Home icon Бош саҳифа»Ўзбек адабиёти»Мумтоз адабиёт»Навоийхонлик»Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига оят, ҳадисларнинг таъсири
Facebook
Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига оят, ҳадисларнинг таъсири PDF Босма E-mail

Алишер Навоий ижоди қуръоний мавзуларни ёритиши жиҳатидан ўзбек мумтоз адабиётида алоҳида ажралиб туради.
Отаси Ғиёсиддин Муҳаммад ўғлига Муҳаммаднинг (алайҳиссалом) саҳобаларидан Ҳазрати Али (розийаллоҳу анҳу) номини берди. Алишер исмининг иккинчи қисми ҳам Ҳазрати Ачига дахлдордир. Жаноби Пайғамбаримиз Ҳазрати Алининг мушриютар билан бўлган жангдаги жонбозлигини кўриб: «Али — Аллоҳнинг шери», дер эканлар. Шоириинг тўлиқ исми Мир Низомидцин Алишер Навоий деб юритилади. «Мир» сўзи амир сўзининг қисқарган шакли бўлиб, шоҳ саройидаги амал-мансабни ифода қилади. “Низомиддин” эса диннинг йўл-йўриқларини белгиловчи маъносини беради.
“Навоий” шоирнинг тахаллуси бўлиб, наво сўзи «куй», «бахт», «сайраш», «баҳра» маъноларини беради. Навоийшуносликка оид китобларда шоир тахаллуси «куй» сўзидан олинган деган нотўғри фикр бор. Шоир ўз тахаллусини «баҳра» сўзидан олган. Бу ҳақда унинг ўзи бундай деган:

Даҳр боғида бўлиб комим раво,
Комронлар топди назмимдин наво.

Бутун умрини элга бақра, фонда етказишга бағншлаган шоирнинг «баҳра» сўзини тахаллусига асос қилиб олгани Ислом ғояларига мое келади. Шоирнинг иккинчи тахаллуси ҳам шундай маънолар билан боғлиқдир. Қуръони каримда таъкидланишича, бу дунё - ўткинчи, синов учун яратилган дунё. Шунинг учун шоир ўзига “Фоний” тахаллусини танлаган. Бу ҳақда шоирнинг ўзи бундай ёзган:

Файз етгач ул маонийдин менго,
Топди белгу назм фонийдин менго.

Алишер болалик чоғлари кўп китоб ўқиди. Эски мактаб, мадрасада Қуръон суралари ёд олинар, қироат усуллари ўргатилар зди. Демак, Алишер болалик чоғлариданоқ Қуръони каримни ёд олди. Унинг қувваи ҳофизаси жуда кучли эди. Шоир болалигида Қуръондан ташқари Фаридуддин Атторнинг «Мантиқут тайр» достонини ҳам ёд олган. Навоий йигитлик чоғлари 50 минг байт ғазални ёд билган.

«Мантиқут тайр» достони бу дунёнинг ўткинчилигини, чинакам бахт Аллоҳ жамолига эришиш эканини тасвирловчи достон эди. Бу достон Навоий дунёқарашининг шаклланишида жуда катта омил бўлди. Навоий Самарқандда ўқиш чоғлари тасаввуф илмининг йирик вакили Хўжа Аҳрор билан учрашди. Бу учрашув, ундаги суҳбатлар оқибати шу бўлдики, Навоий тасаввуф томон юз бурди, нақшбандия тариқатини қабул қилди.

Навоийнинг ҳар бир фаолияти Қуръони карим ояти карималарида қайд этилган фикрлар билан мос келади. Бақара сурасининг 110-оятида «Намозни қоим қилинг, закот беринг, ўзингиз учун қилган яхшиликни Аллоҳ ҳузурида топасиз», дейилган. Навоий намозни ҳамиша қоим қилган зотдир. «...Бу обидлар ва бандалар паноҳининг жума намозини ва бошқа намозларни жамоат билан ўташда ғайрати шу даражага етган эдики, Марғани боғида ғоятда зийнатли бир масжид бино қилиб, ўз замонининг атоқли қориларидан Хожа Ҳофиз Муҳаммад Султоншоҳни имом белгилади ва ўзи у ерда беш вақг намозга ҳозир бўларди».

Навоий Ўрта Осиё ва Хуросонда Хўжа Аҳрордан кейинги бой-бадавлат одам эди. Навоийнинг бир кунлик даромади 18 минг шоҳруҳий динор эди. Навоий бу бойликни масжидлар, мадрасалар, кўприклар қуришга, мискинларга емак ва кийим-бош беришга, талантли кишиларни қўллаб-қувватлашга, хуллас, эл-юрт ишларига сарф қилган.

Навоий Ҳусайн Бойқаро хазинасидан ойлик ҳам олмаган. Аксинча, ўзи ҳар йили Ҳусайн Бойқарога катта-катта тортиқлар қилиб турган.

Навоий бу ҳақда шундай деган: «Бир оз нима зироатга иштиғол кўргуздим. Чун ул ишимда қила олғонча инсоф тарафи малҳуз эрди. Тенгри иноятидин кўп маҳсуллар ҳосил ва ғаниматлар восил бўла киришди. Бу жумладин, ўз маошимға соири авомдин бирининг маоши ўткунча иссиқ-совуқ дафъи учун бирор тўн, доғи мунча муносиб емакка қониъ бўлуб, қолғонким баъзисин элнинг келиш-боришига ва навкар ва мутааллиқлар улуфасиға ва черик яроғига сарф қилдим ... ва баъзиниким, жамъи маунот ва барча таклифотдин ортди, буқон хайр бино қилдим».

Навоийнинг замондоши Давлатшоҳнинг ёзишига кўра, Навоийнинг вақфларга ва биноларга сарф қиладиган маблағи юз туман кепакига баравардир.
«Холисия» хонақоҳида ҳар куни мингдан зиёд мискинга овқат тарқатилган, ҳар йили муҳтожларга 2 мингга яқин пўстин, чакмон, кўйлак-иштон, ковуш улашилган.
Бақара сурасининг 265-оятида: «Молларини Аллоҳ ризолигини истаб, самимий дилларидан чиқариб сарф қиладиган кишилар адирдаги боққа ўхшар: унга жала қуйгач, ҳосилнииг икки баравар етиштирар», дейилган. Навоий бутун бойлигини эл-улус манфаати йўлида сарф қилган. Хондамир, бундай ёзади: «Чунончи, бу ислом таянчларини юқори кўтариб мустаҳкамлаш намозда қоим бўлишга ҳаракат қилиш эди, закот ва садақалар адосига ҳам саъй ва ғайрат кўрсатиш эди, балки бу сўзларни ёзувчининг ишончи шудирки, ҳеч қачон ул ҳазратнинг хазинасида йил давомида закот бериш вожиб бўларли миқдордаги маблағ тўпланиб турмасди. Чунки мулозимларнинг қўлига нимаики тушса, тездан кишиларга инъом бериш йўли билан сарф қилинар ёки хайрли бинолар барпо қилишга кетарди».

Қуръони карим Ҳаж сурасининг 26, 27, 28, 29-оятларида ҳаж ҳукмлари келган. Бошқа сураларда ҳам бу ҳақда оятлар бор. Жумладан, 27-оятда бундай дейилган: «Одамлар орасида (юриб уларни) ҳажга чорлагин! (Шунда) улар сенга (Каъбага) пиёда ва ҳар қандай туяда узоқ йўллардан келурлар».

Навоий «Сирож ул-муслимин» китобида ҳаж амали ҳақида бундай ёзган:

Бешинчи рукн билгил ҳажи ислом,
Чу фарз ўлди адоси келди ноком.
Вале фарзиятида шартлар бор,
Кулоқ тутким, қилай борини изҳор.
Биров улким, иститоат бўлса мавжуд,
Анга тегруки, қилдинг ани мақсуд.
Яна бир шарт йўл амнияти бил,
Бу чун мавжуд ўлур ҳаж нияти қил.
Яна гар дайн йўқ бўйнунга лозим,
Сайга бўлмоқ бўлур ул йўлга озим.
Яна гар йўқ аёлингдин маунат
Ки, ул кўргай маош учун суубат.
Яна гар бермади жисмингда сонеъ,
Мараз андоқки, бўлғай йўлга монеъ.
Бу маҳзурот гар йўқ тебра филҳол,
Ўзунгни дўст кўйи тавқига сол.
Неким фарз ўлди бўйнунгда адо қил,
Етиб мақсадқа комингни раво қил.

Навоийнинг ҳаж сафарига отланиши, лекин боролмаслик сабабларини Хондамир бундай шарҳлаган:

«... Ул ҳазратда ўсиб-ўниш кунлари бошланишидан то ҳаётининг охирги дамларигача бошида ислом ҳажини ўташ ҳаваси ва хотирида пайғамбар қабрини зиёрат қилиш жойлашган эди. Ҳар доим имкон борича бу бобда ҳаракат қиларди ва узлуксиз тилга келтириб ва ўз ҳолати билан бу икки байтни ифодалар эди.

Қай бувад, ёраб, ки рў дар Ясрибу Батҳо кунам,
Гаҳ ба Макка манзилу гаҳ дар Мадина жо кунам.
Бар канори Замзам аз дил бар кашам як замзам,
В-аз ду чашми хунфишон он чашмаро дарё кунам.

Таржимаси:

Ё раб, Ясриб билан Батҳога қачон бораркинман?
Гоҳ Маккада турсаму гоҳ Мадинада жойлашсам.
Замзам атрофида юрак таронасини куйласам,
Қон сочувчи икки кўзимдан у чашмани дарё қилсам.

Неча бор бу сафарга рухсат олиш учун муборак оёғини узангига қўйиб, тўғри томонга (подшо ҳузурига) йўлланар, ҳар бор соҳибқирон илтимоси билан қайтар ва бу истакнинг юзага чиқишидан чекланар эди».

Навоий уч марта ҳаж сафарига отланган. Икки марта шоҳ турли баҳоналар билан рухсат бермагач, учинчи марта юзма-юз айтишга андиша қилган гапларини хат орқали баён қилади. Ҳусайн Бойқаро ҳам Навоийга хат орқали жавоб беради. Жумладан, бундай дейди: «Сиз Хуросонда турар экансиз, ҳар қандай илтимосингиз бўлса, ҳурмат билан қабул қилинади. Мен шуни жуда аниқ биламанки, агар бу давлат сизнинг шарофатли вужудингиздан ҳоли бўлса, айрим шахслар ва халқ орасидаги ўзбошимчалик аҳвол ихтилофга айланиб кетади».

Хуллас, Ҳусайн Бойқаро рухсат бермагани сабаб Навоий ҳаж сафарига бора олмаган.

Исро сурасининг 37-оятида: «Ер юзида кибру ҳаво ила юрма», дейилган. Навоий ана шу ояти каримага асосан, ҳаж сафарига бора олмагач, подшо фармони билан Ансорий қабрига жузвкашликка (сув сепувчи, супурувчи) тайинланади. Навоийнинг бутун ҳаёти Қуръон ғоялари асосига қурилган.

Низомиддин Алишер Навоий ижоди ҳам Қуръон ояти карималари билан зич алоқададир. Навоий поэзиянинг бош вазифаси Аллоҳни мадҳ этишдан иборатдир, дейди. Аллоҳни васф этиш, Аллоҳни зикр қилиш пайғамбарлардан меросдир. Довуд (алайҳиссалом) тасбеҳ айтганида, тоғу тошлар, қушлар ҳам Аллоҳга тасбеҳ айтишган. Закариёни (алайҳиссалом) кофирлар дарахт билан арралаб ташлашганида ҳам, Аллоҳ зикрини айтишдан тўхтамаган. Аюб пайғамбарни синаш учун Аллоҳ унинг баданига яра тоштириб юборган. Шунда ҳам Аюб пайғамбар: «Аллоҳим, тилимга яра тоштирмагин, токи зикрингни айтолмай қолмайин», деб илтижо қилган.

Навоий барча асарларининг «Дебоча» қисмида, ҳамд бобида Аллоҳ таолони мадҳ этади. Жумладан, «Лисонут тайр» достонида Семурғ тимсоли орқали Аллоҳни мадҳ этади:

Сизга Шоҳе бор бешибҳу мисол,
Васфини айтурда юз минг нутқ лол.
Ул яқин сизгаву сиз Ондин йироқ,
Васл Анга айну, вале сизга фироқ.
Ҳар киши бўлса тирик Ондин йироқ,
Ул тирикликдин ўлим кўп яхшироқ.

«Ҳайратул аброр» достонида бундай ёзган:

Аввал ўзинг, охиру мобайн ўзинг,
Барчаға холиқ, бориға айн ўзинг.

Раҳмон сурасининг 14-оятида: «Инсонни сополга ўхшаш қуриган лойдан яратди», дейилган. Инсонни тупроқдан яралганини бугунги илмий тажриба ҳам тасдиқламоқда. Тупроқда қандай моддалар бўлса, инсонда ҳам ўша моддалар мавжуд. Тупроқда карбон, кислород, фосфор, азот, калий, хлор, темир, мис, йод каби 20 хил модда бўлса, булар инсон жисмида ҳам мавжуддир.

Исро сурасининг 70-оятида бундай дейилган: «Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (уловила) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик».

Инсоннинг азизу мукаррам қилиб яратилгани ғояси Навоийнинг «Ҳайратул аброр» достонида бундай акс этган:

Мунча ғаройибки мисол айладинг,
Барчани миръотга жамол айладинг.
Ганжинг аро накд фаровон эди,
Лек боридин ғараз инсон эди.
Конию ҳайвони, агар ҳуд нобот,
Ҳар бири бир гавҳари олий сифот.
Барчасини гарчи латиф айладинг,
Барчадин инсонни тариф айладинг.

Навоий Аллоҳ таоло азизу мукаррам қилиб яратган инсонга севгисини бундай баён қилади:

Жондин сени қўп севармен, эй умри азиз,
Сондин сени қўп севармен, эй умри азиз.
Ҳар неники севмоқ ондин ортиқ бўлмас,
Ондин сени қўп севармен, эй умри азиз.

Шоирнинг «Ситтаи зарурия» қасидалар тўпламидаги «Руҳул-қудс» қасидасида Аллоҳ таоло васф этилади. Навоийнинг талқинича, дунё ва ундаги бутун мавжудотни фақат Аллоҳ яратган. Улар якка-ягона Худонинг қудрати туфайли йўқдан бор бўлганлар ва бордан йўқ бўладилар. Кучлиларни қучсиз, заиф ва забун этувчи, кучсизларни эса кучли этувчи ҳам Аллоҳдир.
Навоий инсоннинг яратилиши ҳақида ёзади:

Чу соз карди таркиби жисми инсони,
Зи хок таъбияи сохта ба зебу баҳо
Чу аз заминаш бардошти ба сад эъзоз
Ба мартаба гузаронди зи торами хазро
Ба хоки жисмаш борони раҳмат афшонди,
Каз он мулоямат овард тинаташ пайдо.
Ба дасти ҳикмати худ карда тинаташ тахмир,
Се зидди дигараш афзуда аз ажойибҳо.
Чаҳор зидро карди ба якдигар таркиб,
Ки хоку оташ буд онгаҳ об буду ҳаво ...
Ҳавоси зоҳирияш низ чун, ки карди рост,
Зи нури ақл ба коҳи димоғ тофт зиё.
Ғариб пишваре орасти зи шаҳри бадан,
Ки мулк то малакут он чи ҳаст, ҳэст онжо.
Дар у нишониди дилро ба тахти султони,
Ки шуд ба расми салотин хидави мулкаро.
Хират вазорати он шаҳро муайян шуд,
Гадой шоҳу вазирон камина банда туро
Бас он гаҳе ба улумаш чу раҳнамун гашти,
Нажуст карди таълими, алламан - «асмо».
За илми маърифат аш чунки баҳравар карди,
Малоикаш ба сужуд амоданд абдосо.
Зи офариниши худ он чи кардан мавжуд,
Уюну баҳру жиболу нужуму арзу само.
Дар он а жуба намундори аз ҳама карди,
Амонатро ҳам додият ба расми хаоро.
Чу гашт мазҳари кул баъд оз он лақаб додеш
Чу миёни моҳалақуллоҳ олами кубро.

Таржимаси:

Сен инсон жисми таркибини соз этганингда,
Тупроқдан чиройлик ва қимматбаҳо нарса яратдинг.
Уни тупроқдан қўтардинг юз эъзоз билан,
Унинг мартабасини кўк осмон гумбазидан юқори кўтардинг.
Жисми тупроғига раҳмат ёмғирини ёғдирдинг,
Шу туфайли унинг табиатида мулойимлик пайдо бўлди.
Ҳиммат қўлинг ила унинг табиати хамирини оширдинг.
Яна унга уч зиддиятли ажойибларни қўшдинг,
Тўрт зиддиятни бир-бири-ла таркиб этдинг.
Улар тупроқ, ўт, сув ва ҳаводир ...
Инсоннинг вужуди гўзаллик билан безатилгач,
Унга жон бахш этдинг.
Зоҳирий ҳавасларини рост айлаганингдан кейин
Ақл нуридин мия қасрига зиё тарқалди.
Бадан шаҳрида ажойиб мамлакат оро бердинг,
Унда мулкдан малакутга қадар ҳамма нарса мавжуддир.
Унда Сен дилни султонлик тахтига ўтқаздинг.
У султонлар каби мулк ҳукмрони бўлди.
Ақл ул шоҳнинг вазоратига муайян этштди.
Гадо-ю шоҳу вазирлар ҳаммаси Сенга бандадирлар.
Ундан кейин Сен уни илмга раҳнамул этдинг.
Биринчи таълимда ўқишни танитдинг.
Уни илми маърифатдан баҳравар қилганингдан кейин
Малоикалар амринг ила унга сажда қилишди.
Яратган нарсаларинг ичида
Булоқлар, денгизлар, тоғлар, юлдузлар, ер ва осмон бўлиб,
У ажубада ҳамма нарсани кўрсатдинг.
Махфий равишда ўз омонатингни ҳам ҳам уларга бердинг.
Бутун борлиқ пайдо бўлгач, Сен (инсонга) лақаб бердинг,
Яратилган мавжудотлар ичида (инсон) энг улуғ оламдир.

Навоий Қуръони карим таъсирида «Тарихи анбиё ва ҳукамо» асарини ёзган. Бу асар икки қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисмида Одам атодан тортиб, Нуҳ, Исо, Яъқуб, Сулаймон, Юсуф, Довуд ва бошқа пайғамбарлар ҳақида маълумотлар берилади. Ҳар бир қисса охирида рубоий берилиб, хотима ясалган.

Навоий Қуръон таъсирида «Сирож-ул муслимин» номли китоб ёзди. Бу китобда шариат аҳкомларини, Аллоҳнинг саккиз сифатини англатганидан сўнг, Ислом асосларини назмда баён этади.

Шоир Аллоҳнинг қодирлиги, барча мавжудотнинг яратувчиси экани, Унинг муқаддас китоби - Қуръонни билиш, пайғамбарларни эътироф этиш, авлиёлар каромати, қиёматга ишониш, сирот, мезон, жаҳаннам ва жаннат, пайғамбар шафоати, шунингдек, Ислом рукнларини билиш, озодалик, намоз фарзлари ва суннатлари, закот, рўза ва ҳаж масалаларини қисқача шеърий баён этади.

Жосия сурасининг 7-оятида: «Ҳар бир ёлғончи гуноҳкорга ҳалокат бўлсин», дейилган. Зориёт сурасининг 10-оятида: «Ёлғончиларга лаънат бўлсин», дейилган.
Навоий «Ҳайрат-ул аброр» достонида ростгўйликни улуғлайди, ёлғончиликни қоралайди. Достоннинг ўнинчи мақолатида шундай фикрларни ўқиймиз:

Улки шиор айлади ёлғон демак,
Бўлмас ани эру мусулмон демак.
Кимсага ёлғончи дебон қолса от,
Бу от ила чорласалар ўзу ёт.
Сидқ хитоби яна ёнмас анга,
Чин деса ҳам, халқ инонмас анга.
Неча зарурат аро қолғон чоғи,
Чин демас эрсанг, дема ёлғон доғи.

Шоир «Шер ва Дуррож» ҳикоятида ёлғончи Дуррожнинг фожиавий аҳволи орқали ёлғончиликни қоралайди.

Аҳқоф сурасининг 15-оятида: «Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик», дейилган. Навоий фарзанднинг ота-онани эъзозлаши зарурлигини шундай уқтирган:

Бошни фидо айла ато қошиға,
Жисмни қил садқа ано бошиға.
Туну қунингга айлагали нуриош,
Бирисин ой англа, бирисин қуёш.

Раъд сурасининг 17-оятида бундай дейилган: «(Аллоҳ) осмондан сув (ёмғир) ёғдирганида жилғалар миқдори билан оқиб, (бу) сел ўз устида кўникларни ҳам кўтариб келур. (Одамлар) зеб-зийнат ёки асбоб-ускуна (ясаш) учун ёқадиган (олов)лардан ҳам шунга ўхшаш (чиқинди пайдо) бўлур. Аллоҳ ҳақ билан ботилни (мана шундай мисол билан) баён қилур. Бас, кулик ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетур. Одамларга фойдали бўлган нарса эса Ерда қолур. Аллоҳ мисолларни мана шундай баён қилур».

Бу оятни ҳадисда бундай шарҳланади: «Мен билан юборилган ҳидоят ва илм бамисоли ерга ёққан ёмғирдир. Ер ҳам турли бўлади. Сувни яхши қабул қилиб, ўзидан ҳар хил гиёҳларни ундирадигани ҳам, аксинча, сувни қабул қилмайдиган, бирор гиёҳни ундирмайдиган қуруқ-бўз ерлар ҳам бўлади. Шунга ўхшаш Аллоҳ дини ва мен келтирган ишларни ўрганиб, унга амал қилиб, бошқаларга ҳам ўргатадиган кишилар бўлганидек, илм ва ҳидоятни қабул қилмайдиган кимсалар ҳам бўлади».

Шеъриятда ихтибос деган санъат бор. Бу санъатнинг моҳияти шундаки, Қуръон оятлари мазмуни, ҳадислар мазмуни шеърга солинади. Навоий ана шу санъат воситасида юқоридаги оят ва ҳадис мазмунини шундай шеърга солган:

Гарчи қуёшдин парвариш ер юзини ом қилур,
Саҳрода қумғоғу тикан, бўстонда сарву гул битар.

Қуёш бутун ер юзига тенг нур сочса ҳам, саҳрода қумғоғу тикан, бўстонда сарву гул битади.
Юсуф сурасининг 3-оятида: «Биз Сизга ушбу Қуръон (сураси)ни ваҳий қилишимиз билан бирга гўзал қиссани айтиб берурмиз», дейилган. Бу гўзал қисса Навоийни ҳам мафтун этган. У «Тарихи анбиё ва ҳукамо» асарида Юсуф (алайҳиссалом) тарихини берган бўлса-да, бу пайғамбар қақида достон ҳам ёзмоқчи эди.

Қуръони каримда «Лавҳул маҳфуз» ҳақида тушунчалар бор. Бу манбада Аллоҳ барча мавжудотлар тақцирини ёзиб қўйган. Аллоҳнинг хоҳишисиз ҳеч нарса бўлмайди. Навоийнинг Саид Ҳасан Ардашерга ёзган хатида ана шу маъно ўз ифодасини топган:

Сафар тушти оллимға беихтиёр,
Қазо амрида элга не ихтиёр.

Моида сурасининг 90-оятида хамр (ичкилик) ҳаром экани уқгирилиб, бандаларни ундан узоқ бўлйши лозимлиги айтилган. Навоий шаробни «уммул хабоис», яъни барча ёмонликлар, фалокатлар онаси деб атаган. «Ҳайратул аброр» достонида шундай ёзган:

Ҳар кишики қилса бу сувдин тараб,
Хона сиёҳ ўлмоғи эрмас ажаб.
Сув демагин оники бир ўт эрур,
Ким етти, кўп хирмонни куйдирур.

Навоий «Ҳайратул аброр» достонида тарбия масаласига тўхталади. Одатда итнинг оғзи теккан таом ҳаром саналади. Аммо овчи ит тишлаб келган қуш ҳалол саналиб ейилади. Овчи итнинг бошқа итлардан фарқи шундаки, у тарбия қўргандир.

Итга таълимда чу бўлди камол,
Сайд онинг оғзида ўлди ҳалол.

Қуръон ояти карималарининг таъсири «Хамса» таркибидаги барча достонларда сезилиб туради. Бу умуминсоний ғоялар шоирга илҳом берган, уларни турли шаклларда ўз достонларида ифода этган. Жоҳилият даврида Абу Жаҳл каби оталар қизларини тириклай ерга кўмишган. Оталар характеридаги бу шафқатсизлик, бу жаҳолат Навоийнинг «Лайли ва Мажнун» достонидаги Лайлининг отаси характери орқали қўрсатилиб, унинг характеридаги бу қабоҳат қаттиқ қораланган.

Лайлининг отаси қизи Қайсни қанчалар севишини билса-да, ўзидан паст оилага қиз беришдан ор қилади. Бошқа қабила бошлиғи — Навфал Қайсни бахтиёр қилмоқчи бўлади. Аммо Лайлининг отаси Навфал совчи бўлиб келсаҳам, Қайсга қизини бермайди. Навфал жанг қилиб бўлса ҳам, Лайлини Қайсга олиб бермоқчи бўлади. Лайлининг отаси шу қадар жоҳилки, мабодо Навфал ғалаба қилса, қизини дарҳол ўлдириш учун жаллод тайёрлаб қўяди.

Ким тонг-ла ул ойни қозир айлай,
Бир дамда ишини охир айлай.
Ўқ игнасидан тикай либосин,
Ханжар суйидин эзай хиносин.
Туфроққа солай қади ниҳолин,
Ерга киюрай қоши ҳилолин.
Хушроқки адувға ком бўлғай,
Номус менга ҳаром бўлғай.

Қуръони каримнинг Каҳф сураси 13-оятидан бошлаб Зулқарнайн ҳақида қиеса келади. Унинг яшаган жойи, замени ҳақида эмас, қилган ишлари ҳақида маълумотлар айтилади. У Мағрибдан Машриққача бўлган жойларни забт этган. Яъжуж ва Маъжужлар чиқадиган икки тоғ орасига девор барпо қилади. Девор қуришда темирни эритади, унинг устига мисни эритиб қуяди. Мис аралашган темир қоришмаси мустаҳкам бўлиши фанда яқинда кашф этилди.

Қуръонда зикр этилган Зулқарнайн билан Филипп ўғли Александр тарихи ўртасида ўхшашлик бўлгани учун китобларда чалкашликлар бор.

Навоий Низомий Ганжавий ва Хисрав Деҳлавийдан сўнг «Хамса» яратиб, Қурьон маълумотлари, устозлари асарларига таянган ҳолда, Искандар (Зулқарнайн) тимсолини яратди. Навоий Искандар тимсоли орқали ўз замонасининг муҳим ижтимоий масалаларини ифода этди. Навоий учун Искандарнинг жаҳонгирлиги, шон-шуҳрати эмас, халқ манфаатини кўзлаб, Яъжуж-Маъжужлар чиқадиган тоғ орасига қурган девори муҳимдир. Шунинг учун унинг бу ишини асар сарлавҳасига олиб чиқиб, асар номини «Садди Искандарий» — «Искандар девори» деб атади.

Навоий достонида Искандар Қирвон ўлкасига етишганида, бу ернинг халқи унга мурожаат этиб, ўзларини Яъжуж-Маъжуж балосидан халос этишини сўрайди. Бу балолар ҳар йили икки марта маконларидан чиқиб, водийга ёйилади. Ҳамма ёқни хонавайрон қилиб, қўлга тушган одамларни еб, сўнг қайтиб кетади.

Искандар одам юбориб, Рус, Шом, Румдан усталар келтиради. Мис, рух, қалай, бронза, темир, қўрғошинни эритиб, тоғ жинслари билан қориштиради. Узунлиги ўн минг қарн, биноси беш юз қарн девор олти ойда қуриб битказилади. Деворнинг баландлиги уч юз қарн эди.

Ки неча минг устоду санъатгарий
Тамом этдилар Садди Искандарий.

Айтишларича, Яъжуж-Маъжужлар Искандар деворини кечаси билан ялаб, тонггача пиёз пўстича ҳолатга келтирар экан: Тонгда азон товуши эшитилииш билан девор ўз ҳолатига қайтиб, уларнинг йўллари беркитилар экан. Қиёматнинг бир белгиси Яъжуж-Маъжужларнинг ер юзига чиқишидир.

Навоий достонида Искандар Файлақуснинг асранди ўғли деб берилган. Рум шоҳи Файлакус бир куни овдан қайтаётиб, йўл устидаги вайронада янги туғилган чақалоқни кўради. Унинг онаси ҳомиладан бўшагач, вафот этган эди. Тирноққа зор шоҳ уни саройга олиб келиб, валиаҳд деб эълон қилади.

Навоий замонида шоҳ ўлгач, тахтга лойиқми, лойиқ эмасми, албатта, шоҳ зурриёти ўтирар эди. Навоий Искандар тимсоли орқали бу удумга қарши чиқиб, тахтга муносиб одам ўтиришини орзу қилмоқда.

Достонда Навоийнинг яна бир орзуси берилган: шоҳ атрофида олимлар жамланган бўлиши шарт. Шоҳ ҳар бир тадбирни уларнинг маслаҳати билан амалга оширса, мақсадга мувофиқ бўлади. Искандар машҳур олим Никумоҳис қўлида тарбия топади, унинг ўғли Арасту билан дўстлашади.

Искандар ер юзини, сув остини эгаллайди. Жаҳонгирликнинг нима билан тугашини Навоий Искандарнинг ўлими тимсолида намоён этади. Ер юзаси, баҳрлар ва сув остини забт этган Жаҳонгир қизиган қумлокда, ёлғизликда, бир қалқон соясида дунёдан ўтади. У ўлим олдидан онасига ёзган мактубида бутун қилган ишлари хом эканини, хатолигини бўйнига олади. У онасига мурожаат қилиб:

Санга айлабон хоки даргоҳлик,
Анинг отин этсам эди шоҳлик, —

деб кечиккан орзусини баён этади.

Шундай қилиб, Навоий бутун ҳаёти ва ижодини Қуръон оятлари, ҳадислар асосига қурган комил мусулмоннинг ибратли намунасидир. Шоир ҳамиша Қуръон ўқишни, унинг ғояларига амал қилишни комилликнинг асосий шарти деб тушунади.

Олам эли ичра гар гадо, гар шоҳ эрур,
Не дардки, ул кўнгли аро ҳамроҳ эрур.
Қуръонни тиловат этсун ар огоҳ эрур,
Эл кўнглига чун даво Каломуллоҳ эрур.

Навоий умрининг охирида «Муножот» асарини ёзди. Шоир бунда ўзининг ҳаётий ва ижодий йўлига якун ясайди. «Муножот» Аллоҳга тазарру баёнидан иборат. Навоий унда давр, муҳит билан боғлиқ армон-ўкинчларини, инсоннинг асл ҳис-туйғуларини қаламга олади. «Муножот» Навоий эзгу ниятларининг, самимий интилишларининг тажассуми ўлароқ, моҳиятан келажак авлодларга битилган бир мактубдир. Навоий бу асарида ҳам инсонни нафсини англашга чорлаб, маънавий камолот, имон-эьтиқод устуворлигини тараннум этади. Асардан намуналар:

«Илоҳи, агар ҳавасдан бош-оёғ яланг ҳар ён югурдим, бошдин-оёғим ёмон эрканин халойиққа билдирдим.
Илоҳи, йигитлигим бу навъ ҳам қатиғ ўтти, ҳам ачиғ, қарилиғда юз қатла ўзумни ўлтурсам не асиғ.
Илоҳи, тоатқа тавфиқ берсанг, риёдин асра ва ибодатка йўл қўргузсанг, хатодин асра.
Илоҳи, беилож дардға алил қилма ва бемурувват номардга залил қилма.
Илоҳи, подшоҳи Исломни муслимин бошиға тутқил бардавом, яъни, бандаларнинг устиға кўлангкангни қил мустадом, то шоҳу гадоға дуогўйлик қилмиш бўлғаймен, вассалом».

Баҳром Жалилов