Home icon Бош саҳифа»Жаҳон адабиёти»Пешонамдаги нур. Маҳмуд Олакош - 3
Facebook
Пешонамдаги нур. Маҳмуд Олакош - 3 PDF Босма E-mail
Материал индекси
Пешонамдаги нур. Маҳмуд Олакош
2
3
4
5
Ҳамма саҳифа
Кўзларимга майин бир табассум билан қараб:
–    Астағфируллоҳ!.. Аллоҳ учун садақа бериш, мағфиратга, афвга василадир. Иншаоллоҳ кечириласиз!..– деди.
Бу сўзларнинг маъносини тўла тушунмаган бўлсам-да, “Иншаоллоҳ” дедим. Бутун диққатимни жамлаб, бу ғалати кишини кўздан кечирдим. Бу киши Исмоилдан кийим олиб киймаганлиги, ёхуд уни Исмоил кийинтирмаганлиги кўриниб турарди. Кийимлари бир оз эски эди, бироқ топ-тоза эди. Соч-соқолининг учдан бир қисми оқарганди. Юзи сокин, жиддий ва ўта сермаъно кўринишда эди.
Яхшилаб эътибор бердим. Сотувчи қиз “домла”, Исмоил “устоз” дея атаган бу киши негадир менга жуда таниш кўринарди!
Худди уни қаердадир кўргандек эдим. Нигоҳимни бошқа ёққа қаратганча, эслашга ҳаракат қилдим. Бироқ, эслай олмадим!
Балки, бир пайтлар қўлимда ишлагандир, ёки бирор масжидда кўргандирман. Барибир эмасми!
–    Исмим Салжуқ.
–    Танишганимдан хурсандман, меники Саид.
Харидорларни дўкон эшигидан кузатган Исмоил ёнимизга келди. “Устоз, яна бир бор хуш келибсиз!” деганча қўлларини сиқди. Ёнимизга ўтиргандан кейин бизларни таништирди. У кишини Қуръон илмига эга ва билганларига амал қилувчи муҳтарам бир инсон эканлигини билдирди. Мени эса эски таниши, дўсти эканимни айтди. Қандай қилиб беш вақт намозни бошлаганимни айтишни ҳам унутмади.
У киши менга шундай нигоҳ билан қарадики, бу нигоҳлар жуда ўткир ва қатъий бўлиб, унда чуқур маъно ва савол яширинган эди. Боқишларидаги саволга жавоб бердим:
– Исмоил айтгандек, оғайнимнинг аҳволини кўргач, барчамиз эртами-кечми барибир ўлишимиз муҳаққақ эканлигини тушундим...
–    Қизиқ!
–    Нима қизиқ, ўлишимизни англашимми?
–    Йўқ! Оғайнингизнинг хасталигидан шундай ибрат олишингиз! ..
Бир оз довдираб қолдим:
–    Тушунмадим?
–    Ҳозирги инсонлар бошқа бировнинг ҳатто ўлимини кўриб ҳам ҳеч қандай сабоқ олмас экан, сизнинг ҳаракатларингиздан ҳайратда қолдим!
Нима ҳам дея олардим? Гапирилаётган “ оғайним” менинг ўзим, деб айта олармидим?.. Масалани бошқа тарафга буриш мақсадида: “Сиз бошқаларнинг аҳволидан сабоқ олмайсизми?” дея сўрадим.
–    Ўзгаларнинг аҳволини кўриб, керагича ибрат олганимда эди, бошқалардан анча фарқли инсон бўлган бўлардим.
Унга қарадим. “Бошқаларга умуман ўхшамайсиз”, демоқчи бўлдим, бироқ индамадим. Суҳбатимизни жимгина тинглаб ўтирган Исмоилга ўгирилдим:
–    Исмоил, Шоҳинбей яхши юрибдими?
Шоҳинбей Исмоилнинг эски хўжайини бўлиб, ниҳоятда очкўз, баднафс тадбиркор эди. Исмоил кулимсираб жавоб берди:
–    Кексалик ҳамда хасталиклар Шоҳинбейнинг қанотларини синдирди. Ҳозир сурункали парҳез қилишга мажбур. Камгина овқатга қаноат қилиб яшамоқда.
Мен ҳам енгилгина кулиб қўйдим. Балки мендан ҳам бой бўлган Шоҳинбейнинг аҳволи, Исмоилга ҳам, менга ҳам кулгили туюлгандир. Шунда гўзал бир сўзни хотирладим. Инсонлар бошдан кечирган трагедия, у ҳақда ўйлаган кишиларни кулдириб, ҳис қилган кишиларни йиғлатаркан!.. Гарчи, Шоҳинбейнинг аҳволига кулган бўлсам-да, ичимда хомуш бўлганимни яширмайман.

–    Исмоил, ҳеч нарса саломатликнинг ўрнини босолмайди! Қонуний Султон Сулаймоннинг сатрлари бор эди-ку, нима эди?
Исмоил бир оз ўйлагандан сўнг, Саид домлага қаради. Устози жавоб берди:
“ Халқ ичинда мўътабар ҳеч нарса йўқ, давлат киби
Бўлмагай давлат жаҳонда, бир нафас сиҳҳат киби...”
Домлага қараганча “Ҳа, худди шу”, дедим ва қўшиб қўйдим:
–    Ниҳоятда гўзал сатрлар эмасми?
– Нимаси гўзал?– деди совуққина қилиб.
“Бефаҳм” деб юборишимга салгина қолди. Ўзимни аранг ушлаб қолдим.
–    Албатта маъноси.
–    Маъноси қандай? Нима, нафас қийматли-ю, давлат қадрсизми?!
Бу одам ё мени имтиҳон қилаётган, ёки сабримни синаётганди. Жаҳлим чиқаётганини билдирмасдан жавоб бердим:
–    Бир нафаслик соғлик, сиҳат, албатта минг давлатдан кўра қимматли!
Берган жавобимни гўё эшитмагандек, эшитса ҳам аҳамият бермагандек юзимга қаради. Балки бу одамнинг қалби тозадир. Жилмайганча “Тушунмадингизми?” дедим. Табассумимга табассум билан жавоб бермади. Сокин бир овозда “Тушунмадим, сиз ҳам тушундингиз, деб айтолмайман” дегандан сўнг қўшиб қўйди:
–    Бугун дунёда сиҳатли ҳолатда, соғ-саломат шаклда нафас олаётган милярдларча инсон бор. Менга айтинг-чи, қайси бирининг олган нафаси, қайси давлатдан қадрли?!
Жим бўлиб қолдим, ўйга толдим, ҳаяжонландим!..
Бу ғоят мантиқли эътироз эди! Неча йиллардан буён, қанча асрлардан бери ҳамма тўғри деб билган, маъқуллаб келган сўзга шундай эътироз билдирган бу кишига нима деб жавоб беришимни билмадим. Энг яхшиси, саволга савол билан жавоб бериш эди:
–    У ҳолда бу сўз қандай маънога эга?
–    Менимча бу сўзнинг тайин бир маъноси йўқ. Маънога эга эмас, маънога муҳтож бир сўз!
–    Қандай?
–    ...Вақтни қийматли ёки беқадр қиладиган нарса, бу ўша вақтнинг қандай ўтказилишидир, уни сарфлаш шаклидир. Яъни вақт–умр қандай, нима амаллар билан ўтказилганига кўра баҳоланади.
–    Унинг айтаётган гаплари тўғри эди. Буни тасдиқлаётганимни ифодаловчи нигоҳлар билан унга қарадим. Сўзида давом этди:
–    Ҳар қандай бир нарсага бадал қилиб берган вақтимиз, ўша нарсадан кўра қимматлироқ эмас. Чунки, ҳақиқатдан ҳам қадрли бўлганида биз бу олди-сотдига рози бўлмаган бўлардик. Шу боис, давлатни, мол-дунёни ҳамда мансаб-мақомни қўлга киритиш учун сарфланган вақт, харж қилинган нарсалардан кўра қадрсиз ҳолатга туширилган.
Унинг айтаётган сўзлари мени теранроқ фикрлашга ундарди. Мен унинг хулосасини эшитишни истаб “Алқисса?” дедим.
–    Хулоса шуки, давлатга соҳиб бўлишдан ҳам муҳим, энг қимматли бўлган нафас, мол-дунёдан кўра қадрли бир ғоя, яна-да қимматлироқ мақсад сари берилган сўнгги нафасдир.
–    Яъни?
Ҳеч нарса демасдан Исмоилга қаради. Бу саволга унинг жавоб беришини истарди. Исмоил менга кулимсираб қараганча:
–    Бунинг жавобини сен ҳам ўргангансан. Аллоҳни рози этиш учун, Унинг ризоси истиқоматида яшаш,– деди. Унинг табассумига жавобан жилмайганча “Тўғри” дедим ва қўшимча қилдим:
–    Исмоил, мен буни бир оз кечроқ ўргандим. Шунисига ҳам Аллоҳга беадад шукр!.. Буни билмайдиганлар, ҳамон ўрганолмаганлар жуда кўп!..
–    Ўша оғайнинг биладими?
–    Қайси оғайним?
–    Ҳалиги хаста ўртоғинг-чи!
Исмоилнинг бу саволидан бир оз довдираб қолдим. Хаста деб айтган ўша ўртоғимни, яъни ўзимни қандай таништиришни билмай иккиланиб қолдим.
Унинг ўзим эканлигидан келиб чиқадиган бўлсам, ўзим қандай бўлсам, уни ҳам худди шундай таништиришим керак:
–    Яқинда у ҳам беш вақт намоз ўқишни бошлади. Зотан, кичик ёшидан буён жума намозларини қолдирмасдан ўқийди. Савобталаб яхши бир ўртоқ...
Илгарилари суҳбатлашган кишиларимдек, “Э, шунақами? Машааллоҳ, боракаллоҳ!..” дейишларини кутардим. Аммо ҳеч нарса дейишмади. Қувончини яширмасдан Исмоил Саид домлага қаради. Юзида ҳеч қандай ўзгариш кўринмаган домла менга ўгирилиб, сўради:
–    Исломни биладими?
Бошида саволни нотўғри англадимми, деган хаёлда бир лаҳза ўйланиб қолдим. Йў-ў-ўқ, тўғри тушунган эдим! Мендан унинг диндан хабари борми, дея сўраётганди! Шунақаям бемаъни савол бўладими? Унга айтадиганимни айтсаммикан, ёки индамасдан ўрнимдан туриб кетворсаммикан, деб ўйладим. Саид исмли бу одамга такрор қарадим. Ғоят сокинлик билан менинг жавобимни кутиб турарди. Жим туролмасдим:
–    Бу нима деганингиз? Сизга унинг беш вақт намоз ўқиётганини айтдим, шекилли! Ёки эшитмадингизми?!
–    Эшитдим.
Бу ярамас менинг жиғимга тегаётганди!
–    У ҳолда нега “Исломни биладими?” деб сўраяпсиз? Беш вақт намоз ўқиган одам билмаслиги мумкинми?
Исмоил ҳам, Саид исмли бу нусха ҳам менга бир хилда қараб туришарди. Нигоҳларида на бир ҳайрат, на бир ҳаяжон бор эди. Ташқаридан қаралса, гўё улар мени тушуниб туришарди, аммо, аммо мен уларни англамаётгандим!
Жавобни яна ўша Саид деганлари берди:
–    Намоз албатта, динимизнинг буйруқларидан бири. Бироқ, Исломга киришнинг биринчи, илк шарти намоз эмас. Ҳар қандай бир инсон намоз ўқиб бошлагани билан, Ислом динини билган, Исломга кирган ҳисобланмайди.
–    Сиз намоз ўқийдиганлар мусулмон эмас, демоқчимисиз?
–    Йў-ў-ў-қ! Мен бундай демоқчи эмасман. Ҳар бир мусулмон албатта намоз ўқийди. Бироқ, минг афсуски,бугунги кунда ҳамма намоз ўқиётган кишини мусулмон дея қабул қила олмаймиз!..
–    Барибир ҳеч нарса тушунмадим!
Мана диққат қилинг! Ислом дини янги келган пайтларда намоз диннинг шиори эди. Ўша вақтларда намоз ўқиётган бир кишини кўрилганда, унинг мусулмон эканига шаҳодат келтириш мумкин эди. Чунки, у даврларда мушриклар ҳам, кофирлар ҳам намоздан йироқ эди. Исломнинг бошларида намоз ўқиган кишилар фақат ва фақат мусулмон эди. Бироқ, ҳозир бундай эмас. Ҳозирги вақтда мушриклар ҳам намоз ўқийди. Албатта, буни намоз дейиш мумкин бўлса!..

–    Бир дақиқа шошманг!.. Мушриклар қандай қилиб намоз ўқишлари мумкин? Ахир Аллоҳга ишонмаган киши қандай қилиб, масжидга борсин, нима учун намоз ўқисин?!
–    Мушриклар Аллоҳни инкор қилиб “Аллоҳ йўқ” дейишмайди. Аллоҳга ишонишади, фақат Аллоҳга шерик қўшишади!..
Масжиддаги маърузаларда Аллоҳга ишонмайдиган, Аллоҳни инкор қиладиган кофирларни кўп эшитардим. Аммо, Аллоҳга шерик қўшадиган мушрикларни ҳечам эшитмаган эканман.
Одамзот нақадар ғалати махлуқ!
Баъзилари инкор қилиб, Аллоҳнинг ягона Яратувчи эканини қабул этмаскан, баъзилари эса, Унга шерик қўшиб, Аллоҳнинг якка-ю ягона Зотини иккита-учтага чиқаришармиш!.. Астағфируллоҳ! Бироқ, намоз ўқийдиган кишилар ичида шундай ботил ишонч эгалари бормикан?
–    Ҳам намоз ўқиб, ҳам Аллоҳ иккита-учта дейдиганлар борми?
–    Аллоҳ иккита-учта дейиш, якка бўлган Зотида Аллоҳга шерик қўшишдир. Масалан, “Аллоҳнинг хотини, боласи бор” дея Аллоҳга шерик қўшадиган христианларда шундай ширк бордир. Халқи мусулмон бўлган ўлкаларда ширкнинг бунақа кўриниши учрамайди. Бу ўлкаларда мавжуд бўлган ширк шундан иборатки, улар Аллоҳнинг Зотига эмас, Унинг сифатларига ҳамда ҳукмларига нисбатан шерик қўшишади. Чин дилдан “Аллоҳ бирдир, У якка ва ягона” дейдиган бир қанча киши бу ифодаси билан Аллоҳни Зотида битта деб қабул қилишларига қарамай, минг афсуски, ижтимоий ҳаётларидаги кўплаб йўналишда, эътиқодининг кўплаб ўринларида Аллоҳнинг сифат ва ҳукмларида Унга шерик қўшадилар.
Бошим “шишиб” кетганди! Бироқ, айтилган сўзларнинг мағзини чақишни, маъносини англашни хоҳлардим:
–    Ҳозир гапирганларингизни яна бир марта қайтаринг, илтимос!..
Эътироз билдирмади. Гапирганларини яна бир бор яна-да тушунарлироқ қилиб такрорлади. Нималарнидир тушунгандай бўлдим, бироқ керагича англадим деб айтолмайман. Фақат шу нарсани биламанки, бу одам айтаётган сўзлар ниҳоятда муҳим эди, ҳар бир мусулмон билиши зарур бўлган нарсалар эди. Унинг гапларидан янги бир нарса ўрганиш билан бирга, олдиндан билган нарсаларимнинг ҳам ўзгарганини ҳис қилгандек эдим. Эътиборимни тортган бу киши билан кўпроқ, узоқроқ суҳбатлашишни истардим:
–    Бу ҳақда менимча, бемалолроқ ўтириб суҳбатлашганимиз яхши. Меҳмонимиз бўласизми?
Ўйланганча юзимга қаради-да жавоб берди:
–    Мен қишлоққа қайтишим керак.
Исмоил гапга аралашди:
–    Устоз Тўрвалига қарашли қишлоқда яшайди.
Тўрвали Измир-Ойдин йўлида бўлиб, Измирга келиб-кетаётганда Ғозийамир устидан ўтиларди.
–    Янги фабрикамиз Ғозийамирда. Эртага Измирга қайтсангиз, кириб ўтишингиз мумкин,– дедим.
Бир муддат ўйлади. Кейин жавоб берди.:
–    Иншаоллоҳ, соат ўнлар атрофида.
Мен ҳам, “Худо хоҳласа”, дедим-да, фабриканинг қаерда эканини тушунтирдим. Сўнгра рухсат сўраб, кетишга чоғландим. Хайрлашдик. Исмоил мени эшикка кузатиб чиқди. Ундан сўрамасдан кетолмадим:
–    Исмоил, бу қандай киши?
У кулимсиради:
– Бу саволни эртага ўзинг жавоблайсан. Бироқ, унинг сўзларини диққат билан тингла!..
Бошимни қимирлатганча “Яхши” дея ишора қилдим ва қўшиб қўйдим:
– Яхши қол!..

Соат тўққизларда фабрикага келдим.
Кеча Саид домла билан бўлган суҳбатимизнинг маъносини чақишга ҳаракат қилган, нима қилишим лозимлигини анча ўйлагандим. Исломий мавзуларда етарлича билим ва тушунчага эга эмасдим.
Бошида бирор устоз ёки шайхни суҳбатимизга чақиришни ўйладим. Чақирсам, келиши мумкин бўлган домлалар бор эди. Саид домла билан қиладиган суҳбатимизни шу домла ҳам эшитишини, моҳиятига эътибор беришини истардим. Кейин фикримдан қайтдим. Устозларни бир-бири орқали имтиҳон қилишдек туюларди бу ҳаракатим. Айниқса, Саид домлага нисбатан одобсизлик бўларди. Энг яхшиси, суҳбатни магнит тасмасига ёзиб олиб, кейин бирор шайх билан бирга эшитиб, мулоҳаза юритиш эди.
Ҳа, мана шу энг маъқул фикр.
Уйдан олиб келган магнитофонимни иш столимнинг биринчи тортмасига қўйиб, ёзув тугмасини босиб қўйдим. Кейин хонамнинг ҳар тарафида юрганча гапириб кўрдим. Тасмани бошига олганча, овозимни эшитиб кўрдим. Жуда яхши, овозимни ниҳоятда тиниқ ёзганди. Магнитофонни тортмада тайёр қилиб қўйганча, домлани кута бошладим.
Соат бештакам ўнда фабрикага келди.
Пастга тушиб, уни биринчи қаватнинг эшигида кутиб олдим. Бирга юқорига чиқдик. Ён-верига унчалик аҳамият бермасди. Аввалги пайт бўлганда, унга фабриканинг ҳамма тарафини кўрсатган, таъбир жойиз бўлса, бир оз “нафас олдирган” бўлардим. Ҳозир эса, бундай ниятим йўқ. Чунки, бу улкан бинонинг мен учун ҳам ҳеч қандай аҳамиятли, қизиқарли ери қолмаган эди!..
Саид домла бир оз оқсоқланиб юрарди. Чап оёғи озгина калтамиди, қийшиқроқмиди, билолмадим. Чўлоқланиб, лекин оҳиста қадамлар билан хонамга кирди. Унга қулай бир ўринни кўрсатдим. Ўтирди.
–    Нима ичасиз?
–    Чой.
–    Аччиқ бўлсинми?
Кулимсиради:
–    Фарқи йўқ.
Телефон тугмасини босганча, чой буюрдим. Дарҳол мавзуни давом эттиришни хоҳлардим. Магнитофон тугмасини секингина босиб қўйдим-да, илк саволимни бердим:
–    Кечаги суҳбатдаги сўзларингизни ўйладим. Фақат биттагина тушунолмаганим хусус бор. Сиз ҳар бир мусулмон намоз ўқийди, бироқ ҳар намоз ўқиган одам мусулмон эмас, дедингиз. Мен англай олмаган жиҳат, кеча сиз келмасингиздан аввал Исмоилга яқинда намоз ўқишни бошлаганимни айтгандим. Ўша пайтдаги Исмоилнинг қувончини бир кўрсангиз эди! Намоз ўқиш модомики, Исломнинг шиори эмас экан, у ҳолда Исмоил нега бунчалик севинди?
–    Аллоҳ ёқтирмайдиган ҳар қандай ёмон амалларни тарк қилиб, намозни бошлаш ҳеч шубҳасиз, ҳар қандай бир инсоннинг чин кўнгилдан Аллоҳга йўналиши, Исломни талаб қилиши демакдир.

Исмоилни севинтирган жиҳат, сизнинг шу талабингиз бўлса керак.
Унинг бу изоҳида мантиқ бордек туюлди. Демак, Исмоилни севинтирган нарса менинг Исломга киришим эмас, динга йўналишим, Исломни талаб қилишим экан! Албатта, Исломга кирган-кирмаганлигим борасидаги шарҳ, ана шунинг шарҳи эди. Менинг эса, бу мавзуда ҳеч қандай шубҳам йўқ эди. Мен ақлимни таниганимдан буён Ислом динида эдим. Баъзи камчиликларимга, баъзи хатоларимга қарамасдан, ҳеч шубҳасиз мусулмон эдим.
–    Мен тушунолмаган яна бир нарса бор. Кечаги суҳбатимиз давомида беш вақт намоз ўқийдиган ўртоғим ҳақида, у Исломни биладими, дея сўрадингиз. Кейин эса, Аллоҳга ширк келтириш ҳақида гапирдингиз. Сиз билган бу нарсаларни албатта, масжиддаги имомларимиз ҳам, воъизларимиз ҳам билишади. Беш вақт намоз ўқийдиган ўша оғайнимни масжидга бормаган, бирор марта ҳам хутба ва маъруза эшитмаган, деб ўйладингизми?
Бир муддат жим бўлиб қолди. Назаримда юзи сал ғамгин кўриниш олганди. Энди оғиз жуфтлаган эди ҳамки, чой келтиришди.
Яна тўхтади. Чойларимизни олдик. Чойига икки қошиқ шакар солгач, курсисига суяниброқ ўтирди ва кўзларимга тикилганча сўзини бошлади:
–    Кеча биз жуда қисқагина тўхталган ширк масаласини барча имомларнинг, ёхуд воъизларнинг билиш-билмаслигидан хабарим йўқ. Мен билган ягона нарса, баъзи истиснолардан ташқари, кўплаб масжидларда бу ҳақиқатнинг тушунтирилмаслигидир. Шундай экан, ҳар қандай бир кишининг намозни бошлагандан сўнг масжидга бориши, динга оид ҳамма нарсани, айниқса, ширкка тааллуқли мавзуда тўлиқ тушунчага эга бўлди, дегани эмас!
О-ла-а! Бу одам олдин мусулмонларни айблаётган бўлса, энди масжидларни ва ундаги имомлару воъизларни айблаётган эди! Аллоҳга ширк қўшишдек муҳим мавзулар хусусида масжидларда гапирилмас эмиш!
Бир нафас ўйга толдим.
Булар бир фирқа, гуруҳ бўлса керак! Масжидларда ўргатилмайди деган масалалари балки ўзларига оид масалалар, ўзларининг ташвиқотлари бўлиши мумкин! Ўз фирқаларига, гуруҳларига кирмаган кишиларни “кофир” деб атайдиганлар бор деб эшитгандим. Худди шундай бир фирқа бўлса керак булар!
–    Сизнинг фирқангизнинг номи қандай?– дея сўрадим.
Кулимсираганча жавоб берди:
–    Бизнинг ҳеч қандай гуруҳ ёки фирқамиз йўқ!..
–    Жуда соз, унда сизларни кимлар деб аташади?
–    Исломдан хабари бўлганлар бизни фақат мусулмон, дея атайди. Билмаганлар эса, турли номларни бизга ёпиштиришади. Масалан, “ ақидапараст” ёхуд “фанатик”лар сингари...
Ҳа, мен шундай номларни эшитгандим. Демак, ақидапарастлар худди мана шулар!
Чойдан бир ҳўплади-да, менга юзланди. Қисқагина бу суҳбатдан кейин безовта бўлиб, тараддудга тушганимни гўё сезгандек эди.
–    Кўнглинггизга бирор ёмон фикр келган кўринади?
–    ...Шундай десам ҳам бўлади. Сизлар ҳаққингизда турли миш-мишлар юради...
Кулимсиради.
–    Бўлиши мумкин. Халқни олқишлаб, улар оққан оқимда оққанимизда, балки биз ҳақимизда яхши гаплар гапиришган, мақташган бўлармиди. Бизлар эса, фақат Ҳақни эътиборга олдик, Ҳақ томон бўлдик...
–    Ҳақ деганда нимани назарда тутяпсиз?
–    Авало Қуръони Карим, кейин ундаги ҳукмлар. Сўнгра эса, Пайғамбаримиз (с.а.в.) нинг суннатлари.
–    Мана энди тўғри гапирдингиз. Зеро бутун мусулмонларнинг фикри ана шундай.
–    Ўзларини Исломда деб билган ҳар бир кишининг Қуръон ва суннат ҳақида гапиришини биламиз. Агар сўзлаётган сўзларига амал қилиб яшасалар, албатта орамизда ҳеч қандай фарқ қолмайди.
–    Ҳамма сизга ўхшаб, ақидапараст бўлиши керакми?
–    Йўқ, фақат мусулмон!
Бу кишининг мусулмон деган сўзни айтиш оҳанги менга умуман ёқмаётганди. Бу калимани шундай бир маънода гапирардики, бу маънодан ташқарида қолганларнинг барчаси кофир эди гўё!
Жим бўлиб қолдим. Нима дейишимни билмасдим. У ҳам сўзлашдан тўхтади. Менга шундай бир нигоҳ билан қарадики, кўзларида қайғуга ўхшаш бир маъно бор эди.
–    Салжуқбей! Мен бу ерга сиз билан тортишиш учун, сизни ранжитиш ёки дилингизга озор бериш учун келганим йўқ!.. Аллоҳнинг лутфи билан кўришиб турганимиздек, имон келтирганимиз ҳақиқатлар бор. Бир мусулмон сифатида ғоят қадрлаганим бу илоҳий ҳақиқатларни сизга тушунтиришни, сиз билан ўртоқлашишни истадим. Бу ерга келишдан ягона мақсадим шу, холос.
Чин кўнгилдан айтган бу самимий сўзлари менга ниҳоятда ёқди. Балки, айб ўзимдадир. Балки, унинг сўзларини охиригача диққат билан тинглаганим яхшироқмиди?.. Унинг кўнглини кўтариш мақсадида:
–    Зеро, мен ҳам сизни худди шунинг учун чақиргандим. Фақат, масжидлар ҳақидаги сўзларингизга қўшилмайман. Истисно тариқасида гапирганингиз билан, кўп масжидларда бундай муҳим мавзуларга аҳамият берилмаслигини, ўргатилмаслигини айтдингиз. Ҳолбуки, барча масжидларимизда Исломнинг ҳаттоки энг кичик мавзуларига ҳам ҳассослик билан ёндошилади.
–    Мен масжидларда диннинг кичик масалалари ўргатилмайди, демадим. Булар ўргатилади. Бир қанча масжидларда эътибор берилмайдиган хусус, билишимиз энг муҳим бўлган тавҳид ҳамда ширк масаласи.
–    Булар ўргатилмаётганини қаердан биласиз?
Бу киши ниҳоятда сабрли инсон эканидан, эътирозларимни ғоят сокинлик билан эшитиб ўтирарди.
–    Қанча вақтдан буён масжидга борасиз?
–    Кичкиналигимдан буён.
–    Албатта шунча йил давомида бир қанча имомлар ҳамда воъизларнинг маърузаларини эшитгансиз.
–    Шундай.
–    Энди айтадиган сўзларимга диққат билан қулоқ солинг. Қуръони Каримга имон келтирган барча домлалар, барча олимлар Расулуллоҳни (с.а.в.) ўзларига ўрнак деб билишлари, у кишининг суннатларига амал қилишлари керак. Чунки, олимлар Пайғамбаримизнинг ворисларидир. Пайғамбарлар яшамаган, ёхуд бошқа пайғамбар келмайдиган даврларда пайғамбарларнинг насиҳатларини, даъватларини инсонларга етказиш, ана шу пайғамбар ворислари бўлган олимларнинг бурчидир. Ана энди сизга бир савол, Расулуллоҳнинг (с.а.в.) ва барча пайғамбарларнинг энг муҳим даъватлари қайси эди, биласизми?
Бир оз ўйлаб қолдим. Масжидларда эшитганларимни эсладим. Жавоб нақд эди:
–    Аллоҳга қуллик қилишга чақириш.
–    Жуда тўғри, бироқ бу тўлиқ жавоб эмас!..
–    Нега?
–    Ярми йўқ, жавобингизнинг.
–    Тушунолмадим?

–    Мана тингланг. Аллоҳ Таоло Қуръони Каримнинг Наҳл сурасида барча пайғамбарларнинг юборилиш ғояларини икки асосга боғлаган. Инсонларни тоғутдан ва тоғутга қулликдан қутқариб, Аллоҳга қуллик қилишга даъват этиш. Энди менга айтинг-чи, кичик ёшдан буён тинглаган маъруза ва хутбаларда тоғутнинг нима эканини, ва ундан қандай сақланиш лозимлигини ўргандингизми?
...Тоғут! Бу сўзни умримда биринчи бор эшитаётган эдим! Балки, туркча маъносини билишим мумкиндир, лекин, нима эканини барибир тушунолмайман.
–    Тоғут нима дегани?
Жим бўлиб қолди. Нигоҳларида яна ғам бор эди. Ана шу маҳзунлик билан жавоб берди:
–    Тоғут, инсонларни Аллоҳдан ва Аллоҳга қулликдан узоқлаштириб, ўзига қуллик қилишга чақирадиган ҳамма нарса... Шакли замон ва маконга қараб ўзгариши мумкин. Инсонларнинг қаршисида баъзан бут, баъзан Фиръавн, баъзида бир диндор шахс, баъзан бир партия, баъзида эса, бир давлат тарзида намоён бўлиши мумкин!..
Ҳайратим ортганди!
–    Бизнинг ўлкада қандай кўриниши бор?
–    Минг афсуски, ҳамма тури, ҳатто ортиғи билан!..
Бошимни дераза томонга бурганча, нигоҳимни олисларга тикдим... Бу одам тоғутдан сўзлаётганди!
Барча пайғамбарлар инсонларин тоғутга қуллик қилишдан қайтариш ва ёлғиз Аллоҳга қуллик қилишга даъват қилиш учун юборилган!.. Бу тушунарли, лекин тоғут нима?..
Тоғут, инсонларни Аллоҳга қулликдан қайтариб, ўзига қул бўлишларига даъват қиладиган нарса эмиш!.. Ўлкамизда бир қанча тури бор эмиш!..
Ташқаридагиларни ўйлардим,
жамиятни ўйлардим,
тариқатларни ўйлардим,
давлатни ўйлардим, аммо, қанча ўйламайин, ҳеч қандай тоғутни кўрмасдим!.. Бу диёрда инсонларни Аллоҳга қуллик қилишдан қайтарадиган нима ҳам бўлиши мумкин?
Хоҳлаган киши истаган масжидида намоз ўқий олади!
Хоҳлаган пайтда рўза тутиб, қурбонлик сўя олади!
Хўш, ундай бўлса, инсонларни Аллоҳга ибодат қилишдан тўсадиган нарса қаерда?
Шу хаёл билан Саид домлага қарадим:
–    Айтган ҳамма гапларингизни тушундим, аммо сиз айтган ўша тўсиқни ҳеч қаерда кўрмаяпман. Бу ўлкада инсонларни Аллоҳга қуллик қилишдан нима ҳам қайтариши мумкин? Хоҳлаган киши истаган масжидида намоз ўқиб, рўзасини тута билса. Ким тўсқинлик қилиши мумкин?
Мени ғоят яхши тушунгандек, бошини қимирлатди.
–    Гапларингиз тўғри. Бунга ўхшаш нарсаларга унча монеълик қилинмайди. Бироқ, масалани бир оз кенгроқ тушунинг. Тоғутнинг инсонларни Аллоҳга ибодат қилишдан қайтариши икки турлидир. Биринчиси тажовуз ҳамда зўрлашдан иборат. Одамларни қийнаб, “Аллоҳга қуллик қилмайсан!” дея мажбурлашади. Бунга тарихдан жуда кўп мисоллар келтириш мумкин. Масалан, асҳоби уҳдуд, имонларидан қайтмаган барча мўъминларни оловли чуқурга ташлаган. Бу тоғутнинг биринчи кўринишидир. Иккинчиси эса, биринчисидан кўра юмшоқроқ, лекин, ўта таҳликалидир. Тоғутнинг бу тури биринчисидагидек, инсонларга “Аллоҳга қуллик қилманглар!” дея зўравонлик қилмайди. Уларни сиз айтганингиздек, намоз ўқиш ва рўза тутиш каби баъзи ибодатларига тўсқинлик қилмайди. Инсонлардан фақатгина битта, ягона кутган нарсаси бор...
Жим бўлиб қолди. Балки, бир оз тин олмоқчи бўлгандир, бироқ мен кутолмасдим. Қизиқсиниб сўрадим:
–    У нима экан?
–    Ҳам Аллоҳга, ҳам ўзига қуллик қилишлари!.. Чунки уларнинг ақл ўргатувчиси, васваса элчиси бўлган шайтони лаъин жуда яхши биладики, Аллоҳ билан бирга бошқа бир нарсага қуллик қилган инсон, мутлақо ва мутлақо Аллоҳга қуллик қилган, ибодат қилган бўлмайди!.. Аллоҳга қуллик қилишнинг асоси тавҳиддир! Чунки, Аллоҳга қуллик фақат ва фақат Аллоҳнинг якка Ўзига қилинган қулликдир. Оламларнинг Рабби бўлган Жаноби Ҳақ, Ўзи билан бирга бошқа бир нарсага қилинган қулликка асло ва асло рози бўлмайди! Ва бундай қулликни қабул қилмайди.
Саид домла муҳим дея таъкидлаётган нарса фақат ва фақат Аллоҳнинг Ўзигагина қуллик қилиш эди. Аллоҳ қабул қиладиган қуллик, ана шундай қуллик эмиш! Бунга кимнинг қандай эътирози бўлиши мумкин?..
–    Фарзандингиз борми?
–    Ҳа, бир ўғил ва бир қиз.
–    Аллоҳнинг йўлида юрувчилардан қилсин! Энди ўғлингизни олайлик. Агар ўғлингиз сизни ота демаса, сизнинг отаси эканингизни инкор қилса, жаҳлингиз чиқадими, йўқми?
Шунақаям бемаъни савол бўладими?
–    Албатта жаҳлим чиқади!
–    Аллоҳга қуллик қилишни инкор қилганларни ҳам шунга ўхшатиш мумкин. Сал олдинроқ айтганимдек, тоғутнинг биринчи кўриниши, илк даъвати худди мана шудир. Инкор қилдириш. Иккинчи шакли эса, сизни “Ота” деб аташдан воз кечмаган ўғлингизнинг бошқаларни ҳам “Ота” дейишига ўхшайди. Мана шундай ҳолатда сиз қандай йўл тутган бўлардингиз? Ўғлингиз баъзи бир кишиларни ҳам “Ота” деб турса, сизни “Ота” дейишининг бирор аҳамияти, маъноси борми?
Қизиқ ўхшатиш эди бу.
Ўйга толдим. Ўғлимнинг мени “Ота” деб тан олмаслиги, менинг отаси эканимни инкор қилиши билан мен билан бирга яна кимларнидир “Ота” дейиши деярли бир-бирига яқин тушунча эди!..
Муҳим бўлган нарса, менинг ота эканимни инкор қилмаслиги ва фақат мени “Ота” деб аташи эди.
Мендан жавоб кутаётган Саид домлага “Йўқ!” деган маънода бошимни қимирлатганча:
–    Ҳеч қандай маъниси йўқ! – дедим. У давом этди:
–    Аллоҳ билан бирга бошқа нарсаларга ҳам қуллик қиладиган кишиларнинг аҳволи, отаси билан бирга бошқа кишиларни ҳам “Ота” деб атайдиганларнинг ҳолатига ўхшайди. Фарзандингиз устида фақат оталик ҳаққингиз бўлгани ҳолда, бундай ҳолатни қандай қабул қилмаётган бўлсангиз, инсонларининг устида Илоҳлик ҳаққи бўлган, уларни яратган, одамзодни яшатган Аллоҳ таоло ҳам Ўзи билан бирга бошқа нарсаларга қуллик, ибодат қилинишига асло рози бўлмайди!
Кулимсирадим.
Фақат Аллоҳга қуллик қилиш масаласини қанчалик гўзал мисол билан тушунтирган эди!
–    Миннатдорман!
Нигоҳларида хурсандчилик акс этди. Мамнун бир овозда:
–    Тушунганингиз учун мен сизга раҳмат дейишим лозим.

Ҳа, мен англаб етгандим... Аллоҳ билан бирга бошқа ҳеч нарсага қуллик қилмаслик керак. Ҳам Аллоҳга, ҳам тоғутга қуллик қиладиганлар, Аллоҳга эмас, тоғутга сиғинган кимсалар эди!
Тоғут!
Яна рўпара келдим, шу сўзга!..
Лекин, ҳамон ана шу тоғутнинг ким ёки нима эканини, қаерда эканини, инсонларни қандай қилиб ўзига сиғинишга чақиришини билолмай ҳайрон эдим.
–    Бу ўлкада тоғутнинг нима эканини, кимлардан иборатлигини тушунолмаяпман?
Бошини “Бўлди”, дегандек қимирлатганча:
–    Иншаоллоҳ буни тушуниб оласиз, – деди. Сўнгра ўрнидан турди. Кетишга чоғланганини кўриб турсам-да, асло кетказгим келмаётганди.
–    Ҳожатхонангиз қаерда?
Хурсанд бўлиб кетганимдан дарҳол оёққа турдим:
–     Марҳамат.
Унга ҳожатхонани кўрсатганимдан кейин хонамга қайтдим. Магнитофон эсимга тушди. Дарҳол ёзиш тугмасини босдим. Кассета ҳалиям тугамаган экан. Ҳар эҳтимолга қарши бошқа янги кассета қўйдим. Сўнгра ўтирганча Саид домланинг сўзларини мулоҳаза қила бошладим.
Менга янги, яп-янги нарсаларни билдирган бу одамга нисбатан ҳурмат туйғуси уйғонганди қалбимда. Уни ёқтириб қолгандим.

Ўн дақиқалардан кейин кириб келди.
Юзи ҳамда сочлари ҳўл эди. Таҳорат қилганлиги билиниб турарди. Унга дарҳол бир сочиқ узатдим. Оларкан, раҳмат айтди. Курсимга ўтирарканман, яна секингина магнитофон тугмасини босиб қўйдим. Бу яширинча ҳаракатим ўзимга ҳам ёқмаётганди, бироқ, на илож?.. Аллоҳ кечирсин!..
–    Тоғут ҳақида баҳс юритаётгандик.
–    Ҳа, ҳар бир мусулмон сақланиши лозим бўлган тоғут ҳақида гаплашаётган эдик ва сиз ўлкамизда мавжуд бўлган тоғутларни танитишимни сўрагандингиз.
–    Шундай.
–    Бизнинг бошқа чой ҳаққимиз йўқми?
–    Кечирасиз, умуман хаёлимдан кўтарилибди!..
Дарҳол иккита чой буюрдим. Соатга қарадим. Пешин кираёзганди. Телефон тугмасини такрор босдим:
–    Меҳмоним билан шу ерда овқатланаман. Тайёргарлик кўринг.
Саид домлага қараганча сўрадим:
–    Ейдиган ҳеч қандай парҳез овқатингиз йўқми?
–    Парҳезда эмасман, лекин иштаҳам йўқроқ. Мен учун овора бўлманг.
–    Ие, бу нима деганингиз, овораси бор эканми!
Шу онда чой келтиришди. Хизматдаги ходимимга миннатдорчилик билдирганча, чойини олди. Чойига икки қошиқ шакар солди ва аралаштиргач, курсига суяниб ўтириб олди. Кўзларимга тикилганча гапиришни бошлади:
–    Салжуқбей! Дин ва Илоҳ тушунчаларининг қандай маънони билдиришини англаб етган вақтингиз, шубҳасиз тоғутнинг ҳам нима эканини, ким эканини мутлақо тушуниб оласиз. Мен аввало дин сўзига тўхталаман. Дин нима? Дин деган пайтимиз нимани тушунмоғимиз керак?
Бир лаҳза жим бўлиб қолди!.. Жавоб беришимни эмас, ўйлаб кўришимни истаётгандек эди. Ҳолбуки, ўйланадиган нима ҳам бор эди! Ҳаммамиз биладиган нарса эмасми? Дин деган пайтимиз барчамиз нимани назарда тутишимиз маълум-ку. Аллоҳни рози қилиш учун У буюрган баъзи ибодатларни бажаришимиз, ичкилик-ароқ ҳамда чўчқа гўшти сингари ҳаром бўлган нарсалардан сақланишимиз. Бу жавобни билсам-да, ҳеч нарса демадим. Жавобини унинг ўзидан кутаётгандим.
Дин, бир яшаш шаклидир. Ислом дини баъзи кишилар ўйлаганларидек,йигирма тўрт соатимизнинг муайян вақтларигагина эмас, яшаган бутун йигирма тўрт соатимизга тегишли бўлган, ойдинлатган, умримизнинг ҳар бир дақиқасини тафтиш қилган, тартибга солган бир дунёқараш, бир ҳаёт тарзидир.
Жумладан, динимизнинг асл манбаси бўлган Қуръони Каримга қарасак, унда бутун ҳаётимизни қамраган, ҳаётимизни тўлиғича тафтиш қилган ҳукмларнинг, қонунларнинг борлигини кўрамиз. Чунки, мана шу Диндир! Чунки, дин кенг доирадаги ҳаёт тарзидир. Шундай экан, дин деган вақтимизда шуни билмоғимиз керак.
Ҳар дин бир дунёқараш, бир ҳаёт тарзи бўлганидек, ҳар дунёқараш, ҳар бир ҳаёт тарзи ҳам бир диндир! Бутпарастлик бир диндир, мажусийлик бир диндир, инсонларга маълум бир ҳаёт тарзини инъом қилган ҳар бир ғоя, ҳар бир тузум бир диндир.
Унинг сўзларини жон қулоғим билан тинглардим. Айтганларини тушунишга ҳаракат қилар ва англар эдим.
–    Ер юзида асосан икки хил дин кенг тарқалган. Ҳақ дин ва ботил динлар. Башариятдан манба олган барча ғоялар, барча динлар ботилдир. Бир қанча ботил динлар бор бўлишига қарамай, битта, фақат биттагина ҳақ дин бордир.
Мушоҳада қилиб ўтирмасдан гапга аралашдим:
–    Ислом!..
Сўзини бўлгандим, бироқ жаҳли чиқмади. Бир муддат кўзларимга тикилиб турди-да, сўради:
–    Нега Ислом?
Тавба қилдим, саволни қаранг! Бу одам мени яна тараддудлантириб қўйганди.
–    Нега деганингиз нимаси? Ислом дини инсоният тарафидан ўйлаб топилган дин эмас. Аллоҳ тарафидан юборилган ҳақ диндир.
–    Жуда тўғри. Бироқ, изоҳлашингиз лозим бўлган бир масала бор. Мусовийлик ҳам, Исовийлик – христианлик ҳам самовий яъни Илоҳий манбага эга бўлган динлардир. Шундай экан, нега мусовийлик ёхуд христианлик демасдан, Ислом дини дедингиз?
Нима дейишимни билмай ўйланиб қолдим. Бу тўғри эътироз эди. мусовийлик ҳам, христианлик ҳам Илоҳий манбаларга таянган динлар эди. Бироқ, бир дақиқа!.. Аммо улар динларини бузишган эди!
–    У динлар ҳам Аллоҳ тарафидан юборилган, аммо одамлар ундаги Илоҳий ҳукмларни ўзгартиришган, динни бузишган!..
Майин табассум билан бошини оҳиста қимирлатди. Сўзларимни тасдиқлаётганди.
–    Ҳа. Манбаси Илоҳий бўлгани билан, инсонлар томонидан ўзгартирилган, баъзи ҳукмлари ўчирилиб, баъзи янги ҳукмлар киритилган динлар ҳам ботилдир!
Бир оз жим турганидан сўнг сўради:
–    Хўш, мусулмонман деган инсонлар ҳам динларида йўқ баъзи нарсаларни киритиб, Аллоҳ буюрган баъзи бир амалларни тарк қилсалар ва номини Ислом деб атасалар, бу дин ҳақ дин бўладими?
Нима дейишим мумкин? Жавоби маълум...
–    Бўлмайди...
–    Ҳа, бўлмайди. Буларни айтишимнинг сабаби, Ислом динини ҳақ дин қилган унсур, бу диннинг фақатгина самовий бўлиши, ёхуд номининг Ислом дейилиши эмас.

Шундай экан, биз яшаётган дунёмизда оти Ислом деб аталган ҳар қандай динга, номи Ислом деб аталган ҳар қандай ҳаёт тарзига ҳақ диндир, деёлмаймиз. Чунки, номи Ислом бўлишига қарамай, инсонлар тарафидан киритилган янгиликлар ҳамда йўл қўйилган камчилик ва хатолар, атайлаб ёки билмасдан динни бузиш каби ҳолатлар мавжуд бўлган дин, асл эътибори билан Ҳақ дин бўлган Ислом дини эмасдир! Манбаси Илоҳий бўлишига қарамай, инсонлар томонидан бидъат, хурофотлар киритилиб, бузилган диннинг мусовийлик ёхуд христианлик динидан ҳеч қандай фарқи йўқдир.
Бир муддат тин олгач, давом этди:
–    Аллоҳ Таоло наздида ягона Ҳақ дин бўлган Ислом, Қуръон ва суннат чегарасидаги Исломдир. Чунки, ҳақ бўлган дин, Ҳақ ўлчовларига кўра яшалган диндир.
Мен ҳайратда қолгандим! Биламан деб ҳисоблаган масаламда қанчалик билимсиз эканимдан ҳайратланаётгандим. Дин сўзининг нечоғлик кенг ва теран маъноси бор экан!
Менинг шу пайтгача мавжуд бўлган дин ҳақидаги тушунчамни қандай баҳолаш мумкин?.. Шу пайтгача номи Исломдан иборат ҳамма нарсани ҳақ дея қабул қилардим. Ҳолбуки, ҳақ бўлган Ислом, Саид домла таъкидлаганидек, Ҳақ ўлчовларига содиқ бўлган Ислом экан!
Унинг сўзлари ниҳоятда тўғри эмасми? Номи Ислом бўлишига қарамай, ўзгартирилган, бузиб кўрсатилган бир диннинг мусовийлик ёхуд христианликдан нима фарқи бор? Бидъатлар киритилиб, Аллоҳнинг ҳақ ҳукмлари чиқариб ташланган христианликни ботил деймиз-у, айни шаклда бузиб кўрсатишга уринилган динни оти Ислом экан деб, ҳақ дея оламизми?
Яхши, бироқ Ислом дини шундай бидъатлар билан бузилганми? Ислом дини эътиқодида эканини билдирган мусулмонлар ҳам мусовийлар ёки христианлар сингари динларини бузишганми?
–    Ислом динини ҳам ўзгартиришганми? У ҳам бузилган ботил динми?
Дарҳол қўлини кўтарганча менга “Жим!” дегандек ишора қилди. Кўзларидаги маъно кескин ўзгарган эди!
–    Аллоҳ асрасин, асло! Ислом динини бундай таҳликадан Аллоҳнинг Ўзи асрасин! Бугунги кунда дунёда ҳақ бўлган Исломни, ҳақ бўлган ўлчовларига асосан яшаётган милёнлаб мусулмонлар бор! Бу мусулмонлар тобе бўлган дин, ҳеч шубҳасиз, ҳақ бўлган Исломдир. Фақат, номи Ислом аталишига қарамай, баъзи фирқалар, баъзи гуруҳлар, баъзи бир тариқатлар тарафидан бузилган дин, ҳақ бўлган Ислом эмасдир! Мен фақатгина мана шуни айтмоқчи, билдирмоқчи эдим, холос.
Масалани англагандим.
Дунёда ҳақ бўлган ягона дин Ислом эди. Аммо, номи Ислом дея аталган ҳамма дин ҳам ҳақ дин эмасди. “Тушундим”, дегандек, бошимни қимирлатдим.
– Дин мавзусида шу қисқа маълумот ҳозирча етади. Муҳим бўлган нарса, диннинг нима эканини билишимиз, ҳақ ва ботил динларнинг асосий моҳиятини тушунмоғимиздир. Асло унутмаслигингиз керак бўлган хусус, ҳақ бўлган дин, ҳақ ўлчовларига содиқ бўлган дин эканлигидир. Шу боис, ҳақ бўлган Ислом, Қуръон ва суннат чегарасида таърифланган ҳамда айни чегарада яшалган Исломдир.
Миннатдорчилигим акс этган кўзларимла унга боқарканман, “ Ҳаммаси тушунарли, устоз!” дедим. Уни биринчи бор устоз, деб атаётган эдим. Бу сўзимдан ҳеч қандай хижолат чекмадим. Бу инсон ҳақиқатдан ҳам муҳтарам бир киши эди ва устозим ҳисобланарди.
Телефон жиринглади. Гўшакни кўтардим.