоҳлик топдим. Сен энди ғам емагин, чунки сен белгиларини айтиб берган ер жаҳондаги энг гўзал жой бўлиб, мен уни кўрганман. Ҳавоси роҳатбахш, гуллари ҳисобсиз, гўзалликда Боғи Эрамдек бу жойнинг номи Армандир. Сен у ерга бормоқчи бўлсанг, мен ҳамроҳлик қилай», -  деди.
Бу гапларни эшитган Фарҳод ўз бахтига ишонмас эди. Буни кўрган Шопур: «Сўзларимга ишонмаётган бўлсанг, далил келтирай», -  деди-да, қоғозу қаламини қўлига олиб, ўзи айтган диёрнинг суратини чиза бошлади. Шундай бир тасвир яратдики, Фарҳод кўзгуда кўрган манзарадан биронта ҳам фарқи йўқ эди. Суратни томоша қилган шаҳзода дўстининг сўзлари рост эканига ишонч ҳосил қилди-ю, мастлардек йиқилди.
Фарҳод уйқудан кўзини очиши биланоқ Шопур айтган сўзлар, у чизган ажойиб сурат ёдига тушиб ўрнидан турди-ю, Шопур олдига югурди. Унинг товушидан уйғониб кетган Шопур бу келишдан унинг мақсади нима эканлигини сўради. Фарҳод унинг оёғига бошини қўйиб: «Берган ваъдангга вафо қилгил!», -  деб илтимос қилди. Шопур розилик билдиргач, иккала дўст йўлга тушдилар. Манзилма-манзил дам олмай боришар экан, Шопур билан Фарҳод ширин суҳбатлашар, дўстлик, ҳамдардлигу ҳамкорлик ҳақида фикрлашишар, Арман диёри тасвирланган сурат тўғрисида сўз юритишарди.
Шу тарзда анча юриб, Арман мамлакатига қадам қўйдилар. «Сен тушингда кўрган мамлакат мана шу. Атрофни айланиб томоша қилгин-да, ўзинг тилаган жойни топгин», -  деди Шопур. Фарҳод шу диёрни икки-уч кун кезгач, ўзи тушида кўрган дашт унинг кўзи олдида намоён бўлди. Ўша майсалар, ўша савсан, ўша гуллар, атрофида ўша булбуллар... Қаёққа қарамасин, ўзига таниш гуллар, тиканлар, гиёҳларни кўрарди. Булардан кўнгли ҳаяжонга тўлиб, безовталанарди. Шунда Шопурга қараб: «Эй ҳамдам дўстим, тушимда кўрган ҳамма нарса бу ерда кўриниб турибди. Энди менга яқинроқ юриб, ҳолимдан хабардор бўлиб тургин. Бу ерда тош қазиётган одамларнинг шовқинлари эшитиляпти, жоним эса ўша томон боришга интиляпти», -  деди.
Иккала дўст ўша тарафга йўл олдилар. Кўп ўтмай тоғ ичида ариқ қазиш билан машғул бўлган икки юзга яқин одамларни кўрдилар, ҳаммаларининг қўлларида теша бўлиб, уни тошга уришар, лекин қаттиқ тошларни кесиш шунчалик қийин эдики, юз марта теша урилганда ҳам нўхатча, ҳатто кўкнор уруғича тошни ҳам кесиб олиша олмасди. Икки юзта уста уч йил давомида тўхтовсиз метин урсалар ҳам, фақат икки-уч юз қари9 ердаги тошнигина қазиб олишган бўлиб, уларнинг ҳам кўпи чала ҳолича ётарди. Тош кесувчилар бу хил азоблардан алам чекишар, лекин ишбошилар уларни тинимсиз жазолашарди. Бу аҳволни кўрган Фарҳод усталар олдига келди-да: «Эй жафо чеккан одамлар, чекаётган азобингизнинг сирини айтинг, нега бунчалик алам чекяпсиз, бу бало сизнинг бошингизга қачон тушди? Сизларни кўриб ичимга ўт туташди», -  деди. Қари -  75 см га тенг бўлган узунлик ўлчови Тош кесувчилар унинг бу сўзларидан ҳайрон бўлдилар-да, сўнг юзидан нур томиб турган Фарҳодни дуо қилишгач, жавоб қилдилар: -  «Жаннатнинг рашкини келтирувчи бу мамлакатга Афридун насабидан бўлган, фазилатда эса Жамшиддан ҳам юқорироқ турувчи малика Меҳинбону ҳукмронлик қилади. Унинг гўзал бир жияни бўлиб, ҳусну жамолини тасвирлаб беришга ожизмиз, чунки биронта одам ҳам унинг юзини кўргани йўқ. Унинг чеҳраси гулдек, киприклари тикандек дейишади. Меҳинбону бу қизни яхши кўрганидан доим ўз ёнида олиб юради.
Биз қазиётган ушбу тоғнинг бир боши шарққа, иккинчи боши эса ғарбга туташади. Шарқ томонида бир чашма бор бўлиб, уни «Айнул -  ҳаёт», яъни «Тириклик чашмаси» деб аташади. Унинг сувини ичган ўлик ҳам тирилиб кетади. Маликанинг жияни ҳам баъзида ушбу булоқ олдига келиб, дугоналари билан ўйин-кулги қилишади. Тоғнинг ғарб томонида эса у қиз яшайдиган мамлакат -  Армания жойлашган. Ой юзли соҳибжамол ўзи яшаётган манзилда муҳташам бир қаср қурдиришни хоҳлаяпти. У ер жуда чиройли, хуш ҳаво бўлса ҳам, суви йўқ. Шунинг учун муҳандислар ариқ қазиб, чашма сувини қаср томон оқизишни маъқул кўришган. Чашмадан қасргача ўн йиғочга яқин масофа бор. Лекин тоғдаги тошларни тешалар, ҳаттоки метинлар билан ҳам парчалаб бўлмаяпти. Уч йилдан бери азоб тортиб келяпмиз, синмаган метину теша қолмади. Бу оғир меҳнатдан йигитлар чолларга ўхшаб қолишди. Қазиган еримиз эса икки-уч юз қаридан ошмайди. Бу аҳволда Нуҳ пайғамбардек узун умр кўрсак ҳам, бу ишни тугаллашимизнинг иложи йўқ».
Бу сўзларни эшитган Фарҳоднинг кўнгли ношод бўлиб:
Деди: «Бу неча мазлуми ситамкаш,
Фалак бедодидин бўлғон аламкаш.
Ки вайронлиғларида юз халалдур,
Агар қилсам мадад воқеъ маҳалдур.
Ҳунарни асрабон неткумдур охир,
Олиб туфроққаму кетгумдур охир.»
Сўнгра темирчидан дам билан кўра сўраб олди-да, белига чарм пешбанд боғлаб, дам учини кўрага маҳкамлади, кўмирни тўкди ва дам бериб, уни чўққа айлантирди. Шундан кейин бор теша-ю метинларни йиғдирди-да, ҳар ўн-ўн беш метинни ўтга солиб эритиб, улардан битта метин ясади, шунча тешани ҳам битта тешага айлантирди. Яна тоғ қазишда ишлатиладиган гурза, қайроқ каби асбобларни ясаб, уларнинг барчасига халқдан яширин ҳолда Қорандан ўрганганидек сув берди. Одамлар унинг ишларини ҳайратланиб кузатишар, савол беришни лозим топмай жим туришарди.
Фарҳод ўзи ҳозирлаган асбоблар билан ариқ қазишга киришиб, тошларни худди сел қумни ўйгандек осонлик билан кўчира бошлади, сўнг баҳайбат тошларни метин билан уриб майдалади. Теша урганда сачраётган тош парчалари бир йиғоч ерга бориб тушаркан, қараб турганлар улардан бошларини олиб қочишга мажбур бўлишар эди.
Фарҳод ўша куниёқ тошларни кесиб, ариқнинг бир қисмини тайёр қилди. Икки юзта тошкесар уста уч йил ичида бундай ишни бажара олмаган эдилар. Унинг қилган ишлари элга овоза бўлиб, Меҳинбонуга қадар етиб борди.
Арманияга бориб, Меҳинбону ҳузурига кирган бир гуруҳ кишилар: «Ариқ қазилаётган тоғ ичида бир паҳлавон йигит пайдо бўлиб, тош кесишда шундай ишларни қилаяптики, одамзод уларни бажаришга қодир эмас», -  дейишди-да, кўрганларини тўла-тўкис айтиб беришди. Меҳинбону уларнинг сўзларини тинглаб, ҳайратланди, аввалига ишонгиси келмади, ўйлаб-ўйлаб гўзал жияни ҳузурига борди-да: «Сенга ажойиб бир хабар келтирдим: сенинг истагингга кўра ариқ қазилаётган тоғ ичида бир йигит пайдо бўлиб, ажойиб ишлар қилаётган эмиш. Уч йилда битган ишни ўзи бир кунда бажарибди», -  деди. Меҳинбонудан бу сўзларни эшитган Ширин номаълум йигит қилаётган ишларни бориб кўриш истагини билдирди. «Ариқни қазиш учун кўп маблағ сарф қилдиму, тошкесувчиларнинг меҳнатини эшитиб, унинг битишидан умидимни узган эдим. Энди шундай ажойиб меҳмонни бизга йўллаган Худойимга шукрона айтиб, унинг ишларини кўришга боришимиз керак. У бизга керак одамга ўхшайди, шундай экан, биз ҳам унга меҳрибонлик кўрсатайлик», -  деди гўзал қиз.
Меҳинбону билан икковлари отларга миниб тоғ томон йўл олишди. Улар билан бирга тўрт юзта канизлар ҳам боришарди. Гулгун от устида бораётган париваш ғоятда соҳибжамол эди:
...Юзи атрофида дурри лаоли,
Қуёш даврида ахтарлар мисоли.
Ики қоши ҳилоли фитна ангез,
Ёзилғон кўп ул ой бошида хунрез.
Не икки анбар осо зулф, ваҳ-ваҳ,
Не икки жонфизо лаб, оллаҳ-оллаҳ.
Оғиз устида бурни турфа тимсол,
Тутуб ёнида манзил ҳиндуйи хол.
Қади авзода жаннат савсанидек,
Юзи гул, лек юз гул хирманидек.
Қаду ораз била шамшоду гулфом,
Не шамшоду, не гул, сарви гуландом.
Лабидин жон томиб бисёр-бисёр,
Сўзидин шаҳд оқиб харвор-харвор...
Меҳинбону билан жияни тоғ қазиётганлар маконига етишгач, Фарҳод ишлаётган жой яқинига боришди-да, юқорироқ бир тепаликдан туриб томоша қилишди. Уларнинг кўзи олдида тош кавлаётган бир йигит метин билан ариқ қазир, тошларни парча-парча қилар, қоши чимирилган, султонлик нури балқир, пешонасидан муҳаббат дарди, юзидан эса узоқ юртдан келганлиги аён бўлиб турар эди.
Бу манзарани кўриб турган Ширин ҳайрат, таажжуб билан йигитга қарарди. Унга нисбатан юрагида меҳр пайдо бўлди-ю, юзига парда тутиб Фарҳодга яқинроқ бориб сўз очди: «Эй нодир йигит, биз айтмасимиздан бу ишларни бунёд қилиб, кўнглимизни ғоятда шод этдинг. Сенинг қўлларинг ҳунар эмас, мўжиза яратди. Ҳар қанча миннатдорлик билдирсак ҳам, бир кунлик меҳнатингга арзимайди. Қилаётган ишларингга биздан қайтмаса, Тангридан қайтсин». Кейин Ширин бир лаганда қимматбаҳо жавоҳирлар келтиришни буюриб, уларни йигитнинг бошидан сочди. Қиз ўзининг бу ишидан мамнун бўлса, Фарҳод ўзини йўқотиб, зўрға оёғида турарди. Шириннинг нафаси унинг кўнглига изтироб солган, тани титраб, оромидан жудо бўлганди. Кейин қизга боқиб: «Нафасингдан ўзимни ўлган ҳисоблаяпман, овозингдан эса ҳаёт азобларидан қутулдим. Кимлигингни қандай қилиб билай? Балки ичимни қонга тўлдирган сендирсан? Мени бегона юртларда овора қилган, диёру мулкимдан айирган ўзингдирсан? Сўзларингни эшитгач, жонимдан айрилдим, оҳ, юз оҳки, юзингни кўрмай ўляпман!» -  деди-да, шундай бир оҳ тортдики, Ширин юзидаги парда учиб кетди. Қизнинг оламни безатувчи жамолини кўргач, ўзини кўзгуда мафтун айлаган ва эс-ҳушидан айирган париваш шу эканлигини билган Фарҳод фиғон чекиб ерга йиқилди.
Унинг бу ҳолатини кўрган Ширин ўлди деб ўйлаб, қаттиқ оҳ чекди. Дўсти қошига дарҳол етиб келган Шопур Фарҳод бошини кўксига босганча, зор йиғлашга тушди. Унинг ёнида Ширин йиғлаб турарди. Бироздан сўнг Меҳинбону билан Ширин Шопурни олдиларига чақирдилар-да, Фарҳод ҳақида сўрадилар. У ўз дўсти ҳақида билганларини сўзлаб бергач, Меҳинбону билан Ширин зор-зор йиғлашга тушишди. Кейин Фарҳодни подшоҳона тахтиравонга солишиб, сарой томон йўл олишди. Манзилларига етгач, Меҳинбону даргоҳининг бир бурчагида тахт устига шоҳона ўрин солиб, у ерга Фарҳодни ётқизиб қўйишди. У эса халқ аҳволидан ҳам, ўз ҳолидан ҳам бехабар бўлганича беҳуш ётарди. Фарҳод икки кеча-ю икки кундуз гоҳ-гоҳида нафас олиб, беҳуш ётди. Учинчи кечада сарой аҳли уйқуда экан, ўзига келди-да, атрофига боқиб, шоҳона тахт устидаги ўринда шоҳ каби ётганини кўрди. Бу ерга қандай қилиб келиб қолгани ҳақида ўй суриб, гўзал қизнинг юзини кўриб, сўзларини эшитар экан, ўзидан кетиб қолганин
и эслади. Уялганидан терга ботди-да, уйдан чақмоқдек сакраб чиқди-ю, севинганича тез-тез юриб, биёбондан ўтиб, ариқ қазилаётган манзилга етиб борди, метин билан тешасини топди-ю, ўзига ўзи: «У паричеҳра гўзал мен мажнунга шунча меҳр кўрсатиб, ҳушимдан кетганимда эъзоз қилибди, унинг яхшилигига қандай жавоб қайтарсам экан? Унинг тилаги шу ариғ бўлиб, тугалланишини бесабрлик билан кутаётган экан, менга муҳлат берса, шу ниятига етказиб, дардига даво қилайин», -  деганича, тош чопишга шундай қаттиқ киришдики, тоғ фарёд қилиб юборди. Метинни тошга урганида чақмоқ чаққандек бўлар, қаттиқ тошларни осонлик билан парчаларди. Туну кун тинмай ариқ қазир экан, дам олишни билмас, унинг ишларини томоша қилишга келган тўда-тўда одамларнинг кети узилмасди.
Фарҳод ҳушига келиб, ўз иш жойига қайтган кеча ўтиб, тонг отгач, сарой аҳли ҳам, Шопур ҳам уни топишолмай ғамга ботишди. Шопур уни излаб келиб, ишлаётганидан хабардор бўлиб ғамини унутган бўлса, Ширин айрилиқ ўтида ёнарди. Охири бир баҳонани ўйлаб топди. Меҳинбонуга: «Мен ариқ қазишга буюрганимда, тақдир у йигитни биз томонга юборган экан, агар уни қидириб топмасак, бу иш чала қолиб кетади, чунки усталар ҳар қанча ҳаракат қилмасинлар, юз қари ҳам қазий олмайдилар. Шунинг учун ҳар томонга одамлар юбориб, уни албатта топишимиз зарур», -  деди. Меҳинбону унинг безовталигини кўриб изтироб чекаётганини, қалбидан Фарҳод муҳаббати жой олганини пайқади-да, насиҳат қилиш бефойда эканига ишонч ҳосил қилиб, Фарҳодни излаб топишга буйруқ берди. Юборилган одамлар йигитни топиб, у аввалгидек ариқ қазиётгани ҳақидаги хабарни Меҳинбону билан Ширинга етказишди. Ширин ниҳоятда шодланиб, қувончларга тўлди-да, Фарҳодни яна бир бор кўришга чора излай бошлади. Бир пана жойда туриб йигитга боқса, бу кўради-ю, у эса буни кўрмайди. Чунки Фарҳод уни кўриб қолса, яна бетоқатлик қила бошлайди-да, уларнинг сирлари кўпроқ ошкор бўлади.
Меҳинбону ҳам Фарҳоднинг олдига бориб, аҳволини сўраш, дилидаги яширин ғамлардан огоҳ бўлишни истар, «Қани энди шундай йигит менинг фарзандим бўлса эди», -  деб орзу қилар экан, йигитга бўлган меҳри тобора ортиб борарди. Лекин Ширин айрилиқ дардидан азобланар, кечадан тонггача ухламай чиқарди. Дардларини айтишга бирон ҳамдард тополмас, севгисини изҳор қилишга номуси йўл қўймас, олдига борай деса, Фарҳоднинг безовта бўлишидан чўчирди; бормай деса, жони фироқ ўтида қовриларди.
Фарҳод тошларни ёриб ариқ қазар экан, бу иш тугалланса, Ширин томошага келиши, унинг жамолини яна бир марта кўриб шодликдан жони чиқса, жаҳонда армони қолмаслигига умид қиларди. Шу орзу билан тонгдан шомгача тош чопишдан чарчамасди.
У, муҳандислар каби аввал ариғнинг икки ёнини чизиб оларди. У четидан бу четигача уч қари бўлиб, чуқурлиги икки қари эди. Ҳар бир чизиғи минг қаридан ортиқроқ эди. Минг қари ариқни пардозлаб бўлгач, яна минг қаридаги ишни бошларди. Ҳар минг қари қазилганда чиқитга чиққан тош парчаларини икки юзта тош кўчирувчи ташиб кетар, улар ариқ ичини тозалагунларига қадар тешасини яна қўлига олиб, сайқал берарди. Бирон ерда тош тугаб, тупроқ чиқиб қолса, иш кўпайиб, уни тош билан қоплагунча анча заҳмат чекарди. Ариқ ичини безаб турган тошлар бириктирилган жойлардан биронта ҳам ёриқ топилмасди. Йўлида тоғлар учраса, уларнинг тепасига чиқиб олиб, тошларни парчалар, метинидан учган тош бўлаклари тўлин ойга қадар етиб борганида, у ўз шуъласи билан юзини тўсиб олар, майда тошларнинг ўзларига тегишидан ҳайиққан юлдузлар бошларини ҳар томонга олиб қочарди. Фарҳод шу тарзда шижоат кўрсатиб, бир тоғни икки-уч кунда қўпориб ташлар, унинг ўрнини текислаб ариқни давом эттирарди. Оз фурсат ўтиб ариғнинг боши қаср қуриладиган жойга етди. У ерда Фарҳод тошларни кесиб тўрт томони олтмиш қарига тенг бўлган ҳовуз қурди.
Қаср қуриладиган майдонда катта бир тош бўлиб, айланаси беш юз қари келарди. Унинг чор атрофини йўниб, кейин ичини кавлай бошлади-да, баланд гумбазли, айвони сув томонга қараган, уч томонида эса тоқу айвони бўлган ажойиб қасрни бунёд этди; деворларига тахтда ўтирган Шириннинг ва унинг хизматида бўлган париваш қизларнинг тасвирини чизди. Минглаб шу хил тимсоллар орасида Ширин рўпарасида беҳол турган Фарҳод ҳам акс эттирилган эди. Қаерда Ширин қиёфаси гавдалантирилган бўлса, унга маҳлиё бўлиб турган Фарҳод тимсоли ҳам тасвирланган эди.
Бу ишларнинг барчасида Шопур унга мададкор бўлди... Ҳовуздан ариғлар тортилиб, улар қаср атрофини айланиб оқадиган қилинди. Ариғлар сарой рўпарасида шалолалар ҳосил қилиб шаҳар томон йўл олар, ҳар бир шалоланинг баландлиги икки минг қари келарди. Шаҳар аҳолиси бу сувлардан фойдаланиб, боғу бўстонлар яратиши мўлжалланган эди.
Ана шу ишларнинг барчаси тугаллангач, Фарҳод сув бошига бориб ариққа сув очиш тайёрлигини кўра бошлади. Бундан хабар топган мамлакату шаҳарга сув очилишини кўриш истаги тушиб, барча одамлар тоғ томон йўл олдилар.
Фарҳод эса: «Шунча халқ ичида Ширин ҳам бормикан, томоша қилишга ой юзли гўзалим ҳам келармикан, агар келса, шодликдан ўлиб қолишим аниқ, келмаса унинг висолига зорлигим туфайли ҳалок бўлишим ҳам муқаррар», -  деб хаёл сурарди.
Одамлар унинг безовталигини кўриб, сабабини билишолмай ғам чекардилар. Фарҳод икки қулоғини йўлга тутиб Шириннинг келишини интизорлик билан кутар экан, халқ унинг ҳолини кўриб кўз ёшларини тўхтатолмасдилар. Фарҳод қайси томонга қараб юрса, эл унга эргашиб борарди. Шу ҳолда барчалари сув бошига етдилар. Шириннинг етиб келишини кутаётган Фарҳод бир оз дам олмоқчи эканини айтди. Бу бир баҳонагина бўлиб, аслида йигит кўзи тўрт бўлиб, ҳар тарафга боқиб ўз дилдорини изларди.
Фарҳоднинг сув очиш учун тоғ томон йўл олганини эшитган Ширин: «Тезда от келтиринглар!», -  деб чопар йўллади. Ширин сўзларини эшитиб хурсанд бўлиб кетган малика Фарҳодга яқинлашди-да: «Бир оз дамингни олиб тур, Ширин бу томонга келаётган экан», -  деди. Фарҳод бу сўзларни эшитгач, қалби шодликка тўлди. Меҳинбону шу ерда бир тахт қуришни буюрди, унга гиламча ҳам солдирди, ўзи ўша ердан жой олиб, Фарҳодни ҳам ўтиришга таклиф этди. Тошкесар йигит Бону рўпарасига келиб ўлтирди. Малика унга Ширин ҳақида сўзлар айтиб, хурсанд қилишга интиларди. Фарҳод уялганича ерга икки кўзини тикиб ўтирарди. Баъзан Меҳинбонунинг саволларига одоб билан жавоб қайтарар экан, сўзлари унинг ақли ва зийраклигидан далолат берарди, юзида эса фаҳму фаросати акс этиб турарди.
Бир пайт узоқда тўтиёранг чанг кўтарилди. Кўрганлар бу гард гўзаллар султони Шириннинг от чоптириб келаётганидан дарак эканлигини айтишди. Одамларни сув бошидан, малика билан Фарҳод олдидан нари суришди. Фарҳод жисмига титроқ тушиб, безовталана бошлади. Шунда Меҳинбону унга яқинроқ келиб: «Эй фарзандим, ўзингни тутиб ол, кўнглинг билан кўзингни эҳтиёт қил. Агар ҳозир ҳушингни йўқотсанг, бир неча йил қилган меҳнатинг зое кетади. Девоналик сени мағлуб қилса, пари пайкар ҳам эл ичида изза бўлади. Ўзингни асра, яна ғойиб бўлиб қолма. Ўзингни ҳам, мени ҳам, у ҳурни ҳам паришон айлама», -  деб насиҳат қилди. Фарҳод ўзини тутиб олгунича, унинг олдига Ширин етиб келди. У юзига ниқоб тутиб олган бўлса ҳам, беқиёс гўзаллиги шундоққина кўриниб турарди.
Шу пайт Меҳинбону Фарҳодга қараб: «Энди ишга кириш, аммо кўзингни Ширин томон боқишдан асра. Бу сўзларим сенга маъқул тушмаса ҳам, шундай қилсанг яхшироқ бўлади», -  деди. У малика олдида ер ўпиб, Шопур қўлини тутгач, ўрнидан турди. Метинни қўлига олди-да, сувни очишга тушди. Ширин унинг ёнига бориб, ариқ ичини томоша қилар экан, кулимсираб ҳар лаҳза бошини тебратиб қўярди. Фарҳод бунёд этган ҳар қайси ишдан ҳайратланиб, тўхтовсиз офарин айтарди.



Фарҳод сувнинг эски йўлини тўсиб, янги ариқ томон оқизди. Халойиқ ичига ғавғо тушиб, сув билан ёнма-ён югуришарди. Ариқнинг икки томонида чолғучилар соз чалиб боришарди. Меҳинбону билан Ширин қаср олдига сувдан олдинроқ етиб бориш учун от суриб кетишди. Лекин сув отлардан ҳам тезроқ оқиб борар, у билан бароварлашишга интилган қанча-қанча одамлар бир-бирларининг устларига йиқилишарди. Халойиқ орқасидан бораётган Фарҳоднинг икки кўзи ҳури паризод -  Ширинда эди. Гўзал қиз тоғ ва чўлда ўн йиғоч йўл босди, кейин яна етти-саккиз йиғоч масофани от чоптириб ўтди. Бир маҳал унинг чарчаган оти юрмай тўхтаб қолди. Ширин уни мажбур қилса, оёқлари чирмашиб, ўзи йиқилиши мумкин эди. Шунда Фарҳод бу хавфни сезиб тезда етиб келди-да, энгашиб от остига кириб, бир қўли билан унинг олдинги икки оёғини, иккинчи қўли билан кейинги икки оёғини маҳкам тутганича, кўтариб олди-да икки-уч йиғоч йўлни тезлик билан босиб ўтиб қаср ва ҳовуз олдига етиб келиб отни ерга қўйди. Ширин отдан тушгач унга таъзим бажо қилди-да, зор-зор йиғлаганича орқасига қайтди. Тоғ устига чиқиб олиб, баҳор булутидек кўз ёшларини тўка бошлади. Бу пайт ариқдан келган мўл-кўл сув ҳовузни лиммо-лим тўлдирди-да, қасрни айланиб ўтиб шаҳар томон йўл олди. Ариққа «Наҳр ул-ҳаёт», яъни «Ҳаёт дарёси» деб, ҳовузга «Баҳр ун-нажот», яъни «Нажот денгизи» деб исм бердилар.
Сув ҳовузда мавж ура бошлагач, одамлар анча вақт уни томоша қилишди. Меҳинбону билан Ширин бу оғир ишнинг тугалланганидан шодликка тўлишди. Безатилган қасрда шодиёналар давом этарди. Лекин Ширин Фарҳод ҳақида ўй суриб ғам чекарди. Меҳинбону жиянининг бу ҳолатидан хабардор бўлган эса-да, бу ишга қандай чора топишни билмасди. Шириннинг дарду алами тобора кучайиб бораётганини сезган малика: «Бу шайдо йигит жуда кўп азоб чекди, унга ҳар қанча бойлик ҳадя қилсак ҳам оз. Лекин у бойликни хушламаяпти. Шунинг учун унга мурувват кўрсатиб, сўз билан кўнглига қувват берсак, уни меҳмонга чақириб, шоҳона зиёфат уюштирсак, нимани тиласа, бажо келтирсак», -  деди. Ширин бу сўзлардан хурсанд бўлиб, гулдек очилиб кетди.
Меҳинбону, зиёфат учун керакли ҳамма нарсани ҳозирлашни буюрди-да, икки-учта доно мулозимни Фарҳодни олиб келишга йўллади. У, Меҳинбону таклифидан шодланиб, мулозимлар билан қаср томон йўлга тушди. Фарҳод етиб келгач, малика унга чексиз ҳурмат кўрсатиб, курсига ўтқазди, ёнидан Шопур жой олди.
Меҳинбону Фарҳод билан Ширин суҳбатлашиб ўтирар экан, дастурхон ёзилиб, шоҳона зиёфат бошланди. Соқийлар тўхтовсиз май тутишар, ҳофизлар тинмай куйлашарди. Зиёфатда иштирок этаётган ўнта гўзал қизнинг барчаси бирон соҳада моҳир эди:
Бири ашъор баҳри ичра ғаввос,
Бири адвор даври ичра раққос.
Бири мантиқ русумида рақамкаш,
Бири ҳайъат руқумига қаламкаш.
Бирининг шеваси илми ҳақойиқ,
Балоғатда бири айтиб дақойиқ.
Бири тарихда сўз айлаб фасона,
Бири ҳикмат фани ичра ягона.
Ҳисоб ичра бирининг зеҳни бориб,
Муаммода15 бириси от чиқориб.
Бу фанларда булар бир-бирдин аҳсан,
Юз ул фанлиқ аро ҳар қайси якфан.
Дилорому Дилорою Дилосо,
Гуландому Суманбўю Сумансо.
Паричеҳру Паризоду Париваш,
Парипайкар, зиҳи ўн исми дилкаш.
Меҳинбону уларнинг ҳар бирига саволлар берар экан, қизлар ўзлари биладиган фанлар ҳақида сўзлаб берардилар. Уларнинг ҳикматларини эшитиб турган Фарҳод ўзи унутган билимларини ёдига келтирди. У кетма-кет ичилаётган май таъсирида журъатланиб, ўнта қизга турли илмлар бўйича саволлар бера бошлаган эди, қизлар жавоб айтишга қийналиб қолишди. Шунда бу саволларга Фарҳоднинг ўзи жавоб айтиб, ҳаммани лол қолдирди.
Меҳинбону унинг билимдонлигини кўриб, тахтидан тушди, Фарҳоддан тахтга чиқиб ўтиришини илтимос қилди. Фарҳод рози бўлмагач, малика тахт олдига кўрпача солишни буюрди-да, унга Фарҳодни ўтқазиб, ёнидан ўзи жой эгаллади. Бу пайтда парданинг орқасида ўтирган Ширин барча воқеаларни кузатиб турарди. Кўзидан тинмай ёш оқар, баъзан ҳушидан кетиб қоларди. Буларни бошқа одамлар кўрмасди. Лекин Меҳинбону жиянининг ҳолатидан хабардор эди. Кўнглида: «Ширин муҳаббат ўтида куйиб, адо бўлиб боряпти. Агар бу йўлда у ҳалок бўлса, мен гуноҳкор бўламан», -  деб ўйлади-да: «Ширинга айтинглар, у мезбонлик айлаб, меҳмонни хурсанд қилсин», -  деб буюрди. Ширин парда орқасидан аста чиқиб келар экан, худди қуёш балқигандек қаср ёришиб кетди. Фарҳоднинг кўзи унга тушгач, кучли бир оҳ тортди-да, беҳуш бўлиб, йиқилишига оз қолди. Меҳинбону Ширинга ўз ёнидан жой кўрсатди. Соқийлар уларга май тутишар экан, Ширин ҳам ичиб, Фарҳод каби сархуш бўлди, юзидаги парда ҳам тушиб кетди. У, Фарҳодга қилган ишлари учун миннатдорчилик билдирди-да, май олиб келиш учун ўрнидан турди. Ҳалиги ўнта гўзал қиз жавоҳирлар солинган лаганларни қўлларида тутиб унинг ёнида юришарди. Ширин бу жавоҳирларни ҳар томонга сочиб борарди. Кейин у Фарҳод олдига келиб ўтирди-да, қўлига қадаҳ тутиб: «Мен буни сенинг ишқингда ичаман», -  деди-да, симирди, кейин идишни тўлдириб йигитга тутди ва «Сен ҳам менинг ишқимда бу қадаҳни кўтаргил», -  деди.
Фарҳод уни қўлига олиб, шундай сипқордики, пиёла нақшларидан нишона ҳам қолмади. Қадаҳни қайтариб берган Фарҳод ўз севгилиси томонига сажда қилгандек йиқилди. Ширин унинг бошини кўтармоқчи бўлган эди, ўзи ҳам йиқилди. Иккаласининг оғзига ойна тутишганда, нафасдан дарак йўқ эди.
Фарҳод билан Шириннинг бу ҳолатини кўрган одамлар оҳу нола тортишиб, икковини икки томонга олиб кетишди. Иккита хонада жой тайёрлаб, уларни ётқизиб қўйишди. Тонг отгунча икковлари беҳуш ётдилар. Саҳарда тонг шамоли эсгач, улар ўзларига келишди. Хижолатдан бошини қуйи солган Фарҳод яна тоғ сари йўл олди.
Меҳинбону зиёфатда рўй берган ҳодисалардан ташвишга тушди. Ширин аҳволидан хавфсираётган малика уни овутиш учун қандай чора кўришни билмасди. Ўйлаб-ўйлаб бир неча кунда Фарҳодни қасрга чақиртириб, унинг Ширин билан учрашувини ташкил қилишни маъқул кўрди. Бундай пайтларда Фарҳод ўз севгилиси қўлидан май ичар экан, иккови ҳам беҳуш бўлиб йиқилишар, ўзларига келгач, йигит яна тоғ сари йўл оларди, Ширин эса қалбида дарду ғам билан изтироб чекиб қоларди. Бу хил учрашувлар бир неча бор такрорланди.
Шундай кунларнинг бирида уларнинг бошига бир ташвиш тушди. Ўша айёмда Араб ва Ажам мулкининг Хисрав деган ҳукмдори бўлиб, Мадойин шаҳри унинг пойтахти эди. Унинг хотини ҳам, ўғли ҳам бор эди-ю, Хисрав бу фарзандини тахтга муносиб кўрмасди. У ўз тахтини яхши бир фарзандга топширишни истаб, бу мақсадга етишиш учун ўзига муносиб қизни қидиришга тушган эди. Ўз мамлакатида қанча қидиртирса ҳам, кўнглига ёқадиган бирон гўзал топилмади. Бу пайтда Шириннинг овозаси, унинг ҳусни, одоби ҳақидаги гаплар Хисравга ҳам етиб борган эди. Бу соҳибжамол қизга тош кесувчи бир йигит шайдо бўлиб, унинг ишқи йўлида ажойиб ишлар қилганидан ҳам у хабардор эди. Шириннинг ишқи Хисравни ҳам маст қилди-ю, Арман мамлакатига одамлар юбориб, бу қиз ҳақида бор ҳақиқатни билиб келишни топширди. Бу одамлар қайтиб келишгач, Шириннинг тенгсиз чиройи-ю хулқу одоби ҳақида шоҳга гапириб беришди. Буларни эшитган Хисрав тезлик билан Армания сари йўл олишга аҳд қилди. Лекин мамлакатни қолдириб кетишдан хавотирланиб, Бузург Уммид деган доно вазири билан маслаҳатлашди. Вазир унга боришдан аввал Меҳинбонуга хат йўллашни, бу хатга жавоб келгач, қилинадиган ишлар ҳақида ўйлашиб кўришни маслаҳат берди. Бузург Уммиднинг бу сўзларини маъқул кўрган Хисрав донишманд бир кишини топиб, хатни унинг қўлига топширди-да, Меҳинбону ҳузурига юборди.
Хисрав йўллаган элчи Арман мулкига етиб боргач, Меҳинбонуга Кисро мамлакатидан вакил келганини хабар қилишди. Унинг сифатларини эшитган малика меҳмонхонага туширишни буюрди, кейин ўзининг бир қанча доно мулозимларини чақириб, уларга элчининг қандай мақсад билан келганлигини аниқлаш вазифасини юклади. Меҳинбону юборган аъёнлар элчининг мақсадини билиб, маликага хабар қилдилар. Шунда Меҳинбону: «Эртага уни ҳузуримга олиб келинглар, у билан суҳбатлашай, муддаоси маълум бўлди, энди мен жавобимни айтишим зарур», -  деди. Меҳинбону ўйлаб ўйига етолмасди. Хисрав таклифига рози бўлай деса, ёдига Фарҳод тушиб, кўнгли ғамга тўлар, рад жавобини берай деса, бунга сабаб тополмас, Ширинни зўрлаб Хисравга узатса, у рози бўлармиди, розилик берганида ҳам, бунинг натижаси нима билан тугаркин?», -  деб фикр қилди-да, охири бор гапни жиянига айтиб берди. Ширин ўзини ерга ташлаб фарёд кўтарди:
Бошимға тийғи ғам сурсанг не бўлғай,
Бу сўз дегунча ўлтурсанг не бўлғай.
...Манга Фарҳод ишқи туҳмати бас,
Ки чеҳрам кўрмайин ул зору бекас,
...Тоғ ичра сел янглиғ оқизиб ёш,
Уруб тош узра ҳар дам селдек бош.
...Юзумдин дийдаи гирёни маҳрум,
Висолимдан балокаш жони маҳрум.
...Манга на ёру на ошиқ ҳавасдур,
Агар мен одам ўлсам, ушбу басдур.
Агар Бону иложи бўлса қилсун,
Ўзимни ўлтурурмен йўқса билсун.
Бу сўзларни эшитган Меҳинбонунинг кўзлари ёшга тўлди, қандай чора кўришни ўйлаб қўйди-да: «Ғам ема, кўнглингни хуш тут. Мен элчига узр айтиб жўнатиб юбораман», деди.
Малика ваъдасига мувофиқ элчини қабул қилди, ундан йўл қийинчиликларини сўради, Хисравга дуолар айтди, кейин унинг шарафига базм уюштирди, кетишида кўпдан-кўп совғалар берди-да «Шоҳга менинг дуоларимни етқизгил», -  деб тайинлади. Элчи ўзи турган жой томон йўлга тушгач, Меҳинбону бош вазирни чақирди-да: «Элчининг олдига бориб айтингки, у Хисравга менинг мана бу сўзларимни етказсин: «Сенинг тилакларинг биз учун шарафлидир. Лекин бизнинг бир узримиз бор: сен тилаган ой юзли гўзалнинг бир айби бўлиб, у ҳам бўлса турмушга чиқишни истамаслигидир. У, йигитларга ўхшаб от чоптириб юришни, ов қилишни ёқтиради. Сенинг уйланмоқчи эканлигингни айта олувчи киши бу мамлакатда топилмайди, чунки бу сўзни эшитса, у ўз жонидан ҳам кечиши мумкин. Бундай сабаб бўлмаганида, у шу кунгача турмушга чиқмай юрармиди? Ана шу айбимиздан шоҳни огоҳ қилдик. Энди нимага ҳукм қилиш шоҳнинг ўзига ҳавола», деди.
Меҳинбонунинг бу сўзларини эшитган бош вазир ҳамма гапни элчига айтди. Элчи нима дейишни билмай, ўз ватанига жўнаб кетди-да, Хисрав олдига бориб малика сўзларини унга етказди.
Меҳинбону жавобини тинглаган Хисрав унинг узрига ишонмай дарғазаб бўлди. Кейин бошқа бир ўжарроқ элчини Арманияга йўллаган эди, у ҳам шу жавобни келтирди. Шу тарзда шоҳ яна бир неча элчини Меҳинбону олдига жўнатган бўлса ҳам, ҳеч қайсиси яхши хабар билан қайтмади. Ғазабга тўлиб тошган Хисрав бу гапларнинг барчаси баҳона эканини таъкидлаб:
Агар умр ўлса ул айёраларға,
Демай айёраким маккораларға
Ситамдин еткурай андоқ сазое,
Солай кишварлари ичра балое.
Ки қайда бор эса бир ҳийла пайванд,
Қиёматга декин бўлғай анга панд
-  деб хитоб қилди-да, аскарларни тўплаб Арман диёрига қараб йўлга тушди.
Хисрав Арманга йўл олар экан, лашкарининг сон-саноғи йўқ эди. Уларнинг отлари туёғидан кўтарилаётган чанг-тўзон осмон юзини тўсиб қўйган эди. Бир неча кун йўлда юрилгач, Хисрав қўшини Арманияга етиб келди. Бу хабарни дарҳол Меҳинбонуга етказдилар. Малика бу сўзни хотиржамлик билан тинглади. Хисравнинг бу ўлкага ҳужум қилиши эҳтимоллигини олдиндан кўра олган малика шаҳарни ҳимоя қилиш чораларини кўришга улгурганди. Қалъанинг баланд деворлари мустаҳкамланган бўлиб, ҳар қайси кунгира ёнида баҳромсифат бир жангчи турарди. Анча вақтга етадиган озиқ-овқат, кийим-кечак ҳозирлаб қўйилган эди. Меҳинбону билан Ширин Фарҳодни воқеадан хабардор қилиб, ундан қўрғонга киришини илтимос қилишди. Фарҳод уларнинг сўзларини ерда қолдирмай қўрғонга кирди-ю, қалъа ташқарисидаги бир катта тош устида жойлашиб, жанг бўладиган бўлса, Хисрав аскарлари бошига тош ёғдиришга тайёр бўлиб турарди.
Хисрав ўз қўшини билан келиб қўрғондан ярим мил нарида жойлашди. Арман диёрини томоша қилиш учун атрофига минг отлиқни олиб йўлга отланди. У шаҳар деворларига назар ташлаб борар экан, тош устида турган Фарҳодга кўзи тушди-ю, кўксига ханжар урилгандек бўлди. Саркардаларга қараб: «Бу одамни кўриб кўнглим хафа бўлди. Суриштириб билинглар-чи, иши дилларни ҳазин қилиш бўлган бу инсон ким экан?» -  деб буюрди. Бир саркарда отини у томон суриб, Хисрав номидан Фарҳоднинг исмини сўради. Фарҳод ичига ишқ ўти тушгач отидан ҳам маҳрум бўлгани, асли исми эса Фарҳод эканини айтди. Бу сўзни эшитган Хисравнинг ҳушини йўқотишига оз қолди. Чунки у бу номни кўп эшитган эди. Шунинг учун: «У менинг рақибим, бинобарин мен ундан қутулишим керак», -  деб ўйлади-да, беш-ўн жангчини юбориб, уни ўз олдига олиб келишга буюрди. Фарҳод ўзи турган манзилга яқинлашаётган душман аскарларини кўриб, уларга қараб хитоб қилди:
«Эй бахтиёр шоҳ! Агар Хисрав эсанг ҳам, Хисрав бўлмасанг ҳам бу сўзларимни эшитиб ол. Мени ўз олдингга олиб боришларини истаб, ўн-ўн беш паҳлавонингни жўнатдинг. Мақсадинг мени ўлдирмоқ бўлса, бундан менга зиён ҳам, сенга фойда ҳам йўқ. Шу одамларнинг қони сенинг бўйнингга тушади, чунки сен ўз сипоҳларингни ўз қўлинг билан ўлдирдинг. Сўзларимга ишонмасанг, Яратганнинг қудратини томоша қил: бош кийиминг чўққисини учириб юборадиган мана бу тошни менинг саломим деб қабул қилгин».
Фарҳод шоҳ турган томонга қараб яна бир тошни отди-да: «Бу эса байроғинг учидаги шаклни учиргусидур», -  деб хитоб қилди. У отган икки тош шоҳнинг дубулғаси учини ва байроғи учидаги шаклни учириб юборди. Шундан сўнг Фарҳод сўзини яна давом эттирди: «Эй шоҳ ёки саркарда, ишқ аҳлининг маҳоратини сен ҳам, сипоҳларинг ҳам кўрди. Энди уларни орқага қайтар, бўлмаса бари ўлиб кетади. Мен эс-ҳушини йўқотган мажнун қоядан тош олиб сен томон отсам, бошингни учириб юборишим аниқ. Бошингдан кечганимни ғанимат билиб, йўлингга қайт. Мен, ишқдан алам тортаётган одам сенга нима қилсам ҳам узрли бўламан. Агар Арман тоғида туриб қасос олишга отлансам, унинг ҳар бир тоши бир бошга айланади...
Сен халқ мулкини талаб, тахту тожини тортиб олиш учун бу томон келибсан. Мамлакатини барбод қилиб, нозанин кўнглини хафа қилдинг. Эшитишимча ишқдан лоф ҳам ураётган эмишсан. Дарди ишқ расми шундай бўладими? Вафо-ю меҳр шарти шундай бўладими? Бировнинг ишқида зор бўлишми бу? Унинг ғамида беқарор бўлишми бу?!»
Бу сўзларни эшитган Хисрав кўнглига изтироб тушиб, нима деб жавоб қилишни билмай қолди. Аскарлари олдида ҳам, қалъадан қараб турган одамлар олдида ҳам хижолат бўлганича, сайридан кўзлаган мақсадига эришолмай, қўшини турган манзилга қайтди.
Хисрав диққат бўлиб ўз қароргоҳига қайтгач, Бузург Уммидни ҳузурига чақириб, ундан маслаҳат сўради. Вазир унинг кўнглини хурсанд қилиб шундай деди: «Эс-хушидан жудо бўлган бу йигитнинг сўзларидан ташвиш чекишнинг кераги йўқ. Бир одамимиз Бону саройига бориб, бу сўзларни айтиб берса, балки ўйланиб қолиб, ниятларимиз амалга ошиши ҳам ажаб эмас. Бу қўрғон ниҳоятда мустаҳкам бўлиб, озиқ-овқат ҳам мўл-кўл тўпланган кўринади. Уни босиб олиш қийин бўлса ҳам, ўйлаб иш қилсак, муддаомизга эришамиз. Ахир афсунгарлар росту ёлғон сўзларни айтиб, афсун билан илонни инидан чиқаради-ку!»
Бузург Уммиднинг бу сўзларини маъқул кўрган Хисрав бир сўзга чечан одамни топиб Меҳинбону саройига жўнатди. У киши қўрғон ичига кириб, саройга борди-да, маликага шундай сўзларни айтди: «Шоҳимиз бу ерга фарзанд бўлиш ниятида келганларини айтиб юбордилар. Сизлар ул гўзалнинг турмуш қуришдан бош тортаётганини таъкидлаяпсизлар, лекин бир телба, сўзларидан ақлга захмат етадиган йигит ўзини ошиқ деб билиб, у қизни маҳбуба ҳисоблар экан, бундан барча эл хабардор эмиш. Шунда ҳам париваш унинг олдига бориб, меҳрибонлик кўрсатиб турар экан. Кўриниб турибдики, у турмуш қуришни истамаяпти, деган сўзларингиз ёлғон, бу хил баҳонани биз кечирдик! Чунки ҳар бир одам хато қилиши мумкин. Лекин биз юртингизга меҳмон бўлиб келган эдик, сиз мезбонликни адо қилиб, ўртамиздаги хафагарчиликларни бартараф этсак, айни муддао бўлур эди».
Меҳмон сўзини тугатгач, Меҳинбону шундай жавоб қилди: «Хисрав Фарҳодни кўринишидан одамзодга ўхшамайди, дебди. Шуни билингларки, биздек одамлар унинг мақтовини юз йил давомида айтсак ҳам, фазилатларининг мингдан бирини ҳам таърифлай олмаймиз. Шоҳингиз уни гадо дебди, у шаҳзода, шарафда ундану биздан зиёда. Дунёда у билмаган илм йўқ. У Ширинга шайдо бўлса ҳам, уни икки ё уч мартагина кўрган холос. Ҳар сафар кўрганида хушидан кетиб йиқилади, ўзига келгач, дашту тоғлар сари йўл олади. Шириннинг мақсади ҳам у йигитни кўриб туришдир. Шоҳинг Фарҳоднинг жамолини жирканч дебди, бориб кўр, Хисрав рост ёки ёлғон гапирганини ўз кўзинг билан кўрасан. Унинг юзи гулзоридан гуллар теришинг аниқ». Бу сўзларни эшитган вакил Хисрав олдига бориб, барчасини гапириб берди. Дарғазаб бўлган Хисрав ўз қўшинларига шаҳарни босиб олиш ҳақида буйруқ берди. Сипоҳлар қўрғонни қамаб, унга ҳужумни бошлашди. Шаҳар аҳолиси қўрғонни ҳимоя қилишга киришди. Сипоҳлар кундузи-ю кечаси ҳушёрлик билан жангга ҳозир туришар, тунлари машъалалар билан қалъани ёритишарди.
Фарҳод турган томонга душман қўшинлари яқин келолмас, минг қари ердан буёғига ўтолмас, паҳлавон йигит отаётган тошлар тегиб ҳалок бўлишдан қўрқишарди. Пашшага ҳам озор етказишни истамайдиган Фарҳод ўз жонини асраш учун ёв аскарларини қўрқитарди, чунки бу жонда севимли ёр вафоси бўлгани учун уни душманга фидо қилишни истамас эди. Хисрав эса қандай қилиб бўлмасин уни йўқ қилиш чорасини изларди. Ундан қутулса, қалъани қўлга киритиш осон бўлишини биларди. Бузург Уммид билан маслаҳатлашиб, маккор афсунгарни топишди-да, «Агар сен девона йигитни йўқотиш чорасини топа олсанг, ҳисобсиз олтинга эга бўласан», дейишди. Афсунгар: «Уни макр билан шундай алдайки, ҳушидан жудо бўлиб, ўликдек йиқилсин. Лекин уни бу ерга қандай олиб келиш чорасини топа олмаяпман», -  деди. Хисрав: «Сен уни беҳуш қилсанг, юзта совут кийган сипоҳ яширинган жойидан чиқиб, уни бу томон олиб келишади», -  деди. Хисравнинг бу сўзларини эшитган у маккор ўзини эс-ҳушини йўқотган одам қиёфасига киритиб, яшнаб турган хушбўй гуллардан узиб олди-да, унинг барглари орасига беҳуш қиладиган дори сепиб, Фарҳод манзили томон йўл олди. Девоналардек қадам ташлаб, ошиқлардек фарёд қилиб келаётган бу одамнинг овозини эшитган Фарҳод унинг ёйдек эгилган қоматини кўриб ҳушидан айрилишига оз қолди. Кўнглини изтироб ўртаб унга: «Эй дард билан ўртанган ошиқ, бу ерларда нима қилиб юрибсан, қайси паривашни кўриб, бундай девона бўлдинг? Мен фалакдан зулм кўрган эдим, сен нега фиғон чекяпсан?» деди. Ҳийлагар унинг ишонганини кўриб, «Эй ишқ элининг подшоҳи, мен фалон жойданман, бир гўзалнинг ишқи мени девона қилган эди. Севгилимни гоҳ йироқдан, гоҳида ошкора кўриб турардим. Хисрав қўшини шаҳарни қамал қилгач, мен қалъадан ташқарида қолиб кетдим. Шаҳарга кирмоқчи бўлиб дарвозага яқинлашсам, бошимга ўқ билан тош ёғдиришмоқда. Бу хил қийинчиликлардан ўлар ҳолатга етдим. Бир дардкашим ҳам йўқ эди, сени эшитиб, аҳволимни сўзлаб бериш учун қошингга келдим», -  деди. Унинг сўзларини эшитган Фарҳод оҳ тортиб кўзларидан селдек ёш тўкди-да, тани заифлашиб йиқилди. Ҳийлагар унинг ҳолини кўриб, дори сепилган гулни димоғиға тутди. Кейин қичқириб, ишорат билан сипоҳларни чақирди.
Бу пайтда бир тош устида ётган Шопур ёмон туш кўриб, сесканиб уйғонгач, Фарҳод томонига қараб, дўстининг беҳуш ётганини, шайтонга ўхшаган бир кимса сипоҳларни чақираётганини, улар ҳар тарафдан Фарҳодга яқинлашаётганларини кўрди ва иш қўлдан кетганини сезиб, Фарҳоднинг ҳолига кўз ёш тўка бошлади. Тепаликда турган Шопур пастда ҳалиги ҳийлагарни кўриб қолиб, қоядан бир тошни кўчириб олди-да, у билан маккорнинг бошига уриб ўлдирди. Сипоҳлар Фарҳодни кўтарганларича, Хисрав қароргоҳи томон йўл олишди. Бу ҳодисадан хабар топган қўрғон аҳли ғам-аламга мубтало бўлдилар, аммо Ширин эшитса, шубҳасиз ўзини ўлдиради, деган хаёл билан унга билдиришмади.
Сипоҳлар Фарҳодни кўтариб, Хисрав даргоҳига олиб келишгач, шоҳ ўзида йўқ хурсанд бўлиб, рақибининг қўл-оёқларини занжирбанд қилишга буюрди. Сўнг табибни чақириб Фарҳодни ҳушига келтиришни топширди. Ҳушига келган Фарҳод ўзининг жиннилар каби кишанбанд қилинганини кўрди. Шоҳона ясатилган хонадаги тахт устида бир шоҳ ўтирар, бошидаги тож ярқираб турарди. Атрофда сипоҳлар тизилишган, шоҳ унга таажжуб билан боқарди. Фарҳод ўрнидан туриб, шу ерда ҳозир бўлган кишиларга қараб бошини эгди-да, ерга ўтириб кўзларини қуйи солди. Хисрав унинг жамоли-ю одобини кўриб жазолашни ҳам унутди-да, унга қараб сўз очди; Фарҳод унинг саволларига жавоб қайтара бошлади:
Деди: Қайдин сен, эй мажнуни гумроҳ?
Деди: Мажнун ватандин қайда огоҳ?
Деди: Недур санга оламда пеша?
Деди: Ишқ ичра мажнунлиқ ҳамеша.
Дедиким: Ишқ ўтидин де фасона!
Деди: Куймай киши топмас нишона.
Деди: Қай чоғдин ўлдунг ишқ аро маст?
Деди: Руҳ эрмас эрди танга пайваст.
Деди: Бу ишқдин инкор қилғил,
Деди: Бу сўздин истиғфор қилғил!
Бу сўзларни эшитган Хисрав унинг ошиқлигини синамоқчи бўлиб янги-янги саволларни берар экан, Фарҳод муносиб жавоб билан шоҳни ҳайратга соларди.
Деди: Ишқ аҳлининг недур ҳаёти?
Деди: Васл ичра жонон илтифоти
Дедиким: Дилбарингнинг де сифотин,
Деди: Тил ғайратидин тутмон отин.
Дедиким: Ишқига кўнглунг ўрундур?
Деди: Кўнглумда жондек ёшурундур.
Деди: Кўнглунг фидо қилса жафоси?
Деди: Жонимни ҳам айлай фидоси.
Деди: Бу ишқ тарки яхшироқдур?
Деди: Бу шева ошиқдин йироқдир.
Фарҳоднинг бераётган жавоблари Хисравни лол қолдирар экан, рақибининг донолигини кўриб тоқат қилолмаган шоҳ дўқ-пўписа қилишга ўтди:
Деди: Ол ганжу қўй меҳрин ниҳони!
Деди: Туфроққа бермон кимиёни.
Дедиким: Шоҳга бўлма ширкатандеш
Деди: Ишқ ичра тенгдур шоҳу дарвеш.
Деди: Ишқ ичра қатлинг ҳукм этгум!
Деди: Ишқида мақсудимға етгум.
Фарҳод шоҳнинг ҳар қандай қийин саволларига осонгина жавоб қайтарар экан, Хисравнинг ичига ўт тушгандек бўлиб: «Мендек шоҳга бошдан оёғигача занжирбанд бўлиб турган бу девона нимани сўрасам дағаллик билан жавоб қиляпти. Унга шундай бир жазо берайки, султонлар олдида бундай сўзлашга журъат қилолмайдиган бўлсин!», -  деди-да, қалъа олдида бир дор тикишга, қадоғлиқ қўлларини маҳкам боғлаб дорга осишга, кейин одамларга буюриб, унга ўқ ёғдиришга, халққа ибрат бўлсин учун ўлиги бир неча кун давомида осиғлиқ туришига, сўнг эса жасадини ўт билан куйдиришга ва кулини кўкка совуришга буюрди. Унинг бу сўзларидан хурсанд бўлиб кетган Фарҳод кулимсираб шундай жавоб қилди: «Эй дарғазаб шоҳ! Душманимдан ўч олаяпман, деб ўйламай қўя қол. Сен буюрган бу жазолар менинг тилагим эди. Ёрим ишқида ўлишни истардим, бугун Тангри шу орзумга етказди. Сен ғазабланганинг сари мен шодланяпман. Ўлимга буюрганингдан хурсандман, чунки жоним азоблардан қутулади. Мени ўққа тутиш ҳақидаги фармонинг ҳам менинг асл муддаом эди, чунки бу жазо мени ҳижрон аламларидан озод қилади. Мени куйдириб, кулимни кўкка совуришга амр қилдинг.  Сен фироқ ўтида куйиб кул бўлмагансан. Мен эсам ҳажр дўзахидан халос бўламан, лекин шуниси қизиқки, шоҳ ишқ ўтида куйиб, изтироб чекиб юрган бир бечоранинг муҳаббати ҳақидаги гапларни халқдан эшитиб, унга рақиб бўлмоқчи. Ёрни кўрмай туриб ўзига содиқ ошиқ номини бериб, даҳшатли қўшин тўплаб келиб, унинг мулкини талон-тарож қилиб, қанча одамни ўлдирган бу ҳукмдор ўз рақиби билан юзма-юз жанг қилишга журъат қилолмасдан ҳийла билан занжирбанд этиб, дарғазаб бўлган ҳолда уни саволга тутиб, ошиқнинг берган жавобларига чидамай, жазолашга буйруқ беряпти. Шуми адолат, шуми шижоат! Агар ҳушёрлигимда Хисрав менга рўпара келса эди, сипоҳлари ҳозиргисидан юз марта кўп бўлса ҳам мен йигитликни уларга кўрсатиб, барчасининг умр ипини узган бўлардим. Шунда ғазабкор шоҳ ичидаги ўтлар сўниб, шижоат илмини ўрганган бўларди. Шоҳ мен томон сипоҳлар йўллаганида мен уларнинг қонидан кечдим, Хисрав бошини ҳам омон қолдирдим. Энди у менинг бошимга қасд қиляпти. Лекин Хитой сари эсган шамол аҳволимдан ҳоқонга хабар етказса, ўғлининг азоблаб ўлдирилгани, ўтда куйдирилганидан огоҳ бўлса, қўшин билан келиб, Мадойин шаҳрида тирик одамни қолдирмай, унинг тупроғини Хитой мамлакатига ташитиши ва Хисрав мулкидан асар ҳам қолдирмаслиги муқаррар. Унда мен бегуноҳ бўлиб, Хисрав гуноҳкор бўлиши ва барча вайроналикларнинг сабабчиси сифатида жазоланиши шубҳасиздир. Мен ҳар қанча азоб чексам ҳам бу сўзларни айтмаган бўлардим. Лекин Хисрав Парвезнинг нодонлиги ана шундай вайронагарчиликларга олиб келиши мумкинлигини ўйлаб гапиряпман. Одамлар бу сўзларим учун мени қўрқоқлик қиляпти, деб ўйламасинлар. Сўзимни қисқа қилдим, бу жаҳондан ёрим ёди билан кетаяпман», -  деди-да, қўрғон томонга боқиб ер ўпди ва у ерда турган одамлар жонига ўт солди. Кейин Хисравнинг сипоҳларига қараб: «Ана энди осасизми, чопасизми, билганингизни қилаверинг», -  деб хитоб қилди.
Шундан кейин Фарҳодни дор остига қараб судрадилар. У ерда ўт ва ўтин тайёрлаб қўйилган эди. Бу хабарни эшитган қўрғон аҳли фарёд чекишар, лекин бўлаётган воқеаларни Меҳинбону билан Шириндан сир тутишарди. Фарҳоднинг дор остида бўйнига арқон солинган ҳолда туришини кўрган қўрғон аҳлининг диллари вайрон бўлиб, ўлар ҳолатга етишган эдилар.
Душман томонида эса Хисравнинг сипоҳлари йигитнинг донолиги, ўлим олдида бепарво туришини кўриб, унинг бегуноҳ эканлиги, жазога лойиқ эмаслигини билиб йиғлаб туришарди. Хисрав ўз ишидан афсусланаётган бўлса ҳам, ўз буйруғини бекор қилишга номуси йўл бермасди. Барча воқеаларни кузатиб турган Бузург Уммид шоҳни хилват бир жойга чақириб: «Уни ўлдиришимизга асос йўқ. Эс-ҳушидан айрилган одамни зиндонда ушлаш тўғрироқ бўлади. Фарҳоднинг гуноҳи озроққа ўхшайди, девонага ўхшаб кўринса ҳам, сўзлари ҳақиқатга яқинроқ. Яхшиси баланд тоғлар орасидан бир жой топиб ўша ерга қамасак, икки-уч ой зиндонда ётса, икки-уч юз сипоҳ уни назорат қилиб турса маъқул бўлади. Рост сўзлай бошласа, тирик юрса ҳам унинг зиёни тегмайди. Ёлғон сўзлаётганини сезсак, истаган ишимизни қила олишимиз мумкин», -  деди. Бу сўзлар Хисравга ҳам маъқул тушди. Тоғлар ичида Салосил деган мустаҳкам бир қўрғонни топишиб, Фарҳодни ўша қалъа томон жўнатишди-да, беш юз сипоҳга уни кўз қорасидай сақлашни буюришди.
Қўриқчилар Фарҳодни Салосил қўрғонига олиб бориб, зиндонга қамашди. Уни қаттиқ назорат остида сақлашар, ҳатто қочиб кетмаслиги учун йўлига олмос аралаш қум тўшаб қўйишганди. Хисрав Фарҳодни қочириб юборганларни калласини чопиб ташлаш ёки қўрғон тепасидан улоқтириб юборишга буйруқ берган эди. Қўриқчилар бундан қўрқиб доим ҳушёр туришарди. Лекин йигит чекаётган оҳу фарёдларни эшитаркан, унга мафтун бўлиб қолгандилар.
Суқрот ўргатган исмлар ичида бир исм бўлиб, уни ўқилса, кишанлар қаерга борса ҳам халал беролмай қоларди, йўлида ҳар қандай мустаҳкам дарвоза учраса ҳам очилмай қолмасди. Шу исмни тилга олган Фарҳоднинг бандлари ечилиб, дарвозалар очилиб, ҳар кечаси қалъа ва унинг атрофида, тоғу даштларни айланиб келарди. Соқчилар уйғонмай туриб ўз жойига қайтган Фарҳод кишанларни яна тақиб оларди. Чунки бу сирлар ошкор бўлса, соқчилар Хисрав томонидан турли жазоларга гирифтор этилишидан қўрқарди у. Лекин сипоҳлар бу сирдан аллақачон огоҳ бўлишганди. Фарҳоднинг сайрдан қайтгач ўзини яна бандга солаётганидан хабар топган соқчилар бундай ишни қилмай, бемалол сайр этишига рухсат беришди. Севгилисидан айрилиб изтироб чекаётган Фарҳод тоғу даштларни кезар экан, йиртқич ва хонаки ҳайвонлар унинг атрофини ўраб олишар, қушлар бошига соя солишаркан, барча ҳайвонлару қушлар билан сўзлашиб дардини баён этарди. Улар ҳам ошиқ йигит аҳволини кўриб фарёд чекишарди.
Тонг аста-секин ёришиб бораркан, Фарҳод субҳга мурожаат қилиб: «Сен ҳам менга ўхшайсан, юзингда кўз ёшларинг намоён, ичинг ҳам менга ўхшаб ўртанади.
Чу соҳиб дардсен дардимға раҳм эт,
Тараҳҳум айлабон фарёдима ет.
Саҳарким гулшан ичра гул очилғай,
Гул узра турраи сунбул сочилғай.
Чу гул термакка ул сарви гуландом
Қўяр гулшанда гулрухлар била гом
Совуғ оҳимни билгуртуб дамингдин,
Кўзум ёшини англат шабнамингдин» -  деди. Қуёш кўтарилиб келаркан, унинг ўзига ўхшаши, юзларининг ўзидек сарғайгани, ўзидек девона бўлиб тоғларда кезаётгани ҳақида сўзлаб илтижо қиларди:
Тушуб иқбол янглиғ равзанидин.
Тарийқи меҳрибонлиғни фан айла,
Қошида куймакимни равшан айла.
Кун ёйилиб кетгач, тоғу даштда кезиб, ҳижрон аламига чидай олмай ғам-андуҳ чекар, девоналардек кўз ёшини тўкаркан, фиғонидан тоғларни ҳам безовта қиларди.
Фарҳод айрилиқ ўтида изтироб чекиб, олам кўзларига қоронғи кўринар, кундузлари беором бўлиб тоғу даштларда кезиб фарёд чекарди. Шом бошлангач, сабру тоқати қолмай, осмонга боққанича: «Эй золим фалак! Жафо-ю зулминг шунчалик ҳам беҳисоб бўладими? Ҳижрон аламида қийнаганингдан кўра ўлдириб қўя қолсанг бўлмайдими? Менинг бошимга қора кунларни солиб, ўлимга ҳам зор қилдинг. Ёки неча минг йил сайр қилиб энди чарчаб қолдингми? Ё менинг бахтимга ўхшаб уйқудамисан? У ой юзли гўзал ҳижронидаги ҳолимга раҳминг келсин», -  деб нола қиларди. Гом -  қадам Кўкда ой пайдо бўлгач, Фарҳод унга таъзим қилиб, ерни ўпиб:
Деди: «Эй тийра шомим равшан этган,
Ўлар ҳолатда фарёдимга етган,
Не бўлғай раҳм этиб жонимни олсанг,
Ул ойнинг кўйи туфроғиға солсанг.
Бўлурдектур адам сори хиромим,
Агар еткурсанг охир дам саломим»
-  деб ёлборарди. Осмонда бирин-кетин Аторуд, Зуҳра, Муштарий каби сайёралар пайдо бўлар экан, уларнинг ҳар бирига боқиб юрак дардларини изҳор этар, мадад сўраб илтижо қиларди. Иши котибликдан иборат бўлган Аторудга боқиб: «Эй дўстлар аҳволини фалак варақларига битувчи, менинг кўзларим ёшини сиёҳ қилиб, оғир аҳволимни хатда бирма-бир баён этгин-да, қуёшимдан нур касб этишинг чоғида уни кўрар экансан, ўша мактубимни олдига қўйгин», -  деб илтимос қилган бўлса, Зуҳрога назар ташлар экан: «Эй шодлик куйчиси, сенинг овозингу жонбахш куйларинг оламга машҳур. Бир замон созандалик торини узгин-да, менинг ўлимим ҳақида мотам куйини чалиб, ой юзли гўзалим базмида иштирок этадиган бўлсанг, менинг ҳалокатим ҳақидаги бу марсияни ҳам қўшиб куйлагин», -  деди. Кейин олтинчи осмонда турган Муштарийга, саодат юлдузига термулиб нола қилди:
«Ки эй буржи шараф маснаднишини
Саодат тахту тожининг амини
Дуое қилки, Ҳақ берсун муродим,
Бу меҳнат шомидин бўлсун кушодим.
Бошимдин ҳажр шоми дуди кетсун,
Кўзумга васл субҳи нури етсун».
Юлдузлар чарақлай бошлагач, Фарҳод уларга кўзларини тикиб: «Сизлар менинг кўз ёшларимдан нишонасизлар. Ашким дурлари каби йўлга тушинг. Ҳазин кўнглим юз минг пора бўлди, ҳар бир пораси ғам-алам гулининг баргидан бир белгидир. Ҳар бирингиз уларни йиғиб олингиз-да, ёрим кўчасига етказинг», -  деб мурожаат қилди. Фарҳод саҳаргача шу тарзда дарду ғам чекиб, фиғон қилишлардан қуввати кетди-да, ҳушини йўқотиб, ўликдек ерга чўзилди. Унинг бу ҳолатига осмон кўк кийиб, фалак юлдузлар дуридан кўз ёш тўкар, аста кўтарилиб келаётган қуёш ҳам бу ошиқ йигит дардига малҳам бўлишга ожиз эди.
Фарҳод кишанлардан қутулиб истаган томонга бориш имкониятига эга бўлса ҳам, ногаҳон Хисрав эшитиб соқчиларни жазоламасин, деган фикр билан ўз манзилидан кўп узоқ кетмасди. Лекин бу ишларнинг бари шоҳ қулоғига бориб етганди. Дарғазаб бўлган Хисрав соқчиларни қаттиқ жазолади. Кейин Фарҳоднинг ўша ерда эканлиги, ўз манзилидан йироққа кетмаётганини билди-да: «Ўзимни билмасликка олиб, бу воқеаларни эшитмагандек юришим маъқулга ўхшайди», -  деган қарорга келди. Фарҳодни кишанда кўргач эса янада хурсанд бўлди.
Шоҳ маккорлик билан Фарҳодни қўлга олган пайтда Шопур шаҳарга кирган эди. У ўз дўстининг аҳволини ўйлаб нола-ю фарёд қилар, кўкрагига тош уриб изтироб чекарди. Фарҳоднинг ҳийла билан беҳуш ҳолда банди қилингани, шоҳ саволларига ошиқ йигитнинг қандай жавоблар қайтаргани, Хисрав гуноҳсиз рақибини қатл қилмоқчи бўлгани, бунга парво қилмаган Фарҳоднинг аслида Хито-ю Чин элига хон экани халқ орасида кенг тарқалиб кетган эди. Шаҳар аҳолиси Хисравдан ғазабланиб, Фарҳодга мафтун бўлганди. Бу воқеалар ҳақида, ошиқ йигитнинг донолиги-ю жасорати тўғрисида шоирлар кўплаб ғазаллар ёзишар, хонандалар ашулалар куйлашарди.
Бўлиб ўтган барча ҳодисалар Меҳинбонуга ҳам эшитилган бўлиб, қандай чора топишни билмай йиғлагани йиғлаган эди, бу сўзлардан Ширин хабар топса шубҳасиз ўзини ўлдиради, деб ташвиш чекарди. Лекин Ширин ўз ёрининг душман қўлига тушганини сезган бўлиб, гоҳ ўзида, гоҳ беҳуш эди. Парда орқасида ўтириб чексиз азоб чекар, айрилиқдан ниҳоятда ғамгин эди.
Бир куни у тоза ҳаводан баҳра олиш учун қаср томига чиқди. Атрофга боқиб, боғдаги гулларни томоша қилиб турар экан, қулоғига ҳазин бир ашула эшитилди. Дардли қўшиқ сўзларига диққат қилар экан, ҳар бир байт Фарҳод ҳақида, Хисравнинг йигит бошига солган беҳад зулми тўғрисида эканини англади-да, бағрига ўткир бир ханжар қадалгандек бўлиб кучли бир оҳ тортди-ю, бошини ерга уриб, қонга бўялди, гулгун ёқасини чок қилиб, сочларини ёйиб, фарёд чекиб ҳушини йўқотиб ерга йиқилди. Унинг бошига етиб келган Меҳинбону тинмай йиғлаб турар экан, Шопур ҳам келиб, малика олдида ер ўпди ва шундай деди: «Маликам, ёвуз Хисрав бечора Фарҳодни ҳийла билан банд этганида, уни беҳуш айлаган маккорни тош билан уриб ўлдирдиму, кейин дўстим олдига боришни ҳам, сизнинг ҳузурингизга келишни ҳам билолмай, йиғлаб, изтироб чекиб юрдим, бир вайронада беҳуш йиқилганча анча кун ётдим. Ўзимга келгач, қўрғондан ташқари чиқиб, Хисрав лашкари орасида бекиниб юриб, уларнинг сўзларига қулоқ тутдим. Улар Фарҳод ҳақида фақат яхши сўзларни айтишарди. Шуни ҳам эшитдимки, Фарҳод ўзи зиндонбанд этилган қадимги бир қўрғонда соғ-омон экан. Хисравнинг соқчиларга: «Агар бу маҳбус ўзи турган еридан узоқ кетса, ҳаммангни ўлдираман», -  деган пўписасини эшитган Фарҳод соқчиларга озор етмасин деб, ўша тоғдан узоққа кетолмай юрар экан. Бу сўзлардан хабар топгач, унинг томонига бормай, сизлар томон йўл олдим. Чунки эл орасидаги гаплардан сизларнинг аҳволингизни билар эдим. Шунинг учун икковингизни хурсанд қилишга шошилдим. Сизларни кўриб, кейин дўстим ёнига бормоқчиман. Ё сўзларимни тўхтатиб, ҳозироқ у томонга жўнайми?»
Бу сўзларни эшитган Меҳинбону: «Сен айтган сўзлар жароҳатли кўнглимга малҳам бўлди. Сени тополмай жуда ношод эдик. Фарҳоднинг соғ-омонлигини эшитиб жуда хурсанд бўлдик. У ётган қўрғон томон борадиган бўлсанг, бизнинг айтмоқчи бўлган сўзларимиз кўп, Аллоҳга шукрлар бўлсинки, сени кўриб Фарҳодни кўргандек бўлдик», -  деди-да, Ширин аҳволи, ҳозиргина беҳуш бўлиб йиқилганини айтиб берди. Шириннинг димоғига турли хушбўй исли тутатқиларни тутиб ҳушига келтиришди. Кўзини очиб Шопурни кўрган Ширин яна ўз Фарҳодини ёдга олиб фарёд қилди:
Ки «Эй Шопур, қайдин бўйла еттинг,
Келибсан фард , ҳамроҳингни неттинг?
Ҳамул ким меҳр кўсин урмиш эрдим,
Борур чоғда сенга топшурмиш эрдим.
Рафиқу ёрлиғ мундоқ бўлурму,
Амонатдорлиқ мундоқ бўлурму?
Манга ўз ғойибимдан бир нишон айт,
Десангким, ҳажрдан ўлмай, равон айт».
Шундан кейин Шопур Меҳинбонуга айтганларини бирма-бир такрорлади-да: «Фарҳоднинг олдига кетяпман, бундан сизни хабардор қилай, агар мактуб ёзиб берса, уни дўстимга етказай, деган мақсад билан бу ерга келган эдим», -  деб қўшиб қўйди. Ширин дарҳол ўрнидан туриб холи бир жойда ўз севгилисига хат ёзишга киришди. Шопур у мактубни олиб, Фарҳодни излаб топиш учун жўнади. Одамлардан эшитган яширин йўллардан юриб саҳар пайтида дўсти қошига етиб борди. У беҳуш ҳолда ётар, атрофини бир тўда ваҳший ҳайвонлару қушлар ўраб олганди. Буни кўрган Шопур дўстининг бошини қўйнига олиб, фарёд чекди. Унинг кўз ёшлари Фарҳоднинг юзларига гулобдек ёғилгач, кўзини очиб ўзига келди. Иккала дўст бир-бирларини қучоқлаб роса йиғлашди. Бу ҳолатни кузатиб турган тоғу водий ҳам кўз ёшларини тўка бошлади. Кейин Шопур қўйнидан мактубни чиқариб, дўстининг қўлига тутди. Уни очган Фарҳод мадори кетиб Ширин мактубини ўқий бошлади. Ширин мактубида унинг Фарҳодга бўлган эҳтирос
ли муҳаббати, чексиз садоқати, чекаётган аламу изтироблари, орзу-ю тилаклари оташин мисраларга жо қилинган эди.
Недур аҳволинг, эй зори ғарибим,
Висолим давлатидин бенасибим?
Чекардин ғам тоғин ҳолинг нечукдур,
Бу юкдин жисми чун нолинг нечукдур?
Қатиғ ғурбат аро ҳолинг не эркин,
Ачиқ фурқатда аҳволинг не эркин?
Фироқ ичра нечукдур жисми зоринг,
Не янглиғ тўлғонур ўт ичра торинг?
каби вафо тўла сўзлар билан бошланганди у. «Яшаётган жойинг тоғми ё саҳромикан, тўшагинг тошданмикан? Юрган йўлларингда кийиклару қулонлар ҳамроҳлик қилармикан? Йиртқич ҳайвонлар хизматкорларингу қушлар қаноти сенинг соябонинг эмиш. Сен Сулаймон пайғамбар обрўсини топибсан, мен эса Билқисдек ёринг бўлолмасам ҳам, канизинг бўлмоққа тайёрман. Билқис -  Сулаймон пайғамбарнинг севимли рафиқаси Не бўлғай эрди чархи зулмпеша,
Мени сендин жудо қилмай ҳамеша,
Хироминг чоғи йўлдош бўлсам эрди.
Сукунунг вақти қўлдош бўлсам эрди.
Қуёш янглиғ бўлуб кундуз қарининг ,
Бўлуб тун соя янглиғ ҳамнишининг,
Тикан кирса кафинга кийнасидин ,
Чиқарсам эрди кирпик игнасидин,
Кўруб хору хас ўрнингда ниҳони,
Сочим бирла супурсам эрди они».
-  деб илтижо қиларди вафодор Ширин.
«Золим фалак бизни бир-биримиздан айирди, кўксимизни ҳар қанча пора қилсак ҳам, бирон чора топишнинг иложи йўқ. Сен балолар кишанига мубтало бўлиб, чексиз азоб чекяпсан, лекин қўлингда қаттиқ тошларнинг мўм каби эригани жаҳон аҳлига маълум. Мендан айрилганингга алам тортаётган бўлсанг ҳам, сен эркаксан ва паҳлавонсан, ҳижрон қийнаганда, оҳ чекиб, кўнглингни бўшатишинг мумкин. Жисмингни машаққат ўти қийнаса, кўз ёшларингни тўкиб таскин топа оласан. Лекин мен зору заифа қиз айрилиқ тиғидан жоним юз пора бўлиб, ҳажр ўтидан кўнглум ўртаниб, жисмим кулга айланаётган бўлса ҳам, бу дардларимни айтишга бирон дўст тополмаяпман. Душман менинг мамлакатимни босиб олиб, лашкарларимни қириб ташлаяпти. Арман диёрининг шоҳи ҳам, фақири ҳам душманлар асирига айланди. Буларга менинг ишқим сабаб бўлгани аниқ. Шунинг учун халқнинг қарғишига қолдим. Эл олдида ҳам, Меҳинбону олдида ҳам уятлиман. Лекин бу азобларим яна юз марта кўпроқ бўлса ҳам, баъзи-баъзида сени кўриб турсам, бунчалик ғам чекмасдим.
Мактубни ўқиб чиққан Фарҳод гоҳ ўзини унутиб фиғон чекар, туриб олиб уёқдан буёққа сабрсизлик билан юриб, гоҳида ҳушидан кетиб қоларди. Охири у Ширин мактубига жавоб ёзишга аҳд қилди, лекин қоғоз, қалами йўқ эди. Шопур буни олдиндан ўйлаб қоғоз, сиёҳ ва қаламни ўзи билан олиб келган эди. Фарҳод ўзини қўлга олиб хатни ёзиб тугатди-да, дўстига топширди. Шопур шаҳар томон йўл олгач, Фарҳод яна дард ўти ичида қолди. Шопур қўрғонга етиб борди ва мактубни Ширинга топширди. У эса хатни ўқишга киришди. Бу оддий мактуб эмас, балки ғам достони эди. Фарҳод ўз мактубини Аллоҳ мадҳи билан бошлаган бўлиб, юрак сўзларини телбалик ҳолатида ёзаётганини таъкидлаганидан сўнг Ширинга:
Нигоро, маҳвашо, иффат паноҳо,
Жаҳон маҳвашлариға подшоҳо!
Санга ҳаддим йўқ, ўлмоқ нукта пардоз,
Тилармен итларингға айтмоқ роз.
Недур кўюнг аро итларга ҳолат,
Фароғат бирладурлар ё малоҳат.
Кеча ул кўй аро қилғонда фарёд,
Қилурларми бу итган итни ҳам ёд сўзлари билан мурожаат қилиб: «Ўша итлар йиғилган чоғларда мени йўқлашармикан, сув ичганларида, менинг кўз ёшларимни эслашармикан, ўша остонага бош қўйганларида, менга ҳам жой қолдиришармикан, менга қазодан етган азобларни билиб, ҳолимга аза тутиб тунлари улушармикан, бўйинларини боғлашганда, менинг бўйнимда юзта кишан борлигини билишармикан? Уларнинг ичида менга ўхшаган беҳол, қўтир бир ит ҳам бор бўлиб, мен каби жони ўртанса ҳам, сенинг юзингни кўришга кўзлари тўрт бўлиб турарди. У билан мен сенга вафодорликда тортишардик. Ўша ит менга доим меҳрибонлик кўрсатар, кўзим қонини кўрганида, унинг ҳам қони оқар, бир дўст каби мен билан яқин эди. Унинг аҳволи қандайкин, остонангда паноҳ топганда, мени кўз олдига келтирармикан?
Мактубингда ҳар бири дурдонага тенг яхши сўзларни ёзибсан, уларнинг ҳар бирига жоним садқа бўлсин. «Менинг ҳам ғаму дардим кўп», деган гапингни ўқиб, жоним куйиб кетгандек бўлди. Менга ўхшаган юз минглаб ошиқ ўлганида ҳам, муборак хотирингга ғам етмасин. «Сен нотавон бўлсанг ҳам, паҳлавонсан, тоғ бўлса ҳам тешанг олдида паст, шер бўлса ҳам панжангдан ҳалок бўлади», -  дебсан. Ундай зўр шавкату қувватим қолмаган. Ҳозир чумолидек ожизман. Ишқ ҳатто аждаҳони ҳам чумолидек қилиб қўяр экан. «Тахту тожим, мамлакату лашкарим душман қўлига тушди, Меҳинбону билан мен қўрғонда қамалиб, азоб чекмоқдамиз», -  деб ёзибсан. Бу гапларингнинг барчаси рост. Лекин бошга келган қазога рози бўлишдан бошқа чора йўқ. Мамлакатинг, сипоҳларинг, халқинг бошига тушган балолардан хабардорман. «Бу азобларга сен сазовор эдингу, фалак уларга зулм қилди», -  десанг, бу ожиз жонимни фидо қилишга тайёрман.
Менинг ҳам эркин диёрим, иқтидорли халқим бор эди. Отам неча-неча иқлимга хоқон эди. Бошимда тож, оёғим остида тахт бор эди. Хитой билан Чиндаги ўн икки минг шаҳар ҳукмим остида бўлиб, шунга яраша сипоҳлару бойликларга эгалик қилардим. Бошимга ишқ можароси тушиб, диёримдан айрилиб бу ерларда девона бўлиб юрибман. Отам билан онам, неча минг шаҳар халқи менинг аҳволимдан изтироб чекмоқда. Бу ишлар учун кимга таъна қилай? Тақдирга тан беришдан ўзга қандай чора бор? Бу номани ҳушимдан озган ҳолда ёздим. Шунинг учун нима ёзганимни ҳам билолмадим. Мен девона ўзимдан огоҳ эмасман: хато сўзлар деган бўлсам, кечиргин, чунки мажнунларнинг хатосини ҳамма ҳам кечиради».
Ширин ушбу мактубни изтироб чекиб ўқир экан, қалби тирналар, Фарҳодининг тирик эканидан шодланиб ерга бош қўяр, чекаётган азобларини англаб, нола қилиб, кўз ёшларини тўкарди. Хат мазмунини Меҳинбонуга сўзлаб берганида, малика ҳам ғамга тўлди. Кейин Шопурга ўз эҳтиромларини билдириб, иззат-икром кўрсатишди. Ундан Фарҳоднинг аҳволини бирма-бир сўрар эканлар, кўз ёшларини тўхтатиша олишмасди.
Шопур икки севишган қалб соҳибларининг мактубларини бир-бирларига етказиб юрар экан, Хисрав бундан хабардор бўлиб қолди. Фарҳод билан Шириннинг ўзаро келишиб, бирон ёққа қочиб кетишлари мумкинлигини, уларни қидириб топишганда ҳам бу паҳлавон йигитни қўлга олиш осон бўлмаслигини ўйлаган шоҳ ўзига отилган тошни эслади. Фарҳоднинг ҳар бир қадамини кузатиб юриш фойдасизлигига кўзи етган Хисрав шаҳардан Салосил қўрғонига қадар бўлган яширин йўлларга жосусларни қўйиб, ҳар бир йўловчини текшириб, кимдан бир мактуб топилса, тезлик билан ўз ҳузурига олиб келишни буюрди. Икки-уч кун ўтиб, Шириннинг мактубини олиб келаётган Шопурни қўлга олиб Хисрав даргоҳига келтирдилар. Хатни ўқиган шоҳ муҳаббат достони билан танишгандек бўлиб, бошидан қора тутун чиқиб кетаётгандек бўлди. Ҳар бир сўз вафо нишони бўлиб, чексиз меҳру муҳаббат, аҳду паймонлар ифодасидан дарак берарди.
Мактубда Хисрав номи ҳам тилга олинган бўлиб, унинг Арман мулкини вайрон қилгани, халққа кўпдан-кўп жафолар юзлангани айтилиб, уни гоҳ золим, гоҳ қон тўкувчи -  хунрез каби номлар билан аталганди. Шунингдек, унинг ошиқлик даъвосини қилиб, лоф ураётгани ҳақида ёзаркан, Ширин:
Чу ул мақсуд билмиш ишқдин ком,
Менинг васлим хаёлидур анга хом.
Эрур бу ишда саъю эҳтимоми,
Тамоми ҳарзау зоеъ тамоми.
Менинг жисмимда то жондин рамақдур,
Ишим қўрғонда ўзни асрамакдур.
Қазо қилса мени онинг асири,
Ўлумдин чун кишининг йўқ гузири.
Танимни айлабон ханжар била чок,
Ани қилмай висолимдин тарабнок.
Бу сўзлардан хабардор бўлган Хисравнинг жонига ўт тушиб, титрай бошлади. Шириннинг барча ёзганлари тўғрилигига тан берса ҳам, салтанат обрўси, ўзининг ҳавойи нафсини устун қўйган шоҳ Шопурни занжирбанд қилишга ва зиндонга ташлашга буюрди-да, ҳузурига Бузург Уммидни чақириб, бор гапни унга сўзлаб берди ва: «Бу ишлардан ғам-алам чекиб, кўнглим қонга тўлди. Бирон чора топиб дардимни аритмасанг, ҳалок бўлишим муқаррар. Бу ҳолда эл менинг устимдан кула бошлайди, уларни жазоласам ҳам, аламимдан қутулолмайман. Фарҳоднинг бегуноҳлигини ҳам биламан, шунинг учун ҳам уни ўлдиришни тўғри деб ўйламайман. Менга бу ишда бир йўлни кўрсатмасанг бўлмайди», деб илтижо қилди. Икковлари бу хусусда фикрлашиб, баъзида тортишиб охири шундай қарорга келишди: одам ўлдиришни ўзи учун савоб деб биладиган бир қотилни топишади-да, унга Фарҳоднинг олдига бориб: «Хисрав Арман шаҳрини босиб олди, мақсадлари рўёбга чиқиб, ҳозир Ширин билан давр суришяпти. Меҳинбону жиянини шоҳга никоҳ
лаб берди. Севганинг сендан Хисравни афзал кўрган экан, энди ошиқлигингдан нима фойда? Яхшиси уни тарк этиб, ўз юртингга кетганинг афзал», -  деб айтишни буюришади. Бу сўзларни эшитгач, бошини олиб бир томонга йўл олса, ташвишлардан қутуламиз. Ширин билан Меҳинбону Фарҳоднинг кетганини билишса, ундан умидлари узилиб, айтганимизга кўнишлари аниқ. Агар Ширин ёридан кўнглини узолмаса, яна бошқа бир тадбирни ўйлаб топармиз». Ушбу чорани ўйлаб топишгач, бир ҳийлакор кампирни топиб келишди. У, қадди икки букилган бир маккора бўлиб, кўп ҳийлакорлик қилганидан юзини ажин босган, умрида бирон марта ҳам рост гапирмаган, афсуну ҳийла билан тошни ҳам юмшатиб мўмга айлантирадиган, отага қизини, ўғилга онасини никоҳлай оладиган, бир сўз билан хонадонларни вайрон қиладиган, истаса, юзта Буқротни гум қилишга қодир, зулм тиғини уриб, Фарҳодга ўхшаган паҳлавонларнинг ҳам бошига ета оладиган бераҳм бир бадбахт эди. Унга бор гапни яширинча баён қилдилар, ҳадсиз-ҳисобсиз мукофот
ни ваъда қилиб, Фарҳод томон жўнатдилар. «Фарҳод бўладими, пўлат тоғ бўладими, бир афсун билан йўқ қиламан», -  деб Хисравни ишонтирган бу маккора бир неча кун мобайнида дашту водийлардан ўтиб Фарҳоднинг манзилгоҳи бўлган тоғ олдига етиб борди. Уни кўрган Фарҳод дарров ўрнидан туриб салом берди-да, бу томонларга келишидан мақсади нима эканини сўради. Кампир: «Мен элу юртимдан воз кечган заиф, хаста жон бир одамман. Ўн-ўн беш йилдан бери бир хилват жойда яшаб, тоат-ибодат билан машғул эдим. Жаҳондаги бирон киши билан ишим йўқ, тангридан ўзга бир кишим ҳам йўқ эди. Арман мулкида тинчлик-омонлик бўлганидек, менинг ҳолим ҳам хотиржам эди. Парвез отлиқ бир шоҳ келиб, элнинг тинчлигини бузди, сен бу ҳақда эшитган бўлсанг керак. Элнинг аҳволи ҳам, менинг ҳаётим ҳам ўзгариб кетди. У ерда тоат-ибодат қилиш қийин бўлиб қолди. Шунда кечиктирмай элдан йироқроқ бир ерда яшай, умрим ҳам оз қолди, ўлсам ўша макондаги ғор менга гўр бўлади, деб ўйлаб бу томонга йўл олдим.
Тоғда кезиб юриб, шу манзилни ёқтириб қолдим. Ўзим тоғ ичида тирик бўлсам ҳам, умрдан қўлимни ювиб қўйганман. Одамзод -  вафосиз, уни эслашдан фойда йўқ», деди.
Бу сўзларни эшитган Фарҳод хурсанд бўлиб, унинг олдидаги тупроқни, кейин оёғини ўпди-да, «Вафосизлик жаҳон аҳлининг одати. Бирон иш сени хафа қилган кўринади. Арман диёридаги аҳвол туфайли кўнглунг ғубор топдими?», -  деб сўради. Маккора: «Эй ўғлим, гапларинг рост, бу мамлакатдан омонлик кетиб, ўрнини ёмонлик эгаллаган. Меҳинбону билан Хисрав ярашиб, ўзаро яқин бўлиб олишди. Хисрав никоҳ ишини орага солган эди, малика ҳам рози бўла қолди. Катта тўй бўлиб, мамлакату тахт май сели остида қолди. Солиҳ одамлар шаҳарни тарк этиб, ҳар ёқда зору саргардон бўлиб юришибди, Ширин эса жуда ғамгин бўлиб, фарёд чекиб ўзини ўлдирди. Баъзилар заҳар ичгандир, дейишяпти. Унинг Фарҳод деган бир дардманд севгилиси бор экан. Ўша йигитдан айрилганига чидай олмай, унинг ишқи билан бу оламдан кўз юмибди. Ўлим олдида ҳам Фарҳод номи унинг тилида экан», -  деди. У ушбу сўзларни айтар экан, оғзидан «оҳ», «во дариғ» деган иборалар тўхтамай чиқарди.
Бу афсонани эшитган Фарҳоднинг кўксига юз минг тиғ урилгандек бўлди. Кампир найранг ишлатиб, оҳ-фарёд қилар экан,
Ғиреве тортибон Фарҳоди мазлум ,
Деди: «Бас қилки, бўлди қисса маълум.
Ғараз гар жон эди, олдинг, ано, ҳой,
Ўлук тандин не истарсен яно, ҳой.
Кўнгул қонин ичардин тўйғил эмди,
Мени ўз меҳнатимға қўйғил эмди».
-  деб ўрнидан турди-да, жаҳондан қўл силтаб, кўз ёшидан селлар оқизиб, тоғ ичига югуриб кетди.
Маккора кампирнинг ҳийлакорлик билан айтилган сўзларини эшитиб, бағри пора бўлган Фарҳод тоғ ичида фарёд чекиб борар экан, ҳолсизланиб йиқилди, туришга неча бор ҳаракат қилди-ю, ҳар сафар йиқилаверди. Сўнг қаттиқ тош устида талпинишга тушиб, бошини тошларга ура бошлади. Ажал кўксини пора қилган бу бечора йигитнинг аҳволини кўриб турган води-ю тоғлар зор йиғлашарди. Жисмидаги яралар қип-қизил гулларни эслатар, атрофидаги гуллар эса ўтларга ўхшарди.
Фарҳод осмонга боқаркан: «Эй заррин чарх, бошимни янч, у энди менга кераксиз; эй ғам тиғи, тилимни кес, энди сўзлашни истамайман. Эй ғам-алам тоши, оёғимни синдир, ажал, кўксимни илма-тешик қилиб ташла, эй оҳ, ёрим сари йўлга тушгин-да, менинг жонимни ҳам ўзингга ҳамроҳ қил!», -  деб ёлборди.
Кейин саҳрога боқиб: «Сен менинг оёғим зарбидан ранж чекдинг, ёшим сели билан бағрингни ёрдим, югуриб гардингни чиқардим. Энди мен берган азоблардан қутулдинг, берган аламларим учун мени кечиргин», -  дея илтижо қилди. Тоққа қараб васият қилар экан: «Сенга мендан анча озор етди, юзунгдан уятликман. Тешам ва метиним билан бағрингу жисмингни ёрдим, юзинг баъзан кўз ёшимдан қизариб, баъзан оҳимдан бошинг устида тутунлар пайдо бўлди. Барча айбларимни авф этиб, кетар чоғимда мени кечиргин», деб фиғон чекди.
Фарҳоднинг кўзи метинга тушгач, у ўзининг дил изҳорларини баён қилиб: «Мендан сенга кўп сарзанишлар етган бўлса, сендан мен кўп парваришлар топдим. Сенинг бошингни куч билан тошларга урардим. Сен билан теша икковингиз мендан кўп аламлар чекдингиз. Бугун менинг азобларимдан озод бўласиз. Менинг бор қилмишларимни кечиринглар», -  деди. Кейин ўз атрофида ёввойи ҳайвонлару паррандаларни кўргач, Фарҳод уларга қараб: «Сизнинг барчангиз менинг ҳамдамим, суҳбатдошларим эдингиз, кеча-ю кундуз мен билан улфатчилик қилдингиз. Қайси томон йўл олсам, менга ҳамроҳлик қилдингиз, бошимга соя солиб, меҳрингизни бағишладингиз. Фиғон чеккан дамларимда менга ҳамдард бўлиб, биронтангиз ҳам маломат изҳорини қилмадингиз. Барчангизнинг олдингизда хижолатдаман, ўз узримни қай тил билан баён этишни билолмасман», -  деб нола қилди. Ҳайвонлару паррандалар ўз овозларини баланд кўтаришиб, мотам тутаётганларини баён қилишарди.
Фарҳод умри тугаб бораётганини сезгач, отаси билан онасини кўз олдига келтириб, қонли кўз ёшларини тўка бошлади-да, сабога хитоб қилиб: «Чину Хито мамлакатига етиб боргин-да, ерини ўпгач, ҳоқон қошига йўл олиб бундай дегин:
Ким ул овораи бехонумонинг ,
Бағир хунобидин бир қатра қонинг,
Итиб, оламда ҳирмон бирла ўлди,
Юзунгни кўрмай армон бирла ўлди.
Будур комимки, Баҳроми диловар ,
Ки бор эрди манга ул ёру ёвар,
Чериклар жамъ айлаб бемадоро,
Буён қилса азимат ошкоро;
Қиличи тўйғариб Хисравни жондин,
Тиласа бегуноҳ қонимни ондин
Сўнг онамнинг олдига бор. Менинг ўлимимни эшитиб, оҳу фарёд урса, юзларини тирнаб, сочларини юлса, менинг шу сўзларимни етказ: «Сен бир яхши фарзандга орзуманд эдинг, лекин мени кўргач бир лаҳза ҳам хурсандлик кўрмадинг. Катта бўлгач, ўз диёримдан узоқларга кетиб овора-ю сарсон бўлганимда, айрилиқдан беҳад ўртандинг. Агар сен дардим туфайли ғамзада бўлсанг, изтиробу алам чеккумдур. Мени розилигингдан ноумид қилиб, жонимга дўзах ўтини раво кўрмагин». 

Мулкоро қошига бориб, менинг бошимга тушган барча офату балолар тақдирдан эканини уқдир. Баҳромга аввало саломимни етказиб, сўнг ушбу сўзларимни айт:
Ки эй жоним топиб жонингга пайванд,
Кўкалтошу ини, шогирду фарзанд,
Гар истарсенки теккай ерга ёним,
Бўлуб хушнуд сендин хаста жоним.
Бу ён азм айламак жазм айла филҳол,
Черик жамъ айлабон азм айла филҳол.
Бу ишдин роҳати жонимни иста,
Топибон қотилим, қонимни иста.
Анинг бирла келур хайлимга бир-бир,
Ҳадисим дафъа-дафъа айла тақрир».
Сабога мурожаат этаётган Фарҳод Хўтан мулкида ўз иштирокида қурилган тўрт қаср томон йўл олишни, жаннатмакон бу манзилларни томоша қилиб, ҳар бирига ўз саломини етказишни, Монийни кўриб, қасрлар деворига солинган Юнонистондаги қаҳрамонликларини акс эттирувчи суратларнинг барчасини ювиб, ўчириб ташлашни илтимос қилишини сўради. Сўнгра Қоранни учратгач, тошлар устига ишланган ўзи тасвирланган нақшлар ва ёзилган исмларини метин билан қириб ташлашни илтимос қилишини тайинлади.
Дўсти Шопурга сўнгги, видолашув сўзларини етказишни сўраркан, унинг ўзига ҳамиша садоқатли ҳамдам бўлганини айтиб,
Ҳамиша воқиф ўл қабрим тошидин,
Аёғинг чекма туфроғим бошидин
-  деган васиятини етказишини илтижо қилди. Фарҳод ўз дилидаги барча сўзларни айтиб бўлгач, жони оғзига келиб, калима келтирди-да:
Қилиб жонони отин тилга таълим,
Тутуб жонон отин жон этти таслим.
Бу ҳолатни кўрган оламга ғавғо тушиб, ишқ ўз бўйнига қора кигиз ташлаб мотам тутар, дарду бало ўз ёрларини йўқотишганидан ўртанишар, йиртқич ҳайвонлар маккора кампирни пора-пора қилиб, тишу чангаллари билан йиртиб ташлашди, шугина эмас, ўз танларини ҳам тишлаб фиғон чекишарди. Уларнинг бу хил мотами вафосиз одамзоддан вафодор ҳайвонлар яхшироқ эканини тасдиқлаб турарди.
Фарҳод вафот этгач, атрофини ўраб олган ваҳший ҳайвонлару қушларнинг кўпи алам чекиб ўзларини ўлдиришди, яна кўплари бу дарду ғамдан касал бўлиб қолишди. Омон қолганлари унинг азасини тутиб фиғон қилишарди. Барчалари унинг атрофидан нари кетмас, шу туфайли одамларнинг яқин келишларига имкон йўқ эди.
Фарҳод ўлмасидан бироз илгари ўша ерларда яшайдиган бир киши уни кўриш, хизматини қилиб кўнглини олиш мақсадида шу маконга қадам қўйганди. Фарҳоднинг аҳволини, унинг теграсидаги ҳайвонларнинг изтиробини кўргач, узоқдан туриб бўлиб ўтган воқеани кузатди-да, аввалига йигитни қабрга қўйиб, ўша ерда мужовир-мозорга қараб турувчи бўлиб қолишни ўйлади, лекин шеру йўлбарслар чангалидан қўрқиб, бу ҳодисани тезлик билан шаҳарга етказишга қарор қилди-да, қўрғон сари йўл олди.
Мудҳиш хабарни эшитган шаҳар халқи зор-зор йиғлар экан, Хисрав ҳам, Ширин ҳам эшитишди. Шоҳ ўз рақибидан қутулгани учун шод бўлса ҳам, тақдирнинг ундан ўч олишини ўйлаб ғам чекарди. Кейин «Бўлар иш бўлди, энди сусткашлик қилиш ярамайди», -  деган қарорга келиб, Меҳинбону қошига совчиларини жўнатди. Улар маликага Хисравни кўкларга кўтариб мақтадилар ва никоҳга розилик беришини сўрадилар.
Меҳинбону саройидаги аъёнлар ҳам Фарҳод вафотидан сўнг душманликни давом эттиришдан кўра, унинг айтганларига кўниш маъқуллигини таъкидлашди. Мазлум Фарҳод ўлимидан хабар топиб, унга оналардек аза очган малика Меҳинбону Ширин аҳволини ўйларди. Жиянининг неча бор заҳар ичмоқчи бўлгани, унинг атрофидаги одамлар билиб қолиб, бунга имкон беришмагани, ўзини куйдирмоқчи бўлганида ҳам, одамлар бунга йўл қўйишмагани, малика қўйган мулозимлару канизаклар доим ҳушёр туриб Ширин ҳаётини асраётганлари унга аён эди.
Бу пайт қўрғондаги бор озиқ-овқат тугаб, халқ Меҳинбонудан норози бўла бошлаган, мамлакатнинг улуғ кишилари маликага элнинг силласи қуриб, тоқати тоқ бўлаётганини, ҳатто шаҳар дарвозаларини душман қўшинларига очиб беришга ҳам тайёр эканини айтишган эди. Бу гаплардан сўнг Меҳинбону Ширин олдига келди-да, унга халқ ичидаги можароларни сўзлаб берди.
Деди Ширинки: «Эй қути ҳаётим,
Дегумдур, гарчи монеъдур уётим.
Манга жуфт ул, улуснинг фарди эрди,
Не кўнглум қути, онинг дарди эрди.
Чу кечти жуфтдин ул тоқи офоқ,
Нечук мен жуфт кўзлай, ул бориб тоқ?
Вафо аҳли иши мундоқ бўлурму,
Вафо айлар киши мундоқ бўлурму?
Менга чун йўқ тирикликнинг фалоҳи,
Сиз айланг улча бўлғай эл салоҳи.
Шириннинг рухсатини олган малика Хисрав элчиларига никоҳ учун розилигини айтди, лекин қамал пайтидаги қийинчиликлар, ҳозирги иссиқ кунлар туфайли Шириннинг соғлиғи яхши эмаслигини, шунинг учун бирон хушҳаво жойда дам олиб, ўзига келиши лозимлигини ҳам таъкидлади. Шундан кейин дарвозалар очилиб, Хисрав қўшини шаҳар ичига кирди. Қамал пайтида қийналиб кетган аҳоли қафасдан қутулган қушлардек шодланишди.
Хисрав буйруғи билан гўзал бир кошона барпо этилиб, у ерда шоҳ билан малика суҳбат қуришди. Ширин аҳволидан сўз очилгач, Хисрав «Бу ўлканинг боҳаво ва гўзал жойларини сизлар яхши биласизлар, бирон мақбул манзилни танланглар. Ширин ўша ерда ором олиб, соғлигини тузатсин», -  деган таклифни билдирган эди, Меҳинбону Арман диёрининг шимол томонида бир тоғ бўлиб, Ширин истагига кўра қаср ва боғ қурилганини эслатди-да, шоҳ фармон берса, Ширин ўша ерда дам олиб, соғайиши мақбуллигини изҳор қилди. Буни эшитган Хисравнинг кўнгли ношод бўлди, чунки ушбу қасру боғ Фарҳоднинг меҳнати билан бунёд этилганидан у хабардор эди. Шунинг учун ҳам Меҳинбону таклифига зўрға рози бўлди. Маликанинг буйруғи билан Ширинни ўша ажойиб қаср томон олиб кетдилар.
Ширин ўз қалъасидан чиқиб тоғдаги қаср сари йўл олар экан, Хисрав сипоҳларининг барчаси уни томоша қилишга чиққандилар. Уларнинг орасида шаҳзода ҳам бўлиб, отасини унча ёқтирмас, Хисрав ўз ўғлининг кўнглига қарамаганидек, ўғилга ҳам шоҳнинг феъли атвори маъқул эмасди. Бошқалар қатори у ҳам Ширин бораётган гулгун кажавага маҳлиё бўлиб боқар экан, бирдан бошланган шамол пардани кўтариб юборди-ю, париваш қизнинг оламни ўртовчи ҳусну жамолини кўрган Шеруянинг ичига ишқ олови тушди-да, оромидан айрилиб уйқусини йўқотди, изтироби кун сари кучайиб ўзи ўлар ҳолатга етди. Қандай тадбир билан Ширин висолига етишиши мумкинлигини ўйлаган шаҳзода отасини ўлдириш билан бу орзусига эришишга бел боғлади. Шундай хаёллар билан ўзига яқин кишиларга яширинча ваъдалар бериб, Хисравнинг қариндошу амалдорларини ҳам ўзига қаратиб олди. Хисравнинг ҳаддан ошган зулмидан безор бўлган сарой аҳли Шеруяга қасамёд қилишиб, Хисравни зиндонга ташладилар. Кўп ўтмай Шеруянинг буйруғига кўра золим шоҳ қатл этилди. Тахтга чиқиб бошига тож кийган Шеруя бўлиб ўтган бу воқеани Меҳинбонуга сўзлаб бериб, Ширинга ўзи уйланмоқчи эканини изҳор қилди. Малика унинг соғлиги ёмонлигини айтиб, соғайганида ўзи билганича иш қилиши мумкинлигини таъкидлади. Жоҳил Шеруя Ширинга мактуб йўллади. Унда шундай деб ёзилган эди:
«Ки бир кўрмак била ҳуснунгни, эй ҳур,
Ул ўтдин кўнглум андоқ бўлди маҳрур.
Менга андоққи ул ўт солди партав,
Не Фарҳод ул сифат куйди, не Хисрав.
Далил истар эсанг, даъво сурубмен,
Ки ишқингда отамни ўлтурубмен.
Вафо қилмоқ била комим раво қил,
Висолинг ваъдаси айлаб вафо қил.
Ибо қилмоқлигинг ҳам гар билурмен,
Яқин бил, не қила олсам қилурмен!»
Шеруянинг бу дағал сўзларидан ғамга тўлган Ширин: «Уни кўришдан менга ўлим яхшироқдир», -  деб фикр қилар экан, шоҳ сўзларини ўзига етказган сарой аъёнига: «Сўзларингнинг барчаси маъқул. Шоҳга менинг дуом билан илтимосимни етказгин. Дуодан сўнг мана бу сўзларимни унга баён қил. «Қазодан келган ҳар бир ишга рози бўлмай иложимиз йўқ. Хисравни ўлдириш қазо ҳукми бўлса, сен нима ҳам қила олардинг. Тангри берган ақл билан иш тутганда, сенинг сўзларингга эътироз билдириш хато бўлур эди.
Сен мени севиб қолганинг каби менга ҳам Фарҳоднинг ишқи тушганди. Отангнинг адолатсизлиги билан вафот этган Фарҳод барча ишқ аҳлининг йўлбошчиси эди. У менинг ишқимда жонини қурбон қилди. Ундан айрилиб, ўзимни чала сўйилган қушдек ҳис қиляпман. Менинг бедорлигим унинг ғамидандир. Ишқимда ўшандек олам ягонаси кўз юмди. Унга аза тутмасам, кўнглим хотиржам бўла оладими? Шунинг учун шоҳ рухсат бериб, Шопурни озод этилса, унга бир гуруҳ одамларни қўшиб жўнатиб, Фарҳод жасадини шаҳарга олиб келишса, мен қора кийиб, аза тутсам-да, жонимдаги ишқ балосидан қутулсам, жисмимни унинг азобларидан, кўнглимни фироқидан холи айлаганимдан сўнг сўзини бажаришга тайёрман. Агар шоҳ бу ишга рози бўлмаса, менинг ўлигимнигина топади», -  деди. Бу сўзларни эшитган Шеруя шоду хуррам бўлиб, дарҳол Шопурни озод қилишга буюрди ва: «Шириннинг кўнгли нимани истаса, шуни бажарсин», -  деб фармойиш берди. Ширин ҳузурига келган Шопур ерга бош уриб, кўзидан қонли ёшларини тинмай тўка
р экан, уни кўрган паризод Фарҳодни ёдига олиб девоналардек фарёд кўтарди.
Шу тарзда бир замон мотам тутишгач, Ширин Шопурга Шеруянинг сўзларини ва ўзи ўйлаган тадбир мазмунини айтиб берди. Кейин Шопурга икки-уч юз мулозимни қўшиб берди-да, уларни Фарҳод ётган тоғ томон йўллади. Шопур билан мулозимлар кўзланган манзилга етиб боришгач, ҳалқа бўлиб Фарҳод жасадини ўраб турган ёввойи ҳайвонлару қушларга кўзлари тушди. Жасадни ипак матоларга ўраб, шоҳона ҳурмат кўрсатиб, Ширин юрадиган кажава ичига солиб елкаларида кўтариб йўлга тушдилар. Бечора Шопур тўхтовсиз фарёд уриб, жисмини яра қилиб йиғлаб келарди. Фарҳод билан фиғон чекиб хайрлашаётган ҳайвонлару қушлар яна у ётган ер атрофига тўпланишди.
Шопур ва мулозимлар жасадни Арманга олиб келиб, Шириндан яширинча қаср ичига қўйишди. Керакли барча ишларни бажариб бўлишгач, паривашга хабар қилдилар. Ширин ўз қасрига қандай меҳмон келганини эшитиб, гулдек очилиб кетди ва ўз меҳмонига мезбонлик қилишга шошилди. Меҳинбонуга: «Одамларга айтинг: мени бир дам холи қолдиришсин. Мен етишолмаган, ғамида жонимдан тўйган ёрим Ширин ўлибди, деган сўзни эшитиб, менинг дардимда ҳаётдан кўз юмибди. Энди навбат менга етди. Вафосини жонимга яшириб, жонимни унинг оёғига нисор қиламан», -  деди-да, узр сўраб уй ичига кирди ва ичкаридан эшикни маҳкамлаб ёпди.
Сўнгра кажава томон йўл олди. Унинг ичидаги меҳмони ухлаётганини кўрди. Бошига қуёш келганида ҳам уйғонмаётган Фарҳодига боқиб, у билан бирга ухлашни истаган Ширин ёри ёнига ётиб юзини юзига, кўксини кўксига қўйди-да, кўнглидан шуълалик бир оҳ тортиб уйқуга, қиёматга қадар уйғонмайдиган уйқуга кетди.
Ширин уй ичига кириб эшикларни маҳкам бекитиб олганини кўрган Меҳинбону билан сарой аъёнлари уни шомгача интизорлик билан кутишса ҳам, қайтиб чиқмасди. Сабрлари тугаб эшикни очишмоқчи бўлишди, очилмагач, уни бузиб, ичкари киришди. Кажава пардасини очиб, Фарҳод билан Шириннинг юзини юзига, кўксини кўксига қўйиб ётишганини кўришди.
Меҳинбону уларга назар ташлади-ю фиғони оламни бузиб жон таслим қилди. Чунки Ширин унинг жони эди, унингсиз жонининг кераги йўқ эди маликага. Шу туфайли ҳаёти ниҳоли синди-ю, замонанинг кўнгли ҳам ундан тинчиди. Уч нотавоннинг бундай ўлимига жонларни фидо қилса арзийди.
Эшитишимча, ўша оқшом бу ерда ҳозир бўлган чилтанлар -  қирқ киши бир хил туш кўришибди. Тушларида жаннат ичидаги катта бир боғда улкан бир қаср бўлиб, унинг зийнату безаклари ҳаддан ташқари чиройли эмиш. Шу қаср тўрида нурдан бир тахт қурилган бўлиб, унга ипаку бахмал кўрпачалар ташлаб қўйилганмиш. У тахтда Фарҳод билан Ширин, ота-оналари ва Меҳинбону ўтиришган эмиш. Ҳар бирининг жамоли бу оламдагига қараганда минг бора гўзалроқ эмиш. Жаннат хазинасининг соҳиби айтар эмишки, Фарҳод ўз қалбидан жой олган покиза ишқи туфайли хону султонлигидан, диёру хону монидан, сўнгра жаҳонгина эмас, жонидан ҳам кечиб, ўтар чоғи шундай фоний бўлдики, Ҳақ унинг ишқини боқий айлади, мажозий ишқи ҳақиқий ишқ билан алмашди. Бақо шаҳрида султонликка, ҳақиқат мамлакатида хонликка етишди.
Унинг дардига ҳамдард бўлганлар: Ширин, ота-онаси, Меҳинбону -  барчасининг гуноҳлари кечирилиб, жаннат боғига сазовор бўлдилар. Туш кўрганлар унинг мазмунини оламга ёйдилар. Фарҳоднинг ошиқликда оламга машҳур бўлгани ҳақидаги хабар Хито-ю Чингача етиб борди. Бу пайтда ўғли ҳажрини чеккан хоқон ўлиб, тахтга унинг укаси чиққан эди. Онаси ҳам вафот этганди. Баҳром паҳлавон лашкарбоши бўлиб етишган, жанг қилганда Фарҳоддан кам эмасди. У, сайёҳлардан сўраб, бўлиб ўтган воқеалардан хабар топди-да, хоқон ҳузурида унга Фарҳод билан юз берган ҳодисаларни маълум қилиб: «Рухсат бўлса Чину Хитодан лашкар тўплаб, Арман мулкига бориб, Фарҳодни топсам-да, унга мададкорлик қилсам, бўлмаса тақдир буюрганини кўрсам», -  деб илтимос қилди. Баҳромдан хавфсираб юрган хоқон ҳам: «У ўлибди, бу ҳам йўқолсин, қаерни истаса, ўша ёққа жўнасин», -  деб ўйлади-да, ижозат берди. Рухсат бўлганидан шодланган Баҳром ўша заҳотиёқ қўшин тўплаб, Арман диёри сари йўлга тушди. Манзилга етга
ч, Фарҳод ҳақида одамлардан суриштиришни бошлади. Халқ Фарҳод азасини тугатмай туриб, яна икки кишига мотам тутилаётганини айтиб берди. Баҳром бу воқеалардан яхши хабардор бўлган одамни сўраган эди, ҳузурига Шопур кириб келди. Баҳром унинг Фарҳодга яқин дўст эканини, унинг дардига таскин берганини эшитган эди. Икковлари бир-бирлари билан сўрашиб, роса йиғлашди. Баҳром Фарҳод мозори устига қурилган гумбазни кўриб, ичига кирди-да, фиғони осмонга етди. Бир кеча-кундуз ўша ерда бўлди. Тинмай кўз ёшини тўкаётган Баҳром
Кўзум чиқсин сени кўргунча мундоқ,
Кесилсун тил, сўзунг сўргунча мундоқ.
Нелар келмиш бошингға ғурбат ичра,
Не ғурбатлар чекибсан шиддат ичра.
Кўзунг очиб, кўтаргил бошинг охир,
Ки келмиш бир ҳазин қўлдошинг охир.
Бу ишнинг тоқати мендин йироқдур,
Муни кўргунча ўлсам яхшироқдур...
-  деб нола қиларди. Таскин топгач, ер ўпиб ташқарига чиқди-да, Шеруяга одам йўллаб: «Олдимга келиб, саволларимга жавоб берсин. Агар гуноҳсиз бўлса, унга яхшилик қилай, бегуноҳлигидан шубҳаланадиган бўлсам, нима қилишни ўйлаб кўрай», деди. Шеруя бу гапларни эшитгач, Баҳромнинг ўч олишидан ваҳимага тушиб, тавба-тазарру қилишга тушди ва келган одамга: «Фарҳоднинг ўлимида гуноҳим йўқлигига сен ҳам гувоҳсан. Отамнинг қотиллигини билиб, уни ўлдирганимни ҳам биласан. Буларни Баҳромга айтиб бергин. Мен унинг қошига боришдан қўрқяпман, лекин унинг хизматига тайёрман. Уни мендан қасос олиш ниятидан қайтарсанг, қиёматгача сендан миннатдор бўламан», деди. Шеруянинг бу сўзларини эшитган Шопур ҳам унинг гуноҳсизлигини, келишга эса ожизлигини айтди-да, «Сен айтган барча ишларни бажаришга аҳду паймон қилсин», деб қўшиб қўйди. Шопурнинг фикрини эшитган Баҳром унинг келишидан воз кечди-да: «Хисрав бу халққа қанча зиён етказган бўлса, шунча пулни тўласин, манзилига қ
айтиб боргач, яна шунча маблағ жўнатишга қасам ичсин», деб буюрди. Шеруя бу гапдан хурсанд бўлиб, бор хазинасини халққа топширди, яна шунча молу дунё юборишга аҳду паймон қилди. Кейин Баҳром Арман элини йиғиб: «Ким Хисравдан зарар кўрган бўлса, ўз ҳақини олсин», деб эълон қилди. Бу сўзларни эшитган шаҳар халқи: «Бизнинг ҳар биримиз Фарҳод учун жонимизни фидо қилишга ҳам тайёр эдик. Элнинг хоҳиши билан тақдирни ўзгартириб бўлмас экан, энди уни дуо қилиш билан машғулмиз», деб жавоб қилишди.
Баҳром ҳисобчиларга буюриб, бор пулларни халққа бўлиб беришни тайинлади. Кейин Меҳинбонунинг яқин қариндошларидан бирини тахтга муносиб кўриб, подшоҳликка тайинлади. Унинг адолатидан вайроналар обод бўлди. Хисрав хароб қилган барча иморатлар тикланди. Сўнгра Баҳром Чиндан келган сипоҳларга кўпдан-кўп бойликлар бериб, ўз ватанларига қайтишга рухсат берди-да, хоқон ҳузурига бориб: «Фарҳод билан Баҳром бир-бири билан топишишди», -  деб айтишни тайинлади. Сипоҳларни кузатгач, Баҳром Шопур билан бирга Фарҳод қабрига мужовир бўлиб қолишди.