Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Мақолалар»Саробнинг пайдо бўлиши
Facebook
Саробнинг пайдо бўлиши PDF Босма E-mail
Материал индекси
Саробнинг пайдо бўлиши
2
Ҳамма саҳифа

Ким қандай яшаса, шундай ўйлайди.
Абдулла ҚАҲҲОР

Октябр тўнтаришидан сўнг мамлакатда бошланиб кетган биродаркушлик урушининг сабаб ва оқибатлари шу пайтга қадар хаспўшланиб, бирёқлама талқин этиб келинарди. Кейинчалик «умумхалқ инқилоби» дея қайта номланган бу давлат тўнтаришига, айниқса, ундан кейин ўтказила бошланган сиёсатга нима учун ўша халқнинг бу қадар оммавий қарши турганлиги жавобсиз қолаверди. Бу ҳодисани фақат аксилинқилобий кучларнинг ҳийла-найрангию сиёсий онги паст бўлган айрим табақаларнинг қаршилиги дея изоҳлаш тарихий гўллик экан. 1918 — 1921 йилларда рўй берган фуқаролар урушининг шафқатсиз оловида ҳўлу қуруқ бирдек ёнган, ҳануз миқдори қайд этилмаган миллионлаб бегуноҳ одамларнинг қони тўкилган, инсон ҳуқуқлари маҳдудларча топталган, халқ хўжалигининг барча соҳаларида бузилиш, издан чиқиш содир бўлган. Натижада жуда кенг ҳудудларда оммавий очарчилик, қирғин юз берган. Бу хусусда эълон этилган айрим манбаларни қайта такрорлашдан тийилиб, қадим юртимиз тақдири билан боғлиқ баъзи жоиз маълумотларни келтириш билангина чекланамиз. Туркистон МИҚнинг нашри «Известия» газетасининг 1921 йил 2—20 декабр сонларида босилган А. Крутиковнинг «Туркистон» (иқтисодий очерк) номли мақоласида инқилобдан илгари ўлкага кўчиб келган рус деҳқонларига энг унумли ерлар чекланмаган миқдорда бўлиб берилгани, мусулмонлар ўз ерларидан сиқиб чиқарилгани, улардан арзон-гаров ишчи кучи сифатида фойдаланилгани, тажрибасиз ва уқувсиз келгиндилар эса қадимда ўзлаштирилган унумли ерларни ишдан чиқариб келганлиги хусусида рад этиб бўлмас далиллар келтириладида, ўнлаб маълумотлар қатори қуйидаги расмий ҳисоб-китоб ҳам берилади: «Ўлканинг 48,6 фоиз фойдаланишга яроқли ҳудудида турли йилларда тубандаги нуфусда аҳоли яшаган ва яшамоқдадир:
1909 йилда —6.720.000 киши,
1915 йилда — 6.950.000 киши,
1918 йилда — 5.890.000 киши,
1920 йилда — 5.600.000 киши».
Кўринадики, биринчи жаҳон уруши даврида ҳам, зўрлаб мардикор олиш сиёсатига қарамай, аҳоли сони ўсиб борган. 1915 йилдан 1917 йил октябригача бўлган мўътадил табиий ўсишни ҳисобга олмаган тақдирда ҳам,  1917 йил кузидан 1920 йилгача ўтган икки-уч йил оралиғида ўлкада аҳоли 1.350.000 (бир миллион уч юз эллик минг!) одамга камайган. Улар юртдан хорижга чиқиб кетишмаган, чунки айни шу йилларда фуқаролар уруши туфайли Туркистон ҳар томонлама қамал ҳолатида қолган. Бунга қўшимча туғилиш даражаси юқори бўлган ўлкада дунёга келган гўдаклар қурбонлар сонини янада озайтириб кўрсатаётганини ҳисобга олсак... Чўлпон айни кунлардан шаҳодат бераркан:
Қип-қизил қон бўлиб кунлар ботадир.
Ёмон ҳидга тўлиб тонглар отадир...
— дея нолаву афғон тортганди. Ҳар қандай фожеанинг ғоявий асоси ундан анча илгари шаклланади ва барқарорлашади. Чунончи, йўқсуллар даҳоси К. Маркснинг «Биз ишчиларга шундай деймиз: «Сиз фақат мавжуд муносабатларни ўзгартириш учунгина эмас, балки ўзингиз ҳам ўзгаришингиз ва сиёсий ҳукмронликка яроқли бўлишингиз учун 15, 20, 50 йиллаб фуқаролар қирғинини ва турли давлатлараро урушларни бошдан кечиришингиз керак», — деган ўгитларини янги ҳокимият устунларидан бири ҳаётга мана бундай тадбиқ қилади: «Ишда айбланувчининг Шўро ҳукуматига қурол ёхуд сўз билан қарши чиққан-чиқмаганлиги ҳақида маълумот излаб ўтирмангиз. Биринчи навбатда сиз ундан сўрашингиз керак — у қайси синфнинг вакили, келиб чиқиши қандай, маълумоти қанақа ва касби нима! Мана шу саволларнинг ўзи айбланувчининг тақдирини узил-кесил ҳал этиш учун етарлидир». («Красний террор» газетасининг 1918 йил 1 ноябр сонидаги М. Лациснинг мақоласидан.)
Афсуски, аксарият қисми фақат ибтидоий сиёсий саводга эга бўлган Ф. М. Достбевский «иблислар» деб номлаган нигилистлар томонидан бир-бирига қарама-қарши қўйилган омма ўз замонасининг инсонпарвар мутафаккирлари огоҳлантиришларига эмас, балки юқорида келтирилган ноқис тахмин ва кўрсатмаларга бўйсунди...
«Халқ душмани» дея тамға босилган зиёлилардан (Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Мунаввар Қори, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Сулаймон Чўлпон, Абдулла Қодирий ва бошқалар) фарқли ўлароқ,  асрнинг бошларида туғилиб шаклланиш даври 20 — 30-йилларга тўғри келган қарийб барча зиёлиларнинг қарашларига айни бўғиқ сиёсий-мафкуравий муҳит ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Уларнинг маънавий ва эстетик дунёқарашларида ҳам ҳоким мафкуранинг кучли таъсири бўлиб, унинг инъикоси яратилажак асарлар руҳига ҳам кўчди.
Яратилиш тарихи таҳлил қилинаётган ҳар бир муайян асарга ёндашувда, аввало, унинг муаллифи улғайган муҳит, бадиий қадриятлари ва дунёқарашини шакллантирган объектив васубъектив омиллар мунтазам қайд этилса, чиқарилажак хулосалардаги холислик таъминланган бўлади. Акс ҳолда, муаммони тарихий нуқтаи назардан ўрганиш тамойиллари бузилади, илмий мулоҳаза ўрнини тоши енгил фикрлар эгаллайди, таҳлил ўрнига таҳқир, тушинув ўрнига айблов келади, Бу ҳолат, айниқса, истеъдодли ижодкорлар хусусидаги  баҳсларда содир бўлса, қимматли илмий-эстетик сабоқлар эмас, балки зарарли нигилизмни туғдириши мумқин.
Бу — биз ҳисобда тутмоғимиз лозим бўлган биринчи андиша.

Иккинчи томонда бошқа бир ҳақиқат муқим, Истеъдод, агар миллат тақдирига дахлдор бўлса, замоннинг буқаламунлиги, сиёсатнинг найранг ва шафқатсизликлари, ёлғоннинг барча даражадаги кўринишлари, ҳатто жисмоний ўлим қаршисида ҳам собитлиги, бутунлиги ва барқарорлиги билан гавдаланади.
Ўрганилаётган асарга холис ёндошмоқ уни устивор маъ-навий ақидалар, адабиётнинг умуминсоний талаблари, қолаверса, айни халқ, миллат тақдири, унинг келажаги билан боғлиқ муаммолар аспектида ёритиб, сўнг баҳо-лашга киришишни талаб этади. Ҳар қанча аччиқ ва афсусланарли, ҳозирга қадар ўрнашиб қолган мақбул қарашларни ўзгартириб, безовталик туғдириши мумкин бўлмасин, бари-бир, Ҳақиқат, фақат Ҳақиқат изланиши ва бундан ваҳимага тушмаслик лозим бўлади. Чунки бир-икки авлоднинг фожиали ва самимий алданиши ҳали миллатнинг қисмати бўлмай, балки бу алданишни вақтида сезмоқ ва ундан тегишли хулоса чиқариш келгуси бўғинлар баркамоллигига гаров бўлади.
Абдулла Қаҳҳорнинг «Сароб» романини ўзбек ва қардош халқларнинг бир қанча адиблари ўзлари учун маҳорат мактаби, деб билганлар. Асардаги чуқур психологик таҳлил намуналаридан, характер ва ҳолат яратиш усулларидан, сюжет ва композицион яхлитликка эришиш йўлларидан, айниқса, бадиий тилнинг жозиб товланишидан сабоқ олганлар ва олмоқдалар. Роман яратилган пайтидан буён адабиётшуносликнинг диққат марказидан тушмай, ҳали-ҳамон қизғин баҳсларга сабаб бўлмоқда. Асарнинг ғоявий-бадиий хусусиятларйни жиддий ва батафсил таҳлил қилган адабиётшунослар О. Шарафиддинов, М. Қўшжонов, У. Норматов, В. Смирнова, М. Султонова ишлари, нафақат қаҳҳоршуносликнинг, балки ўзбек романшунослигининг ҳам салмоқли ютуқлари бўлиб қолди. Бироқ «Саробага оид мақолаларда романнинг ёзилиш тарихи, муаллифни бу ишга жазм этишида ҳал қилувчи рол ўйнаган сабаблар ҳақида бир-бирини такрорловчи тахминий мулоҳазалардан нарига ўтилмаган. Хусусан, ушбу масала кўтарилганида адабиётшуносларимиз А. Қаҳҳорнинг «Бир хатга жавоб»идаги қуйидаги қисқа изоҳни келтиришади: «30-йилларнинг бошларида тақдир мени буржўа миллатчиларига рўпара қилди, булар менинг нафрат ва ғазабимни қўзғатди, яъни мувозанатимни бузди. Мен ўзимда уйғонган бу туйғуни бошқаларда ҳам уйғотишга енгиб бўлмас хоҳиш сездим. Бунинг натижаси бўлиб «Сароб» романи вужудга келди».
Бу рўпара келиш қандай содир бўлган ва унинг тафсилотлари ҳақида ёзувчи бошқа ҳеч нима айтмаган. Кўпчилик қаҳҳоршунослар томонидан шу фактнинг ўзи роман яратилиши учун етарли сабаб сифатида қабул қилинган ва уларнинг кейинги мулоҳазалари ўзингизга маълум оқибатдир. Адиб 1965 йилда ёзган «Ҳаёт ҳодисасидан бадиий тўқимага» сарлавҳали мақоласида қизиқ бир фактни эслайди: «Бошсиз одам» деган ҳикоям муносабати билан содир бўлган, сиртдан қараганда кулгили, моҳиятан жиддий бир ҳодиса сира эсимдан чиқмайди... Бу ҳикояни 1929 йилда ёзганмак. У вақтда Қўқонда чиқадиган «Янги Фарғона» газетасида ишлар эдим... Ҳикоя «Ер юзи» журналида босилиб чиқди. Шундан кейин кўп ўтмай прокуратурадан чақирув қоғози олдим.
Прокурор мени совуқ қарши олди, ҳикояни ёзган мен эканлигимга ишонгач, бошимга таъна-дашном ёғдира кетди. ,
— Ёзувчилар ҳаммаси қўрқоқ бўлади! — деди...
Прокурорга гап уқтиролмадим.

Бу ҳодисадан ўз вақтида «Сароб» романида фойдаланган эдим. Эҳтимол, бу ҳодиса унчалик ҳам тасодифий эмасдир».
Мана шу «моҳиятан жиддий ҳодиса», бизнингча, «Бир хатга жавоб»да ёзилган «буржуа миллатчиларига рўпара бўлиш» воқеасининг айнан ўзидир. Аввалбошда таъкидлаганимиздек, инқилобдан сўнг зиёлиларни «эски» ва «янгияга, «ўзимизники» ва «ёт»га бўлиш бошланган, натижада марказий шаҳарлардаги зиёлиларнинг асосий қисми хорижга кетишга мажбур этилган бўлса-да, 20-йилларнинг охирига қадар бу сиёсат реакция кўламини олмаган, ижод ва матбуот эркинлиги, фикрий мустақиллик нисбатан сақланган эди. 20-йилларнинг иккинчи ярми, айниқса 30-йилларнинг бошидан мафкура, ижодга муносабат соҳасида ҳам худди иқтисодий ҳаётдагидай зўрлов, буйруқ, марказлашган бошқарув кучайди. Янги тузум камчиликлари хусусидаги мулоҳазалар «тузумга душманлик» деб, маънавий қолоқликка қарши фикрлар «йўқсулларга туҳмат» деб эълон этилди. Худди шу йиллари чор мустамлакачилари учун дастак бўлган «исломпарастлик», «туркпарастлик», «миллатчилик» атамалари ҳам қайта кучга кира бошладики, йўқни йўндирувчи ҳокимият наздида мустамлака тамғалари фикрловчи оммага қарши синашта қуролга айланди. «Ўн саккизлар гуруҳи», «Боту ва Рамз» иши, «иноғомовчилик», «қосимовчилик», «бадриддиновчилик» каби ўнлаб қирғин кампаниялари, аслида 37-йил учун дастлабки тайёргарликлар бўлиб, улар қайси соҳага оид бўлмасин, ҳаммасига айни «ёрлиқ»лар ёпиштирилган. Агар 1930 йилда Ўзбекистон ССЖ Олий судининг раиси Саъдулла Қосимов билан боғлиқ қосимовчиликка қарши машҳур суд жараёни ўтказилган бўлса, орадан роппа-роса икки йил ўтгач, Ўзбекистон ССЖ Олий судининг Бош прокурори Шамсиддин Бадриддинов раҳбарлигидаги бадриддиновчиликни «фош этувчи» янги бир жараён бўлиб ўтди. Биз уларга қуйироқда батафсил тўхталамиз. Ҳозир бўлса бадриддиновчилик суд жараёнини муттасил ёритиб борган «Узбекистанская правда» газетасининг 1932 йил 11 май сонидан то 18 июн сонига қадар берилган хабарлар орасида бир неча марта тилга олинган фактни (унинг тўғри ёхуд нотўғрилиги бошқа масала!) айтиб ўтмоқчимиз. Судда «Янги Фарғона» газетасига алоқадор бир неча киши ҳам гувоҳлик берган. Уларнинг гувоҳлигидан шундай хулоса чиқадики, бадриддиновчилар газета ишига ҳам доимо халақит бериб келганлар, унинг редакциясига ўзларининг одамларини киритганлар, халқ мухбирларига зуғум ўтказганлар, уларнинг долзарб мақолаларини босмай, ҳатто ҳаётларига ҳам тазйиқ қилганлар. Худди шу йиллари Абдулла Қаҳҳор «Сароб» романини ёзиш учун тайёргарлик кўраётган, худди бадриддиновчиликка ўхшаган бошқа бир жараённинг материалларини ўрганаётган эди. Ўз-ўзидан «Янги Фарғона» билан боғлиқ бу гаплар ҳам унинг назаридан четда қолмаган ва ўзи билан содир бўлган «прокурор чақириши» ҳодисаси унга «моҳиятан жиддий» ва «унчалик ҳам тасодифий эмасидек қайта таъсир этган. Бошқа бир томондан эса ҳам қосимовчилик, ҳам бадриддиновчиликка тақалган энг машъум айбловлар «миллатчилик», «пантуркизм», «панисломизм» эди. Бу «исбот қилиб берил» ган ҳақиқат» А. Қаҳҳорга ўзи рўпара бўлган ҳодисани «буржуа миллатчиларига тўқнашиш» деб баҳолаш учун асос бўлган. Қуйироқда бунинг исботини яна кўп маротаба кўрамиз.
Ҳозир эса муҳим бир мулоҳазани, тўғрироғи, тазаррумни айтиб қўйишим керак. Гап шундаки, «Уч «Сароб» номли аввалги мақола («Ёшлик» 6-сон, 1986 йил)да ўша пайтдаги бадиий-тарихий тасаввурим, билимим ва қўл остимдаги манбалар характеридан келиб чиқиб қатор тўғри хулосалар билан бирга эндиликда таҳрир қилиниши шарт бўлган айрим мунозарали фикрларни ҳам билдирган эканман. Аввало, бу мақолада ҳам «Сароб» романининг ёзилиш сабаблари очилмай қолган, фақат унинг қайта ишланиш жараёнига эътибор берилган эди. Бунда ҳам роман танқидининг кўлами асл моҳиятни кўз олдимиздан тўсган, бизни бирёқлама ёндашув йўлига бошлаган, натижада ҳар бир ўзгариш ва таҳрир сабабини нотўғри танқиддан излашга ўтган эканман. Ҳолбуки, мантиқли бир савол бизни доимо сергаклантирмоғи керак эди: агар ўзгаришлар сабаби фақат қатағом йилларининг танқиди бўлса, нега А. Қаҳҳор «Сароб»ни ўша йиллариёқ қайта ёзишга мажбур этилмади? Нима учун фақат 1957 йилда чиққан романнинг иккинчи нашрига ўзгартишлар киритди? Бу пайтда қатағон деярли тугаган эди-ку?!
Биз бу ва бундан бошқа яна ўнлаб саволларни энди ўзимизга бериб кўрмоғимиз, уларга холис жавоб изламоғимиз керак. Давр ҳақидаги, ёэувчи ва унинг асарлари тўғрисидаги ҳақиқат, нечоғли аччиқ бўлмасин, очиқ айтилмоғи, илмий таҳлилга тортилмоғи лозим, акс ҳолда чала ҳақиқатлар занжири бизни келажакдан бенасиб қилади.
Боя бадриддиновчилар процесси бўлаётган пайтда А. Қаҳҳор шунга ўхшаш манбаларни жиддий ўрганаётган эди, дедик. Хўш, ўша материаллар нималар эди?
Кейинги изланишлар давомида А. Қаҳҳор уй-музейида сақланаётган бир қанча адабиётларга мурожаат этдим. Улар П. Алексеенковнинг «Кокандская автономия» — «Қўқон мухторияти» китоби, «қосимовчилик» жараёнини ёритган «Удар по националистической контрреволюции» — «Аксилин-қилобий миллатчиликка зарба» деган китоб ва давлат айбловчиси Р. Катаняннинг шу жараёнда ўқиган айблов нутқи тўлиқ жамланган «Против Касымова, против касымовшины» — «Қосимов ва қосимовчиликка қарши» китобларидир. Шу нарса муҳимки, ҳар учала китобни ёзувчи диққат билан ўқиб-ўрганган, мутолаа давомида китобларнинг ўзи учун муҳим санаган ўринларига қизил ва яшил сиёҳда, қизил, сафсар ва қора қаламда чизиқлар тортган, белгилар қўйган, қисқа-ча мулоҳазалар ёзган, ўқиб тугатгач, саналарни ҳам қайд этган. Хусусан, «Кокандская автономия» китобининг сўнгги саҳифасига «Кахаров 28/11.31» деб, қолган икки китобга бўлса «Абдулла 18/1 У.32» деб сана қўйган. Адиб ушбу китобларни берилиб мутолаа қилаётган пайтда Тошкентдаги Кафанов номли клубда бадриддиновчилик жараёни айни қизғин паллага кирган кунлар эди. Хўш бу суд жараёнларининг, Қўқон мухториятининг «Сароб» романига нечоғли алоқаси бор? Ҳозиргача эълон қилинган мақолаларда, афсуски, бу саволларга жавоб изланмаган. Гўё 20-йилларда ростдан ҳам кучли миллатчилик ташкилотлари кенг иш олиб боргандай, улар Саидий сингари ёшларни ўз таъсирида муттасил бузиб тургандай, давлатга, халқига қарши ҳар қандай ифлос жиноятлардан қайтмай, охир-оқибат ғолиб шўро тузумининг адолатли кураши натижасида мақсадлари саробга айлантирилгандай, Адабиётшунослик, асосан, романнинг қайта ишланган варианти устида мулоҳаза юритганидан (О. Шарафиддиновдан ташқари!) унинг асл нусхасидаги замонабоп ғоявий оҳангларни, кейинчалик олиб ташланган муҳим ўринларни эсламайди ҳам. Натижада «Сароб» романининг ҳаётий асослари, яратилиш сабаблари, прототиплари тўғрисида мавҳум тушунчалар, турли миш-мишлар, бир-бирини инкор этувчи фаразлар ҳақиқат ўрнига даъвогарлик қилмоқда.ҳануз. Романнинг ёзилган пайтидаги ижтимоий-сиёсий муҳитни, ёзувчига таъсир этган объектив воқеликни, адибни шакллантирган мафкура ва унинг эстетик қарашларини тарбиялаган омилларни ҳисобга тортсак, бизнингча, муаммога конкрет яқинлашган бўламиз. Унинг моҳиятини очишда бўлса, бизга А. Қаҳҳор ўрганган ўша давр ҳужжатлари, адибнинг шахсий китоблари ва саҳифаларга ёзувчи қалами билан туширилган белгилар йўл кўрсатса, ажаб эмас.
Туркистон мухторияти, унинг тарихий зарурияти, олдига қўйган мақсад ва вазифалари хусусида сўнгги йилларда ошкора, дадил ва адолатли фикрлар айтилмоқда. А. Қаҳҳор эса мухторият кунларида большевикни «Болишбек» деб юрган, кейинчалик қизил аскар бўлиб уйига «ҳар куни ёғлиқ-ёғлиқ овқат олиб келган» («Ўтмишдан эртаклар»), ҳозирча бўлса камбағал бир темирчининг ўн яшар боласи эди. Мухторият тўғрисидаги маълумотни у қорлар тиниб, излар босилгандан сўнг, 1931 йилда ёзилган П. Алексеенковнинг «Кокандская, автономия» китобидан ва қисман Зиё Саиднинг 1927 йилда нашр этилган «Ўзбек вақтли матбуоти тарихига материаллар» (1870— 1927) китобидан ўрганган ва уларни мутлақ ҳақиқат сифатида қабул қилган. Тилга олинган ҳар иккала манбада ҳам бирёқламалик ва сиёсатга жўр овоз уфуриб турадики, А. Қаҳҳор уларни рост деб қабул қилгани ва... тўғридан-тўғри «Сароб» романига пойдевор қилиб олганини: қуйидаги солиштирувлардан секин-аста билиб борамиз.
П. Алексеенков китобининг ушбу ўринлари остига ёзувчи қизил қалам билан чизиб қўйган (кўп минг сонли ўқувчиларимизга тушунарли бўлмоғини ўйлаб ўрисча манбаларнинг сўзма-сўз таржимасини беришни маъқул топдик)