Home icon Бош саҳифа»Жаҳон адабиёти»Пешонамдаги нур. Маҳмуд Олакош - 4
Facebook
Пешонамдаги нур. Маҳмуд Олакош - 4 PDF Босма E-mail
Материал индекси
Пешонамдаги нур. Маҳмуд Олакош
2
3
4
5
Ҳамма саҳифа
Котибам кимнидир уламоқчи эканини билдирди. “Улама, бандман”, дея гўшакни қўйдим. Сўнгра Саид домлага қараб, “Марҳамат, давом этинг”, дея илтимос қилдим.
–    Энди эса, Илоҳ тушунчаси устида бир оз мулоҳаза юритамиз. Илоҳ ўзи нима?
Озгина тин олгач, давом этди:
–    Илоҳ, Буюк дея Унга сиғиниладиган, ёрдам сўраладиган ҳамда Ўзига ибодат қилинадиган Маъбуд, Тангри демакдир.
Ахир бу мен олдиндан биладиган таъриф билан бир хил-ку! Зотан мен ҳам Илоҳ деганда худди шундай тушунчага эга эдим. “Ҳа” дегандек, бошимни қимирлатдим.
Сўзини давом эттирди:
–    Шундай қилиб, Исломнинг яъни динга киришнинг энг биринчи ва энг муҳим шарти, ягона Илоҳ Аллоҳ эканини билиш ва тасдиқлаш, фақат Унгагина қуллик қилишдир. Хусусан, шаҳодат калимасида келтирилган тавҳид сўзининг маъноси мана шудир. “Ла илаҳа иллаллоҳ” яъни, Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир, фақат Аллоҳ бордир.
Бу ҳам ғоят тушунарли ва аниқ бўлган нарса эди. Барча мусулмонлар илоҳ ўлароқ фақатгина Аллоҳни қабул қилишади. Саид домлага қараб, “Буни ҳам тушундим” дедим.
Жим бўлиб қолди. Кўзларимга ўйчан-ўйчан тикиларкан, “Шошилманг, ҳали етарлича тушундингиз, деб ўйламайман”, деди. Эътироз билдирмадим. Фақатгина кулимсираб қўйдим. Бироқ унинг нигоҳлардаги жиддият ўзгармади.
–    Энди сиздан бир нарсани сўрамоқчиман. Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ экан, у ҳолда нега Раббимиз бизларни тавҳид калимасини билишимиз учун қаттиқ қистовга олмоқда, тавҳидга чақирмоқда?
–    Англамадим?
–    Мана эшитинг, сизга бир мисол келтираман: Сал аввалроқ ўғлингиздан баҳс этгандик. Сиз бирор марта ўғлингизга “Ўғлим, сенинг мендан бошқа отанг йўқ. Сенинг отанг фақат менман”, дедингизми?
–    Йўқ!
–    Албатта айтмагансиз. Чунки, бундай дейишингизнинг ҳеч қандай ҳожати бўлмаган.
Бир муддат жим қолгач, давом этди:
–    Яхши, сиз ўғлингизнинг ягона отаси бўлганингиз ҳолда бунга эҳтиёж туймасдан, башариятнинг ягона Илоҳи бўлган Аллоҳ Таоло нега бундай сўзни айтишни лозим деб билди? Нима сабаб, қайта-қайта “Сизнинг Мендан ўзга Илоҳингиз йўқ. Сизларнинг ягона Раббингиз фақат Менман!” деган ҳақиқатни эслатмоқда?
Бу савол қаршисида жим бўлиб қолдим.
–    Ҳаяжонланманг, масала сиз ўйлаганчалик чигал эмас. Энди тасаввур қилинг, ўғлингизга: “Ўғлим, сенинг мендан бошқа отанг йўқ” деб қачон айтишингиз мумкин? Ёхуд қандай вазиятда бундай таъкидга эҳтиёж туясиз?
Жуда қизиқ савол эди бу!
Мен қачон ўғлимга ”Сенинг мендан бошқа отанг йўқ!” дейишим мумкин? Жавоб топишга қийналмадим. Агар баъзи кимсалар ўғлимга унинг отаси эканликларини айтиб, ёлғон иддаоларда бўлишса, туҳмат қилишса, ана ўша пайтда уларнинг сўзларини инкор қилиш учун бунга эҳтиёж туяман.
– Қачонки, ёлғончи кимсалар ўғлимга унинг отаси эканликларини иддао қилишса, ўшанда, – дедим.
Кулимсиради.
–    Жуда оддий! Хусусан, тавҳид калимасига чақирилишимизнинг ҳикмати ҳам худди шу. Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, аммо, бу дунё ҳаётида бизга ўзини “илоҳ” дея кўрсатишга уринадиган, илоҳлик даъвосини қилаётган нарсалар жуда кўп!

Парврдигоримиз эса, бизларнинг “Ла илаҳа” дейишимизни ва бу сўзнинг очиқ ҳақиқати ўлароқ бизларга илоҳлик иддаосида бўлган бу сингари сохта илоҳларни инкор қилишимизни истамоқда.
Ҳаммасини энди тушуниб етгандим. “Ла илаҳа” дейиш билан бор бўлган ягона Аллоҳни эмас, илоҳлик даъвосида бўлган барча сохта илоҳларни рад қилишимиз керак экан! Энди мен учун англашилмаган ягона нарса, сохта илоҳларнинг ким ёки нималардан иборатлиги эди!
Расулуллоҳ (с.а.в.) замонларида бутлар бор эди. Инсонлар бутларга сиғинишарди. Бироқ бундай бутларнинг барчаси тарихда қолиб кетганди. Балки, Африкада бутларга сиғинадиган баъзи қавмлар бўлиши мумкин. Бироқ уларнинг бизга, бизнинг жамиятимизга қандай алоқаси бор? Бизнинг ўлкамизда бунақа бутлар ҳам, бутпарастлар ҳам йўқ-ку!
–    Биз яшаётган ўлкада уни илоҳ дея сиғинишимизни истаган, илоҳлик иддаосида бўлган сохта илоҳлар борми?
–    Қудратли Тангримизнинг Илоҳлик ҳаққини ўзида кўрган ҳар киши, ҳар маъмурият, ёхуд ҳар жамият инсонларга нисбатан илоҳликни иддао қилмоқда.
Тўғрисини айтсам, умуман ҳеч нарса тушунмагандим!
–    Англаёлмадим?
–    Раббимизнинг барча инсонларга оид Илоҳлик ҳаққини тушунган пайтингиз буни ҳам тушуниб оласиз.
Узоқ сукут ичра кўзларимга тикилди.
Бу нигоҳлар ниҳоятда жиддий ва таъсирчан эди. Гўё менга юқоридан, жуда баландлардан қараётгандек туюларди. Нега бундай қараётганини англаёлмасдим!..
Ўшандай ҳолатда сўзини давом эттирди:
–    Раҳмон ва Раҳим бўлган Раббимиз, бизларни бу дунёда ўз билганимизча яшашимиз учун яратмаган. Эвазига ё Жаннат, Ё Жаҳаннам бериладиган имтиҳон дунёсидир бу! Бу имтиҳоннинг ўлчовлари, аниқроғи чегараси эса, баъзи кимсалар ўйлаганидек, ёхуд айтганларидек, муайян вақтларда намоз ўқиш ва муайян вақтларда рўза тутишдан иборат эмас! Яна ҳам очиқроқ ифодалайдиган бўлсак, Аллоҳ таоло, бу инсонларга “Муайян вақтларда намоз ўқинг, бундан ташқари вақтларда хоҳлаган ишингизни қилаверинг”, дея эркинлик бермаган, инсонларни ўз билганларига ташлаб қўймаган! Чунки, Ислом динига кўра Аллоҳга қуллик, муайян вақтларни эмас, бутун бир ҳаётни қамраган, инсон умрини тўлалигича ўз ичига олган қулликдир. Шу боисдан меҳрибон Парвардигоримиз биз инсонларга фақат намозга, фақат рўзага тегишли ҳукмларни эмас, бутун ҳаётимизга, турмушимизга оид ҳукмларни нозил қилган. Жумладан Қуръони Каримни очиб ўқиган ҳар инсон, истиқомат яъни яшаш тарзи билан боғлиқ бу ҳукмларни кўради.
Бир лаҳза тин олгандан сўнг, кўзларимга қизиқсиниб қараганча сўради:
–    Инсонларни йўқдан яратган, хилма-хил неъматлари билан яшатиб қўйган Аллоҳнинг, инсонлар ҳаётига доир, уларнинг қандай яшаётганига тегишли ҳукмлар қўйишга ҳаққи борми-йўқми?
Бу қандай савол бўлди?!
– Албатта бор!
Ана шу бор деганингиз ҳақ, Аллоҳнинг инсонлар ва жамият устидаги Илоҳлик ҳаққидир.
Англаётганимни кўргач, сўзларини давом эттирди:
–    Илоҳлик ҳаққини тушунганингиздан кейин, иккинчи масалани ҳам билиб олишингизга тўғри келади. Яратган Раббимиз ана шу Илоҳлик ҳаққини ҳеч бир пайғамбарга, ҳеч қайси авлиёга, ҳеч кимга, ҳеч қайси жамиятга, ҳеч қанақа маъмуриятга на-да ҳеч бир давлатга бермаган! Инсонлар ҳамда жамиятлар устидаги ана шу Илоҳлик ҳаққи, фақат ва фақат Аллоҳга оид бўлган ҳақдир!
Жуда аниқ ва лўнда гапирган Саид домлага қараб қолдим. Унинг айтганларини ғоят яхши англагандим. Инсонлар ҳамда жамиятлар устидаги Илоҳлик ҳаққи фақатгина Аллоҳга оид бир ҳақ эди!
–    Тушундим, устоз!
–    Агар тушунган бўлсангиз, шу саволимга жавоб беринг! Ҳар қандай бир инсон, ҳар қандай маъмурият, ҳарқандай давлат, Аллоҳнинг Илоҳлик ҳаққини ўзида кўрса, шундай ҳақ менда ҳам бор деса, ўзини кимнинг ўрнига қўйган бўлади?
Дарҳол жавоб бердим:
–    Илоҳ ўрнига!
–    Тўғри, лекин улар илоҳми?
–    Албатта йўқ!
Сўнг сўзлашдан тўхтади ва бошини қимирлатди.
–    Инсонларнинг илоҳиман, дея даъво қилаётган сохта илоҳлар мана шулардир! Аллоҳ таоло ҳукм қўйган бир масалада у ҳукмни инкор қилиб, ўзи ҳукм қўйишга уринадиган, Аллоҳ ҳаром деган нарсани ҳалол, ҳалол деганини эса, ҳаром дейдиган ҳар қандай инсон ёхуд давлат ёки ҳар қандай жамият билиб-билмай инсонларга илоҳлик қилишга уринган ҳисобланади! Мусулмоннинг бурчи ва мусулмон бўлишнинг шарти, ўзига илоҳлик қилмоқчи бўлган ҳар қандай кучни “Ла илаҳа” дея рад қилиши, Илоҳ ўлароқ фақат Аллоҳни қабул қилиши, ёлғиз Унга йўналашидир!
Қотиб қолгандим. Ҳайратга тушдим ёки бошим шишди, демайман. Чунки, на ҳайрон қолган, на-да карахт бўлгандим.
Балки, айтилганларни ғоят яхши тушунгандим, бироқ англаганларим муаллақ тургандек эди. Фикрларимни бир ерга жамлаёлмаётгандим.
–    Бир оз аниқроқ тушунтирасизми?
–    Албатта. Масалан, Раббимизнинг намоз мавзусидаги ҳукмларидан бири, дунёнинг қаерида, қайси бурчагида бўлмайлик, Каъбага йўналмоғимиздир. Энди ҳар қандай бир киши ёхуд ҳар қандай бир кенгаш, “Бундан кейин намоз ўқиётганда Каъбага эмас, Шветсарияга юзланасиз” деса, шундай бир қонун чиқарса нима қиласиз?
–    Нима дейишим маълум-ку, устоз! Уларга, сизни ҳам, қонунларингизни ҳам...
Қўли билан ишора қилганча мени тўхтатди. Ва ўзи давом этди:
–    Қисқаси бундай ҳукмни, қонунни рад қиласиз. Бу мавзуда ҳукм қўйиш Раббимнинг ҳаққидир ва энг гўзал ҳукм қилгувчи Унинг Ўзидир, дейсиз. Шундай эмасми?
–    Ҳа, – дедим.
–    Муҳим бўлган нарса шуки, Аллоҳнинг ушбу ҳукмида кўрсатган мусулмонга хос қатъиятни, Жаноби Ҳақнинг қолган барча ҳукмларида ҳам кўрсатишингиздир! Чунки, Парвардигоримиз бизга фақатгина намоз ва рўзани буюрмаган. Ҳукм ва ҳикмат соҳиби бўлган Раббимиз, туғилганимиздан то ўлгунимизга қадар бутун бир ҳаётимизни қамраб оладиган ҳукмларни буюргандир. Бу ҳукмларнинг бир қисми муҳим, қолганлари аҳамиятсиз эмас! Намозга тегишли ҳукмлар қандай муҳим бўлса, уйланишга оид, оила ҳаётига алоқадор, ишимиз, тижоратимиз, жамиятдаги ўзаро муносабатларимизга тегишли ҳукмлар ҳам худди шундай муҳимдир! Бу ҳукмларнинг барчаси, Аллоҳга қуллигимизнинг исботи ўлароқ яшашимиз, амал қилишимиз керак бўлган ҳукмлардир. Аллоҳнинг бу мавзудаги ҳукмларига зид ҳукмлар қўйиб, инсонларни шу сохта ҳукмларга итоат қилишга чақирадиган ҳар қандай шахс ёки жамият, инсонларга илоҳлик даъво қилаётган, инсонларни ўзига қуллик қилишларини талаб қилаётган бир тоғутдир. Мусулмоннинг бурчи эса, Ўзига илоҳлик даъвосида бўлган барча тоғутларни “Ла илаҳа” дея инкор қилиши ва тоғутларга қуллик қилишдан ўзини асрашидир.
Ҳа!..
Тоғутнинг нима экани энг охирида аниқ бўлганди. Аллоҳнинг ҳукми ўрнига ҳукм қўядиган, инсонларни ана шу ҳукмга амал қилишга даъват қиладиган ҳар қандай шахс ёки жамият тоғут эди. Ва пайғамбарларнинг барчаси инсониятни ана шу тоғутга қулликдан қутқариш учун юборилганди!
–    Зотан пайғамбарлар ҳам худди шунинг учун юборилмаганмиди?
Кўзларида севинч порлаганча боши билан тасдиқ ишорасини қилди.
Саид домланинг айтганларини ўйлаганим сайин жойимда туролмай қолдим. Унинг фикрлари, изоҳлари гўё ҳар тарафни ойдинлатиб, нурга тўлдириб юборгандек эди!
Хонада мендан бўлак ҳеч ким йўқдек, ўрнимдан турдим. Деразанинг ёнига борганча ташқарига, олисларга кўз ташладим.
Ҳамма нарса бошқача, мутлақо бошқача кўринарди кўзларимга! Барча нарсанинг юзидан ниқоби тушган, ҳақиқий башараси намоён бўлганди гўё!..
Аллоҳнинг ҳукмларини инкор қилиб,
Аллоҳнинг ҳукмларини ....
Аллоҳнинг ҳукмларини ўтмишга нисбат этиб, бу илоҳий ҳукмларга “эскилик сарқити” деган тамғани уриб, инсонларни ўз ҳукмларига бош эгишга даъват қилган юзлаб сохта илоҳларни, юзларча тоғутларни кўрардим атрофда!..
“Вой, беномуслар, вой подалар!” деган бир ҳақорат юксалди ичимдан. Инсонларни қанчалик алдаётган, қанчалар йўлдан оздираётганди улар!..
Шунингдек, мени ҳам, менингдек маданиятли ишбилармонни ҳам алдаёлганди улар!
Бўғзимгача, нақ бўғзимгача бир ширк ботқоғига ботганлигимни ҳис қилдим ана шу лаҳзада! Илгари ҳечам кўрмаганим, авваллари асло фарқлаёлмаганим бир ифлослик эди бу!
Нима қиламан, энди нима қилмоғим керак, дея ўйламадим. Чунки, билардим, жуда яхши билардим нима қилишим, нима дейишим кераклигини!
Ла илаҳа!..
Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир!.. Аллоҳ ҳаққи йўқ!
Ла илаҳа!..
Инсониятга илоҳлик даъвосида бўлган барча сохта илоҳларни инкор қиламан!
Ла илаҳа иллаллоҳ!
Инсонларга илоҳлик даъвосидаги барча илоҳларни рад қиламан. Чунки, Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир! Фақат ягона Аллоҳ бордир!
Ла илаҳа иллаллоҳ! Ла илаҳа иллаллоҳ!..
Энг гўзал ҳақиқатни энг гўзал шаклда ифода этган бу сўзни гўё эндигина ўрганган, бу сўзнинг ҳикмат тўла сиррига гўё янгидан воқиф бўлгандим!
Нақадар гўзал ва нақадар муҳташам бир сўз эди бу!
Бу сўзни ҳар айтганимда, ташқарида кўрганим сохта илоҳларнинг, ташқаридаги тоғутларнинг ифлослигидан узоқлашганимни, пок, топ-тоза бир шахсиятга томон юксалганимни ҳис қилардим!
Алҳамдулиллаҳ!..
Миннатдорчилик тўла кўзларимла Саид домлага қарадим. Индамасдан ўтирарди.. Гўё ҳеч нарса билмагандек, ҳеч бир иш қилмагандек!..
Аслида эса, шохлари ўсиб, ҳар тарафга тарвақайлаб кетган улкан бир дарахтни беш-ўн дақиқалик суҳбат ёрдамида бутаб қўйган ва ўртада текис ва чиройли бир шакл ҳосил қилган эди!
Очиқ-равшан бир ҳақиқат намоён бўлган эди!
“Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ . Фақат АЛЛОҲ бордир”.

Саид хўжа тушликка пиширилган овқатдан бир-икки луқма егач, кетишга изн сўради. Уни машинамда олиб бориб қўйишимни айтсам, рози бўлмади. Мен ҳам ортиқча қистамадим.
Домла кетгач, пешин намозини ўқиш учун масжидга тушдим ва намоздан сўнг хонамга кириб, магнит тасмасидаги ёзувларни такрор-такрор эшита бошладим.
Аср намозидан кейин яна суҳбат тингладим.
Шом кирганди.
Уларни неча бор тинглаганимни билмайман, фақат ҳар эшитганимда янада яхшироқ тушунар, тафаккур уфқим тобора кенгаяётгандек туюларди...
Тасмадаги сўзлар бор-йўғи уч калима ёхуд, учта тушунчани ифодалар эди:
Дин, Илоҳ, тоғут...
Фақат шу учта сўз, фақатгина шу уч тушунча, барча инсонлар, айниқса ва энг аввал барча мусулмонлар билиши лозим бўлган тушунчалар эди! Чунки буни билмай туриб, уларнинг қандай маъно англатишини тушунмай туриб, фақат ва фақат ягона Аллоҳга қуллик қилишимиз, қила олишимиз мумкин эмасди!
Бир пайтлар ўқиганим икки мисра хаёлимга келди:

Ўттиз уч йил соатим ишлабди, мен турибман,
Кўк юзидан бехабар мен учирма учирибман!..

Адашмасам, бу шеър раҳматли Нажиб Фозил қаламига мансуб эди. Ушбу мисраларни илк бора ўқиганимда, масалани Нажиб Фозилнинг шахсига тегишли деб баҳолаган, фақат унинг ғафлати ҳақида сўз кетмоқда дея изоҳлагандим. Ҳолбуки, баҳс мавзуси бўлган ғафлат, менинг ғафлатим, тилга олинган ғафлат улкан бир жамиятнинг ғафлати экан!..
Аллоҳга имон келтирган, Унга қуллик қилишни истаган қанча-қанча инсонлар афсуски, бу ҳақиқатдан бехабар эди. Белини тўғрилашдан ожиз бўлган бу инсонлар, ҳам Аллоҳнинг, ҳам тоғутнинг қаршисида эгилишарди. Ҳолбуки, мусулмон дегани фақат Аллоҳнинг ҳузурида эгиладиган инсон дегани. Чунки, Аллоҳнинг даргоҳида қабул қилинадиган қуллик, ёлғиз Унга қилинган қулликдир!
Бироқ билишмасди, англашмасди инсонлар бунинг моҳиятини!

Эртаси кун фабрикага келгач, барча ишчиларни овқатланиш хонасига тўплаб, барчасидан бирма-бир ”Дин нима, Илоҳ нима, тоғут нима?” дея сўрагим келди. Барчасига бу ҳақиқатларни билдириб, ҳаммасини намоз ўқишга чақиришни истадим.
Сўнгра бу фикримдан қайтдим. Бу суҳбатни Саид домланинг ўтказгани маъқул эди. Истагимни унга етказишим лозим эди. Негаки, қўл остимда ишлаётган инсонларга нисбатан масъул эдим. Уларнинг олдида бажаришим шарт бўлган бурчим, муҳим вазифам эди бу!
Мен шундай бўлса ҳам, пешин ва аср намозларини фабриканинг масжидида ўқиган ишчиларни ёнимга чақириб, улар билан суҳбатлашгим келди. Аввал уларга саволлар бердим. Барчаси бир-бирининг юзига термулганча, саволимга жавобни ёнидагининг афтидан топишни истаётгандек, жим туришарди. Тоғут ҳақида сўраганимда эса, мутлақо ҳайратга тушишди. Ёши кексароғи эса, “Тақсир, у тоғут эмас, тобут”, дея менинг хатоимни тузатишга ҳаракат қилди.
Тоғутнинг нима эканини билмасдан, тобут томон одимлаётган бу кишига ачиниб қарадим... Узоқ йиллардан буён беш вақт намоз ўқиётган, неча минг марталаб масжидга борган бу кишининг, тоғутни рад қилиши бир тараф, унинг не эканини билмаслиги бир тараф эди...
Бир қанча масжид ҳамда баъзи масжид имомлари ҳақидаги гаплар тўғри эди. Аллоҳ рози бўладиган динни ўрганиш мақсадида масжидга борган кўплаб инсонлар, дарахт экишнинг фазилатини ўрганишарди, бироқ Исломнинг фазилатини ўрганишолмасди. Исломга киришнинг энг муҳим шарти бўлган калимаи тавҳиднинг маъноси нима эканини, “Ла илаҳа” деганларида нимани инкор қилишганини билишмасди!
Қизиқ, инсонларга бу ҳақиқатларни ўргатмаган диндорлар бу ҳолни қандай баҳолашаркан?! Ёки ўзлари ҳам билишмасмикан? Йўқса, била туриб жим қараб туришганмикан?
Мен учун муҳим бўлган бу саволнинг жавобини ўрганишни, ҳозироқ билишни истардим!.. Энг яхшиси, уларнинг ўзидан сўраш ва жавобни уларнинг оғизларидан эшитиш эди. Шунда ақлимга магнит тасмалар келди. Уларни чақириб, тасмадаги ёзувларни бирга эшитишимиз мумкин эди. Зотан, тасмаларни худди шу ниятда тўлдирган эдим.
Дарҳол иккита имом домлага сим қоқиб, уларни тушликка таклиф қилдим. Таклифимни қабул қилишди ва пешин намозидан кейин келишларини билдиришди.
Масжидда пешин намозини ўқиб, юқорига чиққанимда меҳмонларим ҳам етиб келишди. Иккаласи ҳам кўп йилдан бери ваъз ўқирди. Иккиси ҳам ҳурматга, обрў-эътиборга эга воъизлар эди.
Аввал тушлик қилиб олдик. Мендан хаста “ўртоғим”нинг аҳволини сўрашди. Ҳозирча ҳеч қандай ўзгариш йўқлигини айтдим. Улар шу масалада чақирган, дея ўйлаётганлари билиниб турарди.
Уларга Саид домланинг исмини айтмасдан, масалани қисқача тушунтирдим. Сўнгра, менинг бу мавзуда етарли билимим йўқлигини, шу сабаб магнит тасмаларни тинглаганларидан кейин фикр билдиришларини айтдим.
Улардан бири менга шубҳа билан қаради. Соқоли бори эса: “Жуда соз, Салжуқбей, эшитамиз!” деди.
Қаҳва буюрганча, биринчи тасмани магнитофонга қўйдим. Тинглай бошладик. Овоз ғоят тиниқ ёзилганидан, жуда аниқ эшитиларди. Улар мендан Исмоилнинг кимлигини сўрашди. “Эски танишим”, дедим.
Эшитишда давом этишди.
Саид домланинг бир қанча масжидлар ҳамда маърузачилар ҳақидаги гапларини такрор эшитмоқчи эканликларини билдиришди. Орқага қайтарганча, истакларини бажардим. Соқолсизи ёнидагисига қараганча, бошини икки тарафга чайқади. Бу ҳаракатининг маъносини тушунолмадим.
Саид домланинг тоғут ҳақидаги сўзларини ҳам эшитганларидан кейин иккинчи кассетани қўйдим. Безовта бўлаётганга ўхшашди. Соатларига қараганча, вақтлари йўқлигини, кеч қолишаётганларини айтишди. Бу кассетанинг қисқа эканини билдириб, тинглашларини сўрадим.
Истамайгина рози бўлишди!..
Ҳеч нарса демасдан иккинчисини ҳам эшитишди. Юзларидаги ифодадан, тасмадаги гапларни ҳеч ҳам хушламаганликлари кўриниб турарди! Магнитофонни ўчирганча, соқоли йўғига юзланиб сўрадим:
–    Хўш тақсир, қандай фикрдасиз?

Бирдан жавоб бермади. Бир оз жим тургач, ўйга толди. Сўнгра бошини қимирлатганча, сўз бошлади:
–    Муҳтарам Салжуқбей! Ўзини домла деб атайдиган бунақанги кишиларнинг гапларига эътибор берманг. Булар қаерда яшаётганини билмайдиган, ўтмишдан сабоқ олмаган кимсалардир. Туркияда шунча динсиз бор экан, шу динсизларни қўйиб, диндорлар билан тортишадиган бундай кимсаларни нима деб аташга ҳам ҳайронман! Мен булар ҳақида баҳслашишни истамайман. Энг яхшиси, уларни Аллоҳга ҳавола қилишдир!
Мен яна гапиради деган фикрда кутдим. Аммо, бошқа бир оғиз ҳам сўзламасдан жим бўлди. Ҳайратим ошди!.. Саид домлани Аллоҳга ҳавола қилиш билан ишни битирганди!
–    Бир дақиқа шошманг! Мени қизиқтираётган нарса, бу одамларнинг кимлиги эмас, уларнинг сўзлари. Айтганлари тўғрими ёки хатоми?
–    Қайси гапи?
–    Тоғут ҳақида, дин ва илоҳ ҳақидаги гаплари.
Жим бўлиб қолишди.
Аввал бир-бирларининг юзларига, сўнгра менинг юзимга термулишди. Мен эса жавоб кутаётган эдим. Соқол қўйгани масалага ойдинлик киритишни истади:
–    Эшитинг, унинг айтганлари тўғри бўлгани билан, ҳамма тўғри гапни дуч келган жойда гапиравериш тўғри эмас. Бундан ташқари, бизлар ҳозирча давлат ишида масъул лавозимда бўлсак!
–    Давлат ишида ишлаётганингизнинг бунга нима дахли бор?
Жаҳолатимни кўриб, кулишди. Соқоли бўлгани айни табассум билан жавоб берди:
–    Салжуқбей! Бу ўлкада қонунлар бор. Қуръони Каримда келган ҳамма ҳақиқатни ҳар ерда гапиролмайсиз!
–    Ҳаттоки масжидларда ҳамми?
–    Албатта масжидларда ҳам!.. Чунки, масжидларда иш юритадиган биродарларимиз ҳам давлат маоши ҳисобига ишлайдиган ҳукумат хизматчиси. Ҳамма бошлиқлар сингари улар ҳам қонунларни эътиборга олишга мажбур! Агар шундай қилишмаса, ҳам ишдан айриладилар, ҳам устларидан жиноий иш очилади.
–    Тушунмадим?
–    Нимасини тушунмайсиз? Масалан, масжидларда иш олиб борадиган ҳар бир биродарларимиз, Аллоҳнинг ҳукми билан ҳукм қилмаганларнинг кофир эканлигини жуда яхши билади. Билади-ю, бироқ буни масжидларда айтолмайди. Чунки, Қуръони Каримда келгани билан, давлатни танқид қилган давлат ишига тегишли ояти карималарни кун тартибига киритиш маън қилинади. Бу қоидага амал қилмаган бир қанча диндорлар, халқни давлатга қарши гиж-гижлашда айбланиб, қамоққа олинган.
–    Қамоққа олинган ўша инсонларнинг гаплари тўғримиди?
–    Албатта тўғри! Ҳаммаси Қуръоний ҳақиқатлар, барча айтганлари рост.
Гапини давом эттирмоқчи эди, бироқ. Ёнидаги туртиб қўйгандан сўнг тўхтаб қолди. “Нима дейсан?” дегандек унга қаради. Иккинчиси столга қараганча, магнитофонга ишора қилди!
Қотиб қолди! Магнитофонга тикилган кўзлари қўрқувдан йириклашди. Нигоҳларини аввал менга, сўнгра магнитофонга тикиб, пичирлаган овозда: ”Магнитофон қўшилганми?” деди.
Уни тинчлантиргим келмади.
“Ҳамма гапингни эшитдим, ким эканингни биламан”, дегандек бошимни қимирлатганча унга қарадим. Оёққа туриб, магнитофонга қарамоқчи бўлди. Магнитофонни стол устидан олиб, тортмага солиб қўйдим.
Бир муддат оёқда турганча қолди! Сўнг жойига ўтирди. Қўрққани, ваҳимага тушгани билиниб турарди. Мен эса қиёфамни ўзгартирмасдан унга қараб турарканман, энди нима қилишини, нима дейишини кутиб турардим.
–    Салжуқбей!.. Сиздан ўтиниб сўрайман, бу гаплар орамизда қолсин. Уч ярим йилдан кейин нафақага чиқаман. Илтимос!..
“Бу гаплар орамизда қолмайди”, дедим. Кўзлари катталашди. Нима қилишини билолмай, аввал соқолини тутамлаб турди, сўнгра иягини қаший бошлади. Сўзимни давом эттирдим:
–    Мана шу суҳбатимиз, оғзимиздан чиққан ҳар бир сўз Маҳшарда, Ҳузури Илоҳийда юзага чиқади!..
Иккаласи ҳам баравар чуқур “Уҳҳҳ...” деб юборди! Юзларидаги қўрқув ва хавотир секин-аста йўқола бошлади. Енгил тортишгани кўриниб турарди!.. Уларга қарадим.
Аллоҳнинг динини ўрганиш учун масжидларни тўлдирган шунча инсон Исломни мана шулардан, шуларга ўхшаш диндорлардан ўрганишадими?! Ҳатто тўрт девор орасида ҳақни, ҳақиқатни гапиришдан қўрқадиган бу инсонлар, жамоатга очиқ майдонда қандай қилиб ҳақдан гапирсин?!.
Олдинига уларга ачиндим!.. Магнит ёзувлар қўрқувидан қаршимда қалтираб, букилиб ўтирган бу одамларга аввал тўғриси ачиниб кетдим. Сўнгра кўз олдимга масжидларни тўлдирган милёнларча чорасиз инсонлар келди! Ачинишим керак бўлганлар, ҳеч шубҳасизки, ҳақ талабида масжидларни тўлдириб, Исломни ўрганишга интилган инсонлар эди!
Ислом динига толиб бўлишларига қарамай, ҳақиқий Исломдан бехабар бўлган бечора инсонларга ачинишимиз, уларга марҳамат қилишимиз керак эди! Уларни шу аҳволга солганлар эса, манавилар, шуларга ўхшаган диндорлар эди!
Тўрт-беш сўм маош илинжида ҳақиқатни бекитган, нафақа ҳаққига кўз тикаман деб, Илоҳий ҳақдан кўз юмган бу бечора инсонлардан жиркана бошладим. Бир лаҳза нима қилишимни, уларга қандай муносиб сўз айтишимни билмай ўйланиб туриб қолдим. Уларга фақат “Йўқолинг!” дейишим мумкин эди. Оёққа турганча “Йўқолинг!” дея ҳайқиргим келди!
Фақат бунинг иложи йўқ эди. Негаки, улар меҳмоним ҳисобланишарди. Бу сўз уларга жуда муносиб эди, бироқ менинг оғзимга ярашмасди. Бир амаллаб ўзимни қўлга олишга, жаҳлимни забт қилишга уринарканман, уларга эшикни кўрсатдим:
–    Марҳамат кетинг, энди кетинг!..

Бугун якшанба.
Аёлим билан бу тун узоқ суҳбатлашдим. Болаларни соат ўнда ухлатганимиздан кейин залда ёлғиз қолгандик. Менинг бошим озгина оғриётганди. Чой билан бирга иккита оғриқ қолдирувчи дори ичдим. Хотиним Ширин бу оғриқнинг сабаби кўп ишлаганимдан деб ўйларди, ўзим унга шундай дегандим. Шунинг учун сал камроқ ишлашимни уқтирди.
Ширин жуда яхши аёл эди. Унга меҳр ва муҳаббат билан қараганча сўзлай бошладим. Энг аввал унга имон келтирганимиз Зот Аллоҳ ҳақида гапирдим. Аллоҳга бўлган ишончимизнинг ҳар қандай шубҳадан йироқ эканини яна бир бор такрорладим. У ҳам менинг сўзларимни самимий тарзда тасдиқлади. Сўнгра пайғамбарлар ҳақида гапирдим. Пайғамбарлар инсонларни фақат Аллоҳга қуллик қилишга даъват қилишганини ва инсониятга энг тўғри ҳақ динни келтиришганини тушунтирдим. Дин ҳақида таъриф бериб, ҳақ ҳамда ботил динлар ҳақида қисқагина маълумот бердим.Агар инсоният биринчи бўлиб келган пайғамбар ҳамда у олиб келган ҳақ динни бузишмаганларида, Аллоҳнинг ҳақ динига ўзгартириш киритмаганларида, ана шу битта пайғамбар ҳамда бир дин уларга етарли бўлишини билдирдим. Бироқ, инсонлар ҳар келган янги динни бузишганини, шу сабаб Аллоҳ таоло ҳар бир ўзгаришдан кейин бошқа бир пайғамбар воситасида яна янги дин нозил қилганини тушунтирдим. Мана шу ергача айтган сўзларимни жуда яхши тушунди.
Кейин эса, барча пайғамбарларнинг юборилиш ғояси бўлган, инсониятни тоғутга қулликдан қайтариб, Фақат Аллоҳга қуллик қилишга даъват масаласини тушунтира бошладим.
Тоғутнинг нима эканини Ширин ҳам яхши англаёлмади.
Тоғутни қийинчиликсиз тушуниши учун, Илоҳ калимасининг маъносини ҳамда тавҳиднинг нима эканини англатдим.
Ҳақиқий Илоҳ билан, инсонларга илоҳлик даъвосида бўлган сохта илоҳларнинг, тавҳид калимаси билан қандай қилиб бир-биридан айрилганини, сохта илоҳларнинг инкор қилиниб, ягона Илоҳ ўлароқ Аллоҳнинг тасдиқ этилиши кераклигини тушунтирдим.
У барча айтганларимни диққат билан тингларкан, маъносини англашга ҳаракат қиларди. Сўнг кўзларимга тикилганча:”Сал аввалроқ тоғут деганингиз, инсонларга илоҳлик даъво қилган сохта илоҳлармасми?” дея сўради. Аллоҳга ҳамд айтиб:”Ҳа худди шундай!” дедим. Кейин, тоғутга мисоллар келтириб, тавҳид калимасини шу идрок билан айтиши лозимлигини уқтирдим.
“Ла илаҳа иллаллоҳ” деди. Сўнг бир нафас тўхтади-да, ўйлай бошлади. Бошини оҳиста қимирлатганча, яна “Ла илаҳа иллаллоҳ” деди.
Бир муддат жим қолдик. Кейин мендан:”Жуда соз, Салжуқбей! Энди нима қилишимиз керак?” дея сўради. Хотинимнинг бундай самимий гапириши менга жуда ёққан, ҳам мени тўлқинлантириб юборганди. Унга аниқ бир жавоб бердим:
–    Аллоҳнинг динини, калламизга келганига кўра эмас, анъана ва урф-одатларимизга кўра яшашдан воз кечиб, Аллоҳнинг ҳукмларига, буюрганларига кўра яшаймиз! Чунки, ёлғиз Аллоҳгагина қуллик қилишнинг бундан бошқа йўли йўқ!..
У ниҳоятда ақлли инсон эди. Бу гапларимнинг қандай маъно касб этишини биларди. Кулимсираганча,”Яъни, шариатчи бўламизми?” деди.
Мен ҳам жилмайдим:
–    “Чи-чи” деган қўшимчаларни ташла!.. Зотан, “Ла илаҳа иллаллоҳ” дерканмиз, ягона Илоҳ ва ҳукм қўювчи Зот фақат Аллоҳ деб қабул қиламиз.Аллоҳнинг ҳукмларини, яъни Унинг шариатини инкор қилиб, бошқа ҳукмларга, бошқа шариатларга йўналишимиз албатта мумкин эмас!
Бошини қимирлатганча “Албатта!” деди. Сўнгра жим бўлганча ўйлай бошлади. Нимани ўйлаётганини ҳис қилаётгандек эдим. Янглишмагандим!
–    Салжуқбей, ўранаманми?
–    Ўранишни хоҳламайсанми?
Яна жим бўлиб қолди. Карахт аҳволда қолгандек эди!..
–    Билмадим!.. Жуда ғалати эмасми? Ўранишни ўйлаганимда хаёлимга Аллоҳ эмас, атрофимиздаги инсонлар, атрофимдаги аёллар келяпти. Улар нима деб ўйлашади, менга қандай қарашларини ўйлаяпман...
Ҳеч нарса демасдан унга қарадим. Гапирган сўзларидан қандай хулосага келиши мени қизиқтирарди. У бир муддат ўйланиб турди-да: “Беҳуда, Худо ҳаққи бари бекор!” дея ўрнидан даст турди. Шахд билан ётоқхонага кириб кетди.
Мен эса, жимгина кутардим. Кутаётган нарсам, мужда билан якунланди! Чунки, бир неча дақиқадан кейин ётоқхонадан чиқиб келган Ширин ўранган эди!
Мавлидларда бошига ўрайдиган оппоқ рўмолини ўраб олганча: “Худо хоҳласа, бундан кейин фақат шундай!” дея ёнимга ўтирди.
Унга қарадим!.. Кўзларимни узолмай қолдим ундан!.. Қаршимда ҳақиқатдан ширин, шип-ширин бир аёл турарди!.. Рўмолга бурканган юзи ғоятда нурли кўринарди.
Тўлқинланиб кетдим!.. Кўзларимни қайноқ бир нарса тўлдирганини ҳис қилдим. Ўрнимдан турганча, унинг ёнига ўтирдим. Ўнг қўлини қўлларим орасига олдим. “Сендан Аллоҳ рози бўлсин!” дея қўлини лабларимга босдим... Қайта-қайта ўпдим.
Ҳуркибгина, уялибгина ўзини тортди. Қўлини қўлларимдан бўшатиб оларкан, менинг қўлларимни тутганча:”Сиздан ҳам Аллоҳ рози бўлсин!” деди.
Бир муддат шундай ўтирдик. Бундай аёлнинг, бундай умр йўлдошининг инсон учун нақадар гўзал, нақадар бебаҳо бир неъмат эканини янада яхшироқ англадим!..
Бундай жуфти ҳалолнинг қиммати бойликдан ҳам, мол-дунёдан ҳам, давлатдан ҳам юксакроқ эди бир инсон учун!.. Менга ана шундай бебаҳо ҳаёт йўлдошини насиб қилгани учун Аллоҳга шукроналар айтдим!..
“Мен хуфтонни ўқиганим йўқ”, дедим. Кулимсираганча “Мен ҳам ҳали ўқимадим”, деди. Намозни бирга адо қилдик. Аёлим бахтли, жуда бахтиёр кўринарди. Бу тундаги суҳбатимиз туфайли у янги, яп-янги бир дунёга кириб қолгандек ҳис қиларди ўзини!..

Душанба куни бирга майда-чуйда харид қилишга чиқдик. Бир нечта дўкондан баъзи нарсаларни олганимиздан кейин, Исмоилнинг дўконига бордик. Унинг дўконида аёлларнинг либослари жуда кўп ва хилма-хил эди.
Аёлим сотувчи қизнинг ёрдамида ҳижоблар ҳамда кўйлакларни кўздан кечираркан, биз Исмоил билан бирга ўтирдик. Мендан Саид домла билан қилган суҳбатимиз ҳақида сўради. Қисқагина айтиб бердим. Мен учун ғоят фойдали бўлганини билдирдим. Саид домланинг суҳбатларидан нафақат менинг, балки жуда кўп мусулмонларнинг ҳам фойда кўрганлигини айтди.
Мен у киши билан яна қандай учрашишим мумкинлигини сўрадим. “Билмадим, ўзи билан олдин гаплашишим керак”, деди.
Ширинга қарадим. Баъзи либосларни танлашда қийналаётгандек кўринди. Унинг ёнига бориб, ёқтирган ҳамма кийимларини сотиб олишини айтдим. Жилмайганча: ”Унчалик кўп кийимнинг кераги йўқ”, деди. “Мен шуни хоҳлаяпман, йўқ дема!” дея қаттиқ туриб олдим. Ҳақиқатдан ҳам шуни истардим.
Индамади. Сотувчи қизга қайрилиб: “Осмон хоним! Ёқтирган кийимларининг ҳаммасини ўраб беринг!..” дедим.
Исмоил телефонда гаплашаётганди. Бир пайт менга қараб: “Эртага фабрикадамисан?” дея сўради. Эртага нима қилишимни, қаерга боришимни ўзим ҳам билмасдим. Шундай бўлса-да, ўйлаб ўтирмасдан ”Ҳа”, дедим. Кейин ўтирдик. Исмоил менга ҳозир Саид домла билан гаплашганини, аниқ эмас-у, эртага пешиндан кейин фабрикага бориши мумкинлигини айтди. Мабодо бирор ўзгариш бўлса, Саид домла ўзи менга сим қоқармиш.
Исмоилга миннатдорчилик билдирдим, унинг хабаридан жуда севингандим!.. Харидни шу кўтаринкилик билан тугатдим. Пешин намозини Исмолнинг дўконида ўқидик. Ширин янги ҳижобини кийиб, бошига унинг ранггига уйғун рўмол ўраб олганди. Исмоил билан хайрлашиб, аёлим билан бирга дўкондан чиқдик.
Ширинга ажойиб бир тушлик олиб бериш ниятида эдим. Камаралти масжидининг рўпарасида кўмир чўғида жуда мазали дўнар кабоб пиширишарди. Ўша ерга қараб юра бошладим. Хотиним билан кетарканмиз, дўконларнинг ойналарига қарардим – иккимиз ҳам бутунлай ўзгаргандик!..
Менда уч-тўрт кунлик соқол бор эди.
Хотиним Ширин эса, бутунлай бошқа бир хоним, тамоман ўзга бир хонимафанди бўлиб қолганди!.. Нима бўлганда ҳам, ушбу янгиликдан бегонасирамаганга ўхшарди! Эгнидаги янги либослари ичида эски, ҳар доимги бир роҳат билан юраётгани билиниб турарди. Гўё, шу либослар билан туғилган, шу кийимларда улғайгандек роҳатланиб ўтирарди.
Овқатланаётиб, янги ҳолатимиздан, янги дунёмиздан суҳбатлашдик.
Гарчи, яна аввалгидек еб-ичаётган, сайр қилаётган, яна дунё неъматларидан фойдаланаётган бўлсак-да, олдин барча ҳаракатларимизни ақлсиз, фикрсиз бир шахс ўлароқ амалга оширган бўлсак, энди Аллоҳга тобе бир қул ўлароқ бажарардик. Энг муҳим ўзгариш бизларда содир бўлган ўзгариш эди.
Биз ўзгарган, биз билан ҳамма нарса ўзгарганди, гўё!
Суҳбатимиз сўнггида бу дунё ҳаётининг абадий эмаслигидан, ва эртами-кечми ўлишимиз аниқлигидан гаплашдик. Бир мусулмон ўлароқ, ўлимга ҳар лаҳза тайёр туришимиз кераклигини таъкидладик. Рафиқам мени тинглаш билан бирга, сўзларимни аниқ ва сермаъно фикрлари билан тўлдирарди. Унинг бу ҳолати ҳамда ўлим ҳақидаги ғоят теран сўзлари қаршисида лол қолдим. Унга хасталигим ҳақида билдириш мавриди етганмикин, деган ўйга толдим... Бу саволимнинг жавобини унинг сокин ва нурли чеҳрасидан, ҳақиқатга тик қараёлган кўзларидан излардим.
У бениҳоят бахтиёр эди. Шу боис фикримдан воз кечдим. Унинг янги дунёсидаги яп-янги бахтиёрлигига соя солгим келмади. Хасталигим ҳақида унга кейинроқ, фурсати билан айтишга қарор қилдим.
Пешингача умуман телефон овозини эшитишни истамадим. Ҳар қўнғироқ овози келганда ажабо, Саид домла келолмаслигини билдириб қўнғироқ қилаётганмикин, деган хавотирда ўтирдим. Лекин, соат ўн бир ярим бўлганда у кириб келди. Уни яна эшик тагида кутиб олдим. Юқорига чиқишда қийналмаслиги учун, пастдаги катта хонага таклиф қилдим.
Қисқагина ҳол-аҳвол сўрашганимиздан сўнг, ўтган галги суҳбат учун миннатдорчилик билдирдим. Ва бу суҳбатимиз мен учун ғоятда фойдали бўлганини билдирдим. Бундан ташқари, унинг суҳбатини рухсат сўрамасдан магнит тасмасига ёзиб олганим учун кечирим сўрадим. Ҳеч қандай эътироз билдирмасдан, “Зотан, барча сўзларимиз қайд қилиниб боришлигини, елкамиздаги фаришталар орқали амал дафтаримизга ёзиб қўйилаётганини ҳис қилган ҳолда, эътиборга олган ҳолда гапирамиз”, деди.
Бу сўзлари менга ёқди.
Кассетани эшиттирганим бошқа домлалар хаёлимга келди. Саид домла билан улар орасида қанчалар катта фарқ бор эди!.. Саид домлага улар ҳақида ва уларнинг сўзлари ҳақида айтиб бердим.
Бироқ, уларни камситадиган, ҳақоратлайдиган бирор сўз демади. Фақатгина, барча имом-домлалар бундай эмаслигини, уларнинг ичида ҳақни гапиришдан қайтмайдиган мард инсонлар ҳам борлигини билдирди.
Ғоятда босиқ киши эди у! Унинг сўзлари ниҳоятда теран ва пурмаъно эди. Илгари ҳар қандай киши билан суҳбатлашарканман, у билан нима ҳақида қанча гаплашишимни ўйлар, ўзимга маълум бир чегара қўярдим. Саид домла билан суҳбатлашарканман, бундай чегарага асло ҳожат туймасдим. Гўё ҳар қандай масалада, ҳамма муаммони бемалол гаплаша олиш мумкин бўлган бир инсон эди у!..

Ва бирдан хасталигим эсимга тушди!.. Ҳеч кимга айтолмаган дардим, хасталигимни айтишим мумкин бўлган бирдан-бир инсон, шу домла эди. Узоқ ўйлаб ўтирмасдан, “портладим”:
–    Устоз, миясида шиши бор бўлган ўша “оғайним” ўзимман!.. Шуни айтганимдан кейин анча енгил тортганимни ҳис қилдим. Домланинг юзларида на бир ҳайрат, на бир ҳаяжон излари кўринмади. Бир лаҳза, “Ажабо, ёки аввалдан билганмикин?” деган фикр ўтди хаёлимдан.
–    Хайрлиси бўлсин!..
Жавоб бермадим. Ичимда секингина “Омин!” дерканман, бу хасталикда қандай ҳам хайр бўлиши мумкинлигини ўйладим.
–    Қачон билдингиз?
–    Бир ярим ойга яқинлашди.
Жим бўлганча ниманидир ўйлай бошлади. Юзи ҳамда нигоҳлари шу тушунча билан ювинаётганга, шу тушунча таъсирида титраётганга ўхшарди. Тўлқинлангани билиниб турарди. Ич-ичидан келаётган ҳазин бир овозда гапира бошлади:
–    Пайғамбаримиз (с.а.в.) ўлим ҳақиқатига ишора қилиб: “Насиҳат ўлароқ ўлим етарлидир”, дея марҳамат қилганлар. Ўлимни билиш, ўлмасдан аввал ўлим ҳақиқатини таниш ҳақиқатдан ҳам буюк бир насиҳатдир. Инсонларга бу насиҳатни баъзан бир мусулмон, баъзида бир пайғамбар беради.
Бир муддат тин олгач, давом этди:
–    Сизга эса, бу насиҳатни Аллоҳ таолонинг Ўзи берибди. Сизга ўлмасингиздан олдин ўлажагингизни билдириб, шу ҳақиқат сабаб уйғонишингизни, ўзингизга келишингизни истабди.
Титраганимни ҳис қилдим!..
Ҳозиргача бу хасталигимнинг Аллоҳдан эканини билардим, аммо уни Аллоҳнинг бир насиҳати деб эмас, бир мусибати ўлароқ қабул қилгандим!.. Ҳолбуки, аҳвол мен ўйлагандек эмасди!.. Саид домла жуда тўғри айтганди, мени эски истиқоматим ичида ҳар лаҳза ўлдириши мумкин бўлган Раббим менга раҳматини неъмат қилган, ўлмасимдан олдин ўлажагимни билдириб, олти ойдан иборат узоқ бир муҳлат берган эди!.. Шу ўйлар билан севинганимни ва менга марҳамат кўрсатган меҳрибон, энг раҳмдил бўлган Раббимни янада кўпроқ яхши кўришимни ҳис қилдим.
Саид домлага оҳиста бошимни қимирлатиб, “Гапларингиз ғоятда тўғри!” дедим ва қўшимча қилдим:
–    Шу хасталик сабабли ўзимни бир фоний эканимни ниҳоятда яхши англаб етдим.
–    Олдин-чи?
–    Илгари ўлимнинг не эканини билардим, бироқ ўзим билан ўлим ўртасида жиддий бир муносабат бор деб ўйламасдим. Тўғрироғи ўлимни, ўлишимни ҳис қилмасдим. Ўлимни ҳис қилмай туриб, албатта ўлим ҳақиқатини англаш мумкин эмас. Билмадим, гўё дунёда абадий яшайдигандек туйғу бор эди ичимда.
–    Бу туйғуни ҳеч ўйлаб кўрдингизми?
–    Қайси туйғуни?
–    Абадийлик туйғусини.
–    Ҳарҳолда ботил ва аҳмоқона туйғу бўлиши керак!..
–    Мен бундай фикрда эмасман.
–    Нега?
–    Менимча, бу ботил туйғу эмас. Фитратимизда бўлган ҳақиқий туйғу бу!..
–    Тушунолмадим?
–    Тингланг, Салжуқбей! Инсонларнинг дунё ҳаётини абадий деб билиши, албатта шайтоний васвасадир. Мен айтмоқчи бўлаётган нарса, шу васвасага мойил бўлган фитратимизда, шундай бир туйғунинг ҳақиқатдан бор ёки йўқлиги!..
–    Борми?
–    Албатта бор! Агар Раббимиз бизларни абадийлик билан таништирмаганида эди, биз абадийликнинг қандай маънога эга эканини билмасайдик, шайтони лаъин, дунё ҳаётини инсонларга абадий ўлароқ кўрсата олмасди!..
Яна бошим шишиб кетганга ўхшади.
–    Аниқроқ тушунтиринг,– дедим.
–    Масалан, шайтони лаъин инсонларга турли васвасалар бериб, уларни очлик ва қашшоқлик билан қўрқитади, тўғрими?
–    Тўғри.
–    Агар Тангри таоло бандаларига қўрқув сифатини бермаганида, инсонларнинг фитратида бу ҳақиқат бўлмасайди, улар қўрқувнинг нима эканини билишмасайди, шайтони лаъин одамларни қўрқита олармиди?
–    Қўрқитолмасди!
–    Абадийлик туйғусини ҳам худди шундай тушунмоғимиз керак.
–    Аллоҳ таоло абадий ҳаёт ҳақида бизга хабар бериб, бизни шу туйғу билан таништирмаганида, шайтони лаъин қандай қилиб, бизга дунё ҳаётини абадий қилиб кўрсата оларди?
–    Кўрсатолмасди!
Берган жавобимдан ўзим ҳам ҳаяжонланган, берган жавобимнинг қандай маъно касб этишини ўйлай бошлагандим. Ҳақиқатдан ҳам кўрсата олмасди! Бу тўғри жавоб эди. Қўрқув не эканини билмайдиган бир жонзотни қўрқитиш мумкин бўлмаганидек, абадийлик нима эканидан бехабар жонзотни ҳам абадийлик хабаридан воқиф қилиш, унга бегона бўлган бу туйғуни сингдириш имконсиз эди.
Қўрқув васфи фитратимиздан қандай жой олган бўлса, бу туйғу ҳам худди шундай эди. Албатта! Инсонлар билан абадийлик ҳақида баҳслашилганда, ҳеч биттаси: “Абадийлик нима ўзи, у қандай туйғу?” дейишмасди! Гўё барча биладиган, ҳаммага таниш бир тушунча, ҳар ким ҳис қила оладиган ҳақиқат эди у!
Бироқ, булардан қандай маъно, хулоса чиқариш мумкин? Йўқса, инсон абадий борлиқ деганими бу?..
–    Устоз, буларнинг барчасидан қандай хулоса чиқарасиз?
–    Аллоҳ таоло бизларни абадийлик билан таништирган! Аллоҳ ҳақиқати фитратимизда қандай бор бўлса, абадийлик ҳақиқати ҳам фитратимизда худди шундай бордир. Биз фитратан биладиган, бизга асло бегона бўлмаган ҳақиқатдир бу!..
Бир лаҳза тин олди. Сўнг давом этди:
–    Ва шайтон аталган лаънати борлиқ, инсонларни уларнинг фитратларида бор бўлган мана шу ҳақиқат билан алдаб қўяди!.. Шайтоннинг ҳийласига алданган инсонга дунё ҳаётини абадий қилиб кўрсатади ва уни ишонтиришга уринади!
–    Шайтон инсонларни шу билан алдаса, Аллоҳ таоло инсоннинг фитратига нега абадийлик туйғусини жо қилди?!.
–    Албатта, бу шайтоний васвасага алданиб, дунё ҳаётини абадий деб билишлари учун эмас! Қўрқув сифатини қандайки, фақатгина Унинг Ўзидан қўрқишимиз учун берган бўлса, бу ҳақиқатни ҳам абадий бўлган охират ҳаётини янада яхшироқ англашимиз, ҳис қила олишимиз учун берган! Абадий Жаннатнинг ҳамда абадий Жаҳаннамнинг нима эканини идрок қилишлари учун!..
Ҳа... Ана энди ҳамма нарса равшан бўлганди.
Демак, коинотни чексиз, дунё ҳаётини абадий деб ўйлаган инсонлар, фитратларида бор бўлган абадийлик ва чексизлик тушунчасини, ҳақиқатини нотўғри изоҳлаган, тўғрироғи, бу сифатларни янглиш нарсаларга нисбат қилган инсонлар эди!.. Абадийлик деб аталадиган бир ҳақиқат бор эди, бироқ бу ҳақиқат бу дунёга эмас, охиратга нисбат эди, охират ҳаёти абадий эди! Фитратларимиздаги бу абадийлик туйғуси абадий ҳаётнинг борлигига очиқ далил эди!
Азалий бўлмаган ва азалийлик туйғусига бегона бўлган биз инсонлар, абадий ҳаёт ҳақидаги хитобдан бохабар бўлганимиз учун, абадийлик туйғусига умуман бегона эмасдик.
Ғалати бўлиб кетганимни ҳис қилдим!.. Абадий ҳаётни кўргандек, у билан ёнма-ён тургандек эдим. Шу туйғулар ичида эканман, ўлимни ўйладим.
Ўлимнинг ҳам моҳияти ўзгарганди ички дунёмда!.. Илгари ҳаётни тугатувчи бир нуқта, улкан бир нуқта деб билганим ўлим кичик, жуда кичкина бир вергулга айланганди онггимда!..
–    Нимани ўйлаяпсиз?
Саид домлага қарадим. Нигоҳларида қайноқ бир муносабат, ички бир самимият бор эди. Туйғуларим билан, фикрларим билан ўртоқлашишни истаётгандек эди. Майин табассум билан “Ўлимни”, дедим ва қўшимча қилдим: “Зеро, бир ярим ойдан бери энг кўп ўйлаётган нарсам!..”
–    Ўлимдан қўрқасизми?
Дарҳол жавоб бермадим. Беролмасдим ҳам!.. Чунки, бу мавзуда анча фарқли туйғулар, анча фарқли ўй-фикрлар ичида эдим.
–    Билмадим. Фақат кишининг қачон ўлажагини билиши, ғалати ва мушкул бир туйғу...
–    Қачон ўлишингизни биласизми?
–    Узоғи билан тўрт-беш ойдан сўнг!..
–    Нимага бундай деб ўйлаяпсиз?
–    Айтдим-ку, шиш деб. Умидим йўқ...
Кулимсираганча бошини икки томонга чайқади.
–    Йў-ў-ўқ, сизни ўлдирадиган шиш эмас, Аллоҳ!.. Ўлим ҳукми фақат ва фақат Аллоҳнинг қўлида. Истаса тўрт ой, истаса тўрт йил, агар истаса қирқ тўрт йил! Касалим жиддий, деяпсиз. Лекин ҳеч бир касаллик Ҳазрати Айюб алайҳиссаломнинг хасталигичалик жиддий эмас. У кишининг вужудларидаги яралар қуртлаб, гўштлари тўкила бошлаганди! Ҳазрати Айюбнинг (а.с.) ўша ҳолатларини бизнинг давримиздаги тиббиёт ходимлари кўришганда эди, чидаш у ёқда турсин, шундай аҳволда яшаганларини кўриб, ҳайратдан лол бўлиб қолишарди.
Сўнг бир лаҳза тин олди. Енгилгина кулди.
–    Ҳазрати Айюб ( а.с.) ўша ҳолатда ётган пайтлари бир нарсадан жаҳллари чиқиб, хотинларига нима деганларини биласизми?
–    Нима деганлар?
–    Тузалганимдан кейин сени қирқ дарра ураман!.. Ўйлаб кўринг! Ҳаттоки, шундай оғир аҳволда ҳам соғайишдан умид узмаганлар! Жумладан Аллоҳ таоло Ўзидан умид узмаган қулини соғайтиради. Дардини берган Аллоҳ, давосини, дармонини ҳам беради.
Домланинг сўзларини жон қулоғим билан тинглардим. Бу гўзал қиссага қандай ажойиб шарҳ берганди!
–    Шунингдек, умидим йўқ, дедингиз!.. Сизнинг аҳволингиз, балиқнинг қорнида қолган Юнус алайҳиссаломнинг аҳволларидан ҳам оғир, умидсизми?!.
–    Тушунмадим?
–    Тўфонли ҳавода кемадан денгизга ташланган ва бир балиқ тарафидан ютиб юборилган инсон ҳақида нима дейсиз! Қутилишига умид борми?
“Йўқ”, демоқчи эдим, индамадим. Чунки, Ҳазрати Юнус алайҳиссалом қутилган эди! Кулимсираганча бошимни қимирлатдим.
Саид домла тўғри гапираётганди.
Ҳаттоки энг умидсиз, оғир ҳолатларда ҳам Аллоҳдан умид узмаслигимиз керак эди. Ҳамма нарса Аллоҳнинг амрига, Унинг хоҳишига боғлиқ эди.
–    Сиз ҳақсиз, устоз! Ҳеч қачон умидимизни узмаслигимиз лозим.
“ Шундай” дегандек бошини қимирлатди. Кейин қошларини чимирганча қўшиб қўйди:
–    Албатта, буларнинг барчасини ҳаттоки “сакарот-ул мавт” яъни, ўлим шиддати, жон чиқар ҳолатда ётганда ҳам ўлишларини хаёлларига келтирмайдиган, соғайишларига қаттиқ ишонган кишиларга ўхшашингиз учун айтмаяпман. Мутлақо ўласиз, барчамиз ўламиз!.. Фақат қачон, қаерда ва қай ҳолатда ўлишимизни ёлғиз Аллоҳ билади. Тўрт-беш ой дедингиз, балки тўрт-беш кун, балки тўрт-беш йилдир!.. Аллоҳ билади. Муҳим бўлган нарса, ҳар лаҳза ўлимга тайёр туриш, ўлимга доимо тайёр ҳолда яшаш!..
Унга қарадим. Ниҳоятда тўғри ҳамда гўзал сўзларди. Айтаётганлари ҳақиқат эди, бироқ ўзи шу гапларининг маъносини ҳис қила олаётганмикин? Ўлимнинг ва ўлим туйғусининг нима эканини менчалик англай олар, ҳис қила олармикин?
–    Устоз, сиз менинг аҳволимда эмассиз. Шунда ҳам ўлим ва ўлим тушунчаси нима эканини ҳис қиляпсизми? Бу туйғуни англай оляпсизми?
–    Бир дўстимнинг гўзал бир сўзи бор. Ҳақиқий тафаккур эгаси, кўрларни ўйлаган вақтида кўзлари кўрмайдиган кишидир. Миямиз орқали ўйлаганда, биламиз, қалб билан англашимиз эса, ҳис қилишимизни таъминлайди. Ўлим тушунчаси миямиздан қалбимизга кўчган пайтда, бу ҳақиқатни яшаётгандек, бошимиздан кечираётгандек ҳис қилишимиз мумкин. Бундан ташқари ҳолатларимиз орасида муҳим фарқ ҳам йўқ. Барчамиз ўлимга тўғри кетяпмиз. У манзилга ким олдин боришини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Балки мен сиздан олдин, анча аввал ўларман.
Бу қуп-қуруқ, бекорчи сўзлар эмасди.
Саид домла англаганини ҳис қиладиган, ҳис қилганини англатадиган бир инсон эди. Унга ҳурмат билан қарадим. Менга бир нарсаларни тушунтириш учун, менга нималарнидир ўргата олиш учун тинмай ҳаракат қилган бу инсонни ростдан ҳурмат қилар, ҳақиқатдан яхши кўрардим!..
Шу боис унинг учун нималардир қилгим, уни севинтиргим келди. Бир муддат ўйлаганимдан сўнг ақлимга келган биринчи фикрни унга айтишга қарор қилдим:
–    Устоз, сизга миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Мен билан шуғулландингиз, жуда кўп ва муҳим нарсалар ўргатдингиз. Узоқ йиллар давомида ўрганган билмингиздан мени баҳраманд қилдингиз, билганларингизни мен билан бўлишдингиз...
Бир лаҳза тин олгач, давом этдим:
–    Менинг эса, узоқ йиллик меҳнатим эвазига эришган нарсам – дунё моли. Изн берсангиз, мен ҳам шу қўлимдаги бойлигимни сиз билан бўлишмоқчиман. Юқоридаги сейфимда ишлатмайдиганим, мен учун ортиқча бўлган анча пулим бор. Шуни илтимос, қабул қилсангиз!..
Индамади.
Ҳеч нарса демасдан кўзларимга тикилди.
Ниманидир кўришни,нималарнидир тушунишни истаётганга ўхшарди!..
Мен эса, қўрқмадим, мен эса уялмадим бу нигоҳлардан. Чунки ниятим холис эди, чунки самимий эдим. Пулга қиймат бериб, пулни аҳамиятли деб билганимдан буни таклиф қилмагандим. Фақатгина кичкина бир истагимни, кичик бир орзуимни тилимга чиқаргандим.
Мен англаёлмайдиган бир юз ифодаси билан “ Бу билан икки марта бўлади”, деди.
– Нима икки марта бўлади?
–    Мени иккинчи бор қашшоқ дея ҳисоблаяпсиз. Эҳсон қилиш албатта гўзал фазилат. Аммо кимларга эҳсон қилишингиз лозимлигини ҳам ўрганинг!..
Нима дейишимни ҳам билмай қолдим. Мен бу сўзларни, бу дашномларни кўтара олмадим. Бир оз жаҳлим чиққанини, бир оз кайфиятим тушганини ҳис қилдим.
– Саид домла, мени нотўғри тушундингиз. Буни чин кўнгилдан қилгандим. Мен билмагандим!..Сизга нимадир бериб, ўз миннатдорчилигимни изҳор қилмоқчи эдим!.. Бундан бошқаси қўлимдан келмасди!..
Боқишлари ўзгарди, бир оз ҳовуридан тушди.
– Қўлингиздан келадиган, беришингиз мумкин бўлган бошқа нарса бор эди!..
– Нима бор эди?
Майин табассум қилиб, гапира бошлади:
– Эшитинг, сизга бир ҳикоят сўзлаб бераман. Оғилидаги сигирининг орқасидан кун кечирадиган бир киши бор экан. Нимадир бўлибди-ю, мол-дунёга ҳирс қўйган бир киши унинг қандайдир ишига қарашиб юборибди. Дунёпарастнинг шу кичик ёрдами олдида қарздор бўлиб қолишни истамаган ўша одам, бир оз ўйланиб тургандан кейин унга шундай дебди: “Аллоҳ рози бўлсин десам, бу сен учун камлик, мен учун кўплик қилади. Яхшиси оғилдаги шу сигирим билан бузоғини олиб кетақол!..”
Во-оҳҳҳ!.. У одамга ва унинг “Аллоҳ рози бўлсин!” дуосига берган баҳосига қаранг!..
Домлага қарадим. Бу қиссани нима сабабдан менга англатганини тушундим. У мендан худди шу “Аллоҳ рози бўлсин!” деган дуони кутганди. Мен эса, унга сигир билан бузоғини эмас, бор-йўғи кичкина бир “бузоқча”ни туҳфа қилмоқчи бўлгандим!..
Кулимсираганча унга қарадим ва “Устоз, айбга буюрманг”, дедим. Сўнгра “Аллоҳ рози бўлсин!” дуосининг маъносини англаган ҳолда, унинг бебаҳолигини ҳис қилган ҳолда:
–    Сиздан Аллоҳ рози бўлсин! – дедим.
–    Иншаоллоҳ, сиздан ҳам Аллоҳ рози бўлсин! – деганча ўтирган еридан турди.
–    Устоз, кетяпсизми? – дея оёққа турарканман, қўлимни таяб турган курсим билан бирга ерга йиқилиб тушдим. Нима бўлганини, бу қандай юз берганини ўзим ҳам билмай қолдим!..
–    Ёрдам керакми?
Тушган жойимда қотиб қолдим.
Мен бу сўзни, бу овозни олдин ҳам эшитгандим! Ҳа, бу қабристонда эшитган овозим, қабристонда эшитган сўзим эди! Саид домлага ётган еримдан ҳайрат билан боқдим. Кўзларим алдамаётганди, мен қабристонда кўрган киши эди бу!
Нима дейишимни, нима қилишимни билолмай қолдим. Ажабо, у ҳам мени таниганмиди? Сал олдинроқ қабристонда учрашганимизни билармикин?
Юз ифодасидан, нигоҳларидан бирор нарсани илғаш мушкул эди. Ўрнимдан турарканман, менга илиқ табассум билан қараб турган домлага жавобан мен ҳам табассум қилдим:
–    Аллоҳ рози бўлсин! Зотан ёрдам бердингиз!..