Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Ҳар-хил мақолалар»Бобур: Шоир кўнгли ва шоҳ сиёсати
Бобур: Шоир кўнгли ва шоҳ сиёсати PDF Босма E-mail

«Бобурнома»нинг хоҳлаган саҳифасини ўқиб, бугун учун бир ажиб хулоса топасиз. Бу самимий ва тиниқ, аниқ ва пухта, қалб эҳтироси-ю ақл қудрати бўртиб турган ўзбекона жумлалар замирида буюк бир шахс, кучли бир тийнат, теран бир нуқтаи назар, қатъий бир сийрат, бугунги тушунчалар билан айтганда, юксак даражада тизимлашган миллий мафкура бор.

Бобур лашкару аъёнлари билан бирга Ҳиндистонга юриш қилиб, уни эгаллади. Албатта, халқ ўз-ўзидан, шунчаки даъват билан Бобурга эргашиб кетаверган эмас. Бобур Мирзонинг одамлардан кўзда тутган қатъий мақсад ва очиқ манфаати шу эдики, кемага кирганнинг жони - бир: «Мен ўтқа, сувға кирсам-чиқсам, бетаҳоший (ўзбошимчалик қилмасдан) булар била (бирга) киргайлар ва била чиққайлар. Мен ҳар сориға бўлсам, алар менинг сори бўлғайлар». Шундагина мақсад бирлигига эришилади.

Бунинг акси бўлиши мумкин эмас. Улар менинг мақсадимга хилоф сўз айтмаслиги, ўзаро кенгашиб, маслаҳатлашиб буюрилган ҳар иш ва топшириқни бажаришга киришаётганда ҳали мажлис тарқамасдан турибоқ ундан қайтиш каби ҳодисалар юз бермаслиги керак, дейди Бобур.

...Бизда исиниб олиш учун ҳаммом барпо этилади. Ҳиндистон шунчалик иссиқки, ҳаммомни салқинлашга мослаб қуришади. Бунинг устига, бобурийлар Кобулдан чиқиб, Ограни эгаллаганлари йили ҳаддан зиёд иссиқ келган эди. Гарм­сел эсиб, бунга ўрганмаган одамларни қаттиқ ҳолдан тойдирди. Бобурнинг ўзи ёзганидек, улар «Ҳиндистонда турмоққа рози эмас эдилар, балки кетарга юз қўюб эдилар».

Нима қилиш керак?

Бобур барча бекларни кенгашга йиғади-да, улар олдига қатъий талаблар қўйиб, оташин нутқ сўзлайди:

«Салтанату жаҳонгирлиғ беасбобу олот даст бермас. Подшоҳлиқу амирлиқ бенавкар ва бевилоят мумкин эрмас. Неча йил саъйлар қилиб, машаққатлар кўруб, узоқ ерлар қатъ этиб (босиб ўтиб), чериклар юруб (лашкар тортиб), ўзумузниву черикни ҳарбу қитол мухотаралариға (уруш ва ўлим хатарларига) солғайбиз. Тенгри инояти била бу навъ қалин ёғиларни (душманларни) босиб, мундоқ кенг мамлакатларни олғайбиз.

Ҳоло (эндиликда) не зўр келибтуру не зарур қилибтурким, мундоқ жонлар тортиб олғон вилоятларни бежиҳат (сабабсиз) солғайбиз (ташлаб кетамиз), яна бориб, Кобулға тангдастлиғ ибтилосиға (қўли калталик бошланишига) қолғайбиз?!

Ҳар ким давлатхоҳдур, мундин сўнг мундоқ сўзларни айтмасун! Ҳар ким тоқат келтура олмай, кетарға юз қўйса, борғонидин қайтмасун!..»

Вазият Бобурдан бекларига шундай дағдаға қилишни, улар олдига шундай қатъий вазифаю шарт қўйишни тақозо этар эди.

Жангларда кўп мардликлар кўрсатган Хожа Калон, барибир, Ҳиндистонда қолишни истамади. Охири, Бобур Мирзо уни Кобул ва Ғазнига юборилаётган сов­ға-саломларни олиб борувчиларга бошлиқ қилиб тайинлаб, қайтишга рухсат берди. Унга Ғазни, Гардиз ва Султон Масъудий ҳазорани иноят қилди. Яъни Бобур бек норизо бўладиган бирор иш қилгани йўқ.

Бироқ...

Хожа Калон Ҳиндистондан кетаётганида ўзи турган уйнинг иморати пештоқига «Ҳиндистонингни елкамнинг чуқури кўрсин» қабилидаги «Ҳинд юртидан эсон-омон қайтиб, уни яна орзу қилар бўлсам, юзим қора бўлсин» деган байтини битиб кетди:
Агар бахайру саломат гузар ба Синд кунам,
Сиёҳрўй шавам, гар ҳавойи Ҳинд кунам.

Ана холос!

Хўш, бунга Бобур нима дер экан?

Айтарини айтди, албатта: «Биз Ҳиндус­тонда туруб, мундоқ зарофатомиз (камситадиган) байт айтмоқу битмоқ бесувраттур (маъқул эмас)».

Чунки бундай шеърни айтиш ҳам, уни уй пештоқига ёзиб қўйиш ҳам бобурийларнинг Ҳиндистондаги сиёсати манфаатларига зид ва халал бергувчи ҳодиса эди.

Бобур Мирзонинг ҳукми қатъий: «Кетмакдин бир кудурат (хафачилик) бўлса, бу навъ зарофаттин икки кудураттур!»

Шоир эмасми, бу воқеадан хабар топган Бобур ўша заҳоти бадиҳа (ёдаки шеър айтиш) йўли билан бир рубоий тўқийди-да, қоғозга битиб, орқадан Хожа Калонга жўнатади:
Юз шукр де, Бобурки, караму ғаффор,
Берди сенга Синду Ҳинду мулки бисёр.
Иссиқлиғиға гар санга йўқтур тоқат,
Совуқ юзини кўрай десанг, Ғазни бор.

Бу нима, манфаатлар тўқнашувими? Ундай бўлса, биз тушунган мафкура - худди шу!

Бир инсон бегона юрт иқлимига кўниколмаган бўлса, шуни шеърга солса, нима қилибди! Шоир Бобур буни ажабтовур тушунади. Аммо бу шоҳ Бобурга асло ёқмайди. Чунки шугина икки қатор шеър унинг сиёсатига, демакки, тузган давлати манфаатига қарши эди, унинг ана шу сиёсатига халал келтирар эди, албатта.

Аввало, ёзмасин эди. Ёзса ҳам, жилла қурса, элга, хусусан, ҳинд халқига бундай ошкор қилмасин эди. Ахир, Хожа Калон кетаётган бўлса ҳам, биз шу ерда қоляпмиз-ку, дейди у.

«Бобурнома»да бунга ўхшаш мафкуравий ўринлар сон-минг. Шунинг учун ҳам адабиётни мафкурадан холи ҳолда тасаввур қилиб бўлмайди.

Султонмурод Олим