Facebook
Яланғоч қирол PDF Босма E-mail

Ҳикмат айтай сенга дўстим қулоқ сол,                                              
Ҳақни севсанг, бу сабоқдан ибрат ол!
Чун агар айбингни айтса бир тараф,
Эт қабул, инсонлигингга бу шараф!
Мақтаса дўстинг сени кўп эрта-кеч,
Бундайин бетамиздан сан эрта кеч!
Зоти Одам бор экан, қилгай хато,
Англа, бу сўзни дегувчи Мустафо!
Гар хатокор тавба қилса, хўб шараф,
Айбини тан олмаган ҳайвон тараф.
Ҳаққа таслим бўлса шулдир бандалик,
Аслида бебандалик, шармандалик.
Сўйлайин ҳикматки сенга ибрат ол!
Ибрат олмоқ учун дастлаб қулоқ сол!
“Бор эди, бир мамлакатнинг подшоси,
Йўқ эди, золимлигин интиҳоси.
Лек унинг айбини ҳеч ким сўйламас,
Оқибат расволигин ҳам ўйламас.
Зулмига нозирлари фатво топар,
Мадҳига шоирлари наво битар.
Шоҳ эса қилмишларин ҳақ деб билур,
Кўнглига келганни қайтармай қилур.
Бу шаҳарда бор эди оқил киши,
Хўп ажойиб, сўзларидан қилмиши.
Ҳалқаро ҳикмат билан номдор эди,
Фозилу донишларга сардор эди.
Довруғи чор тарафга кетган эмиш,
Бу хабар подшоҳга ҳам етган эмиш.
Чорлади шоҳ, бир куни алломани,
Ҳам буюрди, зўр иложсиз номани.
-“Менга келтир бир либоски бебаҳо,
Жумла олам кўрса бўлсин маҳлиё,
Менгача бундайин кўрган бўлмасин,
Мен кияй, ҳеч бир киши сўнг киймасин!
Гар қўлингдан келмаса бундай ҳунар,
Шу ҳаким бошинг танангдан айрилар”.
-“Хўп”- деди доно:- “Ва лекин шарти бор,
Ҳар киши кўрмас уни, чун фарқи бор.
Мансабига ким агар лойиқ эса,
Сен ишон, у либосни кўрдим деса.
Ақлсиз мансабпарастлар кўрмагай,

Минг тикилсин, ҳеч иложи бўлмагай.
Бир либоски, кўринмас дурдонадир,
Ким агар кўрса уни, парвонадир.
Сенгача кийганни инсон билмасин,
Сен киюрсан, сўнгра ҳеч ким киймасин.
Менга муҳлат берки, ишни битказай,
Бу ғаройиб орзуйингга етказай!”
Иддаода подшох ютган эди,
Чун ҳакимдан розилик кутган эди.
Шу баҳона ҳақни синдирмоқ зарур,
Кўйлак эса ажойиб тузоқ эрур.
Эй биродар, сен макр қилма сира!
Ким тузоқ қўйса, ўзи тушди қара!
Бирма-бир кунлар ўтар мақсад сари,
Келди ходим саройдан иш кўргали.
Устанинг дастида игна қайчи бор,
Лек мато йўқ, ҳам либосдан йўқ асар.
Кўнглига бир ғулғула тушган эди,
Ҳам таажжуб ёқасин ушлаб деди:
-“Ҳасрото, шундай либосни кўрмасам,
Мансабимга наҳот лойиқ бўлмасам”.
Даб-дуруст қайтди сарой айвонига,
Мақтади йўқ либосни хоқонига.
Бир сифат берди, сарой ходимлари,
Либосни кўрмоқ сари одимлади.
Минг таассуф, ҳеч бири кўрмасдилар,
Шоҳга қайтгач,мақташни қўймасдилар”.
Барча оқил эди, мансабга лойиқ,
Бу ажиб гап, тингланг энди халойиқ!
“Вақт тугаб шоҳ олдига келди ҳаким,
Сарой гавжум эди, бироқ ҳамма жим.
Энди не гап бўлмишин билмоқ керак,
Шоҳни кўнглига қараб юрмоқ керак.
Маймун йиғлар подшоҳнинг ҳолига,
Ҳаққа пуфлаб, ўт кетди соқолига.
Шубҳасиз, у ҳам либосни кўрмади,
Васваса кўнгил билан ўйлаб деди:
-“Ҳамма кўрганни ажаб, мен кўрмасам,
Наҳотки тахтимга лойиқ бўлмасам!?”
Лек шаҳоншоҳ ҳам сирин бермай туриб,
Яланғоч  йўқ жомани олди кийиб.

Чиқди ҳалқ олдига ҳайҳот, кийимсиз,
Амалдорлар эса мақтар тинимсиз:
-“Ҳўб  ажойиб тўн кийибсиз, во ажаб!
Сизга тикилган сира тўймас қараб!”
Бечора шоҳ чин дўстни билмас эди,
Гар билганда яланғоч юрмасмиди?!
Кўрмагансан бу каби шармандани,
Айбини тан олмаган зормандани”.
Эй биродар, сен яланғоч юрмагин!
Тўғри сўз дўстингга қарши турмагин!
Мусаффо кўзгуни бахт деб қаршила!
Юзинг қийшиқми, ўзингдан ўпкала!
“Йиғилган табрик учун минглаб одам,
Барча ҳайрон, лек мақтов тинмасди ҳам.
Бир гўдак тортар отасин енгини:
-“Жон отажан, кўрсатинг шоҳ эгнини!”
Фарзанд деди, елкага олгач ота:
-“Шоҳ яланғочми? Вой, уятку роса!”
Бир зумда тарқалди гўдакнинг сўзи,
Ҳам очилди  шу онда ҳалқнинг кўзи”.
Ҳа, ҳақиқат барқ уриб келган замон,
Бардош беролмас ёлғону, ҳам ёмон.
Ҳақ сира синган эмас, синмайди ҳам,
Ботил нажот топмаган, топмайди ҳам.
Таъмалик мақтовга ҳаргиз учмагин!
Тақво либосингни зинҳор ечмагин!
Ҳамма ботилга чапак чалган куни,
Сен гўдаклик қилда, тан олма уни!
Кўрмаган нарсангни, кўряпман дема,
Оқни оқ деб, майли ёғли нон ема!
Бу чаманда муаттар райҳона бўл!
Ҳақни айтмоқ фурсати мардона бўл!
Қилма парво маломат уммонига,
Сен амал қил, саломат иймонингга!
Оқибатда муттақийларга салом.
Бир гўдакнинг қиссаси бўлди тамом.

Андерсен эртагининг асосида
Аброр Мухтор Алий