Home icon Бош саҳифа»Жаҳон адабиёти»Пешонамдаги нур. Маҳмуд Олакош - 2
Facebook
Пешонамдаги нур. Маҳмуд Олакош - 2 PDF Босма E-mail
Материал индекси
Пешонамдаги нур. Маҳмуд Олакош
2
3
4
5
Ҳамма саҳифа
Албатта, фақат уларгина эмас, барча-барча инсонлар уларникига ўхшаш дардлар, изтироблар қўйнида айни оқибат сари одимламоқдалар.
Ҳеч нарса бўлмагандек, ҳеч нарса бўлмайдигандек яшашда давом этаётган бу инсонлар хаста бўлганда чекиладиган изтиробларни, ўлгандан кейинги азобларни билганларида эди, шубҳасиз дунёга келишни истамаган бўлишарди. Чунки, шу инсонларга етишадиган, шу инсонларга етишиши мумкин бўлган шундай азоблар бор эдики, ҳатто қирқ йил сафо ичра яшаш ҳам бу изтиробларни чекишга арзимас эди!.. Дунё ҳаётида қирқ дақиқа сафо сурмай туриб, шундай дардларга гирифтор бўлган минглаб инсон, миллионларча бечора бор эди.
У ҳолда бу дунёга нега, нега келдик?!
Мусулмонларнинг, барча мусулмон инсонларнинг бу саволга берадиган жавоблари маълум! Бу дунё ҳаётини бир имтиҳон ери деб биладиган барча мусулмонлар “Биз бу дунё ҳаётига Жаннатни қўлга киритиш учун келдик”, дейишади.
Тўхтадим, жим бўлиб қолдим, ўзимни йўқотаёздим!..
Аммо мен бу сўзни, бу жавобни нега ўзимга эмас, мендан ташқари мусулмонларга нисбатан қўлладим? Ҳолбуки, мен ҳам мусулмон эдим, мен ҳам худди шу жавобни, худди шундай қатъийлик билан беришим керак эди! Ёки мен бунга ишонмайманми?
Ўзимни тафтиш қилдим. Аллоҳнинг борлигига қандай ишонсам, ҳеч шубҳасизки, Аллоҳнинг ваъдаси бўлган ушбу сўзга ҳам худди шундай ишонаман. Бироқ, ишонганим билан унга керагича аҳамият бермасдим. Дунёга нима учун келдик, деган саволга берадиган ё бешинчи, ё ўнинчи жавобим эди бу.
Жуда соз, у ҳолда олдинги тўртинчи ёхуд тўққизинчи жавоб қайсилар эди? Ортиқча қийналмасдан топдим бу саволнинг жавобини: бари пулга, ҳаммаси моддиятга, барчаси нафсий орзуларга оид нарсалар эди.
Кулдим. Уч-тўрт кунгина олдин мутлақо тўғри дея мармарга ўйилган ёзувдек, қалбимга чуқур қилиб ёзиб олганим жавоблар, ўлим ҳақиқатининг енгилгина битта шабадасида ўчиб кетган эди!.. Нақадар бемаъни, қанчалар беҳуда жавоблар экан, улар. Ўлимнинг совуқ шамолида ўчиб кетмайдиган биргина жавоб бу “Жаннатни қўлга киритиш учун!..” бўлса керак.
Бу тўғри жавобмиди?
Жаннатга эришиш, унга кириш учун шунчалик изтиробларга, азобларга арзирмикин?! Ёшлигимдан бери Жаннат ҳақидаги эшитган, билганларимни ўйлаб кўрдим.
Шундай бир ҳаёт ростдан ҳам бормикин? Албатта бор!
Бу дунёни ҳамда шундай улкан коинотни яратишга қодир бўлган Аллоҳ таоло шубҳасиз Жаннатдек манзилни ҳам яратишга қодирдир! Биз яшаётган дунё ҳаёти қанчалик ҳақиқат бўлса, Жаннат ҳаёти ҳам шундай ҳақиқат. Чунки, ҳар икки дунёни яратган Раббимиз барча мусулмон бандаларига Жаннатни ваъда қилган.
Жаннат ҳаёти!..
У абадий бўлган ҳаёт. У ерда на дард бор, нада бирор қайғу. Ва у ҳаётда на шиш деган бало бор, нада ўлим! Ҳар гўзал нарсанинг энг гўзал шаклини ўз ичига олган бу ҳаёт, ҳеч шубҳасиз ҳақиқий бахтиёрлик, чинакам саодат ҳаёти эди!
Шуларни ўйларканман, анча енгил тортганимни, бу тушунчалар таъсирида ҳолатим ўзгарганини ҳис қилдим. Шу вақтгача мусулмон эканимни бунчалик аҳамиятли деб ўйламаган, мусулмон эканимдан бу қадар севинмаган эдим.
Мен мусулмон эдим!..
Абадий жаннат ҳаёти билан муждаланган мусулмонлардан биттаси мен эдим! Гўё жаннат ҳақида эндигина эшитгандек, ҳозиргина жаннат хушхабарини олгандек эдим!.. Қалбимнинг ҳузурга тўлганини, юрагимнинг севинчдан титраганини ҳис қилдим!
Абадий жаннат ҳаёти!..

Ҳа, фақат ва фақат унинг учун яшаш мумкин, фақат ва фақат унинг учун ўлиш мумкин эди!..

Кейинги уч кун давомида ўтган ҳаётимнинг ҳисобини қилдим. Гуноҳларим билан, савобларим билан бутунича ҳаётимни кўз олдимдан ўтказишга ҳаракат қилдим. Авваллари ўтмишимга қараган вақтимда энг қувончли дамларимни, фахрланишга арзийдиган онларимни, бажарган катта-катта ишларимни, амалга оширган улкан лойиҳаларимни кўрардим. Энди эса, бунақа дунёвий ишларимдан эмас, ўқиган намозларимдан, берган садақаларимдан севиняпман. Кечмишимга қарарканман, ўтказган ҳаётимда қийматга эга бўлган бирор марварид ёхуд ёқут донасидек кўряпман бу амалларимни. Жума намозларини асло қолдирмагандим, рамазон рўзасини ҳам деярли тутардим, таробеҳ намозларига борар, шу кунгача жуда кўп фақирларга ёрдам бергандим, имоним бор, ҳеч қачон жунуб ҳолимда юрмагандим, чўчқа гўштини ҳаттоки оғзимга яқин келтирмагандим, баъзи ёшларни уйлантирган, бир нечта масжид иншооти учун темир ва цемент каби ашёларни олиб берган, иккита масжид қурдирган, шунга ўхшаш яна қанча ишлар қилгандим...
Алҳамдулиллаҳ!.. Раҳматли отамни муҳаббат билан хотирладим. Қилган барча хайрли ишларимни унинг насиҳатлари, йўл-йўриқлари билан амалга оширгандим. Раҳматли онажоним ҳам ҳаётликларида ҳаққимга қанчалар дуолар қилган, ким билсин...
Ўтмишимга қараганимда албатта кўришни истамаганим, пушаймон бўлганим амаллар ҳам бор эди... Ҳаётим саҳифасидан уларни ўчириб ташлаш учун, нималар, нималар беришга тайёр эмасдим! Илгари Аллоҳ ҳамма гуноҳларни истаса, кечиради, дея ўйлардим. Энди эса, ўзим ҳам сабабини билмайдиган шубҳа ва тараддуд ичидаман!..
Ажабо, Аллоҳ шунча гуноҳимни афв қилармикин?..
Мени ташвишга солган бу шубҳалардан қутилиш мақсадида бир қанча имомлар, олимлар билан учрашдим. Уларга бир яқин танишимнинг хаста эканини, беш-олти ойдан кейин ўлиши мумкинлигини айтдим. Имонли инсон бўлган бу танишимнинг бир қанча диний амалларни бажарганлигини, лекин гуноҳлари ҳам талайгина эканини билдирганимдан сўнг, Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини кечириши мумкинми, дея сўрадим.
Аллоҳ рози бўлсин, улардан!.. Менга шундай гўзал жавоблар беришдики, сал бўлмаса, ўша одам ўзим эканимни айтиб юборай, дедим. Улар менга ўша “танишим”нинг хайрли ишларида ёрдамчи бўлишимни тавсия қилишаркан, Аллоҳдан асло умид кесилмаслиги лозимлигини “унга” етказишимни билдиришди... Мен албатта бу насиҳатларни ўрнига қўйишимни айтиб, хайрлашдим.
Анча енгиллашгандим!..
Ўлим ва охират ҳақидаги китобларни сотиб олдим. Уларни бир неча марта диққат билан мутолаа қилдим. Бу китобларни олдин ўқиганимда ҳеч шубҳасизки, бу қадар англаёлмаган, ҳозиргидек таъсирланмаган бўлардим.
Мавзуга оид ояти карималар, ҳадиси шарифлар мени ростдан ҳам тўлқинлантирди, қалбимни титратди...
Гарчи, ўлим тушунчасини ҳамон ёқтирмасдим, аммо бу тушунча мени олдингидек қўрқувга солмай қўйганди. Ўлимдан қочишнинг иложи йўқ эди, барча инсонлар албатта ўлажакди. Менинг ана шу инсонлардан ягона фарқим, ўлимим ҳақида олдинроқ хабар олганим ва тез орада ўлишимни билганим эди. Яхши, аммо бу қандай фарқ эди? Бир кишининг ўз ўлими ҳақида хабар олиши, қачон ўлишини аниқ билиши унинг учун бирор қийматга эгамиди?   

Ўлимнинг не эканини билган ҳолда, ўлимини кўрган ҳолатда ўлимга қараб юриш яхшими, йўқса, ўлимдан бехабар яшаркан, бир лаҳзада унга рўпара келишми?
Бу саволга аниқ бир жавоб тополмайман! Масалага охират назари билан қарарканман, ўлимнинг не эканини билган ҳолда, ўлим ҳақ эканини эътибордан қочирмаган ҳолатда яшашнинг охиратдаги оқибати албатта яхши бўлади, деган қаноатдаман. Чунки, биз ёқтирмасак-да, ўлимга, ўлимдан кейинги ҳаётга томон бир-бир босиб бормоқда эдик. Шу боис кун сайин, дақиқалар, сониялар сайин яқинлашиб бораётганимиз ўлимимиздан хабардор бўлиш, унга тайёрланиш, ўлимнинг чангалига тасодифан тушгандан кўра яхшироқ бўлса керак...
Бироқ, инсонлар бунга чидай оладиларми, ўлим хабарини кўтара олишармикин? Серқатнов шоҳкўчалар бўйлаб номаълум сел янглиғ оқиб кетаётган шу одамларнинг барчаси, ҳеч шубҳасиз, ҳаммаси ўлиши аниқ. Уларнинг орасида албатта мендан аввал ўладиган ким қанча инсон бор эди. Агар ана шу қачон ўлишларини билмайдиган кишиларга қай пайт ўлишлари билдирилганда нима қилишарди? Ёки барча одамларга баъзи ҳайвонлар сингари, маълум бир йилгача умр берилганда, ўлишларига бир неча йил, бир неча ой ва ё кун қолганда, нима қилган бўлардилар?
Бунга қандай чидашарди, демайман! Чунки, чидай олишмасди!..
Қўлларидан баъзи моллари олиб қўйилган вақтда жазавага тушадиган, ўзини у ёқдан-бу ёққа урадиган неча инсонлар, қўлларидан ҳаётлари олиб қўйилганда ҳеч шубҳасизки, чинакам телба, ҳақиқий жиннига айланган бўларди!..
Дунёга, бойликка ҳирс қўйган қанча инсонга уч йилдан кейин ўласан эмас, ўттиз уч йилдан сўнг ўласан, дейилса, ўзгаришга ҳаракат қилар, ўлимига ўн йил қолганда дунёдан этагини силкиган бўларди!
Ҳайратланарли эмасми! Ўлишларини, мутлақо ўлишларини билган бу инсонларга, фақат қачон ўлишлари билдирилсагина, ҳамма нарса, дунёдаги ҳамма нарса бирдан ўзгаради. Чунки, ўлимни билиб, ўлимни кўриб яшаш, йўлбарслар кезиб юрадиган ўрмонда сайр қилишдек бир гап эди!..
Ҳар лаҳзада устингизга ташланиши мумкин бўлган йўлбарсларни била туриб, худди ҳеч қандай хавф-хатар йўқдек, гулханда гўшт пиширишингиз, ўйин-кулгу қилишингиз мумкинми?! Албатта йўқ! У ҳолда, бу инсонлар ўлимдан бехабар экан, ўлим рамзи бўлган йўлбарсларни кўрмаганлари муддатча, хатар йўқдек ғоят хотиржам, қайғусиз яшай оладилар, ҳаттоки бўйинларига қўнғироқ осиб ўйинга тушишлари ҳам мумкин!
Сўнгра, сўнгра эса биргина йўлбарс бўкириши ва ортидан бир неча лаҳзалик типирчилаш билан қабр сари сафар!..

Албатта, ўлим бу қадар оддий ва осон кечмайди! Айтилган бир неча лаҳзалик типирчилаш, ҳеч шубҳасиз, бир неча умрларга тенгдек туюлади ўлаётган кишига!.. Билмадим, ўлим онини тушуна оласизми, англай биласизми, унинг даҳшатини!..
Мен уч-тўрт ҳафта олдин эшитганим ва секин-секин ҳазм қилишга уринганим ўлим ҳақиқати билан бир лаҳзада юзма-юз келишингиз!..
Ақлингизни таниганингиздан буён ичида яшаганингиз, бирга юриб, биргаликда югурганингиз тирик, тип-тирик вужудингизнинг бир онда тиргаги қулагандек, ерга йиқилиши!.. Неча йиллардир ишлаган юрагингизнинг индамасдан тўхтаб қолиши, шу онга қадар темирчи сопқонидек тинимсиз нафас олиб-нафас чиқарган ўпкаларингизнинг бошқа нафас олмай қолиши!.. Ўзингизни йўқотиб, даҳшатли қичқириқдек ёйилган ваҳима ичра қолишингиз!..
Сиз ичида яшаган гўшт йиғиндисининг ўлиши билан, ўзингиз ҳам ўлим топишингизни билиб, даҳшатга тушишингиз ва вужудингизга қараб: “Ўлма, ўл-ма, ўл-ма-а-а-!..” дея унсиз қичқириғингиз!..

Юрагингизни ишлатишга, ўпкангизни нафас олдиришга уринишингиз!..
Ҳаракатсиз қолган вужуд, тинчиб қолган жасад ичра паришон жонингизнинг, тонналарча оғирлик остида эзилган, эзилган сайин оғирлашган тиканли бомбадек, бўғзингизга тиқилиб қолганини ҳис қилишингиз!..
Шу онгача қўрқувни ва қўрқинчли нарсаларни ташқаридан излаган кўзларингизнинг, ичкаридаги даҳшатдан ташқарига отилиб чиқишга уриниши!..
Ҳозиргача кўп ишлатганингиз “Ўлим” калимасини, шу пайтгача асло қўлламаганингиз бир маъно теранлиги ила “Ўлишим тайин!..”дея тан олишингиз!.. Чарақлаб очилган кўзларингиз билан атрофингизга боқиб, сиз ўлиб кетаркансиз, ҳеч нарса бўлмагандек давом этаётган ҳаёти дунёнинг қанчалар бевафо эканини англашингиз!..
Жуда узун деб ҳисоблаганингиз бутун ҳаётингизни бир лаҳзада кўз олдингиздан ўтказишингиз!..
Туғилишимдан, улғайишимдан, яшашимдан, асосий мақсад, ўлишим экан деган фикрга келишингиз ва “Шу учун туғилдимми, шу учун улғайдимми, шу учун ишлаб, шунинг учун яшадимми?..” каби саволларни хомуш бир сукут билан жавобсиз қолдиришингиз!..
Очилган кўзларингиздан пардаларнинг кўтарилиши ва қаршингизда жон олгувчи фариштани кўришингиз!.. Жонни, жон беришни унутиб, даҳшатли бир ҳайрат билан қўрқув ичра ўлим фаришталарини кузатишингиз!..
Шу пайтгача милярдлаб инсоннинг руҳини қабз этган фаришталарнинг, чексиз сокинлик ила қудрат қўлларини сиз томон узатишлари!..
Қочишни истаб, қочолмаганингиз, ҳаттоки жойингиздан бир қадам қимирлаёлмаганингиз ўша онда икки бармоқ орасида қолган бечора чумолидек ожиз эканингизни англаб етишингиз!..
Қилт этолмасдан, “Шошманг, нима қиляпсиз!..” деёлмасдан, қўрқувдан қалт-қалт титраганча бўғзингизга тиқилиб қолган жонингизнинг суғуриб чиқарилиши!..
...Ва ўлишингиз, ўлимнинг нима эканини ўлаётибгина англашингиз!..

Сўнгра, сўнгра чексиз бир сукунат!..
Ерда ётган жасадингизга қарайсиз!..
Тириклигингизда “Менинг қўлим, менинг оёғим, менинг бошим...” дея ўзингизга нисбат берганингиз бу гўшт тўпламининг сиздан айри, сиздан фарқли бир нарса эканини эндигина фарқлаб етмоқдасиз!..
Уловини йўқотган суворийга ўхшайсиз!..
Неча йиллардир миниб юрган, у ёқдан-бу ёққа югуртирган отингиз энди ўлди!..
“Мен, мен...” деркан, қаст қилган нарсангиз, аслида бу от эмас, отни бошқариб юрган суворий эканини фаҳмлайсиз, шунда!
Сизга омонат қилиб берилган шу отнинг, сизга омонат қилиб берилган жасаднинг Яратувчиси келади ақлингизга!
“Алло-о-оҳ!..” дейсиз шунда даҳшат ичра...
Сизларга шу вужудни берган Аллоҳнинг ушбу омонатига тегишли буйруқ ва қайтариқларини эслайсиз, ана шу онда! “Дунё ҳаётида нима қилишим керак эди, мен нима қилдим?..” деган савол оташтош янглиғ гурсиллаб тушади устингизга...
Эзилиб кетасиз! Бирор ҳаракат қилолмайсиз, ҳатто қилт этолмайсиз бу саволнинг остида!..
Ҳолбуки, сиз жавобини биладиган, жуда яхши биладиган бир саволдир бу! Бироқ, жим туришни, яхшиси унинг остида жимгина эзилишни афзал кўрасиз! Чунки, тилингизнинг учида турган жавоб, ҳаттоки тилингизниям уялтирадиган жавобдир!
Яна бир фарёд юксалади менлигингиздан:
“Алло-о-о-оҳ!..”

Сўралган ва сўралмаган барча саволларнинг ҳамма жавоблари яширинган ана шу “Аллоҳ” дейишингизда! Менлигингиздан юксалган бу фарёд, минг афсуски, кўнглингизни хушнуд қилган севгилига етишиш севинчини эмас, Одил ва Қаҳҳор бўлган бир ҳисоб сўровчи билан юзлашишнинг даҳшатини акс эттиради!.. Дунё ҳаётида фақат соясини, мавҳум соясини кўрганингиз қўрқувнинг, аниқ-тиниқ ҳақиқати билан, очиқ даҳшати билан юзма-юз келасиз!
Ваҳимага тушасиз... Бу даҳшатларнинг барчасидан қочишингиз, қоча олишингиз, ўзингиздан қочишингизга, қоча олишингизга боғлиқ!
Бироқ, қани эди бунинг иложи бўлса!
Сизга сиздан узоқ, сизга Ундан яқин ҳеч нарса йўқ, атрофингизда!..
Ўзингизни чорасизликнинг тиканли чоҳига ташлаб юборақоласиз! Пушаймонлик туйғуси оловда эриган бир маъдан янглиғ оқа бошлайди ичингизга... Ўзингизни парчалаш истагида парча-парча бўлиб кетасиз!

Ва жасадингизнинг тепасига тўпланган инсонларга қарайсиз!.. Сизга минг йилдек узоқ туюлган шу бир дақиқалик муддат ичида сизга қараб, сизнинг ҳолатингизни кузатиб турган кишиларнинг, жағингизни боғлаётиб, “Раҳматли индамасдан, қандай тинчгина жон берди-я!..” деганларини эшитасиз!..
Бошқаларнинг ўлимидан ўлимнинг не эканини таниган бу инсонларнинг ўлимга қанчалар бегона, ундан қанчалар йироқда эканини илк бора англайсиз!
Ҳа... ўлиш мутлақо бошқа бир нарса эди!
Ўлим билан ҳамма нарса эмас, фақат бир нарса тугарди!.. Ва ана шу бир нарсанинг тугаши билан ҳамма нарса янгидан бошланар эди!..

Охирги пайтлар фабрикага боришни унчалик истамасдим. Жуда зарурий ҳолларда борар, иш ривожини ўрганиб, керакли кўрсатмаларни берганимдан сўнг қайтардим. Бир қарашда мен фаолиятим суратини деярли тўхтатаёзган эдим. Бироқ, фабрика тинимсиз ишларди, ишларди-ю, югуришдан тўхтаб, оғир одимларла юраётган инсонга ўхшарди.
“Етар!” дердим ўз-ўзимга.
Шу зайл ишлаши ҳам менга кўпдек туюларди. Ўлимли дунёда жуда кўп ишлаб, ортиқча бойишнинг нима кераги бор? Ҳолбуки, бир ой олдин бошқача ўйлардим. Енгилгина кулдим. Дунёнинг ўткинчи эканини, ўлимли дунё эканини тушуниб етгандим!
Фабрикадан вақтли қайтиб, ғалати бир хоҳиш билан қабристонга келдим. Қабристон эшигида бир оз туриб қолдим, сўнг ичкарига кирдим. Яқин кунларда тобутда келтирилишим аниқ бўлган қабристонга ҳозирча оёқларимда юриб келгандим...
Бу ер қабристон эди, бу ер ҳамма келадиган сўнгги манзил эди!
Қабристонни оғир-оғир қадамлар билан айланишни бошладим. Атрофимга бениҳоя ҳайрат билан қарар, ҳамма нарсани кўришга, ҳамма нарсани тушунишга ҳаракат қилардим. Илгари ишхона ёки фабрика қуриш учун мўлжаллаган ерга келиб, унинг ҳамма тарафини ўрганиб чиқардим. Энди эса, тамоман бошқача фикрлар ичра бошқа нарсаларни ўрганиш билан банд эдим!..
Қабристон жим-жит ер эди!..

Қабрлар оралаб юрарканман, қабрдагиларни ўйларканман, тирик эканимни илк бора фарқлаётганга ўхшардим. Тириклик ҳайратланарли ҳол эди. Бирор тепаликнинг худди тирикдек юраётганини ёхуд сакраётганини кўрсак ҳайратдан ёқа ушлаб қоламиз. Сув, тупроқ ва тепалик сингари моддалардан иборат бўлган инсоннинг юришини, югуришини, гапиришини эса, ўрганиб кетганимизданми, табиий ҳол дея қабул қиламиз. Фикр танбаллиги билан эснаб, “Жони бор юради, жони бор югуради, жони бор гапиради..” деб қўя қоламиз.
Жуда яхши, лекин ана шу жоннинг ўзи нима? Тириклик нима? Ҳар қандай бир тепаликка жон киритишга уринсак, жон бериш у ёқда турсин, ўша бермоқчи бўлганимиз жоннинг нима эканини, қанақа нарсалигини биламизми?
Иҳ!..
Балки бу саволнинг жавобини биз тириклар эмас, жонидан айрилган ўликлар, маййитлар яхши билишарди. Баъзи нарсаларнинг нима экани, борлигида эмас, балки йўқолгандан сўнг ойдинлашади. Қабристонни ҳамон оғир одимларимла кезарканман, қабрларни ва қабрдагиларни ўйлашда давом этардим. На мен улардан, на улар мендан йироқ эмасдилар! Ўлимга яқин турган бир инсон сифатида қабрдагиларнинг аҳволини яхшироқ тушунар, яна ҳам яхшироқ ҳис қилардим. Ва бир муддат ўтгач, қабрдагиларнинг нигоҳлари билан ташқарига, тирикларнинг нигоҳлари билан қабристонга боқдим.
Ҳайҳот!..
Ҳайратдан сесканиб кетдим. Бир-биридан қанчалар фарқли, қанчалар айри қарашлар эди, улар!
Қараганини кўраётган, кўрганларини англай олаётган нигоҳлар шубҳасиз қабрдагиларники эди! Жуда аниқ, ниҳоятда тиниқ қарашлар эди! Ташқаридан қабристонга, қабр ичидагиларга қараган инсонлар кўриш лозим бўлганини эмас, кўришни хоҳлаганларини кўрардилар! Баъзилари қабристондаги дарахтларни, баъзиси мармар тошларни, баъзилари эса қабр устидаги тупроқни кўришарди. Ўзини теран ўйлаётганини ҳис қилган баъзи бирлари эса қабр ичига кириб, кафанланган маййитни кўришарди!
Бу яхши, бироқ кафанни очиб, унинг ичидагига қарашимиз лозим эмасми?
Гўштлари чириб кетган у калла суягининг нимасидан қўрқамиз? Бошимизга бармоғимиз билан урган пайтимизда “тақ-тақ” дея эшитилган овозлар бизнинг ҳам айни оқибатга маҳкум, худди шундай қуруқ бошга соҳиб эканимизни эслатмаяптими?!. Гўштларидан айрилган у қуруқ калла суягида ёлғонлардан тозаланган аччиқ бир ҳақиқатни кўрмаяпмизми?! Бош суягидаги кўз чуқурларига ўз кўзларимизни қўйиб, бир лаҳза нариги дунёга, ундан ҳам йироқларга нега қарамаяпмиз?!.
Ҳамма ерга кўз ташларкан, босаётган тупроғимизга қараркан, борган ерларимизни яхшилаб кўришни истарканмиз, қабрларга, қабр ичидагиларга нега қарамаймиз?!
Кун сайин, дақиқалар сайин яқинлашиб бораётганимиз у манзилдан нега юзимизни ўгирамиз, нима учун қабристонлардан йироқроқ юрамиз! Агар юзимизни дунёга бурсак, унда абадий қоламиз, қабристонга умуман яқинлашмаймиз, ўлим нима эканини билмай бахтиёр яшаймиз, дея ўйлаймизми?!
Бу саволга ҳам қабрдагилар жавоб беришади:
“Ҳа, шундай деб ўйлайсиз! Биз ҳам худди шундай ўйлар эдик!..”
Бу жуда тўғри жавоб эди! Зотан, қабристонда ҳеч ким ёлғон гапирмайди! Ҳамма нарса, ҳамма рост гапиради,бу ерда... Бу ер ҳақиқатан ҳам бошқа бир олам эди! Ҳамма нарса, сукутда, тириклар оламидаги ғала-ғовур овозлар йўқ!.. Бу ерда ҳамма нарса шундай сокинлик билан, шундай сассизлик билан англатилади!

Ибратомуз бир сукунат, сермаъно жимжитлик ҳукмрон қабристонда...
Бу қабристонни тўлдирган минглаб инсонлар ҳеч шубҳасиз, бир пайтлар кўча-кўйларни, бозорларни тўлдириб, у ёқдан-бу ёққа елиб-югурган одамлар эди! Бу ерга келиб ярим соат ўтирар-ўтирмас, сиқилиб-зериккан, нима қилишларини билмасдан, тезроқ қабристонни тарк этишга шошилган шу инсонлар, узоқ йиллардан бери мана шу қабрларида айни шаклда, айни сукунат ичра жимгина ётишарди.
Қабрларга қараганча, такрор-такрор ўйлай бошладим: “Ажабо, бу ерда ётган маййитларнинг ҳеч қандай ташвиши, ғам-қайғуси йўқмикин? Шуни ўйларканман, ҳар бир қабрга бирма-бир қарадим. Саволларимнинг жавобларини яна шу қабр остида ётганлардан эшитишни истардим!
Йўқ, ундай эмас! Худо ҳаққи, асло! Уларнинг ҳеч бири ғамсиз, қайғусиз эмасди! Қабрдагиларнинг барчаси, қиёматга қурилган соат, маҳшарга тортилган камон сингари эди!..
Барчаси нафасини ютганча, қимир этмасдан, ўша онни – қайта тириладиган лаҳзаларини кутиб ётишарди!..
Юзлари ва нигоҳлари бир-бириникидан фарқ қиларди! Қайси бирининг сўнгги табассуми, қайсинисининг охирги пушаймонлиги, яна киминингдир энг сўнгги томчи ёши кўзларида қотиб қолган эди!!!
Барчаси ана шундай ҳолатда кутишмоқда эди, Маҳшар кунини!..

Ажабо, менинг юзим, менинг сўнгги кўринишим қандай бўлар экан?
Юзимда энг охири қайси маъно, нигоҳларимда қандай ифода муҳрланар экан?!..
Қўрқиб кетдим, ваҳимага тушдим... Ўлимдан эмас, ўлимдан кейинги вазиятдан қўрқаётган эдим...
Аллоҳни ўйладим, бошим эгилиб, бўйним букилиб қолди... Оёқларимдан мадор кетиб, бир қабрнинг шундоқ ёнгинасига ўтириб қолдим. Қанчалик ожиз, қанчалар чорасиз эканимни ҳис қилдим... Худди йўргакда қўл-оёғи боғланган бечора бир гўдакдек йиғлай бошладим... Билган ҳамма нарсамни; барча инсонларни, барча жумлаларни, барча сўзларни унутган эдим. Хотирамда ёлғиз биттагина жумла сақланиб қолган ва бутун борлиғим шу жумлага маҳкам ёпишган эди: “Аллоҳим, менга ёрдам бер!..”
Тинимсиз ушбу жумлани такрорлардим:”Аллоҳим, менга ёрдам бер, Аллоҳим, менга ёрдам бер!..”
Шу пайтгача Аллоҳга жуда кўп дуо қилгандим, аммо, ўзимни Аллоҳга, Аллоҳни ўзимга бу қадар яқин ҳис қилмагандим!.. Гўё ҳар бир аъзом, ҳар бир ҳужайрам алоҳида -алоҳида қўлларга айланган-у, мен ана шу мингларча қўлларим билан Аллоҳга узалганча, тинмасдан Унга ёлвораётгандим ва бу дуодан тўхташни, Аллоҳдан йироқлашишни асло истамасдим: “Аллоҳим, менга ёрдам бер!..”
–    Ёрдам керакми?
Чўчиб тушдим! Эшитилган бу овоздан жойимга михланиб қолдим. Бу овоз ердан эшитилдими, кўкданми, билмай қолдим... Ётган еримдан атрофимга қарадим. Ўнг тарафимда саккиз-ўн метрлар узоқликда бир киши турарди. Унга ҳайрат билан қараётганимни кўргач, секингина “Ассалому алайкум!” деди.
Бу қирқ ёшлардаги соқолли бир киши эди. Бир муддат жим бўлиб қолдим. Нима қилишимни, нима дейишимни билмасдим. Ўрнимдан туриб, секингина кийим-бошимни қоқдим. У кишига қараб “Ваалайкум-ассалом!” дедим-да, тўғри қабристон эшигига қараб юра бошладим...
Юрагим сиқилганди... Ҳеч истамаганим бир пайтда, истамаганим бир шаклда қаршимда пайдо бўлган бу жонзот, жонимни сиққан эди!..

Ичкилик ичишни ташлаган, беш вақт намоз ўқишни бошлаган эдим. Аввал бошида бундан кўнглим тўлмай юрди. Буларнинг барчасини ўлишимни билганим учун, ўлимдан қўрққаним учун қиляпман, деган хаёл менга тинчлик бермасди. Менга асло ёқмаган бу хаёлдан қутулиш мақсадида анча вақт у билан ичимда курашиб юрдим.
Бироқ, уни енга олмадим... Негаки, аслида ҳақиқатдан ҳам шундай эди!.. Ўлишимни билганим учун ароқ ичишни ташлаган, ўлимим яқин қолгани боис, беш вақт намоз ўқишни бошлагандим. Кейинчалик буни тан олдим. Ҳам бу ҳақиқатни қандай қилиб инкор қила олардим?! Зотан, Аллоҳ таоло барча инсонларга ўлишларини билдирган, барча инсонлар ҳар дақиқа ўлимга тайёр туришларини истаган эди! Ўлишини билган ҳолда ибодат қилиш, барча мусулмон бажариши лозим бўлган амал эди, зеро...
Мана шуларни ўйлаб, мени безовта қилган, мени васвасага солган шайтоний хаёллардан қутулдим. Шайтони лаъин нима қилиб бўлмасин, инсонни йўлдан уришга ҳаракат қиларди! Шайтоннинг таъсирида қолиб ибодатни тарк қилган инсонлар, бошлари ва бурунлари кўтарилиб, ғўдайиб қолган, шунингдек, қабрларига ҳам ғўдайганча кирадиган инсонлар бўлса керак.
Аллоҳга беадад шукрлар бўлсинки, ўшандай бандаларидан қилиб қўймади!..
Бироқ, тўғрисини айтадиган бўлсам, беш вақт намоз ўқиш нафсимга бу қадар оғир келади деб ўйламагандим. Қаердан билибман, бу иш чеккадан қарагандагидек осон эмас экан!.. Намоз ўқиётган пайтларимда ичим сиқилганини, сабабини ўзим ҳам билмайдиган бир оғирлик остида қолганимни ҳис қиламан. Салом бериб, намоздан чиққач, анча вақт сувнинг остида қолиб, кейин сув устига чиққан одамдек чуқур бир “оҳҳ...”тортаман.
Ҳолбуки, жума намозларида ҳеч қачон бунақа оғир аҳволга тушганимни эслай олмайман. Гарчи шу онгача ўқиган жума намозларида Аллоҳдан кўра кўпроқ инсонларни, ўзим ичида яшаган жамоани кўпроқ эътиборга олардим. Ўзим учун танлаган бир “имиж”им бор эди. Ўз тарихига эга, миллатчи ҳамда муҳофазакор имиж эди бу. Ўзимни ана шу имижим билан танитар, унинг йўқолишини истамасдим. Жумладан, жума намозларига боришим ҳам айнан шу имижимнинг мажбурий бир хусусияти эди. Аллоҳга ишонардим, имоним бор эди, бироқ ёлғиз Аллоҳ учун намоз ўқимасдим...
Ҳозир эса, аҳвол тамоман фарқли!.. Энди на имижимни, на жамоанинг бошқа ҳукмларини инобатга оламан. Ўзимни устидаги либоси ёниб кетган инсондек кўряпман. Неча йиллардан буён асраб келган имижимни белгилаган шу кийимларимни шоша-пиша эгнимдан ечиб отарканман, на жамоани кўз олдимга келтираман, на улар мени ялонғоч ҳолатда кўриб қолишларини!..
Буларнинг ҳеч бири мени қизиқтирмайди!
Энди мен учун ягона аҳамиятга лойиқ бир борлиқ–Аллоҳ таоло!
Мен Аллоҳнинг қулиман ва шу қуллик нимани тақозо қилса, барчасини бажаришга мукаллафман! Бор-йўғи шу! Бундан бошқа ҳеч нарса мен учун афзал эмас! Нафсим хоҳламаса ҳам, ибодатлар шум нафсимга оғирлик қилса ҳам, бошқа мусулмонлар сингари намоз ўқишга, бошқа мусулмонлардек ҳаромлардан қочишга ҳаракат қиламан!..
Бундан ташқари, бошқа мусулмонлардан менинг нима фарқим бор? Бой ва бообрў эканимми? Касал бўлмасимдан олдин шундай деб ўйлардим. Тарозининг бир тарафига мингта ишчини, иккинчи тарафига ўзимни қўйсам, албатта мен оғир келаман, дея фахрланардим! Минг ишчини қўл остида ишлатган, мингта ишчини моддий жиҳатдан таъминлаган бир инсон, албатта улардан оғир келиши, улардан анча юқори туриши табиий ҳол эди!
Бироқ, хасталик хабари келиши билан ҳаммаси ўзгарди!..

Аллоҳ билан юзма-юз келган, Унга қайтишим муҳаққақ эканини бир лаҳзада англагандим!.. Шу тушунча сабаб таниганим ягона ва энг муҳим ҳақиқат, халқ аҳамият берадиган бойлик ҳамда обрў-эътибор сингари нарсаларга барча мулкнинг, бутун коинотнинг соҳиби бўлган Аллоҳ таолонинг қиймат бермаслиги эди! Шу боис ҳам халқ наздидаги эътиборим Ҳақ наздида якун топган эди.
Ҳақ наздида ягона қимматли нарса қуллик эди!.. Қулликнинг қадрини жойига қўйиш эди! ..
Яна ҳам аниқроқ эътироф қилиш лозим бўлса, Ҳақ наздидаги тарозининг бир тарафига менга ўхшаган бир бошлиқни, иккинчи тарафига Аллоҳга гўзал қуллик қилган бир ишчини қўйсалар, ҳеч шубҳасиз, ана шу ишчи оғир келган бўларди! Шундай экан, дунёвий обрў-эътибор билан кибрланишга, ғурурланишга асло ҳожат йўқ эди! Нафсимга қанчалик оғир келмасин, Аллоҳга лойиқ қуллик қилишга, ҳатто беш минг машаққат билан бўлса ҳам, беш вақт намозни ўқишга ҳаракат қиламан! Маҳкам тутганим бу маънавий арқонни асло, асло қўйвориш ниятим йўқ!..

Кейинги кунларда бош оғриғим бир оз кучайди.
Бу оғриқларнинг сабабини билмаган кунларимда фақатгина оғриқни ҳис қилар ва улардан тезроқ қутилишни истардим. Энди эса бу оғриқлар улкан бир дарахтнинг кичик тиканларидек кўринарди кўзларимга.
Шифокорим Закийбек эса, аҳвол қанчалик умидсиз бўлмасин, тиббий муолажани бошлашимни истарди. Муолажанинг бошқа тарафлама таъсирларини ўйлаб, бунга рози бўлмадим. Баъзи яқинларимга бир оғайнимнинг хаста эканини айтгандим. Гиёҳлардан дори тайёрлайдиган бир кишини тавсия қилишди. Уларнинг айтишича, табибнинг дорисидан кўпчилик тузалган экан. Таваккал қилиб, шу табибга бордим. Миямнинг рентген суратларини кўрсатиб, аҳволни тушунтирдим. У киши менга Аллоҳдан умид узмаслик кераклигини, берган гиёҳларини маълум тартиб билан ичишим зарурлигини билдирди. Менга ҳам айнан мана шу тавсия маъқул келганди. Чунки, жуда оз бўлса ҳам, мени умидлантирадиган бирор чорани қўллашни истардим. Бундан ташқари бу гиёҳларнинг бошқа кимёвий дориларга ўхшаб, зарарли томони йўқ эди. Табибнинг айтганига биноан, гиёҳларни ича бошладим.
Табиат бағридан йиғилган бу гиёҳлар дорихонадан олинган дориларга нисбатан яхшироқ кўринганди, кўзларимга. Соғайишим учун агар бир мўъжиза лозим бўлса, бу мўъжиза одамларнинг қўли билан тайёрланган дориларда эмас, Аллоҳ томонидан яратилган ушбу ўсимликларда мавжуд бўлиши керак эди.

Фабрикада кечадиган вақтимнинг кўп қисмини асосан китоб ўқишлик билан ўтказардим. Бу ерда ўзим учун мўъжазгина бир кутубхона ташкил қилдим. Турли мавзулардаги қизиқарли китобларни сотиб олдим. Энг менга манзур бўлган китоблар эса, тасаввуфий ривоятларни англатган китоблар эди. Бу дунёга не буюк зотлар келиб-кетмаганди! Барчаларининг бир-бирдан гўзал кароматлари бор эди. Ўзларини зиёрат қилиш учун келган одамлар билан бир оғиз гаплашмай туриб, уларнинг нима мақсадда келишганини билишар ва эҳтиёжларини қондиришарди. Ана шундай ҳол аҳли бўлган бир киши билан учрашишни, унга юрагимдаги дардларимни айтишни ҳамда унинг ҳақиқатдан баҳс этган суҳбатини тинглашни истардим.
Бундай инсонлар, пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в.)нинг “Ўлмасдан олдин ўлингиз” деган тавсияларига амал қилиб, ҳар кун ўлимнинг нима эканини тафаккур қилиб, ўлимни эслаб яшайдиган кишилар эди. Ўлаётган бир одамнинг аҳволини ҳар ҳолда улар яхшироқ тушунишарди.
Ажабо, бизнинг давримизда ҳам шундай шайхлар, муршидлар бормикин?
Шундай ўйлар билан ўтирарканман, хаёлимга бирдан Исмоил келди. Дўкондаги истарали сотувчи! Барча унга ҳавас билан қарайдиган келишган йигит. “Алсанжоқ”нинг шиддатли сафобахш муҳитидан ўзини тортиб ололган эди. Тунги клублардаги қизлардан кўра масжиддаги кекса кишиларнинг суҳбатини афзал билган бу хушсурат йигит, самимий ҳаракатлари билан ҳам атрофидагиларни ҳам мени ҳайратда қолдирган эди!..
Лекин, у пайтда Исмоилнинг бу ҳаракатлари менга негадир эриш туюлганди, ёшлик гаштини сурмайдими, дея ўйлагандим, тўғрироғи...
Исмоилни тариқатга кирган деб эшитгандим. Бу қанчалик тўғри эканини билмайман. Суҳбати ширин бўлган бу йигит билан қаерда кўришиб қолсак, ҳар доим узоқ гаплашар, ҳазиллашиб турардик. Унга: “Нима гаплар, замонавий ақидапараст?” дердим. Бироқ, бу ҳазилимдан ҳеч хафа бўлмасди. Менга жамиятнинг бузилганидан, тизимнинг адолатсизлигидан, ахлоқий меъёрларга путур етганидан сўзлар, ва: “Аввал инсон, кейин мусулмон бўлишимиз керак”, дерди.
Албатта, унинг гапларига кўпам эътибор бермасдим!..
Жамиятда ўрнини тополмаган бундай кимсалар албатта жамиятга лой чаплайдилар. Мен буни муваффақиятсизлик натижаси сифатида кўрардим. Шунинг учун насиҳат қилиши ва насиҳатига қулоқ солиниши керак бўлган киши, Исмоил эмас мен эдим. Чунки узоқ йиллар давом этган сотувчиликдан кейин, қанча машаққат билан кичикроқ бир дўкон очган омадли инсон Исмоил эмас, мен – аканг қарағай эдим. Сўзига қулоқ солиниши керак бўлган бирор бир киши бўлса, мендан бошқа ким ҳам бўлиши мумкин!..
Исмоил ҳақида яна ўйладим...
Ҳеч ҳам иккиланмасдан “Аллоҳга қасамки, мендан ақлли экан!”– дедим ўзимга ўзим. Ёшлигидан нафсини жиловлаш муваффақияти олдида бир нечта фабрика эгаси бўлган менингдек кишининг муваффақияти арзимас бир нарса эди.
Нима ҳам дердим, ҳалоли бўлсин!
Соат бир ярим...
Пешин намозини ўқигандан кейин Қўноққа бориб, Исмоилни – ўзимизнинг замонавий “ақидапараст”ни бир кўрай!..

Ярим соатдан бери Исмоилнинг ёнидаман. Мени самимий ҳурмат билан кутиб олди. Ўтирдик, чой келтиришди. Аввал бир оз ўтган-кетгандан, ўтиб кетган танишларимизни эслаб, эски хотиралардан гаплашдик. Уларнинг баъзилари диндан, ибодатдан йироқ ҳолда яшаган ва ўша аҳволда дунёни тарк этишганди!.. Исмоил “Қўлимиздан нима ҳам келарди...” дегандек, надомат билан елкасини қисди. Юзидаги маъюс ифодадан имонсиз кетганларга ачинаётгани кўриниб турарди. “Улар билан кўп марта гаплашдим, билганларимни англатдим. Бироқ, тушунишмади, тушунишни исташмади...” деди синиқ бир овозда.
Сўнгра менга қаради. Нигоҳидан “Сенинг аҳволинг қандай?” деган саволни уқдим. Секингина беш вақт намоз ўқишни бошлаганимни айтдим.
Юзларида, кўзларида, нигоҳларида бир нарса “ярқ!” этиб кетгандек бўлди. Қувончдан ўрнидан сакраб туриб кетди. “Кел, бир бағримга босай!” дея севинганча мени қучоқлаб олди.

Мен ўзимни йўқотиб қўйдим. Бир киши ўзга биров учун қандай қилиб, шу даражада қайғуриши, қувониши мумкин? Ҳолбуки, намоз бошлаганимдан ҳаттоки, ўзим ҳам бу қадар севинмагандим... Бироқ, Исмоилнинг бу самимиятини кўриб, мамнун бўлдим.
– Қандай қилиб?
– Нима қандай қилиб?
– Намозни қандай бошладинг?
Унинг саволини тушунгандим. Исмоил намоз ўқишимга қандай воқеа сабаб бўлганини, нима туртки берганини сўраётган эди. Нима деб жавоб беришни билмай иккиланиб қолдим. Чунки, аҳволимни ҳеч кимга айтиш, ташвишимга яқинларимни шерик қилиш истагим йўқ эди.
– Бир яқин оғайнимнинг миясида шиш пайдо бўлган экан. Жуда қисқа умри қолибди. Шу нарса менга қаттиқ таъсир қилди...
Исмоил пастки лабини тишлаганча бошини чайқади:
– Неча ёшда?
– Деярли... деярли мен билан тенг...
– Нима ҳам деймиз, Салжуқ!.. Бу ўлимли, ўткинчи дунё!.. Аллоҳ тақдир қилган ҳамма нарсада хайр бор, бейдилар!.. Иншаоллоҳ, балки дўстинг учун шу хасталиги бирор хайрга васила бўлар!..
Бошим билан тасдиқ ишорасини қилиб, “Иншаоллоҳ” дедим.
– Исмоилбек!
Мижозлар чақиришаётганди. Исмоил яна битта чой келтиришларини сўраркан, мендан узр сўраб, ўрнидан турди. Келган мижозлар бир оила аъзолари эди. Улар менимча, куёв учун тўй либосини олишмоқчи эди.
Мен куёв дея тахмин қилган йигит бир нечта кўйлакни кийиб кўрди, бироқ, ҳеч бирини ёқтирмади. Унга қараб турарканман, “Сўнгги либосинг кафан бўлади, эй йигит!..” дедим ичимда. Кафан кийдирилаётганда ҳеч бир маййит инжиқлик қилолмайди. Ҳозир кўриб турганимдек, “Менга буниси ёқмади! Рангги шунақа, кўриниши бунақа бўлсин!..” дейишолмайди.
Шу пайт дўконга чўлоқ бир киши кириб келди!
У ўрта ёшларда бўлиб, соқол қўйган, бир оз бечораҳол кўринишга эга эди. Бир-икки қадам ташлади-да, тўхтаб, атрофига қаради. Исмоилнинг харидорлар билан гаплашаётганини кўргач, мен томонга бурилди. Нима қилишга қарор бергандек, чўлоқланганча мен тарафга кела бошлади.
Тиланчи бўлса керак. Юзидаги сокин ифода билан ёнимга яқинлашди. Бир муддат тараддудланиб турганимдан сўнг чўнтагимни кавлаб пул олдим-да, унга узатдим. Тўхтади, пулга қараб турди-да “Аллоҳ қабул қилсин”, деганча уни олди. Кейин Исмоил турган тарафга қараб, унга ёрдамлашаётган сотувчи қизни чақирди:
– Осмон хоним!
Ёнимизга келган қиз табассум билан:
– Хуш келибсиз, Саид домла! – деди.
“Хуш кўрдик”, дегандан сўнг қўлидаги пулни узатди-да:
– Қизим, мана буни бир фақирга беринг, илтимос!– деди.
– Ассалому алайкум, устоз! Хуш келибсиз!
Бу овоз Исмоилники эди. Исмоилга жилмайганча бошини қимирлатгач, уларни ҳайрат билан кузатиб турган менга қараб ”Ассалому-алайкум!” деганча ёнимдаги курсига ўтирди.
Ўзимни аранг қўлга олиб, “Ваалайкум-ассалом!..” дедим ва дарҳол илова қилдим:
– Кечирасиз!..