Home icon Бош саҳифа»Адабиётшунослик»Танқидчилик»Шеъриятда ширкнинг шарпаси
Facebook
Шеъриятда ширкнинг шарпаси PDF Босма E-mail

Бисмиллоҳир роҳманир роҳийм

Ҳақ Субҳонаҳу ва Таоло дунёни ранго-ранг мўъжиза, неъматларга бой қилиб, тўлдириб қўйибди. Уларнинг аниқ микдорини одамзод билолмайди. Инсонга неъматлар қадрига етмоқлик, шукронасини адо қилмоқлик, улардан оқилона баҳрамандлик, уларни номуносиб жойларга исроф этмаслик буюрилган. Синов қилиб берилган. «Эй, инсонлар, У сизларнинг қайсиларингиз чиройлироқ-яхшироқ амал қилувчи эканлигингизни имтиҳон қилиш учун ўлим ва ҳаётни яратган зотдир. У қудратли ва мағфиратлидир». («Мулк» сураси, 2-оят). «У зот инсонни яратиб, унга (дилидаги мақсадини аён эта олиши учун) баённи (нутқни) таълим берди» («Раҳмон» сураси, 3-,4-оятлар). Адабий ижод —имконият миқёслари бағоят кенг бир неъмат. Негаки унинг воситаси — сўз, одаий эмас, бадиий сўз. Шу боис у турмуш, кўнгил ҳамда шуурнинг барча манзилларига чақирилган меҳмон мисол ташриф эта олади. Иқтидор соҳиби бўлмиш ижодкор учун ҳар асар — янги ижодий сафар. Йўловчилик эса ҳамиша зўр тадорик ва масъулият ҳиссини тақозо этган. Ҳатто етук сўз санъаткорлари ҳам ҳар гал навбатдаги ижодий ишини қўлига илк бор қалам олган ҳаваскорлардек ҳаяжон билан бошлайди. Истеъдод нечоғлик кучли ва закий бўлмасин, борлиқ ва илоҳиётни нечоғлик ҳисламасин, ўзи сезган-сезмаган ҳолда Яратганнинг мададига мудом муҳтож бўлади. Айни чоқда асарнинг комиллиги, кемтиклиги, тўкислиги, ноқислиги—ҳаммаси муаллифнинг ўзига, ўзидаги ички омилларга бориб тақалади. Улкан санъаткорларда ифода далолатининг кучайиб боруви, норасо ва бемантиқ ёзишдан сақланиш, асраниш, сўз борасида Яратувчидан қўрқув, Ундан мағфират сўрашлар бекорга эмас.
Шеърият мулкининг Навоийдек чинакам султони бежиз қайта- қайта назмий тавба-тазарру битмаган. «Тенгри эҳсони» — қаламнинг росту пок ёзмоқ учун берилганини чуқур идроклаган шоир «мадҳ услуби»ни беравнақ билади. Оқ қоғозга норост ёзишни оғир гуноҳ санаб, «ким Худо қилғай онинг юзин қаро», дейди. Аллоҳга ўзининг тоғдек буюк дард-ҳасратини айтади: комил инсон бўла олмаганидан надомат чекиб, энди «тавбаи комил ҳидоят айлагил...», дебон ёлворади. Ижод ва илоҳиёт туйғулари муштараклиги қуйидаги каби мурожаат-байтида яна умид-илтижо бўлиб йўғрилади:

Раҳмат суйидин ювмасанг ул номани, оҳ,
Маҳшар куни неткамен мене, номасиёҳ?!

Сўзга муносабат мароми исломий имон билан нурланиб турган бўлса-да, бу беназир шеъриятга ҳам таъна-танқид бўлгани рост. Назмнинг вазифасини замонасида ғоят нозик фаҳм этгувчи Ҳусайн Байқаро бир гал Навоий ашъори хусусида кутилмаган фикр айтади (мазмуни): «Бир бино қурмокдек савобдан не фойдаки, агар назмининг таъсиридан эл ошиқлигу сархушликни тилар(ўрганар) бўлса, дину ислом уйига ғавғо сола туриб, савоб ишлар қилмоқ не қадар ҳисобга ўтади?»

Эшиттим базмининг бир нуктадони,
Шаҳи соҳибқирон жон дармийони
Демиш: Не судки, бир уйни тузмиш
Ки, назми шайнидин кўп уйни бузмиш.
Ўқуған эл анинг шеърини пайваст,
Тиллар бўлғай ҳамеша ошиқи маст.
Солиб ислому дин уйига ошуб,
Бинойи хайр буткармак не маҳсуб?

Шоҳ-шоирнинг, умрий ҳамдамнинг, қиёматлик дўстнинг эътирози воқеасини Навоийнинг ўзи «Сирож ул-муслимийн» рисоласида ана шу тариқа ҳикоя қилади, танқидни тан олганини қуйидагича мардона эътироф этади:

Тушуб бу нуктадин жисмим аро печ,
Чу билдим, чин эрмиш, дам урмадим ҳеч.
Дедимким: Айлайин бир нусха мастур
Ки, булғай дину ислом уйи маъмур.

Бадиий адабиёт уҳдасини қандай англамоқ ва шундан ҳосил бўлмиш ижоднинг туб манбаи қаламкашнинг ўзида, ўзлигидадир. Оламларнинг барча асрори, инсоннинг ботиний дунёси Аллоҳгагина маълум. Биров эмас, банданинг ўзи ўз ботини сирларини етарли англолмай ўтади. Ва лекин ботинда ал-ботиннинг ўзигагина даражаси ва мақоми аён иймон, эътиқод, гуноҳ, савоб, имкон, хулласки, турфа ҳис, турфа жараён бор. Бундаги аҳволот илдизлари бир жиҳатдан ижтимоий муҳитга чирмашиб туташган бўлади.
Бинобарин, ижодкор қавмга синов дунёсининг эзгу насимлари таъсири баробарида муайян мафкуранинг манфур қуюнлари тазйиқи бўлмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Чунончи, даҳрийлик атайин авж олдирилган, турмушга куфрий амаллар бостириб келган ва кенгроқ тарқалган кезлари жасораткор, эркпараст етакчи адабиёт ҳам мудҳиш вазиятда қолиши тайин: ким алданади, ким адашади; ким исён қилади, ким дардини пардалаб айтади; ким юзаки, ким астойдил муроса қилади...
Ҳар нечук ҳол содир бўлмасин, сабаб —манба яна ўшадир — ботин. Ахир, ижод дилда тилакланади, сайқалланади, унинг нурларига қорилади, «тарози»сида ўлчанади, сўнг зоҳирга такдим этилади. Аслида, ҳаётдан, инсонлардан оламиз, дейишади адиблар («Одамларнинг ўзидан олиб, Одамларга бермокдир ишим»), Бироқ «ўз ҳунарларида нўноқ» ва жасоратдан мутлоқ узоқ кишига зоҳир (шароит) тайёр баҳона ҳамдир. Ҳар қандай ҳолатда ҳам «беайб-Парвардигор» деган гап тўғри.
Куфрона ҳаракат ва тамойиллари устувор мамлакатларга мустамлакаликдан офатли синов йўқдир эҳтимол: ҳамма жабҳага ширк оралайди. Ширк бу Аллоҳ Таолога бирон бир нарсани ишларида, ибодатда, исму сифатларида шерик қилмоқликдир. Гуноҳлар ичида энг ёмон гуноҳ—шу гуноҳи кабирадир. Ўзи барчамизни асраган бўлсин ва сақласин. «..Албатта, ширк катта зулмдир» («Луқмон» сураси, 13-оят). Буюрилган ҳамма эзгу амал—ибодат. Ибодатни ўз жойидан бошқа бир жойга қўйиш зулмдир, ширкдир. Яратган қолиб, яратиқларга —бандасига, нарсасига сажда —ширк. Холиққа хос ҳамду санони махлуққа нисбатан сўзламак, яъни ёлғон мақтов ва алданган мақтов ҳам ширкдир. Яратгашги яратиққа, яратиқни Яратувчига менгзамоқ, Аллоҳга нуқсон, айб тақамоқ-ширк. Ваҳоланки, Аллоҳ нуқсонлардан муназзаҳ-покдир! «У-Аллоҳ, шундай зотдирки, ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг ўзи бордир. У (ёлриз) подшоҳдир, (барча айб - нуқсондан) покдир-саломатдир, (Ўзи хоҳлаган баидаларини дунё бало- офатлари ва охират азобидан) омон қилгувчидир, (бандаларнинг амалларини) кўриб-кузатиб тургувчидир, қудрат соҳибидир, бўйсундиргувчидир, (танҳо) кибр эгасидир. Аллоҳ уларнинг (мушрикларнинг) ширкларидан покдир» («Хашр» сураси, 23 оят). Амалларни, савобларни беҳуда кетказдирадиган хавф ҳам ширкдадир, валлоҳу аълам!
Баъзи уламо ширкни тим қоронғу уйдаги тим қоронғу тош устида кетаётган қоп-қора қумурсқага ўхшатади. Куфрий мустабидликда ҳаётшгаг турли кўчаларига ширк ана шундай билинтирмай оралайди. Оралаган ширкнинг шарпаси воқеликдан илгарилаб юра олувчи куч—сўз санъатига-да, унинг унча-мунчага сир бермас соҳаси—чин шеъриятнинг муқаддас саҳнига-да тутпади. Бақо хаёлинигина эмас, фано тараннумини, дард, уқубатини, ранж, муҳаббатшш ёлғиз Аллоҳ учун, Унинг ризолиги учун деб билган, назму иншосини исломий мезонлардан бунёдлаган мумтоз адабиёт ибратларидан ажралиш кучайган сари ўша машъум шарпа эркинсиради ва талтайди. Кейинчалик қутлуғ истилоҳга ва тазарруга баъзан улгурилди, баъзан йўқ. Ҳақ Таоло кечирсин. «... У қудратли ва бениҳоя мағфиратли зотдир» («Зумар» сураси, 5-оят).
Ажабки, дунёи фонийда ширкнинг тусланиш шакллари кўп. Собиқ шўро тузуми ҳаётида унинг энг оммавий, мажбурий кўринишлари Инқилоб, Ленин, Сталин ва Коммунизм деган хомхаёл бўлди. Гоҳ галма-гал, гоҳ биргаликда бу шарпалар бутун бошли умрларни, имконларни, ижодларни, салоҳиятни ўзига қарам қилиб олди. Маҳв этишлар қўрқитиб қўйди. Янги тузум гўё «Шайтанат тахтини ерга қилди жо». Элларнинг нафаси ичига тушди. Ширк шарпалари илм-фанни, ўқувни, матбуотни, романлар, достонларни, уй-фикрни, орзу- армонларни тўхтовсиз ишғол этди. Зўравон тарзда гўзал адабий обидалардан ўзига жой-мавқе талаб қилди. «лениннома», «инқилобнома», «сталиннома» ва бошқа номалар туғилди, «сталиннома»нинг умри калтароқ, қолган «шарпанома»ларники узунроқ кечди, салкам муборак Истиқлолгача келди. Илму танқид уларни қувватлашга маҳкум, имо-ишора билан бўлса- да, ҳақиқат соҳилини кўрсатиб қўйишдан ожиз эди.
«Мадҳ услуби» марказда ва чекка ўлкаларда энди парвозланаётган йилларда рост шеърият фиғонлари аллақачон кўкларда ўрлар эди. Унинг жаҳлу жаҳолатга, бидъату хурофотга, куфрону қулликларга, ғафлату кишанларга исёни беҳад эди. У халқнинг денгизлигини, тўлқинлигини, исёнлигини, улуғвор кучлигини барча замонлардагидек ҳис этар, шунинг учун «қучоқ очиб халқ ичига» бормоққа даъват қиларди. Аммо теграсига боқиб «Ғарбнинг қонга тўлган кўзидек» бўронларнинг ўйноқлашини, «оғриқ, мағлуб, тутқун Шарқнинг юзидек» сарғаймиш япроқларни, ўлка боши узра «қуюқ булут кўланкаси»ни кўрди. «Бузилган ўлкага» аччиқ ва маҳзун савол- дашномлар ёғдирди:

Нега сени бир қул каби қизғанмасдан янчалар?
Нега сенинг қалин товшинг «кет» демайди уларга?
Эй, ҳар турли қулликларни сиғдирмаган ҳур ўлка,
Нега сенинг бўғзингни бўғиб турар кўланка?

"Кўланка"нинг зуғуми ҳаддидан ошиб борди. Сиқилган шеърият ўз «соз»ини гоҳ бир неча йил қантариб қуйди, гоҳ тил учида кўланкани хиёл куйлаган бўлди. «Бир неча йил қантарғач, Яна олдим созимни, Энди айтиб йиғламас Кўнгилдаги розимни» дея нолинди. Ғазабга келган кўланка миллатнинг, маънавиятнинг бир қучоқ гулини янчиб қўя қолди. Дил розини айтишга ашаддий ҳақсизлик, эрксизлик, журъатсизлик, хунобалик бошланди. Чин сўз айтарлар, шартакилар, дарди ичидагилиги сезилганлар бир-бир тавба қилдирилди. Энди шарпалар шеърият бўстонида бемалол сайр қилишди. Бусиз ҳам омма уларга суянчиқ, нурамас қоялар, бебаҳо зотлар деб қарай бошлаган эди. «Кўп эскидир олам ва унда Кўп буюклар ўтгандир, бироқ, Бироқ Ленин тарих сўнгида Буюклардан чиқди буюқроқ», деб ўйларди улкан мамлакатнинг улкан шоири. «Минг йилларни қийнаган жумбоқ Унинг ақли билан» топилгандек, «Чирик, қонхўр тузумнинг Эшиклари» у боис тақ- тақ ёпилгандек туюлди. Гуё Чингиз унинг тирноғига арзимайди, оқсоқ Темур унинг қаршисида тупроққа тенг, Пётр, Наполеонлар денгиздан бир томчидир, фотиҳ Искандар «чавондозга бир қамчидир, холос». Шеър («1924 йилнинг 22 январида Самарқанд. Самарқаддда ўлмаган-ку ул?») ваҳшатли ширкнинг энг катта шарпасига бевосита бағишлангани учун тавсифга таъсирли кульминация топилиши, кульминация ҳам имкон қадар даҳриёна ифодаланиши лозим бўлди. Шундай қилиб, мавзу баланд мартабага кўтарилиб, мафкуранинг даҳрийликка доир бош мудадоси ҳам бир йўла қондирилди:

Агар худо бўлган такдирда
Айтганига қулоқ солурди.
Орқасидан судралиб ерда,
Ҳар кун минг-минг сабақ олурди.

«Фиръавн»нинг вафоти тараққиёт йўлидаги хатоларнинг, муаммоларнинг тушунилишига туртки бўлолмас эди ҳали. Чунки унинг лойиқ «йўлдош»лари айни сиёсатни оғишмай давомлатиш қасдида эдилар. Энди «Инсонликка бўлиб бир қуёш» Сталин шеърият гулзорини пайхон қиларди. «Башар қуёшига» мақтовлар бетиним ёғилди (Бу дамларда Катта шарпа бироз нафас ростлаб турган туюлади).
Миллий мозийни нечоғ хароб, бузғун, бенаво, зимистон кўрсатилса, шўролик тузумининг шонли, шодон, шарафли англаниши, Шахс мадҳининг муболағаси таъсирлик кечиши тайин. Худди шундай шуаронинг шеърий мактублари халқнинг ўтмишдан оҳу фиғонини марказга, янги доҳийга элтган бўлди. Зулм гўёки унинг номи туфайли йўқ бўлади, унинг номи билан кўллар чайқалди, ўлим барҳам топди. У—эл бахти, паноҳи, ишончи, аъмоли. Ғўза қулоқ чиқарганида, уни асрагувчи қуёш ҳам ўша. Доҳий нимани хоҳлаган бўлса, албатга, бўлади...
Расулуллоҳ (с.а.в.)га бир киши: «Аллоҳнинг ва сенинг хоҳлаганинг бўлади», дейди. «Мени Аллоҳга шерик қилдингми? Айтгин, ёлғиз Аллоҳнинг хоҳлагани бўлади» деб айтадилар пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в.) (Муҳаммад Насоий китобидан саҳиҳ ҳадис).
Иккинчи шарпа ҳам шеъриятнинг ҳар гўшасига бесўроқ бош сўқди. «Басовлат», «муртида ним кулги» қиёфада ажойиб шеърнинг тўрига ўтириб олди («Бизнинг кўчада ҳам байрам бўлажак»). Беғубор «Вақт»нинг ҳукмронлигини ўз қўлига олмоқчи бўлди: «Ҳар лаҳза Сталин умридек узун». Қойилмақом бадиий тафаккур жилвалари аро «Тирик Сталиннинг нафасдошимиз» дейишга мажбур эди донишманд шоир. Қайси мавзуга қўл урмасин, рўпарасидан шарпа чиқади унинг. Баъзан қочолмай қолади шарпадан. Каттакон мамлакатнинг бир четида хокисор кун кўраётган, қадимдан иймонли, етимпарвар миллатнинг юксак болажонлик фазилатига ҳам шарпа зўраки тарзда шерикликка келади:
Домовой книга
Бош саҳифаси
Сталин номи-ла бошланур бизда.
Оила бошлиғи—
Ота Сталин
Бахтли манглайингга
Бўса қўндирмиш.
Шарпа гўзал, сезгир, нозиктаъб баданга чумоли ўрмалагандек шеърнинг танасини сескантириб, жимирлатиб юборади. Бўсасининг мақтови қаноатлантирмагани учун дарров кета қолмайди. Бўсаси «бутун ер юзини мунаввар» қилгувчи қуёшга менгзалгачгина шеърни тинч қўяди.
Вақти-соати келиб, ҳассос шоир зўравон шарпани яйраб ўчириш саодатига мушарраф бўлди. Туғма истеъдод соҳиби ҳам, зилдай ортиқча «юк»дан қийналиб халқ билан баравар қадам ташлаб келаётган забардаст шеърлар ҳам енгил нафас олди. Не офатким, шоир ўша йиллари орзуларини ҳам унинг иштирокисиз айтишга ботина олмас эди:

Ғолиб келажакни сайр қилайлик,
Мўйсафид Сталин билан иккимиз.(«Соғиниш»)

Аллоҳнинг вақти ва маконида камтарин шоир замонларга замондош келаётган ҳолда, шарпа Аллоҳ буюрган шеър йўлининг қийинчиликларига дош беролмади. Шоир эса ҳамон эл хизматига баҳоли қудрат камарбаста, истиқлол авлодларининг оғирини енгил қилишга сафарбар:

Сиз, ахир, осмонни олмоқ бўлсангиз,
Не учун елкамни тутиб бермайин?!

Шахсга сиғиниш қилар ишини қилиб бўлгач, Аллоҳнинг иродаси билан қораланди. Ширк шарпаси энди ўша «халқларнинг отаси», «халоскори» қиёфасида туслана олмай қолди, мартабаси бирмунча пасайди. Отдан тушса-да, эгардан тушмас такаббур сингари ўзга шаклларда узоқ изғиди. Илинжи катта доҳийда, у асос солган партия ва коммунизмда қолди. Шарпа бадиий тарғиби одатдагидек кўпроқ шеърият зиммасига тушди. Шунга қарамай, нисбатан енгилроқ, юмшоқроқ вазият пайдо бўлди.
Алҳамдуллилаҳ, Тангри ўзбекни истеъдоддан сиқмаган, камитиб қўймаган. Миллий шеъриятни сиёсат тахтидан кўнгил оламига дадил туширадиган авлодлар дунёга келди. Баъзисини айрича сорбон этиб ва яна аҳил яшатиб, ёлғон муросалардан анча пок этиб, мақбул рақобатга машғул қилди. Ўз дарди, армони, андуҳи, муҳаббати тараннумини кўрган халқ назмнинг асл моҳиятини қайта ва янгича ҳис эта бошлади. Шеърга бу даврдаги оммавий эҳтиромни балки достон қилмоқ мумкиндир. Алҳосил, шеърият «онажоним» дея табаррук аталди.
Шу йиллар «шарпа шеърияти»да эҳтироссиз ва эҳтиросли асарлар талайгина. Аксар асарларнинг енгил-елпилиги муаллифнинг идеаллаштирилган доҳийга муҳаббати юзакилиги билан эмас, иқтидор даражалари билан изоҳланади. Шунингдек, ғоявий-бадиий жозибадорлари ихлос, ишончнинг ўга зўрлигидан бўлмай, поэтик маҳоратларнинг баландлига туфайлидир. Баркамол бир шеърнинг лирик қаҳрамони «Поёни йўқ тарихнинг кечмишини» мароқли умумлаштиради, замонлар қаршисида лол қолган ёш идроки ила дунё ишларини кузатади:

Унда биров қуради, биров бузар бемалол,
Баъзан ёмон от қолур яхши одамдан ҳатто,
Қай бир ёвуз кимсани яхши дерлар эрта кун.
Наҳот, дейман, дунёда собит нарса йўқ асло,
Наҳотки, етукликнинг тимсоли йўқ бус-бутун?..
Ҳа, садақа кам эрур мангулик халтасида,
Пайҳон бўлур саройлар, қанча юксак қабрлар.
Гоҳ оддий тасодифнинг омий бир ҳамласида
Капалак қанотидай учиб кетар қасрлар.

Лирик қаҳрамон «мангуликнинг ойнаи жамолида» «севгидай абадий ва суюклик» қоладиган, «инсон беминнат... тавоб» қиладиган, сажда этиб дилини ёрадиган, ҳақиқат ахтарганда ёд айлайдиган энг буюк зотни излайди. Ва... файласуфона идрокнинг бебаҳо мавжи, бетакрор қизиқарли, топишмоқли ифодаси аср бошларидаёқ «замин дарғаси» янглиғ ўта юксак сифатларда улуғланган номга келиб таққа тўхтайди. Бу мазмун, бу ғоя, бу тўхтам, бу маҳорат айтилмаган гапи қолмаган мавзудаги тамоман янги ҳодиса эди. Эҳтимол, мавзунинг Маяковскийдек сардори ҳам буни кўриб ҳайратдан ёқа ушлаган бўларди.
Шеър шундай яралганки, таассурот жозибаси шу қадарки, сарлавҳа ва сўнгги мисрада келадиган бир исмгина эндиги шеърхонни ғалатироқ ҳолатда қолдиради. Шеърхон асарни адабиётдан ўчиргиси, «итқитилаётган» шеърлар уюмига топширгиси келмайди: севай деса, шарпа бор, севмай деса, бетакрор. Гўё дарду тавсифи етук шеър ҳали номуносиб исмдан воз кечиб, ўз эгасини топадигандек, сўнгра бахтиёр яшайдигандек. Гўё шоир бу номни истиқлол кунларигача муроса юзасидан қўйиб қўйгандек. «Иккита сўзини ўчирсаммикин, алмаштирсаммикин», дейди шоир истиқлол арафасидаёқ дарднок ва ҳазиломуз..
Адабий мунаққидлардан бири демишки, кўплаб ўртамиёна ижодкорлар ўн йиллаб қилолмаган ишларни кучли истеъдодлар бир зумда руёбга чиқаради. Бугина эмас, зўр талантлар мавзуларнинг фавқулодда қирраларини, гапларини топадилар.
Ҳатто «мажбурий», «буюртма» асарларда ҳам. Башарти талаб, тазйиқ, мажбурият, ишонч-ихлос қанчалигидан қатъи назар, салкам аср охирига қадар келиб тақалган ленинномада ҳам янгилик айтишга интилиш кам бўлган эмас. Олтмишинчи йиллар ёш шеърияти, жумладан, яна нималар дейди: «Ҳаддан зиёд гўзал сўздир — Ленин», «Ленинга топширайлик Йигирманчи ва ундан кейинги чексиз-чексиз асрларни...», «Яна минг йил, Яна минг аср инсоният қилғувчи қадр», «Илҳом берган ёш Ильичга муҳаббатим зўр, холос»...
Ҳар қандайин идеаллаштиришга қарши фикрлар ҳар лаҳзада янграб турадиган собиқ мафкура «янги» даврида танҳо доҳийнинг идеал образи янгича поэтик талқинлар қанотида кўкларга кўтарилди; бу улуғлаш «унинг асли ўзи шунақа эди» дея хаспўшланди; «энг буюк одам» — «Ильич "юр" деди» — юрилди, «Ильич қур деди» — қурилди, «Ильич "нур" деди» — нур бўлди. Бу пайтда ҳам шарпа ўз табиатига хос муҳим жиҳат-бидъат билан қоришиқ яшади: «Кўзимизга ишонмасак, Сўзимизга ишонмасак — Ленинга ишонгаймиз», «Муқаддас ул кошона, Остонаси мўьтабар, Пок этсин руҳан, Қалбан Лениннинг руҳи бизни», «Лениннинг қошига бўзлаб бораман... Бунда у кўзларни тингламоқ керак, Покланмоғи керак ҳар қандай юрак»...
Ёрқин истеъдодлар ҳали даҳрийлиги, атеистлиги кескин муҳитда мангулик тимсоли ва ҳукмдорини излар эканлар, кўп ҳолларда тавба, дард, нидоларини она-Халқ, она-Ватан она- Шеърият, она-Табиат каби бешак муқалдас тушунчаларга қаратиш билан фарқланди. Бу эса улар шеъриятларини келажак сари элта борадиган, кейинги даврлар тўфонида бир оз муҳофазалайдиган фазилатлардан бири бўлди:
Аллоҳни тан олмаган
Коммунистик башарият
Таниб олди илоҳий деб сени, Шеърият.
Ёки:
... Эй, мени оламга келтирган қисмат,
Жонлар волидаси — эй, олий момо,
Чархмисан, фалакми ёки табиат,
Шукронам айтурман сенга, аввало.
Кейинроқ жуда қийинчилик билан «мангу» образнинг идеаллигига шубҳа уйғона бошлади. Унинг шарпалиги хусусида, ҳолбуки, ўз давридаёқ айтилган, лекин тарих пучмоқларида яширилган гаплар бош кўтарди. Унга бошқачароқ тафаккур ила муносабат билдириш барибир осон кечмади. Чунончи, динга муносабат борасида Шарпанинг Горькийни сиқувга олиши, унга дашномлар бериши воқеасида фақат доҳий ёқланиб келинган бўлса, 80-йиллар шоири Горький томонидаги ҳақиқатни бир чимдим илғаган бўлади:

Устоз, сен бир инсон умри муқаддам
Хато қилган эдинг, излаб худованд.
Не тонг, даҳоларнинг хатолари ҳам
Майда рост йўллардан юз карра баланд
Ишондим, дунёга келган кунидан
Башар изламабди бесабаб илоҳ.
Мен бугун қўрқмасман дин афьюнидан,
Худоси йўқлардан қўрқаман бироқ.
...Имон денг, виждон денг, майли, отини,
Лекин одамзотнинг худоси бўлсин.

Албатта, мазкур авлод вакиллари бу «абадий» мавзуга шарпанома устозларичалик берилмади, бу ҳакда оз ёзишди. Бир неча донадан шеър, «Чароғбон»га бағишланган бир-икки достонча шоирларимизнинг ўзбек адабиётидаги бақувват мавқеларига соя сола олмайди. Мустақиликка интилув кучайган йиллари ва истиқлол кунларида шундай масалаларга шеърий муносабатнинг теранлашувида ҳам уларнинг илғор, ибратли ҳиссалари бўлаётир. Инсоннинг хилма-хил улуғвор, мураккаб, зиддиятли фалсафий моҳиятини бетакрор арузий мисраларда куйлаган гўзал шеърнинг мана бу парчасини эслайлик:

Сен ҳилол, юлдуз, салиб,
Таврот, Забурдин юксалиб,
Боймисан ёки ғариб,
Комрон ўзинг, яксон ўзинг.

Ҳилол, юлдуз, салиб поэтик рамзлари, муқаддас китоблар номлари башарият тарихининг митти мўьжаз-тавсифини, ҳилол — комиллик ақидасига етмоқ саодатини ғоялантиришга қаратилган. «Ҳилол»дан кейинги вергулнинг мисра маъносини белгилашдаги ролини мушоҳада қилинг. Тиниш белги «сен»дан сўнг қўйилса, бошқачароқ мазмун чиқар эди. Хиёл фикрлашга чорлаши, сўнг «фикр»нинг топилиши, «топилдиқ» фикрнинг умуминсонийлиги шубҳасиз ўқувчини шеърият кучига ишонтиради. Зуғуми бор йилларда устози: «Бу йилларда раҳнамо бўла олмади На Забур, на Таврот, на Инжил, «Қуръон» деб ёзган бўлса, эндиги Ҳилол мадҳи бошланаётган нусрат насимининг шогирд-шоирга хуш илҳоми эди, эҳтимол.
Бироқ умумий назар ташланганда, шеъриятимиз шундай улуғвор Мустақиллик шароитида тўла куч билан муносиб ижод қилмаётгандек туюлади. Хусусан, Ватан, Истиқлол, Мустақиллик, бу бетимсол неъматлар қадри, шукронаси, масъулияти, тараннуми борасида дилтортар намуналар йўкдек. Шеърият бобида яна бир муаммо —енгил-елпи асарлар кўпайиши, уларнинг куйланиши. Уларда санъатдан йироқлик, фикрий маҳдудлик, услубий ғализлик, майда гапларга ўралашиш, ҳатто бидъат, беҳаёликлар ҳам кўзга ташланади. Уларда ҳам билиниб-билинмай номақбул «шарпалар» кезиб юрибди. Улар ҳақиқий ўзбек шеърияти ҳақидаги тасаввурни бузмоғи мумкин.
Ибн ал-Қоййим раҳимаҳуллоҳ ширкни соҳилсиз денгизга қиёслаб, ёзадилар: «...кимки бирор амалини Аллоҳдан бошқаси учун қилса, Аллоҳга яқинлашиш учун эмас, балким бошқа нарсани кўзлаб ният қилса ва ундан мукофот кутса, дарҳақиқат у ният ила хоҳишда ширк келтирган бўлур. Ихлос эса ният, хоҳиш, сўзлар, амални холис Аллоҳ учун қилишликдир...»
Баъзи ўткинчи мавзуларнинг шеърият тарихи саҳифаларини хиралаштиргани аччиқ сабоқ бўлмоғи керак. Аммо бугун ўз илҳом, иқтидорини сийқа, бачкана, беҳаё яланғоч ифодаларга, қофиябозликка, шаклбозликка бағишлаб, авлодлар тасаввурини, санъатга нисбатан қарашларни бузаётганлар нохушлиги ўша иложсизлик замонидагидан мудҳишроқ. Қуръони каримнинг «Шуаро» (шоирлар) сурасидаги вазиятга қараб товланадиган, норасо ва бесамар нарсаларни ёзадиган, умуминсоний ҳисларни издан чиқарадиганларга қандай ҳукм мавжудлигини, 227-оятда эса қайси тоифа шоирларнинг оздиргувчи эмасликлари тўғрисида Яратганнинг каломи борлигини қўлига қалам тутган ҳеч бир инсон унутмаслиги зарур. Жаноби Ҳақнинг ўз каломида тонг, кеча, юлдуз, қиёмат куни, қуёш, унинг ёғдуси, буржлар эгаси —осмон кабилар қаторида қалам ва унда фаришталар битадиган битиглар билан қасам ичиши қалам ва битикнинг маъсулиятини, юкини ҳис қилдирмайдими?
Пайғамбар алайҳиссаломнинг бир қатор муборак ҳадислари шеъриятнинг эзгу вазифаларидан бохабар қилади. «Шуаро» сурасининг олдинги оятларидан ташвишланиб келган саҳоба- шоирга Расуллоҳ (с.а.в.) дейдилар: «Мўъмин киши ҳам тиғи билан, ҳам тили (яъни қалами) билан Аллоҳ йўлида жиҳод қилур. Яратган эгам номига қасамки, сизлар отадиган ўқнинг тиғи ўткиррокдир».
Раҳмли, меҳрибон ва энг буюк кечирувчидан умидимиз шуки, Мустақиллик замонида ҳузурида ибодат саналувчи илм, маънавият, маданият, санъат ва адабиётимизни чиройли йўллардан бошласин, розилигига муносиб юксалтирилсин. Зеро, Огаҳий ёзганидек, «...шеър бир неъмати узамодурким, Тангри Таоло они ҳар кишига ато қилмомишдур ва они айтмоқ ҳунари ҳар кимнинг қўлидан келмамишдур ва шеър шоирнинг иззат ва давлат неъматин ҳосил қилмоқига сабаб, балки икки дунё манзилати саодатиға восил бўлмоғиға боисдур».
Биз юқорида баҳоли қудрат собиқ шўролар даври шеъриятимизда юз берган нохуш ҳолатни — ширкнинг шарпаси ҳақидаги кузатувларимизни баён этдик. Мана, Истиқлол қуёши шоирларимиз боши узра соя солган мафкуравий таъқиб ва тазйиқларни тумандай тарқатиб юборди. Энди қалбга туғён солган эҳтиросларни, нурли ҳис-ҳаяжонларни, эътиқоду имонни бемалол эътироф этиш имкони туғилди. Бироқ ижодкорларда ана шундай шароитда ҳам бир қадар журъатсизлик кўзга ташланаётгандай. Хўш, бу журъатсизликнинг боиси нимада, лоқайдликнинг сабаби қаёқда? Сўз эркинлигига эришилган бир замонда баралла куйламасак, кўнгилдаги эҳтирому тазарруларни, севинчу аламларни ошкора айтмасак, қачон айтамиз?
Эндиликда шеърият билиб-билмай қаламга олинган «шарпалар»ни сиғдира олмайди. У мафкуравий сиқувлардан нажот топган. Мана шундай шароит шеъриятимизнинг эртанги куни порлоқ, юксак бўлишига умид уйғотади.
Мақолага нега ўзбекнинг зўр, гигант шоирлари танланди, дерсиз? Ахир, бегонадан ўпкаланилмайди. Адабиётда ҳам бегонароқлар бўлади. Қолаверса, бу—ўпкаланиш, исломий ёхуд адабий насиҳат эмас, мушоҳададир. Кечмишни тушунмоқ, хатолардан тийилмоқ, истиғфор айламоқ —йўлимиздир. Тазйиқкор собиқ тузум «дарсини», «Айтсам, тилим куяр, айтмасам—дилим» ҳолатидаги эрксизлик азобини унутмаган адабиёт Истиқлол қадрига муносиб куйламоқни ҳам билади. Чўлпонни, Ҳамид Олимжонни, Ғафур Ғуломни, Эркин Воҳид, Абдулла Ориф ва Рауф Парфиларни, уларнинг ранго-ранг, беназир адабий фазилатларини ҳайрат билан қадрлайман. Замондошлигим, нафасдошлигимдан қувонаман.
Қолаверса, ҳали асл бўй-басти, дилбар салоҳияти элга тўғри танитилиши зарур бўлган Ҳамзамиз айтмоқчи, «бугунги қадрлик кунлар» шундай талқинларга имкон берди. Муддао эса ҳеч бир ўзбекда гина, шахсий шон-шуҳрат, хатоси бордан қочиш қабилида бўлмаслиги зарур. Негаки, Ватан деб, миллий ғурур деб, маънавияти юксак насллар деб, ёниб меҳнат қилмоқ кунлари келган. Яна Ҳамзамиз айтмоқчи: «Бу кун — иззат- ҳурмат, даража ва мартаба талаб этув куни эмасдур, англаш куни! Бу кун — ҳар бир миллатин тонувчи, суювчи зотга белини устидан боғлаб югуриб хизмат қиладурган кун...»

"Жозиб изҳор излаб" китобидан