Home icon Бош саҳифа»Адабиётшунослик» Ашъори адаб девони адабдир
Facebook
Ашъори адаб девони адабдир PDF Босма E-mail

“Адабиёт” “одоб” сўзининг кўплигидир, шунинг учун ҳам у инсонларнинг одобини ўнглашга хизмат қилади. Арабларда жоҳилият даврида адабиёт юксак чўққисига чиққан эди. Жоҳилият адабиёти эса фақат назмдан иборат бўлган, араб шоирлари шеъриятда беназир бўлишган. Ислом дини эса адабиётга бўлган муносабатнинг яхши ва ёмон жиҳатларини аниқлаб берди.

Араб шоирлари тўрт табақага бўлинишган:

Биринчи табақа – жоҳилият шоирлари бўлиб, бунга Исломдан олдин ижод қилган Имриул-Қайс, Зуҳайр каби шоирлар киради.

Иккинчи табақа – “мухадрамин”га ҳам жоҳилиятда яшаган, ҳам исломиятда ижод қилган ҳазрати Лабид ва Абу Зуайб каби шоирлар киради.

Учинчи табақа – “табақаи исломия” бўлиб, бунга Исломнинг илк даврида яшаган Фараздақ ва Жарир каби шоирлар киради. Бу табақа шоирларининг мусулмон бўлишлари шарт қилинмаган, насроний Ахтал ҳам шу қоида бўйича Ислом шоирлари сирасига киритилган.

Тўртинчи табақа – “муваладин” деб аталиб, юқоридагилардан кейин яшаб ўтган Абу Таммом ва Бухтарий каби шоирлар киради. Учинчи табақа шоирларининг шеърлари “шавоҳид”, тўртинчи табақадагиларнинг шеъри “амсила” деб аталган.

Шеърнинг ибоҳат ва кароҳати ҳақидаги шубҳаларга имом Шофеъийдан нақл қилинган ушбу ривоят тушунтириш бўла олади: “Шеър сўз оламидан бир навдир. Яхшиси – яхши, ёмони – ёмон”. Шуаро сурасининг охиридаги “Ва шоирларга гумроҳлар эргашади” мазмунидаги ояти карима Пайғамбар алайҳиссаломни шоир, Қуръони каримни шеър деган иддаоларнинг радди учун келган бўлиб, шоирларнинг эргашувчилари бир тўда адашган ишқибозлардир, Пайғамбарнинг саҳобалари эса ўзлари ҳидоятда ва бошқаларни ҳидоятга чорловчи зотлардир, демак. Мазкур ояти карима шеър ва шуаронинг мазаммати мазмунига далолатан эга бўлса-да, мутлақ мазмунини ичга олмайди. Унинг “Иймон келтириб, солиҳ амалларни қилганлар, Аллоҳни кўп зикр этганлар ва мазлум бўлганларидан кейин нусрат қозонганлар мустасно” деб марҳамат қилинган истисноси бор.

Шундан кўриниб турибдики, ҳамма шоирлар ҳам гумроҳларни эргаштирувчилардан, беамал гапирадиганлардан бўлавермас экан. Агар шоир иймонли бўлса, яхши амаллар бажариб, Аллоҳни кўп эсга олса, ўзини хор қилмай, ҳаққини таниган, золимлар устидан ғолиб келадиган бўлса, яхши саналиб, Аллоҳнинг розилигини топган шоир бўлиши мумкин.

“Тафсири Ҳилол”да келишича, шеър фақат фисқу фужур, қандайдир казо-казоларнинг мақтови, базму жамшидларнинг васфи, қандайдир маъшуқанинг мадҳи, “оҳ-воҳ” ва дийдиёлардан иборат бўлмаслиги, аксинча, эзгулик, иймон, Ислом хизматчиси бўлиши зарур. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, шеърнинг ҳикматлиси бордир», деганлар. Шеър орқали кишиларга ҳикматли, иймоний, исломий ва инсоний тушунчаларни етказиш ўзига хос устунликка эгадир. Бунга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларини мисол қилиб олиш мумкин. Ўша саодат даврида юқоридаги оятда васфлари келган иймонли шоирларнинг биринчи авлоди яшаб ўтган. Улуғ саҳобий Ҳассон ибн Собит уларнинг етакчиси эдилар. У киши билан бирга, Каъб ибн Молик, Абдуллоҳ ибн Равоҳа, Абдуллоҳ ибн Забъарий ва бошқалар бор эди. Аллоҳ таоло уларнинг барчасидан рози бўлсин”.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Абдурраҳмон ибн Каъбдан, у киши ўз оталаридан қуйидаги ривоятни келтирадилар. У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Аллоҳ таоло шоирлар ҳақида ҳукмини нозил этиб қўймадими?!” деганида, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, мўмин киши қиличи ва тили билан жиҳод қилади. Менинг жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, сизнинг уларга отадиган ўқингиз камон ўқидан ҳам ўткирроқдир”, деган эканлар.

Демак, ўрни келганда, мўмин-мусулмон шоирнинг шеъри ҳар қандай қуролнинг ўқидан ўткирроқ бўлиши мумкин. Асрлар давомида турли мусулмон халқлардан етук иймонли шоирлар ҳам чиқиб тургани барчани қувонтиради.

Аммо кўп шеърлардаги мазмун жиҳатидан ҳақиқати бўлмаган хаёлотга ва муболағага муккасидан кетганлар, ёлғон ваъда ва ўринсиз ифтихор, мустаҳиқ бўлмаганни мақташ, унинг насаби ва зотини мадҳ водийларида куйлаганлар маломат ва мазамматга лойиқдирлар. Айни пайтда Яратувчининг биру борлиги, ҳикмат, мавъиза, чиройли одоб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобалари мадҳи бобида шеър назм этганлар, шунингдек, ноҳақ ҳижвга учраб, ўзларининг ҳимоялари ва мудофаалари учун шеър ёзганлар мақтов-таҳсинга сазовордирлар.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг шоирлардан бўлган Каъб ибн Моликка “Жоним измида бўлган Зотга қасамки, ҳажв қилишинг уларга ҳаммасидан оғирроқдир” деганлари, “Гапиравер, Руҳул-қудус сен билан” деб айтганлари, Ҳассон ибн Собит учун Масжиди Набавияда бир минбар қўйилиб, у киши минбарда мусулмонларнинг мудофаасида бўлганлари тафсир ва ҳадис китобларида, “Иҳёу улумид-дин”да зикр қилинади.

Пайғамбар алайҳиссалом саҳобаларни зикр ва тиловатдан чалғитувчи шеърларни ўқишдан қайтарганлари ҳолда динга фойда келтирувчи назмий байтларни келтиришни кариҳ кўрмаганлар.  Ривоятларда Расулуллоҳ алайҳиссалом ва у зотнинг саҳобалари гоҳо назмий асар ва байтларни келтирганлари зикр этилади. Масалан, Расули акрамнинг ўзлари шоир Лабиднинг шеъри ҳақида шундай деганлар: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Шоир айтган энг тўғри сўз Лабиднинг «Огоҳ бўлинг! Аллоҳдан ўзга ҳар нарса ботилдир», деган гапидир» (Бухорий ривоят қилган).

Оиша розияллоҳу анҳо жоҳилият шоири Тарфанинг шеърларини ўқир эди. Ҳижратнинг аввалида Абу Бакр Сиддиқ ва Билол ибн Рабоҳ безгакка чалиниб қолишганидаги нохушлик асносида Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бу ҳолатни назмга солган бўлсалар, ҳазрати Билол иситмадан кўз очганда Маккани қўмсаб шеър ўқиган. Бу воқеа “Саҳиҳи Бухорий”нинг “Ҳижрати санийя ва фазоилу Мадина” бобида зикр қилинган.

Тафсир китоблари, луғат ва эъроб жиҳатидан бўлган тушунтиришларда араб шеъриятидан мисоллар келтириш ҳоллари ҳам кўп бўлган. Ашъор шарҳига мурожаат қилган уламолардан имом Воҳидий каби аҳли тафсирлар ҳам бор. У Мутанаббий девонини шарҳ қилган.

Абдуллоҳ ИСМОИЛ МАХДУМ