Home icon Бош саҳифа»Жаҳон адабиёти»Пешонамдаги нур. Маҳмуд Олакош - 5
Facebook
Пешонамдаги нур. Маҳмуд Олакош - 5 PDF Босма E-mail
Материал индекси
Пешонамдаги нур. Маҳмуд Олакош
2
3
4
5
Ҳамма саҳифа
Бугун уйга бир оз вақтлироқ келдим.
Рафиқам Ширин болалар билан ўтирар, уларга сура ёд олдираётганди. Уларнинг бу ҳаракатидан ғоят севиндим. Шунда яна ўлим ҳақида, ўлимим ҳақида ўйладим. Аллоҳга шукрлар бўлсинки, кўзимни хотиржам юмишим мумкин эди. Рафиқам, ҳаётим йўлдоши ҳақиқатдан ҳам яхши инсон, оқила аёл эди!.. Болаларимни ҳам яхши хулқли инсонлар қилиб етиштира оларди.
Олдинлари ўзимга катта баҳо берар, Ширин учун буюк бир неъмат ва ниҳоятда бебаҳо эр деб билардим ўзимни. Энди эса, Ширин мен учун Аллоҳнинг улкан бир неъмати эканини англадим.
Қутсал менга янги китобларини кўрсатди. Пайғамбарлар ҳақидаги қиссалар ҳамда диний ҳикоялардан иборат эди. Ширинга қарадим. У бугун болалар билан бозорга борганлигини, ҳам ўзига ҳам болаларга керакли диний китоблар сотиб олганлигини айтди. “Жуда яхши иш қилибсизлар”, дедим.
Пайғамбарлар ҳақидаги қиссалар алоҳида-алоҳида китоблар ҳолида экан. Ўғлимни ёнимга ўтқазиб олдим-да, китобларни биргаликда кўра бошладим. Асмо ҳам дарҳол бу ёнимга ўтириб олганча уларнинг номини ўқий бошлади. Гўзал қизим, султоним ўқишни анча ўрганиб олганидан, уни исботлашни хоҳлаётганди. Ҳазрати Айюб алайҳиссалом ҳамда Юнус алайҳиссалом ҳақидаги китобларни кўрганимда Саид домланинг сўзларини эсладим. Имон келтирганимиз Аллоҳ таоло ҳамма нарсага қодир эди. Ҳар ишга қудрати етадиган Аллоҳдан эса, ҳеч қачон, ҳар қандай ҳолатда ҳам асло умид узилмасди.
Ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом ҳақидаги китобни кўрарканман, яна Яратганнинг қудрати ҳақида тафаккур қилдим. Ҳазрати Юнусни (а.с.) балиқнинг қорнидан қутқарган Аллоҳ таоло ҳазрати Иброҳим алайҳиссаломни ҳам оловдан қутқарганди! Муҳими, Аллоҳдан умид узмаслик ҳамда Унга керагича таваккул қила билиш эди!
Овқатдан сўнг соат ўнгача болалар билан ўтирдик. Ҳам суҳбатлашдик, ҳам ҳазиллашиб бирга ўйнадик. Болаларни ухлатганимиздан кейин Ширинга касаллигим ҳақида сўз очдим. Бошим оғришининг сабаби, миямда пайдо бўлган кичик бир шиш туфайли эканини билдирдим. Кўзлари катталашди. Ҳайратга тушди!
–    Шишми?..
–    Ҳа... Фақат хавотирланишингга ҳожат йўқ, кичкина шиш...
Бир нафас жим бўлиб қолди. Сўнг менга қаради. Мен ғоят сокин эдим. Нигоҳларимда на бир ваҳима, на бир қайғу бор эди. Сўзларим билан ҳолатим орасида бир боғлиқлик кўришга уринар, лекин кўролмасди!..
–    Докторлар нима дейишяпти?
–    Шиш эканлигини ҳаммаси тасдиқлашди. Ҳаётий хавф бор-йўқлиги борасида эса, фикрлари турлича.
–    Масалан қандай?
–    Баъзиси олти ойдан сўнг хавф бошланади дейишса, баъзилари олти йилдан кейин дейишмоқда. Яъни аниқ бир фикр йўқ.!..
Кўзларига ёш тўлди. Титроқ бир овозда:
– Олти ойми?.. – деди.
Хасталигимдан кўра кўпроқ унинг аҳволига ачиндим. Шамолда қолган кичик бир майсадек, нафис бир чечакдек титрарди...
–    Ширин, ҳаётим, бу бор-йўғи бир докторнинг фикри холос. Ахир айтдим-ку, балки олти ой, балки олти йил деб. Ким билсин, балки ўттиз олти йилдир!.. Инсоннинг қачон ўлишини фақат Аллоҳ билади. Шунингдек биз мусулмонмиз. Ҳар лаҳза ўлимга тайёр туришимиз керакмасми?
Боши билан “Ҳа”, деган ишорани қиларкан, ўксиб-ўксиб йиғлай бошлади. Унинг аҳволини кўриб, мен ҳам йиғидан ўзимни аранг тийдим. Ёнига ўтирганча, бошини кўксимга босдим. Бир қўлим билан бошини силарканман, иккинчиси билан кўз ёшларини арта бошладим.
–    Мени тингла, азизам!.. Сен билан бу дунёда жуда бахтиёр умр кечиряпмиз. Аллоҳ сендан рози бўлсин! Сен ниҳоятда меҳрибон рафиқа, тушунадиган турмуш ўртоғимсан. Аммо бу биргаликдаги ҳаётимиз абадий жаннатда ҳам давом этса, янада гўзал бўлади. Умид қиламанки, биз буни Аллоҳнинг кўмаги ила амалга оширамиз, иншаоллоҳ. Кўксимга қўйилган бошини ўзимга қаратдим. Ёшланган кўзларига муҳаббатла боқдим. Ўнг қўлим билан ўнг қўлини секингина сиқиб: “Гапирсанг-чи, буни амалга оширамизми?”дедим.
Бир муддат тутилиб қолди. Кўзларимга тикилди.
Нигоҳларимиз бир-бирига қадалгандек эди гўё. Бир-биримизнинг нафақат кўзларимизга, балки кўзларимизнинг ичига қараётгандек эдик. Аёл билан эркак бирлашди деганлари шу бўлса керак.
Қўлимни секингина сиқиб: “Иншаоллоҳ, иншаоллоҳ амалга оширамиз”, деди.
Шу зайл яна бир неча соат ўтирибмиз.
Унга Саид домла ҳақида гапириб бердим. Исмоилнинг дўконида у билан учрашганимизни ҳамда қилган баъзи суҳбатларимиз ҳақида айтдим. Бугун унга каттагина миқдорда пул бермоқчи бўлганимни, бироқ қабул қилмаганини билдирдим. Ширин ҳайрон қолди. “Ҳайратланарли ери йўқ, у киши биздан кўра бой”, дерканман, пули кўп кишилар эмас, ҳақиқий қаноатли инсонлар бой эканликларини тушунтирдим. Сўзларимни самимият билан тинглагач, домлани бирор кун уйимизга меҳмонга таклиф қилишимни сўради. “Иншаоллоҳ”, дедим.
Суҳбатимиз якунлангач, хуфтон намозида қоим бўлдик, сўнг уйқуга ётдик. Ўнг томонимда индамасдан ётган хотиним ухлаётганмиди, йўқса ўзини ухлаганга солиб ётганмиди, билмасдим. Бироқ мен ухлаёлмай ётгандим. Саид домла билан қабристонда учрашган ўша кунни ва ўша дамдаги аҳволимни ўйлардим.
У кун гўзал, ғоят гўзал туйғулар ичида эдим. Ҳеч қачон ўзимни Аллоҳга ўша кундагидек яқин ҳис қилмаган, ҳеч қачон ўша кунда қилганимдек сидқидилдан дуо қилмаган эдим. Қалбимдан юксалган бир илтижо билан “Аллоҳим, менга ёрдам бер, Аллоҳим менга ёрдам бер!..” дер эдим. Сўнгра, сўнгра эшитганим ўша овоз!..
“Ёрдам керакми?”
Бу тасодиф бўлиши мумкин эмасди. Аввал ўқиган баъзи тасаввуфий ҳикояларни эсладим. Муридларига ёрдамга етишган муршидлар ҳақида ёзилганди уларда. Тўғри-да, зотан мен Исмоилнинг дўконига унинг муршиди ҳақида сўраш учун боргандим. Ва у ерда яна айни инсонни, қидирганимни топгандим!.. Яъни Саид домла эди. Буларнинг ҳеч бири тасодиф эмасди. Ҳаяжонланганимни ҳис қилдим. Гўё бир мўъжизага, ҳақиқий мўъжизага рўпара келгандек эдим. Саид домлага бўлган фикрим, муносабатим ўзгара бошлаганди. У оддий кишилардан эмасди!..
“Аллоҳим, Сенга сиғинаман, фақат Ўзингга сиғинаман”, дея дуо қилардим. Нега бундай дуо қилганимни ўзим ҳам билмайман. Ҳарҳолда, бундай нозик мавзуда янглишишни, хато қилишни истамасдим.
Қайта-қайта Аллоҳга сиғиндим, Унга таваккул қилдим ва таваккул туйғуси ичра уйқуга кетдим.
Саид домланинг олдига боряпман.
Унинг ёнига бориб, яхшилаб суҳбатлашмоқчи, масалага ойдинлик киритмоқчи эдим. Тўрвалига келганимда шошиб қолдим. Чунки унинг қаерда яшашини билмайман-ку! Машинадан тушиб, маҳаллаларни айлана бошладим. Йўл ёқасида бир қашшоқ кишига кўзим тушди. Бориб садақа бердим. У садақани олгандан сўнг, менга қараб:”Ҳув анави ерда турган оқ автобусга чиқасиз”, деди. Унинг гапларидан ҳайратга тушдим, лекин унга ҳеч нарса демасдан айрилдим. Тўғри у айтган автобуснинг ёнига бордим. Қаерга боришини сўрамасдан автобусга чиқдим.
Автобус худди менинг чиқишимни кутиб тургандек, дарҳол қўзғалди. Тўрвалидан чиқиб, тоғли бир йўлдан кета бошладик. Қаерга, қайси манзилга кетаётганимизни
билмасдим, аммо ички бир туйғу билан Саид домлага яқинлашаётганимни ҳис қилардим.
Атроф бирдан қорайди. Бир муддат бу ерости йўлининг тугашини кутдим. Фақат бу узун қоронғу йўлнинг ҳеч поёни йўқдек эди. Ташқаридан одамларнинг овозлари, фарёдлари кела бошлади!.. Даҳшат билан ташқарига қарадим. Шунда бу қоронғу йўлнинг ғира-шира бурчакларида гуруҳ-гуруҳ бўлиб турган турли одамларга кўзим тушди. Баъзилари гаплашиб ўтиришарди, баъзилари шароб-ичкилик ичишар, яна қайси бирлари рақсга тушишарди!..
Қичқириқлар, у қўрқинчли фарёдлар шуларники эди, бироқ ўзлари бунинг фарқига боришмасди!..
Бу ваҳима уйғотувчи фарёдлар ўзлариники эканидан мутлақо бехабар ҳолда тинмай сўзлашар, кулишар, ўйинга тушишарди!..
Автобус тўхтади.
Чиптачи эшикни очганча, ташқарига қаради. Йўловчи олмоқчига ўхшарди. Ғира-шира бурчаклардаги инсонларга қайта қаради. Сўнгра ўнг қўлини қулоғига теккизганча азон чақира бошлади.
Ҳайратдан қотиб қолдим!..
Кўз ўнгимда содир бўлаётган ҳолатни анграйганча кузатиб турардим. Ташқарига қарадим. Жуда кўп инсон азон овозини эшитмасди. Азон овозини эшитган баъзи бирлари эса, бир ҳаракат билан ўтиришларини сал тузатар, сўнг яна гапиришда, кулишда давом этишарди.
Азон тинди!..
Ҳеч ким келмади, ҳеч ким автобусга чиқмади!..
Нимадандир хафа бўлганимни, кайфиятим тушганини ҳис қилдим. Ва автобус ўрнидан қўзғалди.
Чиптачига қарадим. Орқадаги ўриндиғига ўтирганча тасбеҳ ўгирар, нималардир деб пичирларди. Ташқаридаги қичқириқ ва фарёдлар яна-да юксалди!.. Кўзларим автобуснинг эшигига тушди-ю, даҳшатдан сесканиб кетдим!.. Эшик ланг очиқ эди!.. Баландликдан қўрқадиган киши, юксак бир ердан туриб, жарликка қараганда қандай қўрқса, худди шундай ваҳима билан очиқ қолган эшикдан кўз узолмасдим!.. Гўё, қандайдир бир мавҳум куч мени шу эшикка томон тортаётгандек эди!..
Ўтирган ўриндиғимга маҳкам ёпишиб олдим.
Ўриндиқнинг қопламасини чангаллаб олган қўлларимни озгина бўшатсам бас, шамол учирган бир пардек автобусдан ташқарига чиқиб кетишимни, отилиб кетишимни ҳис қилардим. Чиптачига: “Ҳой биродар, эшикни ёпсангиз-чи!” дея ҳайқиргим келди. Бақириш учун оғзимни катта қилиб очдим, ҳайқириш у ёқда турсин, оғзимдан ҳаттоки бир товуш, сас-садо чиқмади. Гўё оғзим улкан бир бўшлиқдан иборатдек эди. Бу бўшлиқда на нафас , на-да бир ҳаво бор эди.
Гўёки фазода эдим. Ҳавосиз бўшлиқда гапиришнинг иложсизлигини энди фарқлаётгандек эдим!.. Кўзларимни мўлтиратиб чиптачига қарадим. У ҳам менга қараб турар, лекин индамасдан тасбеҳ ўгиришда давом этарди!.. Шу қўрқув, шу ваҳима ичида якка-ёлғиз қолгандим. Аҳволимдан ўзим ҳам ачиниб кетдим. Ўзим учун, чорасизлигимдан ўкиниб йиғлай бошладим.
Шунда ақлимга бирдан Раббим келди!.. Дарҳол, Аллоҳни эслашим билан, “Ё Раббим, ёрдам бер!..” дея ҳайқирдим. Овозим барча товушларни, фарёдларни босиб кетди, бутун чинқириқларни тўхтатди!..
Бундан ўзим ҳам ҳайратда қолдим. Ҳозиргина ҳайдовчи ёрдамчисига гапирмоқчи бўлиб, бир товуш чиқмаган оғзимдан, бундай гумбурлаган овоз қандай чиқиши мумкин?!.
Чиптачига қарадим. Ҳайқириғимни эшитган бўлса керак, у ҳам менга жилмайганча боқиб турарди. Шунда ёнимдан, шундоқ ёнгинамдан бир овоз келди: “Ёрдам керакми?”
Аллоҳим!.. Яна ўша таниш овоз эди! Яна худди ўша сўз эди!
Тош қотиб қолдим!..
Оташ бўлиб ёнаётган вужудимни ҳаётбахш сувга киргандек ҳис қилдим шу лаҳзада. Бутун жисмим роҳатлангандек бўлди. Севиндим дейишим, бир оз қуйироқ таъриф бўлиб қолади. Чунки севинишнинг қандай юксак туйғу эканлигини ҳис қилдим! Гўё ҳар бир ҳужайрам севинч ичра ҳаракат қиларди!
Бошимни секин-аста овоз келган тарафга бура бошладим. Бошимни бурганим сайин атроф ёришар, автобуснинг ичи ойдинлашиб, ернинг устига чиқиб борарди.
Шундоқ ёнгинамда ўтирган киши Саид домла эди!.. Ҳеч бир сўз демасдан менга қарар, жилмайиб турарди. Юзидан таралаётган нур, автобуснинг ичини ёритиб юборганди гўё!.. Нигоҳлари эса, умуман бошқача эди. Менга жуда олисдан, бошқа бир оламдан қараётгандек кўринарди.
Бу муборак кўзларга тик қараб гапиролмасдим!.. Туйғуларимни биргина ҳаракат билан изҳор қилиш мақсадида қўллари томон эгилдим. Бу муборак инсоннинг қўлини ўпмоқчи, қайта-қайта ўпмоқчи эдим. Шу пайтгача ҳеч бир кишига бундай муносабатда бўлмагандим. Бироқ энди шундай қилмоқчи эдим, қилишим керак эди!.. Чунки Саид домла ҳеч кимга ўхшамаган муборак бир инсон эди. Ичимдаги туйғуларим, ҳиссиётларимни билиб турганга ўхшарди!..
Ҳурмат билан эгилдим, эгилдим, эгилдим!..
Бироқ, ғалати бир ҳолат рўй берди!.. Мен домланинг қўлига қанчалик эгилсам, қўл мендан шунчалик узоқлашарди. Гўё чексиз бир бўшлиққа эгилаётганга ўхшардим! Бироқ нима қилиб бўлмасин, мен бу қўлни ўпишим керак эди. Кўзларимни юмганча ўша чексиз бўшлиққа, ундаги қўлга томон талпиндим.
Мана ниҳоят унинг қўлини тутдим!.. Дарҳол лабларимга босганча ўпа бошладим. Бироқ, яна ҳайратим ортди. Мен қўлни ўпганим сайин қўл қаттиқлашиб борарди!..
Кўзларимни очдим. Тубсиз бир жарликнинг лабида турардим!.. Ушлаганча ўпаётганим қўл эса, ҳайкалнинг қўли эди. Сочи кўпикка ўхшайдиган қандайдир бир одамнинг ҳайкали эди бу!..
–    Бу ёққа кел!..
Овоз келган тарафга ўгирилдим. Саид домла сал нарироқдаги бир дарахтнинг тагида ўтирарди. Айб иш қилиб қўйган боладек унинг ёнига бордим. Нигоҳлари ўткир ва ғазабнок эди!.. Ўзига яқинроқ ерни кўрсатганча, “Ўтир!” дея ишора қилди. Ўтирдим.
Бир ўралган кичик қоғозни олдимга ташлади ва: “Буни ол, бу мени танишинг учун!” деди.
Ҳайрат ичра қоғозни оларканман, сўрадим:
–    Бу нима?
–    Фақатгина мен қилган бир иш...
Қўлимдаги ғижимланган қоғозга қараб турар, очишга журъат қилолмасдим. Мўъжизага, аниқ бир мўъжизага рўпара келаман, дея ўйлардим. Бу кичик қоғознинг ичида нима ҳам бўлиши мумкин?.. Олмосми, ёқутми? Бу олийжаноб, бебаҳо инсон йўқса, бир оддий тошни ёқут ҳолига, олмос ҳолига келтирганмикин?..
Қўлларим титраганча оча бошладим. Ниҳоят очдим. Тилим айланмай қолгандек бўлди!.. Негаки, қўлимдаги қоғознинг ичида бир нажас, ёнғоқдек катталикда инсон нажаси турарди!.. Ҳам ҳайрат ҳам жирканиш билан унга қараб турарканман, Саид домлага ўгирилганча: “Бу инсон нажаси-ку!..” дедим.
–    Ҳа, менинг нажасим.
–     Уни нега менга бердингиз?..
–    Бир махлуқ эканимни, мен ҳам Аллоҳнинг сенингдек бир бандаси эканимни билишинг учун!..
Нима дейишимни билмай қолдим. Бир сўз демасдан унга термулиб турарканман, яна нигоҳларида кескинлик ва ғазаб намоён бўла бошлади:
–    Мен сенга тоғутни, мени тоғут ўрнига қўйишинг, менга сиғинишинг учун танитганмидим? Яхшиямки, пайғамбарларни ва уларнинг мўъжизаларини кўрмадинг! Йўқса, уларга сажда қилган бўлардинг!
Аллоҳим!.. Бу одам нималар деяпти?! Улкан бир уят туйғусининг остида эзилганимни ҳис қилдим. Ер ёрилмади, кириб кетмадим!..
Аҳволимни англагандек, ҳолимга ачинганидан бир оз юмшоқ оҳангда гапира бошлади:
–    Менга қара, эй йигит! Инсонни ҳамма ерда кўриб турадиган, ҳар ерда эшитадиган ва барча дуоларни ижобат қиладиган фақатгина ёлғиз Аллоҳдир. Дуоларни қабул қилувчи Парвардигор, Ўзига илтижо қилган Нуҳ алайҳиссаломни кема, Ҳазрати Юнус алайҳиссаломни эса, балиқ орқали қутқарди. Ҳазрати Нуҳнинг қутилишини кемадан деб билишимиз қанчалик аҳмоқлик бўлса, Юнус алайҳиссаломнинг қутилишини балиқдан деб билишимиз ҳам худди шундай ақлсизликдир! Ягона қутқарувчи, қутилиш василаларини яратган Аллоҳнинг Ўзидир! Қутилишларини сабабдан деб билганлар эса, ўша сабабларни илоҳлаштирган гумроҳлар, жоҳиллардир. Тушундингми?
Тушундим дегандек, бошимни қимирлатдим. Бу ҳаракатимдан қаноатланмагандек, такрор сўради: “Англадингми?” Секингина “Тушундим”, дедим. Бу сафар бақирганча сўради: ”Тушундингми деяпман!” Мен ҳам “Ҳа, тушундим, тушундим!” дея бақирганча жавоб бердим. Ва ўзимнинг овозимдан, ҳайқириғимдан уйғониб кетдим.
“Англадим!..”

Икки-уч ҳафта кўрган тушимнинг таъсиридан чиқолмай юрдим. Ҳеч кимсага бу туш ҳақида гапиришни, ҳеч кимдан унинг таъбирини сўрашни истамадим. Чунки, бу туш мен учун ғоят аниқ ва тушунарли эди. Фақат шу тушга тегишли бўлган “Асмо-ул ҳусна” яъни Раббимизнинг гўзал исмларини, гўзал сифатларини англатган китобни сотиб олдим. Бу китобни ўқирканман, кўрган тушимни ва ундаги воқеа-хабарларни яна ҳам аниқроқ, яхшироқ англардим.
Басир бўлган, Самиъ бўлган, Ҳоди бўлган, Қодир бўлган, Молик бўлган фақат ва фақат Раббимиздир! Буюк бўлган Парвардигоримизнинг ҳар қайси сифатидан бирини бир инсонга, бир махлуққа нисбат этиш, у инсоннинг ғайбни кўришини, ғайбни билишини гумон қилиш, ҳеч шубҳасиз, ўша инсонни, ўша махлуқни илоҳлаштиришга уринишдир!..
Ҳам нега, нима сабабдан бундай қилишга эҳтиёж туямиз? Бизни зотан ҳар ерда кўрадиган, ҳар ерда эшитадиган, яширин-очиқ ҳар амалимизни ҳаққи билан билган, биладиган бир Илоҳимиз, ягона Раббимиз бор эмасми?!.
Ва шу бир Илоҳимиз, ягона Раббимиз бизга етмайдими?
Ўз-ўзимча кулимсирадим. Кимни айблаётган эдим?! Шу янглишликка тушган, ҳақ йўлдан адашган кимсалардан биттаси ўзим эмасмидим?! Қадрли бир киши бўлган, бебаҳо мусулмон бўлган Саид домла ҳақида турли хил хато фикрларга борган мен эдим. Ҳаттоки, тушни кўргандан, тушимда очиқ хабарни олгандан кейин ҳам, бир лаҳза, бир муддат бу тушни Саид домладан деган васвасага боргандим!..
Тангрим мени кечирсин!..
Ҳеч шубҳа йўқки ҳар хайр, яхшиликнинг ягона соҳиби бўлган Аллоҳдандир. Биз мусулмонлар, ҳар яхшиликни Аллоҳдан деб билишимиз, ҳар хайрни фақат ягона Аллоҳдан кутишимиз керак.
Раббимга ҳамдлар бўлсин, шукрлар бўлсин!..
Аллоҳга бўлган ишончим, эътиқодим баъзи хурофотлардан тозалангандан сўнг, бундай соф эътиқоднинг мусулмонлар учун қанчалик муҳим, қанчалик бебаҳо эканини яна ҳам яхшироқ англаб етдим. Биз яшаётган бу дунёда миллионларча, милярдларча инсон бор. Аллоҳга имон келтириш муҳим, жуда муҳим, бироқ ана шу ишончни қадрли қиладиган унсур, эътиқоднинг ҳар турли бидъат-хурофотдан, ҳар турли ширкдан узоқ бўлиши эди.
Ҳамма нарсанинг ягона эгаси, ҳамма нарсанинг якка Ҳокими Аллоҳдир!..
Инсон учун энг улкан даража, шон-шараф, ширк қўшмасдан Унга қул бўлиши эди!
Ҳақиқий шараф ва иззат мана шудир!.. “Сен кимсан, кимнинг кимисан?” дея сўраганларида, кўзлари билан Аршга ишора қилиб, “Мен Аршнинг соҳиби бўлган Аллоҳнинг қулиман!” дея олиши эди!..
Ва мен, Салжуқ Аллоҳга ҳамд бўлсин-ки, ҳамдимни эшитган Раббимнинг қулиман.
Энди ёлғиз, энди чорасиз эмасман!.. Чунки, ҳар ишга Қодир, ҳамма нарсага Ҳоким бўлган бир Раббим бор! Ана шу Раббим шунчалар марҳаматли ва шунчалар шафқатли эдики, менга, менингдек ожиз-нотавон бир махлуққа азиз бир вакил бўлиши мумкинлигини ваъда қилаётган эди!
Аллоҳнинг бир мўъминга, бир мусулмонга вакил бўлиши!.. Ҳатто тукларимни тикка қилган, вужудимнинг зарра-зарраларигача таъсир қилган, иззат берган бир неъмат эди бу! Оламларнинг Рабби бўлган Аллоҳга йўналиб, “Ҳасбуналлоҳи ва неъмал вакил” деган Салжуқ энди ёлғиз ҳам, энди чорасиз ҳам эмасди!..
Раҳмон ва Раҳим бўлган бир Раббим бордир! Мени ҳар ерда, ҳамма вақт кўриб турган, менга мендан кўра яқин бўлган ана шу Раббим билан биргаликда юрар, бирга ўтирар, бирга яшардим!..
Сенга Сен лойиқ бўлганингдек ҳамд бўлсин, Сенга Сен лойиқ бўлганингдек шукрлар бўлсин эй Раббим!..

Ва орадан анча кунлар, анча ойлар ўтди.
Ўтган ҳафта роппа-роса олти ой тўлганди. Бир неча хил дорилар билан бирга гиёҳларни ҳам ичишда давом этаётгандим. Бош оғриғимда кучайиш ёки сезиларли бир ўзгариш бўлмади. Ўтган шу олти ойлик вақт ичида фақат менда ва менинг оиламда ўзгариш содир бўлганди, оила ҳаётимиз ўзгарганди.
Топ-тоза, нурдай порлоқ бир ҳаёт ичига киргандик. Бу дунёга нима учун келганлигимизни билардик ва шу эътиқодга кўра, шу идрокка кўра яшай бошлагандик. Бизларни тирилтирган ва ҳаётимизга ойдин маънони онггимизда уйғотган бир идрок эди бу.
Хотирасини йўқотган бир инсон узоқ йиллар шу аҳвода яшагандан сўнг, яна хотираси тикланганда нимани ҳис қилса, мен ҳам худди шуни ҳис қилаётгандек эдим. Шу хасталик василаси билан мозийимни, шу дард туфайли “қолу бала”ни, шу касаллик василасидан Раббимни ва Раббимга берган аҳдимни эслагандим.
Ким эканим, нима бўлганим маълум эди энди. Илгарилари соҳиб бўлганим барча “этикитка”ларни, барча сифатларни тарк қилган, фақатгина битта сифатга, фақат бир шахсиятга маҳкам ёпишгандим.
Менга шараф берган, менга иззат берган бу шахсият Аллоҳга қул бўлиш шахсияти эди!..
Бу орада Саид домлани яна икки-уч марта кўрдим. Яна дийдорлашдик, яна суҳбатлашдик, яна иймонлашдик!.. Фабрикага икки марта келиб, барча ишчиларга ниҳоятда гўзал насиҳатлар ва тушунчалар берди. Кўпгина ишчилар билан самимий ва яқин муносабатлар ўрнатди. Гўё уларга мендан кўра яқинроқ, уларни мендан кўра кўпроқ севаётгандек туюлди. Аммо, қизғанмадим! Унга бўлган ҳурматим ва муҳаббатим янада ортди. Қандай гўзал инсон, қанчалар яхши мусулмон эди у!..
Шифокорим Закийбек эса, ўтган ойда автомобил ҳалокатидан вафот қилганди... У менга менинг ўлимим хабарини бераётганида, шубҳасиз ўзининг мендан олдин ўлишини билмаганди!..
Рафиқам Шириннинг қистови билан, пешонамдаги шишнинг ҳолатини ўрганиш учун қайтадан рентген қилдирдик. Аслини олганда мен буни умуман хоҳламагандим. Шиш катталашдими, кичиклашдими, мен учун бунинг аҳамияти йўқ эди.
Бутун диққат-эътиборимни, қизиқишимни Аллоҳга қаратгандим. Ҳаёт томирим Аллоҳнинг қўлида эди. У хоҳлаган пайтида, хоҳлаган шаклида, истаган ерида бу томирни қирқиши мумкин эди.
Ҳатто, ҳозир, шу лаҳзадаёқ кесиб юбориши ҳам мумкин эди.
Раббим шоҳид бўлсинки, бу ўй менга ҳеч қандай қўрқув ёки хавотир бермаётганди. Аксинча қалбимда умид тўла хушнудлик уйғотганди. Чунки мусулмонча яшаш қандай гўзал бўлса, мусулмонча ўлиш ҳам худди шундай гўзал ва хуш эди!..
Раббимнинг олдида бўйним эгилган, юзим ёруғ эди.
Ҳамма нарсанинг мутлоқ соҳиби, мутлоқ Ҳокими ўлароқ фақат ва фақат ягона Раббимни кўрар, шу имон-эътиқод билан йўналган, Раббимга шу ишонч билан қуллик қилишга ҳаракат қилардим.
Шундай ҳолатда ўлиш демак, иншаоллоҳу таоло Раҳмоннинг раҳматига қовушиш деганидир.Чексиз марҳамат соҳиби бўлган Раббимнинг мени ҳақиқий мусулмон шахсида ўлдириши, менга “Эй бандам, энди Мен сендан розиман! Энди сен учун имтиҳон, синов тугади!..” дейиши эди!..
Муҳими бу шахсни, энг аҳамиятли бўлган нарса, бу самимий ва шижоатли мусулмон шахсиятини бой бермасдан, Азроил (а. с.) билан саломлашиш ва ўлим билан қучоқлашиш эди!.. Чунки шундай ҳолатда келган ўлим, Жаннатга ва Жаннатнинг Соҳибига етишиш дегани эди!..
Иншаоллоҳ, иншаоллоҳ ё Рабби!..

Ширин билан такрор шифокорга бордик. Туширилган рентген натижасига кўра, шиш олти ой олдин қандай бўлса, шундан асло катталашмаганди. Шифокорларнинг фикрига кўра, унинг хавфли босқичи ўтган бўлиб, секин-аста йўқолиб кетиши ҳам мумкин экан.
Бу хабарни эшитиб, на севиндим, на хафа бўлдим. Балки сизга ғалати туюлар, лекин миямдги бу шишнинг йўқолиб кетишини сираям истамасдим. Чунки пешонамдаги бу шиш маъдан конларида ишловчиларнинг пешонасидаги ёритгич янглиғ йўлимни ёритган, тўғри йўлни топишимга васила бўлганди!..
Негадир бу шишни яхши кўриб қолгандек эдим. Уни шиш деб эмас, пешонамдаги нур дея қабул қилгандим!..

ҚАСИДА


Аршнинг қуббаларига номи нурла ёзилган,
Исми самода Аҳмад, ерда Муҳаммад бўлган,
Етти қават осмонда Ҳақ жамолини кўрган
Аввал-охир йўлбошчи, ё ҳазрати Муҳаммад!

Сизга нур ёмғирлари ёғаркан, етти қатдан
У тунда сиз, дин келган азал қадар узоқдан.
Малаклар ҳар заррага мужда бераркан, Ҳақдан
У тунда сиз туғилган, ё ҳазрати Муҳаммад!

Қуёш ҳам у кечанинг нурига сажда қилди!
Юлдузлар беҳуд бўлиб, коинот важда қилди!
Ҳамду санолар бари Яратганга ўқилди,
У тунда сиз туфайли, ё ҳазрати Муҳаммад!

Каъбада ширк тошлари – бутлар ерга қуларкан,
Жаҳолат байроқлари бари бир-бир синаркан,
Минг йиллик куфр олови абадиян сўнаркан
Қутлуғ қадамингиздан, ё ҳазрати Муҳаммад!

Шу тунда Саъва кўли мўъжизайла йўқ бўлди!
Кисро саройларининг устунлари йиқилди!
Арздан Аршгача олам раҳматингизга тўлди!
- У кеча сиз, дин келган, ё ҳазрати Муҳаммад!

Гўдаклик йўргагингиз оқ булутдан ўралган,
Туғилиб-туғилмасдан, сажда амри берилган,
Бошингизда оламга раҳмат тожи кўрилган!
Коинотнинг сарвари, ё ҳазрати Муҳаммад!

Сизнинг гўзал хулқингиз, ахлоқнинг намунаси,
Гўзал сабр бобида башарнинг энг аълоси!
Ул Жаннат маконингиз, фақирларнинг хонаси!
Кўнгиллар хазинаси, ё ҳазрати Муҳаммад!

Сизга шоҳид ҳақ сўзлар азалдан бери ҳар он,
Сизга шоҳид оятлар ҳар заррада битилган!
Сиздан айро қолмоққа қандай чидасин, бу жон?!
Сиз ҳар жонда жононсиз, ё ҳазрати Муҳаммад!!!


Меърож тунида бир-бир, очилди сизга кўклар,
Салом билан қаршилаб, ҳар қават пайғамбарлар!
Шундай бир он келди-ки, тўхтаб барча малаклар!
Ҳаққа ёлғиз бордингиз, ё ҳазрати Муҳаммад!

Кўнгил кўзи кўр инсон, жон кўзини найласин!
Дунёда дўнмаган тил, Маҳшарда не сўйласин?!
Мавло бутун башарни умматингиз айласин!
Байроғингиз остида, ё ҳазрати Муҳаммад!!!

Ҳақ билан қул висоли, у илоҳий бир тўйда,
Ҳеч кимдан ҳеч кимсага фойда бўлмаган кунда
Хайру-шаррни хос тортган, у тарозу ўнггида
Сиз шафоатчим бўлинг, ё ҳазрати Муҳаммад!

Биламизки, ҳукми йўқ, бу дунё неъматининг,
Кўнгилдир сармояси, охират сарватининг
Сизга саловот-салом йўллаган ҳар умматнинг
Жаннат шоҳиди бўлинг, ё ҳазрати Муҳаммад!!!

Жаннат сари етакланг, ё ҳазрати Муҳаммад!
Жаннатларга етакланг, ё ҳазрати Муҳаммад!

Туркчадан
Гулбаҳор Абдуллоҳ қизи таржимаси.