Facebook
Абадий Ватан ҳикмати PDF Босма E-mail

Эй Навоий, ўзни мақбул истасанг, туфроқ бўл
Ким, эрур мардуд, улким бошида пиндори бор.

Байтдаги “мардуд” калимаси рад этилган, қувилган,“пиндор” сўзи эса фикр, хаёл, тасаввур, мажозий маънода кибрни англатади. Байтда туфроқ, мақбул, мардуд ва пиндор сўзлари воситасида талмиҳ ва тазод санъати кўлланган. Яъни улуғ бобомиз Одам а.с. ва Шайтон қиссасига ишора қилиб ёзмокдаки: “Эй Навоий, Ҳақ даргоҳида мақбул бўлмоқ истасанг, туфроқ каби хокисор бўл. Чунки кимнинг бошида кибру ғурури бўлса, у мардуд, яъни Шайтон каби Яратувчининг даргоҳидан қувилгандир”.

Байтдан мақсад кибрни мазаммат қилиш ва одамларни хокисорликка ундашдир. Зеро, кибр инсон қалбидаги тузалиши қийин бўлган хасталикдир. Шунинг учун ҳам барча дин ва таълимотларда кеккайган кимсалар танқидга учраган.

Қуръони каримнинг бир қатор оятларида мутакаббирлар лаънатланган ва жойлари жаҳаннам экани хабари берилган. Жумладан, “Зумар” сурасининг 60-оятида: “Ахир, жаҳаннам кибр қилувчиларнинг жойи эмасми? (Албатта ўшаларнинг жойидир)”, деб айтилса, шу суранинг 72-оятида яна таъкидланади: “Малоикапар тарафидан айтиладики: “Ундай бўлса, жаҳаннамда ҳамиша (абадий) қолгувчи бўлган ҳолингизда унинг дарвозаларидан киринглар!”

Ҳадиси шарифларнинг бирида қалбида хандал уруғича кибри бор инсоннинг жаннатга кирмаслиги қатъий таъкидланган.

Ҳазрат Навоий “Маҳбуб ул-қулуб” асарида инсон хулқини “ҳамида афъол ва замима хисол” яъни мақтапган яхши феъллар ва мазаммат қилинган ёмон иллатларга ажратиб, уларни бирма-бир очиқлаб, таърифлайди. Кибр ҳақида эса бир ўринда: “мутакаббир — малъун”, дейди. Буларнинг акси бўлган тавозе ва хокисорликни тарғиб этади.

“Насойим ул-муҳаббат”да шайх Юсуф бин Ҳусайн Розийнинг бундай деганини эслатади: “Барча яхшиликлар уйнинг ичкарисида, унинг калити тавозедир. Барча ёмонликлар ҳам уйнинг ичкарисида. Унинг калити такаббурликдир”.


Одатда, инсонлар илми, ҳусни, насаби, мансаби ва мол-дунёси билан фахрланади, кибр қилади. Баъзилар сурбетларча ўзини бошқалардан устун тутади ва кези келганда уялмай ҳақдорлигини ҳам билдириб қўяди...

Имом Муҳаммад Ғаззолий аксар асарлари, жумладан, “Кимёи саодат”да кибрнинг даражалари, офатлари ва улардан қутулишнинг чоралари ҳақида батафсил маълумот берган. Унинг таъкидлашича, киши то ўз нафсини танимагунча, тупроқдан ва бир қатра нопок сувдан яратилгани ҳақида тафаккур қилмагунча ёки ҳуснига мағрур инсон қорни ва вужудидаги ахлат ва нажосатлар ҳақида мушоҳада юритмагунча, бу иллатдан халос бўлиши қийин.

Ғаззолий мазкур китобида шундай бир ривоят келтиради. Бани Исроил тоифасида бир обид бўлган экан. Тақвоси туфайли шу даражага етибдики, доимо бошига бир парча булут соя солиб юрар экан. Кунларнинг бирида бадахлоқ бир киши яхшилик соғиниб: “Мен ҳам обид каби яхши инсон бўлсам, унинг файзидан зора менга ҳам юқиб қолса”, деган ниятда обиднинг ёнига бориб ўтирибди. Шунда обид: “Сен ким бўлдингки, менинг ёнимда ўтирасан. Сендан нокасроқ ким бору, мендин обидроқ ким бор?! Ёнимдан тез кет, сенинг касофатинг менга ҳам тегади”, дебди. Шунда ҳалиги одам ўрнидан туриб кетаётса, булут ҳам у билан кетибди. Обид эса офтобда қолибди. Оллоҳ таоло ўша замон пайғамбарига: “Обиднинг кибру манманлиги боис барча яхши амалларини бекор қилдим, фосиқнинг сидқу ихлоси туфайли барча ёмонликларини кечирдим”, деб ваҳий юборибди.

Навоий ғазаллари вақти-вақти билан инсонни хокисорликка ундаб, унга муҳаққақ ўлимни эслатиб туради. Зотан, ҳар бир киши асли туфроқ бўлгани ва яна туфроққа қайтиши муқаррар эканини ҳис қилиб яшаса, унинг қалби уйғоқ бўлади. Бундай инсон такаббурликдан сақланади. Пайғамбаримиз с.а.в. тупрокда ўтириб нон ер ва: “Мен бандаман ва бандаларга ўхшаб таом ейман” дер эканлар. Аҳмад Яссавий ҳазратлари ҳикматларида “аслим туфроқ, наслим туфроқ, жисмим туфроқ” дея инсонларни мушоҳадага ундайди. Дарҳақиқат, тупроқда инсон моҳияти яширин. Аммо уни ҳар қандай ақл идрок эта олмайди. Инсон оёғи остидаги улкан ҳақиқат ҳақида фикр юритганда, гуноҳ ишларга қўл урмасди. Моҳиятан, тупроқ нафақат тирикликдаги Ватан, балки у вафот этгандан сўнг ҳам абадий Ватан бўлиб қолиши билан янада муқаддасдир... Усмон Нурий Тўпбош “Бир кўза сув” асарида: “Инсон зеҳнининг асосий моҳияти тупроқ нималигини билишидадир. Фикрлар ва кўнгиллар тупроқ остига парвона бўпмагунча, кимса бу қоронғилик ўлкасининг сирини еча олмайди”, деган фалсафий фикрни илгари суради.

Навоий таъбирича, кибр фақат жоҳилу нодон кишиларда эмас, илм ўқиб, билимига амал қилмаган кишиларда ҳам зоҳир бўлади. Улуғ шоир “Насойим ул-муҳаббат” тазкирасида Абулхайр Тайнотий деган шайхнинг бундай ҳикматли сўзларини келтиради: “Ҳар ким илмин зоҳир қилса, муроийдур (риёкор) ва ҳолин зоҳир қилса — муддаий (даъвогар). Бир қатла биравни кўрдиким, сув юзида борадур. Деди: бу не бидъатдур, қуруғлиққа чиқ, дағи хуш бор! Яна биравни кўрдиким, ҳавода борур эрди. Анга дағи ушбу сўзни деди, дағи сўрдиким, қаён борурсен? Дедики, ҳажга. Дедиким, бор!”

Кўриб ўтганимиздек, Навоий ҳазратлари бир байт мисолида кибрни қоралаб, хокисорликни тарғиб қилади. Бу ҳар биримиз учун ғоят ибратли ва ҳикматли даъватдир.

Сайфиддин САЙФУЛЛОҲ