Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Бадиалар»Сариосиё шамоллари
Facebook
Сариосиё шамоллари PDF Босма E-mail
04.08.2013 08:46

«...ОСИЁДАН НАРИ ОСИЁ»

Бир замонлар, дейлик, 1500 йилларда рўйи заминда Сариосиё деган манзил бўлганми, йўқми, биз огоҳ эмасмиз. Ундан юз йил кейинги тарих учун ҳам ушбу сўз бамисоли коинот қаъридаги кўринмас юлдуздай гап. Бироқ, 1880 йилда Санкт-Петербургдаги Рус императорлиги Бош штабига қарашли Ҳарбий Топографик Бўлимнинг хариталар заводида босилган харитада қайд этилган ном, мана, орадан салкам 120 йил ўтгандан сўнг ҳам мавжудлигини инобатга олиб, тусмолласак, демак у 100-120 йиллар аввал ҳам бу кўҳна фалак остида пайдо эканини тахмин қилишимиз мумкин.
Шоир Хуршид Даврон Сариосиёни қадимий Бақтрия мамлакатининг пойтахти Зари Асп деган сўзга уйқашлиги йўқмикин, деб фараз қилади, яна бир тарихшунос шоир бу номни Зараустра, Зараутсой сўзларининг чеварасининг чевараси деб атайди. Нима бўлганда ҳам, Сариосиёнинг Қоровултепасидан топилган сопол идишлар бу ерда эрамизнинг I-III асрларида ҳам маданий-маиший ҳаёт мавжуд бўлганидан гувоҳлик беради. Телпакчинордаги Оқ Остона бобо мақбараси эса Х аср охири, XI асрнинг бошларида бунёд этилгани тарихий манбалардан маълум. Япон халқининг фидойи қадимшуноси жаноб Като бобонинг бир неча бор мазкур қадамжога келиб, қизиқиб, иштиёқ билан кўҳна ғиштлару тепаликларни синчиклаб ўрганиб кетгани ҳам, ушбу тупроқнинг тамаддун тамирлари япон, демакким, умумжаҳоний маданиятга бориб тақалишидан гувоҳлик беради.
Бир замонлар бу манзилга биттагина кўприк, яъни Искандар Зулқарнайн кўприги (маҳаллий халқ тилида Македон кўприги)дан ўтиб келинган. Ушбу кўприк, ривоятларга қараганда, Абдуллахон (1557-1598) замонида қурилган. Ҳозир эса Термиздан Сариосиёга келгунча ўнлаб кўприклар, кўприкчалардан ўтмоқ лозим бўлади.
Бир замонлар бу ерлар у ёғи Боботоғ этакларигача, бу ёғи Дашнобод (юқоридаги китобда келтирилишича Даштиноввот) қирларигача тустовуқлар, қирғовуллару какликлар сайраб юрган қуюқ тўқайзор бўлган дейишади.
Бир замонлар тожик халқининг улуғ шоири, Ғафур Ғулом муаллимнинг яқин дўсти Мирзо Турсунзода Тошкентга ўқишга кетаётиб, Ҳасан аравакашнинг аравасида толиқиб қолганда, Тўполондарё бўйларида дам олиб, ажиб ўй-хаёлларга ошно бўлган хушҳаво макон.
Бир замонлар бу тоғларнинг ҳозиржавоб бахшиси Ваҳоб шоир ўз фарзандининг ортидан зору нолон қолиб, унинг изидан фироқ чекиб, одамларга қараб бундоқ деган экан:

Кўринганлар тоғу тузим,
Туман бўлди манинг юзим.
Ўйилибди икки кўзим,
Қўйимдан айрилган қўзим,
Ёлғон эмас айтган сўзим:
Сафарим бор Тошкангача.

— Ўҳ-ҳў! — деган экан халойиқ. — Тошканга қандоқ борасан, оламжаҳон йўл бўлса?
Бир замонлар нуктадон шоиримиз Султон Акбарий мактаб ишлари билан енг шимариб бу манзил сари йўлга отланганда, темир уловнинг шалақлигию йўлнинг носозлигидан чарчабми, шеърий мутойиба қилган экан: «Сариосиё, Сариосиё, Осиёдан нари Осиё.»
Мумтоз шеъриятимизда чархи фалакни Осиё, яъни тегирмонга ҳам ўхшатишган. Номнинг рамзийлиги, замонларнинг эврилишини қарангки, бугунги кунда Сариосиё, Узун ҳудудларида тегирмонлар кўпайиб кетган. Бу — яхшилик аломати, дон-буғдой сероблиги белигиси.
Бир замонлар бу мулкда Жума Пирназаров, Гулат Хидиров, Сафар Кассиров, Бобомурод Омонов сингари донгдор раислар ўтган. Бу жафокаш зотлар фақат бир нарсани — меҳнат қилишни, ўз элига ён босишни билган, уволу савоблари ўзлари яшаган тузум бўйнида.
Булар бари бир замонлар бўлган гаплар. Ҳозир эса ...

ПАХТАНИ ЎЗБЕКЧА ГАПИРТИРГАНЛАР

Ҳозирги кунда Сариосиё — мустақил Ўзбекистонимизнинг Сурхондарё вилоятидаги йирик туманларидан биттаси, 130 мингдан зиёд аҳолиси, тўрт минг квадрат километр ер майдони мавжуд. Туман халқ хўжалиги асосан пахтачилик, ғаллачиликдан иборат, чорвачилик, саноат, кичик корхоналар тизими, тадбиркорлик ҳам кенг ривожланган.
Устозимиз Абдулла ака «Мабодо ўсимликка забон битса, албатта, Пахта нави энг аввал ўзбекча гапирарди» деганларидай, сариосиёлик деҳқонлар пахтани ана шундай ўз тилларида сўзлата олган, яйратиб сайрата олган ерпарвар инсонлар. Вилоятдаги энг ёш раислардан бири Бахтиёр Раҳмонов бошчилигидаги «Сариосиё» ширкат хўжалигидан тортиб Искандар Диёров номидаги ширкат хўжалигининг тажрибали раиси Султонмурод Сатторовгача, Дашнободу Сафар Кассиров, Сўфиён, Бобур номидаги хўжаликларнинг серғайрат, беҳаловат, тупроқнинг ўзидай хоксор раҳбарларию деҳқонларига қадар — барча каттаю кичикнинг чеккан заҳматлари бесамар кетмади.
«Ернинг тилини билиш керак. Ер ҳам гапиради. Ерни тушуниш керак. Ернинг ҳам жони бор.»
Бу — мамлакат Президентининг воҳа деҳқонлари билан бўлган гурунгда айтган гаплари.
Мана, энди икки деҳқоннинг суҳбатини эшитинг:
— Э, Бобоназарбой, мен ерсиз, даласиз туролмайман. Кечаси ҳам шу ерларни қучоқлаб ётсам дейман.
— Шошманг, Рўзибой шошманг! Қучоқлаб ётишга ҳали улгурасиз. Ҳозирча ерда ишлаш керак. Ерни боқиш керак. Қани, сувди очинг...
Буни болалигимда далада ўт юлиб юрган пайтда эшитганман. Ер ҳали ҳам ўша-ўша. Ерга меҳр ҳам, ернинг меҳри ҳам ўзгаргани йўқ. Фақат эгаси ўзгарди, аниқроғи, ер ўз эгасига, яъни ўзимизга қайтди. Пахта ҳам ўша пахта. Фақат меҳнатни биз қилардигу, пахтамиз тайёр бўлгандан кейин эса бошқа тилда гапириб кетарди. Ўзбекча сўйлай оладиган буғдойларимиз борлигини ҳам шу замонларга келиб билдик.
Дарвоқе, сариосиёлик деҳқонлар бу йил ҳар йилгидан кўпроқ ғалла етиштирдилар. Шартномавий режа мамлакатда биринчи бўлиб бажарилди. Яхши меҳнат қилган деҳқонларнинг уйлари буғдойга тўлди. Бир ярим тоннадан саккиз ярим, ҳатто ўн тоннагача оилавий фойда олиб, яйраб юрганлар бор. Янгалар акаю тоғаларнинг атрофида гирдикапалак, тиллари ҳар қачонгидан ширин. Келинлар тандирларни тўлдириб нон ёпганда, энди иккитадан эмас, бемалол тўртадан иссиқ нонни дастурхонга ўраб оналарига юборишади. Шамол эсганда эса уларнинг зулфларидан нон иси келади.

УЙҒОҚ ОДАМЛАР

Вақт алламаҳал, ярим кечаси ҳовлимиздаги отамерос сўрида уйқум қочиб, баланд, сершох толнинг қуюқ барглари аро ярқираб кўринаётган кумуш юлдузларга қараб ўйланиб ётибман. Тоғлардан эсган кучсизгина бир эпкин тол барглари ичидан чиқолмай қолгандай, барглар уни қўйворгиси келмаётгандек. Ёзнинг илиқ, сокин бир кечаси. Чигирткаларнинг тунги “концерти” ҳам охирлаб қолган. Бир маҳал кутилмаганда қишлоқнинг қоқ ўртасидан машинанинг ваҳимали узун-узун “бибиб”лагани тун сукунатини бузиб юборди. Онам ҳам ухламаётган эканлар, овоз бердилар:
— Эшитяпсанми, болам, ана шу ҳоким бўлади, ҳокимнинг мошини. Раисни уйғотяпти. Уйғотмагунча қўймайди.
—  Раисни нега уйғотади? — дебман мен ҳам ҳеч нарсага тушунмай.
Онам яна давом этдилар:
— Ажаб беҳаловат ҳоким экан бу. Раисдан тортиб биргаду сувчиларгача уйқу бермайди. Ҳаммасининг ковушига чўғ тайлаган. Қани ишламасин-чи!
Секин болишим ёнидаги рақамлари “ёнарқурт” соатимга қарайман: ўнта ками уч. Ярим соатдан сўнг тонг отади. Ғимирлаб қолганимни илғаб руҳланган онам деҳқончилигу ғалла, одамларнинг турмушу рўзғори, даромадию кайфияти ҳақида “ахборот” берадилар:
— Шундай қилгани учун ҳам буғдой кўпайди-да. Аввало Худоку-я, лекин Мелиқул борку, дўхтир жўрангни акаси, ана шу ўғли билан беш гектар ердан 27 тонна буғдой олди, қирқ тўрт сентирдан. Олти тўннасини ҳоким ўзига берди.
Ярим кечаси отамерос сўрида мен бир зум ичида катта хўжаликнинг бори иқтисодий аҳволи тўғрисида ҳамма маълумотни онамдан билиб оламан. Кейин тонг отади.
— Мен сигиримни соғай, болам, сен ухла, дамингни ол, — дейдилар онам.
Бу бир қизиқ кеча бўлди. Мен кейин ухлолмадим. Болалигим кечган шу қишлоқ кўчаларини, онам, опа-сингилларим кетмон чопган, пахта терган, ўзим қўю сигирларимга ўтлар ташиганим дашту далаларни, ётиблар сувлар ичганим ариқ-жилғаларни ўйладим, яна шоирона хаёлларга берилдим, қай бир гўзал шоирнинг “Саҳар туриб соққан сутинг ҳам қуйилади менинг шеъримга”, деган ажиб сатрларини эсладим. Кўнглим ёришиб, ўрнимдан турдим.
... Бу қишлоқ, бу далаларнинг тарихи ўтган асрнинг 30-40 йилларига бориб тақалади. Яхлит тўқайзорлару қамишзорлардан иборат ерлар халқнинг меҳнати билан обод хўжаликка айланган, унинг тараққиёт паллаларию қолоқ, хароб даврлари ҳам кўп бўлган.
— Мен урушдан келганимда Муҳиддин амакинг бўлажак уйига иккинчи пахсани ураётган эди, — дея эслардилар раҳматли отам.
Кассиров бобо, ҳайбатию шоп мўйловларидан от ҳам ҳуркийдиган раисни кексалар ҳали-ҳамон гапириб юришади. У кишининг тарихи узоқ, анча йиллар шу хўжаликда раислик қилган. Меҳнату заҳматлари синггани, донғи кетган инсон бўлгани учун ҳам мустақилликнинг илк йилларидаёқ хўжаликка у кишининг номи берилди.
Кун ёришгач элу хешларни, ёру дўстларни кўраман, деб кўчага чиқдим. Қайси гўша, қай хонадонда бўлмайин — шу гурунг. Бу одамларга тилло берсанг ҳам кўнглига сингишмаган, элга қайишмаган нобоп, нопок кимсани ҳеч қачон мақтамайди. Муҳтарам элбошимиз халқ ва адолат ҳақида гапирганида, раҳбар деган адолат мезонини энг аввало ўзи, ўз мисолида кўрсата билмоғини ҳам назарда тутган эдилар. Халқнинг кўнглини кўтарадиган, эртанги кунига, ҳаётига ишонч ва умид уйғота оладиган, оғирини енгил қила биладиган раҳбарларга эл, одамлар сўрамасангиз ҳам таҳсин-тасанносини айтаверади, дуойи жонини қилади.
Мен — онамни кўргани келган, бор-йўғи уч-тўрт кунлик меҳмон, эрта-индин жўнаб кетадиган бир йўловчи, лекин бу одамлар, бу инсонлар. Буларнинг дарду ҳасратини, қувончу ташвишини ёддан биламан. Қай бири қандай рўзғор кечиришини ҳам айтиб беришим мумкин. Гап бунда эмас. Гап шуларнинг кайфиятида. Анчадан бери ҳамқишлоқларимни бундай кўтаринки кайфиятда кўрмаган эдим. Ҳаммасининг димоғи чоғ, кўнгиллари ёришган. Чунки, меҳнат қилган, меҳнатининг натижасини кўрган, рағбат олган, рўзғори тўлган.
— Эҳ-ҳе, — дейдилар онам, — буғдой пишганидан буён тегирмонлар ҳали тингани йўқ.

«МЕН ҒЎЗАНИ СЎРАСАМ, БУ ШЕЪРИНИ КЎРСАТАДИ»

Сафар Кассиров номидаги ширкат хўжалигида бир ажабтовур инсон бор. Аҳтамқул, Аҳтамқул Карим. Хўжаликда ҳосилот бўлиб ишлайди. Камтар, камгап. Доим жим юради. Кўп китоб ўқиган, саводи баланд. Бир пайтлар журналистикага кираман деб киролмай қолган. Оилавий шароити йўл қўймаган кейин. Ўзи яхши, самимий шоир. Шеърлари дарров ёдда қолади. «Бодомгинам» деган шеърий китоби сабаб, кўпчилик унга «бодомгинам» дея ҳазиллашади. Кўп меҳнаткаш йигит, саҳар туришни, далаларни кезишни яхши кўради. Унга ярим шоирона, ярим мухбирона савол берамиз:
— Қани, Аҳтамқулбой, шоир бўлсангиз, бу тонг еллари, пахтазор шамоллари ҳақида фикрингиз қандай?
У саволимизни жиддий қабул қилади, бир қизариниб олиб, қимтиниб, кейин жиддий жавоб беради:
— Сариосиё шамоллари ўзи бўлакча-да. Тўполондарёдан эсадими, Хўжапирях чўққиларидан келадими, ишқилиб, одам мазза қилади-да.
Ҳосилот шоиримиз ҳақиқатан ҳам самимий, худди ўзидай, ўзининг феълу атворидай тўғри жавоб қилди. У даласини, ерини, юртини сидқидилдан суйгани, бу момо тупроққа меҳри баланд бўлгани учун ҳам саҳар туришни, далаларни айланишни, тонг шамоллари билан суҳбатлашиб юришни яхши кўради.

Булбул, отам боғларида наво қилиб куйлайвергин,
Болам, Ватан тупроғида сен югуриб ўйнайвергин.
Қалам, менинг дардларим кўп, билсанг, ёниб адо бўлдим,
Қоғозларга дардларимни ҳар кун ёзиб йиғлайвергин.
Мен умримнинг йўлларини эгатларга ўхшатаман,
Агар сенга керак бўлсам, эгатлардан излайвергин.

Бир куни сув танқислиги пайти туман ҳокими хўжаликларни айланиб юрганда, иссиқда даланинг қоқ ўртасида у ёқдан бу ёққа ивирсинаётган кишини кўриб, йўл бўйида машинасини тўхтатади-да, пахтазор оралаб ёнига боради. Далага сув келмаган, ғўзалар қовжирай бошлаган. Ҳосилотни кўриб, ҳоким жаҳл қилгандай бўлади: «Пахта бу аҳволда, сув қани, нима қиляпсиз?» деса, Аҳтамқулбой ҳеч важ-карсон кўрсатолмай, охири чўнтагидан букланган қоғоз чиқаради-да, шундоқ дейди:
— Ҳоким бува, шу... бугун эрталаб бир тўртлик ёзувдим, шуни бир эшитиб кўрасизми?
Ҳоким шарақлаб кулади-да, «Сувга ҳам қаранг!» деб жўнаб қолади. Даладаги бу «шеърий лаҳза» кейин кўп йиғинларда ҳаётий мисол сифатида тилга олинади. «Мен бундан ғўзани сўрасам, бу менга шеърини кўрсатади» дея ҳоким бува мажлисларга «шеърий руҳ» бағишлайди.
Аҳтамқул аруздаги машқлари — ғазалларига «Аҳтамқули» деган тахаллус танлаган. Буни бир овоздан қўллаб-қувватладик. «Махтумқули бобо ҳам энди ёлғизланиб қолмайди» дея қофия қилдик.
Хўжалик ишларига қайтадиган бўлсак, бу йил ҳисобидан олинган даромад 597 миллион сўмни ташкил этди. Бу — айтишга осон. Рақамларнинг ортида минглаб одамлар — ҳосилотдан тортиб сувчилару фермерлар, мактаб ўқувчисидан то механизаторлару қиз-жувонларгача — кексаю ёшнинг заҳматларию пешона тери ётибди. Хўжаликнинг ғайратчан раиси Нурмуҳаммад Каримов ўзи брезент этик кийиб, далада тонглар оттирди. Ишга келганига эндигина икки йил тўлган бўлса-да, бу ерда анча-мунча янгиликлар қилинди. Галабутта қишлоғига уч километрлик газ қувурлари ўтказилди. Тўртта дала шийпони қурилди, Деҳқонобод қишлоғининг бир қисмига асфальт ётқизилиб, хўжаликнинг дам олиш маскани деярли қайтадан барпо этилди, яна 70 миллион сўмга янги трактор олинди. Катта дамариққа оқизилиб, ундан кучли насосларда йўғон қувурлар орқали чиқарилган Тўполондарёнинг суви икки-уч қишлоқ аҳолисининг эҳтиёжини қондираётганига қарамай, ичимлик сув муаммоси ҳамон кун тартибида турибди. Бир мўъжазгина хўжаликда бир йил, ярим йил ичида шунчалар ўзгариш. «Одам билан гўзалдир макон» деганлари шу бўлса керак-да.

МАКТАБДАГИ «РОБИНЗОН КРУЗО»

45-ўрта мактаб — тумандаги катта илм масканларидан. Не-не камтарин муаллимлар, хоксор ҳам фақирпеша қанча устоз-мураббийлар дарс бермаган бу даргоҳда. Неча-неча авлодларнинг орзу-умидларини вояга еткизиб, катта ҳаётга парвоз эттирган қутлуғ, табаррук макон.
Мактаб ҳар қандай ҳолатда ҳам обод, озода ва саришта бўлиши керак. Лекин бу мактаб анча йиллардан буён таъмир нима, тоза бўёқнинг ҳиди қандай бўлади — билмай келди. Бу ерда чин маънодаги ғимир-ғимир шу йилнинг баҳоридан бошланди. Авваламбор, ҳокимликнинг жиддий эътибори, сўнгра узоқ йиллар шу мактабда адабиёт ўқитувчиси бўлиб ишлаган, эски муаллим — янги директорнинг мактаб аҳлини ҳам, ота-оналарни ҳам ҳайратга солган ногаҳоний ғайритабиий ғайратию шахсий ташаббускорлиги узоқ кутилган таъмир ишларининг алал-охир бошланиб кетишига сабаб бўлди.
Директор ишни тартиб-интизомдан бошлади. Дарслар тўлиқ ўқитилиши, бирорта дарс бўш қолмаслиги керак. Кейин ўтириб олиб, шу мактабда ўқиб кетган, ҳозирги кунда сармоядор бўлиб қолган тадбиркорлар, амалдорларга «қурблари етгунча таъмирга ёрдам беришларини» сўраб расмий хат билан мурожаат қилди. Ўн етти кишидан бор-йўғи биттагина «садо» келди. Сариосиё савдо акциядорлик жамиятининг раисаси Раҳима Бобоева дарров 200 минг сўм ёрдам пули ўтказди. Бу гап-сўзлардан хабар топган қўшни «Сариосиё» ширкат хўжалиги раиси Бахтиёр Раҳмонов, ўзи бу ерда ўқимаган бўлса ҳам, «Адабиёт синфи» билан ўқитувчилар хонасини тўлиқ таъмирлаб беришни ўз зиммасига олди. Яна бир «бегона» раис Нурмуҳаммад Каримов «Ҳорманг, ҳорманг!» деб хабар олиб турди. Энди яна бир хайрихоҳ зот — қўшни Денов туманидаги «Лочин» фермер хўжалиги раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Аҳмад Нарзуллаев ҳам бу хайрли ишларга ўз улушини қўшмоқчи. Директор адабиётчи эмасми, бу беминнат мададкорларга «Маърифатпарвар раислар бор бўлсин!» деб жуда чиройли ибора билан раҳматнома билдирди.
— Бу йил ёзги каникулга чиқмаймиз, — деди у ўқитувчиларни йиғиб, — мактаб таъмирини ўзимиз қиламиз.
Ва ўзи ҳам коржома кийиб, почаларини қайириб, енгларини шимарибон ишга киришиб кетди.
Янги ўқув йилига яқин ҳоким иштирокида Тошкентдан вазирликнинг нуфузли комиссияси мактабга келганда ҳамма қизғин иш билан машғул эди. Комиссия раҳбари узаласига ётиб олиб, дарвоза панжарасини пайванд қилаётган киши билан саломлашгандан сўнг, «Директор қаерда?» деб сўраса, у киши чанг қўлларини эгнига артиб, «Директор мен бўламан, келинглар, хуш кўрдик» деганида ҳамма ҳангу манг бўлиб қолганди.
Муаллимлар байрами куни туман марказидаги мактаб директорларидан бири «Қани домла, ҳеч кўринмайсиз-ку?» деб саволга тутганда жуда қизиқ ва жўяли жавоб берган:
— Етти ойдан буён ҳеч қаерга чиқмай Робинзон Крузодай мактабда ётиб юрибман! Таъмирни тугатдик. Энди бизнинг мактабни кўргани келсангиз бўлади.
...Мактаб остонаси бирор замонда ҳам бунчалар гулга кўмилмаган эди. Ранг-баранг, анвойи гуллар. Кўкламда экилган эди, мана энди кўчани ҳам, мактабни ҳам рангу ифорларга тўлдириб, чаман-чаман очилиб ётибди. Исларидан сармаст бўласиз. Шамол эсганда уч-тўрт чақирим узоқда бўлсангиз ҳам, димоғингизга урилади. «Иброҳим муаллимнинг гуллари, — дейсиз меҳмонингизга. — Ҳозир кўрасиз.»
Мумтоз адабиётнинг билимдони, Самарқанд Давлат университетида таълим олган, Мир Алишер Навоийни пир деб биладиган адабиёт муаллими Иброҳим Сафаров ҳазрат ёшида бўлса-да, ҳафсаласи қирқ яшар Бобур Мирзонинг ғайратидай.
— Яхши ўқисанг яхши инсон бўласан, Ватанингга чин фарзанд, ҳақиқий мададкор бўласан, ўқимасанг агар ўзингга хизматкор, рўзғорингга мардикорчилик қилиб умринг ўтади, — дейди муаллим дангасароқ ўқувчиларга. — Шунинг учун эсингни йиғиб, каллангни жойига қўйиб ўқи!
Ҳозир мактаб стадиони, спорт залини жиҳозлаштириш ишлари давом этаётир. Каратэ тўгарагига ўқувчилар катта иштиёқ билан қатнашмоқдалар. Директорнинг беғараз фодойилиги, жонкуярлиги қатор рағбатларга сабаб бўлди. Ҳокимлик компьютерлар совға қилди. Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов дил сўзлари битилган китобларини, «Тасвирий ойина» республика ижодий уюшмаси эса мустақиллигимиз, конституция, ҳарбий ватанпарварликнинг мазмун-моҳиятини тушунтириб берувчи кўргазмавий суратларнинг катта мажмуини туҳфа этди. Гуллар эса... гуллар қулф уриб очилиб ётибди. Бу ерда билим олаётган ўғил-қизлар ҳам гулга ўхшайди. Ҳаёту тирикликнинг, орзу ва умиднинг тирик ва тоза гуллари.

БРАТИСЛАВАЛИК МЕҲМОН

Машинамиз сал «хархаша» қилгани учун йўл-йўлакай бир устаникига кирдик. Остонақул уста. Не кўз билан кўрайки, бизга мактабда инглиз тилидан дарс берган домламиз Остонақул Турдиев. Қизиқ учрашув бўлди. Домла мошин қолиб, сўрига тортди, дастурхон келтиришни буюрди.
— Яхши келдингизлар-да, — деди Останақул ака, — пойқадам-да, кеча Братиславадан меҳмон келувди, бугун сизлар — Тошкентдан, насибани қаранг, қўй сўювдик, энди бафуржа ўтирасизлар.
Братислава қаердаю Сариосиё қаерда, биз дунёнинг бу чеккасидаги кичкина қишлоққа, оддий бир муаллимнинг уйига дунёнинг у чеккасидаги узоқ мамлакатдан қанақа меҳмон келишини билолмай гаранг эдик. Остонақул ака тушунтириб берди:
— Ҳайрон бўлманглар, меҳмон ўзимиздан, ўзимизнинг ўғлимиз. Братиславадаги Жаҳон иқтисодиёт университетининг талабаси. Халқаро алоқа ва дипломатия факультетида ўқийди. Иккинчи курсга ўтди. Каникулга кепти.
Яхши гап яхши-да! Яхши, ўқимишли, одобли ўғил, ўз келажагини ўйлаб интиладиган, ҳаракат қиладиган фарзанд ҳаммасидан яхши!
Хусрав Турдиев эндигина йигирма тўртга кирибди. Термиз Давлат Университетини битиргандан кейин, Ўзбекистон Миллий Университетига ўқишни давом эттириш хоҳиши борлигини билдирса, отаси: «Болам, менинг пулим йўқ, ғайратингга ишонсанг, ўзинг биласан» деган экан. Буни қарангки, бир сўзли ўғил ўша йили ўз кучи билан имтиҳонларни муваффақиятли топшириб, Братислава университетининг яккаю ягона гранти соҳиби бўлибди.
Биз кейин Шарғун шаҳридаги иқтидорли болалар мактаб-интернатида бўлган учрашув чоғида ҳам Хусравга ўхшаган билимли, мақсаднинг ёқасидан маҳкам ушлаган қатъий ниятли ўғил-қизларимиз билан танишдик. Бу билим даргоҳининг тўрт нафар талабаси Америка Қўшма Штатларининг турли дорилфунунларига кириб ўқишга муваффақ бўлган. Мактабнинг икки нафар муаллими ҳам хорижий университетларда амалиёт сафарида бўлиб қайтган.
Мен кишини қувонтирадиган, ҳавасини келтирадиган бу ҳолатларга ташбеҳ изладим. Шамол пайти эпкинлар баргларни кўтариб, серҳосил дарахтнинг мевалари ярқираб кўрингани янглиғ, бу ўғил-қизлар эркин, озод Ватанимизнинг асл мевалари. Ҳуррият шамоллари ҳаёт япроқларини эркалаб, энди уларни бутун жаҳонга кўрсатаётир. Шундай пайт муҳтарам Юртбошимизнинг ёш авлодга қарата айтган сўзлари нақадар ғурурбахш жаранглайди: «Эзгу мақсадлар билан қўйган қадамларингиз қутлуғ бўлсин!»

*  *  *

Бутун мамлакат қандай эзгу ташвишлар билан яшаётган бўлса, бугунги кунда Сариосиёда ҳам ҳар бир соҳада шу ҳолатлар намоён. Ҳамма-ҳаммаси яхшилик учун, ёш авлод тарбиясию эл-юрт равнақи учун қилинган, қилинаётган эзгу амаллардир.
Биргина Тўпаланг сув омбори ва ГЭС қурилишларида сарфланаётган миллиардлаб маблағлар яқин келажакда бутун воҳанинг ободонлиги учун катта самаралар беради. ГЭС ишга тушгандан кейин Сурхондарё Ўзбекистонимизнинг энг мунаввар ва чароғон воҳаларидан бирига айланади. Қурувчилар бунёд этган «Чароғон» қишлоғининг рамзий маъноси ҳам шунда. Бу ердаги болалар спорт мажмуасининг «ТўпалангсувГЭСқурилиш» ташкилоти қошидаги «Тўпаланг» футбол клуби жамоаси муваффақиятлари ҳам қурилиш суръатларига яраша бўлмоқда. Жамоа мамлакат Олий лигасига чиқишни қатъий мақсад қилиб қўйган. Шағал саралаш заводининг «Метин» болалар футбол жамоаси ўйинлари ҳам катта умидлар уйғотади. Чет эл сармоялари асосида ишлаб чиқарилаётган «Мифтоҳ», «Обижўй» ичимлик сувлари ҳар қандай ҳориб келган йўловчининг чанқоғини қондириб, баҳри дилини яйратади. Икки юздан зиёд фермер хўжаликлари кечаю кундуз меҳнат, изланиш, даромад олиш, одамларнинг турмуш шароитларини яхшилаш ташвишлари билан банд.
Экология, ҳаво мусаффолиги — сариосиёликлар учун бор муаммо. Боғ-роғлар, дарахтзорларни кўпайтириш бу муаммони анчайин камайтиради. Шунинг учун бир боғ ҳақида айтилмаса бўлмас. Тоқчи қишлоғидаги фермер хўжалигининг кекса раиси Носирхон ота Тўрақуловнинг машаққатли меҳнатлар эвазига адирлик, лалми ерларда яратган 200 гектарлик олмазор боғининг довруғи бугун тилларда овоза. Саховатпеша боғбон ўз даромади ҳисобидан қишлоққа янги мактаб, маҳалла гузарини қуриб берди, истеъдодли ёшларга ҳомийлик қилди. Ва бу нашъу намолар, ўзгаришларнинг барчаси тиниб-тинчимас муҳаррир Абдураҳим Рахмонов бошчилигида қайтадан янгиланган, ўзгача мақом касб этган 12 саҳифали «Сариосиё» газетаси саҳифаларида худди кўзгудагидек ўз аксини топмоқда.
Шамоллар эса тинмай эсаверадилар. Улар боғлардан, тоғлардан келадилар. Тонг насимлари, саҳар еллари. Улар қадрдон ҳам азиз, улардан нон иси, гиёҳлару гулларнинг иси, бешиклар ҳидию яшамоқ завқи, тириклик севинчларининг бўйлари келади. Уларда она юртнинг барча ифорлари жо бўлган.

Мангу сўлмас Термизийлар
ўтқазиб кетган чинор,
Руҳлари осмонларимда
мангу посбоним менинг.
Ору номусдан келар
бунда азалдан ҳар юрак,
Гул бўлар, бўстон бўлар
бу кўҳна қўрғоним менинг.

2004 й.  сентябр-октябр
Сирожиддин Саййид