Home icon Бош саҳифа»Жаҳон адабиёти»Онамнинг қабри бошида ўйлаганларим
Facebook
Онамнинг қабри бошида ўйлаганларим PDF Босма E-mail

Дунёдан бир банда каби кетолсанг...

Эркин Шукур

Жилд-жилд назмий китоблар чоп қилдириб, «шоир» номини ололмаганлар жуда кўп.

Бу ўжар шоирнинг ҳали бирорта китоби чоп қилинмаган. Аммо барча таниш-билишлари уни «Шоир» деб аташади.

«Китоб чоп қилишга қурби етмапти», деб ўйламанг. Эшитганда унча-мунча одамни шошириб қўядиган мансаби бор: Тожикистон Ҳукуматининг органи «Халқ овози» газетаси Бош муҳаррирининг ўринбосари.

Бир пайтлар газетачиликка қўл силтаб, ҳаё-ҳуйт деб бозорга кетдим. Унгача кабинетнинг тўрт девори оралиғида кун кечирувчи минглаб зиёлилар каби бозор аҳлини «ўғри ва каззоблар» деб ўйлардим. Англадимки, бозорда урфий ибора билан айтганда «Этагига намоз ўқиса бўладиган» мўмин одамлар жуда кўп.

Ҳар бир куни бетакрор сабоқ бўлган бу улуғ мадрасадаги савдо растасида кейинчалик тасаввуримдаги жаннатий инсонлар рўйхатидан жой олган опахон Дубайдан куёви келтирган қимматбаҳо газламаларни сотиб ўтирарди.

Бозорнинг бу растаси адаб аҳлининг келиб-кетадиган маконига айланганди.

Эркин Шукур келган пайти опахоннинг қизи «Нега фалончиларга насияга газлама бердингиз»,- дея ёзғираётган эди. Хуллас, шайтон она-боланинг баҳсини жанжалга айлантирди.

— Бу аёл ким? — сўради Эркин.

— Опахоннинг қизи, — дедим оҳиста.

— Онага шунақа муомала қиладими, одам...- деди ўрнидан сапчиб туриб:

— Тамоми мол-матои дунё ба як томчи сут намеарзад!!! –дея ўшқирдида хай-манзурни насия қилиб, шахдам қадамлар ташлаб кетди.

Онанинг кўзларида ёш ҳалқаланди.

Қилмишидан хижолат тортган қиз овози қалтираган куйи ғазабининг сўнгги қатраларини тўкиб солди:

— Бу телба ким эди?!

— Шоир эди,-дедим кулимсираб.

Гап чўзилди. Қолганини шеърлари айтсин...

Абдуллоҳ Зуҳур

Онамнинг қабри бошида ўйлаганларим

Бунда ҳаёт қайнар- шовқинсиз, унсиз,

Бунда капалаклар учар оҳиста.

Кунларим ўтмоқда ғарибам, сенсиз,

Бу дайру фанода, чалажон-хаста.

Икки дунёсидан хабардор руҳлар,

Сукут сақлашади дунёга қайтиб,

Сенинг қабринг узра майин чайқалар,

Ям-яшил майсалар салавот айтиб.

Тиловат қилади шамол пайдар-пай,

Изиллаб уради ўзини ҳар ён.

Бунинг барчасидан бехабар фақат,

Ғафлат уйқусида ётган оломон.

Бунда ҳаёт қайнар- шовқинсиз, унсиз…

Истак

Шундай йиғласангки, ҳатто, кўз ёшинг,

Минг йиллик йўллардан ҳориб келсалар.

Раҳмат назари-ла боқса, Илоҳинг,

Сенга эргашолса телбалар…

Телбалик нелигин англаб етолсанг,

Мозорлар у кундан этсалар огоҳ.

Дунёдан бир банда каби кетолсанг,

Кутса қучоқ очиб сени маҳшаргоҳ.

Кексалик

У узоқ тикилди, узундан узоқ,

Ортига бир қайтиб, қараб ҳам қўйди.

Олдга қадам қӯйса, турарди тузоқ,

Ортга қайтай деса, бирорта йўл йўқ.

Узоқ ўйга толди, узундан узоқ,

Савоб истаб, умрин титкилаб кўрди.

Умид-ла осмонга қаради бироқ,

Қилган гуноҳлари юзига урди.

Ватан

Руҳимда қулф урар ажиб туйғулар,

Ҳулволар уйқуси хотиржам, кўркам.

Булоқлар бошида субҳидам куйлар,

Инжу хотиралар юксалар бу дам.

Салобатли тоғлар туш кўрар ажиб,

Булутлар энкайиб тавоф айлайди.

Заминнинг гуллари бунчалар нажиб,

Сабо қўшиқларин дарров англайди.

Руҳимда қулф урар ажиб туйғулар…

Ҳолат

Маҳзунли кечалар, майин кечалар,

Сиёҳранг дардлардан ғамбода кўнгил.

Бир бора «оҳ» уриб дил ўзанига,

Бу ғаддор дунёга қўл силтаб қўйгил.

Жунунваш тунларнинг эркатойлари,

Жунун дарёсидан сув ичолмаслар.

Ишқнинг деворидан ошмоқлик учун,

Дуннинг хуморидан воз кечолмаслар.

Барчаси ўткинчи, барчаси рўё,

Барчадан қолгандир, жулдур алмисоқ.

Наҳот, бирор дилда йилт этмас зиё,

Наҳот, одамийзот бўлса қўғирчоқ.

Ҳисор қалъаси

Қадим замонлардан қадимий китоб,

Ҳисор қалъа бўлиб, тик турар бунда.

Ҳисор тоғларидан эсган шамоллар,

Зангор куртак бўлиб қулф урар бунда.

Замин замон бўлиб эврилаверар,

Асрлар сабоси қайдан келажак?

Қақойижодунинг сағирбачаси,

Ноилож қабрга бўйин сунажак.

Қадимий саболар тинмайди ҳамон,

Сўнмайди бу юртнинг гўзал сабоҳи.

Ҳисор қалъа нодир, буюк китобдир –

Асрларнинг битмас, туганмас оҳи.

Надомат

Осмонларда кезар бедорлик,

Ҳайрон бўлиб боқар рўёга.

Мезонлар ҳам дор бўлолмади,

Армонларга тўлиқ дунёга.

Бағрин тилиб қочар яланглик,

Ялангликда куффорий ҳислар.

Жин кўчалар - эмас абадий,

Абадиймас аларнинг рақси.

Талвасага тушиб йиғлайди,

Тонг саҳарда оқсоч болалар.

Оналари безор улардан,

Гуноҳлари кетган болалаб.

Қай бирини танлайди энди,

Ҳислари йўқ, кетгандир занглаб.

Рост дегани рўё эканми?

Ростин билган мозорлар титрар.

Не қиларин билмайди аёл,

Қора шоли қайларга итган.

Алдаб келди ўткинчи хаёл,

Момолари юз буриб кетган.

Не қиларин билмайди аёл,

Замҳарирнинг сокин кечаси.

Илк мартаба қичқира бошлар,

Сукунатнинг кичик парчаси.

Тоғлар садосига қоришиқ туман,

Алвидо айтади ўтган умрига.

Ям-яшил майсалар тиловат қилар,

Миллионлаб асрлик тоғ сукутига.

Ҳамон сукут сақлар боботоғларим,

Ҳамон билолмасман дарёлар тилин.

Шамоллар жонсарак, ҳамон безовта,

Ҳамон англолмадим аларнинг сирин…

Манзара

Тунги ибодатдек сирли ҳаяжон,

Руҳимнинг қатига сингиб кетади.

Кўкдан инганида осмоний ҳислар,

Бургут нигоҳида акс этади.

Қаддини дол этмас маъюс дарахтлар,

Тўрт фасл аларнинг барчаси тирик.

Аслида юзларин кўкка қаратмас,

Аслида сужудда тилсиз нигоҳлар.

Кўкдан инаверар сирли ҳаяжон,

Такрор бўлаверар асрий бу одат,

Зикр қилаверар қор учқунлари,

Давом этаверар буюк ибодат…

Эркин Шукур, Душанбе шаҳридан.